ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар / Конституциялар /

Ўзбекистон Республикасининг 24.04.2003 й. 470-II-сон "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

24.04.2003 й.

N 470-II



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

КОНСТИТУЦИЯСИГА ЎЗГАРТИШЛАР ВА

ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси моддалари нормаларига киритилаётган ушбу ўзгартишлар асосан унинг бешинчи бўлими ХVIII - ХХ, ХХIII бобларига тааллуқли ҳамда келгуси чақириқда Ўзбекистон Республикасининг икки палатали парламентини сайлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколат муддатини беш йилдан етти йиллик қилиб ўзгартириш тўғрисидаги масалалар юзасидан 2002 йил 27 январь куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумининг қарорлари билан боғлиқ.

Референдум қарорларига мувофиқ "Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида"ги Конституциявий Қонунлар қабул қилинган бўлиб, улар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш учун асос ҳисобланади.

Баён этилганлардан келиб чиқиб Конституциянинг тегишли боб ва моддалари қуйидаги таҳрирда қабул қилинади:


"ХVIII БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИ


76-модда. Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палатадан - Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ваколат муддати - беш йил.


77-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳудудий сайлов округлари бўйича кўп партиявийлик асосида сайланадиган бир юз йигирма депутатдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, Сенат аъзоларидан (сенаторлардан) иборат.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда - олти кишидан сайланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

Сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси бўлиши мумкин. Депутатликка номзодларга қўйиладиган талаблар қонун билан белгиланади.

Айни бир шахс бир пайтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси бўлиши мумкин эмас.


78-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари қуйидагилардан иборат:

1) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

2) Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунларини, қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

3) Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш;

4) Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда давлат стратегик дастурларини қабул қилиш;

5) Ўзбекистон Республикаси қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд ҳокимияти органларининг тизимини ва ваколатларини белгилаш;

6) Ўзбекистон Республикаси таркибига янги давлат тузилмаларини қабул қилиш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси таркибидан чиқиши ҳақидаги қарорларни тасдиқлаш;

7) бож, валюта ва кредит ишларини қонун йўли билан тартибга солиш;

8) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат этиш;

9) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни жорий қилиш;

10) Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини қонун йўли билан тартибга солиш, чегараларини ўзгартириш;

11) туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ҳамда чегараларини ўзгартириш;

12) давлат мукофотлари ва унвонларини таъсис этиш;

13) Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тутатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

14) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини тузиш;

15) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

16) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ўринбосарини сайлаш;

17) Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;

18) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш;

19) Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ёки тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

20) халқаро шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш;

21) ушбу Конституцияда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига кирадиган масалалар, қоида тариқасида, аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида, сўнгра Сенатида кўриб чиқилади.


79-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси мутлақ ваколатларига:

1) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш;

2) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш;

3) ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

4) сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш киради.


80-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати мутлақ ваколатларига:

1) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раисини ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш;

2) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини сайлаш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий судини сайлаш;

4) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судини сайлаш;

5) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этиш;

6) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

7) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

8) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш;

9) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш;

10) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш;

11) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзосини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш;

12) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботларини эшитиш;

13) ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

14) сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш киради.


81-модда. Ваколат муддати тугагач, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тегишинча янги чақириқ Қонунчилик палатаси ва Сенати иш бошлагунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биринчи мажлислари тегишинча Қонунчилик палатасига сайловдан кейин икки ойдан кечиктирмай ва Сенат таркиб топганидан кейин бир ойдан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан чақирилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси мажлислари сессиялар даврида ўтказилади. Сессиялар, қоида тариқасида, сентябрнинг биринчи иш кунидан бошлаб келгуси йилнинг июнь ойи охирги иш кунига қадар ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати мажлислари заруратга қараб, лекин йилига камида уч марта ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлислари, агар улар ишида барча депутатлар, сенаторлар умумий сонининг камида ярми иштирок этаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Конституциявий қонунларни қабул қилишда барча депутатлар, сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида, шунингдек уларнинг органлари мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, республика Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик Суди раислари, Бош прокурори, Марказий банки бошқарувининг раиси иштирок этишлари мумкин. Ўзбекистон, Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва унинг органлари мажлисларида Сенат Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва унинг органлари мажлисларида Қонунчилик палатаси Спикери иштирок этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати алоҳида-алоҳида мажлис ўтказадилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалари юзасидан нутқ сўзлаганда, чет давлатларнинг раҳбарлари нутқ сўзлаганда ўтказилади. Палаталарнинг келишувига биноан қўшма мажлислар бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин.


82-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ўз ваколатларига киритилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қарорлари Қонунчилик палатаси депутатлари ёки Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, ушбу Конституцияда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


83-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокурори эгадирлар ва бу ҳуқуқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади.


84-модда. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач ва қонунда белгиланган тартибда расмий нашрларда эълон қилингач, юридик кучга эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати маъқуллаган қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ўн кун ичида юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонун ўттиз кун ичида имзоланади ва эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қайтарилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни яна маъқулласа, қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига Қонунчилик палатаси томонидан юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенат юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин. Палаталар келишув комиссияси таклифларини қабул қилганда қонун одатдаги тартибда кўриб чиқилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Қонунни ўз эътирозлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли.

Агар қонун аввалги қабул қилинган таҳририда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланса, қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўн тўрт кун ичида имзоланиши ва эълон қилиниши керак.

Қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матбуотда эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартидир.


85-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўз таркибидан Қонунчилик палатасининг Спикери ва унинг ўринбосарларини сайлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатасининг ваколати муддатига сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери яширин овоз бериш орқали Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Қонунчилик палатаси қарорига биноан муддатидан илгари чақириб олиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери:

1) Қонунчилик палатасининг мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;

2) Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади;

3) Қонунчилик палатаси қўмиталари ва комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

4) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Қонунчилик палатаси қарорларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;

5) парламентлараро алоқаларни амалга ошириш ишларига ҳамда халқаро парламент ташкилотлари иши билан боғлиқ, Қонунчилик палатаси гуруҳларининг фаолиятига раҳбарлик қилади;

6) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, бошқа давлат органлари, чет давлатлар, халқаро ва ўзга ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда Қонунчилик палатаси номидан иш кўради;

7) Қонунчилик палатаси қарорларини имзолайди;

8) ушбу Конституция ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери фармойишлар чиқаради.


86-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ўз таркибидан Сенат Раиси ва унинг ўринбосарларини сайлайди. Сенат Раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон Республикасининг вакили бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси ва унинг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Сенат ваколати муддатига сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Сенат қарорларига биноан муддатидан илгари чақириб олиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси:

1) Сенат мажлисларини чақиради уларда раислик қилади;

2) Сенат муҳокамасига киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади;

3) Сенат қўмиталари ва комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

4) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Сенат қарорларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;

5) парламентлараро алоқаларни амалга ошириш ишларига ҳамда халқаро парламент ташкилотлари иши билан боғлиқ Сенат гуруҳларининг фаолиятига раҳбарлик қилади;

6) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, бошқа давлат органлари, чет давлатлар, халқаро ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда Сенат номидан иш кўради;

7) Сенат қарорларини имзолайди;

8) ушбу Конституция ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси фармойишлар чиқаради.


87-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишини олиб бориш, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш учун ўз ваколатлари муддатига Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан қўмиталарни сайлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Сенат муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Сенат томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш учун ўз ваколатлари муддатига сенаторлар орасидан қўмиталарни сайлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати, зарурат бўлган тақдирда, муайян вазифаларни бажариш учун депутатлар, сенаторлар орасидан комиссиялар тузади.


88-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатларига ва Сенати аъзоларига уларнинг депутатлик ёки сенаторлик фаолияти билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда қопланади.

Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенатда доимий асосда ишловчи Сенат аъзолари ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси дахлсизлик ҳуқуқидан. фойдаланадилар. Улар тегишинча Қонунчилик палатаси ёки Сенатнинг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларига тортилиши мумкин эмас.


"89-модда. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасида давлат ва ижро этувчи ҳокимият бошлиғидир".


"90-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан етти йил муддатга сайланади. Президентни сайлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан белгиланади".


"93-модда. Ўзбекистон Республикасининг Президенти:

1) фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир;

2) Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш, миллий-давлат тузилиши масалаларига доир қарорларни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради;

3) мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради;

4) музокаралар олиб боради ҳамда Ўзбекистон Республикасининг шартнома ва битимларини имзолайди, республика томонидан тузилган шартномаларга, битимларга ва унинг қабул қилинган мажбуриятларига риоя этилишини таъминлайди;

5) ўз ҳузурида аккредитациядан ўтган дипломатик ҳамда бошқа вакилларнинг ишонч ва чақирув ёрлиқларини қабул қилади;

6) Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш учун номзодларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади;

7) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалар юзасидан маърузалар тақдим этади;

8) ижро этувчи ҳокимият девонини тузади ва унга раҳбарлик қилади; республика олий ҳокимият ва бошқарув органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлайди; вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органларини тузади ва тугатади, шу масалаларга доир фармонларни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади;

9) Сенат Раиси лавозимига сайлаш учун номзодни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади;

10) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тақдим этади ва лавозимидан озод қилади;

11) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлайди ва лавозимларидан озод қилади;

12) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарларини тайинлайди ва уларни лавозимидан озод қилади, кейинчалик бу масалаларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади;

13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Конституциявий суд раиси ва судьялари, Олий суд раиси ва судьялари, Олий хўжалик суди раиси ва судьялари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси лавозимларига номзодларни тақдим этади;

14) вилоят, туманлараро, туман, шаҳар, ҳарбий ва хўжалик судларининг судьяларини тайинлайди ва лавозимларидан озод этади;

15) вилоятлар ҳокимларини ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, кейинчалик бу масалаларни тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг тасдиғига киритади. Конституцияни, қонунларни бузган ёки ўз шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини Президент ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақли;

16) республика давлат бошқарув органларининг, шунингдек ҳокимларнинг қабул қилган ҳужжатларини тўхтатади, бекор қилади;

17) Ўзбекистон Республикасининг қонунларини имзолайди ва эълон қилади; қонунга ўз эътирозларини илова этиб, уни такроран муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли;

18) Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг тасдиғига киритади;

19) фавқулодда вазиятлар (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади. Фавқулодда ҳолат жорий этиш шартлари ва тартиби қонун билан белгиланади;

20) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони ҳисобланади, Қуролли Кучларнинг олий қўмондонларини тайинлайди ва вазифасидан озод қилади, олий ҳарбий унвонлар беради;

21) Ўзбекистон Республикасининг орденлари, медаллари ва ёрлиғи билан мукофотлайди, Ўзбекистон Республикасининг малакавий ва фахрий унвонларини беради;

22) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига ва сиёсий бошпана беришга оид масалаларни ҳал этади;

23) амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдимнома киритади ва Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни авф этади;

24) Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматини тузади. Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, кейинчалик шу масалаларга доир фармонларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади;

25) ушбу Конституция ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Президент ўз ваколатларини бажаришни давлат идораларига ёки мансабдор шахсларга топширишга ҳақли эмас".


"95-модда. Қонунчилик палатаси ёки Сенат таркибида уларнинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда ёхуд улар бир неча марта Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид қарорлар қабул қилган тақдирда, шунингдек Қонунчилик палатаси билан Сенат ўртасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан бамаслаҳат қабул қилган қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати тарқатиб юборилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати тарқатиб юборилган тақдирда янги сайлов уч ой мобайнида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати фавқулодда ҳолат жорий этилган даврда тарқатиб юборилиши мумкин эмас".


"96-модда. Ўзбекистон Республикасининг Президенти бетоблиги сабабли ўз вазифасини бажара олмаслиги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қўшма қарорига кўра тузилган давлат тиббий комиссияси хулосаси билан тасдиқланган тақдирда ўн кун муддат ичида палаталарнинг қўшма фавқулодда йиғилишида депутатлар, сенаторлар орасидан уч ойгача бўлган муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи сайланади. Бу ҳолда уч ой муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумхалқ сайлови ўтказилиши шарт".


"97-модда. Ваколати тугаши муносабати билан истеъфога чиққан Президент умрбод Сенат аъзоси лавозимини эгаллайди".


"98-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раисларидан иборат. Қорақалпоғистон Республикаси Ҳукуматининг бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.

Вазирлар Маҳкамасининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамаси иқтисодиётнинг, ижтимоий ва маънавий соҳанинг самарали фаолиятига раҳбарликни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамаси амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавобгар бўлади, Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларига раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номидан иш кўради Ўзбекистон Республикаси қонунларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти ушбу Конституциянинг 89-моддаси ва 93-моддасига асосланган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида раислик қилишга, Вазирлар Маҳкамаси ваколатига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишга, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларини, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири фармойишларини бекор қилишга ҳақли.

Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида жавобгардир.

Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади.

Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ваколат доираси қонун билан белгиланади".


99-модданинг русча матнидаги "Советы" деган сўз "Кенгаши" деган сўз билан алмаштирилсин.


"101-модда. Маҳаллий ҳокимият органлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларини, давлат ҳокимияти юқори органларининг қарорларини амалга оширадилар, республика ва маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни муҳокама қилишда қатнашадилар.

Юқори органларнинг ўзларига берилган ваколат доирасида қабул қилган қарорлари қуйи органлар ижро этиши учун мажбурийдир.

Халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимларнинг ваколат муддати - 5 йил".


"102-модда. Вакиллик ва ижроия ҳокимиятини тегишлилигига қараб вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бошқаради.

Вилоят ҳокимлари ва Тошкент шаҳри ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Туман ва шаҳарларнинг ҳокимлари тегишли вилоят ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Шаҳарлардаги туманларнинг ҳокимлари тегишли шаҳар ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда халқ депутатлари шаҳар Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Туманларга бўйсунадиган шаҳарларнинг ҳокимлари туман ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланади".


103-модданинг русча матнидаги "Советов" деган сўз "Кенгашей" деган сўз билан алмаштирилсин.


"107-модда. Ўзбекистон Республикасида суд тизими беш йил муддатга сайланадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судидан, шу муддатга тайинланадиган фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, ҳарбий ва хўжалик судларидан иборат.

Судларни ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиш тартиби қонун билан белгиланади.

Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди".


"109-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди:

1) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларининг, Ҳукуматнинг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятлари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мослигини аниқлайди;

2) Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

3) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;

4) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколат доирасида бошқа ишларни ҳам кўриб чиқади.

Конституциявий суднинг қарорлари матбуотда эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга киради. Улар қатъий ва улар устидан шикоят қилиш мумкин эмас.

Конституциявий судни ташкил этиш ва унинг фаолият кўрсатиш тартиби қонун билан белгиланади".


"110-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади.

У томонидан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ва Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида бажарилиши мажбурийдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, вилоятлар, шаҳарлар, туманлараро, туман судлари ва ҳарбий судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга".


"112-модда. Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади.

Судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Судьялар сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас.

Судья ваколат муддати тугагунга қадар судьялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин".


"117-модда. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда - декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар сайланганидан сўнг бир ой ичида улар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бир вақтнинг ўзида иккидан ортиқ давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Сайлов ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади".


"127-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиришлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилади".



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонунлари тўплами", 2003 й., 9-10-сон, 67-модда































Время: 0.0068
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск