Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари /

Фуқаролар йиғинининг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 07.10.2013 й. 274-сон қарорига 9-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 7 октябрдаги

274-сон қарорига

9-ИЛОВА



Фуқаролар йиғинининг экология ва атроф

муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва

кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Фуқаролар йиғинининг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) фаолиятини тартибга солади.

2. Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, Фуқаролар йиғини тўғрисидаги Низомга, фуқаролар йиғини ва унинг кенгаши қарорларига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.


3. Комиссия ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.



II. КОМИССИЯНИНГ МАҚСАДИ ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Комиссиянинг мақсади атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фуқаролар йиғини ҳудудининг санитария ва экология ҳолатини назорат қилиш, уни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга доир чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.


5. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари, умумдавлат ҳамда ҳудудий дастурларда белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлашда иштирок этиш, ушбу жараёнга кенг жамоатчиликни жалб қилиш;

ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилишини таъминлашда, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва уларнинг санитария ҳолатини яхшилашга доир тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;

Давлат экология қўмитаси инспекторлари билан биргаликда ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб этган ҳолда яшил дов-дарахтларни санитар қирқиш ва кесишда, шунингдек, уларни қайта ишлаш ва чиқиндиларни утилизация қилиш, шу жумладан, ёғочлардан тижорат мақсадида фойдаланишда экология талабларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;

аҳолининг уйларни, ҳовлилардаги биноларни, ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ораста сақлаш, болалар ва спорт майдончаларини жиҳозлаш, йўллар, кўприклар, кўчалар, коммунал тармоқларни қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш ва яроқли ҳолда сақлаш, тарих ва маданият ёдгорликларини, қабристонларни таъмирлаш ишларида ихтиёрийлик асосида қатнашишларини ташкил этиш, шу жумладан туман, шаҳар ҳокимлиги томонидан ажратилган моддий ва бошқа маблағларни, фуқаролар йиғини маблағларини ушбу мақсадларда ишлатиш, ҳашарлар уюштириш, кўриклар ва танловлар ўтказишда фуқаролар йиғини кенгашига кўмаклашиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ободонлаштириш масалалари юзасидан фуқаролар йиғинининг ваколатлари доирасида ҳудудда жойлашган ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш бўйича таклифлар киритиш;

ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, умумий фойдаланишдаги жойларни, шунингдек кам таъминланган оилаларнинг уйлари ва хонадонларини таъмирлаш, ушбу мақсадда аҳолидан ихтиёрийлик асосида маблағ йиғиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш юзасидан фуқаролар йиғинига таклиф киритиш;

ҳудудда ёқилғи, электр ва иссиқлик энергияси ҳамда сувдан тежамли фойдаланиш ва уларнинг беҳуда сарфланишини камайтиришга доир тадбирлар ўтказиш;

аҳоли пунктлари, сув таъминоти манбалари, турар жойлар, мактаблар ва бошқа таълим муассасаларининг санитария ва экологик ҳолати устидан назоратнинг амалга оширилишига кўмаклашиш;

фуқаролар йиғини аъзоларини табиий офатларга қарши курашга ва уларнинг оқибатларини тугатишга жалб этишда фуқаролар йиғини кенгашига кўмаклашиш;

ҳавони тозалаш хусусиятига эга бўлган, инсонлар саломатлигига хавф туғдирмайдиган, аллергик хасталикларни қўзғатмайдиган мевали ва манзарали дарахт, бута ва гул кўчатларини экишга оид чора-тадбирларни амалга ошириш;

аҳоли томонидан чиқиндиларнинг белгиланган жойларга ташланишини назорат қилиш, мавсумий хазонлар ёқилишининг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

фуқаролар йиғини аъзоларининг атроф табиий муҳит тозалигини сақлаш, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича амалга ошираётган ибратли ишлари ва ижобий тажрибаларини оммалаштириш ҳақида фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

фуқаролар йиғини аъзоларининг экологик маданиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш, фуқароларнинг атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишига доир тарғибот ишларини амалга ошириш.

Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


6. Комиссия ўз вазифаларини амалга оширишда туман (шаҳар) табиатни муҳофаза қилиш инспекциялари, коммунал хизматлар кўрсатиш ташкилотлари, экология соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлар, ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари, таълим муассасалари, Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг маслаҳатчилари, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталарининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси, профилактика (катта) инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича бошқа комиссиялар билан ҳамкорлик қилади.

7. Комиссия ушбу Низомда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда Комиссия аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида чиқишларни ташкил этиши мумкин.



III. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолияти учун зарур бўлган маълумотларни тегишли ташкилотлардан белгиланган тартибда олиш тўғрисида, зарур ҳолларда маълумотларни жойига бориб ўрганиш ҳақида фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш;

фаолият йўналишига оид у ёки бу масалалар юзасидан қабул қилган қарорларини фуқаролар йиғини кенгашида кўриб чиқиш учун тақдим этиш;

ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш ва фуқаролар йиғини томонидан тасдиқлаш учун йиғин кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этиш;

атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштиришга оид тадбирлар ташкил этиш юзасидан фуқаролар йиғини кенгашига таклиф киритиш;

ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўз мажлисларига давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакилларини, мутахассисларни ва бошқа шахсларни жалб қилиш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

ушбу Низомда белгиланган вазифаларни бажаришда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш.


9. Комиссиянинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

ўз фаолиятида қонунчиликка ва мазкур Низом талабларига қатъий риоя қилиш;

мазкур Низомда белгиланган вазифаларни амалга ошириш;

маҳалла ва оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигининг бузилишига, фуқароларнинг қадр-қиммати камситилишига, ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига йўл қўймаслик;

фуқаролар йиғини фаолиятида фаол иштирок этиш, фуқаролар йиғини ва кенгашининг қарорларини амалиётга татбиқ этиш орқали маҳалланинг нуфузи, обрў-эътиборини мустаҳкамлаш ва таъсирини ошириш;

йўналиши бўйича тарғибот ишларини самарали ва мақсадли тарзда мунтазам равишда амалга ошириш;

қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган ҳолларда тегишли органларга хабар бериш тўғрисида фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш.


10. Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ҳамда мажбуриятларни бажариши мумкин.


11. Комиссияга аён бўлган сирларнинг ўзгаларга ошкор қилиниши қатъиян тақиқланади.


12. Комиссия раиси ва унинг аъзолари:

ўз фаолияти давомида фуқаролар билан хушмуомала ва холис бўлишлари;

ўз билимларини, айниқса инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқий билимларини ошириб боришлари зарур.



IV. КОМИССИЯНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Комиссия фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловидан сўнг бир ой ичида 10 - 15 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Комиссия аъзолари сони фуқаролар йиғинидаги аҳоли сонига ҳамда иш ҳажмига қараб белгиланади.


14. Комиссия таркибига ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари, таълим муассасалари, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари, Ёшлар иттифоқининг ҳудуддаги корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич ташкилотининг вакиллари, шунингдек ҳаётий тажрибага, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган ҳамда ўзининг тарбиявий таъсирини ўтказа оладиган фаол фуқаролар, шу жумладан, ташаббускор ёшлар киритилиши мумкин.

15. Комиссия аъзолари ва раиси фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан уч йил муддатга сайланади.

Комиссияга раҳбарлик, қоида тариқасида, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг маслаҳатчиси томонидан амалга оширилади.

Комиссия таркибига номзод сифатида кўрсатилган шахс, агар фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган ҳисобланади.

Комиссия аъзоси муддатидан аввал Комиссия таркибидан чиқса, Комиссиянинг янги аъзоси бир ой муддат ичида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан сайланади.


16. Комиссия раиси:

мажлисларни чақиради ва ўтказади;

Комиссиянинг жорий ишларини ташкил қилади;

фуқаролар йиғини, йиғин кенгаши мажлисларида унинг номидан вакил бўлади;

Комиссия номидан чиқадиган ҳужжатларни имзолайди.


17. Комиссия раиси ушбу Низомда белгиланган вазифаларни Комиссия аъзолари ўртасида тақсимлайди ҳамда Комиссия аъзолари томонидан ўзларига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлайди.

Комиссия ўзининг биринчи ташкилий йиғилишида аъзолар ичидан Комиссия раисининг ўринбосарини ва Комиссия котибини сайлайди.

Комиссия раиси ўринбосарининг вазифалари Комиссия раиси томонидан фуқаролар йиғини кенгаши билан келишилган ҳолда белгиланади. Комиссия раиси узрли сабабларга кўра бўлмаган ҳолларда раис ўринбосари унинг вазифасини бажаради.


18. Комиссия раиси ёки аъзоси қуйидаги ҳолларда фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан Комиссия таркибидан чиқарилади:

ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;

ушбу Низомда назарда тутилган ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаганда;

Комиссия фаолиятига тааллуқли масалаларга доир фуқаролар йиғини мажлисларида узрли сабабларсиз иштирок этмаганда, унинг топшириқларини бажармаганда;

фуқаролар йиғинининг обрўсига путур етказувчи ҳаракатлар, ножўя ишлар содир этганда;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда ёки муомала лаёқати чекланганда;

суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

суднинг қонуний кучга кирган қарори билан бедарак йўқолган деб топилганда ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

белгиланган тартибда бошқа ҳудудга кўчиб кетганда;

соғлиғининг ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;

вафот этган тақдирда.

Комиссия раиси ёки аъзоси Комиссия таркибидан чиқарилганда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) бир ой муддат ичида Комиссиянинг янги раиси ёки аъзосини сайлайди.


19. Вазифалар тақсимоти ҳамда унга асосан тузилган Комиссиянинг йиллик, чораклик иш режалари Комиссия йиғилишида муҳокама қилинади ва фуқаролар йиғини кенгаши томонидан тасдиқланади.

Комиссия иш режаси ижроси юзасидан Комиссия аъзоларининг амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари ҳар ойда Комиссия йиғилишларида эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилиб борилади.

Комиссия йиғилиши, агар унинг ишида аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган қарор қабул қилинган ҳисобланади.


20. Комиссиянинг котиби йиғилишларнинг баёнини юритади ва қарорлар ижросини назорат қилади.


21. Комиссия ўз фаолияти юзасидан ҳар ойда фуқаролар йиғини кенгашига, йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғинига ҳисобот бериб боради.


22. Комиссияни зарур жиҳозлар билан таъминлашга, шунингдек Комиссия аъзоларини моддий рағбатлантириш учун маҳаллий бюджет маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маблағлардан ташкил топган фуқаролар йиғини мулки ҳисобидан фуқаролар йиғини кенгаши қарорига асосан пул маблағлари ажратилиши мумкин.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


23. Комиссияни тугатиш ва унинг фаолиятини қайта ташкил этиш тегишли фуқаролар йиғини бирлаштирилганда, бўлинганда, тугатилганда ва чегаралари ўзгартирилганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи қарорига мувофиқ амалга оширилади.


24. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 14 октябрь, 41-сон, 549-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 10-сон, 71-модда


































Время: 0.2139
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск