Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари /

Фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияси тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 07.10.2013 й. 274-сон қарорига 6-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 7 октябрдаги

274-сон қарорига

6-ИЛОВА



Фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан

ишлаш бўйича комиссияси тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) фаолиятини тартибга солади.


2. Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, Фуқаролар йиғини тўғрисидаги Низомга, фуқаролар йиғини ва унинг кенгаши қарорларига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.


3. Комиссия ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.



II. КОМИССИЯНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Комиссия фаолиятининг мақсади фуқаролар йиғини ҳудудида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, ёш авлодни тарбиялаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги, оилада маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантиришдаги ўрнини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишига кўмаклашишдан иборат.


5. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги, оилада маънавий-ахлоқий муҳитни янада яхшилашдаги ўрнини ошириш, оилани мустаҳкамлашга, аҳоли саломатлиги ва соғлом турмуш тарзини миллий қадриятларимизга таянган ҳолда кенг тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш ва амалга ошириш;

хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини оширишга кўмаклашиш;

хотин-қизларнинг соғлиғини сақлаш, соғлом оилани шакллантириш, оилавий ва аёллар спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш ҳамда ушбу йўналишда қабул қилинган давлат дастурлари ижросини таъминлашда иштирок этиш;

хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш;

ёш оилаларнинг ажралиш ҳолатлари, нотинч оилаларнинг юзага келиш сабабларини чуқур таҳлил этиш орқали уларни бартараф этишга оид чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашиш;

оила қурадиган ёшларнинг оила, жамият олдидаги бурчи ва масъулиятини англаб етишлари, "мустаҳкам оила" ғоясининг амалий ифодасини таъминлаш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш;

вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлиги, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, уларни вужудга келтирадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга кўмаклашиш;

"Оила - маҳалла - таълим муассасаси" ҳамкорлик механизмини кучайтириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар мажмуасининг амалга оширилишига кўмаклашиш;

оилаларга вояга етмаганларнинг маънавий, ахлоқий, ҳуқуқий, эстетик, жисмоний, меҳнат тарбиясида иштирок этишда, уларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда кўмаклашиш;

аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш;

хотин-қизларни иш билан таъминлашда, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, ҳунар ўрганиш, касаначилик билан шуғулланиш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича дастурларнинг ижросини амалга оширишда кўмаклашиш;

маҳаллада, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар (хотин-қизлар ўртасида турли жиноятлар, ўз жонига қасд қилиш, фоҳишабозлик, гиёҳвандлик, вояга етмаган қизларни эрта турмушга бериш кабилар) юзага келишининг олдини олиш ва уларни бартараф этишга қаратилган тарғибот ишларини амалга ошириш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган хотин-қизлар ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган вояга етмаганларни ишга жойлаштириш, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишида кўмаклашиш;

хорижга чиқиб кетаётган ва хориждан келаётган хотин-қизлар ҳисобини олиб бориш, уларнинг оилалари аҳволидан хабардор бўлиб туриш, хорижда ишлаб келган хотин-қизларнинг тиббий кўрикдан ўтиши ва ишга жойлашишига кўмаклашиш;

ички ишлар органлари ҳисобида турувчи хотин-қизлар билан ишлашда ички ишлар органлари профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш;

намунали оилалар, уларда фарзанд тарбияси, оила аъзолари ўртасидаги ибратли муносабатларни оммалаштириш;

тўйлар ва бошқа маросимларни ихчам, кенг аҳоли манфаатларини, миллий қадриятларимиз ва ибратли анъаналаримизни ҳисобга олган ҳолда ўтказиш бўйича хотин-қизлар ўртасида тарғиб қилиш ва ижобий тажрибаларни оммалаштириш.

Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


6. Комиссия ўз вазифаларини амалга оширишда Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) бўлинмалари, ҳудуддаги таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлардаги бошланғич ташкилотлар, ички ишлар органлари профилактика инспектори, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг маслаҳатчилари, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталарининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси, профилактика (катта) инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари, "Ота-оналар университети", фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича бошқа комиссиялар билан ҳамкорлик қилади.

7. Комиссия ушбу Низомда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда Комиссия аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида чиқишларни ташкил этиши мумкин.



III. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолияти учун зарур бўлган маълумотларни тегишли ташкилотлардан белгиланган тартибда олиш тўғрисида, зарур ҳолларда маълумотларни жойига бориб ўрганиш ҳақида фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш;

фаолият йўналишига оид у ёки бу масалалар юзасидан қабул қилган қарорларини фуқаролар йиғини кенгашида кўриб чиқиш учун тақдим этиш;

фарзанд тарбияси борасида ибратли бўлган оналарни, иқтидорли қизларни рағбатлантириш, шунингдек ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан кенг қўллаб-қувватлаш бўйича фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш;

хотин-қизларни ишга жойлаштириш, уларнинг тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва касаначилик ишлари билан шуғулланишларига кўмаклашиш юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарларига мурожаат қилишда фуқаролар йиғини кенгашига таклиф киритиш;

ушбу Низомда белгиланган вазифаларни бажаришга доир тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш;

ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўз мажлисларига давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакилларини, мутахассисларни ва бошқа шахсларни жалб қилиш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш.


9. Комиссиянинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

ўз фаолиятида қонунчиликка ва мазкур Низом талабларига қатъий риоя қилиш;

мазкур Низомда белгиланган вазифаларни амалга ошириш;

маҳалла ва оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигининг бузилишига, фуқароларнинг қадр-қиммати камситилишига, ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига йўл қўймаслик;

фуқаролар йиғини фаолиятида фаол иштирок этиш, фуқаролар йиғини ва кенгашининг қарорларини амалиётга татбиқ этиш орқали маҳалланинг нуфузи, обрў-эътиборини мустаҳкамлаш ва таъсирини ошириш;

йўналиши бўйича тарғибот ишларини самарали ва мақсадли тарзда мунтазам равишда амалга ошириш;

қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган ҳолларда тегишли органларга хабар бериш тўғрисида фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш.


10. Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ҳамда мажбуриятларни бажариши мумкин.


11. Комиссияга аён бўлган сирларнинг ўзгаларга ошкор қилиниши қатъиян тақиқланади.


12. Комиссия раиси ва унинг аъзолари:

ўз фаолияти давомида фуқаролар билан хушмуомала ва холис бўлишлари;

ўз билимларини, айниқса инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда оила соҳасидаги ҳуқуқий билимларини ошириб боришлари зарур.



IV. КОМИССИЯНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Комиссия фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловидан сўнг бир ой ичида 8 - 12 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Комиссия аъзолари сони фуқаролар йиғинидаги аҳоли сонига ҳамда иш ҳажмига қараб белгиланади.


14. Комиссия таркибига ички ишлар органларининг профилактика инспектори, таълим муассасалари, қишлоқ врачлик пункти (оилавий поликлиника), Хотин-қизлар қўмитаси ва Ёшлар иттифоқининг ҳудуддаги корхона ва ташкилотлардаги бошланғич ташкилотлари вакиллари, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталарининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси, шунингдек ҳаётий тажрибага, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган ҳамда ўзининг тарбиявий таъсирини ўтказа оладиган фаол аёллар, шу жумладан, ташаббускор ёшлар киритилиши мумкин.

15. Комиссия аъзолари ва раиси фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан уч йил муддатга сайланади.

Комиссияга раҳбарлик, қоида тариқасида, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис томонидан амалга оширилади.

Комиссия таркибига номзод сифатида кўрсатилган шахс, агар фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган ҳисобланади.

Комиссия аъзоси муддатидан аввал Комиссия таркибидан чиқса, Комиссиянинг янги аъзоси бир ой муддат ичида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан сайланади.


16. Комиссия раиси:

мажлисларни чақиради ва ўтказади;

Комиссиянинг жорий ишларини ташкил қилади;

фуқаролар йиғини, йиғин кенгаши мажлисларида унинг номидан вакил бўлади;

Комиссия номидан чиқадиган ҳужжатларни имзолайди.


17. Комиссия раиси ушбу Низомда белгиланган вазифаларни Комиссия аъзолари ўртасида тақсимлайди ҳамда Комиссия аъзолари томонидан ўзларига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлайди.

Комиссия ўзининг биринчи ташкилий йиғилишида аъзолар ичидан Комиссия раисининг ўринбосарини ва Комиссия котибини сайлайди.

Комиссия раиси ўринбосарининг вазифалари Комиссия раиси томонидан фуқаролар йиғини кенгаши билан келишилган ҳолда белгиланади. Комиссия раиси узрли сабабларга кўра бўлмаган ҳолларда раис ўринбосари унинг вазифасини бажаради.


18. Комиссия раиси ёки аъзоси қуйидаги ҳолларда фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан Комиссия таркибидан чиқарилади:

ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;

ушбу Низомда назарда тутилган ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаганда;

Комиссия фаолиятига тааллуқли масалаларга доир фуқаролар йиғини мажлисларида узрли сабабларсиз иштирок этмаганда, унинг топшириқларини бажармаганда;

фуқаролар йиғинининг обрўсига путур етказувчи ҳаракатлар, ножўя ишлар содир этганда;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда ёки муомала лаёқати чекланганда;

суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

суднинг қонуний кучга кирган қарори билан бедарак йўқолган деб топилганда ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

белгиланган тартибда бошқа ҳудудга кўчиб кетганда;

соғлиғининг ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;

вафот этган тақдирда.

Комиссия раиси ёки аъзоси Комиссия таркибидан чиқарилганда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) бир ой муддат ичида Комиссиянинг янги раиси ёки аъзосини сайлайди.


19. Вазифалар тақсимоти ҳамда унга асосан тузилган Комиссиянинг йиллик, чораклик иш режалари Комиссия йиғилишида муҳокама этилади ва фуқаролар йиғини кенгаши томонидан тасдиқланади.

Комиссия иш режаси ижроси юзасидан Комиссия аъзоларининг амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари ҳар ойда Комиссия йиғилишларида эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилиб борилади.

Комиссия йиғилиши, агар унинг ишида аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган қарор қабул қилинган ҳисобланади.


20. Комиссия котиби йиғилишларнинг баёнини юритади ва қарорлар ижросини назорат қилади.


21. Комиссия ўз фаолияти тўғрисида ҳар ойда фуқаролар йиғини кенгашига, йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғинига ҳисобот бериб боради.


22. Комиссияни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек Комиссия аъзоларини моддий рағбатлантириш учун маҳаллий бюджет маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маблағлардан ташкил топган фуқаролар йиғини мулки ҳисобидан фуқаролар йиғини кенгаши қарорига асосан пул маблағлари ажратилиши мумкин.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


23. Комиссияни тугатиш ва унинг фаолиятини қайта ташкил этиш, тегишли фуқаролар йиғини бирлаштирилганда, бўлинганда, тугатилганда ва чегаралари ўзгартирилганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи қарорига мувофиқ амалга оширилади.


24. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 14 октябрь, 41-сон, 549-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 10-сон, 71-модда







































Время: 0.1587
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск