ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти /

Ўзбекистон Республикасининг 20.08.1999 й. 822-I-сон "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.08.1999 й.

N 822-I



ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯЛАР ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади телекоммуникацияларни яратиш, ишлатиш ва ривожлантириш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.



2-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


телекоммуникациялар - сигналлар, белгилар, матнлар, тасвирлар, товушлар ёки ахборотнинг бошқа турларини ўтказгичли, радио, оптик ёки бошқа электромагнит тизимларидан фойдаланган ҳолда узатиш, қабул қилиш, қайта ишлаш;


телекоммуникациялар тармоғи - узатишларнинг бир ёки бир неча турини: телефон, телеграф, факсимиль турларини, маълумотлар узатиш ва ҳужжатли хабарларнинг бошқа турларини, телевизион ва радиоэшиттириш дастурларини трансляция қилишни таъминловчи телекоммуникация воситаларининг мажмуи;


телекоммуникация воситалари - электромагнит ёки оптик сигналларни ҳосил қилиш, узатиш, қабул қилиш, қайта ишлаш, коммутация қилиш ҳамда уларни бошқариш имконини берувчи техник қурилмалар, асбоб-ускуналар, иншоотлар ва тизимлар;


телекоммуникация иншоотлари - телекоммуникация тармоқлари ва воситаларининг ишлаши ҳамда улардан фойдаланишни таъминловчи бинолар, қурилмалар, телекоммуникация линиялари, мосламалар, таянчлар, мачталар ва бошқа иншоотлар;


охирги (терминал) асбоб-ускуналар - телекоммуникациялар тармоқлари билан ўзаро боғланадиган, телекоммуникациялар тармоқлари орқали узатиладиган ёки қабул қилинадиган сигналларни ҳосил қилиш, ўзгартириш, қайта ишлаш учун мўлжалланган телекоммуникациялар хизматларидан фойдаланувчиларнинг техник воситалари;

тармоқлараро уланишлар - телекоммуникация тармоқларининг ўзаро технологик ҳамкорлиги бўлиб, у турли телекоммуникациялар операторларининг фойдаланувчилар ўртасида ахборотни узатиш ва қабул қилишни таъминлайди;


телекоммуникация оператори (бундан буён матнда оператор деб юритилади) - мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида телекоммуникациялар тармоғига эга бўлган, унинг ишлаши, ривожланишини таъминловчи ва телекоммуникация хизматлари кўрсатувчи юридик шахс;

телекоммуникация хизматлари провайдери (бундан буён матнда провайдер деб, юритилади) - фойдаланувчиларга операторлар тармоғи орқали тижорат асосида телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;

телекоммуникациялар хизматлари - оператор ва провайдернинг сигналлар ҳамда бошқа ахборот турларини телекоммуникация тармоқлари орқали қабул қилиш, узатиш, қайта ишлашга доир фаолияти маҳсули;


рақамлаш тизими - операторлар, провайдерлар ва фойдаланувчиларнинг охирги (терминал) асбоб-ускуналари ўртасида рақамларни тақсимлаш ва уларга рақам (рақамлар ёки белгилар комбинациясини) бериш тартиби;


рақамлаш режаси - операторлар, провайдерлар ва фойдаланувчиларнинг охирги (терминал) асбоб-ускуналари ўртасидаги аниқ рақамларнинг берилиши;


телекоммуникациялар хизматларидан фойдаланувчи (бундан буён матнда фойдаланувчи деб юритилади) - телекоммуникациялар хизматларининг истеъмолчиси ҳисобланган юридик ёки жисмоний шахс;


универсал хизматлар - умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқлари орқали барча фойдаланувчиларга кўрсатиладиган белгиланган сифатдаги мажбурий хизматлар тўплами (фойдаланувчиларнинг бу тармоқдан фойдаланишини таъминлаш, маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро телефон сўзлашувлари, телеграммалар жўнатиш ва бошқалар);


домен номи - ахборот ресурсига ёки ахборот тизимига берилган, уларни Интернет жаҳон ахборот тармоғида идентификациялаш учун хизмат қиладиган ноёб ном;

домен номлари тизими - Интернет жаҳон ахборот тармоғида домен номларини бериш, рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби;

телекоммуникациялар тармоқларини аттестациядан ўтказиш - телекоммуникациялар тармоқлари ҳимояланганлик ҳолатининг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги миллий стандартлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлашга қаратилган ташкилий-техник тадбирлар мажмуи.


3-модда. Телекоммуникациялар тўғрисидаги қонунчилик

Телекоммуникациялар тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонундан ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Телекоммуникациялар тармоқларининг мудофаа, миллий хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари эҳтиёжлари учун ишлаши билан боғлиқ муносабатлар алоҳида қонунчилик билан тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг телекоммуникациялар тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


4-модда. Телекоммуникация тармоқларига доир мулкчилик

Ўзбекистон Республикасида телекоммуникация тармоқлари оммавий ёки хусусий мулкда бўлиши мумкин.

Телекоммуникация тармоқларининг барча мулкдорлари тенг ҳуқуқларга эга ва қонунда кафолатланган тенг ҳимоядан фойдаланадилар.



5-модда. Телекоммуникация тармоқларининг ерлари

Телекоммуникация иншоотлари ва объектларидан фойдаланиш, уларни сақлаш, қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш бўйича ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун операторларга ва провайдерларга берилган ерлар телекоммуникация тармоқларининг ерлари жумласига киради. Телекоммуникация тармоқларининг ерлари алоқа мақсадларига мўлжалланган ерлар таркибига киради.

Телекоммуникациялар фаолиятини таъминлаш учун ерлар қонунчиликда белгиланган тартибда берилади.

Телекоммуникацияларнинг кабел, радиореле ва ҳаво тармоқларидан фойдаланишни таъминлаш мақсадида муҳофаза тегралари белгиланади.

Муҳофаза теграларини ўрнатиш тартиби, уларнинг ўлчамлари, мазкур мақсадлар учун ажратилган ерлардан фойдаланиш режими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


6-модда. Телекоммуникация тармоқлари

Телекоммуникация тармоқлари белгиланган мақсадига кўра умумий фойдаланишдаги, идоравий ва ажратилган телекоммуникациялар тармоқларига бўлинади.

Телекоммуникация хизматлари кўрсатишнинг ягона принциплари, уларни тақдим этиш ва ҳақ тўлашнинг тартиби асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга телекоммуникация хизматларини кўрсатиш учун мўлжалланган телекоммуникациялар тармоғи умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоқларига киради. Умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоғида телекоммуникация хизматлари кўрсатиш қоидалари телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан белгиланади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ишлаб чиқариш ва махсус эҳтиёжлари учун мўлжалланган, уларнинг ихтиёрида бўлган ва улар томонидан фойдаланиладиган телекоммуникациялар тармоқлари идоравий телекоммуникациялар тармоқларига киради. Идоравий телекоммуникация тармоқлари бошқа фойдаланувчиларга телекоммуникация хизматларини кўрсатиш учун ҳам ишлатилиши мумкин.

Ажратилган телекоммуникация тармоқлари жумласига фойдаланувчиларнинг муайян доирасига хизматлар кўрсатиш учун юридик шахсларнинг тижорат мақсадларида яратган телекоммуникация тармоқлари киради.

Идоравий ва ажратилган телекоммуникация тармоқларининг операторлари томонидан хизматлар кўрсатиш қоидалари ушбу телекоммуникацияларнинг операторлари ёки провайдерлари томонидан қонунчиликка мувофиқ белгиланади.


7-модда. Телекоммуникациялар соҳасида

давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш

Телекоммуникациялар соҳасида давлат томонидан тартибга солиш лицензиялаш, сертификатлаш, солиқ солиш, ягона илмий-техника сиёсатини шакллантириш йўли билан, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа воситалар орқали амалга оширилади.

Телекоммуникациялар соҳасида давлат томонидан бошқарув телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади.


8-модда. Телекоммуникациялар соҳасидаги

махсус ваколатли орган

Телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган:

телекоммуникациялар соҳасида давлат сиёсатини юритади;

телекоммуникацияларни ривожлантириш миллий дастурларини ишлаб чиқади;

телекоммуникациялар соҳасида стандартлар, нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқади;

юридик шахсларнинг телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятини лицензиялашни амалга оширади;

телекоммуникациялар хизматларининг айрим турлари, шунингдек тармоқлараро уланишлар тарифларини тартибга солади;

операторлар ва провайдерларнинг фаолият кўрсатиши учун тенг шароитлар яратилишига кўмаклашади;

телекоммуникациялар техник воситаларининг сертификатланишига доир ишларни ташкил этади;

телекоммуникация хизматлари бозорини шакллантириш ва ривожлантиришга кўмаклашади;

операторлар ва провайдерларнинг телекоммуникациялар тармоқларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, операторлар, провайдерлар ва фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар масалаларини кўриб чиқади;

телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш тизимини ишлаб чиқади ва рақамлаш режасини бошқаришни амалга оширади;

Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг манзил маконидан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, домен номлари тизимини белгилайди;

телекоммуникациялар тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлайди;

давлат бошқаруви органлари, операторлар ва провайдерларнинг телекоммуникациялар тармоқлари ва хизматларини ривожлантириш масалаларига доир фаолиятини мувофиқлаштиради;

кадрларни ўқитиш ва малакасини оширишни ташкил этади;

телекоммуникациялар соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

давлат бошқаруви соҳасида замонавий телекоммуникация лар тармоқларини жорий этиш, ривожлантириш ва улардан фойдаланиш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга интерактив давлат хизматлари кўрсатиш тизимини шакллантириш масалалари бўйича таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли органнинг ўз ваколати доирасида қабул қилган норматив ҳужжатлари барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.



8-1-модда. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий

давлат ҳокимияти органларининг телекоммуникациялар

соҳасидаги мажбуриятлари

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга интерактив давлат хизматлари кўрсатиш мақсадида умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоқларининг самарали ишлаши ҳамда ривожлантирилиши учун шарт-шароитлар яратиши шарт.



9-модда. Телекоммуникациялар соҳасидаги

фаолиятни лицензиялаш

Юридик шахсларнинг телекоммуникациялар соҳасидаги айрим фаолият турлари махсус рухсатномалар (лицензиялар) асосида амалга оширилади.

Қуйидагилар лицензияланиши шарт:

телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш;

телекоммуникациялар тармоқларини қуриш;

телекоммуникациялар тармоқларидан фойдаланиш;

телекоммуникациялар тармоқларига хизмат кўрсатиш.

Умумий фойдаланиш пунктлари, шу жумладан қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектларининг умумий фойдаланиш пунктлари томонидан маълумотларни узатиш тармоқлари хизматларини кўрсатишга, қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро телекоммуникациялар тармоқлари хизматларини кўрсатишга доир фаолият учун лицензия талаб этилмайди.

Телекоммуникациялар соҳасида муайян фаолият турини амалга ошириш учун бериладиган лицензиялар намунавий ёки якка тартибда бўлиши мумкин.

Юридик шахсларга телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун ягона талаблар ва шартлар асосида бериладиган лицензиялар намунавий лицензиялар ҳисобланади.

Юридик шахсларга телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун алоҳида талаблар ва шартлар асосида бериладиган лицензиялар якка тартибдаги лицензиялар ҳисобланади.

Лицензияларни бериш тартиби ва шартлари, уларнинг амал қилиш муддатлари, амал қилишини тўхтатиш ёки тугатиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Телекоммуникациялар соҳасидаги айрим фаолият турлари учун лицензиялар бериш танлов (тендер) асосида амалга оширилиши мумкин. Танловлар (тендерлар)ни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Лицензияларнинг эгалари қонунчиликни бузганлари тақдирда лицензиялар тўхтатилиши ёки бекор қилиниши мумкин.


10-модда. Телекоммуникациялар соҳасида сертификатлаш

Телекоммуникацияларнинг техник воситалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасидаги телекоммуникация тармоқларида фойдаланиладиган охирги (терминал) асбоб-ускуналар белгиланган стандартларга, техник шартларга ва қонунчиликка биноан бошқа нормаларга мувофиқлиги юзасидан сертификатланиши лозим.


10-1-модда. Телекоммуникациялар тармоқларини

аттестациядан ўтказиш

Давлат сирлари ёки махфий ахборотни ўз ичига олган ахборотни қайта ишлаш учун мўлжалланган телекоммуникациялар тармоқлари мажбурий аттестациядан ўтказилиши керак.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган телекоммуникациялар тармоқларини аттестациядан ўтказиш ихтиёрий тусга эга бўлади.

Телекоммуникациялар тармоқларини аттестациядан ўтказиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


11-модда. Телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш

тизими ва режаси, домен номлари тизими

Телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш тизими ва режаси, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегменти домен номларининг тизими телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

Телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш ресурсларини ва домен номларини ҳисобга олиш, тизимлаштириш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади.

Телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш ресурсларидан операторлар ва провайдерларнинг, шунингдек домен номларидан юридик ва жисмоний шахсларнинг фойдаланиши пуллидир.

Телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш ресурсларидан ва домен номларидан фойдаланганлик учун тўловларнинг миқдорлари ҳамда уларни тўлаш тартиби, шунингдек уларга доир имтиёзлар қонунчилик билан белгиланади.


12-модда. Телекоммуникациялар соҳасида рақобатни ривожлантириш

Телекоммуникациялар соҳасида инвестиция фаолиятини амалга оширувчи операторлар, провайдерлар, юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек асбоб-ускуналарни тайёрловчилар ва етказиб берувчилар телекоммуникация тармоқларини ҳамда хизматлар бозорини ташкил этиш ва ривожлантиришда қатнашишнинг тенг имконини қўлга киритадилар.

Телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган монополияга қарши давлат органи билан биргаликда телекоммуникациялар соҳасида рақобатни ривожлантиришга кўмаклашади, инсофсиз рақобат ва рақобатни чеклаш ҳолларига барҳам бериш юзасидан қонунчиликда белгиланган чора-тадбирларни кўради.

Инсофсиз рақобат, фойдаланувчиларнинг манфаатларини камситиш, рақобатга тўсиқ бўлувчи ёки уни чекловчи бошқа бирор-бир хатти-ҳаракатларга йўл қўйганлик учун операторлар ва провайдерлар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


14-модда. Телекоммуникация хизматларига доир тарифлар

Телекоммуникация хизматларига доир тарифлар бундай хизматни кўрсатиш учун кетган харажатларни ҳисобга олган ҳолда шартнома асосида қонунчиликка мувофиқ белгиланади.

Телекоммуникацияларнинг универсал хизматлари учун тарифлар фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, қонунчиликда белгиланган тартибда телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан тартибга солиб турилади.

Фавқулодда тезкор хизматларни (ёнғинга қарши, ички ишлар органлари, тез тиббий ёрдам, газ тармоғининг авария хизмати ва бошқа хизматларни) чақириш барча фойдаланувчилар томонидан бепул амалга оширилади. Фавқулодда тезкор хизматларнинг рўйхати қонунчилик билан белгиланади.


15-модда. Телекоммуникация тармоқлари орқали

узатиладиган телефон сўзлашувлари, телеграф ва

бошқа хабарларнинг сир тутилиши

Телекоммуникация тармоқлари орқали узатиладиган телефон сўзлашувлари, телеграф ва бошқа хабарларнинг сир тутилишини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Барча операторлар ва провайдерлар ушбу сўзлашувлар ва хабарларнинг тутилишига риоя этилишини таъминлашлари шарт.

Телекоммуникациялар тармоқлари орқали узатилаётган хабарлар тўғрисидаги маълумот, шунингдек хабарларнинг ўзи фақат бундай хабарларни жўнатувчилар ва уларни олувчиларга ёки уларнинг қонуний вакилларига берилиши мумкин.

Телекоммуникация тармоқлари орқали узатиладиган телефон сўзлашувларини эшитишга, хабарлар билан танишишга, улар тўғрисида маълумотлар олишга, шунингдек сўзлашувлар ва хабарларнинг сир тутилишини бошқача чеклашларга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.

Ушбу модда қоидаларининг бузилишига йўл қўйган мансабдор ва бошқа шахслар қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


16-модда. Телекоммуникациялар тармоқлари ва

воситаларини ривожлантириш ҳамда қайта қуриш

Телекоммуникация тармоқлари ва воситаларини ривожлантириш ҳамда қайта қуриш уларнинг эгалари томонидан ўз маблағлари, манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағлари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Умумдавлат вазифаларини ҳал қилишга мўлжалланган телекоммуникациялар тармоқлари ва воситаларини ривожлантириш ҳамда қайта қуриш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ва қонунчиликда белгиланган тартибда молиялаштириладиган ривожлантириш миллий дастурлари асосида амалга оширилади.

Телекоммуникациялар тармоқлари ва воситаларини ривожлантириш ҳамда қайта қуриш лойиҳаларини амалга оширишда қатнашувчи юридик шахсларга қонунчиликда белгиланган тартибда солиққа оид ва бошқа имтиёзлар берилиши мумкин.

Шаҳарлар, шаҳарчалар ва бошқа аҳоли пунктлари, тураржой районлари ва мажмуалари, алоҳида бинолар ва иншоотларни лойиҳалаш ҳамда ривожлантириш пайтида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари белгиланган нормативларга мувофиқ телекоммуникация воситаларини жойлаштириш учун бинолар ёки алоҳида хоналар қуришни назарда тутишлари керак.

Юридик шахслар бинолар ва телекоммуникация иншоотларини шу мақсад учун берилган ер участкаларида белгиланган тартибда барпо этишга, шунингдек бинолар ва иншоотларнинг томларига (таянчлар, кўприклар, коллекторлар, ерости йўллари ва бошқа иншоотларга) ушбу ер участкалари, бинолар ва иншоотларнинг мулкдорлари (эгалари, ижарачилари) билан келишилган ҳолда телекоммуникациялар воситаларини ўрнатиш ва хизмат кўрсатишга ҳақлидирлар.

Аҳоли пунктлари ва айрим бинолар, йўллар, кўприклар ва бошқа объектларни янгидан қуриш, кенгайтириш, қайта қуриш, янги ерларни ўзлаштириш, мелиорация тизимларини ўзгартириш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш туфайли телекоммуникация воситаларини кўчириш ёки қайта қуриш қурилишнинг буюртмачиси томонидан ўз маблағлари ҳисобига операторлар ва провайдерларнинг техник шартлари бўйича амалга оширилади.

Телекоммуникацияларнинг мавзе ичкарисидаги тармоқлари ва иншоотлари қурилишнинг буюртмачилари томонидан лойиҳалаштирилади ва барпо этилади.



17-модда. Тармоқлараро уланишлар

Тармоқлараро уланишлар телекоммуникация турли тармоқларининг фойдаланувчилари ўртасида ахборот узатиш ва қабул қилиш учун амалга оширилади.

Операторлар ва провайдерлар ўз тармоқларига бошқа операторлар ва провайдерларнинг тенг ҳуқуқли асосда кира олишларини таъминлашлари шарт.

Операторлар ва провайдерлар тармоқлараро уланишларни телекоммуникациялар соҳасидаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ қабул қилинадиган, улаётган телекоммуникациялар тармоғи операторининг техник шартларига кўра таъминлаши керак.

Тармоқлараро уланишлар тегишли телекоммуникация тармоқларининг операторлари ва провайдерлари ўртасида шартномалар асосида амалга оширилади.

Телекоммуникация тармоқларини улаш, операторлар томонидан ўзаро хизмат кўрсатиш ва улар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби ва шартлари телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланади.


18-модда. Операторлар ва провайдерларнинг тезкор-қидирув

фаолиятини амалга оширувчи органлар билан ўзаро муносабатлари

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш кўраётган операторлар ва провайдерлар тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар телекоммуникация тармоқларида тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиши учун фойдаланиладиган асбоб-ускуналарни ўз маблағлари ҳисобидан ўрнатишлари ва уларнинг ишлашини таъминлашлари, шунингдек ушбу тадбирларни ўтказишнинг ташкилий ва тактик усуллари ошкор этилишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўришлари шарт.

Телекоммуникация тармоқларида тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун ишлатиладиган техник воситалар ва асбоб-ускуналарнинг миқдори ва таркибини операторлар ва провайдерлар тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар билан келишиб оладилар.

Телекоммуникация тармоқлари ёки воситаларидан шахс, жамият ва давлат манфаатларига зарар келтирувчи жиноий мақсадларда фойдаланилган тақдирда бундай телекоммуникация тармоқлари ва воситаларининг фаолият кўрсатиши тўхтатилади.


19-модда. Фавқулодда ҳолатларда телекоммуникациялар

тармоқларини бошқариш

Фавқулодда ҳолатларда (ҳарбий ҳаракатлар, зилзилалар, сув тошқинлари, ёнғинлар, эпидемиялар ва бошқалар) телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган телекоммуникациялар тармоқлари ва воситаларидан устувор фойдаланиш ҳамда уларни марказлашган ҳолда бошқариш, шунингдек уларнинг ишлашини чеклаш ёки тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.

Операторлар ва провайдерлар аҳолини фавқулодда ҳолатлар хавфидан хабардор қилишни ташкил этиш учун зарур бўлган воситалар ўрнатилишини ва улардан фойдаланишни таъминлашлари шарт.

Фавқулодда ҳолатларда телекоммуникация тармоқлари ва воситаларидан фойдаланиш пайтида операторлар ва провайдерлар кўрган зарарлар давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Операторлар ва провайдерлар одамларнинг денгиздаги, ердаги, ҳаводаги, космик фазодаги хавфсизлигига, мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш соҳасидаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар ўтказишга тааллуқли барча хабарларга, шунингдек йирик авариялар, фалокатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатлар ҳақидаги хабарларга мутлақ устуворлик беришлари лозим.


20-модда. Телекоммуникация тармоқларида рўй берган

ҳодисалар оқибатларини бартараф этиш

Телекоммуникация тармоқларида рўй берган ҳодисалар (авариялар, шикастланишлар) оқибатларини бартараф этиш ушбу тармоқларнинг операторлари томонидан амалга оширилади.

Давлат ҳокимият ва бошқарув органлари операторларга телекоммуникация тармоқларида рўй берган ҳодисалар оқибатларини бартараф этишда кўмаклашадилар.

Телекоммуникация тармоқларида рўй берган ҳодисаларнинг оқибатларини бартараф этиш ишларини бажариш телекоммуникация воситалари жойлашган ер участкаси, бино ёки иншоот мулкдори (эгаси, ижарачиси)нинг розилиги олинишини талаб этмайди. Ҳодисалар оқибатларини бартараф этиш натижасида мулкдорга (эгасига, ижарачига) етказилган зарарлар тегишли оператор томонидан қопланиши керак.

Телекоммуникация тармоқларида юридик ва жисмоний шахсларнинг айби билан рўй берган ҳодисалар натижасида операторлар ва провайдерларга етказилган зарарлар ушбу шахслар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда қопланади.


21-модда. Операторлар ва провайдерларнинг ҳуқуқлари

Операторлар ва провайдерлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фойдаланувчиларга хизматлар кўрсатиш;

фойдаланувчилар телекоммуникациялардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларини бузган тақдирда уларга хизмат кўрсатишни тўхтатиш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг айби билан юзага келган зарарларни қоплаттириш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан қонунчиликка мувофиқ шикоят қилиш.

Операторлар ва провайдерлар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


22-модда. Операторлар ва провайдерларнинг мажбуриятлари

Операторлар ва провайдерлар қуйидагиларга мажбурдир:

телекоммуникация соҳасидаги фаолиятни лицензиядаги шартларга ва белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга ошириш;

кўрсатилаётган хизматлар сифати белгиланган стандартлар, қоидалар ва нормаларга мувофиқ бўлишини таъминлаш;

телекоммуникация тармоқлари орқали узатиладиган телефон сўзлашувлари, телеграф ва бошқа хабарлар сир тутилишига риоя қилиш;

хизматлар кўрсатиш шартлари ва тартиби тўғрисидаги, шу жумладан, телекоммуникация хизматлари тарифларининг ўзгарганлиги тўғрисидаги батафсил ахборотни фойдаланувчиларга ўз вақтида тақдим этиш;

телекоммуникация хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларнинг бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун, шунингдек хизматлар кўрсатмаганлик ёки лозим даражада сифатли хизматлар кўрсатмаганлик оқибатида фойдаланувчиларга етказилган зарарларни қонунчиликка мувофиқ қоплаш.

Операторлар ва провайдерлар зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


23-модда. Фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари

Фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқлари хизматларидан фойдаланиш;

умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларига ўзининг охирги (терминал) асбоб-ускуналарини қонунчиликда белгиланган шартларда ва тартибда улаш;

операторлар ва провайдерлар томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатилишидан фойдаланиш;

оператор ва провайдер шартномада келишилган шартларни бузган тақдирда телекоммуникация хизматларини рад этиш;

телекоммуникация хизматлари кўрсатмаганлик ёки лозим даражада сифатли хизмат кўрсатмаганлик натижасида етказилган зарарларни тўлаттириш, маънавий зиённи қоплатиш;

ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда ваколатли давлат органларига ёки судга мурожаат қилиш.

Фойдаланувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


24-модда. Фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

Фойдаланувчилар қуйидагиларга мажбурдирлар:

телекоммуникация хизматларидан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш;

белгиланган стандартларга мувофиқ сертификатга эга бўлган охирги (терминал) асбоб-ускуналардан фойдаланиш;

ўзларига кўрсатилган хизматлар учун ҳақни ўз вақтида тўлаш;

иш сифатини пасайтиришга ёки телекоммуникация тармоқларини шикастлантиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар қилмаслик.

Фойдаланувчилар зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


25-модда. Телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш

чоғидаги имтиёзлар ва устунликлар

Қонунчиликда фуқароларнинг айрим тоифаларига телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш борасида имтиёзлар белгиланиши мумкин.

Фуқароларнинг айрим тоифаларига телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш борасида белгиланган имтиёзлар берилиши муносабати билан оператор ва провайдерларнинг маблағларини қоплаш қонунчиликда белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Давлат органлари мансабдор шахсларининг айрим тоифаларига, хорижий давлатлар дипломатик ва консуллик вакилларига, халқаро ташкилотларнинг вакилларига, шунингдек фуқароларнинг айрим тоифаларига телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш чоғида навбатда туриш ва фойдаланиш масаласида устунликлар белгиланиши мумкин.

Телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш чоғида устунликлар бериладиган мансабдор шахслар, ташкилотлар ва фуқаролар тоифаларининг рўйхати ҳамда телекоммуникация хизматларини кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



26-модда. Телекоммуникация воситаларини қўриқлаш

Телекоммуникация воситаларини қўриқлаш тартиби қонунчилик билан белгиланади.

Телекоммуникация воситаларига шикаст етказилишига, уларга рухсатсиз уланишга йўл қўйган юридик ва жисмоний шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


27-модда. Низоларни ҳал этиш

Операторлар, провайдерлар ва фойдаланувчилар ўртасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


28-модда. Телекоммуникациялар тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Телекоммуникациялар тўғрисидаги қонунчиликни бузишда айбдор бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    И. Каримов































Время: 0.1429
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск