ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Резервдаги хизмат /

Ўзбекистон Республикасининг 25.04.2003 й. 478-II-сон "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.04.2003 й.

N 478-II



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ РЕЗЕРВИДАГИ

ХИЗМАТ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (бундан буён матнда - фуқаролар деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари (бундан буён матнда - Қуролли Кучлар деб юритилади) резервидаги хизматни ўташи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Қуролли Кучлар резервидаги

хизмат тўғрисидаги қонунчилик

Қуролли Кучлар резервидаги хизмат тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун, "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.


3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


Қуролли Кучлар резерви (бундан буён матнда - резерв деб юритилади) - Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз таҳдиди юзага келган, фавқулодда вазиятлар рўй берган тақдирда тинчлик ва уруш даврида ҳаракатдаги қўшин гуруҳларини кучайтириш ҳамда янги қўшин гуруҳларини тузиш учун, шунингдек мамлакат хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятини таъминлашга доир бошқа вазифаларни ҳал этиш учун мўлжалланган ҳарбий таълим олган одам ресурслари ҳамда моддий-техника воситалари захиралари;


резервдаги хизмат - ҳақиқий ҳарбий хизматни, шунингдек сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар жумласидан бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар учун Қуролли Кучларнинг қўшилмалари, қисмлари ва бўлинмалари сафини уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасига қадар тўлдириш, шунингдек уруш даврида тақозо этиладиган тузилмаларни кучайтириш мақсадида умумий ҳарбий мажбурият асосида жорий этиладиган фуқароларнинг ҳарбий хизмати;


резервчилар - ҳарбий хизматни ўтаган ва резервда турган ҳарбий хизматга мажбурлар.


4-модда. Резервга киритиш


Саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқли қуйидаги фуқаролар резервдаги ҳарбий хизматга киритилади:

муддатли ҳарбий хизматни, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни, контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган ва хизматни ўташ даврида ҳарбий ҳисобдаги ихтисосликни эгаллаган фуқаролар;

муддатли ҳарбий хизматни ҳамда олий таълим муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмаларида (ҳарбий таълим факультетлари, ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув марказлари, ҳарбий кафедралар, цикллар ва курсларда) офицерлар тайёрлаш дастури асосида таълимнинг тўлиқ курсини ўтаган фуқаролар.

Резервчиларни ҳарбий рўйхатга олиш мудофаа ишлари органлари томонидан амалга оширилади.

Резервдаги хизматни ўташ тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги Низом билан белгиланади.


5-модда. Резерв тоифалари


Ҳарбий тайёргарлик даражаси ва ёшига қараб, резервчилар биринчи ва иккинчи тоифали резервга бўлинади.

Резерв тоифалари ва резервда бўлиш ёшининг чегараси "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланади.


6-модда. Биринчи тоифали резерв сафини тўлдириш


Биринчи тоифали резерв сафи ҳарбий хизматни чақирув ёки контракт бўйича оддий аскарлар, сержантлар лавозимларида ўтаган - ўттиз беш ёшгача бўлган, кичик офицерлар лавозимларида ўтаган - қирқ ёшгача бўлган, катта офицерлар лавозимларида ўтаган - эллик ёшгача бўлган, генераллар таркиби лавозимларида ўтаган - эллик беш ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар орасидан тўлдирилади.

Биринчи тоифали резерв биринчи ва иккинчи навбатга бўлинади.

Биринчи навбатдаги резерв сафи Қуролли Кучларнинг тегишли қўшилмалари, қисмлари ва бўлинмаларига бириктириб қўйиладиган, энг яхши тайёргарлик кўрган резервчилар орасидан Қуролли Кучларнинг жанговар қўшилмалари, қисмлари ва жанговар таъминот бўлинмалари сафини уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасига қадар тўлдириш учун мўлжалланган бўлиб, уларнинг таркибида бундай резервчиларнинг жанговар тайёргарлиги амалга оширилади ва жанговар мақсадларда қўлланилиши режалаштирилади.

Иккинчи навбатдаги резерв сафи Қуролли Кучларнинг жанговар қўшилмалари, қисмлари, жанговар таъминот бўлинмаларига бириктириб қўйилмаган резервчилар орасидан тўлдирилади ҳамда зарурат бўлганда биринчи навбатдаги резерв сафини тўлдириш учун мўлжалланган бўлади.

Биринчи тоифали резервда турган ҳарбий хизматга мажбурлар резервда бўлиш ёшининг чегарасига етганда ёки саломатлигига кўра иккинчи тоифали резервга ёхуд захирага ўтказилади.


7-модда. Иккинчи тоифали резерв сафини тўлдириш


Иккинчи тоифали резерв сафи ҳарбий хизматни чақирув, контракт бўйича ёки сафарбарлик чақируви резервида оддий аскарлар, сержантлар лавозимларида ўтаган - қирқ беш ёшгача бўлган, кичик офицерлар лавозимларида ўтаган - эллик ёшгача бўлган, катта офицерлар лавозимларида ўтаган - эллик беш ёшгача бўлган, генераллар таркиби лавозимларида ўтаган - олтмиш ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар орасидан тўлдирилади.

Иккинчи тоифали резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар ҳарбий қўшилмалар, қисмлар ҳамда ички ва техник таъминот бўлинмаларига бириктириб қўйилади, ҳамда уларнинг сафини уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасига қадар тўлдириш учун, фавқулодда вазиятлар рўй берганда ёки Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз юз берган тақдирда эса уруш даврида тақозо этиладиган тузилмаларни кучайтириш учун мўлжалланади.

Иккинчи тоифали резервда бўлиш ёшининг чегараси тегишинча резервда бўлиш ёшининг чегараси ҳисобланади.

Зарурат бўлганда Қуролли Кучларнинг уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасидаги ички ҳамда техник таъминот қисмлари ва бўлинмалари, шунингдек уруш даврида тақозо этиладиган тузилмалар сафини Қуролли Кучларнинг жанговар қўшилмалари, қисмлари ва жанговар таъминот бўлинмаларига бириктириб қўйилмаган биринчи тоифали резервчилар билан тўлдиришга йўл қўйилади.


8-модда. Резервчиларни танлаб олиш


Қуролли Кучларнинг қўшилмалари, қисмлари ва бўлинмалари сафини уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасига қадар тўлдириш, шунингдек уруш даврида тақозо этиладиган тузилмаларни кучайтириш учун мўлжалланган резервчиларни танлаб олиш ҳарбий округлар қўшинларининг қўмондонлари буйруғи билан тузиладиган танлов комиссиялари томонидан амалга оширилади. Комиссиялар таркибига ҳарбий округлар штабларининг, сафи тўлдирилаётган қўшилмалар, қисмлар ва бўлинмалар қўмондонлигининг, мудофаа ишлари органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вакиллари ҳамда тегишли қўшин турлари ва хизматларнинг мутахассислари киритилади.

Резервчиларни Қуролли Кучларнинг қўшилмалари, қисмлари ва бўлинмаларига бириктириб қўйиш учун танлаб олиш ҳарбий хизматга мажбурларнинг ҳарбий ҳисобдаги ихтисослиги, оилавий аҳволини, шунингдек ҳарбий тайёргарлик даражасини, интеллектуал қобилиятини ва жисмоний кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда якка тарзда ўрганиб чиқиш йўли билан, қоида тариқасида, ҳудудий принцип асосида амалга оширилади.

Қуролли Кучларнинг қўшилмалари, қисмлари ва бўлинмалари сафини уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасига қадар тўлдириш, шунингдек уруш даврида тақозо этиладиган тузилмаларни кучайтириш учун зарур бўладиган резервдаги офицерлар етишмай қолса, олий таълим муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик бўйича тегишли ўқув бўлинмаларида (ҳарбий таълим факультетлари, ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув марказлари, ҳарбий кафедралар, цикллар ва курсларда) офицерлар тайёрлаш дастури асосида таълимнинг тўлиқ курсини ўтган, энг яхши тайёргарлик кўрган захирадаги офицерлар резервга танлаб олиниши мумкин. Мазкур тоифадаги шахслар резервга танлаб олинганидан кейин резервдаги офицерларни қайта тайёрлаш ҳарбий йиғинларига юборилади.

Резервчиларни танлаб олиш, танлов комиссиялари иши ҳамда резервчиларни бириктириб қўйишни расмийлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.


9-модда. Резервчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш


Резервчиларни тиббий кўрикдан ўтказишни мудофаа ишлари органлари ҳузуридаги тиббий комиссиялар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Қуролли Кучларда тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ ташкил этади ва ўтказади.


10-модда. Резервчиларни тайёрлаш


Резервчиларни тайёрлаш ҳарбий қисмлар, ўқув марказлари ҳузурида ҳарбий йиғинлар ташкил этиш ва ўтказиш йўли билан, шунингдек сафарбарлик ўқув-машқлари ва машғулотларини ўтказиш вақтида амалга оширилади.

Резервчиларни тайёрлашнинг асосий моҳияти резервчилар бириктириб қўйилган бўлинмалар таркибида жанговар тайёргарлик юзасидан шахсий билим, кўникма ва маҳоратни такомиллаштириш, ҳаракатлар тактикасини пухталаб олишдан иборат.

Резервчиларни тайёрлашга қуйидагилар киради:

оддий аскарлар, сержантлар ва офицерларни сафарбарликда улар учун белгилаб қўйилган штат лавозимларига тайёрлаш;

сафарбарлик режасига кўра оддий аскарлар, сержантлар ва офицерларни Қуролли Кучлар сафини тўлдириш учун зарур ихтисосликлар бўйича қайта тайёрлаш;

Қуролли Кучларнинг қўшилмалари, қисмлари ва бўлинмаларини уруш даври штатлари даражасида жанговар тартибга солиш;

Қуролли Кучлар қўшилмалари ва қисмларининг сафарбарлик режаларида назарда тутилган айрим чора-тадбирларнинг бажарилиши муқаррарлигини текшириш;

ҳарбий йиғинларни ўтказиш ва жанговар вазифаларни ҳал этиш даврида белгиланган қурол-яроғ ва техникаларни ўрганиш, улардан фойдаланиш, уларга хизмат кўрсатиш ҳамда уларни сақлаш, уларни ишлатиш кўникмаларини орттириш, қурол-яроғ ва техникаларнинг янги турларини ўзлаштириш.


11-модда. Ҳарбий йиғинларнинг турлари


Резервчилар тинчлик даврида қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини сақлаб туриш, ҳарбий ҳисобдаги ихтисослик бўйича мажбуриятларни бажариши учун зарур бўлган кўникмаларини сақлаб қолиш ва такомиллаштириш мақсадида ҳарбий қисмлар базасида, қоида тариқасида, ҳудудий принцип асосида ташкил этиладиган ҳарбий йиғинларда қатнашишга жалб этилиши мумкин.

Ҳарбий йиғинлар ўқув-машқ, синов йиғинлари ва махсус йиғинларга бўлинади.

Ўқув-машқ ҳарбий йиғинлари ҳарбий қисмларнинг бўлинмалари таркибидаги ихтисосликлар ҳамда штат лавозимлари бўйича биринчи ва иккинчи тоифали резерв тайёрлаш мақсадида, резервчиларнинг хизматни ўташи назарда тутилган вазирликлар ва идоралар томонидан тасдиқланадиган дастурлар бўйича ўтказилади.

Синов ҳарбий йиғинлари Қуролли Кучларнинг уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасидаги қўшилмалари, қисмлари ва бўлинмаларининг сафарбарлик тайёргарлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

Махсус ҳарбий йиғинлар Ўзбекистон Республикасининг нормал ҳаётий фаолиятига таҳдид солувчи фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида ўтказилади.

Резервчиларни ҳарбий йиғинларга жалб этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.


12-модда. Ҳарбий йиғинларнинг муддатлари


Биринчи тоифали резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар йилига кўпи билан уч марта ўқув-машқ ҳарбий йиғинларига жалб этилиши мумкин. Бу ҳарбий йиғинларнинг умумий муддати бир йил ичида ўттиз суткадан ошмаслиги керак.

Иккинчи тоифали резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар йилига кўпи билан икки марта ўқув-машқ ҳарбий йиғинларига жалб этилиши мумкин. Бу ҳарбий йиғинларнинг умумий муддати бир йил ичида ўн беш суткадан ошмаслиги керак.

Биринчи ва иккинчи тоифали резервдаги ҳарбий хизматга мажбурларнинг муддати беш суткагача бўлган синов ҳарбий йиғинлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штабининг режаси асосида, қоида тариқасида, беш йилда кўпи билан бир марта ўтказилади.

Махсус ҳарбий йиғинлар Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ ўтказилади. Резервчилар бу ҳарбий йиғинларга бир йил ичида кўпи билан икки ой муддатга жалб этиладилар.

Резервчи мудофаа ишлари органидан ҳарбий йиғинлар ўтадиган жойга жўнаб кетган кун ҳарбий йиғинларнинг бошланиши ҳамда у ҳарбий қисм қўмондони томонидан берилган буйруқда кўрсатилган мудофаа ишлари органига бориб учрашган кун йиғинларнинг тугаши деб ҳисобланади.


13-модда. Ҳарбий йиғинларда қатнашишдан озод қилиш


Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган рўйхатда белгиланадиган давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун бронлаштириб қўйилган ҳарбий хизматга мажбурлар ҳарбий йиғинларда қатнашишдан озод этилади.


14-модда. Резервчиларни тайёрлашга раҳбарлик


Резервчиларни ҳисобга олиш ва уларни ҳарбий йиғинларга жалб этиш мудофаа ишлари органлари зиммасига юклатилади.

Резервчиларнинг ҳарбий тайёргарлигини ташкил этиш ва ўтказиш улар Қуролли Кучларнинг қайси қўшилмалари, қисмлари ва бўлинмаларига бириктириб қўйилган бўлса, шу қўшилма, қисм ва бўлинма қўмондонлиги томонидан тайёргарлик дастурлари ҳамда режаларига мувофиқ амалга оширилади.

Резервчиларни тайёрлашга раҳбарлик, ўтказилаётган тайёргарликнинг сифати ҳамда самарадорлигини назорат қилиш ҳарбий округлар қўмондонлиги томонидан, резервчилар хизмат ўташи назарда тутилган вазирликлар ва идораларнинг бўлинмалари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби резервчилар тайёрлашга умумий раҳбарликни ҳамда бу борадаги ишларни режалаштиришни амалга оширади, тинчлик ва уруш даврида, фавқулодда вазиятлар рўй берганда ёки Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз таҳдиди юзага келган тақдирда, резервчилардан қонунчиликка мувофиқ фойдаланилиши тартибини белгилайди.


15-модда. Резервчиларнинг ҳарбий унвонлари


Резервчиларнинг ҳарбий унвонларига "резервдаги" деган сўз қўшилади.

Ўқув-машқ ҳарбий йиғинларида қатнашган ва таълим дастури бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топширган резервчиларга Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда навбатдаги ҳарбий унвонлар - резервдаги подполковникликка қадар бўлган ва подполковник унвонлари берилиши мумкин.

Ҳарбий унвонга эга бўлмаган фуқаролар мудофаа ишлари органлари томонидан резервга киритилиши билан бир пайтнинг ўзида уларга оддий аскар ёхуд матрос ҳарбий унвони берилади.

Ҳарбий унвон бериш ва ҳарбий унвондан маҳрум қилиш, шунингдек ҳарбий унвонини пасайтириш ҳамда ҳарбий унвонини тиклаш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


16-модда. Резервчилар тайёрлашнинг

моддий-техника таъминоти


Резервчилар тайёрлашни қурол-яроғ, техника, ўқ-дори ҳамда бошқа моддий-техника воситалари билан таъминлаш Қуролли Кучлар қўшилмалари, қисмлари ва бўлинмаларининг жорий таъминоти маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Резервчиларни тайёрлашда моддий-техника воситалари, қурол-яроғ ва техника захираларидан фойдаланиш тартиби, ишлатиладиган ресурслар нормалари, шунингдек резервчиларни тайёрлашда фойдаланилган моддий воситаларнинг ўрнини тўлдириш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


17-модда. Резервчиларга бериладиган кафолатлар


Ҳарбий йиғинларга жалб этилган резервчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда ва миқдорларда пул ҳамда бошқа турдаги таъминот оладилар. Ҳарбий йиғинлар даврида, шу жумладан, улар ўтказиладиган жойга бориш ва у ердан қайтиб келиш даврида резервчиларнинг иш жойи (лавозими) ҳамда иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақланиб қолади. Мазкур шахслар билан тузилган меҳнат шартномаси чақирув қоғози олинган кундан ҳарбий йиғинлардан қайтилгунга қадар бўлган даврда иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин эмас, корхона, муассаса ва ташкилот тугатилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар ҳарбий йиғинлар вақтида резервчи касал бўлиб қолса ва йиғин тугаганидан кейин ҳам касаллиги давом этса, унинг иш жойи (лавозими) сақланиб қолади, ҳарбий йиғинлар тугаган кундан бошлаб қонунчиликка мувофиқ унга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.

Резервчилар ҳарбий йиғинларда қатнашиш даврида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ҳарбий йиғинлар ўтказиладиган жойга темир йўл ҳамда автомобиль транспортида (таксидан ташқари) бепул бориш ва қайтиб келиш;

ҳарбий қисмлар томонидан жўнатиладиган хатларни бепул юбориш;

ҳарбий-тиббий муассасаларда бепул тиббий хизмат билан таъминланиш.

Резервчилар ҳарбий йиғинларда қатнашаётган даврда уларнинг ҳаёти ва соғлиғи давлат томонидан мажбурий суғурталанади. Резервчиларни давлат томонидан мажбурий суғурталаш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ҳарбий йиғинларда қатнашиш даврида резервчилар муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчилар учун белгиланган бошқа ҳуқуқлар ва имтиёзлардан ҳам фойдаланадилар.

Ҳарбий йиғинларда қатнашиб, ҳар жиҳатдан ўзини кўрсата олган биринчи навбатдаги биринчи тоифали резервчиларга ҳарбий қисмларнинг қўмондонлари тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда ва миқдорларда бир йўла тўланадиган пул мукофоти тўланиши мумкин. Бунда улар мазкур пул мукофоти бўйича жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқ тўловидан озод этилади.

Тинчлик даврида жанговар ҳаракатларда иштирок этган резервчиларнинг меҳнат стажини ҳисоблашда жанговар ҳаракатларнинг ҳар бир куни уч кунга ҳисобланади.



18-модда. Қуролли Кучлар резервидаги хизмат тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Қуролли Кучлар резервидаги хизмат тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                            И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 2003 йил, 5-сон, 65-модда.
















































Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск