Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Тадбиркорлик бирлашмалари, ривожланиш ва кўмак жамғармалари /

Ўзбекистон Республикасининг 03.12.2004 й. 712-II-сон "Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

03.12.2004 й.

N 712-II



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

САВДО-САНОАТ ПАЛАТАСИ

ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ўзбекистон Республикаси

Савдо-саноат палатаси

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) тадбиркорлик фаолияти субъектларини ихтиёрийлик асосида бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилотидир.

"Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси" номидан фақат ушбу Қонуннинг қоидаларига мувофиқ тарзда фойдаланилиши мумкин. Бошқа ташкилотлар ўз номларида "савдо-саноат палатаси", "савдо палатаси", "саноат палатаси" деган сўз бирикмаларидан ҳамда улар асосида тузилган сўз бирикмаларидан фойдаланишга ҳақли эмас.



2-модда. Палата тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Палата тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг Палата тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Палатанинг мақсади

Палата тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, ишчанлик муҳитини такомиллаштириш, Палата аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш, тадбиркорларнинг чет эллик шериклар билан алоқаларини йўлга қўйишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилади.

4-модда. Палатанинг вазифалари

Палатанинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикасида тадбиркорликни, энг аввало кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш;

тадбиркорларга чет эллик шериклар билан амалий мулоқотлар ва алоқаларни кенгайтиришда, экспорт маҳсулотини ташқи бозорларга олиб чиқишда, шунингдек рақобатбардош тайёр маҳсулот чиқаришни таъминловчи янги ишлаб чиқаришлар барпо этиш ҳамда мавжуд ишлаб чиқаришларни техникавий жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб этишда кўмаклашиш;

бошқа давлатларнинг савдо-саноат палаталари ва тадбиркорлар жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ривожлантириш;

тадбиркорларга кенг турдаги хизматлар кўрсатиш, шу жумладан ахборот таъминоти ва маслаҳат ёрдами бериш, Ўзбекистон Республикасининг ишлаб чиқарувчилари ҳақидаги, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва инвестициявий имкониятлар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек потенциал шерикларга ва замонавий технологиялар харид қилиш имкониятларига оид маълумотларни ўз ичига олувчи бизнес-каталоглар эълон қилинишини ташкил этиш;

тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай муҳитни шакллантириш, халқаро ҳуқуқ ва бизнес юритиш амалиётининг умум эътироф этилган нормаларини жорий қилиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий шароитларини яхшилашга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш чора-тадбирларини кўриш;

тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш, шу жумладан давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда, шунингдек судда ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш;

тадбиркорлик фаолияти учун кадрлар таълими ва уларни тайёрлаш тизими ривожлантирилишини, тадбиркорларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш ташкил этилишини қўллаб-қувватлаш.

Палата қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.


5-модда. Палата билан давлат

органларининг ўзаро муносабатлари

Давлат органлари Палатага у ўз вазифаларини бажаришида кўмаклашадилар ҳамда Палатанинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайдилар.

Давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг Палата фаолиятига ҳамда Палатанинг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига аралашувига йўл қўйилмайди.


II. ПАЛАТАНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

6-модда. Палатани ташкил этиш

Палата муассисларнинг ташаббусига кўра ихтиёрий бирлашиш принципи асосида ташкил этилади.

Палата муассислари Палатанинг таъсис конференциясини чақирадилар, унда Палатанинг устави қабул қилинади ҳамда бошқарув ва назорат органлари тузилади.


7-модда. Палата тизими

Палата Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий бошқармалари билан биргаликда ягона тизимни ташкил этади.


8-модда. Палатанинг ҳудудий

бошқармалари ва уларнинг филиаллари

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тегишинча Палатанинг битта ҳудудий бошқармаси тузилиши мумкин.

Палатанинг ҳудудий бошқармаси юридик шахс ҳисобланади ва Палата томонидан тасдиқланадиган низом асосида фаолият кўрсатади.

Палатанинг ҳудудий бошқармалари, заруратга қараб, юридик шахс бўлмаган туман ва шаҳар филиалларини тузиши мумкин.


9-модда. Палатага аъзолик

Ўзбекистон Республикасининг тадбиркорлик фаолияти субъектлари, уларнинг бирлашмалари, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун тузилган бошқа ташкилотлар Палата аъзоси бўлиши мумкин.

Палата аъзолари тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга.

Палатага аъзолик тадбиркорлик фаолияти субъекти ёки тадбиркорлик фаолияти субъектларининг бирлашмаси ёхуд тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун тузилган бошқа ташкилот билан Палата ўртасида шартнома тузиш йўли билан расмийлаштирилади.



10-модда. Палатанинг устави

Палатанинг уставида қуйидагилар бўлиши лозим:

Палатанинг номи ва жойлашган ери (почта манзили);

Палатанинг мақсад ва вазифалари;

Палатанинг ҳудудий бошқармаларини, шунингдек уларнинг туман ва шаҳар филиалларини тузиш тартиби;

Палатанинг бошқарув ва назорат органларини шакллантириш тартиби ҳамда уларнинг ваколатлари доираси, муддати ва қарорлар қабул қилиш тартиби;

Палата аъзолигига қабул қилиш ҳамда аъзоликдан чиқиш шартлари ва тартиби;

Палата аъзоларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

Палатанинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкини шакллантириш манбалари;

Палата тугатилган тақдирда унинг мол-мулкидан фойдаланиш тартиби;

Палатанинг уставига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тартиби;

Палатани қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби.

Палата уставида қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.



11-модда. Палатани давлат рўйхатидан ўтказиш

Палатани давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Палатанинг ҳудудий бошқармаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек уларнинг туман ва шаҳар филиалларини қайд этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Палатанинг уставига киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар Палата қандай тартибда рўйхатдан ўтказилган бўлса, шундай тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим.


12-модда. Палатанинг бошқарув органлари

Палатанинг бошқарув органлари қуйидагилардир:

Палата қурултойи;

Палата марказий кенгаши;

Палата ижроия қўмитаси.

Палата бошқарувининг олий органи уч йилда камида бир марта чақириладиган Палата қурултойидир.

Қурултойлар оралиғидаги даврда Палата фаолиятига раҳбарликни Палата марказий кенгаши амалга оширади.

Палата фаолиятига жорий раҳбарликни Палата ижроия қўмитаси амалга оширади ва у Палата қурултойи ҳамда марказий кенгашига ҳисобдордир.


III. ПАЛАТА ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСЛАРИ

13-модда. Палатанинг ҳуқуқлари

Палата қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикасида ва чет давлатларда ташкилотлар тузиш, ўз ваколатхоналарини очиш;

тадбиркорлик фаолияти субъектларига ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарини патентлашда, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ҳамда товар келиб чиққан жой номларини рўйхатдан ўтказишда кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикасида ва унинг ҳудудидан ташқарида кўргазмалар ҳамда ярмаркалар ташкил этиш ва ўтказиш;

тадбиркорлик фаолияти субъектларига ҳуқуқий ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш;

газеталар, журналлар ва бошқа босма материаллар нашр этиш, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини таъминлаш учун ноширлик ва реклама хизматлари кўрсатиш;

халқаро ва чет эл ташкилотларида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ соҳада Палата аъзоларининг манфаатларини ифода этиш;

тадбиркорлик субъектларининг фаолияти масалаларига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда иштирок этиш;

иқтисодий низоларни ҳал қилиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳакамлик судларини, шу жумладан халқаро тижорат арбитраж судини ташкил этиш;

чет эллик шериклар мурожаат этган ҳолларда товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатларни тасдиқлаш;

Палата аъзоси бўлмиш тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда иштирок этиш;

тадбиркорлик фаолияти субъектларига чет эл ва халқаро ташкилотларнинг молиявий ҳамда техник ёрдамини жалб этишда кўмаклашиш;

давлат божи тўламасдан судга Палата аъзолари манфаатларини кўзлаб даъво тақдим этиш, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш.

Палата қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



14-модда. Палатанинг мулки

Бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, инвентарь, пул маблағлари, шу жумладан чет эл валютасидаги маблағлар, қимматли қоғозлар ҳамда ўз уставида белгиланган вазифаларни бажариши учун зарур бошқа мол-мулк Палатанинг мулки бўлиши мумкин.

Палатанинг мулки Қонун билан муҳофаза қилинади.


15-модда. Палатанинг мол-мулкини

шакллантириш манбалари

Палатанинг мол-мулкини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:

Палата аъзоларининг кириш ва аъзолик бадаллари;

Палата тадбиркорлик фаолиятидан оладиган ва фақат ўз уставида белгиланган вазифаларини бажариш учун фойдаланадиган даромадлар (фойда);

Палата томонидан ташкил этилган ташкилотлардан ажратмалар;

грантлар ва ҳомийлардан келадиган маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.


16-модда. Палата аъзоларининг

кириш ва аъзолик бадаллари

Палата аъзолари Палата уставида белгиланадиган тартибда ҳамда миқдорларда кириш ва аъзолик бадаллари тўлайди.



IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

17-модда. Палатанинг халқаро алоқалари

Қонун ҳужжатларига мувофиқ Палата халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларига кириши, тўғридан-тўғри халқаро мулоқотлар ва алоқалар олиб бориши, ҳамкорлик тўғрисида тегишли битимлар тузиши мумкин.



18-модда. Низоларни ҳал этиш

Палатани ташкил этиш ва унинг фаолият юритиши соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



19-модда. Палата ва унинг аъзолари

мажбуриятлари бўйича жавобгарлик

Палата ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли барча мол-мулк билан жавоб беради. Палата ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Палата аъзолари Палатанинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.


20-модда. Палата тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Палата тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                      И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 1-сон, 3-модда.













































Время: 0.0168
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск