Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари /

Фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 07.10.2013 й. 274-сон қарорига 10-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 7 октябрдаги

274-сон қарорига

10-ИЛОВА



Фуқаролар йиғинининг жамоатчилик

назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини

ҳимоя қилиш бўйича комиссияси тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) фаолиятини тартибга солади.


2. Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, Фуқаролар йиғини тўғрисидаги Низомга, фуқаролар йиғини ва унинг кенгаши қарорларига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.


3. Комиссия ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.



II. КОМИССИЯНИНГ МАҚСАДИ ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Комиссиянинг мақсади фуқаролар йиғини ҳудудида қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун кенг жамоатчиликни жалб этиш, аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини оширишга доир ишларни фаоллаштиришга кўмаклашишдан иборат.


5. Комиссия қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширади:

қонун ҳужжатларининг, шунингдек фуқаролар йиғини қарорларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан коммунал хизматлар кўрсатиш сифати устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза этиш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғини томонидан йилнинг ҳар чорагида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг фуқаролар йиғинлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитишни ташкил этиш ҳақида фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш масалалари юзасидан тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш ҳақида фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

фуқаролар йиғини кенгаши қарорига асосан тегишли ҳудуднинг, сув таъминоти манбаларининг, турар жойларнинг, таълим муассасаларининг санитария ва экология ҳолати, ёнғинга қарши хавфсизлик талабларига, ҳайвонлар сақлашнинг ветеринария-санитария қоидаларига, савдо қоидаларига ва фуқароларга хизмат кўрсатиш маданиятига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда тегишли давлат органларига кўмаклашиш;

ишлаб чиқарувчилар, ижрочилар, сотувчилар ҳамда аҳоли ўртасида "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини тарғиб қилиш орқали уларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш;

истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолати бўйича, чоралар кўриш учун тегишли давлат органларига мурожаат қилиш ҳақида фуқаролар йиғинига таклиф киритиш;

фуқаролар томонидан коммунал хизматлар ҳақини тўлиқ ва ўз вақтида тўлашларини фуқаролар йиғини кенгаши томонидан назорат қилишга кўмаклашиш;

фуқаролар йиғини томонидан йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларнинг ҳамда тафтиш комиссиясининг раислари ҳисоботларини эшитиш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

фуқаролар йиғини аъзолари томонидан тўйлар ва бошқа маросимларнинг тавсия этилган меъёрлар асосида ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда қатнашиш;

ваколатли давлат органларига ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларга истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги вазифаларини амалга оширишга кўмаклашиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳақида аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш.

Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


6. Комиссия ўз вазифаларини амалга оширишда давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, шунингдек фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг маслаҳатчилари, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталарининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси, профилактика (катта) инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари ва фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича бошқа комиссиялар билан ҳамкорлик қилади.

7. Комиссия ушбу Низомда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда Комиссия аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида чиқишларни ташкил этиши мумкин.



III. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жамоатчилик назоратини амалга ошириш шаклларини мустақил белгилаш;

фаолияти учун зарур бўлган маълумотларни тегишли ташкилотлардан белгиланган тартибда олиш тўғрисида, зарур ҳолларда, маълумотларни жойига бориб ўрганиш ҳақида фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш;

фаолият йўналишига оид у ёки бу масалалар юзасидан қабул қилган қарорларини фуқаролар йиғини кенгашида кўриб чиқиш учун тақдим этиш;

оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилиш ҳақида фуқаролар йиғини кенгашига таклиф киритиш;

давлат органлари ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан жамоатчилик аҳамиятига эга бўлган сўровномаларни юбориш ҳақида фуқаролар йиғини кенгашига таклиф киритиш;

ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўз мажлисларига давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакилларини, мутахассисларни ва бошқа шахсларни жалб қилиш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

ушбу Низомда белгиланган вазифаларни бажаришда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш.


9. Қуйидагилар Комиссиянинг мажбуриятлари ҳисобланади:

ўз фаолиятида қонунчиликка ва мазкур Низом талабларига қатъий риоя қилиш;

мазкур Низомда белгиланган вазифаларни амалга ошириш;

маҳалла ва оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигининг бузилишига, фуқароларнинг қадр-қиммати камситилишига, ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига йўл қўймаслик;

фуқаролар йиғини фаолиятида фаол иштирок этиш, фуқаролар йиғини ва кенгашининг қарорларини амалиётга татбиқ этиш орқали маҳалланинг нуфузи, обрў-эътиборини мустаҳкамлаш ва таъсирини ошириш;

йўналиши бўйича тарғибот ишларини самарали ва мақсадли тарзда мунтазам равишда амалга ошириш;

қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган ҳолларда тегишли органларга хабар бериш тўғрисида фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш.


10. Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ҳамда мажбуриятларни бажариши мумкин.


11. Комиссияга аён бўлган сирларнинг ўзгаларга ошкор қилиниши қатъиян тақиқланади.


12. Комиссия раиси ва унинг аъзолари:

ўз фаолияти давомида фуқаролар билан хушмуомала ва холис бўлишлари;

ўз билимларини, айниқса жамоатчилик назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш, шунингдек истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ҳуқуқий билимларини ошириб боришлари зарур.



IV. КОМИССИЯНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Комиссия фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловидан сўнг бир ой ичида 8 - 10 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Комиссия аъзолари сони фуқаролар йиғинидаги аҳоли сонига ҳамда иш ҳажмига қараб белгиланади.


14. Комиссия таркибига, қоида тариқасида, ҳудуддаги нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, шунингдек ҳаётий тажрибага, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган ҳамда ўзининг тарбиявий таъсирини ўтказа оладиган фаол фуқаролар, шу жумладан, ташаббускор ёшлар киритилиши мумкин.


15. Комиссия аъзолари ва раиси фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан уч йил муддатга сайланади.

Комиссияга раҳбарлик, қоида тариқасида, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг маслаҳатчиси томонидан амалга оширилади.

Комиссия таркибига номзод сифатида кўрсатилган шахс, агар фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган ҳисобланади.

Комиссия аъзоси муддатидан аввал Комиссия таркибидан чиқса, Комиссиянинг янги аъзоси бир ой муддат ичида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан сайланади.


16. Комиссия раиси:

мажлисларни чақиради ва ўтказади;

Комиссиянинг жорий ишларини ташкил қилади;

фуқаролар йиғини, йиғин кенгаши мажлисларида унинг номидан вакил бўлади;

Комиссия номидан чиқадиган ҳужжатларни имзолайди.


17. Комиссия раиси ушбу Низомда белгиланган вазифаларни Комиссия аъзолари ўртасида тақсимлайди ҳамда Комиссия аъзолари томонидан ўзларига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлайди.

Комиссия ўзининг биринчи ташкилий йиғилишида аъзолар ичидан Комиссия раисининг ўринбосарини ва Комиссия котибини сайлайди.

Комиссия раиси ўринбосарининг вазифалари Комиссия раиси томонидан фуқаролар йиғини кенгаши билан келишилган ҳолда белгиланади. Комиссия раиси узрли сабабларга кўра бўлмаган ҳолларда раис ўринбосари унинг вазифасини бажаради.


18. Комиссия раиси ёки аъзоси қуйидаги ҳолларда фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан Комиссия таркибидан чиқарилади:

ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;

ушбу Низомда назарда тутилган ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаганда;

Комиссия фаолиятига тааллуқли масалаларга доир фуқаролар йиғини мажлисларида узрли сабабларсиз иштирок этмаганда, унинг топшириқларини бажармаганда;

фуқаролар йиғинининг обрўсига путур етказувчи ҳаракатлар, ножўя ишлар содир этганда;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда ёки муомала лаёқати чекланганда;

суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

суднинг қонуний кучга кирган қарори билан бедарак йўқолган деб топилганда ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

белгиланган тартибда бошқа ҳудудга кўчиб кетганда;

соғлиғининг ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;

вафот этган тақдирда.

Комиссия раиси ёки аъзоси Комиссия таркибидан чиқарилганда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) бир ой муддат ичида Комиссиянинг янги раиси ёки аъзосини сайлайди.


19. Вазифалар тақсимоти ҳамда унга асосан тузилган Комиссиянинг йиллик, чораклик иш режалари Комиссия йиғилишида муҳокама қилинади ва фуқаролар йиғини кенгаши томонидан тасдиқланади.

Комиссия иш режаси ижроси юзасидан Комиссия аъзоларининг амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари ҳар ойда Комиссия йиғилишларида эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилиб борилади.

Комиссия йиғилиши, агар унинг ишида аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган қарор қабул қилинган ҳисобланади.


20. Комиссиянинг котиби йиғилишларнинг баёнини юритади ва қарорлар ижросини назорат қилади.


21. Комиссия ўз фаолияти юзасидан ҳар ойда фуқаролар йиғини кенгашига, йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғинига ҳисобот бериб боради.


22. Комиссияни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек Комиссия аъзоларини моддий рағбатлантириш учун маҳаллий бюджет маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маблағлардан ташкил топган фуқаролар йиғини мулки ҳисобидан, фуқаролар йиғини кенгаши қарорига асосан пул маблағлари ажратилиши мумкин.



V. КОМИССИЯ ТОМОНИДАН МУРОЖААТЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ


23. Комиссияга келиб тушган мурожаатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


24. Комиссия котиби томонидан мазкур Низомга иловага мувофиқ шаклда Фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиясига тушган ёзма ва оғзаки мурожаатларни ҳамда уларни кўриб чиқиш натижаларини қайд қилиш дафтари юритилади.

Комиссияга келиб тушган мурожаатларни ҳамда уларни кўриб чиқиш натижаларини қайд қилиш дафтари рақамланган, тикилган ва фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан имзоланган ва муҳрланган бўлиши шарт. Комиссияга келиб тушган мурожаатлар ҳамда уларни кўриб чиқиш натижаларини қайд қилиш дафтари йилнинг 1 январидан бошланиб, 31 декабрида тугалланади.

Комиссияга келиб тушган мурожаатларни ҳамда уларни кўриб чиқиш натижаларини қайд қилиш дафтари 3 йил мобайнида сақланиши зарур.


25. Мурожаатларни кўриб чиқишда ишлаб чиқарувчилар, ижрочилар, сотувчилар томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишига алоқадор ҳолатлар аниқланган тақдирда Комиссия чора кўриш учун тегишли давлат органларига мазкур мурожаатларни юбориш ҳақида фуқаролар йиғини кенгашига таклиф киритади.



VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26. Комиссияни тугатиш ва унинг фаолиятини қайта ташкил этиш тегишли фуқаролар йиғини бирлаштирилганда, бўлинганда, тугатилганда ва чегаралари ўзгартирилганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи қарорига мувофиқ амалга оширилади.


27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Намунавий низомга

ИЛОВА



Фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати

ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

бўйича  комиссиясига  тушган  ёзма  ва  оғзаки

мурожаатларни ҳамда уларни кўриб чиқиш

натижаларини қайд қилиш

ДАФТАРИ


Т/р

Мурожаат қилган фуқаронинг

фамилияси, исми, отасининг исми

ёки хўжалик субъектининг номи

(манзили, телефони)


Мурожаат

тури

(ёзма ёки

оғзаки)


Мурожаат

қилинган сана

(кун, ой, йил)


Мурожаат

мазмуни


Ижрочи,

масъул

шахс


Амалга

оширилган

чора-тадбирлар


Натижа


Изоҳ























"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 14 октябрь, 41-сон, 549-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 10-сон, 71-модда
































Время: 0.1593
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск