ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Нотариат /

Ўзбекистон Республикасининг 26.12.1996 й. 343-I-сон "Нотариат тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

26.12.1996 й.

N 343-I



НОТАРИАТ ТЎҒРИСИДА


I БЎЛИМ. НОТАРИАТ ФАОЛИЯТИНИНГ

ТАШКИЛИЙ АСОСЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ўзбекистон Республикасида нотариат

Ўзбекистон Республикасида нотариат қонунда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни нотариуслар томонидан амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институтдир.

Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат нотариал идоралари нотариуслари ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан амалга оширилади. Нотариусларнинг реестрини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юритади.

Бошқа давлатларнинг ҳудудида нотариал ҳаракатларни Ўзбекистон Республикаси консуллари амалга оширади.


2-модда. Ўзбекистон Республикасида нотариус

Йигирма беш ёшдан кичик ва олтмиш беш ёшдан катта бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин. Судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди. Суриштирувчи, терговчи, прокурор, адлия органларининг иши нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ходими ёки адвокат сифатида камида уч йил ишлаган шахслар, агар уларнинг ваколатлари тугатилган пайтдан эътиборан беш йил ўтмаган бўлса, олти ой муддат стажировка ўтайди.

Қуйидагилар нотариус бўлиши мумкин эмас:

муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

нотариус, адвокат, терговчи, суриштирувчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколатлари ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун тугатилган шахс - уч йил мобайнида.

Нотариус ёрдамчи, стажёр, шунингдек нотариал фаолиятни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ходимларга эга бўлиши мумкин.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда нотариуслар, давлат нотариал идорасида ишлашидан ёки хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар бўлиб ишлашидан қатъи назар, тенг ҳуқуқларга эга ва бир хил мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Давлат нотариал идоралари нотариуслари ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар бир хил юридик кучга эга бўлади.

Давлат нотариал идоралари нотариусларига махсус унвонлар - мансаб даражалари берилади.



2-1-модда. Нотариус ёрдамчиси

Юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус ёрдамчиси бўлиши мумкин.

Ушбу Қонун 2-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган шахслар нотариус ёрдамчиси бўлиши мумкин эмас.

Давлат нотариал идораси нотариусининг ёрдамчисини ишга қабул қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, шунингдек вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда адлия бошқармалари деб юритилади) томонидан амалга оширилади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ёрдамчисини ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг (бундан буён матнда Нотариал палата деб юритилади) тегишли ҳудудий бошқармаси билан келишилган ҳолда уни тавсия қилган нотариус томонидан амалга оширилади.

Нотариус ёрдамчиси нотариуснинг топшириғига кўра нотариал ҳаракатларни амалга оширишда иштирок этишга, битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тузишга, ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ва дубликатларини, улардан кўчирмаларни тайёрлашга, шунингдек нотариал ҳаракатларни амалга ошириш масалалари юзасидан тушунтиришлар беришга ҳақли.

Давлат нотариал идораси нотариуси ёрдамчисига махсус унвонлар - мансаб даражалари берилади.


2-2-модда. Нотариус стажёри

Олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус стажёри бўлиши мумкин.

Ушбу Қонун 2-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган шахслар нотариус стажёри бўлиши мумкин эмас.

Давлат нотариал идораси нотариусининг стажёрини ишга қабул қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус стажёрини ишга қабул қилиш Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси тавсиясига асосан ушбу бошқарма томонидан бириктирилган нотариус томонидан амалга оширилади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан нотариус стажёрини ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этишга йўл қўйилмайди.

Стажировка нотариал идорада ўталади. Нотариус стажёри ўз фаолиятини нотариус раҳбарлигида, унинг алоҳида топшириқларини бажарган ҳолда амалга оширади.

Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Нотариал палата билан биргаликда белгиланади.



3-модда. Нотариус қасамёди

Нотариус Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссиясининг мажлисида қуйидаги мазмунда қасамёд қилади:

"Нотариус вазифасини ҳалол ва виждонан бажаришга, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга тантанали қасамёд қиламан.


3-1-модда. Малака комиссиялари

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари (бундан буён матнда малака комиссиялари деб юритилади) хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) тўхтатиб туриш ва тугатиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш мақсадида ташкил этилади.

Малака комиссиялари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаларининг қарорлари билан Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси вакиллари, нотариуслар ҳамда адлия органларининг ходимлари орасидан беш нафардан тўққиз нафар кишигача бўлган таркибда тоқ миқдорда тузилади.

Давлат нотариал идораси нотариусини лавозимига тайинлаш бўйича танлов ва хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш, нотариус қасамёдини қабул қилиш, малака комиссияларининг қарорлари устидан берилган апелляцияларни кўриб чиқиш, шунингдек малака комиссияларининг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун ўн бир нафар кишидан иборат таркибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси (бундан буён матнда Олий малака комиссияси деб юритилади) тузилади.

Олий малака комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьялари, Нотариал палата вакиллари, нотариуслар ҳамда адлия органларининг ходимлари, шунингдек адвокатлар киради. Олий малака комиссиясининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланади.

Танлов ўтказиш ва малака имтиҳони топшириш тартиби, Олий малака комиссияси ва малака комиссиялари тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.



5-модда. Нотариуснинг мустақиллиги ва бетарафлиги

Нотариус ўз фаолиятида мустақил ва бетараф бўлиб, уни амалга оширишда нотариат тўғрисидаги қонунчиликка амал қилади.



6-модда. Нотариал ҳаракатларнинг маҳфийлиги

Нотариуснинг, нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахсларнинг, шунингдек амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар тўғрисида ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахсларнинг ўзларига маълум бўлган маълумотларни ошкор қилиши, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланади.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар (ҳужжатлар) бу ҳаракатлар кимнинг номидан ёки кимнинг топшириғига кўра амалга оширилган бўлса, ўша шахсларнинг ўзигагина берилиши мумкин.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органлари юритувида бўлган ишлар муносабати билан уларнинг талабига биноан берилади.

Нотариуслар томонидан шунингдек:

махсус ваколатли давлат органига - жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар);

давлат солиқ хизмати органига - кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини, мол-мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, шунингдек мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномалар;

ички ишлар органига - автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқи учун ишончномаларни, ушбу воситаларни бошқа шахсга ўтказиш, ижарага бериш, улардан текин фойдаланиш, уларнинг гаров, лизинг шартномаларини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотномалар;

қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларига - бошқа шахсга ўтказилаётган кўчмас мулкнинг кадастр рақами тўғрисидаги ва олувчи ҳақидаги маълумотлар;

кредит бюросига унинг сўровига кўра - битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки ушбу объектга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар);

риэлторлик ташкилотига унинг сўровига кўра - битим предмети бўлган кўчмас мулк объектини бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки ушбу объектга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар);

манфаатдор шахсларга васият қилувчининг вафотидан кейин - васиятнома тўғрисидаги маълумотномалар берилади.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириши мақсадида унинг сўровига кўра тақдим этилади.

Маълумотномаларни (маълумотларни) тақдим этиш ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.



7-модда. Нотариус фаолиятидаги чекловлар

Нотариус:

илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан, шунингдек Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолиятдан ташқари тадбиркорлик ва бошқа фаолият билан шуғулланишга;

шартномаларни тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш чоғида воситачилик хизмати кўрсатишга;

факсимиледан фойдаланишга ва шахсий муҳрни бошқа шахсларга беришга, бундан унинг лицензиясининг амал қилиши тўхтатилган даврга муҳрни Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига, адлия бошқармаларига топшириши мустасно;

ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда ўз идораси жойлашган ҳудуддан ташқарида фаолиятни амалга оширишга ҳақли эмас.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини тузмасдан туриб ўз фаолиятини амалга оширишга ҳам ҳақли эмас.

Ушбу модда биринчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган чеклов давлат нотариал идорасининг бошқа ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.



8-модда. Давлат нотариал идораси

Давлат нотариал идоралари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилади ва тугатилади.

Давлат нотариал идораси юридик шахс мақомига эга бўлмайди.

Давлат нотариал идорасининг номида "давлат нотариал идораси" деган сўзлар бўлиши, тегишли туман, шаҳар кўрсатилиши ва зарур бўлганда, давлат нотариал идорасининг рақами бўлиши керак.



8-1-модда. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ўз идорасига эга бўлишга, банк ҳисобварағи ва бошқа шахсий ҳисобварақлар очишга, мулкий ҳамда шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлишга ҳамда мажбуриятларни ўз зиммасига олишга, ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишга, судда ўз номидан иштирок этишга ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусни ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг идораси тугатилганда кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилгандан сўнг қолган мол-мулк нотариуснинг тасарруфида қолади ва унга солиқ солинмайди.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус нотариал идоранинг ходимларини лавозимга тайинлашда ва лавозимидан озод қилишда мустақилдир, бундан ушбу Қонуннинг 2-1 ва 2-2-моддаларида кўрсатилган ҳоллар мустасно.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус идорасининг номида "хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус" деган сўзлар бўлиши ва тегишли туман, шаҳар кўрсатилиши керак.



8-2-модда. Нотариал идоранинг биноси

Нотариал идора биносида фуқароларнинг нотариус ҳузурига кириш имконияти, нотариал ҳаракатларнинг сир тутилиши, нотариал иш юритиш ҳужжатлари, материаллари ва нотариал архивнинг бут сақланиши, тўловларни қабул қилиш, аудио- ва видео қайд этиш учун шарт-шароитлар таъминланиши керак.



10-модда. Нотариал иш юритиш ва ҳисобдорлик

Нотариал идора нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материалларининг бут сақланишини таъминлаши, ўз нотариал архив ишини юритиши шарт.

Нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материаллари уч йил ўтгач Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивларга топширилиши керак. Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивлар томонидан бериладиган нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатлари ва реестрлардан кўчирмалар нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштирилади ҳамда уларни берганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда ҳақ ундирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган муҳрга эга бўлади.

Нотариал иш юритиш қоидалари, нотариал ҳужжатларни сақлаш муддатлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари давлат божи тушумларининг ҳисобини юритади ва улар юзасидан давлат солиқ хизмати органларига ҳисобот тақдим этади.



11-модда. Нотариал ҳаракатлар амалга ошириладиган тил

Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади.

Расмийлаштирилган ҳужжат матни фуқароларнинг талабига биноан нотариус ёки нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи шахс томонидан рус тилида ёки имкон бўлса, бошқа мақбул тилда берилади.


12-модда. Нотариуснинг муҳри, штамплари, иш қоғозлари

Нотариус Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган, нотариус фамилияси, исми-шарифи, лавозими ва нотариал идоранинг номи кўрсатилган шахсий муҳрига, тасдиқловчи ёзувлар битилган штампларига, нотариал идоранинг бланкаларига эга бўлади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг муҳрида лицензиянинг серияси ва рақами кўрсатилади.

Нотариусларнинг реестрига уларнинг муҳри ва имзоси намуналари киритилади.

Нотариуснинг муҳри Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ягона намуна бўйича тайёрланади.

Нотариус муҳри, штамплари, гербли (махсус) бланкалари лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган, тугатилган ва лицензия бекор қилинган ҳолларда ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳамда адлия бошқармаларига қайтарилиши лозим.

Нотариал идоралар томонидан гербли (махсус) бланкаларни ҳисобга олиш, сақлаш, сарфлаш ва улар бўйича ҳисобот бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.



2-БОБ. НОТАРИУС ЛАВОЗИМИНИ ТАЪСИС ЭТИШ

ВА ТУГАТИШ, УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


14-модда. Давлат нотариал идораларининг

тармоғи ва штатлари

Ўзбекистон Республикасида давлат нотариал идораларининг тармоғи, штатлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Икки нафар ва ундан ортиқ нотариус ишлайдиган давлат нотариал идораларида нотариуслардан бири катта нотариус этиб тайинланади ҳамда унинг зиммасига ушбу нотариал идоранинг маъмурий-ташкилий ишларини назорат қилиш мажбуриятлари юклатилади.



15-модда. Нотариус лавозимини таъсис этиш ва тугатиш тартиби

Нотариус лавозими Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан таъсис этилади ва тугатилади.

Муайян ҳудуддаги (нотариал округдаги) нотариуслар лавозимларининг энг кам сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатиладиган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.


15-1-модда. Нотариус мақомига эга бўлиш.

Нотариусни лавозимга тайинлаш ва

лавозимдан озод этиш

Лицензия шахснинг хусусий нотариал фаолиятини амалга оширишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатдир.

Лицензия Олий малака комиссиясининг нотариуслик ваколатларини бериш бўйича малака имтиҳони якунлари юзасидан чиқариладиган қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда берилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус мақомига эга бўлишга талабгор шахс (бундан буён матнда талабгор деб юритилади) лицензия олиш учун малака имтиҳони топшириши шарт.

Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгор уни такроран топширишга камида олти ойдан кейин қўйилади.

Малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор бир ой муддат ичида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига, адлия бошқармаларига лицензия олиш учун мурожаат қилиши керак.

Талабгор томонидан лицензия олиш учун мурожаат қилиш муддатининг узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилиши лицензиянинг амал қилишини тугатишга асос бўлади.

Давлат нотариал идораси нотариусига лицензия унинг аризасига кўра, малака имтиҳони топширмасдан берилади.

Белгиланган тартибда лицензия олган, талабгор шахс лицензия олган кундан эътиборан уч ой ичида нотариал идора ташкил этиши ва нотариал ҳаракатларни амалга оширишга киришиши шарт.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус нотариал идора ташкил этилган пайтдан эътиборан уч кун ичида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигини, адлия бошқармасини бу ҳақда хабардор қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаси хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусни хабарнома олинган куннинг эртасидан кечиктирмай ҳисобга қўяди ва бу ҳақда Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасини хабардор қилади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус шундай хабарнома олинган пайтдан эътиборан Нотариал палатанинг аъзоси бўлади.

Давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлаш Олий малака комиссиясининг танлов натижалари юзасидан чиқарган қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Давлат нотариал идораларининг нотариуслари иш жойини ўзгартириш (ротация) тартибида бошқа нотариал идораларга тайинланиши мумкин. Нотариусларни аттестациядан ўтказиш ва иш жойини ўзгартириш (ротация) тартиби тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Давлат нотариал идорасининг нотариуси ва ходимлари меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, ушбу Қонун талабларини инобатга олган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Нотариуслар ўз касбий малакасини даврий ошириш якунлари бўйича аттестациядан ўтади.



15-2-модда. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш уни ҳисобга қўйган Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан малака комиссиясининг қарорига асосан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

нотариус жиноий жавобгарликка тортилганда - у айбланувчи тариқасида жалб этилган пайтдан эътиборан ва суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар ёхуд реабилитация қилувчи асосларга биноан уни жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар;

нотариус қонунчиликда белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилганда - бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилингунига қадар бўлган даврга;

нотариат тўғрисидаги қонунчилик, Нотариуснинг касб этикаси қоидалари талаблари, нотариал ҳаракатлар сири ва нотариус қасамёди нотариус томонидан бузилганлиги аниқланганда;

Нотариал палатанинг ёки адлия органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган, шу жумладан нотариуснинг зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юклайдиган қарорлари нотариус томонидан бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда;

нотариусда фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси мавжуд бўлмаганда ёки тузилган шартнома қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаганда - бундай шартнома тузилган ёки тузилган шартнома қонунчиликка мувофиқ ҳолга келтирилган кунга қадар;

нотариал фаолиятни ташкил этишга оид минимал талаблар бажарилмаганда - бундай ҳоллар бартараф этилгунига қадар;

нотариус Нотариал палатага аъзолик бадалларини бир ойдан ортиқ муддат давомида тўламаганда - уч ойгача, аъзолик бадалларини тўлагунига қадар.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нотариусга нисбатан хизмат текшируви ўтказиш даврида лицензиянинг амал қилишини ўн кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туришга ҳақли.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддати олти ойдан ошиши мумкин эмас, бундан ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳоллар мустасно. Лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган шахс лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни, агар улар бартараф этиб бўлмайдиган хусусиятга эга бўлмаса, кўрсатилган муддатда бартараф этиши шарт.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг, адлия бошқармаларининг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ёки судга шикоят қилиниши мумкин.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш нотариус мақомининг тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаси уч кунлик муддат ичида Нотариал палатани хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг мақоми тўхтатилганлиги ёки тикланганлиги ҳақида хабардор этади, шунингдек оммавий ахборот воситаларида ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида тегишли хабарни эълон қилади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус мақомининг тўхтатиб турилиши нотариуснинг Нотариал палатага аъзолиги тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.

Нотариуснинг мақомини тўхтатиб туриш учун асос бўлган ҳоллар тугатилганидан кейин шахс нотариал фаолиятга киришади.

Нотариус мақоми тўхтатиб турилган шахснинг Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланиш имконияти тўхтатилади.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келадиган қоидабузарликлар ҳоллари ва улар бўйича лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддатлари Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан белгиланади.



15-3-модда. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш

Нотариус лицензиясининг амал қилишини тугатиш нотариусни ҳисобга олган Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг, адлия бошқармасининг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

нотариус лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат этганда;

ушбу Қонун 15-1-моддасининг олтинчи ва саккизинчи қисмларида назарда тутилган талаблар бажарилмаганда;

нотариус илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан, шунингдек Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган лавозимга тайинланганда (сайланганда);

нотариуснинг муомала лаёқати чекланганда ёки у белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

суднинг нотариусни жиноят содир этишда айбдор деб топиш ҳақидаги айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилганда;

нотариус олтмиш беш ёшга тўлганда;

нотариус вафот этганда ёки суднинг уни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирганда.

Лицензиянинг амал қилишини маъмурий суд томонидан тугатиш нотариусни ҳисобга олган Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг, адлия бошқармасининг мурожаатига кўра малака комиссиясининг қарори асосида қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

ўз вазифаларини олти ой мобайнида узрли сабабларсиз бажармаганда;

лицензия бериш тўғрисидаги қарорнинг ғайриқонуний эканлиги аниқланганда;

лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган шахс лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни адлия органи томонидан белгиланган муддатда бартараф этмаганда;

нотариус томонидан нотариат тўғрисидаги қонунчилик талаблари, Нотариусларнинг касб этикаси қоидалари, нотариал ҳаракатларнинг сири ва нотариус қасамёди мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганда, нотариуснинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда нотариатнинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг, адлия бошқармасининг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ёки судга шикоят қилиниши мумкин.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш нотариус мақомининг тугатилишига сабаб бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаси уч кунлик муддатда Нотариал палатани хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг мақоми тугатилганлиги ҳақида хабардор қилади, шунингдек тегишли хабарни оммавий ахборот воситаларида ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус мақомининг тугатилиши нотариуснинг Нотариал палатага аъзолиги тугатилишига сабаб бўлади.

Нотариуснинг ваколатлари тугатилган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаси нотариуснинг иш юритувидаги ҳужжатларни бошқа нотариусга топшириш ҳақида қарор қабул қилади, бошқа ҳужжатлар эса идоравий нотариал архивга топширилади.



15-4-модда. Лицензияни бекор қилиш

Лицензияни бекор қилиш нотариуснинг аризасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармасининг қарори билан, лицензия сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда эса - Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармасининг аризасига асосан маъмурий суднинг қарори билан амалга оширилади.

Лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, лицензия берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.

Лицензиянинг бекор қилиниши нотариуснинг ўз касбий фаолиятини бажариш чоғидаги ҳаракатлари ғайриҳуқуқий деб топилганлигини англатмайди, бундан нотариал ҳаракатларни суд томонидан ҳақиқий эмас деб топиш ҳоллари мустасно.



16-модда. Нотариуснинг фаолият кўрсатиш ҳудуди

(нотариал округ)

Нотариуснинг фаолият кўрсатиш ҳудуди (нотариал округ) Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бўлинишига мувофиқ белгиланади.

Нотариал идора тегишли нотариал округ доирасида жойлашган бўлиши керак.

Жисмоний ёки юридик шахс нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун хоҳлаган нотариусга мурожаат қилишга ҳақли, бундан ушбу Қонуннинг 37, 51, 52, 59, 63, 74, 82 ва 93-моддаларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Нотариуснинг нотариал ҳаракатни белгиланган фаолият ҳудудидан ташқарида амалга ошириши бу ҳаракатни ҳақиқий эмас, деб топишга асос бўлмайди.

Нотариус мавжуд бўлмаган ҳудуддаги васият қилувчи оғир касал бўлган ҳолларда васиятномани тасдиқлаш учун нотариус ўзи хизмат кўрсатадиган ҳудуддан ташқарига чиқишга ҳақлидир.



3-БОБ. НОТАРИУСНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


17-модда. Нотариуснинг ҳуқуқлари

Нотариус қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига мурожаат қилган барча шахслар учун ушбу Қонунда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, нотариал ҳаракатни амалга ошириш жойи қонунчиликда белгилаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно;

битим ва аризаларнинг лойиҳаларини тузиш, ҳужжатларнинг нусхаларини ва улардан кўчирмаларни тайёрлаш, шунингдек нотариал ҳаракатларнинг амалга оширилишига доир масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш;

жисмоний ва юридик шахслардан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни сўраш ҳамда олиш;

жисмоний ва юридик шахслар номидан тегишли давлат органларига мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга ошириш учун, шунингдек ҳужжатларнинг чет элда амал қилиши учун мазкур органлар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатларни олган ҳолда ҳужжатларни легаллаштириш учун мурожаат қилиш;

юридик шахсларнинг раҳбар органлари йиғилишларида уларнинг таклифига кўра иштирок этиш.


18-модда. Нотариуснинг мажбуриятлари

Нотариус:

жисмоний ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб бериши;

тарафлар тақдим этган битимлар лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириши ҳамда уларнинг мазмуни тарафларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва ушбу битимларнинг қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текшириши;

юридик жиҳатдан бехабарликдан жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарига фойдаланилмаслиги учун уларни амалга оширилаётган нотариал ҳаракатларнинг оқибатлари ҳақида огоҳлантириши;

қонунчиликка мос келмайдиган нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши;

нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида фуқаролар ёки мансабдор шахслар томонидан қонунийлик бузилганлигини аниқлаган тақдирда, зарур чора-тадбирлар кўрилиши учун тегишли корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ёки прокурорга бу ҳақда хабар қилиши;

уч йилда камида бир марта ўз касбий малакасини ошириши;

суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органлари юритувида бўлган ишлар билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик тўғрисида уларнинг талабига биноан маълумотномалар (маълумотлар) бериши;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномаларни (маълумотларни) махсус ваколатли давлат органига тақдим этиши;

кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини, мол-мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, шунингдек мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномаларни давлат солиқ хизмати органига тақдим этиши;

автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқи учун ишончномаларни, ушбу воситаларни бошқа шахсга ўтказиш, ижарага бериш, улардан текин фойдаланиш, уларнинг гаров, лизинг шартномаларини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотномаларни ички ишлар органига тақдим этиши;

бошқа шахсга ўтказилаётган кўчмас мулкнинг кадастр рақами тўғрисидаги ва олувчи ҳақидаги маълумотларни қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармаларига тақдим этиши;

битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки ушбу объектга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларни (маълумотларни) кредит бюроларининг сўровига кўра тақдим этиши;

битим предмети бўлган кўчмас мулк объектини бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки ушбу объектга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларни (маълумотларни) риэлторлик ташкилотининг сўровига кўра тақдим этиши;

васият қилувчининг вафотидан кейин манфаатдор шахсларга васиятнома тўғрисидаги маълумотномаларни тақдим этиши;

амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг сўровига кўра тақдим этиши шарт.

Лицензия олган нотариус ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:

нотариал идора ташкил этилган нотариал округда камида икки йил ишлаб бериши;

фаолияти ўн кундан ортиқ муддатга тўхтатилган нотариуснинг иш юритувидаги ҳужжатларни Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаси томонидан белгиланган ҳолларда қабул қилиб олиши;

Нотариал палата конференцияси томонидан миқдори белгиланадиган кириш ва аъзолик бадалларини Нотариал палатага тўлаши шарт.


19-модда. Нотариуснинг жавобгарлиги

Нотариус ўз мажбуриятларини бузганлиги учун қонунда назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади.

Давлат нотариал идорасининг нотариуси томонидан ўз мажбуриятларини бузганлиги оқибатида етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда давлат томонидан қопланади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус нотариал ҳаракатлар орқали қонунни бузганлиги натижасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкига етказилган зарар учун, агар ушбу моддада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, мулкий жавобгар бўлади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳолларда жисмоний ёки юридик шахсларнинг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта бадали (суғурта суммаси) ёки суғурта бадали етарли бўлмаган тақдирда нотариуснинг шахсий мол-мулки ҳисобидан, нотариуснинг шахсий мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда Нотариал палата ҳузуридаги Компенсация фонди ҳисобидан қопланади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкига хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг қасддан содир этган хатти-ҳаракатлари натижасида зарар етказилганлиги суднинг қарори билан тасдиқланган тақдирда, ушбу зарарнинг ўрни Нотариал палата ҳузуридаги Компенсация фонди ҳисобидан қопланмайди.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарар учун давлат жавобгар бўлмайди.



19-1-модда. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи

нотариус фаолиятини суғурта қилиш

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус нотариал фаолиятни амалга оширишда нотариуснинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномасини тузиши шарт.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномасини тузмасдан ўзининг мажбуриятларини ва нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахсга ва (ёки) нотариал фаолиятни амалга оширишдаги учинчи шахсларга мулкий зарар етказилганлиги оқибатида юзага келадиган мажбуриятлари бўйича жавобгарлиги хавфи билан боғлиқ мулкий манфаатлар фуқаролик жавобгарликни суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта объектидир.

Қонунчиликка зид нотариал ҳаракатни амалга ошириш натижасида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли жисмоний ёки юридик шахсга мулкий зарар етказилганлигининг суднинг қонуний кучга кирган қарори билан белгиланган ёки суғурта қилувчи томонидан тан олинган факти нотариуснинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта ҳодисасидир.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта суммаси қуйидаги энг кам миқдордан кам бўлиши мумкин эмас:

Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятларнинг маъмурий марказларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолиятини ташкил этиш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг камида минг бараваридан;

бошқа аҳоли пунктларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолиятини ташкил этиш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш юз бараваридан.



4-БОБ. НОТАРИУСЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ

МОЛИЯВИЙ ВА ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ


21-модда. Нотариал ҳаракатлар ва нотариуслар томонидан

амалга ошириладиган бошқа ҳаракатлар учун ҳақ тўлаш

Нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун белгиланган ставкалар бўйича давлат божи ундирилади.

Нотариус нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун ўз иш жойидан бошқа жойга борганида манфаатдор жисмоний ёки юридик шахслар унинг ҳақиқатда қилинган транспорт харажатларининг ўрнини қоплайди.

Нотариус томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ҳақ ундирилади.

Нотариус томонидан нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда нотариал тартибда тасдиқланадиган битим лойиҳасини мустақил тайёрлаган жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқий ҳамда техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ҳақ тўлашдан озод этилади.



21-1-модда. Нотариал идора ходимларининг

ижтимоий таъминоти

Нотариал идора ходимлари таътил ва давлат ижтимоий суғуртаси бўйича барча турдаги нафақалар олиш ҳуқуқидан фойдаланади. Давлат ижтимоий суғуртасига тўловлар қонунчиликда белгиланадиган миқдорларда тўланади.

Нотариал идора ходимларига давлат ва жамғариб бориладиган пенсия таъминоти, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва тўлаш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


22-модда. Нотариал идораларни молиялаштириш

Давлат нотариал идоралари қонунчиликда белгиланган тартибда молиялаштирилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фаолияти:

нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган давлат божи суммасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларда қоладиган қисми;

ҳуқуқий ва техник хусусиятга эга қўшимча ҳаракатларни бажарганлик, шунингдек нотариатнинг фаол модели доирасида хизматлар кўрсатганлик учун ундириладиган тўловлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Нотариусларнинг даромадларига солиқ солиш солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг депозит ҳисобварақларидаги маблағлар нотариуснинг даромади ҳисобланмайди. Ушбу маблағларга нотариус мажбуриятлари бўйича ундирувни қаратишга йўл қўйилмайди.



4-1-БОБ. НОТАРИАТНИНГ ЯГОНА

АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН АХБОРОТ ТИЗИМИ


22-1-модда. Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган

ахборот тизимининг асосий қоидалари

Нотариал фаолият тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш ҳамда нотариал ҳаракатларни амалга оширишга алоқадор давлат органлари билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган ахборот тизими Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидир.

Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тегишлидир.

Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидан нотариал идорага юборилган электрон мурожаатни олиш учун ҳам фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига нотариусларнинг киришини таъминлайди.

Нотариуслар томонидан Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумотлар киритилиши нотариал ҳаракатларни амалга оширишнинг махфийлигини ошкор этиш ҳисобланмайди.



22-2-модда. Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган

ахборот тизимига маълумотлар киритиш

Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумотларни киритиш нотариуслар томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига нотариуслар томонидан киритилиши лозим бўлган маълумотларнинг рўйхатини белгилайди.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар бундай ҳаракатлар амалга оширилган кундан кечиктирмай нотариус томонидан Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади.



22-3-модда. Электрон мурожаат

Жисмоний ва юридик шахслар нотариус қабулига олдиндан ёзилиш, битимлар ва аризаларнинг электрон шаклдаги лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа мақсадлар учун ахборот тизимлари орқали нотариал идораларга мурожаат қилиши мумкин.

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган бўлиши лозим. Агар ҳуқуқий ва техник тусдагиқўшимча ҳаракатлар учун ҳақ тўланмаган бўлса, битимлар ва аризаларнинг электрон шаклдаги лойиҳаларини тайёрлаш тўғрисидаги электрон мурожаат кўриб чиқилмайди.

Ахборот тизимлари орқали нотариал идораларга келиб тушадиган электрон мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.



4-2-БОБ. НОТАРИАЛ ПАЛАТА


22-4-модда. Нотариал палатанинг мақоми

Нотариал палата хусусий амалиёт билан шуғулланувчи барча нотариусларнинг аъзолигига асосланган нотижорат ташкилотдир.

Давлат нотариал идораси нотариуси ихтиёрийлик асосида Нотариал палатанинг аъзоси бўлиши мумкин.

Нотариал палата нотариусларнинг қонунчиликка мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашмаслик принципи асосида фаолият кўрсатади.

Нотариал палата Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий бошқармалари билан биргаликда нотариатнинг ягона ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади.

Нотариал палатанинг вазифалари ва ваколатларига ўхшаш вазифалар ва ваколатларга эга бўлган бошқа ташкилотларни ташкил этишга йўл қўйилмайди.

Нотариуслар Нотариал палатанинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, нотариусларнинг мажбуриятлари бўйича эса Нотариал палата жавоб бермайди, бундан нотариус томонидан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун Нотариал палата ҳузуридаги Компенсация фонди томонидан амалга ошириладиган тўловлар мустасно.

Нотариал палатанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар учун мажбурийдир.

Нотариал палата фаолиятини молиялаштириш Нотариал палата конференцияси томонидан миқдори белгиланадиган кириш ва аъзолик бадаллари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


22-5-модда. Нотариал палатанинг асосий вазифалари

Нотариал палатанинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, шунингдек қонунчиликнинг бир хил тарзда қўлланилишига доир таклифлар ишлаб чиқиш;

низоларнинг олдини олувчи институт сифатида нотариатнинг ролини мустаҳкамлаш, нотариуслик касби нуфузини ошириш, шунингдек хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг касбий тайёргарлиги ва малакаси оширилишини ҳамда уларнинг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурталанишини ташкил этиш;

ягона нотариал амалиётни таъминлаш чораларини кўриш, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни тўплаш ва ўрганиш, ижобий иш тажрибасини ёйиш ҳамда уларга услубий ёрдам кўрсатиш;

нотариал ҳаракатлар бўйича тавсиявий хусусиятга эга бўлган услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш;

аҳолининг ҳуқуқий билимларини ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш;

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан муносабатларда, судда ва бошқа ҳолатларда ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

нотариат тўғрисидаги қонунчиликка, Нотариуснинг касб этикаси қоидалари ва касбий мажбуриятларга хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, хизмат текширувлари ўтказиш, шунингдек нотариусларнинг касбига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш ҳақида малака комиссияларига таклифлар киритиш;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан нотариал фаолият масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш.



22-6-модда. Нотариал палатанинг органлари

ва мансабдор шахслари

Нотариал палатанинг конференцияси палатанинг юқори органи бўлиб, заруратга кўра, бироқ беш йилда камида бир марта чақирилади.

Нотариал палата бошқаруви Нотариал палатанинг уставига мувофиқ нотариуслар орасидан сайланадиган ижро этувчи орган бўлиб, палатанинг фаолиятига жорий раҳбарликни амалга оширади.

Нотариал палатанинг тафтиш комиссияси молиявий назорат органи бўлиб, палата уставига мувофиқ шакллантирилади.

Нотариал палата раиси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тақдимномасига биноан Нотариал палата конференцияси томонидан, ушбу конференция сайлаган Нотариал палата бошқаруви аъзолари орасидан беш йил муддатга сайланади. Айни бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ Нотариал палата раиси бўлиши мумкин эмас.

Нотариал палатанинг раисини лавозимидан муддатидан олдин чақириб олиш Нотариал палатанинг уставида белгиланган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тақдимномасига биноан Нотариал палата конференцияси томонидан амалга оширилади.



22-7-модда. Нотариал палата ҳузуридаги фондлар

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фаолияти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида Нотариал палата ҳузурида Компенсация фонди ташкил этилади.

Нотариал фаолиятга кўмаклашиш, нотариусларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида Нотариал палата ҳузурида Нотариуслар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш фонди ташкил этилади.

Давлат нотариал идоралари нотариуслари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Нотариал палата ҳузурида Давлат нотариал идоралари фаолиятини қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилади.

Нотариал палата ҳузуридаги Компенсация фонди, Нотариуслар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш фонди ҳамда Давлат нотариал идоралари фаолиятини қўллаб-қувватлаш фонди нотариусларнинг Нотариал палатага аъзолик бадалидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади.

Мажбурий ажратмалар миқдори йил якунида Нотариал палата бошқаруви йиғилишининг қарорига кўра белгиланади.

Нотариал палата ҳузуридаги фондларнинг маблағларидан оқилона фойдаланиши устидан назорат қилиш Нотариал палата томонидан амалга оширилади.



4-3-БОБ. НОТАРИУС ФАОЛИЯТИ УСТИДАН НАЗОРАТ

ВА МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ. АДЛИЯ ОРГАНЛАРИНИНГ

НОТАРИАТ СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛАРИ


22-8-модда. Нотариат тўғрисидаги қонунчиликка

нотариуслар томонидан риоя этилиши устидан

назорат ва мониторинг қилиш

Нотариат тўғрисидаги қонунчиликка нотариуслар томонидан риоя қилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари амалга оширади.

Нотариал палата хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти устидан мониторингни амалга оширади.



22-9-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг

нотариат соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:

нотариат соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

ягона нотариал амалиётни таъминлаш чораларини кўради;

нотариат тўғрисидаги қонунчиликка нотариуслар томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади, уларнинг ишларини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

давлат нотариал идораларини ташкил этади ва тугатади, нотариус лавозимини таъсис этади ва тугатади;

муайян ҳудуддаги (нотариал округдаги) нотариус лавозимларининг энг кам сонини белгилайди;

Нотариал палата фаолиятига кўмаклашади;

Олий малака комиссиясининг фаолиятини ташкил этади;

хорижда фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатлардаги нотариуслар имзоси ва уларнинг муҳри кўчирмаси ҳақиқийлигини тасдиқлайди, нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа вазифаларни бажаради;

нотариал иш юритиш қоидаларини, нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномаларни, нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестрларининг шаклини, тасдиқлов ёзувлари ва гувоҳномаларни, нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартибини Нотариал палата билан биргаликда тасдиқлайди;

нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, нотариусларга кўрсатмалар ва услубий тушунтиришлар беради;

пуллик хизматлар ҳамда нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник хусусиятга эга қўшимча ҳаракатлар рўйхатини, ушбу ҳаракатлар амалга оширилганлиги ва хизматлар кўрсатилганлиги учун, шунингдек идоравий нотариал архивлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларга нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатлари, реестрлардан кўчирмалар, маълумотномаларнинг ва архив ҳужжатларининг кўчирма нусхалари берилганлиги учун тўловларнинг миқдорларини тасдиқлайди;

нотариусларнинг статистик маълумотларни тақдим этиш шаклларини Нотариал палата билан келишилган ҳолда тасдиқлайди ва муддатларини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонунчиликда назарда тутилган бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


22-10-модда. Қорақалпоғистон Республикаси

Адлия вазирлигининг, адлия бошқармаларининг

нотариат соҳасидаги ваколатлари

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ўз ваколатлари доирасида:

нотариуслар томонидан амалга оширилган нотариал ҳаракатларнинг қонунийлиги устидан назоратни амалга оширади;

нотариусларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;

нотариал амалиётни умумлаштиради;

малака комиссиясининг фаолиятини ташкил этади;

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини лицензиялайди;

Нотариал палата билан биргаликда нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этади;

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

Хусусий нотариал амалиёт билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларнинг давлат реестрини юритади;

ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилади;

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фаолияти ҳудудини белгилаш мақсадида уларни ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқаришни амалга оширади;

нотариус муҳри ва штампларининг намуналари эскизларини тасдиқлайди;

нотариусларнинг реестрини юритади;

нотариал идораларни қатъий ҳисобда турувчи гербли (махсус) бланкалар билан таъминлайди;

ўз фаолиятини тугатган нотариус муҳрини йўқ қилиш ва ҳужжатларни Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивга топшириш чораларини кўради.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари қонунчиликда назарда тутилган бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


II БЎЛИМ. НОТАРИАЛ ҲАРАКАТЛАР ВА

УЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ҚОИДАЛАРИ


5-БОБ. НОТАРИАЛ ҲАРАКАТЛАР


23-модда. Нотариуслар амалга оширадиган нотариал ҳаракатлар

Нотариуслар қуйидаги нотариал ҳаракатларни амалга оширади:

1) битимларни тасдиқлайди;

2) васиятномаларни тасдиқлайди;

3) эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар беради;

5) меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради;

6) мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради;

6-1) медиатор вазифасини бажаради;

7) ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлайди;

8) ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди;

9) ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди;

10) кўчмас мулк очиқ савдода сотиб олинганлиги ҳақида гувоҳнома беради;

11) фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлайди;

12) фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди;

12-1) юридик шахснинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини тасдиқлайди;

12-2) далилларни таъминлайди;

13) фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди;

14) ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

14-1) муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

14-2) электрон ҳужжатнинг қоғоз шаклидаги ҳужжат билан бир хил юридик кучга эга эканлигини тасдиқлайди;

15) жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари ва (ёки) бошқа ҳужжатларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топширади;

16) пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олади;

17) ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиб олади;

18) пул тўлаш учун чекларни тақдим этади ва чеклар бўйича пул тўланмаганлигини тасдиқлайди;

19) ижро хатларини ёзади;

20) векселларнинг протестларини амалга оширади;

21) денгиз протестларини амалга оширади;

22) нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатларини ҳамда реестрлардан кўчирмаларни беради.

Нотариуслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


26-модда. Нотариал тасдиқланган ҳужжатларга

тенглаштириладиган васиятномалар,

ишончномалар ва аризалар

Қуйидагилар нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштирилади:

касалхоналарда, госпиталларда, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларида яшаётган фуқароларнинг ушбу касалхоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасаларининг бош шифокорлари, уларнинг тиббиёт бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи шифокорлари, шунингдек госпиталларнинг бошлиқлари, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларининг директорлари ва бош шифокорлари томонидан тасдиқланган васиятномалари; (ЎзР 17.05.2022 й. ЎРҚ-770-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи остида сузиб юрган кемаларда сафарда бўлган фуқароларнинг шу кемаларнинг капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

қидирув экспедицияларида ёки шунга ўхшаш бошқа экспедицияларда бўлган фуқароларнинг шу экспедициялар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

ҳарбий хизматчиларнинг, ҳарбий қисмлар жойлашган, нотариуслар бўлмаган пунктларда эса, шу қисмларда ишловчи ҳарбий хизматчи бўлмаган шахсларнинг, улар оила аъзоларининг ҳамда ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган васиятномалари, ишончномалари ва аризалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;

озодликдан маҳрум этиш жойларидаги ёки қамоқдаги шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари, ишончномалари ва аризалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно.

Васиятномалар, ишончномалар ва аризаларни ушбу моддада айтиб ўтилган мансабдор шахслар томонидан тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгилаб қўядиган тартибда амалга оширилади.


27-модда. Мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган

васиятномаларни ва ишончномаларни

нотариал идорага бериш

Ушбу Қонуннинг 26-моддасида санаб ўтилган мансабдор шахслар ўзлари тасдиқлаган васиятномаларнинг ва нотариал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ ишончномаларнинг биттадан нусхасини васият қилувчи ёки ишонч билдирувчи доимий яшайдиган жойдаги нотариал идорага сақлаш учун кечиктирмай юбориши шарт.

Агар васият қилувчининг ёки ишонч билдирувчининг Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўлмаса ёки уларнинг яшаш жойи номаълум бўлса, васиятнома ёхуд ишончнома уни қайси ташкилотнинг мансабдор шахси тасдиқлаган бўлса, ўша ташкилот жойлашган ердаги нотариал идорага сақлаш учун юборилади.

Нотариус сақлаш учун келиб тушган васиятномани ва ишончномани текшириб кўриши ҳамда уларнинг қонунга номувофиқлиги аниқланган тақдирда, бу ҳақда васият қилувчига, ишонч билдирувчига ва васиятномани тасдиқлаган мансабдор шахсга маълум қилиши шарт.

Ушбу Қонуннинг 26-моддасида санаб ўтилган мансабдор шахслар васиятномаларни ўзгартириш ва бекор қилиш, шунингдек ишончноманинг амал қилишини тугатиш учун асос бўладиган ҳужжатнинг биттадан нусхасини ушбу моддада белгиланган тартибда кечиктирмай нотариал идорага бериши шарт.



28-модда. Консуллар томонидан амалга ошириладиган

нотариал ҳаракатлар

Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари қуйидаги нотариал ҳаракатларни амалга оширади:

1) битимларни (шартномалар, васиятномалар, ишончномалар ва ҳоказоларни) тасдиқлайди, Ўзбекистон Республикасида жойлашган кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги шартномалар бундан мустасно;

2) фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлайди;

3) фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди;

4) фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди;

5) ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

6) мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради;

7) меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар беради;

8) эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи ҳақида гувоҳномалар беради;

9) ҳужжатларнинг нусхалари ва ҳужжатлардан олинган кўчирмалар тўғрилигини шаҳодатлайди;

10) ҳужжатлардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди;

11) ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди;

12) пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олади;

13) сақлаш учун ҳужжатларни қабул қилиб олади;

14) ижро хатларини ёзади;

15) денгиз протестларини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


29-модда. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби

Нотариусларнинг, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахсларнинг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш чоғида нотариуслар томонидан аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилиши мумкин.


6-БОБ. НОТАРИАЛ ҲАРАКАТЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ҚОИДАЛАРИ


30-модда. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жойи

Нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларида амалга оширилади.

Фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра нотариал идорага бора олмайдиган айрим ҳолларда нотариал ҳаракатлар мазкур фуқаро турган жойда амалга оширилиши мумкин.

Қонунчиликда нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларидан ташқарида амалга ошириладиган бошқа ҳоллар ҳам назарда тутилиши мумкин.


31-модда. Нотариал ҳаракатни амалга ошириш ва

тўхтатиб туриш муддатлари

Нотариал ҳаракатлар ҳақ тўланганидан сўнг зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган куни амалга оширилади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш қўшимча маълумотларни талаб қилиб олиш ёки ҳужжатларни экспертизага юбориш зарур бўлганида кечиктирилиши мумкин.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, башарти қонунга биноан манфаатдор шахслардан ушбу ҳаракатларни амалга оширишга эътироз бор-йўқлигини сўраш зарур бўлганда, кечиктирилиши мумкин. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш муддати бир ойдан ошмаслиги лозим. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахснинг талабига кўра унга нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш ҳақидаги қарор берилади.

Манфаатдор шахс тасдиқлашни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устида даъволашиш учун судга мурожаат қилиш истагидаги бошқа манфаатдор шахснинг аризасига кўра нотариал ҳаракатни амалга ошириш бир маротаба кўпи билан ўн кун муддатга кечиктирилиши мумкин. Агар бу муддат ичида ариза тушганлиги ҳақида суддан маълумот олинмаса, нотариал ҳаракат амалга оширилиши лозим.

Бир манфаатдор шахс тасдиқлашни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устида даъволашаётган бошқа манфаатдор шахсдан ариза тушганлиги тўғрисида суддан маълумот олинган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга ошириш мазкур иш судда ҳал бўлгунига қадар тўхтатиб турилади.

Қонунчиликда нотариал ҳаракатларни амалга оширишни кечиктириш ва тўхтатиб туришнинг бошқа асослари ҳам белгиланиши мумкин.


32-модда. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб

мурожаат қилган кишининг шахсини аниқлаш

Нотариуслар ва нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахслар нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган кишиларнинг шахсини аниқлайди.

Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган кишининг шахси унинг шахсига нисбатан ҳар қандай шубҳаларни истисно этадиган паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси ёхуд бошқа ҳужжатларига асосан аниқланиши керак.

Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг шахсини аниқлашда нотариус тегишли ахборот ресурсларидан фойдаланади.


33-модда. Битимларда иштирок этаётган фуқароларнинг

муомала лаёқатини ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ

лаёқатини текшириш

Битимлар тасдиқлаб берилаётганида уларда иштирок этаётган фуқароларнинг муомала лаёқати белгиланган тартибда аниқланади ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқати текширилади. Битим вакил томонидан тузилган тақдирда унинг ваколати ҳам текширилади.


34-модда. Нотариал тасдиқланадиган битимлар, шунингдек

аризалар ва бошқа ҳужжатларни имзолаш тартиби

Нотариал тасдиқланадиган битимлар, шунингдек аризалар ва бошқа ҳужжатлар нотариус иштирокида имзоланади. Битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатлар тарафлар томонидан бармоқ изларини олиш йўли билан тасдиқланиши мумкин.

Битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатларни тасдиқлаш жараёни видеоконференцалоқа орқали амалга оширилиши мумкин.

Агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаши мумкин, бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ёзиб қўйилиши лозим. Бундай ҳолларда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида видеоёзув воситаларидан фойдаланилади.

Башарти нотариал идоранинг йиғмажилдларида корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар мансабдор шахсларининг ваколатлари текширилганлиги ҳақида маълумотлар, имзоларининг шахсан мурожаат қилинган вақтда олинган намунаси бўлса ва уларнинг имзолари ҳақиқийлигига шубҳа туғилмайдиган бўлса, нотариус бу мансабдор шахсларнинг ўзлари келишини талаб қилмаслиги мумкин.


35-модда. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун тақдим

этиладиган ҳужжатларга қўйиладиган талаблар

Нотариуслар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган ва изоҳ берилмаган бошқа тузатишлари бўлган ҳужжатларни, шунингдек қаламда ёзилган ҳужжатларни қабул қилмайди. Агар ҳужжатдаги мавжуд изоҳ берилмаган тузатишлар ёки бошқа камчиликлар тақдим этилган ҳужжатнинг мақсади учун аҳамиятсиз бўлса, нотариус бундай ҳужжатни нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун қабул қилишга ҳақли.

Нотариал тасдиқланадиган битимларнинг матни аниқ ва равшан ёзилган бўлиши керак, ҳужжатнинг мазмунига тааллуқли сана ва муддатлар ҳеч бўлмаганда бир марта сўз билан, юридик шахсларнинг номлари эса - улар органларининг манзилларини кўрсатган ҳолда қисқартиришларсиз ёзилиши лозим. Фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми тўлиқ ёзилиб, яшаш жойи кўрсатилган бўлиши керак.

Бир варақдан ортиқ бўлган ҳужжат ип ўтказиб тикилган, варақлари рақамланган ва муҳр босиб тасдиқланган бўлиши керак.


36-модда. Тасдиқловчи ёзувларни ёзиш ва гувоҳномалар бериш

Битимларни тасдиқлашда, ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини, ҳужжатлардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини, ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга қилинган таржимаси тўғрилигини тасдиқлашда, ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлашда тегишли ҳужжатларга тасдиқловчи ёзувлар ёзилади.

Меросга бўлган ҳуқуқ, мулк ҳуқуқи тасдиқланганда, фуқаронинг тирик эканлиги ва муайян жойда эканлиги фактлари, фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлиги тасдиқланганда, сақлаш учун ҳужжатлар қабул қилиб олинганида тегишли гувоҳномалар берилади.


37-модда. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш

ҳуқуқини чеклашлар

Нотариуслар ўз номига ва ўз номидан, хотини (эри) номига ҳамда унинг номидан, хотинининг (эрининг) ва ўзининг қариндош-уруғлари (ота-онаси, болалари, набиралари, туғишган ака-ука ва опа-сингиллари), улар билан васийлик ва ҳомийлик туфайли боғланган шахслар номига ҳамда уларнинг номидан нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.


38-модда. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш

Нотариус қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этади, агар:

бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;

бу ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;

муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;

юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаса.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради.

Нотариус нотариал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.


39-модда. Нотариал ҳаракат устидан, нотариал ҳаракатни

кечиктириш ёки уни амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги

қарор устидан шикоят қилиш

Амалга оширилган нотариал ҳаракатни, нотариал ҳаракатни кечиктириш ёки нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги қарорни нотўғри деб ҳисоблаган манфаатдор шахс бу хусусда нотариал идора турган жойдаги судга шикоят қилишга ҳақлидир.



40-модда. Нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш

Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар реестрда рўйхатга олинади. Ҳар бир нотариал ҳаракат алоҳида тартиб рақами билан рўйхатга олинади.

Нотариуслар ушбу Қонун 6-моддасининг иккинчи - тўртинчи қисмларида кўрсатилган жисмоний ёки юридик шахсларнинг ёзма аризасига биноан нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестрларидан кўчирмалар беради.


41-модда. Нотариал ҳаракатларни, нотариал гувоҳномаларни,

тасдиқловчи ёзувларни рўйхатга олиш

реестрларининг шакллари

Нотариал ҳаракатларни, нотариал гувоҳномаларни, битимлар ва тасдиқланувчи ҳужжатлардаги тасдиқловчи ёзувларни рўйхатга олиш реестрларининг шакллари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.



42-модда. Нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг

дубликатларини бериш

Нотариус томонидан тасдиқланган ёки берилган, нусхалари нотариал идоранинг йиғмажилдларида сақланаётган ҳужжатлар йўқолган тақдирда номидан ёхуд топшириғига биноан нотариал ҳаракатлар бажарилган жисмоний ва юридик шахсларнинг ёки улар қонуний вакилларининг ёзма аризасига кўра йўқолган ҳужжатларнинг дубликатлари берилади.

Дубликатларни бериш ушбу Қонуннинг 6 ва 40-моддалари талабларига риоя этган ҳолда бажарилади.


7-БОБ. БИТИМЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ


43-модда. Нотариал тартибда тасдиқланадиган битимлар

Нотариуслар қонунчиликка биноан нотариал шаклда тасдиқланиши мажбурий қилиб қўйилган битимларни тасдиқлайди. Томонларнинг хоҳишига кўра нотариус бошқа битимларни ҳам тасдиқлаши мумкин.


44-модда. Рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган

мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга

қўйиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлаш

Рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги битимлар бошқа шахсга ўтказилаётган ёки гаровга қўйилаётган мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирдагина тасдиқланиши мумкин. Бунда мол-мулкнинг бошқа шахсга ўтказувчига ёки гаровга қўювчига тегишлилиги ҳамда бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги текширилади. Тақиқ мавжуд бўлган ҳолларда кўрсатилган мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битим фақат кредитор билан олувчи шахс қарзни олувчининг ҳисобига ўтказишга рози бўлган тақдирда тасдиқланиши мумкин.


45-модда. Васиятномаларни тасдиқлаш

Нотариуслар муомалага лаёқатли фуқароларнинг қонунчилик талабларига мувофиқ тузилган ва уларнинг ўзлари нотариусга шахсан тақдим этган васиятномаларини тасдиқлайди. Васиятномаларни вакиллар орқали тасдиқлашга йўл қўйилмайди.

Васиятномани тасдиқлаб беришда васият қилувчидан унинг васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи далилларни тақдим этиш талаб қилинмайди.


46-модда. Васиятномаларни ўзгартириш ва

бекор қилиш тартиби

Нотариуслар, васиятномани бекор қилиш тўғрисида ариза олинган тақдирда, шунингдек васиятномани бекор қилувчи ёки ўзгартирувчи янги васиятнома олинган тақдирда васиятноманинг нотариусда сақланаётган нусхасига ва нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестрига бу хусусда белги қўяди. Васиятномани бекор қилиш ҳақидаги аризага қўйилган имзо нотариал шаҳодатланиши лозим.


47-модда. Ишончномаларни тасдиқлаш

Нотариуслар бир ёки бир неча шахс номидан бир ёки бир неча шахс номига ёзилган ишончномаларни тасдиқлайди.

Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома шундай ишониб топшириш ҳуқуқи кўрсатиб қўйилган асосий ишончнома тақдим этилганидан кейин ёки асосий ишончнома бўйича вакил ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун вазият тақозоси билан шундай иш тутишга мажбур бўлганлиги ҳақида далиллар тақдим этганидан кейин нотариал тасдиқланиши керак. Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома асосий ишончнома бўйича берилганидан кўпроқ ҳуқуқни қамраб олмаслиги керак. Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончноманинг амал қилиш муддати бу ишончномани беришга асос бўлган асосий ишончноманинг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


48-модда. Битим мазмуни баён этилган

ҳужжат нусхаларининг сони

Нотариал тартибда тасдиқланадиган битим мазмуни баён этилган ҳужжат нусхаларининг сони нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахслар томонидан белгиланади, лекин у битимда қатнашувчи томонлар миқдоридан ошиб кетмаслиги керак. Бироқ васиятномалар ва мол-мулкни гаровга қўйиш, турар жойни ва бошқа кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги шартномалар нотариусга камида икки нусхада тақдим этилади, улардан биттаси нотариал идоранинг йиғмажилдларида қолади.



8-БОБ. МЕРОС МОЛ-МУЛКНИНГ ҚЎРИҚЛАНИШИГА

ДОИР ЧОРА-ТАДБИРЛАР КЎРИШ, МЕРОСГА БЎЛГАН

ҲУҚУҚ ТЎҒРИСИДА ГУВОҲНОМАЛАР БЕРИШ


49-модда. Меросхўрларни мерос очилганлиги

ҳақида хабардор қилиш

Нотариус мерос очилганлиги ҳақидаги хабарни олгач, бу ҳақда турар жойи ва иш жойи ўзига маълум бўлган меросхўрларни хабардор қилиши шарт. Нотариус бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида ошкора маълум қилиш ёки хабар бериш йўли билан ҳам меросхўрларни чақириши мумкин.



50-модда. Меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш

ҳақидаги аризаларни қабул қилиш

Мерос очилган жойдаги нотариус қонунчиликка мувофиқ меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш ҳақидаги аризаларни қабул қилади. Меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш ҳақидаги аризалар ёзма равишда берилиши керак.


51-модда. Мерос қолдирувчининг кредиторларидан

даъволарни қабул қилиш

Мерос очилган жойдаги нотариус қонунчиликка мувофиқ мерос қолдирувчининг кредиторларидан даъволарни қабул қилади. Даъволар ёзма равишда баён этилиши шарт.


52-модда. Мерос мол-мулкни қўриқлаш

Мерос очилган жойдаги нотариус, башарти меросхўрларнинг, васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчиларнинг, кредиторлар ёки давлатнинг манфаатлари учун зарур бўлса, жисмоний ва юридик шахсларнинг хабарига кўра ёки ўз ташаббуси билан мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради.



53-модда. Мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир

чора-тадбирлар кўриш тўғрисида топшириқ бериш

Агар мерос қолдирувчининг мол-мулки ёки унинг бир қисми мерос очилган жойдан ташқарида бўлса, мерос очилган жойдаги нотариус бу ҳақда мерос мол-мулк жойлашган ердаги нотариусга мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўриш тўғрисида топшириқ юборади.

Мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўрган нотариус мерос очилган жойдаги нотариал идорага кўрилган чора-тадбирлар ҳақида хабар қилади ва мерос мол-мулк рўйхатининг нусхасини юборади.


54-модда. Мерос мол-мулкни рўйхатга олиш ва

уни сақлаш учун топшириш

Мерос мол-мулкнинг қўриқланиши учун нотариуслар бу мол-мулкни рўйхатга олади ва мол-мулкни сақлаш учун меросхўрларга ёки бошқа шахсларга топширади.

Мерос таркибида бошқаришни талаб этадиган мол-мулк бўлса, шунингдек мерос қолдирувчининг кредиторлари меросхўрлар меросни қабул қилиб олгунга қадар даъво қўзғатган ҳолларда нотариус мерос бошқарувчисини тайинлайди.

Мерос бошқарувчилари ва мерос мол-мулк сақлаш учун топширилган бошқа шахслар мерос мол-мулкни талон-торож қилганлик, бошқа шахсга берганлик ёки яширганлик учун ва меросхўрларга зарар етказганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилади.



55-модда. Мерос мол-мулкни сақлаганлик учун тақдирлаш

Мерос бошқарувчилари ва мерос мол-мулк сақлаш учун топширилган бошқа шахслар, агар меросхўр бўлмасалар, мерос мол-мулкни сақлаганлик учун меросхўрлардан ҳақ олишга ҳақлидир. Кўрсатиб ўтилган шахсларнинг мерос мол-мулкни сақлаш ва бошқариш учун қилган зарур харажатлари ҳам қопланади, бунда мол-мулкдан фойдаланиш ҳисобига амалда олинган фойда чегириб ташланади.



56-модда. Мерос мол-мулкнинг қўриқланишига

доир чора-тадбирларни тўхтатиш

Мерос мол-мулкни қўриқлаш меросхўрлар томонидан мерос қабул қилиб олингунга қадар, агар мерос улар томонидан қабул қилиб олинмаган бўлса, қонунда белгилаб қўйилган меросни қабул қилиб олиш муддати ўтгунга қадар давом этади.

Мерос очилган жойдаги нотариус мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар тўхтатилиши ҳақида меросхўрларни, агар мол-мулк ворислик ҳуқуқи бўйича давлатга ўтса, тегишли давлат органини олдиндан хабардор қилиши шарт.



57-модда. Мерос мол-мулк ҳисобидан харажатларни тўлаш

Нотариус меросхўрлар томонидан мерос қабул қилиб олингунига қадар, агар мерос қабул қилиб олинмаган бўлса, давлатга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилгунига қадар мерос мол-мулк ҳисобидан:

мерос қолдирувчи касал бўлган вақт мобайнида унга қараб туриш, шунингдек вафот этган тақдирда уни дафн этиш ва қабрини обод қилиш;

мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган фуқароларни таъминлаш;

иш ҳақи бўйича даъволарни ва уларга тенглаштирилган даъволарни қаноатлантириш;

мерос мол-мулкни қўриқлаш ва уни бошқариш, шунингдек меросхўрларни чақириш ҳақидаги хабарни эълон қилиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш тўғрисида фармойиш беради.

Қонун ҳужжатларида мерос мол-мулк ҳисобидан харажатларни қоплашнинг бошқа ҳоллари ҳам белгиланиши мумкин.


58-модда. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар

бериш жойи ва муддатлари

Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрларнинг ёзма аризаларига кўра меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар беради.

Гувоҳномалар қонунчиликда белгиланган муддатларда берилади.


59-модда. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома

бериш тартиби

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома меросни қабул қилиб олган меросхўрларга қонунчиликка мувофиқ берилади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома барча меросхўрларга биргаликда ёки уларнинг хоҳишига боғлиқ равишда ҳар бирига алоҳида берилиши мумкин.

Нотариуслар вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз меросхўрларнинг мулкий манфаатларини муҳофаза қилиш учун уларга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилганлиги ҳақида меросхўрлар яшаётган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органларига хабар қилади.

Мол-мулк ворислик ҳуқуқи бўйича давлатга ёки қонунда назарда тутилган ҳолларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўтган тақдирда меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома тегишли давлат органига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига берилади.



60-модда. Қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида

гувоҳнома беришнинг шартлари

Нотариус қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш чоғида тегишли далилларни талаб қилиб олиш йўли билан мерос қолдирувчининг вафот этганлигини, мерос очилган жой ва вақтни, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беришни сўраб ариза топширган шахсларнинг мерос қолдирувчи билан қонун бўйича ворисликка чақириш учун асос бўладиган муносабатлари мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини, мерос мол-мулкнинг таркиби ва жойини текшириб кўради.

Агар қонун бўйича меросхўрларнинг бири ёки бир нечаси ворисликка чақиришга асос бўладиган муносабатлар мавжудлигини исботлайдиган ҳужжатларни тақдим этиш имкониятига эга бўлмаса, улар меросни қабул қилиб олган ва тегишли исботларни тақдим этган бошқа барча меросхўрларнинг ёзма розилиги билан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага киритилиши мумкин.


61-модда. Васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ

тўғрисида гувоҳнома бериш шартлари

Нотариус васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш чоғида тегишли далилларни талаб қилиб олиш йўли билан мерос қолдирувчининг вафот этганлигини, васиятноманинг бор-йўқлигини, мерос очилган вақт ва жойни, мерос мол-мулкнинг таркиби ва жойини текширади.

Нотариус меросдан шак-шубҳасиз улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасини ҳам аниқлайди.


61-1-модда. Медиатор вазифасини бажариш

Нотариус фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар, шу жумладан мулкий ва мерос масалалари бўйича ўзаро мақбул қарор қабул қилиш учун тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида низода медиатор сифатида иш юритади.

Тарафлар медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижаларидан келиб чиқадиган низони ёхуд мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, нотариус тарафлар ўртасида тузилган медиатив келишувни тасдиқлайди.



9-БОБ. ЭР-ХОТИННИНГ УМУМИЙ МОЛ-МУЛКИДАГИ

УЛУШГА БЎЛГАН МУЛК ҲУҚУҚИ ТЎҒРИСИДА

ГУВОҲНОМАЛАР БЕРИШ. МОЛ-МУЛКНИ

БОШҚА ШАХСГА ЎТКАЗИШНИ ТАҚИҚЛАБ

ҚЎЙИШ ВА ТАҚИҚНИ БЕКОР ҚИЛИШ


62-модда. Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга

бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар бериш

Нотариус эр-хотиннинг ёзма аризасига мувофиқ улардан бирига ёки ҳар иккисига никоҳ давомида орттирилган умумий мол-мулкдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беради.


63-модда. Марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотиннинг (эрнинг)

аризасига кўра умумий мол-мулкдаги улушга бўлган

мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериш

Эр-хотиндан бири вафот этган тақдирда эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотиннинг (эрнинг) ёзма аризасига кўра мерос очилган жойдаги нотариус томонидан берилиб, меросни қабул қилиб олган меросхўрлар бу хусусда хабардор қилинади.

Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотинга (эрга) никоҳ давомида орттирилган умумий мол-мулкнинг ярмиси учун берилиши мумкин.

Агар марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотин (эр) томонидан мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани олиш ҳақида ёзма ариза берилмаса, эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улуш ажратилмайди.

Меросни қабул қилиб олган меросхўрларнинг ёзма аризасига кўра ва марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотиннинг (эрнинг) розилиги билан мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномада вафот этган эрнинг (хотиннинг) ҳам умумий мол-мулкдаги улуши белгиланиши мумкин.


64-модда. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни

тақиқлаб қўйиш ва тақиқни бекор қилиш

Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиш ва тақиқни бекор қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган шартларда ва тартибда амалга оширилади.

Бирламчи бозордаги кўчмас мулк ва транспорт воситаларига нисбатан ипотека шартномаларини расмийлаштирган банк ва бошқа кредит ташкилотлари мол-мулкка тақиқ қўйиш ҳамда тақиқни ечишни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мустақил равишда амалга оширади.


10-БОБ. ҲУЖЖАТЛАР НУСХАЛАРИНИНГ ВА

ҲУЖЖАТЛАРДАН ОЛИНГАН КЎЧИРМАЛАРНИНГ

ТЎҒРИЛИГИНИ, ИМЗОНИНГ ҲАҚИҚИЙЛИГИНИ ВА

ТАРЖИМАНИНГ ТЎҒРИЛИГИНИ ШАҲОДАТЛАШ


65-модда. Ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг

ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг

тўғрилигини шаҳодатлаш

Нотариуслар жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлайди.

Кўчирма олинаётган ҳужжатда ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта алоҳида масалага оид қарорлар мавжуд бўлган тақдирдагина кўчирманинг тўғрилиги шаҳодатланиши мумкин. Кўчирма ҳужжатнинг муайян масалага доир қисмининг тўла матнини акс эттириши керак.

Нотариус ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлар экан, ҳужжат мазмунининг қонунийлигини, унда баён қилинган фактларнинг ҳақиқатга мослигини, уни имзолаган жисмоний шахсларнинг шахсини, муомалага лаёқатлилиги ва ваколатларини, ҳужжатни юборган юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини тасдиқламайди.

Агар бир қисми бошқа ҳужжатнинг кўчирма нусхасини ифодалаган бир неча варақдан иборат ҳужжат аслининг кўчирма нусхаси ёки ҳужжатнинг аслидан олинган кўчирма тўғрилиги шаҳодатланаётган бўлса, тасдиқлов ёзувида бу ҳақда белги қўйилади.


66-модда. Ҳужжат нусхасидан кўчирилган нусханинг

тўғрилигини шаҳодатлаш

Ҳужжат нусхасидан кўчирилган нусханинг тўғрилигини нотариуслар, башарти аввалги нусханинг тўғрилиги нотариал тартибда шаҳодатланган бўлса ёки ҳужжатнинг нусхаси унинг асл нусхаси тайёрланган корхона, муассаса, ташкилот томонидан берилган бўлса, шаҳодатлайди. Кейинги ҳолатда ҳужжатнинг нусхаси мазкур юридик шахснинг иш қоғозида баён этилган, муҳр босиб тасдиқланган ва унда шу ҳужжатнинг асли мазкур корхона, муассаса, ташкилотда эканлиги ёзиб қўйилган бўлиши керак.


67-модда. Ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш

Нотариус имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлар экан, ҳужжатда баён этилган фактларни эмас, балки фақат имзонинг муайян шахс томонидан қўйилганлигини тасдиқлайди.

Битимни ифодаловчи ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлашга йўл қўйилмайди.



68-модда. Таржиманинг тўғрилигини шаҳодатлаш

Нотариус, башарти у тегишли тилларни билса, бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди.

Агар нотариус тегишли тилларни билмаса, таржима таржимон томонидан қилиниши мумкин, нотариус унинг имзоси ҳақиқийлигини шаҳодатлайди.


11-БОБ. ФАКТЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ


69-модда. Фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлаш

Нотариус фуқаронинг тирик эканлиги фактини унинг шахсий илтимосига кўра ва унинг иштирокида тасдиқлайди.

Вояга етмаган шахснинг тирик эканлиги фактини тасдиқлаш унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек уни ўз ҳомийлигига олган муассасалар ва ташкилотларнинг илтимосига кўра амалга оширилади.


70-модда. Фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлаш

Нотариус фуқаронинг илтимосига кўра унинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди.

Вояга етмаган шахснинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлаш унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек уни ўз ҳомийлигига олган муассасалар ва ташкилотларнинг илтимосига кўра амалга оширилади.


70-1-модда. Юридик шахснинг раҳбар органи

томонидан қарор қабул қилинганлиги

фактини тасдиқлаш

Нотариус юридик шахснинг раҳбар органи йиғилишини чақирувчи органнинг ёки шахснинг илтимосига кўра ушбу йиғилиш ўтказилиши чоғида ҳозир бўлади ва юридик шахснинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини тасдиқлаш тўғрисида ҳамда ушбу қарорни қабул қилиш чоғида ҳозир бўлган иштирокчиларнинг (акциядорларнинг) таркиби ҳақида гувоҳнома беради.

Нотариус юридик шахснинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини белгилаш учун юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини текширади, юридик шахс раҳбар органининг қарор қабул қилиш борасидаги ваколатини, йиғилишда кворум мавжудлигини ва овозларни санаб чиқиш асосида қарор қабул қилиш учун керакли овозлар сони мавжудлигини қонунчиликка ва юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ аниқлайди.


70-2-модда. Далилларни таъминлаш

Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда манфаатдор шахсларнинг илтимосига биноан нотариус судда ёки маъмурий органда иш юзага келган тақдирда, агар тақдим этиш кейинчалик мумкин бўлмай қолади ёки қийин бўлади деб тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлса, далилларни таъминлайди.

Далилларни таъминлаш мақсадида нотариус гувоҳларнинг кўрсатувларини ёзиб олади, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечиради ва гувоҳлантиради, экспертиза тайинлайди, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги фактларни тасдиқлайди.



71-модда. Фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс

эканлигини тасдиқлаш

Нотариус фуқаро тақдим этган фотосуратдаги шахс шу фуқаронинг айнан ўзи эканлигини тасдиқлайди.


72-модда. Ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлаш

Нотариус ўзига ҳужжат тақдим этилган вақтни тасдиқлайди.


72-1-модда. Муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти

тақдим этилган вақтни тасдиқлаш

Нотариус муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлайди.

Муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлаш муаллифлик ва турдош ҳуқуқнинг юзага келиши учун асос бўлмайди.



72-2-модда. Электрон ҳужжатнинг қоғоз шаклидаги

ҳужжат билан бир хил юридик кучга эга

эканлигини тасдиқлаш

Нотариус мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатларни амалга оширишда нотариал тартибда тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномаларнинг электрон шакли қоғозда тақдим этилган ҳужжатга мувофиқлигини тасдиқлайди.

Ҳужжатнинг тасдиқланган электрон шакли қоғоздаги ҳужжат билан бир хил юридик кучга эгадир.

Оддий ёзма шаклда тузилган битимларнинг, шунингдек шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон шаклини қоғоздаги ҳужжат билан тенг юридик кучга эгалигини тасдиқлашга йўл қўйилмайди.



12-БОБ. ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ

АРИЗАЛАРИ ВА (ЁКИ) БОШҚА ҲУЖЖАТЛАРИНИ

ТОПШИРИШ. ПУЛ СУММАЛАРИ ВА ҚИММАТЛИ

ҚОҒОЗЛАРНИ ДЕПОЗИТГА ҚАБУЛ ҚИЛИБ ОЛИШ


73-модда. Аризалар ва (ёки) бошқа

ҳужжатларни топшириш

Нотариус жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари ва (ёки) ўзга ҳужжатларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топширади.

Аризалар ва (ёки) бошқа ҳужжатлар уларнинг топширилганлигини маълум қилиш шарти билан почта орқали юборилади ёки бевосита тегишли шахсларга имзо қўйдириб топширилади. Аризалар телефакс, компьютер тармоқлари ва бошқа техник воситалардан фойдаланиб ҳам узатилиши мумкин. Аризалар ва (ёки) бошқа ҳужжатларни топшириш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраган шахс қоплайди.

Шахснинг илтимосига кўра нотариус аризалар ва (ёки) бошқа ҳужжатларнинг топширилганлиги ҳақида гувоҳнома беради.


74-модда. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни

депозитга қабул қилиш

Нотариус қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилади.

Нотариус пул суммалари ва қимматли қоғозлар келиб тушганлиги ҳақида кредиторга хабар қилади ҳамда унинг талаби бўйича унга тегишли пул суммалари ва қимматли қоғозларни топширади.

Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга мажбурият бажариладиган жойдаги нотариус қабул қилади.

Нотариус пул маблағлари ва қимматли қоғозларни қабул қилиш учун депозит ҳисобварағини очиши керак.

Нотариуснинг шахсий маблағларини ушбу ҳисобвараққа ўтказишга йўл қўйилмайди.

Нотариус қарздорга депозит ҳисобварағи очилган банкка тақдим этиш учун пул маблағлари депозит ҳисобварағига ўтказилганлиги тўғрисида ёзма хабарнома беради.

Кредиторнинг ёки қарздорнинг депозит ҳисобварағига қабул қилинган пул маблағларини ва қимматли қоғозларини бериш, шунингдек депозитдан фойдаланганлик учун тўлов банк томонидан нотариуснинг хабарномасига асосан амалга оширилади.


75-модда. Пул суммалари ва қимматли қоғозларнинг

уларни депозитга топширган шахсга қайтарилиши

Пул суммалари ва қимматли қоғозларнинг уларни депозитга топширган шахсга қайтарилишига тўлов кимнинг фойдасига амалга оширилган бўлса, ўша шахснинг ёзма розилиги билан ёки суд қарорига биноан йўл қўйилади.



13-БОБ. ИЖРО ХАТЛАРИ ЁЗИШ


76-модда. Қарздордан пул суммаларини ундириш ёки

мол-мулкни талаб қилиб олиш

Қарздордан пул суммаларини ундириш ёки мол-мулкни талаб қилиб олиш учун нотариус қарздорликни белгиловчи ҳужжатларга ижро хатларини ёзади.



77-модда. Қарзни ундириш сўзсиз амалга ошириладиган

ҳужжатлар рўйхати

Ижро хатларига асосан қарзни ундириш сўзсиз амалга ошириладиган ҳужжатлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйилади.


78-модда. Ижро хатларини ёзиш шартлари

Ижро хатлари қуйидаги ҳолларда ёзилади:

тақдим этилган ҳужжатлар қарздорнинг ундириб олувчидан қарздор эканлиги ёки бошқа мажбуриятини шубҳасиз тасдиқласа;

даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб ўтган вақт уч йилдан ортиқ бўлмаса.

Агар ижро хати бериш ҳақидаги талаб учун қонунчиликда бошқа муддат белгиланган бўлса, ижро хати шу муддат ичида берилади.


79-модда. Ижро хатининг мазмуни

Ижро хатида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:

ижро хатини ёзаётган нотариус исм-шарифининг бош ҳарфлари, фамилияси, лавозими;

ундириб олувчининг номи ва манзили;

қарздорнинг номи ва манзили, қарздор жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаган жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларнинг реквизитлари), шунингдек қарздор юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами;

ундириб олиш амалга ошириладиган муддат;

ундириб олиниши керак бўлган суммалар ёки талаб қилиб олиниши керак бўлган нарсалар, шу жумладан, тўланиши керак бўлган пеня, фоизлар;

ундириб олувчи тўлаган ёки қарздордан ундирилиши керак бўлган давлат божи ёки тариф суммалари;

ижро хати ёзилган сана (йил, ой, кун);

ижро хатининг реестрда қайд этилган тартиб рақами;

ижро хатини ёзган нотариуснинг имзоси;

нотариуснинг муҳри.



80-модда. Ижро хатини тақдим этиш муддатлари ва

ижро хати бўйича ундириб олиш тартиби

Ижро хати, агар қонунчиликда бошқа муддат белгиланган бўлмаса, у ёзилган кундан бошлаб уч йил муддат ичида мажбурий ижро учун тақдим этилиши мумкин.

Ижро хатини тақдим этишнинг ўтказиб юборилган муддатини, шунингдек ижро хати бўйича ундиришни тиклаш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


14-БОБ. ВЕКСЕЛНИ ПРОТЕСТ ҚИЛИШ.

ЧЕКНИ ТЎЛОВГА ТАҚДИМ ЭТИШ ВА ЧЕКНИНГ

ТЎЛАНМАГАНЛИГИНИ ТАСДИҚЛАШ


81-модда. Векселни протест қилиш

Нотариус пули тўланмаган, акцепт қилинмаган ва акцепт санаси кўрсатилмаган векселни қонунчиликка мувофиқ протест қилади.



82-модда. Чекни тўловга тақдим этиш ва чекнинг

тўланмаганлигини тасдиқлаш

Тўловчининг турар жойидаги нотариус тўловга тақдим этилган чекни қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда қабул қилиб олади.

Чек тўланмаган тақдирда нотариус чекнинг тўланмаганлигини унга ёзиб қўйиш йўли билан тасдиқлайди ва буни реестрда қайд этади. Чекка ёзиш билан бирга чек берувчига унинг чекини банк тўламаганлиги ва бу хусусда чекка ёзиб қўйилганлиги ҳақида билдириш хати юборилади.

Чек тўланмаган тақдирда нотариус чек сақловчининг илтимосига кўра ижро хатини ёзади.



15-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ САҚЛАШ УЧУН

ҚАБУЛ ҚИЛИБ ОЛИШ ВА УЛАРНИ

ҚАЙТАРИБ БЕРИШ


83-модда. Ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиб олиш

Нотариус ҳужжатларни сақлаш учун рўйхат бўйича қабул қилиб олади. Рўйхатнинг бир нусхаси нотариусда қолади, бошқа нусхаси ҳужжатларни сақлаш учун топширган шахсга берилади.

Агар ҳужжатлар лозим тарзда ўраб жойлаштирилган бўлса, шахснинг илтимосига кўра нотариус уларни рўйхатсиз ҳам қабул қилиб олиши мумкин. Ҳужжатлар ўрамига нотариуснинг муҳри қўйилади ҳамда у нотариус ва ҳужжатларни топширган шахс томонидан имзоланади. Бундай ҳолларда нотариус ҳужжатлар ўрамининг бут сақланиши учун жавоб беради.

Ҳужжатларни сақлаш учун топширган шахсга гувоҳнома берилади.



84-модда. Сақлаш учун қабул қилинган ҳужжатларни қайтариш

Сақлаш учун қабул қилинган ҳужжатлар уларни сақлаш учун топширган шахсга ёки унинг қонуний вакилига гувоҳнома ва рўйхатни тақдим этганидан кейин ёхуд суднинг қарори бўйича қайтариб берилади.



16-БОБ. ДЕНГИЗ ПРОТЕСТЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


85-модда. Денгиз протестлари ҳақидаги ариза

Нотариус кема эгасининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун далил-исботларни таъминлаш мақсадида кема капитанининг кема сузиб бораётганда ёки у тўхтаб турган жойда содир бўлган ҳамда кема эгасининг олдига мулкий талаблар қўйиш учун асос бўлиши мумкин бўлган ҳодиса тўғрисидаги аризасини қабул қилади.

Денгиз протести ҳақидаги аризада юз берган ҳодиса тафсилотлари ва капитаннинг ўзига ишониб топширилган мулкнинг бут сақланишини таъминлаш юзасидан кўрган чора-тадбирлари баён этилган бўлиши керак.

Денгиз протести тўғрисидаги аризада баён этилган ҳолатларнинг тасдиғи сифатида кема капитани ариза билан бир вақтда ёки кема портга кирган кундан бошлаб, агар ҳодиса портда юз берган бўлса, у юз берганидан сўнг етти кундан кечиктирмай нотариусга кўздан кечириш учун кема дафтарини ва кема дафтаридан олиниб капитан томонидан тасдиқланган кўчирмани тақдим этиши шарт.



86-модда. Денгиз протестлари ҳақида ариза бериш муддатлари

Денгиз протести ҳақидаги ариза кема портга кирган вақтдан бошлаб йигирма тўрт соат ичида берилади. Агар денгиз протести ҳақида ариза бериш заруратини келтириб чиқарган ҳодиса портда юз берган бўлса, протест ҳодиса юз берган вақтдан бошлаб йигирма тўрт соат ичида берилиши керак.

Протестни белгиланган муддатда беришнинг имкони бўлмаган тақдирда, бунинг сабаблари денгиз протести ҳақидаги аризада кўрсатилиши керак.



87-модда. Денгиз протести ҳақида далолатнома тузиш

Нотариус капитаннинг аризаси, кема дафтаридаги маълумотлар, шунингдек капитаннинг ўзи ҳамда кема қўмондонлиги таркибидан камида икки гувоҳни ва кема командаси таркибидан икки гувоҳни сўроқ қилиш асосида денгиз протести ҳақида далолатнома тузади ва уни ўз имзоси ҳамда гербли муҳр билан тасдиқлайди. Денгиз протести ҳақидаги далолатноманинг бир нусхаси капитанга ёки вакил қилинган шахсга берилади.



17-БОБ. ЧЕТ ЭЛ ҲУҚУҚИ НОРМАЛАРИНИНГ

ҚЎЛЛАНИЛИШИ. ХАЛҚАРО ШАРТНОМАЛАР


88-модда. Нотариус томонидан чет эл ҳуқуқи

нормаларининг қўлланилиши

Нотариус Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига, халқаро шартномаларга мувофиқ чет эл ҳуқуқи нормаларини қўллайди.

Нотариус халқаро шартномалар талабларига мувофиқ тузилган ҳужжатларни қабул қилиб олади, шунингдек агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига зид келмаса, уларга бошқа давлатларнинг қонунчилигида назарда тутилган шаклда тасдиқловчи устхатлар ёзади.


89-модда. Мерос мол-мулкни қўриқлаш ва меросга бўлган

ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш

Чет эл фуқароси вафотидан кейин унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қолган мол-мулкини қўриқлаш ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси вафот этганидан кейин чет эл фуқаросига тегишли бўлган мол-мулкни қўриқлаш, шунингдек бундай мол-мулк хусусида меросга бўлган ҳуқуқ ҳақида гувоҳномалар бериш билан боғлиқ ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.



90-модда. Чет элда амал қилишга мўлжалланган ишончномалар

Нотариус томонидан тасдиқланган, чет элда амал қилишга мўлжалланган, амал қилиш муддати кўрсатилмаган ишончномалар уларни берган шахс томонидан бекор қилингунига қадар ўз кучида қолади.



91-модда. Нотариуснинг чет элда тузилган ҳужжатларни

қабул қилиши

Чет элда бошқа давлатлар ваколатли органларининг мансабдор шахслари иштирокида тузилган ёки улардан келаётган ҳужжатлар расмийлаштирилган ёки апостиль қўйилган тақдирдагина нотариус томонидан қабул қилинади.

Бундай ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда расмийлаштирилмаган ёки апостиль қўйилмаган ҳолида нотариус томонидан қабул қилинади.


92-модда. Нотариуснинг бошқа давлатлар адлия

органлари билан ўзаро муносабатлари

Нотариуснинг бошқа давлатлар адлия органлари билан ўзаро муносабатлари тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномалари билан белгиланади.



93-модда. Халқаро шартнома

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида нотариал ҳаракатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида халқаро шартнома қоидалари қўлланади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси нотариусга Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилмаган нотариал ҳаракатни амалга ошириш ваколатини берса, нотариус бу нотариал ҳаракатни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгилаган тартибда амалга оширади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1997 йил, 2-сон, 42-модда



































Время: 0.0043
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск