ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.08.2013 й. 226-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 15 августдаги

226-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия

қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти

илмий-амалий маркази тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (кейинги ўринларда Спорт тиббиёти маркази деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказини ташкил этиш тўғрисида" 2013 йил 3 июлдаги ПҚ-1994-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Спорт тиббиёти маркази спорт тиббиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи, спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоалари аъзолари бўлган спортчиларни ва уларнинг барча ёш тоифаларидаги захирасини (кейинги ўринларда биркитилган контингент деб аталади) тиббий-биологик ва тиббий-психологик жиҳатдан мусобақаларга тайёрлашни таъминловчи ихтисослаштирилган бош тиббиёт муассасаси ҳисобланади.

Спорт тиббиёти маркази спорт тиббиёти соҳасида ихтисослашув турларига кўра тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича клиник ўқув базаси ҳисобланади.


2. Спорт тиббиёти маркази юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, Марказнинг тўлиқ номи кўрсатилган муҳрга эга бўлади.


3. Спорт тиббиёти маркази ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.


4. Спорт тиббиёти марказининг тўлиқ номи:

давлат тилида - Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази;

рус тилида - Республиканский научно-практический центр спортивной медицины.

Спорт тиббиёти маркази қуйидаги манзилда жойлашган: Тошкент шаҳри, Шайхонтохур тумани, Олмазор кўчаси, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 8 августдаги 499-ф-сон фармойишига мувофиқ қурилаётган бино (Ўзбекистон Республикаси Футбол федерацияси биноси ёнида).


5. Спорт тиббиёти маркази Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига бўйсунади.



II. СПОРТ ТИББИЁТИ МАРКАЗИНИНГ МАҚСАДЛАРИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Спорт тиббиёти марказининг асосий вазифалари ҳисобланади:

илмий-ташкилий, методик ишлар, спортчиларга маслаҳат-диагностика, даволаш-профилактика ва реабилитация ёрдами кўрсатиш масалалари бўйича спорт федерациялари, клублари ва командалари тиббиёт ходимларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

касалланишни профилактика қилиш, турли касалликлар ва жароҳатларни даволаш ва тиббий реабилитация қилиш (ваколатлари доирасида), шунингдек биркитилган контингент саломатлигини тиббий назорат қилиш усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

юқори технологияли моддий ва илмий базани, шунингдек сифатнинг юқори ва халқаро стандартлар талаблари даражасида ихтисослаштирилган тиббиёт ёрдами кўрсатишга йўналтирилган спорт тиббиётининг миллий мактабини шакллантириш;

биркитилган контингентга спорт патологиясини диагностика қилиш, даволаш ва профилактика қилиш масалаларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш.


7. Қуйидагилар Спорт тиббиёти марказининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

спорт тиббиёти соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш, спорт турининг хусусиятини, йўл қўйиладиган жисмоний юкламани, спорт патологиясини даволаш ва олдини олишнинг илғор услубларини, мусобақаларга тайёргарлик кўришда спортчиларнинг тиббий назоратини ҳисобга олган ҳолда спортчиларнинг функционал аҳволини диагностика ва коррекция қилиш стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

иқтидорли ёш ва истиқболли спортчиларни, уларнинг индивидуал генетик ва фенотипик имкониятларини ҳисобга олган ҳолда танлашнинг замонавий тиббий-биологик услубларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

спортчиларни спорт турлари бўйича тайёрлашнинг якка тартибдаги дастурларини ишлаб чиққан ҳолда мусобақаларга тайёрлашнинг турли даврларида дори-дармонларнинг, овқатланиш тартиби ва рационининг спортчиларнинг физиологик ҳолатига таъсирини тадқиқ қилиш;

мусобақа ва машғулотларни режалаштиришни ҳисобга олган ҳолда спортчининг индивидуал спорт жисмоний юкламасини текшириш ва мақбуллаштириш;

спортчи организмининг жисмоний тайёргарлиги ўсишига ва масъулиятли халқаро мусобақаларга энг юқори функционал тайёргарлигини таъминлашга қаратилган улар саломатлиги даражасининг муттасил ўсишини назорат ва коррекция қилиш;

спортчиларнинг халқаро мусобақаларда қатнашишга психологик тайёргарлигини, шунингдек зарур психологик коррекцияни ўтказишни таъминлаш;

спортчиларда спорт жароҳатлари, патологиялари ва синдромларининг, шу жумладан, республиканинг бошқа ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари даволаш-диагностика базаларидан фойдаланган ҳолда, олдини олиш, диагностика қилиш ва даволаш;

мамлакатда спорт тиббиёти соҳасидаги илғор методика ва технологияларни алмашиш ва жорий қилиш учун бу соҳадаги етакчи хорижий муассасалар билан халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш;

спорт федерациялари, клублари ва жамоалари тиббий ходимларининг малакасини оширишга кўмаклашиш, уларга илмий-ташкилий, маслаҳат-диагностика, даволаш-профилактика ва реабилитация ишлари масаласида услубий ёрдам кўрсатиш.


8. Спорт тиббиёти маркази ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ:

спорт патологиясининг энг кўп тарқалган турларини диагностика қилиш, даволаш, профилактика ва реабилитация қилишнинг илғор самарали услублари ҳамда технологияларини ишлаб чиқади ва жорий этади;

спорт тиббиёти соҳасида диагностика қилиш, даволаш ва реабилитация қилиш услубларининг клиник синовларини амалга оширади;

спорт федерациялари, клублари ва жамоаларининг тиббиёт ходимларига ташкилий-услубий ва илмий-амалий ёрдам кўрсатади;

ўз соҳаси бўйича юқори малакали мутахассисларнинг ўз мактабини шакллантиради ва ривожлантиради;

спорт патологияси профилактикаси, диагностикаси ва уни даволашнинг ўз илғор услублари ва технологияларини ишлаб чиқиш ва тиббиёт амалиётига жорий этишга йўналтирилган илмий-тадқиқотларни амалга оширади;

мавжуд тиббиёт техникаси паркини доимий янгилаб бориш ва модернизациялашни, спорт патологиясида ихтисослаштирилган, юқори малакали ёрдам кўрсатиш ва тиббий реабилитация қилиш имконини берадиган замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлашни таъминлайди;

тиббиёт ходимларининг касбий даражасини, шу жумладан, мутахассисларнинг етакчи хорижий тиббиёт муассасалари ва клиникаларида диагностика ва даволашнинг замонавий услублари бўйича тажриба орттиришини ташкил этиш ҳисобига доимий ошириб бориш ва такомиллаштиришни ташкил қилади;

спорт тиббиёти соҳасида илмий-тадқиқотларнинг устувор йўналишлари бўйича таклифлар киритади;

ўзининг илмий ва технологик ютуқларини хорижий тиббиёт жамоатчилиги олдида намойиш этади;

спорт патологияси бўйича ўзининг илмий, ўқув-услубий ва ахборот-маълумотнома материалларини тайёрлайди ва нашр этади.



III. СПОРТ ТИББИЁТИ МАРКАЗИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


9. Спорт тиббиёти маркази белгиланган мақсадларга эришиш ва ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз фаолиятини ушбу Низомда ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган вазифалар доирасида режалаштириш ва амалга ошириш;

ўз балансига берилган давлат мулкидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ асосий воситаларни ижарага олиш ёки ижарага бериш, грантларни ва бошқа молиявий ёрдамни жалб этиш;

спорт тиббиёти бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш учун грантлар, шу жумладан, Давлат бюджетидан грантлар олиш юзасидан танловларда қатнашиш;

ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида яратилган интеллектуал мулк объектларига бўлган муаллифлик ҳуқуқларини олиш ва улардан фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ хорижий юридик шахслар билан илмий ва илмий-техник ҳамкорликни ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан келишган ҳолда республика ҳудудида филиаллар ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда, кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг, амалга ошириладиган ишларнинг барча турларига тарифлар ва нархларни белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси билан келишув бўйича бепул ва (ёки) имтиёзли тарифлар бўйича хизматлар кўрсатиш ва ишларни амалга ошириш;

биркитилган контингент билан бир қаторда, спортчиларга ва спорт жамоаларига, шунингдек республика фуқароларига ва хорижий фуқароларга барча турдаги тиббий ёрдам, шу жумладан диагностика ва лаборатория тадқиқотлари ўтказиш бўйича тўлов асосида хизматлар кўрсатиш;

қонун ҳужжатларига, Спорт тиббиёти маркази фаолиятининг мақсадлари ва вазифаларига зид бўлмаган бошқа фаолият турларини амалга ошириш.


10. Спорт тиббиёти марказининг мажбуриятлари:

спорт турлари бўйича терма жамоалар спортчиларининг, шунингдек расмий мусобақаларда қатнашувчи тренерлар ва ҳакамларнинг дастлабки танловини, уларни тайёрлаш ва тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга оширишни таъминлаш;

спорт патологияси соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож бўлган биркитилган контингентни диагностика қилиш ва даволашни замонавий халқаро сифат ва стандартлар талаблари даражасида сақлаш ва ривожлантиришни таъминлаш;

биркитилган контингентга ихтисослаштирилган малакали тиббий ёрдам кўрсатиш;

етакчи хорижий клиникаларда ходимларни тизимли равишда тор ихтисосли қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

ходимларга меҳнатни ташкил этиш ва унга ҳақ тўлаш, техника хавфсизлиги, ижтимоий таъминот ва манзилли ижтимоий муҳофаза қилишнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган шароитларини кафолатлаш;

моддий-техник базани ўз маблағлари ҳисобига ривожлантириш ҳамда замонавий тиббиёт техникаси ва технологиялари билан мустаҳкамлаш;

мол-мулкдан белгиланган мақсад бўйича фойдаланиш, унинг сақланишини таъминлаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бухгалтерия ва статистика ҳисобини ва ҳисоботларини юритиш.



IV. СПОРТ ТИББИЁТИ МАРКАЗИНИНГ МОЛ-МУЛКИ


11. Спорт тиббиёти марказининг мол-мулки асосий фондлардан, шунингдек бошқа моддий бойликлар ва молиявий ресурслардан иборат бўлади.


12. Спорт тиббиёти маркази фаолиятининг мақсадларига мувофиқ ўз мол-мулкига эга бўлади, уларни тасарруф этади, шу билан бирга, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлардан самарали фойдаланилишини таъминлайди.


13. Спорт тиббиёти маркази мулкдор билан келишув бўйича, вақтинча фойдаланилмаётган хоналарни қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, шартнома асосида, тушган маблағлардан келгусида ривожлантириш учун фойдаланган ҳолда ижарага, субижарага топшириш, шунингдек асбоб-ускуналар ва мол-мулкни балансдан чиқариш ҳуқуқига эга.



V. СПОРТ ТИББИЁТИ МАРКАЗИНИ БОШҚАРИШ

ВА УНГА РАҲБАРЛИК ҚИЛИШ


14. Спорт тиббиёти марказини бошқариш Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси президенти, зарурият бўлганда, Спорт тиббиёти маркази тузилмасига Спорт тиббиёти маркази ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритишга ҳақлидир.

15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор Спорт тиббиёти маркази фаолиятига раҳбарлик қилади.

Директор:

ўз фаолиятини Спорт тиббиёти маркази номидан амалга оширади, молия-хўжалик фаолиятига раҳбарлик қилади, шартномалар тузади, бошқа масалаларни ҳал этади;

ўз ваколатлари доирасида ходимлар (филиаллар) ишларини ташкил қилади ва бошқаради, ходимларнинг бажариши учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, қонун ҳужжатларига мувофиқ ходимларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;

Спорт тиббиёти маркази фаолияти учун жавоб беради.


16. Спорт тиббиёти маркази директорининг ўринбосарлари (филиалларининг раҳбарлари) Спорт тиббиёти маркази директорининг тақдимномасига биноан, Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


17. Спорт тиббиёти марказининг ташкилий тузилмасига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида ташкил этиладиган филиаллар белгиланган тартибда кириши мумкин.


18. Спорт тиббиёти марказининг биркитилган контингентга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича фаолияти устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади.



VI. СПОРТ ТИББИЁТИ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ


19. Қуйидагилар Спорт тиббиёти маркази фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон олимпиадачиларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;

Спорт тиббиёти марказининг ўз маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида тақиқланмаган бошқа манбалар.

20. Спорт тиббиёти маркази ҳар йили келгуси календарь йилга Марказнинг даромадлари ва харажатлари сметасини ва штатлар жадвалини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитасига тақдим этади.

Бунда Спорт тиббиёти марказининг тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг лавозим маошлари, моддий рағбатлантириш миқдорлари Спорт тиббиёти маркази томонидан мустақил равишда, ушбу Низомнинг 19-бандида назарда тутилган манбалардан тушадиган маблағлар доирасида белгиланади.

21. Спорт тиббиёти марказини тиббиёт ва лаборатория асбоб-ускуналари ҳамда офис мебели билан жиҳозлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказини ташкил этиш тўғрисида" 2013 йил 3 июлдаги ПҚ-1994-сон қарорининг 7-бандида белгиланган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.



VII. СПОРТ ТИББИЁТИ МАРКАЗИНИНГ

ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТИ


22. Спорт тиббиёти маркази қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз фаолияти натижаларининг ҳисобини юритади ва Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитасига, давлат солиқ хизмати органларига, статистика органларига ҳамда бошқа ваколатли органларга ҳисоботлар тақдим этади, ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг давлат сақловига топширилиши учун жавоб беради.


23. Спорт тиббиёти маркази фаолиятини назорат қилиш ва текшириш уларнинг ваколатлари доирасида солиқ ва молия органлари, давлат бошқа органлари томонидан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда аудиторлик ташкилотлари томонидан улар билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.



VIII. СПОРТ ТИББИЁТИ МАРКАЗИНИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


24. Спорт тиббиёти марказини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 26 август, 34-сон, 452-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 8-сон, 56-модда





























Время: 0.2277
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск