ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Алоқа / Радиоалоқа ва электрон алоқа /

Ўзбекистон Республикасининг 25.12.1998 й. 725-I-сон "Радиочастота спектри тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.12.1998 й.

N 725-I



РАДИОЧАСТОТА СПЕКТРИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади радиочастота спектрини тақсимлаш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.



2-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


радиочастоталар (радиотўлқинлар) - белгилар, сигналларни, ёзма матнни, тасвирлар ва товушларни узатиш ёки қабул қилиш мақсадида фазода сунъий тўлқин ўтказгичсиз тарқатиладиган, шартли равишда уч минг гигагерцдан камроқ қилиб қабул қилинган частотали электромагнит тўлқинлар;


радиочастота спектри - шартли равишда уч минг гигагерцдан камроқ қилиб қабул қилинган оралиқдаги радиочастоталар тўплами;


радиоэлектрон воситалар - радиотўлқинларни тарқатиш ва (ёки) қабул қилиш учун мўлжалланган техник қурилмалар ёки тизимлар;

юқори частотали қурилмалар - радиочастоталар энергиясини саноат, илмий, тиббий, маиший ёки бошқа мақсадларда ҳосил қилиш ва ундан фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналар ёки асбоблар, улардан радиотўлқинларни тарқатиш ёки қабул қилиш мақсадида фойдаланиш бундан мустасно;

радиочастоталар полосаси - радиочастота спектрининг муайян шароитларда радиоэлектрон воситалар ёки юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш учун мўлжалланган қисми;


Ўзбекистон Республикаси радиочастоталарни тақсимлаш жадвали - ҳар хил турдаги радиохизматлар ўртасида тақсимланган радиочастоталар полосалари рўйхати;

радиохалақитлар - радиоалоқа тизимида қабул чоғида бир ёки бир нечта тўлқин тарқатишлар келтириб чиқарган, ахборот сифатининг ёмонлашуви, хатоликлар бўлиши ёки ахборот йўқолишида намоён бўладиган электромагнит энергиясининг таъсири;

индустриал радиохалақитлар - радиотўлқинларни узатиш учун мўлжалланмаган техник воситалар томонидан вужудга келадиган радиочастота спектри диапазонидаги электромагнит тарқатишлар;

электромагнит мослашув - радиоэлектрон воситаларнинг уларга радиохалақитлар таъсир этиб турган бир вақтнинг ўзида мавжуд ишлатиш шароитларида талаб даражасидаги сифат билан ишлай олиш қобилияти;

радиочастота спектридан фойдаланувчи - радиоэлектрон воситаларни ёки юқори частотали қурилмаларни ишлатиш учун радиочастота органининг рухсатномасига эга бўлган юридик ёхуд жисмоний шахс;

бириктирилган радиочастота - радиочастота органи томонидан бериладиган тегишли рухсатномада кўрсатиладиган аниқ радиочастота;

радиочастота спектрининг мониторинги - радиочастота спектри ҳолатини кузатиш, ундан фойдаланишни баҳолаш, радиочастота спектри тўғрисидаги қонунчилик бузилишининг олдини олиш ва бартараф этиш учун мўлжалланган ташкилий-техник тадбирлар мажмуи.


3-модда. Радиочастота спектри тўғрисидаги қонунчилик

Радиочастота спектри тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида радиочастота спектри тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


4-модда. Радиочастота спектрини тақсимлаш

ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида радиочастота спектридан фойдаланувчиларга радиочастоталарни тақсимлаш ваколатли давлат органларининг мутлақ ҳуқуқидир.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида радиочастота спектридан фойдаланиш ҳуқуқи оммавий ва хусусий мулк асосида фаолият кўрсатувчи фойдаланувчиларга берилади.



5-модда. Радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида

давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш

Радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида давлат томонидан тартибга солиш сертификатлаштириш, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, солиқ солиш, ягона илмий-техника сиёсатини шакллантириш орқали, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа воситалар билан амалга оширилади.

Радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколат берилган радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органи амалга оширади.


6-модда. Радиочастота спектри бўйича давлат

бошқарув органининг ваколатлари

Радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органи:

- радиочастота спектрини тақсимлаш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

- радиочастота спектрини тақсимлаш ва ундан фойдаланиш масалалари бўйича норматив ҳужжатларни, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш бўйича миллий стандартлар, техник регламентлар, ишлатиш нормалари ва қоидалари ҳамда бошқа норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқади;

- радиочастота органлари ўртасида радиочастоталар полосаларини тақсимлайди, Ўзбекистон Республикаси радиочастоталарни тақсимлаш жадвалини шакллантиради;

- радиочастота органларининг радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

- ажратиладиган радиочастоталар ёки радиочастоталар полосаларининг техник экспертизасига оид ишларни ташкил этади;

- радиочастота спектридан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади;

- радиочастота спектри тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

- радиочастота спектридан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ифода этади;

- радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.


7-модда. Радиочастота органлари

Радиочастота органлари жумласига қуйидагилар киради:

- Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги;

- Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги;

- Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати.

Радиочастота органлари ўз фаолиятларини радиочастота спектри тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширадилар.


8-модда. Радиочастота органларининг ваколатлари

Радиочастота органлари:

- радиочастота спектри бўйича давлат бошқаруви органи томонидан ажратилган радиочастоталар полосалари доирасида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиш (бериш) ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳамда радиоэлектрон воситалардан фойдаланиш учун рухсатномалар беради;

- радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар белгиланган стандартлар ва техник нормаларга номувофиқ бўлган, фуқароларнинг хавфсизлиги, атроф-муҳит муҳофазасини таъминламаган тақдирда, шунингдек алоҳида ҳолатларда уларни ишлатишни белгиланган тартибда тақиқлайди;

- қонунга зид равишда ишлаётган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни аниқлайди;

- радиочастота спектридан фойдаланувчиларга бириктирилган радиочастоталарнинг ҳисобини юритади, шунингдек радиочастота спектридан радиочастота спектри бўйича давлат бошқаруви органи томонидан белгиланган тартибга мувофиқ фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

- радиоэлектрон воситаларга, шу жумладан, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг халқаро шартномалар ва қоидаларга мувофиқ фаолият кўрсатаётган радиоэлектрон воситаларига бўлган радиохалақитларни бартараф этади;

- бошқа ваколатли органлар билан биргаликда электромагнит мослашувни таъминлаш бўйича ташкилий-техник тадбирларни ишлаб чиқади.

Радиочастота органлари қонунчиликка мувофиқ радиочастота спектри соҳасида бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9-модда. Радиочастота спектридан фойдаланиш

Радиочастота спектри радиочастота спектридан фойдаланувчилар томонидан давлат, жамоат эҳтиёжларини ва шахсий эҳтиёжларни таъминлаш учун фойдаланилади.

Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиш (бериш) ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳамда радиоэлектрон воситалардан фойдаланиш белгиланган тартибда радиочастота органи томонидан бериладиган рухсатномага асосан амалга оширилади.

Радиочастота спектридан фойдаланувчиларга муайян радиочастоталарни бириктириш Ўзбекистон Республикасининг радиочастоталарни тақсимлаш жадвалига мувофиқ амалга оширилади. Бириктирилган радиочастота ўта муҳим давлат эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида ўзгартирилиши мумкин.

Радиочастота спектридан фойдаланувчиларга радиочастоталар полосаларини ажратиш фойдаланувчидан келиб тушган ариза бўйича ёки танлов асосида ёхуд ким ошди савдоси натижаларига кўра амалга оширилиши мумкин.

Радиочастота органи ва радиочастота спектридан фойдаланувчи ўртасидаги ўзаро муносабатлар шартнома асосида амалга оширилади.

Радиочастоталар полосаларидан бирдан ортиқ радиочастота спектридан фойдаланувчилар томонидан фойдаланилиши радиочастота спектридан биргаликда фойдаланишдир. Радиочастота спектридан фойдаланувчилар томонидан радиочастота спектридан биргаликда фойдаланиш улар ўртасида радиочастота органининг тегишли рухсатномаси асосида шартнома тузиш орқали амалга оширилади. Мазкур рухсатнома радиочастота спектри бўйича давлат бошқаруви органи томонидан белгиланадиган радиочастоталар полосаларига биноан берилади.



10-модда. Радиочастота спектридан фойдаланиш муддатлари

Радиочастота спектри фойдаланувчиларга радиочастота органи рухсатномасида ёки фойдаланиш шартномасида назарда тутилган муайян муддатга бириктирилади.


11-модда. Радиочастота спектридан фойдаланганлик

учун ҳақ тўлаш

Радиочастота спектридан фойдаланиш пулликдир. Радиочастота спектридан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш тартиби, шунингдек ҳақ тўлашдаги имтиёзлар қонунчилик билан белгиланади.


12-модда. Радиочастота спектридан фойдаланувчиларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Радиочастота спектридан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- қонунчиликда белгиланган тартибда радиочастота спектридан фойдалана олиш;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш учун рухсат этилган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни белгиланган тартибда олиш (бериш);

- радиохалақитлар манбаларини аниқлаш учун радиочастота органига мурожаат этиш ва уларни бартараф қилишда иштирок этиш;

- берилган рухсатнома доирасида радиочастота спектридан фойдаланиш жараёнида қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш;

- ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда ваколатли давлат органларига ёки судга мурожаат этиш.

Радиочастота спектридан фойдаланувчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:

- радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиш (бериш) учун радиочастота органининг рухсатномасини олиш;

- радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни радиочастота органида рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларни ишлатиш ҳуқуқи учун рухсатнома олиш;

- радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни белгиланган нормалар ҳамда қоидаларга мувофиқ лойиҳалаш, қуриш (ўрнатиш) ва ишлатишни амалга ошириш;

- радиочастота спектридан фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида тўлаш.

Радиочастота спектридан фойдаланувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.


13-модда. Радиочастота спектридан фойдаланиш ҳуқуқини

бекор қилиш, тўхтатиш ёки чеклаш

Радиочастота органлари радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни ишлатиш хусусиятлари, шунингдек айрим частоталардан фойдаланиш имкониятлари билан боғлиқ муайян шароитларда радиочастота спектридан фойдаланишни бекор қилиш, тўхтатиш ёки чеклашга ҳақлидир.

Радиочастота спектридан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

- фойдаланилаётган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фуқароларнинг ҳаётига ёки соғлиғига, жамият ва давлатнинг ахборот хавфсизлигига, шунингдек атроф муҳит ҳолатига ҳақиқий таҳдид юзага келганда;

- фойдаланиш рухсатномаси ёки шартномасининг амал қилиш муддати тугаганда;

- бириктирилган радиочастоталардан белгиланган муддат мобайнида фойдаланилмаганда;

- бириктирилган радиочастоталардан воз кечилганда;

- юридик шахснинг ўзи ёки жисмоний шахснинг фаолияти тугатилганда.

Радиочастота спектридан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда тўхтатилиши ёки чекланиши мумкин:

- фойдаланиш рухсатномаси ёки шартномаси шартлари бузилганда;

- радиочастота спектрининг муайян полосаларидан ўта муҳим давлат эҳтиёжлари учун фойдаланиш зарур бўлиб қолганда;

- радиочастота спектридан фойдаланганлик учун белгиланган ҳақ тўланмаганда.

Радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органи ҳам қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда радиочастота спектридан вақт ва (ёки) ҳудуд бўйича фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатишга ёки чеклашга ҳақлидир.

Давлат мудофааси, миллий хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот мақсадлари учун ажратилган радиочастоталардан фойдаланиш фақат тегишли давлат бошқарув органлари билан келишилган ҳолда тўхтатилиши, чекланиши ёки тугатилиши мумкин.



14-модда. Радиоэлектрон воситалар ва юқори

частотали қурилмаларни яратиш, ишлаб чиқариш,

қуриш (ўрнатиш), олиш (бериш), ишлатиш ва

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш

Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни яратиш ҳамда ишлаб чиқариш, шунингдек радиочастоталардан фойдаланган ҳолда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини бажариш фақат радиочастота спектридан фойдаланувчи радиочастота органининг тегишли рухсатномасини олганидан ва ташкилотнинг яратишга доир стандартлари келишилганидан кейин амалга оширилади.

Барча турдаги ва йўналишдаги радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни қуриш (ўрнатиш) радиочастота органининг тегишли рухсатномаси бўлган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиш (бериш) радиочастота органининг тегишли рухсатномасини тақдим этган ҳолда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси мудофааси ва хавфсизлигини таъминлаш учун мўлжалланган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни, шунингдек фуқаро авиациясида учишларни ҳамда ҳаво ҳаракати хизматини радионавигация жиҳатидан таъминлаш мақсадларида фойдаланиш учун мўлжалланган бортдаги ва ер усти радиоэлектрон воситаларни олиш (бериш) тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида радиоэлектрон воситаларни ва юқори частотали қурилмаларни ишлатиш бевосита тегишли радиочастота органининг рухсатномаси билан, хорижий давлатларнинг дипломатия ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида ўрнатилган шундай воситалар ва қурилмаларни ишлатиш эса - Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали амалга оширилади.

Телевидение кўрсатувлари ва радиоэшиттиришлар дастурларини қабул қилиш учун мўлжалланган радиоэлектрон воситаларни, шунингдек савдо тармоғи орқали сотишга рухсат берилган маиший радиоэлектроника буюмларини олиб кириш, олиш (бериш) ва ишлатиш учун тегишли рухсатнома талаб қилинмайди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиб кириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Радиочастота органининг тегишли рухсатномасисиз олиб киришга, олишга (беришга) ва ишлатишга йўл қўйиладиган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар рўйхати радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органи томонидан белгиланади.



15-модда. Индустриал радиохалақитларнинг эҳтимол тутилган

манбаларига қўйиладиган талаблар

Яратилаётган, лойиҳалаштирилаётган, ишлаб чиқарилаётган ва ишлатилаётган турли техник воситаларнинг техник тавсифномалари радиохалақитларнинг эҳтимол тутилган манбалари (электр транспорти, электр узатиш линиялари, электр асбоблари, автотранспорт воситалари ва бошқалар) тариқасида индустриал радиохалақитларнинг йўл қўйиладиган даражалари нормаларига мувофиқ бўлиши керак.

Техник воситаларнинг радиохалақитларнинг йўл қўйиладиган даражадаги нормаларига мувофиқлигини синаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан белгиланади.


16-модда. Электромагнит мослашув

Барча радиочастота спектридан фойдаланувчиларнинг радиочастота спектридан фойдаланиши қўлланилаётган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларнинг электромагнит мослашуви қатъий тарзда таъминланган ва уларнинг ўлчамлари ҳамда тавсифлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қабул қилинган стандартлар ва техник нормаларга мувофиқ бўлган тақдирда амалга оширилади.

Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларнинг электромагнит мослашувига риоя қилиниши ҳамда ўлчамлар ва тавсифларнинг стандартлар ва техник нормаларга мувофиқлиги устидан назоратни радиочастота органлари амалга оширади.

Агар радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларнинг ишлаши бошқа фойдаланувчиларнинг алоқа сифатига салбий таъсир этса ёки фуқароларнинг соғлиғи ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатса, бу воситалар ва қурилмаларни ишлатиш тўхтатилади ёки бевосита радиочастота органининг қарорига кўра ёхуд тегишли давлат органлари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг асослантирилган тақдимномасига кўра тугатилади.



17-модда. Бириктирилган радиочастоталар тўғрисидаги ахборот

Бириктирилган радиочастоталар тўғрисидаги ахборот маълумотлар миллий базаси (радиочастоталар регистри) асосини ташкил этади.

Бириктирилган радиочастоталар тўғрисидаги ахборотни ҳисобга олиш, тизимлаштириш ва сақлашни радиочастота органлари радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органи белгилаган тартибда амалга оширади.

Радиочастота органлари радиочастота спектридан фойдаланиш тўғрисидаги ахборотни радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органига белгиланган тартибда тақдим этади.


18-модда. Ҳарбий ҳаракатлар ва фавқулодда

ҳолатлар содир бўлганда радиочастота спектридан

фойдаланувчиларнинг радиоэлектрон

воситаларидан фойдаланиш

Ҳарбий ҳаракатлар, зилзилалар, сув тошқинлари, ёнғинлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатлар содир бўлганда радиочастота органлари радиочастота спектридан фойдаланувчиларнинг радиоэлектрон воситаларини ишлатишини чеклашни жорий этишга, шунингдек бу воситалардан давлат хавфсизлигини таъминлаш, табиий офатларни ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадларида фойдаланишга ҳақлидир.


18-1-модда. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш

Радиочастота спектридан фойдаланиш чоғида радиочастота спектридан фойдаланувчилар томонидан ахборот хавфсизлиги чоралари, шу жумладан:

узатиладиган ахборотдан рухсатсиз фойдаланиш, алоқа тизимларидан назоратсиз фойдаланиш ва уларнинг ишлашини тўхтатиб қўйиш, шунингдек улардан шахс, жамият ва давлатга зарар етказадиган мақсадларда фойдаланиш истисно этилишини;

ахборотни (маълумотларни) узатиш жараёнида унинг (уларнинг) конфиденциаллигини, яхлитлигини ва ундан (улардан) фойдаланиш имкониятини;

рухсатсиз ёки беихтиёр аралашишга уринишлар бўлган тақдирда алоқа тизимининг ишлаш режими ўзгармаслигини таъминловчи чоралар кўрилиши керак.



18-2-модда. Радиоалоқанинг конфиденциаллиги

Бошқа шахс учун мўлжалланган радиохабар қабул қилинган тақдирда уни қайд қилиш, унинг мазмунини ва мавжудлиги фактини ошкор этиш, тарқатиш ёки ўзгартириш тақиқланади, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Конфиденциал ахборотни ва (ёки) давлат сирлари мавжуд бўлган маълумотларни Ўзбекистон Республикасида сертификатлаштирилган ахборотни криптографик ҳимоя қилиш воситаларидан фойдаланмаган ҳолда радиоалоқа каналлари орқали узатиш тақиқланади.

Радиочастота органлари томонидан амалга ошириладиган радиочастота спектри мониторинги радиоалоқанинг конфиденциаллигини бузиш ҳисобланмайди.



19-модда. Радиочастота спектри мониторинги

Радиочастота спектри мониторингини Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги бошқа радиочастота органлари билан биргаликда амалга оширади.

Мониторингни амалга ошириш тартиби радиочастота спектри бўйича давлат бошқарув органи томонидан белгиланади.


20-модда. Низоларни ҳал этиш

Радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида келиб чиқадиган низолар суд тартибида ҳал этилади.


21-модда. Радиочастота спектри тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Радиочастота спектри тўғрисидаги қонунчиликни бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 1999 й., 1-сон, 16-модда















































Время: 0.1331
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск