Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Алоқа /

Ўзбекистон Республикасининг 31.08.2000 й. 118-II-сон "Почта алоқаси тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

31.08.2000 й.

N 118-II



ПОЧТА АЛОҚАСИ ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади почта алоқасини ташкил этиш, унинг фаолияти ва ривожланиши соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.



2-модда. Почта алоқаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Почта алоқаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг почта алоқаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


абонентлик почта жавони - тураржой биносининг кириш йўлаги (вестибюли)да, шунингдек, хат-хабарлар ва даврий нашрлар етказиладиган участкада адресатларнинг ёзма хат-хабарлар ва даврий нашрларни олишлари учун ўрнатиладиган, қулфланадиган қутичалардан иборат махсус жавон;


адресат - почта жўнатмаси, пул маблағларининг почта ўтказмаси, телеграф хабарлари ва бошқа хабарлар йўлланган юридик ёки жисмоний шахс;


ёзма хат-хабарлар - оддий, буюртма ва қимматли хатлар, бандероллар, оддий ва буюртма почта варақчалари ҳамда секограммалари (кўзи ожизлар учун), шунингдек, майда пакетлар;


миллий оператор - почта алоқаси миллий оператори, яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан зиммасига

Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида универсал хизматларни мажбурий равишда кўрсатиш вазифаси юклатилган оператор;


номли буюм - ҳужжатлар ва почта жўнатмаларига почта алоқаси объектининг номи, почта жўнатмаси қабул қилинган ва етказилган сана ҳамда бошқа маълумотлардан иборат тамға туширувчи қурилма;


оператор - почта алоқаси оператори, яъни мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида почта алоқаси тармоғига эгалик қилувчи ва почта алоқаси хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс;


почта алоқаси - почта жўнатмаларини, шунингдек, пул маблағларининг почта ўтказмаларини жўнатиш (қабул қилиш, ишлов бериш, ташиш, ўтказиш)ни ва етказиб бериш (топшириш)ни таъминловчи техник ва транспорт воситаларининг ягона ишлаб чиқариш-технология мажмуини ўзида мужассамлаштирган алоқа тури;


почта алоқаси воситалари - почта алоқаси хизматларини кўрсатиш учун фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, техника ва транспорт воситалари, шунингдек, почта конвертлари, варақчалари ва идишлар;


почта алоқаси объектлари - почта алоқаси операторларининг алоҳида бўлинмалари, яъни почтамтлар, почта алоқаси узеллари, бўлимлари ва пунктлари, шунингдек, темирйўл станциялари ва аэропортлар қошидаги почта алмашиш пунктлари;


почта алоқаси тармоғи - почта алоқаси объектлари ва почта йўналишлари мажмуи;


почта алоқаси хизматлари - оператор ёки провайдернинг почта жўнатмаларини, шунингдек, пул маблағларининг почта ўтказмаларини жўнатиш бўйича фаолияти;


почта жўнатмалари - манзили кўрсатилган ёзма хат-хабарлар, посилкалар, тўғри жўнатилувчи почта контейнерлари ва тегишлича ўровдаги босма нашрлар;


почта индекси - почта алоқаси объекти манзилининг шартли белгиси;


почта тўловининг давлат белгилари - почта жўнатмаларидаги почта алоқаси хизматлари ҳақи тўланганлигини тасдиқловчи почта маркаси ва франкирлаш машинасининг тамға изи;


почта қутиси - оддий хатлар ва почта варақчаларини йиғишга мўлжалланган, белгиланган шакл ва ўлчамдаги, оператор ёки провайдернинг қулфланадиган махсус қутиси;


провайдер - почта алоқаси хизматлари провайдери, яъни фойдаланувчиларга почта алоқаси хизматларини тижорат асосида почта алоқаси операторининг тармоғи орқали кўрсатувчи юридик ёки жисмоний шахс;


пул маблағларининг почта ўтказмаси - почта алоқаси оператори ёки провайдерининг почта алоқаси ва телекоммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда пул маблағларини жўнатишдан иборат хизмати;


таянч пунктининг почта жавони - почта жўнатмаларини етказиш участкасида почта жўнатмаларини вақтинча сақлаш ёки адресат почта жўнатмаларини олиши учун мўлжалланган, қулфланадиган махсус жавон;


умумий фойдаланишдаги почта алоқаси - барча юридик ва жисмоний шахслар фойдаланиши учун оммавий шартнома шартлари асосида очиқ бўлган почта алоқасининг тури;


универсал хизматлар - почта алоқасининг универсал хизматлари, яъни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умумий фойдаланишдаги почта алоқасининг ёзма хат-хабарларни жўнатиш бўйича барча фойдаланувчиларга кўрсатиладиган хизматлари;


фойдаланувчи - почта алоқаси хизматидан фойдаланувчи, яъни почта алоқаси хизматларининг истеъмолчиси ҳисобланган юридик ёки жисмоний шахс;


франкирлаш машинаси - ёзма хат-хабарларга почта алоқаси хизматлари учун ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи почта тўловининг давлат белгиларини, ушбу хат-хабарларни қабул қилиш санасини ва бошқа маълумотларни туширишга мўлжалланган машина;


қимматли почта жўнатмалари - фойдаланувчи томонидан жўнатиш вақтида жойланма қиймати эълон қилинган почта жўнатмалари.



4-модда. Почта алоқаси фаолиятининг асосий принциплари

Почта алоқаси соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:

ҳамма фойдаланувчилар учун очиқлиги;

Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида почта жўнатмалари транзитининг эркинлиги;

умумий фойдаланишдаги почта алоқаси фаолиятида иштирок этишда юридик ва жисмоний шахсларнинг тенг ҳуқуқлилиги;

ҳар бир шахснинг ёзишмалари ва почта жўнатмалари сир тутилиши ҳуқуқини таъминлаш;

почта алоқаси соҳасида стандартлар, қоидалар ва нормаларнинг ягоналиги.



5-модда. Почта алоқаси мулки

Почта алоқасининг мол-мулки оммавий ёки хусусий бўлиши мумкин.

Почта алоқасининг мулкдорлари қонун билан кафолатланган тенг ҳуқуқларга эгадир.



6-модда. Почта алоқаси турлари

Ўзбекистон Республикасида почта алоқаси умумий фойдаланишдаги почта алоқаси ва махсус мўлжалланган почта алоқасига бўлинади.

Умумий фойдаланишдаги почта алоқаси оператор ва провайдерлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида почта алоқаси фаолиятининг ягона принциплари асосида амалга оширилади.

Махсус мўлжалланган почта алоқаси қуйидагиларга бўлинади:

почта алоқаси соҳасида махсус ваколатли органнинг махсус алоқаси;

давлат фельдъегерлик алоқаси;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг фельдъегерлик-почта алоқаси.

Махсус мўлжалланган почта алоқасининг фаолияти қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.



7-модда. Почта алоқаси соҳасини давлат томонидан

тартибга солиш ва бошқариш

Почта алоқаси соҳасини давлат томонидан тартибга солиш ягона илмий-техникавий сиёсатни шакллантириш, лицензиялаш, сертификатлаштириш, солиқ солиш йўли билан, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа воситалар билан амалга оширилади.

Почта алоқаси соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган махсус ваколатли орган (бундан буён - махсус ваколатли орган деб юритилади) томонидан амалга оширилади.



8-модда. Махсус ваколатли орган

Махсус ваколатли орган:

почта алоқасини ривожлантириш миллий дастурларини амалга оширади;

умумий фойдаланишдаги почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларини (бундан буён - почта қоидалари деб юритилади) тасдиқлайди;

универсал хизматлар тарифини тартибга солади;

почта алоқасининг техник воситаларини белгиланган талабларга мувофиқлигига доир сертификатлаштириш ишларини ташкил этади;

давлат почта тўлов белгиларининг намуналарини тасдиқлайди ва уларни нашр этиш, муомалага киритиш ва муомаладан чиқариш тартибини белгилайди;

операторлар ва провайдерлар учун мажбурий бўлган почта индексларини, ёзма хат-хабарларнинг олиб кетиш даврийлиги нормативларини, шунингдек, почта жўнатмалари ўтишининг назорат муддатларини тасдиқлайди;

почта алоқаси тармоқлари ва хизматларини ривожлантириш, шунингдек, почта ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича оператор ва провайдерларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб туради;

кўрсатилаётган хизматлар сифатини назорат қилади, фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, операторлар, провайдерлар ва фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар масалаларини қараб чиқади;

кадрларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



9-модда. Универсал хизматлар

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида универсал хизматлар миллий оператор томонидан кўрсатилади.

Универсал хизматларни кўрсатиш қоидалари ва уларнинг сифатига бўлган талаблар махсус ваколатли орган томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



10-модда. Почта алоқаси хизматлари учун тўлов

Почта алоқаси хизматлари учун тўлов, оператор ёки провайдер томонидан шартнома асосида белгилаб қўйиладиган тарифлар бўйича аниқланади, универсал хизматлар бундан мустасно.

Универсал хизматлар учун тўлов қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланувчи тариф асосида аниқланади.

Ёзма хат-хабар жўнатганлик учун тўлов ёзма хат-хабарга почта тўловининг давлат белгисини тушириш орқали тасдиқланади.



11-модда. Ёзишмалар ва почта жўнатмалари сири

Ёзишмалар ва почта жўнатмалари сирини сақлаш мақсадида оператор ва провайдерларга, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно, қуйидагилар тақиқланади:

жўнатувчининг ёки адресатнинг қонуний вакилидан бошқа учинчи шахсга почта жўнатмалари ва фойдаланувчиларнинг манзиллари ҳақидаги маълумотларни ошкор этиш;

почта жўнатмасини очиш ёки очмасдан унинг жойланмасига доир маълумотларни билиб олиш;

почта жўнатмаларининг жойланмасидан бошқа шахсни хабардор қилиш.



12-модда. Оператор ва провайдерларнинг ҳуқуқлари

Оператор ва провайдерлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фойдаланувчиларга почта алоқаси хизматларини ва шартнома асосидаги бошқа хизматларни кўрсатиш;

фойдаланувчи почта қоидаларида белгиланган талабларни бузган тақдирда унга почта алоқаси хизматлари кўрсатишни тўхтатиб қўйиш;

халқаро почта алоқаси хизматларини кўрсатганлик учун чет эл мамлакатларининг почта маъмурлари ва операторлари билан ўзаро ҳисоб-китобларни юритиш;

ўз белгисига эга бўлиш ва ундан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз фаолиятида фойдаланиш.

Операторлар ва провайдерлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.



13-модда. Миллий операторнинг мутлақ ҳуқуқлари

Миллий оператор қуйидаги мутлақ ҳуқуқларга эга:

почта вагонлари ва почта қутиларига Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирини тушириш;

бошқа давлатларнинг почта маъмурлари билан почта алоқаси соҳасидаги ўзаро муносабатларда ва халқаро ташкилотларда ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш;

оддий хатлар ва почта варақчаларини жўнатиш, давлат пенсия ва нафақаларини етказиб бериш (топшириш) бўйича хизматлар кўрсатиш.



14-модда. Оператор ва провайдерларнинг мажбуриятлари

Оператор ва провайдерлар қуйидагиларга мажбурдир:

почта алоқаси соҳасидаги фаолиятни почта қоидаларига мувофиқ амалга ошириш;

фойдаланувчиларнинг почта алоқаси хизматларидан эркин фойдалана олишини таъминлаш;

почта алоқаси кўрсатаётган хизматлар сифатли бўлишини таъминлаш;

почта жўнатмалари ва пул маблағларининг бутлигини таъминлаш;

почта алоқаси хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган технологик ускуналар, механизациялаштириш, автоматлаштириш ва ахборотлаштириш воситаларига эга бўлиш;

фойдаланувчиларга почта алоқаси хизматларини кўрсатиш шартлари ва тартиби тўғрисидаги, шунингдек, почта алоқаси хизматлари тарифларининг ўзгарганлиги ҳақидаги ахборотни тақдим этиш;

почта алоқаси хизматларининг бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун фойдаланувчиларга етказилган зарарларни қонун ҳужжатларига мувофиқ қоплаш.

Оператор ва провайдерлар зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



15-модда. Оператор ва провайдерларнинг

ўз мажбуриятларини бузганлик учун жавобгарлиги

Оператор ва провайдерлар почта алоқаси хизматларини кўрсатиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик ёхуд лозим даражада бажармаганлик учун фойдаланувчилар олдида қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар. Оператор ва провайдерларнинг жавобгарлиги почта жўнатмаларини йўқотиш, бузиш (шикастлаш), жойланмаларнинг кам чиқиши, почта жўнатмаларини етказиб бермаслик (топширмаслик) ёки пул маблағларининг почта ўтказмаларини амалга оширишнинг назорат муддатларини бузиш ҳамда почта алоқаси хизматларини кўрсатишнинг белгиланган талаблари бошқача тарзда бузилган ҳолларда юзага келади.

Почта алоқаси хизматларини кўрсатишда фойдаланувчиларга етказилган зарарлар оператор ёки провайдер томонидан қуйидаги миқдорларда тўланади:

почта жўнатмалари: буюртма хат, буюртма почта варақчаси, буюртма бандерол ёки почта жўнатмасини топширганлик тўғрисидаги буюртма хабар қоғози йўқотилган ҳолларда - почта алоқаси хизматларига тўланган сумма миқдорида неустойка; посилка, қимматли бандерол ёки қимматли хат учун - эълон қилинган қийматнинг икки баробари ва почта алоқаси хизмати учун тўланган сумма миқдорида неустойка (эълон қилинган қиймат учун тариф тўлови бундан мустасно);

қимматли почта жўнатмасини жойланма рўйхати билан жўнатганда жойланманинг бир қисми етишмаган ёки бузилган (шикастланган) ҳолларда - жўнатувчи рўйхатда кўрсатган жойланманинг етишмаётган ёки бузилган (шикастланган) қисми эълон қилинган қийматининг икки баробари миқдорида;

қимматли почта жўнатмасини жойланма рўйхатисиз жўнатганда жойланманинг бир қисми йўқолган ёки бузилган (шикастланган) ҳолларда - жойланманинг етишмаётган ёки бузилган (шикастланган) қисмининг юборилган жойланма оғирлигига (почта жўнатмаси устки ўрамини истисно этганда) нисбати билан мутаносиб тарзда аниқланадиган почта жўнатмаси қиймати эълон қилинган қисмининг икки баробари миқдорида;

адресатга пул маблағларининг почта ёки телеграф ўтказмаси тўланмаганда ёки нотўғри тўланганда, агар ўтказилган пулларни адресатга беришнинг имкони бўлмай, у жўнатувчига ҳам тўланмаган бўлса - ўтказманинг тўланмаган ёки етарлича тўланмаган қисми суммаси миқдорида ҳамда почта алоқаси хизматларига тўланган сумма миқдорида неустойка;

адресатдан устама тўлов миқдорини етарлича олмаган ёки устама тўловни нотўғри тўлаганда - кам олинган ёки нотўғри тўланган устама тўлов суммаси миқдорида;

посилкалар, қимматли хатлар, қимматли бандероллар, шунингдек, пул маблағларининг почта ва телеграф ўтказмаларини белгиланган муддатлардан кўпроқ ушлаб қолган ҳолларда - ушланиб қолинган ҳар бир кун учун почта хизматларига тўланган сумманинг бир фоизи миқдорида, лекин ушбу хизматга тўланган суммадан кўп бўлмаган миқдорда неустойка. Зарарлар жўнатувчиларнинг ёки адресатларнинг талабига биноан тўланади;

авиажўнатмаларни (бандерол, посилкаларни) жўнатиш ёки етказиб бериш (топшириш)нинг белгиланган муддатларидан кўпроқ ушлаб қолган ҳолларда - авиа- ва ер усти транспортида жўнатиш ўртасидаги тўлов фарқи миқдорида ва бундан ташқари ер усти транспорти орқали жўнатишнинг белгиланган муддатларидан кўпроқ ушланганлик учун ҳар бир кечиктирилган кун учун - ушбу модда иккинчи қисмининг еттинчи хатбошисига мувофиқ;

соғломлаштириш муассасаларига йўлланмалар, авиа- ва ер усти транспорти йўл чипталари солинган қимматли хатларни жўнатиш ёки етказиб бериш (топшириш)нинг белгиланган муддатларидан кечикканлиги туфайли улардан фойдаланиш муддатлари ўтиб кетган ҳолларда - етказилган зарарнинг икки баробари миқдорида, лекин жойланма рўйхатида эълон қилинган қийматнинг икки баробаридан кўп бўлмаган миқдорда ҳамда почта алоқаси хизмати учун тўланган сумма миқдорида неустойка.

Почта жўнатмаларининг йўқолиши, бузилиши (шикастланиши), етказиб берилмагани (топширилмагани) ёки уларнинг жўнатилиши назорат муддатидан кечиккани енгиб бўлмас куч ёки почта жўнатмаси жойланмасининг хусусиятлари туфайли содир бўлганлиги исботланса, оператор ва провайдерлар жавобгар бўлмайдилар.



16-модда. Фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари

Фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида умумий фойдаланишдаги почта алоқаси хизматларидан фойдаланиш;

ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари, почта қоидалари, кўрсатилаётган хизматлар ва уларга доир тарифлар ҳақидаги ахборотлардан эркин фойдалана олиш;

ўз почта манзили бўйича, йўқлаб олиш тарзида ёки абонентлик почта жавони қутиларидан фойдаланган ҳолда почта жўнатмаларини ва пул маблағларининг почта ўтказмаларини олиш;

келган почта жўнатмалари ёки пул маблағларининг почта ўтказмаларини олишдан бош тортиш;

қиймати эълон қилинган почта жўнатмаси жойланмасининг баҳосини мустақил равишда белгилаш;

оператор ва провайдерлар томонидан ўз вақтида ҳамда сифатли хизмат кўрсатилиши;

хизмат кўрсатилмаганлиги ёки лозим даражада сифатли хизмат кўрсатилмаганлиги натижасида етказилган зарарларнинг тўланиши, маънавий зиённинг қопланишига эришиш;

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда ваколатли давлат органларига ёки судга мурожаат қилиш.

Фойдаланувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.



17-модда. Фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

Фойдаланувчилар қуйидагиларга мажбурдир:

почта қоидалари талабларига риоя этиш;

ўзларига кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлаш;

оператор ва провайдерларнинг иш сифати пасайишига қаратилган хатти-ҳаракатлар қилмаслик.

Фойдаланувчилар зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



18-модда. Даъволарни тақдим этиш

тартиби ва муддати

Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш бўйича мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда фойдаланувчи оператор ёки провайдерга даъво тақдим этиши, шу жумладан, етказилган зарар қопланишини талаб қилишга ҳақли.

Почта жўнатмасини етказмаганлик (топширмаганлик), ўз вақтида етказмаганлик ёки йўқотганлик (шикастлаганлик) ёхуд ўтказилган пул маблағларини тўламаганлик тўғрисидаги даъволар почта жўнатмаси ёки пул маблағларининг почта ўтказмаси топширилган кундан эътиборан ўн икки ой давомида тақдим этилади.

Даъволар ёзма тарзда баён этилади ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Даъволарга ёзма жавоблар қуйидаги муддатларда берилиши керак:

бир аҳоли пункти доирасида юборилган (ўтказилган) почта жўнатмалари ва пул маблағларининг почта ўтказмасига доир даъволарга - беш кун давомида;

бошқа барча почта жўнатмалари ва пул маблағларининг почта ўтказмасига доир даъволарга - бир ой давомида.

Оператор ёки провайдерларга почта жўнатмаси қабул қилинган манзил бўйича ҳам, почта жўнатмаси юборилиши белгиланган манзил бўйича ҳам даъволар тақдим этилиши мумкин.

Халқаро почта жўнатмаларини қидириб топиш бўйича даъволар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномаларида назарда тутилган тартиб ва муддатларда қабул қилинади ва кўриб чиқилади.



19-модда. Почта алоқасини давлат

томонидан қўллаб-қувватлаш

Почта алоқаси давлат томонидан қуйидаги йўллар билан қўллаб-қувватланиши мумкин:

почта алоқаси ва унинг инфратузилмасини ривожлантиришга инвестициялар жалб қилиш;

почта алоқасининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш учун молиявий ва моддий-техникавий ёрдам бериш;

белгиланган тартибда солиққа доир ва бошқа имтиёзлар бериш.



20-модда. Почта алоқаси тармоқлари

ва воситаларини ривожлантириш

ҳамда қайта таъмирлаш

Почта алоқаси тармоқлари ва воситаларини ривожлантириш ҳамда қайта таъмирлаш уларнинг мулкдорлари (эгалари) томонидан ўз маблағлари, манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Шаҳарлар, шаҳарчалар ва бошқа аҳоли пунктлари, тураржой даҳалари ва мажмуалари, алоҳида бинолар ва иншоотлар лойиҳалаштирилаётган ҳамда ривожлантирилаётганда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари белгиланган нормативларга мувофиқ почта алоқаси объектларини жойлаштириш учун бинолар қурилишини ёки алоҳида хоналар бўлишини назарда тутишлари керак.

Почта алоқаси объектларини автомобиль ва темирйўл вокзаллари, аэропортлар, бозорлар ва меҳмонхоналарда жойлаштириш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Автомобиль, темир йўл вокзаллари, аэропортлар қошида почта алоқаси объектларининг бинолари ва иншоотлари қурилиши учун ер участкалари бевосита уларга яқин жойлардан ажратилиши, шаҳарларда почтамтлар қурилиши учун эса - шаҳарнинг марказий қисмидан, почта алмашинуви учун шароитлар таъминланган ҳолда ажратилиши керак.

Аҳоли пунктлари ва айрим биноларни янгидан қуриш, кенгайтириш, қайта таъмирлаш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш туфайли почта алоқаси объектларини кўчириш (қайта қуриш) буюртмачи томонидан ўз маблағлари ҳисобига, оператор ёки провайдерларнинг техник шартлари бўйича амалга оширилади.

Почта қутилари фойдаланувчилар учун ҳамда хат ва почта варақчаларини олиб кетиш учун қулай бўлган ерларга жойлаштирилиши лозим.

Абонентлик почта жавонлари қурилиш ташкилотлари томонидан кўп қаватли биноларнинг биринчи қаватларига ўрнатилади. Абонентлик почта жавонларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатлари ушбу уйларнинг қурилиш сметаларига киритилади. Абонентлик почта жавонларини соз ҳолда сақлаб туриш таъмирлаш-фойдаланиш корхоналари томонидан, уйларнинг эгалари ёки мулкдорлари билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.

Кўп қаватли биноларда жойлашган ташкилотларга почта жўнатмалари шу ташкилотлар томонидан биноларнинг биринчи қаватларига ўрнатилган таянч пунктларининг почта жавонлари орқали етказиб берилади. Жавонларни ўрнатиш ва соз ҳолда сақлаб туриш почта жўнатмаларини олувчилар томонидан амалга оширилади.



21-модда. Почта алоқасининг транспорт

воситаларидан фойдаланиш

Оператор ва провайдерлар почта жўнатмалари ва пул маблағларини ташиш учун ўзларига тегишли бўлган транспорт почта вагонлари, автомобиллардан, шунингдек, шартнома асосида юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспортдан фойдаланади.

Оператор ва провайдерлар почта жўнатмалари ва пул маблағларини ташиш учун фойдаланадиган транспорт воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус фарқлаш белгиларига эга бўлиши мумкин.

Оператор ва провайдерларнинг почта жўнатмалари ва пул маблағларини ташиш учун фойдаланадиган транспорт воситалари уларнинг розилигисиз бошқа ишларни бажариш учун фойдаланилиши ва олиб қўйилиши мумкин эмас.

Шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда йўловчи ҳамда юкларни мунтазам ташувчи темирйўл, ҳаво ва автомобиль транспортининг хўжалик юритувчи субъектлари оператор ва провайдерлар билан почта жўнатмалари ва пул маблағларини ташиш юзасидан шартномалар тузишни рад этишга ҳақли эмаслар.

Оператор ва провайдерларнинг почта жўнатмалари ва пул маблағларини ташиш учун фойдаланадиган транспорт воситалари шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва бошқа аҳоли пунктларининг барча кўчалари бўйлаб, автомобиль йўлларида ҳеч қандай чекланишсиз юриш ҳамда автомобиль, темирйўл вокзаллари ва аэропортлар қошида жойлашган почта алоқаси объектларига, юк (багаж) мажмуаларига кириш ҳуқуқига эга.



22-модда. Почта жўнатмалари ва пул маблағлари

бутлигини таъминлаш

Оператор ва провайдерлар почта жўнатмалари ва пул маблағларининг бутлигини таъминлайдилар.

Операторлар билан провайдерлар ўртасидаги почта жўнатмалари ва пул маблағларини қабул қилиш ва топшириш почта қоидаларида белгиланган тартибда, бериладиган ва қабул қилинадиган почта жўнатмалари ҳамда пул маблағларининг ҳужжатлаштириб қайд этилиши таъминланган ҳолда амалга оширилади.

Почта жўнатмалари ва пул маблағлари ташиладиган транспорт воситалари белгиланган норма ва қоидаларга мувофиқ жиҳозланган бўлиши керак.

Почта жўнатмаларига ишлов бериладиган ва пул маблағлари сақланадиган бинолар, хоналар зарур асбоб-ускуналар, қўриқлаш-ёнғинга қарши сигнализация воситалари билан жиҳозланган бўлиши керак.

Қимматли почта жўнатмалари суғурталаниши шарт. Қимматли почта жўнатмаларини суғурталаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



23-модда. Почта алоқаси хизматлари

кўрсатишнинг алоҳида шартлари

Почта жўнатмасини ёки ўтказилган пул маблағларини фойдаланувчининг манзилига доир зарур маълумотлар аниқ эмаслиги ёки йўқлиги, адресатнинг кўчиб кетганлиги туфайли етказиш (топшириш) имкони бўлмаса ёки оператор ва провайдерлар почта алоқаси хизматларини кўрсатиш шартномасидаги ўз мажбуриятларини бажара олиш имкониятини истисно этадиган бошқа ҳолатларда улар жўнатувчига почта қоидаларида белгиланган муддатларда қайтарилади. Жўнатувчи қайтарилган почта жўнатмаси ёки қайтарилган маблағларини олишдан бош тортган тақдирда, улар оператор ёки провайдер томонидан вақтинчалик сақлаш учун қабул қилинади.

Агар фойдаланувчининг манзилига доир зарур маълумотларнинг йўқлиги туфайли етказилмаган (топширилмаган) почта жўнатмалари ёки пул маблағларини жўнатувчига қайтаришнинг ҳам имкони бўлмай қолса, улар оператор ёки провайдер томонидан вақтинчалик сақлаш учун қабул қилинади.

Тарқатилмай қолган почта жўнатмалари ва талаб қилиб олинмаган пул маблағлари билан ишлаш тартиби почта қоидалари билан белгиланади.



24-модда. Топширилмай қолган почта жўнатмаларидан

фойдаланиш тартиби

Топширилмай қолган почта жўнатмаларини вақтинчалик сақлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оператор ёки провайдер томонидан олти ой давомида амалга оширилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддат ўтганидан сўнг:

пуллар давлат бюджети фойдасига ўтказилади;

қимматли қоғозлар фонд биржаси орқали, қимматбаҳо металлар, бошқа буюмлар савдо тармоқлари орқали сотилади, тушган маблағлар эса оператор ёки провайдерларнинг харажатлари қопланганидан сўнг давлат бюджети фойдасига ўтказилади;

ҳужжатлар (паспорт, диплом, шаҳодатнома, гувоҳнома ва бошқалар) ким томонидан берилган бўлса, шу корхона, муассаса ва ташкилотларга топширилади;

хатлар тегишли далолатнома тузилиб, йўқ қилиб ташланади.

Олувчисини, жўнатувчисини қидиришнинг иложи бўлмаганда, топширилмай қолган пул маблағларининг почта ўтказмалари почта алоқаси оператори томонидан ўн саккиз ой давомида сақланади, шундан сўнг пул маблағлари маҳаллий бюджет фойдасига ўтказилади.



25-модда. Умумий фойдаланишдаги почта алоқаси тармоғи орқали

почта жўнатмаларини юборишдаги чекловлар

Умумий фойдаланишдаги почта алоқаси тармоғи орқали почта жўнатмалари юборишда чекловлар белгиланиши мумкин бўлиб, уларнинг рўйхати қонун ҳужжатлари билан белгиланди.

Оператор ва провайдерлар жўнатилиши тақиқланган жойланмаси бор почта жўнатмаларини ушлаб қолиш, шунингдек, жойланмаси бошқа почта жўнатмаларининг бузилиши (шикастланиши)га олиб келувчи, оператор ва провайдерларнинг хизматчилари ёки учинчи шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф соладиган (бу хавфни бошқа йўл билан бартараф этиб бўлмайдиган) ҳолларда, почта жўнатмаларини йўқ қилиб ташлаш ёки йўқ қилиб ташлашга рухсат бериш ҳуқуқига эгадир.

Умумий фойдаланишдаги почта алоқаси тармоқлари орқали жўнатиш тақиқланган буюм, ашё ва материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида юборилаётган почта жўнатмаларидан олиб қўйиш, шунингдек, уларни йўқ қилиб ташлаш тартиби махсус ваколатли орган томонидан белгиланади.

Қонун ҳужжатларида белгиланган ваколат доирасида фаолият юритадиган юридик шахслардан жойланмаси давлат сирига тааллуқли бўлган маълумотлар ва буюмлар, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар, улардан ясалган буюмлар, Ўзбекистон Республикаси пул белгилари, чет эл валютасидан иборат почта жўнатмаларини қабул қилиш, шунингдек, уларни ташиш ва етказиб бериш махсус мўлжалланган почта алоқаси корхонаси томонидан амалга оширилади.



26-модда. Фавқулодда ҳолатларда

почта алоқаси хизматлари кўрсатиш

Фавқулодда ҳолатларда (ҳарбий ҳаракатлар, зилзилалар, сув тошқинлари, ёнғинлар, эпидемиялар ва бошқаларда) почта алоқаси хизматлари кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



27-модда. Почта объектларида рўй берган ҳодисалар,

авариялар оқибатларини бартараф этиш

Почта алоқаси объектларида рўй берган ҳодисалар, авариялар оқибатларини бартараф қилиш уларнинг мулкдорлари (эгалари) томонидан амалга оширилади.

Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари почта алоқаси объектларида рўй берган ҳодисалар, авариялар оқибатларини бартараф этишда операторларга кўмаклашадилар.

Почта алоқаси объектларида юридик ва жисмоний шахсларнинг айби билан рўй берган ҳодисалар оқибатида оператор ёки провайдерларга етказилган зарарлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



28-модда. Миллий оператор хизматчисининг

формали кийими ва кўкрак нишони

Миллий оператор хизматчиси ўз хизмат вазифаларини бажариши учун формали кийим ва кўкрак нишони билан таъминланади.

Формали кийим ва кўкрак нишонини тасдиқлаш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби махсус ваколатли орган томонидан белгиланади.



29-модда. Почта алоқаси хизматларидан

фойдаланишдаги имтиёзлар

Қонун ҳужжатларида фойдаланувчиларнинг айрим тоифалари учун почта алоқаси хизматларидан фойдаланишда имтиёзлар белгиланиши мумкин.

Фойдаланувчиларнинг айрим тоифаларига почта алоқаси хизматларидан фойдаланишда белгиланган имтиёзлар берилиши муносабати билан оператор ёки провайдерларнинг маблағларини қоплаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Фойдаланувчиларнинг айрим тоифаларига почта алоқаси хизматларидан фойдаланишда устунликлар белгиланиши мумкин. Почта алоқаси хизматларидан фойдаланишда устунликлар бериладиган фойдаланувчилар айрим тоифаларининг рўйхати ҳамда бу хизматларни кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



30-модда. Низоларни ҳал этиш

Операторлар, провайдерлар ва фойдаланувчилар ўртасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



31-модда. Почта алоқаси тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Почта алоқаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               И. Каримов




























Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск