Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Маҳсулот сифати. Стандартлаштириш. Сертификатлаштириш. Метрология / Стандартлаштириш /

Ўзбекистон Республикасининг 04.10.2013 й. ЎРҚ-354-сон "Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 06.06.2013 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 22.08.2013 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

04.10.2013 й.

N ЎРҚ-354

МУВОФИҚЛИКНИ БАҲОЛАШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2013 йил 6 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2013 йил 22 августда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Мувофиқликни баҳолаш тўғрисидаги

қонунчилик

Мувофиқликни баҳолаш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг мувофиқликни баҳолаш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аккредитация - юридик шахсларнинг муайян фаолият соҳасида мувофиқликни баҳолашга доир ишларни бажаришга ваколатли эканлигини Миллий аккредитация органи томонидан расман тасдиқлаш;

аккредитация соҳаси - мувофиқликни баҳолаш органининг аккредитация чоғида Миллий аккредитация органи томонидан белгиланадиган фаолияти соҳаси;

инспекция назорати - маҳсулотни, ишлаб чиқариш жараёнларини, хизматларни, менежмент тизимларини, мувофиқликни баҳолаш органларини уларнинг мувофиқликни баҳолаш даврида белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида амалга ошириладиган даврий қайта баҳолаш тартиб-таомили;

инспекция органи - юкни ортишдан олдин ва (ёки) юкни тушириш вақтидаги инспекцияни ва инспекция назоратини ўтказиш учун белгиланган тартибда аккредитация қилинган юридик шахс;


миллий аккредитация тизими - мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш қоидалари ва тартиб-таомилини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ давлат миқёсида фаолият кўрсатувчи тизим;


мувофиқликни баҳолаш - маҳсулот, ишлаб чиқариш жараёнлари, хизматлар, менежмент тизимлари, ходимлар, мувофиқликни баҳолаш органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш бўйича фаолият;


мувофиқликни баҳолаш органлари - юридик шахс бўлган ва мувофиқликни баҳолашга доир ишларни бажариш учун белгиланган тартибда аккредитация қилинган инспекция органлари, синов ва калибрлаш лабораториялари (марказлари), маҳсулотни, хизматларни, менежмент тизимларини, ходимларни сертификатлаштириш органлари;


мувофиқлик тўғрисидаги декларация - ишлаб чиқарувчи, сотувчи ёки ижрочи маҳсулотнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳужжат;


мувофиқликни тасдиқлаш - норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талаблари бажарилганлиги исботлангани ҳақида Миллий аккредитация органи ёки мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан қабул қилинган қарорга асосланган ҳужжатлаштирилган (аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома, мувофиқлик сертификати ва мувофиқлик тўғрисидаги декларация тарзидаги) тасдиқ;


ходимлар - мувофиқликни баҳолашга доир ишларни амалга ошириш учун тайёргарликка ва малакага эга бўлган мутахассислар.



4-модда. Мувофиқликни баҳолашнинг асосий вазифалари

Мувофиқликни баҳолашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

инсон ҳаёти ва соғлиғи, юридик, жисмоний шахсларнинг ва давлатнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлаш;

атроф-муҳит муҳофаза қилинишини, шунингдек табиий ресурслардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

маҳсулот, ишлаб чиқариш жараёнлари, хизматлар, менежмент тизимлари, ходимларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш;

мувофиқликни баҳолаш органлари аккредитациянинг белгиланган соҳасида ишларни бажаришга ваколатли эканлигини тасдиқлаш;

ички ва ташқи бозорларда маҳсулот ҳамда хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш;

халқаро иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорликда ва халқаро савдода иштирок этиш;

савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш.



5-модда. Мувофиқликни баҳолашнинг асосий принциплари

Мувофиқликни баҳолашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

мувофиқликни баҳолашнинг ягона қоидалари ва тартиб-таомилларини қўллаш;

мувофиқликни баҳолаш ҳақидаги ахборотнинг ишончлилиги ва очиқлиги;

аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органларининг хизматларидан фойдаланишга тўсиқлар қўйишга ва улар ўртасидаги рақобатни чеклашга йўл қўймаслик;

давлат сирларининг, тижорат сирининг ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг сақланиши;

аккредитация бўйича фаолиятни сертификатлаштиришга, мувофиқликни декларациялашга, юкни ортишдан олдин ва (ёки) юкни тушириш вақтидаги инспекцияни амалга оширишга, маҳсулот синовига, санитария-эпидемиология, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария хулосаларини беришга, экологик экспертиза ўтказишга доир фаолият билан қўшиб олиб борилишига йўл қўймаслик.


6-модда. Мувофиқликни баҳолаш объектлари

Мувофиқликни баҳолаш объектлари қуйидагилардан иборат:

маҳсулот;

ишлаб чиқариш жараёнлари;

хизматлар;

менежмент тизимлари;

аккредитация қилинишга талабгор бўлган юридик шахслар;

мувофиқликни баҳолаш соҳасида ходим сифатида иштирок этишга талабгор бўлган мутахассислар;

мувофиқликни баҳолаш органлари инспекция назоратидан ўтказилиши чоғида ушбу органларнинг ўзи.


7-модда. Мувофиқликни баҳолашни амалга ошириш

Мувофиқликни баҳолаш:

аккредитация қилиш;

сертификатлаштириш;

мувофиқликни декларациялаш;

инспекция назорати;

юкни ортишдан олдин ва (ёки) юкни тушириш вақтидаги инспекция;

маҳсулот синови;

санитария-эпидемиология, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария хулосалари ёки экологик экспертиза йўли билан амалга оширилади.


8-модда. Аккредитацияни амалга ошириш

Аккредитация аккредитация қилинишга талабгор бўлган юридик шахсларнинг ваколатли эканлигини тасдиқлаш мақсадида амалга оширилади.

Аккредитация аккредитация қилинишга талабгор бўлган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатларнинг таҳлили ва экспертизасини, олинган далилларни текширувлар ўтказиш йўли билан баҳолашни ўз ичига олади.


9-модда. Мувофиқликни декларациялаш

Мувофиқликни декларациялаш - маҳсулотнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини ишлаб чиқарувчи, сотувчи ёки ижрочи томонидан тасдиқлаш.

Мувофиқликни декларациялашда мувофиқликни тасдиқлаш қоидалари, тартиби ва усуллари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги тегишли норматив ҳужжатларда белгиланади.

Агар мувофиқликни декларациялашда мувофиқликни тасдиқлаш қоидалари, тартиби ва усулларида маҳсулот синовини ўтказиш зарур эканлиги белгиланган бўлса, бундай синов аккредитация қилинган синов лабораторияси (маркази) томонидан ишлаб чиқарувчи, сотувчи ёки ижрочи билан тузилган шартнома асосида ўтказилади.


10-модда. Инспекция назоратини амалга ошириш

Инспекция назорати Миллий аккредитация органи, мувофиқлик сертификатини берган сертификатлаштириш органлари ёки инспекция органлари томонидан амалга оширилади. Инспекция назорати натижаларига кўра мувофиқлик сертификатини ёки аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани тасдиқлаш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёхуд сертификатни ёки гувоҳномани бекор қилиш тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилиниши мумкин.


11-модда. Сертификатлаштиришни, юкни ортишдан олдин

ва (ёки) юкни тушириш вақтидаги инспекцияни, маҳсулот

синовини, санитария-эпидемиология, ветеринария,

ветеринария-санитария, фитосанитария хулосаларини

ёки экологик экспертизани амалга ошириш

Сертификатлаштириш, юкни ортишдан олдин ва (ёки) юкни тушириш вақтидаги инспекция, маҳсулот синови, санитария-эпидемиология, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария хулосалари ёки экологик экспертиза қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


12-модда. Мувофиқликни тасдиқлашни амалга ошириш

Маҳсулот, хизматлар, ишлаб чиқариш жараёнлари, менежмент тизимлари, ходимларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш сертификатлаштириш ва мувофиқликни декларациялаш натижаларига кўра амалга оширилади. Сертификатлаштириш ва мувофиқликни декларациялаш мажбурий ёхуд ихтиёрий тусда бўлиши мумкин.

Мувофиқликни баҳолаш органларининг мувофиқлигини тасдиқлаш уларни аккредитация қилиш натижаларига кўра амалга оширилади.



13-модда. Мувофиқликни баҳолаш қоидалари

ва тартиб-таомили

Мувофиқликни баҳолаш қоидалари ва тартиб-таомили мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ташкилий ҳамда техник талабларни, ишларни бажариш ва расмийлаштириш тартибини, усулларини ўз ичига олади.

Мувофиқликни баҳолашга доир ишлар ходимлар томонидан амалга оширилади.

Мувофиқликни баҳолашга доир ишларга сифат бўйича эксперт-аудиторлар ва (ёки) тегишли тармоқларнинг мувофиқликни баҳолаш соҳасида ишларни ташкил этишга, ушбу соҳадаги жараёнга ёки фаолиятга тааллуқли махсус билим ва тажрибага эга бўлган техник экспертлар жалб қилиниши мумкин.



14-модда. Мувофиқликни баҳолаш натижаларини тан олиш

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ўтказилган мувофиқликни баҳолаш натижаларини Ўзбекистон Республикасида тан олиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


2-БОБ. МУВОФИҚЛИКНИ БАҲОЛАШ СОҲАСИНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ

15-модда. Мувофиқликни баҳолаш соҳасини давлат

томонидан тартибга солишни амалга

оширувчи органлар

Мувофиқликни баҳолаш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


16-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

мувофиқликни баҳолаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

Ўзбекистон Республикасида мувофиқлиги тасдиқланиши шарт бўлган мувофиқликни баҳолаш объектлари рўйхатини тасдиқлайди;

Миллий аккредитация органи тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ўтказилган мувофиқликни баҳолаш натижаларининг Ўзбекистон Республикасида тан олиниши тартибини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


17-модда. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва

сертификатлаштириш агентлигининг, Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш

вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг, бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви

органларининг мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида:

мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикасида мувофиқлиги тасдиқланиши шарт бўлган мувофиқликни баҳолаш объектлари рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир таклифлар ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ўтказилган мувофиқликни баҳолаш натижаларини Ўзбекистон Республикасида тан олиш зарурлиги тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритади;

мувофиқликни баҳолаш соҳаси учун мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда иштирок этади.

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


18-модда. Мувофиқликни баҳолаш органларининг ҳуқуқлари

Мувофиқликни баҳолаш органлари:

аккредитациянинг белгиланган соҳасида сертификатлаштиришни амалга ошириш;

мувофиқлик сертификатлари бериш;

ўзи берган мувофиқлик сертификатларининг ёки мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни рўйхатдан ўтказишнинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиб туриш ёхуд мувофиқлик сертификатларини ёки мувофиқлик ҳақидаги декларацияни рўйхатдан ўтказишни бекор қилиш;

аккредитациянинг белгиланган соҳасида маҳсулот синовини ўтказиш, ўлчов ва синов воситаларини текшириш ёки калибрлаш;

аккредитациянинг белгиланган соҳасида маҳсулот синовларига оид баённомаларни, ўлчов ва синов воситаларини текшириш ёки калибрлаш тўғрисидаги баённомаларни бериш;

миллий аккредитация тизими белгисини қўллаш ҳуқуқига эга.

Мувофиқликни баҳолаш органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


19-модда. Мувофиқликни баҳолаш

органларининг мажбуриятлари

Мувофиқликни баҳолаш органлари:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларни бажариши;

манфаатдор шахсга сертификатлаштириш, мувофиқликни декларациялаш, инспекция назорати, юкни ортишдан олдин ва (ёки) юкни тушириш вақтидаги инспекция, маҳсулот синовлари, санитария-эпидемиология, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария хулосалари ёки экологик экспертиза қоидалари ва тартиб-таомили тўғрисида ахборот тақдим этиши;

мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказишни амалга ошириши;

ўзи берган мувофиқлик сертификатларининг, маҳсулот синовларига оид баённомаларнинг, ўлчов ва синов воситаларини текшириш ёки калибрлаш тўғрисидаги баённомаларнинг, шунингдек рўйхатдан ўтказилган мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларнинг ҳисобини юритиши;

ўзи берган мувофиқлик сертификатлари ва рўйхатдан ўтказилган мувофиқлик тўғрисидаги декларациялар, уларга ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар киритиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, шунингдек уларни бекор қилиш тўғрисида Миллий сертификатлаштириш органини хабардор қилиши;

маҳсулот синовлари, ўлчов ва синов воситаларини текшириш ёки калибрлашнинг белгиланган қоидалари ҳамда тартиб-таомилларига риоя этиши;

маҳсулот синовлари, ўлчов ва синов воситаларини текшириш ёки калибрлаш натижаларининг тўғрилигини таъминлаши;

аккредитация билан боғлиқ харажатларни қонунчиликда белгиланган тартибда тўлаши шарт.

Мувофиқликни баҳолаш органлари зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


3-БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ

20-модда. Миллий аккредитация органи

Миллий аккредитация органи Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигидир.

Миллий аккредитация органи:

мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

миллий аккредитация тизими ташкил этилишини, фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлайди;

мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилишни амалга оширади ва уларга аккредитация тўғрисида гувоҳнома беради;

мувофиқликни баҳолаш органлари устидан инспекция назоратини амалга оширади;

белгиланган тартибда аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туради, тугатади ва ушбу гувоҳномани бекор қилади;

халқаро аккредитация органлари ва хорижий давлатларнинг миллий аккредитация органлари билан аккредитация масалалари бўйича ҳамкорлик қилади;

Мувофиқликни баҳолаш органларининг давлат реестрини юритади.

Миллий аккредитация органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


21-модда. Аккредитация шартлари

Қуйидагиларнинг мавжудлиги аккредитация шартларидир:

аккредитация қилиниш учун ариза;

аккредитация қилиш сўралган соҳадаги ишларни бажариш учун аккредитация қилинишга талабгор бўлган юридик шахсларнинг ваколатли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

аккредитация билан боғлиқ харажатлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Сертификатлаштириш органи сифатида аккредитация қилинишга талабгор бўлган юридик шахслар мувофиқликни баҳолаш объектларининг ишлаб чиқарувчилари, сотувчилари, ижро қилувчилари ва истеъмолчиларига нисбатан ташкилий ҳамда моддий жиҳатдан тобе бўлмаслиги керак.

Қонунчиликда аккредитациянинг бошқа шартлари ҳам белгиланиши мумкин.

22-модда. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома мувофиқликни баҳолаш органи аккредитациянинг белгиланган соҳасидаги ишларни бажаришга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатдир.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг шакли Миллий аккредитация органи томонидан тасдиқланади.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома беш йил муддатга берилади.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳномадан бошқа шахснинг фойдаланиши тақиқланади.


23-модда. Миллий аккредитация тизимининг белгиси

Миллий аккредитация тизими миллий аккредитация тизими белгисига эга бўлиб, ушбу белги уни қўлловчи мувофиқликни баҳолаш органи Миллий аккредитация органи томонидан аккредитация қилинганлигини билдиради.

Мувофиқликни баҳолаш органи аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани олиш билан бир вақтда мазкур гувоҳноманинг амал қилиш муддатида миллий аккредитация тизими белгисини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади.

Миллий аккредитация тизими белгисининг шакли ва уни қўллаш тартиби Миллий аккредитация органи томонидан белгиланади. Мазкур белгини қўллаш қонунчиликда белгиланган тартибда пулли асосда амалга оширилади.


24-модда. Аккредитация соҳасини ўзгартириш

Аккредитация соҳасини ўзгартириш тўғрисидаги қарор мувофиқликни баҳолаш органи аккредитация соҳасини кенгайтиришни ёки қисқартиришни сўраб ариза берган тақдирда, Миллий аккредитация органи томонидан қабул қилинади.

Мувофиқликни баҳолаш органининг аккредитация соҳасини кенгайтириш у билан келишилган муддатларда аккредитация қоидалари ва тартиб-таомилларига мувофиқ амалга оширилади.

Аккредитация соҳасини қисқартириш бўйича қарор мувофиқликни баҳолаш органи қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этмаган тақдирда, Миллий аккредитация органи томонидан инспекция назорати натижаларига кўра қабул қилиниши мумкин.

Аккредитация соҳасини ўзгартириш тўғрисидаги қарор устидан Миллий аккредитация органи тўғрисидаги низомда белгиланадиган тартибда шикоят қилиниши ёхуд судга шикоят қилиниши мумкин.



25-модда. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг

амал қилишини тўхтатиб туриш

Инспекция назорати давомида аниқланган номувофиқликлар бартараф этилмаган тақдирда, аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилиши мумкин.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш Миллий аккредитация органи ёки суд томонидан амалга оширилади. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши Миллий аккредитация органи томонидан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга, суд томонидан эса, ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.

Миллий аккредитация органининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори мувофиқликни баҳолаш органига қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмасдан ёзма шаклда етказилади. Суднинг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақидаги ҳал қилув қарори мувофиқликни баҳолаш органига ва Миллий аккредитация органига қонунчиликда белгиланган муддатларда етказилади.

Мувофиқликни баҳолаш органи аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни бартараф этган тақдирда, аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида қарор қабул қилган Миллий аккредитация органи ёки суд мазкур ҳолатлар бартараф этилганлиги ҳақидаги тасдиқни олган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини қайта тиклаш ҳақида қарор қабул қилиши шарт.

Миллий аккредитация органининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш суд томонидан асоссиз деб топилган тақдирда, Миллий аккредитация органи мувофиқликни баҳолаш органи олдида у кўрган зарар миқдорида жавобгар бўлади.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги ва қайта тикланганлиги ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим.


26-модда. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг

амал қилишини тугатиш

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

мувофиқликни баҳолаш органи аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатишни сўраб ариза билан мурожаат қилганда;

юридик шахс бўлган мувофиқликни баҳолаш органи тугатилганда - тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда - қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши мустасно;

мувофиқликни баҳолаш органи аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатларни Миллий аккредитация органи ёки суд томонидан белгиланган муддатда бартараф этмаганда;

мувофиқликни баҳолаш органи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларни мунтазам равишда бузганда ёки бир марта қўпол тарзда бузганда;

Миллий аккредитация органининг аккредитация тўғрисида гувоҳнома бериш ҳақидаги қарори ноқонуний эканлиги аниқланганда;

аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати ўтганда.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш Миллий аккредитация органи томонидан амалга оширилади, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ушбу модда биринчи қисмининг тўртинчи - олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.

Миллий аккредитация органининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш ҳақидаги қарори мувофиқликни баҳолаш органига қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмасдан ёзма шаклда етказилади. Суднинг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш ҳақидаги ҳал қилув қарори мувофиқликни баҳолаш органига ва Миллий аккредитация органига қонунчиликда белгиланган муддатларда етказилади.

Мувофиқликни баҳолаш органи Миллий аккредитация органининг ёки суднинг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш ҳақидаги қарорини олган кундан эътиборан ўн кун ичида аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома Миллий аккредитация органига қайтарилиши ва йўқ қилиб юборилиши лозим.

Миллий аккредитация органининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш ҳақидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш суд томонидан асоссиз деб топилган тақдирда, Миллий аккредитация органи мувофиқликни баҳолаш органи олдида у кўрган зарар миқдорида жавобгар бўлади.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилганлиги ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши уни тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.


27-модда. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

мувофиқликни баҳолаш органи аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилганда;

аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани ушбу модда биринчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолда бекор қилиш суднинг ҳал қилув қарорига кўра, ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолда бекор қилиш эса, Миллий аккредитация органининг қарорига кўра амалга оширилади.

Миллий аккредитация органининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш ҳақидаги қарори мувофиқликни баҳолаш органига қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмасдан ёзма шаклда етказилади. Суднинг аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарори мувофиқликни баҳолаш органига ва Миллий аккредитация органига қонунчиликда белгиланган муддатларда етказилади.

Мувофиқликни баҳолаш органи Миллий аккредитация органининг ёки суднинг аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш ҳақидаги қарорини олган кундан эътиборан ўн кун ичида аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома Миллий аккредитация органига қайтарилиши, Мувофиқликни баҳолаш органларининг давлат реестридан чиқарилиши ва йўқ қилиб юборилиши лозим.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинганда аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома у берилган санадан эътиборан бекор қилинган ҳисобланади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

28-модда. Мувофиқликни баҳолашга

доир ишларни молиялаштириш

Мувофиқликни баҳолашга доир ишларни молиялаштириш манфаатдор шахсларнинг маблағлари, шунингдек қонунчиликка мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Мувофиқликни баҳолаш соҳасида кўрсатиладиган хизматлар учун тарифларни ҳисоб-китоб қилиш тартиби қонунчиликка мувофиқ тасдиқланади.


29-модда. Мувофиқликни баҳолаш органларининг бирлашмалари

Мувофиқликни баҳолаш органлари ўз фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларни ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда мувофиқликни баҳолаш органларининг бирлашмаларини тузиши мумкин.


30-модда. Низоларни ҳал этиш

Мувофиқликни баҳолаш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


31-модда. Мувофиқликни баҳолаш тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Мувофиқликни баҳолаш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


32-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


33-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов



"Халқ сўзи", 2013 йил 5 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 14 октябрь, 41-сон, 542-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2013 йил, 10-сон, 262-модда

































Время: 0.2065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск