Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Туризм /

Ўзбекистон Республикасининг 20.08.1999 й. 830-I-сон "Туризм тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.08.1999 й.

N 830-I



ТУРИЗМ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади туризм соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, туристик хизматлар бозорини ривожлантириш, шунингдек туристлар ва туристик фаолият субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.



2-модда. Туризм тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари


Ўзбекистон Республикасининг туризм тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Қорақалпоғистон Республикасида туризм соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг туризм тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


туризм - жисмоний шахснинг доимий истиқомат жойидан соғломлаштириш, маърифий, касбий-амалий ёки бошқа мақсадларда борилган жойда (мамлакатда) ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланмаган ҳолда узоғи билан бир йил муддатга жўнаб кетиши (саёҳат қилиши);


турист - Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ёки бошқа мамлакатга саёҳат қилувчи (доимий истиқомат жойидан туризм мақсадида жўнаб кетган) жисмоний шахс;


туристик фаолият - ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ саёҳатларни ва улар билан боғлиқ хизматларни ташкил этиш борасидаги фаолият;


экскурсия фаолияти - туристик фаолиятнинг маданий мерос объектлари ва бошқа объектлар билан таништириш мақсадида олдиндан тузилган йўналишлар бўйича экскурсия етакчиси ҳамроҳлигидаги 24 соатдан ошмайдиган экскурсияларни ташкил этишга доир қисми;

туристик ресурслар - тегишли ҳудуднинг табиий-иқлим, соғломлаштириш, тарихий-маданий, маърифий ва ижтимоий-маиший объектлари мажмуи;


туристик фаолият субъектлари - белгиланган тартибда рўйхатга олинган ва туристик хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш учун лицензияси бўлган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар;


туристик индустрия - туристик фаолиятнинг туристларга хизмат кўрсатишни таъминловчи турли субъектлари (меҳмонхоналар, туристик комплекслар, кемпинглар, мотеллар, пансионатлар, умумий овқатланиш, транспорт корхоналари, маданият, спорт муассасалари ва бошқалар) мажмуи;


тур - муайян йўналиш бўйича туристик хизматлар мажмуи (жой бандлаш, жойлаштириш, овқатлантириш, транспорт, рекреация, экскурсия хизматлари ва бошқа хизматлар) билан таъминланган аниқ муддатлардаги туристик саёҳат;


туристик хизматлар - туристик фаолият субъектларининг жойлаштириш, овқатлантириш, транспорт, ахборот-реклама хизматлари кўрсатиш борасидаги, шунингдек туристларнинг эҳтиёжларини қондиришга қаратилган бошқа хизматлари;


туристик гуруҳ раҳбари - туристик фаолият субъектининг вакили бўлган ва унинг номидан иш кўриб, туристларга ҳамроҳлик қилувчи, туристик хизматлар кўрсатиш шартномаси шартларининг бажарилишини таъминловчи жисмоний шахс;


гид (экскурсия етакчиси) - тур қатнашчиларига туристик хизматлар кўрсатиш шартномаси доирасида экскурсия-ахборот, ташкилий йўсиндаги хизматлар ва малакали ёрдам кўрсатувчи жисмоний шахс;


туристик фаолиятни амалга ошириш учун лицензия - туристик фаолиятни амалга оширишга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи махсус рухсатнома;

сертификат - туристик хизматлар сифатини ва уларнинг муайян стандартга ёки бошқа норматив ҳужжатга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат.


4-модда. Туризм соҳасидаги давлат

сиёсатининг асосий йўналишлари


Туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

туризм ва туристик индустрияни ривожлантириш;

фуқароларнинг саёҳат қилиш пайтидаги дам олиш, эркин ҳаракатланиш ва бошқа ҳуқуқларини таъминлаш;

туристик ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни сақлаш;

туризм соҳасидаги норматив базани такомиллаштириш;

болалар, ёшлар, ногиронлар ва аҳолининг кам таъминланган қатламлари туризми (экскурсиялари) учун шароит яратиш;

туристик индустрияни ривожлантириш учун инвестициялар жалб этиш;

тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун туристик хизматлар бозорида тенг имкониятлар яратиш;

туристларнинг хавфсизлигини, уларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ва мол-мулки муҳофаза қилинишини таъминлаш;

туризм соҳасининг илмий таъминотини ташкил этиш ва ривожлантириш;

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

чет мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш.



5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг туризм соҳасидаги ваколатлари


Туризм соҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

туризмни ривожлантириш давлат дастурини тасдиқлайди;

туристик фаолиятни лицензиялаш тартибини белгилайди;

туристларнинг бориши тақиқланадиган объектлар ва ҳудудларни белгилайди;

туристларнинг айрим тоифаларига имтиёзлар бериш тартибини белгилайди;

ҳукуматлараро шартномалар тузади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал қилади.


6-модда. Ваколатли давлат органининг

туризм соҳасидаги ваколатлари


Туризм соҳасида ваколатли давлат органи:

туризмни ривожлантириш давлат дастурлари амалга оширилишини таъминлайди;

туристик хизматлар инфратузилмасини шакллантиради;

тарихий-маданий меросни тарғиб қилишни, туристик салоҳиятни сақлаш ва ривожлантиришни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилишини таъминлайди;

халқаро туристик ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ифодалайди;

туристик фаолият субъектларига уларнинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларда услубий ва бошқа йўсинда ёрдам кўрсатади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал қилади.


7-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти

органларининг туризм соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари туризм соҳасида туризмни ривожлантиришнинг минтақавий дастурларини ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал қиладилар.



8-модда. Туристик фаолиятни лицензиялаш


Туристик фаолият лицензия асосида амалга оширилади.

Туристик фаолиятни лицензиялаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


9-модда. Туристик фаолиятни

молиялаш манбалари


Туристик фаолият:

туристик фаолият субъектларининг ўз маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг пул бадаллари;

заём маблағлари (облигация заёмлари ва бошқа заёмлар, банк кредитлари ва бошқа кредитлар);

чет эл инвестициялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



10-модда. Туристик хизматларни

сертификатлаштириш


Туристик хизматлар мажбурий сертификатлаштирилиши лозим.

Туристик хизматларни сертификатлаштириш ва сертификат бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


11-модда. Туристик саёҳат ва

туристик хизматлар мажмуи


Туристик саёҳат якка тартибда ёки туристлар гуруҳи таркибида амалга оширилади.

Туристик хизматлар мажмуи транспорт хизмати кўрсатишни, яшаш, овқатлантириш, экскурсия хизмати кўрсатиш, маданий, спорт дастурларини ташкил этиш ва бошқа хизматларни ўз ичига олади.



12-модда. Туристик хизматлар

кўрсатиш шартномаси


Туристик хизматлар шартнома асосида кўрсатилади.

Шартнома кўрсатиладиган хизматларнинг кўлами ва сифатини, тарафларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини, ҳақ тўлаш ва ҳисоб-китоблар тартибини, шартноманинг амал қилиш муддатини ва уни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарликни, шунингдек тарафларнинг келишувига кўра бошқа шартларни белгилайди.


13-модда. Туристик йўлланма (ваучер)


Туристик йўлланма (ваучер) - туристнинг ёки туристлар гуруҳининг тур таркибига кирувчи туристик хизматларга бўлган ҳуқуқини белгиловчи ва бундай хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Туристик йўлланманинг (ваучернинг) шакли туризм соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.



14-модда. Туристнинг ҳуқуқлари


Турист:

шартномада назарда тутилган туристик хизматлар мажмуидан тўла фойдаланиш;

саёҳатга тааллуқли тўлиқ ва ишончли ахборот олиш;

шахсий хавфсизлик, ўз ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши, шунингдек ўз мол-мулкининг асралиши;

шошилинч тиббий ёрдам олиш;

шартнома бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда моддий зарарнинг тўланиши, шунингдек маънавий зиённинг ўрни қопланиши;

агар турнинг умумий қиймати ошиши унинг шартлашилган қийматидан ортиб кетса, шунингдек форс-мажор ҳолатлари рўй берган тақдирда туристик фаолият субъектига етказилган зарарнинг ўрнини қопламасдан шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга.

Турист қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлади.



15-модда. Туристнинг мажбуриятлари


Турист:

шартнома шартларига;

божхона ва чегара назорати қоидаларига;

борилган мамлакатнинг қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши шарт.

Турист қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлади.



16-модда. Туристик фаолият

субъектининг ҳуқуқлари


Туристик фаолият субъекти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристларга хизматлар кўрсатиш пайтида:

турнинг муддати ва йўналишини, хизмат кўрсатиш даражасини, транспорт хизмати кўрсатиш турини, туристнинг хавфсизлигини таъминлаш ва унинг мол-мулкини қўриқлаш усулини туристнинг розилиги ва хоҳиши билангина ўзгартириш;

туристнинг розилиги билан ҳамда бу хусусда тур бошланишидан камида йигирма кун олдин туристни хабардор қилиш шарти билан турнинг шартлашилган қийматини ошириш;

хизматлар кўрсатиш мумкин бўлмаган форс-мажор ҳолатлар рўй берганда, шунингдек гуруҳни тузиш учун зарур миқдорда туристлар йиғилмаган тақдирда туристларни бу ҳақда тур бошланишидан камида йигирма кун олдин хабардор қилган ҳолда туристик хизматлар кўрсатиш шартномасини бекор қилиш;

туристлар ёки туристларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича шериклар томонидан етказилган зарарнинг ўрни қопланишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Туристик фаолият субъекти қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлади.



17-модда. Туристик фаолият субъектининг мажбуриятлари


Туристик фаолият субъекти:

туристларга шартномада шартлашилган хизматларни кўрсатиши;

туристик хизматлар кўрсатилмаган ёки тўла ҳажмда ёхуд лозим даражада сифатли кўрсатилмаган тақдирда туристларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши;

туристларга турни ташкил қилиш, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида тўлиқ ахборот бериши;

туристик ресурслар, кўрсатиладиган объектларнинг (маданий мерос объектлари, табиат объектлари ва бошқаларнинг) сақланишига кўмаклашиши;

туристларнинг борилган жой (мамлакат) қонун ҳужжатларига риоя этишлари устидан назоратни амалга ошириши шарт.

Туристик фаолият субъекти қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлади.


18-модда. Туристларнинг хавфсизлиги кафолати


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристларнинг хавфсизлиги давлат томонидан кафолатланади.

Туризм соҳасидаги ваколатли давлат органи манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда туристларнинг ҳимоя қилинишини ҳамда хавфсизлигини таъминлаш дастурини ишлаб чиқади ва унинг бажарилишини ташкил этади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари туризм соҳасида барча туристик йўналишлар бўйича туристларнинг ҳимоя қилинишини ва хавфсизлигини таъминлаш минтақавий дастурларини ишлаб чиқадилар ва уларнинг бажарилишини ташкил этадилар.

Туристик фаолият субъектлари туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш, улар жароҳатланганда, касалланганда ва бошқа ҳолларда тиббий ва ўзга хил ёрдам кўрсатиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқадилар.


19-модда. Туристларнинг хавфсизлигини

таъминлаш чора-тадбирлари


Туристик фаолият субъектлари туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида:

туристларнинг сафарда хавф-хатардан холи бўлишлари учун шарт-шароитни, сафар, сайр, экскурсия йўллари, мусобақалар ўтказиладиган жойларнинг ободлигини таъминлашлари;

туристларга жароҳатланиш ва бахтсиз ҳодисалардан сақланиш ҳамда уларнинг олдини олиш усулларини ўргатишлари, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш юзасидан йўл-йўриқ беришлари, шунингдек белгиланган йўналишнинг хусусияти ва туристларнинг хатти-ҳаракатига боғлиқ ҳолда юзага келиши мумкин бўлган хавф манбалари ҳақида уларнинг ўзини хабардор қилишлари;

туристларнинг саёҳатлар, сафарлар, мусобақалар, бошқа туристик тадбирларга тайёргарлиги устидан назоратни амалга оширишлари;

фалокатга учраган туристларга тезкор ёрдам кўрсатишлари;

автомобиль, тоғ, чанғи, велосипед, сув, мотоцикл, пиёда сафар, ғор туризми ва туризмнинг бошқа махсус турларини ташкил этиш ва ўтказишда хавфсизликнинг алоҳида талабларини ишлаб чиқишлари ва амалга оширишлари шарт.

Туристик саёҳатларни туристлар ҳаракатланишининг фаол шаклларидан фойдаланган ҳолда ташкил этишга ихтисослашган туристик фаолият субъектлари туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш, экстремал вазиятларда уларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида хизмат кўрсатишни кўзлаб қидирув-қутқарув хизматлари билан шартномалар тузадилар. Қидирув-қутқарув хизматлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.


20-модда. Туристларни суғурта қилиш


Туристларни суғурта қилиш мажбурийдир ва у туристик фаолият субъектлари томонидан суғурта фаолияти олиб бориш ҳуқуқига эга бўлган тегишли суғурта ташкилотлари билан тузиладиган битимлар асосида амалга оширилади.


21-модда. Низоларни ҳал этиш


Туризм соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.


22-модда. Туризм тўғрисидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жавобгарлик


Туризм тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                  И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 1999 йил, 9-сон, 227-модда






























Время: 0.1726
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск