язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Хорижий инвестициялар. Хориждан маблағ жалб қилиш/ Ўзбекистон Республикасининг 30.04.1998 й. 609-I-сон "Чет эл инвестициялари тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.04.1998 й.

N 609-I



ЧЕТ ЭЛ ИНВЕСТИЦИЯЛАРИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Қонуннинг мақсад ва вазифалари


Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл инвестициялари амалга оширилишининг ҳуқуқий асослари ва тартибини белгилаб беради.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари:

чет эл инвестициялари кириб келишини рағбатлантириш йўли билан Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантириш ва унинг жаҳон иқтисодий тизимига қўшилишига кўмаклашишдан;

чет элнинг молиявий, моддий, интеллектуал ва бошқа ресурсларини, замонавий хорижий технологияларни ва бошқарув тажрибасини жалб этиш ҳамда улардан оқилона фойдаланишдан иборат.



2-модда. Чет эл инвестициялари

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Чет эл инвестициялари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун, Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида чет эл инвестициялари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Чет эл инвестициялари

Чет эллик инвесторлар томонидан тадбиркорлик фаолияти ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турдаги фаолият объектларига қўшиладиган барча турдаги моддий ва номоддий бойликлар ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар, шу жумладан интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар, шунингдек реинвестициялар чет эл инвестициялари деб эътироф этилади.

Чет эллик инвесторлар томонидан Ўзбекистон Республикасида чет эл инвестицияларидан олинган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тадбиркорлик фаолияти ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турдаги фаолият объектларига қўшиладиган ҳар қандай даромад, шу жумладан фойда, фоизлар, дивидендлар, роялти, лицензия ва воситачилик ҳақлари, техникавий ёрдам, техник хизмат кўрсатиш учун тўловлар ҳамда бошқа шаклдаги мукофотлар реинвестициялар деб эътироф этилади.



4-модда. Чет эллик инвесторлар


Ўзбекистон Республикасида чет эллик инвесторлар қуйидагилар бўлиши мумкин:

чет эл давлатлари, чет эл давлатларининг маъмурий ёки ҳудудий органлари;

давлатлараро битимлар ёки бошқа шартномаларга мувофиқ ташкил топган ёки халқаро оммавий ҳуқуқ субъектлари бўлган халқаро ташкилотлар;

чет эл давлатларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил топган ва фаолият кўрсатиб келаётган юридик шахслар, бошқа ҳар қандай ширкатлар, ташкилотлар ёки уюшмалар;

чет давлат фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий равишда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар.


5-модда. Чет эл инвестицияларини

амалга ошириш шакллари


Чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестицияларни қуйидаги йўллар билан амалга оширишлари мумкин:

Ўзбекистон Республикасининг юридик ва (ёки) жисмоний шахслари билан биргаликда ташкил этилган хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг, банклар, суғурта ташкилотлари ва бошқа корхоналарнинг устав жамғармаларида ва бошқа мол-мулкида улуш қўшиб қатнашиш;

чет эллик инвесторларга тўлиқ қарашли бўлган хўжалик жамиятлари ва ширкатларини, банклар, суғурта ташкилотлари ва бошқа корхоналарни барпо этиш ва ривожлантириш;

мол-мулк, акциялар ва бошқа қимматли қоғозларни сотиб олиш;

интеллектуал мулкка, шу жумладан муаллифлик ҳуқуқлари, патентлар, товар белгилари, фойдали моделлар, саноат намуналари, фирма номлари ва ноу-хауга, шунингдек ишчанлик нуфузига (гудвиллга) ҳуқуқлар киритиш;

концессиялар, шу жумладан, табиий ресурсларни қидириш, ишлаб чиқиш, қазиб олиш ёки улардан фойдаланишга бўлган концессиялар олиш;

савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари объектларига, тураржой биноларига улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда мулк ҳуқуқини, шунингдек ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш (шу жумладан, ижара асосида фойдаланиш) ҳамда табиий ресурсларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқларини сотиб олиш;

маҳсулот тақсимотига оид битимларга мувофиқ ер қаъри участкаларида конларни аниқлаш, қидириш ҳамда фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ҳуқуқини олиш орқали.

Чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестицияларни амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шаклларда ҳам амалга оширишлари мумкин.

Чет эл инвестициялари бирламчи ёки такроран амалга оширилаётган шаклларининг ўзгартирилиши уларнинг инвестиция сифатидаги моҳияти ўзгаришига олиб келмайди.


6-модда. Чет эл инвестициялари

иштирокидаги корхоналар


Чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ташкил этишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ўзларига берилган барча ҳуқуқлар, кафолатлар ва имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар деганда акцияларининг (улушлари, пайларининг) ёки устав жамғармасининг камида ўттиз фоизини чет эл инвестициялари ташкил этадиган корхоналар тушунилади. Улар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид келмайдиган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклларда фаолият кўрсатадилар. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона қатнашчиларидан бири ушбу Қонун 4-моддасининг иккинчи, учинчи ёки тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган чет эллик инвестор бўлиши шарт.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона уни таъсис этиш йўли билан ёки илгари чет эл инвестициялари иштирокисиз таъсис этилган корхонада иштирок этиш улушини (пайини, акцияларини) ёхуд бундай корхонани бутунлай, шу жумладан, хусусийлаштириш жараёнида чет эллик инвестор томонидан сотиб олиниши натижасида ташкил этилиши мумкин.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона давлат рўйхатига олинган пайтдан эътиборан юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатига олиш, шунингдек зарур рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тегишли давлат органи томонидан "бир дарча" принципи бўйича амалга оширилади.


7-модда. Чет эл инвестициялари иштирокидаги

корхоналарнинг шўъба корхоналари,

филиаллари ва ваколатхоналари


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган шўъба корхоналар, филиаллар, шунингдек юридик шахс бўлмаган ваколатхоналар ва бошқа алоҳида бўлинмалар ташкил этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг шўъба корхоналари, филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа алоҳида бўлинмалари ташкил этилиши мумкин.



8-модда. Корхоналарнинг хўжалик бирлашмалари


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ихтиёрий равишда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уюшмалар, концернлар, корпорациялар, консорциумлар ва бошқа хўжалик бирлашмалари ташкил этиши, амал қилиб турган бирлашмалар таркибига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида кириши мумкин.


9-модда. Ўзбекистон Республикаси

ҳудудидаги чет эл инвестициялари

учун ҳуқуқий режим


Давлат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эллик инвесторлар инвестиция фаолиятини амалга оширишлари чоғида уларнинг барча ҳуқуқларини кафолатлайди ва ҳимоя қилади.

Чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари учун адолатли ва тенг ҳуқуқли режим, уларнинг тўлиқ ва доимий ҳимояси ҳамда хавфсизлиги таъминланади. Бундай режим Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгилаб қўйилган режимга қараганда ноқулайроқ бўлиши мумкин эмас.

Чет эл инвестицияларининг ҳуқуқий режими Ўзбекистон Республикаси юридик ва жисмоний шахслари томонидан амалга оширилаётган инвестицияларнинг тегишли режимига қараганда ноқулайроқ бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлиги манфаатларини ҳимоя этиш мақсадида иқтисодиёт ва фаолиятнинг муайян соҳаларида чет эл инвестициялари учун чеклашлар ёки тақиқ назарда тутилган бўлиши мумкин.

Чет эллик инвесторларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан кафолатланган ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилганда уларни тиклаш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари, шу жумладан, халқаро шартномалари билан тартибга солинади.


10-модда. Чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқлари


Чет эллик инвестор халқаро ҳуқуқ принциплари ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

инвестициялашни амалга оширишнинг ҳажмлари, турлари ва йўналишларини мустақил белгилаш;

инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузиш;

ўзининг инвестицияларига ва инвестиция фаолиятининг натижаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш. Чет эллик инвесторнинг қарорига биноан инвестицияларга, уларнинг натижаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш, уларни тасарруф этиш ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа юридик ва жисмоний шахсларга берилиши мумкин. Ҳуқуқлар бошқа шахсга берилганда тарафларнинг ўзаро муносабатлари шартномалар асосида тартибга солинади;

Ўзбекистон Республикасидаги инвестиция фаолияти натижасида олинган ўзига қарашли ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарини чет элларда ва Ўзбекистон Республикасида патентлаштириш тўғрисида мустақил равишда қарор қабул қилиш;

инвестиция фаолияти натижасида олинган даромадни солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин мустақил ва эркин тасарруф этиш (шу жумладан уни монеликсиз репатриация қилиш);

Ўзбекистон Республикасига кредитлар ва қарзлар тариқасида пул маблағлари жалб этиш;

ўз ҳисобварағидаги миллий валюта маблағларидан ички валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш учун фойдаланиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва шартларда ер участкаларига доир ҳуқуқларни сотиб олиш;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ, ўзига мулк ҳуқуқи асосида қарашли бўлган мол-мулк ва ҳар қандай мулкий ҳуқуқлардан зиммага олган мажбуриятларнинг, шу жумладан, қарз маблағларини жалб этишга қаратилган мажбуриятларнинг барча турлари бўйича таъмин сифатида фойдаланиш;

ўз инвестициялари ва бошқа активлари реквизиция қилинган тақдирда мутаносиб равишда товон олиш;

давлат бошқарув органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ҳамда қарорлари натижасида етказилган зарарларни ундириш.

Чет эллик инвесторлар - жисмоний шахслар, чет эллик инвесторлар - юридик шахсларнинг мансабдор шахслари чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарда ўз улушлари (ҳиссалари, акциялари) мавжуд бўлган бутун даврда тегишли кўп марталик визалар олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиш ва унда қолиш ҳуқуқига эга.

Чет эллик инвестор Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадир.


11-модда. Чет эллик инвесторларнинг мажбуриятлари


Чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестиция фаолиятини амалга оширганда:

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этишлари;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлашлари;

инвестициялаш муносабати билан ўз зиммаларига олган шартнома мажбуриятлари бўйича жавоб беришлари;

инвестиция лойиҳаларида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларидан келиб чиқадиган санитария-гигиена, экологияга оид ва бошқа талабларга риоя этилганлиги хусусида экспертиза хулосасини олишлари;

ўз рақобатчиларига нисбатан қўшимча имтиёзлар ва афзалликлар олиш мақсадида инвестиция фаолияти бўйича шерикларига ёки давлат бошқарув органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бевосита ва (ёки) билвосита ноқонуний таъсир ўтказишнинг ҳар қандай шаклларидан ўзларини тийишлари шарт.

Чет эллик инвестор Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига риоя этмаганлик учун умумий асосларда жавобгар бўлади ҳамда ўзига мулк ҳуқуқи асосида қарашли бўлган, Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ ундириш қаратилиши мумкин бўлган ўзининг мол-мулки билан жавоб беради.



12-модда. Чет эллик инвесторларнинг

хўжалик фаолияти


Чет эллик инвесторларнинг хўжалик фаолияти, шу жумладан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, уларнинг шўъба корхоналари, филиаллари ва бошқа тузилмаларини, шунингдек хўжалик уюшмалари ва бирлашмаларини ташкил этиш, сотиш, қайта ташкил этиш ёки тугатиш, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг фондларини шакллантириш, ижара шартномалари ва бошқа шартномаларни тузиш бўйича фаолияти Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлайди.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган, чет эллик инвесторнинг пул шаклидаги ҳиссаси камида беш миллион АҚШ долларидан иборат бўлган корхоналар солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ўзгарган тақдирда, улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан ўн йил мобайнида улар давлат рўйхатига олинган санада амал қилиб турган, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашга доир нормалар ҳамда қоидаларни қўллашга ҳақлидир.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналари ўзлари давлат рўйхатидан ўтказилган санада амалда бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан беш йил ичида қўллашга ҳақлидир. Мазкур ҳуқуқ божхона тўловлари, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, ер солиғи, ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқлар ва махсус тўловларга татбиқ этилмайди.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг чет эл валютасидаги барча харажатлари уларнинг ўз валюта тушумлари ҳисобига, шунингдек чет эл валютасини олишнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида рухсат этилган бошқа манбалари ҳисобига таъминланиши лозим. Уларнинг валютада ўзини ўзи қоплаши тузиладиган консорциумлар, бирлашмалар ва бошқа ташкилий тузилмалар доирасида ҳам таъминланиши мумкин.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари талабларига риоя этган ҳолда экспорт-импорт операцияларини мустақил равишда амалга оширадилар. Ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотни экспорт қилганларида бундай маҳсулот лицензияланмайди ва квоталанмайди.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун маҳсулотни лицензиясиз импорт қилишга ҳақли. Экспортга чиқариладиган ўзининг ишлаб чиқарган маҳсулотини ва корхоналар томонидан ўз эҳтиёжлари учун импорт қилинадиган маҳсулотни аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулк бож ундиришдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади. Чет эллик инвесторлар, чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий равишда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкдан божхона божи ундирилмайди.

Чет эллик инвесторларга ҳамда чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга тегишли, уларнинг инвестициялари сифатида қўшиладиган ихтироларни патентлаш ва саноат намуналарини жорий этиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар корхона фондлари рўйхатини, уларни вужудга келтириш ва улардан фойдаланиш тартибини мустақил равишда белгилайди.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ходимларининг меҳнат муносабатлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ходимларининг пенсия таъминоти Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва шартларда ер участкалари сотиб олишлари мумкин.

Иморатлар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи бошқага ўтаётганда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда шу объектлар билан биргаликда ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтади.

Чет эллик инвесторларга мол-мулкни ижарага бериб қўйиш ижарага берувчи томонидан шартномалар асосида ва қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоб-китобни ва ҳисоботни амалга оширадилар. Улар бухгалтерия дафтарлари ва ёзувларини Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида, шунингдек ўз хоҳишларига кўра, эркин айрбошланадиган валютада юритадилар.


13-модда. Концессия шартномалари


Чет эллик инвесторларга табиий ресурсларни қидириш, қазиб олиш ва улардан фойдаланиш ҳамда бошқа хўжалик фаолиятини юритиш учун концессиялар бериш чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувининг ваколатли органлари билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузадиган концессия шартномалари асосида амалга оширилади.

Концессияларга, агар улар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бўлса ва тузиладиган концессия шартномаларининг мақсадларига жавоб берса, фаолиятнинг барча соҳалари ва турларида йўл қўйилади.


14-модда. Чет эллик ходимларни жалб этиш


Чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ инвестиция фаолиятини амалга ошириш мақсадида ҳар қандай чет давлат фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий равишда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар билан меҳнат шартномаларини эркин тузиш ҳуқуқига эга. Бундай шахслар меҳнат шартномаси амал қилишининг бутун даврида тегишли кўп марталик визалар олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиш ва унда қолиш ҳуқуқига эга.

Чет эллик ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, уларга таътиллар бериш, уларни пенсия билан таъминлаш масалалари уларнинг ҳар бири билан тузилган меҳнат шартномаларида ҳал этилиши лозим. Бундай ходимлар иш ҳақи ва қонуний йўл билан олган ўзга даромадларини бошқа давлатларга, қонунда белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин, бирон-бир чекловсиз ўтказишлари мумкин.

Чет эллик инвестор, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона чет эллик ходим доимий яшайдиган мамлакатдаги тегишли фондларга шу ходим учун пенсия таъминоти тўловларини ўтказади.


15-модда. Юриш эркинлиги


Инвестиция фаолияти билан боғлиқ ҳолда Ўзбекистон Республикасида бўлиб турган чет эллик инвесторлар, уларнинг вакиллари ва чет эллик ходимлар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида эркин юриш ҳуқуқига эгадирлар.

Башарти, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида эркин юришга чекловлар белгиланган бўлса, фақат миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадларини кўзлаб муайян чекловлар қўлланилиши мумкин.



16-модда. Чет эл инвестицияларини суғурта қилиш


Инвестициялар ва чет эллик инвесторларнинг таваккалчилигини суғурта қилиш ихтиёрий равишда амалга оширилади.

Чет эллик инвесторлар мамлакатнинг ўз инвесторлари билан тенг равишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний фаолият кўрсатаётган ҳар қандай суғурта ҳимояси ҳуқуқидан фойдаланадилар. Чет эл инвестицияларини сиёсий ва бошқа хавфлардан суғурта қилиш халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг экспорт кредит агентликлари, бошқа суғурта компаниялари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Чет эл инвестицияларини суғурта қилишни амалга оширувчи суғурта ташкилотлари Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди. Давлат суғурта ташкилотларининг мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди, тарафларнинг келишувида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Чет эл инвестицияларини суғурта қилиш сиёсий ва бошқа хавфлардан, шу жумладан:

мулкнинг экспроприация қилинишини, шунингдек мулкнинг олиб қўйилиши ёки бошқа шахсга ўтказилишига, мулк ёки у орқали олинадиган даромадлар устидан назорат қилиш имконияти йўқотилишига олиб келувчи ҳар қандай қонун чиқаришга оид ёки маъмурий чораларни;

чет эл валютасини мамлакатдан ташқарига ўтказишга чекловлар жорий этилишини;

қонун ҳужжатларига инвесторларнинг айрим гуруҳларига нисбатан камситиш тусидаги ўзгартишлар киритилишини;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва улар мансабдор шахсларининг инвесторларнинг шартномавий муносабатларига аралашувини;

урушлар, фуқароларнинг ғалаёнлари ёки бошқа шу каби ҳодисаларни;

чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари билан боғлиқ ўзга турдаги сиёсий ҳамда бошқа хавфларни ўз ичига олувчи хавфлардан суғурта ҳимояси ва кафолатларни таъминлайди.


17-модда. Мажбуриятларни таъминлаш


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг мол-мулки ва мулкий ҳуқуқларидан корхона зиммасидаги барча турдаги мажбуриятларини таъминлаш, шу жумладан, заём маблағларини жалб қилиш кафолати сифатида фойдаланиши мумкин. Унинг савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларига, шунингдек жойлашган ер участкалари билан биргаликда уй-жой биноларига бўлган мулк ҳуқуқи, бинолар, иншоотлар, ускуналарга бўлган мулкий ҳуқуқлари ҳамда бошқа ашёвий ҳуқуқларидан мажбуриятларнинг таъмини сифатида фойдаланилиши мумкин.

Чет эллик инвестор ўзига мулк ҳуқуқида тегишли барча мол-мулки ва мулкий ҳуқуқларидан, уларнинг қаерда жойлашганлигидан қатъи назар, ўз мажбуриятларининг таъмини сифатида фойдаланиши мумкин.


18-модда. Чет эл инвестициялари иштирокидаги

корхонани қайта ташкил этиш ёки тугатиш


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.

Давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан бир йил ичида ўз устав фондини таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирмаган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, белгиланган тартибда тугатилади. Шу билан бирга ўз устав фондини белгиланган муддатда таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантира олмаган корхона уни амалда шакллантириб улгурган, аммо қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан оз бўлмаган даражада камайтириши ёки ўзи бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга айлантирилиши мумкин.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона тугатилганида унинг активларига белгиланган тартибда солиқ солинади. Активларнинг қолган қисми, башарти таъсис ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона қатнашчилари ўртасида уларнинг корхона мол-мулкидаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.

Чет эллик инвестор чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонадан чиқиб кетган ёки бу корхона тугатилган тақдирда, корхона мол-мулкидаги ўз улуши пул ёки бозор баҳосига мувофиқ равишда товар шаклида қайтарилиши ҳуқуқини олади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона қайта ташкил этилган ёки тугатилганда меҳнат шартномалари бекор бўлган ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ кафолатланади.


19-модда. Чет эл инвестициялари

бўйича давлат мажбуриятлари


Давлат, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари чет эл инвесторлари билан тузилган тегишли шартномаларда ўз зиммасига олган, ваколатлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган шахслар имзолаган мажбуриятлар бўйичагина жавоб берадилар.

Давлат чет эл инвестицияларини жалб этаётган Ўзбекистон Республикаси резидентларининг мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди, бундай мажбуриятлар қонунда белгиланган тартибда давлат томонидан кафолатланган ҳоллар бундан мустасно.

Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, банклар томонидан чет эллик инвесторларнинг ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти билан боғлиқ қўшимча талаблар ва чекловлар белгилаш тақиқланади.

20-модда. Чет эл инвестицияларини жалб этишни

амалга оширувчи органларнинг вазифалари


Чет эл инвестицияларини жалб этиш, рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш мақсадида ҳукумат томонидан ваколат берилган орган, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек ҳукуматга қарашли бўлмаган манфаатдор ташкилотлар:

Ўзбекистон Республикасида инвестиция фаолиятининг имкониятлари ва шарт-шароитлари тўғрисида ахборот тайёрлайдилар ҳамда тарқатадилар;

потенциал инвесторларга фаолиятнинг юридик, иқтисодий ва бошқа жиҳатлари бўйича маслаҳатлар берадилар ҳамда юзага келувчи масалаларни ҳал этишда зарур ёрдам кўрсатадилар;

чет эллик инвесторлар фаолиятининг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқадилар;

чет эл инвестициялари масалалари бўйича халқаро муносабатларда ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўрадилар;

чет эл инвестицияларини жалб этиш, рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилишга қаратилган бошқа вазифаларни бажарадилар.



21-модда. Чет эллик инвесторларнинг

фаолияти устидан назорат қилиш бўйича

давлат органларининг ваколатлари


Чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этиши устидан назоратни солиқ органлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ваколат берган бошқа давлат органлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида амалга оширадилар.

Назорат қилувчи орган назорат вазифаларини амалга оширишда тижорат сири сақланишини таъминлаши шарт. Тижорат сирини ошкор қилиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига биноан таъқиб қилинади.


22-модда. Ўзаро зид қоидалар


Мазкур Қонуннинг қоидалари билан Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ўртасида бирон-бир номувофиқлик бўлган ҳолда, чет эллик инвесторлар учун бирмунча қулай бўлган қоидалар устувор кучга эга бўлади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси", 1998 й., N 5-6, 91-модда