Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Тадбиркорлик бирлашмалари, ривожланиш ва кўмак жамғармалари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.08.2013 й. ПҚ-2022-сон "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

08.08.2013 й.

N ПҚ-2022


КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК

СУБЪЕКТЛАРИ ЭКСПОРТИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, уларга замонавий, чет эл бозорларида рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришда ва уни экспортга чиқаришда зарур ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатиш, мамлакатимизнинг экспорт қилувчи тадбиркорларини ташқи бозор конъюнктураси ўзгаришлари хавф-хатарларидан ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Фермерлар кенгашининг Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида республика минтақаларида ҳудудий филиаллари, шунингдек хорижий давлатлардаги ваколатхоналари бўлган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари ҳисоблансин:

талаб-эҳтиёжга бўлган жорий ва истиқболдаги конъюнктурани ўрганиш юзасидан ташқи бозорларнинг чуқур маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда мамлакатимизнинг кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотни экспорт қилиш учун потенциал имкониятларни аниқлаш;

кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг ассортименти ва турларини тизимли асосда таҳлил қилиш, уларнинг ташқи бозорлардаги рақобатдошлик даражасини аниқлаш, тегишли маълумотлар базасини шакллантириш, бунинг асосида экспортга ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг жаҳон ва минтақавий бозорлардаги талаб-эҳтиёжга мос келишини таъминлашга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;

кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришда, эҳтимол тутилган харидорларни излашда, шартномаларни тайёрлаш ва тузишда, экспорт операцияларини амалга оширишда, экспорт қилувчиларни эҳтимол тутилган хавф-хатарлардан ишончли ҳимоя қилишда, шунингдек хорижий мамлакатларнинг қонунчилиги бўйича талаб этиладиган зарур лицензиялар, сертификатлар ҳамда бошқа рухсатнома ва йиғимларни олиш ва тўлашда юридик, молиявий ва ташкилий хизматлар кўрсатиш;

кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг чет эллардаги тендер савдоларидаги иштирокини кенгайтиришга, шунингдек ярмаркалар, "давра столлари" ва бошқаларни ташкил этиш йўли билан мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари билан хорижий харидорларнинг мулоқотларини ташкил этишга кўмаклашиш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси нодавлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади;

Жамғарма фақат кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликларига хизмат кўрсатади ва ёрдам беради;

Жамғарма Кенгаши Жамғармани бошқариш юқори органи ҳисобланади, ижро этувчи дирекция Жамғарманинг ижрочи органи ва унинг маблағларини тасарруф этувчи ҳисобланади;

Жамғарма маблағларининг бошланғич миқдори 5,0 миллиард сўмни ташкил этади, бунинг 2,5 миллиард сўми давлат бюджети маблағларидан бериладиган бирйўла бадал ҳисобига, қолган қисми эса, муассислар - кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, шунингдек бошқа тижорат банклари, молиявий институтлар ва донорларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобига шакллантирилади;

кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларига ташқи иқтисодий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ юридик, молиявий ва ташкилий хизматлар кўрсатишдан шартнома қийматининг 1 фоизигача, аммо 100 минг сўмдан кам бўлмаган бўлган комиссион ажратмалар тарзида олинган даромадлар, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Жамғарма маблағларининг манбалари ҳисобланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Жамғарма томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликларига:

экспортга мўлжалланган маҳсулотнинг мамлакатимиз брендларини ривожлантириш, экспортга етказиб беришни олға силжитиш, жумладан, хорижий мамлакатларнинг қонунчилигига мувофиқ зарур лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар, шунингдек кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг халқаро тендер савдоларида иштирок этиши билан боғлиқ рўйхатдан ўтиш йиғимлари ҳамда бошқа тўловларни тўлаш;

экспорт шартномаларини тузган, янги бозорларга чиқиш ва янги маҳсулот турларини экспорт қилишни таъминлаган ҳолда чет эллардаги кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиш учун беғараз молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


4-1. Жамғарма қуйидаги ҳуқуқларга эга эканлиги белгилаб қўйилсин:

қонунчиликка мувофиқ, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун етарли маблағлари бўлмаган кичик тадбиркорлик субъектларининг таъсисчилари (иштирокчилари) таркибига кириш, кейинчалик Жамғарма улушини тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспортга етказиб бериш бошлангандан сўнг икки йил мобайнида бозор қийматида сотиш;

кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларига ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва кенгайтириш, маҳсулотнинг дизайн даражасини халқаро стандартларга етказиш мақсадида хорижий мутахассисларни жалб этиш ҳамда чет элда маҳаллий маҳсулотга бўлган талабни инобатга олиб, уларни ташқи бозорларга олиб чиқиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаган ҳолда молиявий ёрдам кўрсатиш. Жамғарма томонидан молиявий ёрдам кўрсатиш кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари томонидан кейинчалик қайтариш шарти билан амалга оширилади.

5. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, жумладан унинг ҳудудий филиаллари 2019 йилнинг 1 январига қадар барча турдаги солиқлар, йиғимлар, бож ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинсин, ягона ижтимоий тўлов бундан мустасно.

7. Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда Жамғарма муассисларининг ташкилий йиғилишини ўтказиш, унинг низомини тасдиқлаш ҳамда Жамғарма Кенгашини шакллантириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.

Жамғарма Кенгаши бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин;

Жамғарма ижро этувчи дирекцияси ва унинг ҳудудий филиаллари тузилмасини тасдиқласин, Жамғармани маркетинг, ташқи савдо операциялари ва халқаро ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар билан тўлиқ таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, белгиланган тартибда, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.


7-1. Жамғарма Кенгаши иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқликдан келиб чиққан ҳолда, Жамғарманинг, шунингдек унинг республика минтақаларидаги ҳудудий филиалларининг ҳамда хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналари штатлар бирлиги ва тузилмасини белгиласин.

8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Жамғарма ижро этувчи дирекциясини Тошкент шаҳар, Ғ.Ғулом кўчаси, 1-уйда жойлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин, уни зарур техника, асбоб-ускуналар ва алоқа турлари билан жиҳозлаш кўзда тутилсин.

Жамғарма Кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан биргаликда икки ой муддатда Жамғарманинг ҳудудий филиаллари шакллантирилиши ва жойлаштирилишини таъминласин.

Жамғарманинг ижро этувчи дирекциясини ва унинг ҳудудий филиалларини жойлаштириш ижара ҳақи ундирилмасдан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         И. Каримов



"Халқ сўзи", 2013 йил 9 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 19 август, 33-сон, 437-модда






























Время: 0.1440
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск