Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари /

Фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссияси тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 07.10.2013 й. 274-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 7 октябрдаги

274-сон қарорига

3-ИЛОВА



Фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссияси тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссияси (кейинги ўринларда Яраштириш комиссияси деб аталади) фаолиятини тартибга солади.


2. Яраштириш комиссияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, Фуқаролар йиғини тўғрисидаги Низомга, фуқаролар йиғини ва унинг кенгаши қарорларига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.


3. Яраштириш комиссияси ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.



II. ЯРАШТИРИШ КОМИССИЯСИНИНГ

МАҚСАДИ ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Яраштириш комиссиясининг мақсади фуқароларнинг оилада ва маҳаллаларда тинч-осойишта, ҳамжиҳатликда яшашига кўмаклашиш, оилавий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини миллий ва маънавий қадриятларимизга таянган ҳолда кенг тарғиб этиш орқали маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга кўмаклашишдан иборат.


5. Қуйидагилар Яраштириш комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

оилавий низолар, ёшлар тарбиясига эътиборсизлик ҳолатлари, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиши, ичкиликбозлик ҳамда гиёҳвандлик иллатларига берилиши, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши - оилалар барбод бўлишининг асосий сабабларидан бири эканлигини, оилалардаги тинч-тотувлик маҳаллалардаги маънавий муҳит барқарорлиги, шунингдек оиланинг соғломлиги жамият мустаҳкамлиги ҳамда мамлакат барқарорлиги билан узвий боғлиқлигини фуқароларга тушунтириш ва йиғилишларда муҳокама этиб бориш;

йигит ва қизларни оила қуришга руҳий-маънавий жиҳатдан тайёрлашга кўмаклашиш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишларини ташкил этиш, оиланинг муқаддаслиги ва жамиятнинг асосий бўғини эканлигини ёшлар онгига сингдиришга қаратилган ташвиқот ишларини амалга ошириш;

эр-хотин, қайнона ва келин, яқин қариндошлар, қўни-қўшнилар ўртасидаги низоларни бартараф этиш, бузилган муносабатларни тиклашга доир амалий чоралар кўриш;

суд ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан никоҳдан ажрашишга ариза билан мурожаат қилган эр-хотинларни яраштириш учун тегишли чоралар кўриш бўйича хабар олингандан сўнг ярашиш учун белгиланган муддат тугашидан ўн кун аввал уларни яраштириш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида тегишли равишда суд ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органини хабардор қилиш;

миллий қадриятларимизга зид ҳолда мунтазам равишда нотинч яшаётган, қўни-қўшничилик муносабатлари ҳамда маҳалладаги осойишталикнинг бузилишига сабабчи бўлаётган оилаларни, турли ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида оилаларнинг турмуш тарзи ва муҳитини ўрганиб, маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омилларга барҳам бериш чора-тадбирлари амалга оширилишини ташкил этиш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги билимларни тарғиб қилишга доир профилактика тадбирларини амалга ошириш;

ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турган, айниқса илгари судланган, оилада ва турмушда мунтазам равишда ҳуқуқбузарликларга йўл қўювчи, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахслар билан профилактика ишлари олиб боришда иштирок этиш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш;

намунали оилалар, уларда фарзанд тарбияси, оила аъзолари ўртасидаги ибратли муносабатларни оммалаштириш;

тўйлар ва бошқа маросимларни ихчам, кенг аҳоли манфаатларини, миллий қадриятларимиз ва ибратли анъаналаримизни ҳисобга олган ҳолда ўтказишни аҳоли ўртасида тарғиб қилиш ва бу борадаги ижобий тажрибаларни оммалаштириш.

Яраштириш комиссияси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


6. Яраштириш комиссияси ўз вазифаларини амалга оширишда фуқаролар йиғини ҳудудидаги ички ишлар органлари профилактика инспектори, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ёшлар иттифоқининг ҳудуддаги корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич ташкилотлари, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролар йиғини кенгаши аъзолари, профилактика (катта) инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича бошқа комиссиялар билан ҳамкорлик қилади.

7. Яраштириш комиссияси ушбу Низомда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда Яраштириш комиссияси аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида чиқишларни ташкил этиши мумкин.



III. ЯРАШТИРИШ КОМИССИЯСИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Яраштириш комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолияти учун зарур бўлган маълумотларни тегишли ташкилотлардан белгиланган тартибда олиш тўғрисида, зарур ҳолларда маълумотларни жойига бориб ўрганиш ҳақида фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш;

фаолият йўналишига оид у ёки бу масалалар юзасидан қабул қилган қарорларини фуқаролар йиғини кенгашида кўриб чиқиш учун тақдим этиш;

маҳалла ва оилалардаги маънавий муҳитни ўрганиш ва улардаги ҳолат тўғрисида тўлиқ маълумот олиш учун фарзандлари ўқиётган таълим муассасаларидан зарур маълумотларни белгиланган тартибда олиш;

маҳаллалар ва оилалардаги тинч-осойишталик, ҳамжиҳатликка салбий таъсир этувчи омилларни ҳамда бунга сабабчи бўлган шахсларни аниқлаш, салбий ҳолатларнинг сабаблари ва оқибатларини бартараф этиш ҳақида фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш;

низолашаётган эр-хотин ва яқин қариндошлар ўртасидаги мол-мулк, мероснинг бўлинишида ўз ваколати доирасида иштирок этиш;

никоҳдан ажралиш ҳолати қайд этилган оилаларда болаларнинг ота-онасининг қайси бири билан яшаши, болаларнинг фарзандликка олиниши ёки махсус муассасаларга, шу жумладан, "Меҳрибонлик" ва "Мурувват" уйларига жойлаштирилиши масаласининг белгиланган тартибда ҳал қилинишида ўз фикрини билдириш;

зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида зарур ахборот ва тушунтиришлар олиш учун ўз мажлисларига давлат органларининг масъул ходимларини, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакилларини, мутахассисларни ва бошқа шахсларни таклиф этиш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

тўйлар ва бошқа маросимларни ихчам, кенг аҳоли манфаатларини, миллий қадриятларимиз ва ибратли анъаналаримизни ҳисобга олган ҳолда ўтказиш бўйича фуқаролар йиғинига тавсиялар бериш;

ушбу Низомда белгиланган вазифаларни бажаришда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш.


9. Яраштириш комиссиясининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

ўз фаолиятида қонунчиликка ва мазкур Низом талабларига қатъий риоя қилиш;

мазкур Низомда белгиланган вазифаларни амалга ошириш;

маҳалла ва оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигининг бузилиши, фуқаролар қадр-қимматининг камситилиши, ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига йўл қўймаслик;

фуқаролар йиғини фаолиятида фаол иштирок этиш, фуқаролар йиғини ва кенгашининг қарорларини амалиётга татбиқ этиш орқали маҳалланинг нуфузи, обрў-эътиборини мустаҳкамлаш ва таъсирини ошириш;

йўналиши бўйича тарғибот ишларини самарали ва мақсадли тарзда мунтазам равишда амалга ошириш;

қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган ҳолларда тегишли органларга хабар бериш тўғрисида фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш.


10. Яраштириш комиссияси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ҳамда мажбуриятларни бажариши мумкин.


11. Яраштириш комиссиясига аён бўлган сирларнинг ўзгаларга ошкор қилиниши қатъиян тақиқланади.


12. Яраштириш комиссияси раиси ва унинг аъзолари:

ўз фаолияти давомида фуқаролар билан хушмуомала ва холис бўлишлари;

ўз билимларини, айниқса инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда оила соҳасидаги ҳуқуқий билимларини ошириб боришлари зарур.



IV. ЯРАШТИРИШ КОМИССИЯСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Яраштириш комиссияси фуқаролар йиғини томонидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловидан сўнг бир ой ичида 8 - 12 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Яраштириш комиссияси аъзолари сони фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли сони ҳамда иш ҳажмига қараб белгиланади.


14. Яраштириш комиссияси таркибига фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ўринбосарларидан бири, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталарининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси, фуқаролар йиғини ҳудудидаги ички ишлар органлари профилактика инспекторлари, имом-хатиб, таълим муассасалари раҳбарлари ёки уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, қишлоқ врачлик пункти (оилавий поликлиника) вакили, ҳаётий тажрибага эга бўлган, намунали оила бошлиқлари, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган ҳамда ўзининг тарбиявий таъсирини ўтказа оладиган маҳалла фаоллари, шу жумладан, ташаббускор ёшлар киритилиши мумкин.

15. Яраштириш комиссияси аъзолари ва раиси фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан уч йил муддатга сайланади.

Комиссияга раҳбарлик, қоида тариқасида, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан амалга оширилади.

Яраштириш комиссияси таркибига номзод сифатида кўрсатилган шахс, агар фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган ҳисобланади.

Яраштириш комиссияси аъзоси муддатидан аввал Яраштириш комиссияси таркибидан чиқса, Яраштириш комиссиясининг янги аъзоси бир ой муддат ичида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан сайланади.


16. Яраштириш комиссияси раиси:

мажлисларни чақиради ва ўтказади;

Яраштириш комиссиясининг жорий ишларини ташкил қилади;

фуқаролар йиғини, йиғин кенгаши мажлисларида унинг номидан вакил бўлади;

Яраштириш комиссияси номидан чиқадиган ҳужжатларни имзолайди.


17. Яраштириш комиссияси раиси ушбу Низомда белгиланган вазифаларни Яраштириш комиссияси аъзолари ўртасида тақсимлайди ҳамда Яраштириш комиссияси аъзолари томонидан ўзларига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлайди.

Яраштириш комиссияси ўзининг биринчи ташкилий йиғилишида аъзолар ичидан Яраштириш комиссияси раисининг ўринбосарини сайлайди.

Яраштириш комиссияси раиси ўринбосарининг вазифалари Яраштириш комиссияси раиси томонидан фуқаролар йиғини кенгаши билан келишилган ҳолда белгиланади. Яраштириш комиссияси раиси узрли сабабларга кўра бўлмаган ҳолларда, раис ўринбосари унинг вазифасини бажаради.


18. Комиссия раиси ёки аъзоси қуйидаги ҳолларда фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан Комиссия таркибидан чиқарилади:

ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;

ушбу Низомда назарда тутилган ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаганда;

Комиссия фаолиятига тааллуқли масалаларга доир фуқаролар йиғини мажлисларида узрли сабабларсиз иштирок этмаганда, унинг топшириқларини бажармаганда;

фуқаролар йиғинининг обрўсига путур етказувчи ҳаракатлар, ножўя ишлар содир этганда;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда ёки муомала лаёқати чекланганда;

суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

суднинг қонуний кучга кирган қарори билан бедарак йўқолган деб топилганда ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

белгиланган тартибда бошқа ҳудудга кўчиб кетганда;

соғлиғининг ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;

вафот этган тақдирда.

Комиссия раиси ёки аъзоси Комиссия таркибидан чиқарилганда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) бир ой муддат ичида Комиссиянинг янги раиси ёки аъзосини сайлайди.


19. Вазифалар тақсимоти ҳамда унга асосан тузилган Яраштириш комиссиясининг йиллик, чораклик иш режалари Яраштириш комиссияси йиғилишида муҳокама қилинади ва фуқаролар йиғини кенгаши томонидан тасдиқланади.

Яраштириш комиссияси иш режаси ижроси юзасидан Яраштириш комиссияси аъзоларининг амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари ҳар ойда Яраштириш комиссияси йиғилишларида эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилиб борилади.

Яраштириш комиссияси йиғилиши, агар унинг ишида аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Яраштириш комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган қарор қабул қилинган ҳисобланади.


20. Фуқаролар йиғини масъул котиби Яраштириш комиссиясининг котиби ҳисобланади ва Яраштириш комиссияси йиғилишларининг баёнини юритади ва қарорлар ижросини назорат қилади.


21. Яраштириш комиссияси ўз фаолияти тўғрисида ҳар ойда фуқаролар йиғини кенгашига, йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғинига ҳисобот бериб боради.


22. Яраштириш комиссиясини зарур жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек Яраштириш комиссияси аъзоларини моддий рағбатлантириш учун маҳаллий бюджет маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маблағлардан ташкил топган фуқаролар йиғини мулки ҳисобидан фуқаролар йиғини кенгаши қарорига асосан пул маблағлари ажратилиши мумкин.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


23. Яраштириш комиссиясини тугатиш ва унинг фаолиятини қайта ташкил этиш тегишли фуқаролар йиғини бирлаштирилганда, бўлинганда, тугатилганда ва чегаралари ўзгартирилганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи қарорига мувофиқ амалга оширилади.


24. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 14 октябрь, 41-сон, 549-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 10-сон, 71-модда



































Время: 0.2185
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск