Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Сайлов тизими. Сайловлар. Референдум /

Ўзбекистон Республикасининг 05.05.1994 й. 1050-XII-сон "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

05.05.1994 й.

N 1050-XII



ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ, ТУМАН

ВА ШАҲАР КЕНГАШЛАРИГА САЙЛОВ

ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Сайлов ўтказишнинг асосий принциплари

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўп партиялилик асосида беш йил муддатга ўтказилади.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар.


2-модда. Умумий сайлов ҳуқуқи

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига депутатлар сайлови умумийдир. Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Сайлов куни йигирма бир ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқаролари сайланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар.


3-модда. Тенг сайлов ҳуқуқи

Ҳар бир фуқаро - сайловчи бир овозга эга.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадирлар.


4-модда. Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари фуқаролар томонидан бевосита сайланадилар.



5-модда. Яширин овоз бериш

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг сайловида эркин ва яширин овоз берилади. Овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродаси назорат қилинишига йўл қўйилмайди.


6-модда. Сайловга тайёргарлик кўриш

ва уни ўтказишдаги ошкоралик

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширадилар.

Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз ишларидан, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган манзили ва иш вақтидан воқиф этадилар, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништирадилар, депутатликка номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қиладилар.

Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, биттадан кузатувчи, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида округ сайлов комиссияларига сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида маълум қиладилар.

Округ сайлов комиссияси манфаатдор ташкилотдан ариза олинганидан кейин беш кун ичида тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси белгилайдиган намунадаги мандатни кузатувчи учун беради.

Кузатувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

депутатликка номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, округ ва участка сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;

сайлов участкасида ҳозир бўлиш ҳамда тайёргарлик ишларининг бориши, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш;

овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг баёнларини тузишда ҳозир бўлиш;

сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва уларни олиш;

башарти сайлов участкасида ушбу Қонуннинг бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида юқори сайлов комиссиясига маълум қилиш.

Кузатувчиларга қуйидагилар ман этилади:

сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;

сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиёти тарқатиш;

сайловчилардан уларнинг кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;

участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутиларини муҳрлашда, уларни очишда, овозларни санаб чиқишда аралашиш.


II. САЙЛОВ ОКРУГЛАРИ ВА

САЙЛОВ УЧАСТКАЛАРИ

7-модда. Сайлов округлари тузиш

Депутатлар сайловини ўтказиш учун:

халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига депутатлар сайлашда - олтмиштадан кўп бўлмаган;

халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига депутатлар сайлашда - ўттизтадан кўп бўлмаган ҳудудий сайлов округи тузилади.

Ҳар бир сайлов округидан тегишли халқ депутатлари Кенгашига битта депутат сайланади.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов округлари сони аҳолининг, сайловчиларнинг сонини, ҳудудни ва бошқа маҳаллий шароитларни инобатга олган ҳолда ушбу Қонунда белгиланган нормалар доирасида тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан белгиланади.

Сайлов округлари тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан, қоида тариқасида, сайловчилар сони тенг ҳолда тузилади. Сайлов округларининг чегаралари вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг маъмурий-ҳудудий тузилишини инобатга олган ҳолда белгиланади.

Тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси сайлов округлари рўйхатини уларнинг чегаралари ва сайловчилар сонини кўрсатган ҳолда сайловдан камида етмиш беш кун олдин эълон қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 99-моддасига мувофиқ туманга бўйсунадиган шаҳарларда, халқ депутатлари Кенгашлари ва тегишли Кенгашларга сайлов ўтказувчи сайлов округлари тузилмайди, депутатлар сайланмайди.


8-модда. Сайлов участкалари

тузиш тартиби ва нормаси

Сайлов участкалари сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида туманлар, шаҳарлар ва шаҳарлардаги туманларнинг чегараларини инобатга олган ҳолда тузилади. Сайлов участкалари ҳарбий қисмларда ҳам тузилади.

Санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналар ва бошқа стационар даволаниш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкин. Бу сайлов участкалари ўзлари жойлашган ердаги сайлов округлари таркибига киради.

Сайлов участкалари туман, шаҳар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан, ҳарбий қисмларда - ҳарбий қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тузилади.

Сайлов участкалари сайловдан камида олтмиш кун олдин тузилади. Ҳарбий қисмларда, олис ва бориш қийин бўлган ерларда ҳам сайлов участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса - истисно тариқасида сайловга камида беш кун қолганида тузилади.

Сайлов участкалари, қоида тариқасида, камида йигирма нафар ва кўпи билан уч минг нафар сайловчидан иборат этиб тузилади.

Овоз беришни ташкил этиш учун ҳар бир сайлов участкасига туман, шаҳар ҳокимлиги бино ажратади.

Туман, шаҳар сайлов комиссияси сайлов участкаларининг тартиб рақамини белгилайди ҳамда участка сайлов комиссиясининг ва овоз бериш биносининг манзилини кўрсатган ҳолда ҳар бир сайлов участкасининг чегаралари тўғрисида сайловчиларни хабардор этишни ташкил қилади.



III. САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИ

9-модда. Сайлов комиссиялари тизими

Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун:

халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси;

халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссияси;

халқ депутатлари шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи шаҳар сайлов комиссияси;

округ сайлов комиссиялари;

участка сайлов комиссиялари тузилади.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияларининг фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади.


10-модда. Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясини тузиш

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан сайловга камида саксон кун қолганида комиссиянинг раиси ва олти - ўн тўрт нафар бошқа аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини тегишли халқ депутатлари Кенгашларига сайлов юзасидан навбатдаги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунга қадар амалга оширади.

Комиссия раисининг ўринбосари ва комиссия котиби комиссиянинг биринчи мажлисида унинг аъзолари орасидан сайланади. Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси ўз таркиби, жойлашган манзили ва телефон рақамларига доир маълумотларни расмий маҳаллий матбуот органларида эълон қилади.



11-модда. Вилоят, туман, шаҳар сайлов

комиссиясининг ваколатлари

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси:

1) тегишли ҳудудда ушбу Қонуннинг ижросини назорат қилади, унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди ва сайловни ташкил этишга доир масалалар юзасидан изоҳлар бериб боради;

2) тегишинча халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов округларини тузади, уларга ном ва тартиб рақами беради;

3) тегишли халқ депутатлари Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларини тузади ва уларнинг жойлашган манзили тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;

4) тегишли сайлов комиссияларининг фаолиятини йўналтириб боради, уларнинг таркибига ўзгартишлар киритиш тартибини белгилайди, округ ва участка сайлов комиссияларининг қарорларини, башарти, бу қарорлар ушбу Қонунга зид бўлса, мустақил тарзда ёки вилоят, туман, шаҳар прокурорининг тақдимномасига биноан бекор қилиши мумкин;

5) депутатликка номзодлар кўрсатган сайлов партиялардан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан тегишли ҳужжатларни қабул қилиб олади;

6) тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлигига номзодларни рўйхатга олади ва улар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;

7) депутатликка номзодлар сайлов кампаниясида иштирок этишлари учун тенг шароитлар таъминлайди;

8) пул маблағларини тегишли сайлов комиссиялари ўртасида тақсимлайди, сайлов комиссиялари, бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади, сайловни моддий-техника жиҳатидан таъминлашга доир бошқа масалаларни кўриб чиқади;

9) тегишли халқ депутатлари Кенгаши сайловига доир сайлов бюллетенлари, сайловчилар рўйхатлари, сайлов комиссиялари баёнлари, сайлов варақалари, ўз муҳри, сайловга оид бошқа ҳужжатларнинг шаклларини тасдиқлайди ва тайёрланишини таъминлайди;

10) сиёсий партиялар, маҳаллий давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари вакилларининг ҳамда корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини тинглайди;

11) тегишли халқ депутатлари Кенгашига ўтказилган сайлов якунларини чиқаради, сайланган депутатларни рўйхатга олади, сайлов якунларига доир маълумотларни ва сайланган депутатларнинг рўйхатини матбуотда эълон қилади;

12) депутатларга тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутати гувоҳномасини ва кўкрак нишонини беради;

13) такрорий сайлов ўтказиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади;

14) тегишли сайлов комиссияларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан тушган ариза ҳамда шикоятларни кўриб чиқади ва улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

15) ушбу қонун жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўладиган тарзда бузилганлигига доир материалларни прокуратура органларига оширади;

16) сайловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг архивларга ёки идоравий архивларга топширилишини таъминлайди;

17) ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади.



12-модда. Округ сайлов комиссиясини тузиш

Округ сайлов комиссияси тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва олти - саккиз нафар бошқа аъзосидан иборат таркибда тузилади.



13-модда. Округ сайлов комиссиясининг ваколатлари

Округ сайлов комиссияси:

1) сайлов округи ҳудудида ушбу Қонун ижросини назорат қилади:

2) сайлов участкаларининг манзилини округ сайловчилари эътиборига етказади;

3) депутатликка номзодларнинг сайлов компаниясида иштирок этишлари учун тенг шароитлар таъминлайди;

4) тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган депутатликка номзодларга гувоҳномалар беради;

5) депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашади;

6) депутатликка номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олади ва уларга тегишли гувоҳномалар беради;

7) сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари вакилларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини эшитади;

8) сайловчиларнинг рўйхатлари тузилиши ва ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради;

9) сайлов округ бўйича сайлов бюллетени матнини тасдиқлайди ва участка сайлов комиссияларини сайлов бюллетенлари билан таъминлайди;

10) сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлайди ва тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига тақдим этади;

11) такрорий овоз бериш ва такрорий сайлов, шунингдек бўшаб қолган ўринга депутат сайлови ўтказилишини ташкил этади;

12) участка сайлов комиссияларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан тушган ариза ҳамда шикоятларни кўриб чиқади ва улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

13) ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади.



14-модда. Участка сайлов комиссиясини тузиш

Участка сайлов комиссияси туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида беш - ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади. Агар комиссия етти нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади.

Участка сайлов комиссияси таркибининг сони зарур ҳолларда кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин.



15-модда. Участка сайлов комиссиясининг ваколатлари

Участка сайлов комиссияси:

1) участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади;

2) сайловчиларни сайловчилар рўйхати билан таништиради, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади ҳамда рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этади;

3) сайлов куни ўз турар жойида бўлиш ва овоз беришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилардан сайлов варақаси солинган ёпиқ ҳолдаги конвертларни қабул қилиб олади;

4) аҳолини сайлов куни ва овоз бериш жойи тўғрисида хабардор этади;

5) овоз бериш биноси ва сайлов қутилари ҳамда бошқа сайлов ашёлари тайёрлаб қўйилишини таъминлайди;

6) сайлов куни сайлов участкасида овоз беришни ташкил этади;

7) сайлов участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади;

8) сайловга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни ташкил этиш масалалари юзасидан тушган ариза ва шикоятларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

9) ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади.



16-модда. Сайлов комиссияларига аъзолик

Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят ва округ сайлов комиссияларининг аъзолари халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари тавсиясига биноан тасдиқланади.

Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи туман, шаҳар ва округ сайлов комиссияларининг аъзолари, шунингдек участка сайлов комиссияларининг аъзолари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига биноан тасдиқланади.

Комиссиянинг аъзоси шахсан берган аризасига мувофиқ, шунингдек ваколатларидан маҳрум этилган тақдирда ўз вазифасини бажаришдан озод қилиниши мумкин.

Комиссия аъзосини ваколатларидан маҳрум этиш ҳуқуқи комиссияни тузган органга тегишли бўлиб, комиссия аъзоси ушбу Қонун талабларини бузгани ёки ўз вазифаларини мунтазам равишда эътиборсиз қолдириб келгани тақдирда ўз ваколатларидан маҳрум этилади.

Зарурат бўлганида сайлов комиссиясининг янги аъзоси ушбу Қонунда белгиланган тартибда тайинланади.

Сайлов комиссиясининг раиси, раис ўринбосари, котиби ва бошқа аъзолари сиёсий партияларнинг аъзоси бўлишлари мумкин эмас. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар сайлов комиссияларига аъзо бўлишлари мумкин эмас.

Бир шахс фақат битта сайлов комиссиясига аъзо бўлиши мумкин.



17-модда. Сайлов комиссияларининг ишини

ташкил этиш ва уларнинг ваколат муддати

Башарти, сайлов комиссиясининг мажлисда комиссиянинг мажлис ўтказилаётган кундаги мавжуд таркибининг камида учдан икки қисми иштирок этса, мажлис ваколати ҳисобланади. Комиссия қарори очиқ овоз бериш орқали комиссия умумий таркибининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Қарорга рози бўлмаган комиссия аъзолари ўзларининг алоҳида фикрларини билдиришга ҳақлидирлар, бу фикр ёзма шаклда баёнга илова қилинади. Агар овозлар тенг бўлиниб қолса, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи кучга эга бўлади.

Сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори қуйи сайлов комиссияларининг, шунингдек тегишли маҳаллий давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларининг, меҳнат жамоалари ва ҳарбий қисмларнинг, корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарларининг ижроси учун мажбурийдир.

Сайлов комиссиясининг раиси, раис ўринбосари, котиби ёки аъзоларидан бошқа бири комиссиянинг қарорига биноан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод қилиниши мумкин. Бунда сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан унинг ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

Давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар сайлов комиссияларига ўз ваколатларини амалга оширишлари учун ёрдам беришлари, уларнинг иши учун зарур маълумотларни тақдим этишлари шарт.

Давлат органлари, корхона, муассасалар, ташкилотлар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун керакли бинолар ва жиҳозларни сайлов комиссиялари ихтиёрига бепул бериб туришлари шарт.

Сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан тегишли маҳаллий давлат органлари ва жамоат бирлашмалари органларига, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарларига, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Улар кўпи билан уч кун ичида комиссия ўртага қўйган масалани қараб чиқишлари ва сайлов комиссиясига жавоб қайтаришлари шарт.

Округ ва участка сайлов комиссиялари тегишли сайлов округларидан сайланган депутатлар вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин ўз фаолиятларини тўхтатадилар.


17-1-модда. Сиёсий партиянинг ваколатли вакили

Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда ўз аъзолари орасидан ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.



18-модда. Сайлов комиссияларининг қарорлари устидан

тушган шикоятларни қараб чиқиш

Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партияларнинг органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, депутатликка номзодлар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан юқори сайлов комиссиясига ёки судга қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида шикоят билан мурожаат этишлари мумкин. Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим. Шикоят берган шахслар шикоят кўриб чиқилишида бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.


IV. САЙЛОВ КАМПАНИЯСИ БОШЛАНГАНЛИГИНИ

ЭЪЛОН ҚИЛИШ. ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ,

ТУМАН, ШАҲАР КЕНГАШЛАРИ ДЕПУТАТЛИГИГА

НОМЗОДЛАР КЎРСАТИШ ВА УЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ

19-модда. Сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов юзасидан сайлов кампанияси бошланганлиги депутатларнинг ваколат муддати тугашидан камида уч ой олдин Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


20-модда. Депутатликка номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи

Халқ депутатлари вилоят Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадирлар.

Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари эгадирлар.

Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин қонунда белгиланган тартибда рўйхатга олинган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин.


21-модда. Сайловда иштирок этиш учун сиёсий

партиялар тақдим этадиган ҳужжатлар

Депутатликка номзодлар кўрсатиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

сиёсий партиянинг тегишли вилоят, туман, шаҳар органи раҳбари имзолаган сайловда қатнашиш тўғрисидаги ариза;

сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинганлиги тўғрисида маълумотнома.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси сиёсий партия вакилига ариза қабул қилинган кун қайд этилган маълумотнома беради. Сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида партиянинг сайловда қатнашишига ижозат бериш ёки бермаслик тўғрисида беш кун муддатда узил-кесил қарор қабул қилади. Сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризалар келиб тушиши навбатига қараб тегишли вилоят, туман, шаҳар матбуотида эълон қилинади.


22-модда. Депутатликка сиёсий партиялар ва фуқароларнинг

ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан

номзодлар кўрсатиш

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва сайловга қирқ беш кун қолганида тугалланади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашлари депутатлигига номзодлар сиёсий партияларнинг вилоят органлари томонидан кўрсатилади.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар сиёсий партияларнинг тегишли туман, шаҳар органлари томонидан ҳамда фуқаролар йиғинларида (вакиллари йиғилишларида) кўрсатилади.

Сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудда жойлашган ҳар бир сайлов округидан биттадан депутатликка номзод кўрсатишга ваколатлидир. Агар тегишли халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов округи ҳудудида фуқароларнинг икки ва ундан ортиқ ўзини ўзи бошқариш органи жойлашган бўлса, депутатликка номзод фуқаролар вакилларининг йиғилишларида кўрсатилади. Йиғилишда иштирок этадиган вакиллар нормасини тегишли туман, шаҳар сайлов комиссияси белгилайди.

Депутатликка, қоида тариқасида, тегишли вилоят, туман ёки шаҳар ҳудудида ишловчи ёки яшовчи фуқаролар номзод этиб кўрсатилади. Бир шахс тегишли халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи фақат битта сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин. Депутатликка номзодлар танлаш тартибини сиёсий партияларнинг ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўзлари белгилайдилар.

Хотин-қизлар сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши лозим.

Сиёсий партиялар фақат ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни депутатликка номзод этиб кўрсатади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари эса, шахсларни у ёки бу партияга мансублигидан қатъи назар, депутатликка номзод этиб кўрсатишга ҳақлидир. Депутатликка номзод этиб фуқаролар орасидан мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида, тегишли вилоят, туман, шаҳар иқтисодиётини ривожлантиришда фаол иштирок этаётган, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг, фермерлик ҳаракатининг самарадорлигини оширишга кўмаклашаётган шахслар кўрсатилади. Депутатликка номзодлар кўрсатилганлиги тўғрисида баённома тузилади.


22-2-модда. Депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун

тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига

тақдим этиладиган ҳужжатлар

Сиёсий партия тегишли органининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг раҳбари, депутатликка номзодларни рўйхатга олишни илтимос қилиб, тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

сиёсий партия тегишли органининг, фуқаролар йиғинининг (вакиллари йиғилишининг), депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги қарори;

сиёсий партия тегишли органи мажлисининг, фуқаролар йиғини (вакиллари йиғилиши), депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда депутатликка номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги, шунингдек сайлов округининг номи ва тартиб рақами кўрсатилади;

депутатликка номзоднинг ўз номзоди тегишли сайлов округидан овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси;

ушбу Қонун 23-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатиб ўтилган шахсларнинг, башарти улар депутат этиб сайлангудек бўлсалар, эгаллаб турган лавозимларидан бўшаш тўғрисидаги аризалари.

Ҳужжатларни тақдим этган шахсга тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.

Тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни етти кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг ушбу Қонун талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва ушбу Қонун талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий партияларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг раҳбарларига белгиланган тартибда маълум қилади.


23-модда. Депутатликка номзодларга қўйиладиган талаблар

Қуйидагилар:

содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар;

сайлов кунига қадар сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшамаган шахслар;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг, Ички ишлар вазирлигининг, Давлат божхона қўмитасининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари;

диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари депутатликка номзод этиб рўйхатга олинмайдилар.

Судьялар, прокуратура органлари ва ҳокимият ижроия органларининг мансабдор шахслари (вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг ҳокимлари бундан мустасно) депутат этиб сайлангудек бўлсалар, эгаллаб турган лавозимларидан бўшаш тўғрисида ариза берганлари тақдирдагина халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинадилар.



24-модда. Депутатликка номзодларни рўйхатга олиш

Тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугашига етти кун қолганида тўхтатади.

Ушбу Қонунга мувофиқ депутатликка номзод этиб кўрсатилган шахсга рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилади.

Депутатликка номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тўхтатилади.

Тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси депутатликка номзодлар рўйхатга олинганидан кейин беш кун ичида депутатликка номзоднинг фамилиясини, исми ва отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини (машғулотининг турини), иш ва турар жойини, шунингдек уни депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органини кўрсатган ҳолда рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни маҳаллий матбуотда эълон қилади.


V. САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИ.

ДЕПУТАТЛИККА НОМЗОДЛАР

ФАОЛИЯТИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

25-модда. Сайловолди ташвиқоти

Сайловолди ташвиқоти - сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият.

Сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди.

Сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.


25-1-модда. Сайловолди ташвиқотини олиб

бориш турлари, шакллари ва усуллари

Сайловолди ташвиқоти қуйидаги тарзда олиб борилади:

сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;

депутатликка номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш.

Сайловолди ташвиқоти омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, сайловчиларнинг йиғилишлари, депутатликка номзод, сиёсий партия тўғрисидаги роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

Сайловолди ташвиқоти:

оммавий ахборот воситалари, шунингдек телевидение, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари (шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи) орқали;

босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали;

сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланиши мумкин.



25-2-модда. Сайловолди ташвиқотини оммавий

ахборот воситалари орқали олиб бориш

Сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.

Депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Сайлов кампаниясида иштирок этувчи оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга мос бўлиши, депутатликка номзодларнинг, сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни, шунингдек депутатликка номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

Сайловолди ташвиқоти мақсадида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан белгиланади.



25-3-модда. Сайловолди ташвиқотини босма, кўргазмали,

аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини

чиқариш ҳамда тарқатиш орқали олиб бориш

Сиёсий партияларга босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммаларни, босма маҳсулотнинг электрон шаклларини ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун тенг шароитлар яратиб берилади. Ташвиқот материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.

Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

ташвиқот материалларини тайёрлаган юридик шахснинг номи (жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ва у ҳақдаги бошқа маълумотлар;

ташвиқот материалларига буюртма берган юридик шахснинг номи (жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми);

ташвиқот материалларининг адади, чиқарилган санаси тўғрисидаги ахборот.

Биноларга, иншоотларга ва бошқа жойларга илгари жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материаллари сайловга бир кун қолганида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан олиб қўйилади.



25-4-модда. Сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш

орқали сайловолди ташвиқотини олиб бориш

Депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқоти учун тенг шароитлар яратиб берилади.

Сайловчилар билан учрашувлар депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилади. Уларни ўтказиш жойи ва вақти, қоида тариқасида, участка сайлов комиссиялари билан келишиб олинади, мазкур комиссиялар бу ҳақда сайловчиларни олдиндан хабардор қилади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт.

Депутатликка номзод ёки унинг ишончли вакиллари бошқа депутатликка номзодлар ёки уларнинг ишончли вакиллари билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.



26-модда. Ишончли вакиллар

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод уч нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлиши мумкин. Ишончли вакиллар номзод депутат этиб сайланиши учун ташвиқот юритадилар, маҳаллий давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг органлари, сайловчилар билан ўзаро муносабатларда, шунингдек сайлов комиссияларида номзоднинг манфаатларини ҳимоя қиладилар.

Депутатликка номзод рўйхатга олинганидан кейин ўз ишончли вакилларини ўзи белгилайди ва бу ҳақда округ сайлов комиссиясига маълум қилади. Сайлов комиссияси ишончли вакилларни рўйхатга олиб, уларга гувоҳнома беради.

Депутатликка номзод округ сайлов комиссиясига маълум қилган ҳолда сайловга қадар ўз ишончли вакилини истаган вақтда ваколатидан маҳрум қилиши ва уни бошқаси билан алмаштириши мумкин. Ишончли вакил истаган вақтида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишга ҳақли.

Ишончли вакил сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.



26-1-модда. Депутатликка номзодларни сайловолди

тадбирларида иштирок этишлари учун ишлаб

чиқариш ёки хизмат вазифаларидан

озод қилиш

Депутатликка номзод этиб рўйхатга олинган шахс сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида сўзга чиқиш, телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришларида қатнашиш вақтида, ўртача ойлик иш ҳақи сайлов ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан сақланган ҳолда, ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод бўлиш ҳуқуқига эга.



27-модда. Депутатликка номзоднинг транспортда

текинга юриш ҳуқуқи

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод рўйхатга олинганидан кейин тегишли сайлов округи доирасида давлат пассажир транспортининг барча турларида (шаҳар йўловчилар транспортидан, таксидан ва транспорт бошқа турларининг буюртма йўналишларидан ташқари) текинга юриш ҳуқуқига эга бўлади. Сайлов округидан ташқарида яшовчи депутатликка номзод ҳам сайлов округига келиш ва ундан турар жойига қайтишда ана шундай ҳуқуқдан фойдаланади.



28-модда. Депутатликка номзодлик мақомидан маҳрум этиш.

Депутатликка номзодликдан воз кечиш

Сиёсий партия, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи сайловга қадар исталган вақтда у ёки бу шахсни депутатликка номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини бекор қилиш ҳуқуқига эга. Бундай шахс тегишли вилоят, туман ёки шаҳар сайлов комиссияси томонидан депутатликка номзодлик мақомидан маҳрум этилади. Сиёсий партия, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи депутатликка номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритиши мумкин.

Сиёсий партия фаолиятининг тугатилганлиги депутатликка номзодни шу партиядан сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этади.

Депутатликка номзод сайловга қадар истаган вақтида номзодликдан воз кечиши мумкин. Бунинг учун у тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.



VI. САЙЛОВЧИЛАРНИНГ РЎЙХАТЛАРИ.

САЙЛОВ БЮЛЛЕТЕНИ

29-модда. Сайловчиларнинг рўйхатларини тузиш

Сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида ўн саккиз ёшга тўладиган, рўйхат тузилаётган вақтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилади.

Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.

Сайловчилар рўйхати ҳар бир сайлов участкаси бўйича участка сайлов комиссияси томонидан тузилиб, уни комиссия раиси ва котиби имзолайди. Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатини тузиш ишида қатнашишга жамоатчилик вакилларини жалб этиши мумкин.

Туманлар ва шаҳарларнинг ҳокимликлари сайловчиларни ҳисобга олишни таъминлайдилар ва участка сайлов комиссияларига тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи сайловчилар тўғрисида сайловчилар рўйхатини тузиш учун зарур маълумотларни берадилар.

Ҳарбий қисмлардаги сайловчи-ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ва бошқа сайловчиларнинг рўйхатлари, башарти, улар ҳарбий қисмлар жойлашган ерда истиқомат қилсалар, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар ўзларининг турар жойлари бўйича умумий асосларда сайловчилар рўйхатига киритиладилар.

Санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш жойларида тузилган сайлов участкалари бўйича сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар (идоралар) раҳбарларининг тақдим этган маълумотлари асосида тузилади.

Сайловчиларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатида овоз беришни ташкил этиш учун қулай бўлган тартибда кўрсатилади.

Рўйхатда ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили акс эттирилади.


30-модда. Фуқароларни сайловчилар

рўйхатлари билан таништириш

Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга ўн беш кун қолганида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган жойларда, қамоқда сақлаш жойларида тузилган сайлов участкаларида эса - сайловга етти кун қолганида ҳамма танишиши учун тақдим қилинади. Участка сайлов комиссияси рўйхат билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида сайловчиларни хабардор этади.

Фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш имконияти таъминланади.


31-модда. Сайловчилар рўйхатлари хусусида баҳслашув

Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси сайловчилар рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида бундай аризани кўриб чиқиши ва хатони тузатиши ёки аризачига унинг аризаси рад этилишининг асослари кўрсатилган ҳолда маълумотнома бериши шарт.

Сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгилаб қўйилган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.


32-модда. Сайлов бюллетени

Сайлов бюллетенига депутатликка номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми алифбо тартибида киритилиб, унинг туғилган йили, эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури) ва уни депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи кўрсатилади.

Сайлов бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисида тушунтириш бўлиши керак.

Бюллетенлар давлат тилида, шунингдек тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг қарорига биноан сайлов округи аҳолисининг кўпчилиги муомала қиладиган тилларда нашр этилади.


33-модда. Сайлов бюллетенларини етказиб бериш

Участка сайлов комиссиялари сайлов бюллетенларини округ сайлов комиссияларидан кечи билан сайловга уч кун қолганида оладилар. Бюллетенлар берилганлиги ва олинганлигини тегишли округ ва участка сайлов комиссияларининг раиси ёки раис ўринбосари ёхуд котиби ўз имзоси билан тасдиқлайди.

Участка сайлов комиссияси оладиган сайлов бюллетенларининг сони сайлов участкаси бўйича сайловчиларнинг рўйхатларига киритилган сайловчилар сонидан ярим фоиздан кўп бўлиши мумкин эмас. Сайлов бюллетенининг ўнг томони юқори бурчагига участка сайлов комиссиясининг икки аъзоси имзо қўяди, имзолар участка сайлов комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади. Комиссия томонидан тасдиқланмаган сайлов бюллетенлари овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди.


VII. ОВОЗ БЕРИШ ВА САЙЛОВ

НАТИЖАЛАРИНИ АНИҚЛАШ

34-модда. Овоз бериш биноси

Овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилиб, бу биноларда яширин овоз бериш учун етарли миқдордаги кабина ёки хоналар жиҳозланган, сайлов бюллетенлари бериш учун жой ажратилган ва сайлов қутилари қўйилган бўлиши лозим. Сайлов қутилари уларнинг ёнига овоз берувчилар албатта яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналаридан ўтиб борадиган қилиб жойлаштирилади. Овоз бериш биносида бошқа ҳеч қандай сиёсий тадбир ўтказилишига рухсат этилмайди. Бинони жиҳозлаш ва унда зарур тартибни сақлаб туриш масъулияти участка сайлов комиссияси зиммасида бўлади.



35-модда. Овоз бериш вақти ва жойи

Овоз бериш сайлов куни соат 6 дан соат 20 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни кечи билан сайловга ўн кун қолганида хабардор қилади.

Ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаниш муассасаларида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш жойларида тузилган сайлов участкаларида, башарти, рўйхатга киритилган барча сайловчилар овоз бериб бўлган бўлса, участка сайлов комиссияси исталган вақтда овоз бериш тугаганлигини эълон қилиши мумкин.


36-модда. Овоз беришнинг бошланиши

Сайлов куни овоз бериш биноси участка сайлов комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлгандагина очилади. Раис сайлов комиссиясининг аъзолари ҳозирлигида сайлов қутисини муҳрлайди, сайлов бюллетенларини, сайловчиларнинг рўйхатларини сайлов комиссияси аъзолари ўртасида тақсимлайди ҳамда сайлов бошланганлигини эълон қилади. Бюллетенларнинг умумий сони алоҳида ҳужжат билан расмийлаштирилади.



37-модда. Сайловчининг шахсини аниқлаш

Овоз бериш биносига келгач, сайловчи участка сайлов комиссияси аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.

Бирор-бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари сайловчининг шахси, фуқаролиги ва турар жойини тасдиқловчи ҳужжатга асосан сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.


38-модда. Овоз бериш тартиби

Сайлов бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Сайлов бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра, сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан ва номзодларнинг ишончли вакилларидан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақлидир.

Сайловда сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган депутатликка номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белги-крестик қўяди.

Тўлдирилган сайлов бюллетенини овоз берувчи сайлов қутисига ташлайди.

Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.

Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборига етказилади.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Сайлов варақаси махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади.

Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясида қолдиради. Конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссияси икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва сайловчининг имзоси билан тасдиқланади.

Сайлов варақасининг шакли ва уни тайёрлаш тартиби, шунингдек сайлов варақаларини сайлов участкаларига етказиб бериш муддатлари тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Айрим сайловчилар саломатлигининг яхши эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаганлиги тақдирида, участка сайлов комиссияси уларнинг илтимосига кўра комиссия аъзоларига овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этишни топширади.


39-модда. Сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш

Овоз бериш тугагач, сайлов қутиларини очишдан олдин участка сайлов комиссиясининг аъзолари иштирокида сайлов варақалари солинган ёпиқ конвертлар қутиларга ташланади. Фойдаланилмаган барча сайлов бюллетенлари участка сайлов комиссияси томонидан санаб чиқилади ва бекор қилинади.

Сайлов қутилари комиссия раиси овоз бериш тугаганини эълон қилганидан кейин участка сайлов комиссияси томонидан очилади. Овоз бериш тугагунига қадар сайлов қутиларини очиш қатъиян тақиқланади.

Участка сайлов комиссияси участкадаги сайловчиларнинг умумий сонини, сайлов бюллетени ва варақаси олган сайловчиларнинг сонини аниқлайди.

Участка сайлов комиссияси сайлов участкасида тегишли халқ депутатлари Кенгашига сайлов бўйича ҳар бир сайлов округи ва ҳар бир номзод бўйича берилган овозларни алоҳида-алоҳида санаб чиқади.

Сайлов қутиларидаги сайлов бюллетенлари ва варақаларига асосан участка сайлов комиссияси (мазкур сайлов участкаси доирасидаги ҳар бир сайлов округи бўйича):

овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг умумий сонини;

ҳар бир депутатликка номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини;

ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари ва варақалари сонини аниқлайди.

Сайловчилар томонидан сайлов бюллетенлари ва варақаларига қўшимча тарзда ёзилган фуқароларнинг фамилиялари бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.

Белгиланмаган намунадаги сайлов бюллетенлари ва варақалари, шунингдек овоз бериш чоғида биттадан ортиқ квадратга белги-крестик қўйилган ёки битта ҳам квадратга бундай белги қўйилмаган сайлов бюллетенлари ва варақалари ҳақиқий эмас деб топилади. Сайлов бюллетени, варақасининг ҳақиқийлиги шубҳа туғдирса, масала участка сайлов комиссияси томонидан овозга қўйиш орқали ҳал этилади.

Сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда депутатликка номзод кўрсатган сиёсий партиянинг ваколатли вакили иштирок этиши мумкин.

Овозларни санаб чиқиш натижалари участка сайлов комиссиясининг мажлисида кўриб чиқилади ва сайлов комиссиясининг раиси, раис ўринбосари, котиби, бошқа аъзолари томонидан имзоланадиган баённомада акс эттирилади. Шундан кейин баённома участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари томонидан ўқиб эшиттирилади ҳамда мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси участка сайлов комиссияси биносида ҳамма танишиб чиқиши учун 48 соатдан кам бўлмаган муддатга осиб қўйилади. Участка сайлов комиссиясининг баённомаси тегишли округ сайлов комиссиясига белгиланган тартибда тақдим этилади.

Овозларни санаб чиқиш жараёнида иштирок этаётган сиёсий партиянинг ваколатли вакили участка сайлов комиссиясининг баённомаси билан танишиш ҳуқуқига эга.



40-модда. Округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш

Сайлов округлари бўйича сайлов натижалари фақат участка сайлов комиссияларининг тақдим этилган баённомалари асосида аниқланади. Округ сайлов комиссияси:

округ бўйича сайловчиларнинг умумий сони;

сайлов бюллетенлари ва варақалари олган сайловчиларнинг сонини;

овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг сонини;

ҳар бир депутатликка номзодни ёқлаб берилган овозларнинг сонини;

ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари ва варақалари сонини аниқлайди.

Округ бўйича сайлов натижалари сайлов комиссияси мажлисида аниқланади ва баёнда акс эттирилади. Баён раис, раис ўринбосари, комиссия котиби, комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан имзоланади ва тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига тақдим этилади.



41-модда. Депутатлар сайловининг натижаларини аниқлаш

Тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан олинган баёнлар асосида:

вилоят, туман, шаҳар бўйича сайловчиларнинг умумий сонини;

сайлов бюллетенлари ва варақалари олган сайловчиларнинг сонини;

овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг сонини;

ҳар бир депутатликка номзодни ёқлаб берилган овозларнинг сонини;

ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари ва варақалари сонини аниқлайди.

Овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган депутатликка номзод сайланган деб ҳисобланади.

Башарти, сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ўттиз уч фоизидан ками иштирок этган бўлса - сайлов ўтмаган деб топилади.

Сайлов чоғида йўл қўйилиб, оқибат натижада овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарлик туфайли сайлов умуман вилоят, туман, шаҳар бўйича ёки айрим сайлов округлари, ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ўтмаган деб топилиши мумкин. Сайловни ҳақиқий эмас деб топишга доир қарор тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва бу қарор устидан сайлов якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида судга шикоят қилиниши мумкин.

Айрим сайлов участкалари бўйича сайлов ҳақиқий эмас деб топилгани тақдирда тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг қарорига биноан ана шу участкалар бўйича овоз бериш натижалари, башарти, бу натижаларсиз ҳам сайлов умуман ҳақиқий деб топилиши мумкин бўлса, сайловнинг умумий натижаларидан чиқариб ташланади.

Тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси сайлов якунлари бўйича баён тузади ва қарор қабул қилади.



42-модда. Такрорий овоз бериш

Башарти, сайлов округи бўйича депутатликка икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан бирортаси ҳам сайланмаса, округ сайлов комиссияси энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз бериш ўтказиш ҳақида қарор қабул қилади ва бу хусусда тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси ҳамда округ сайловчиларини хабардор қилади. Такрорий овоз бериш икки ҳафта ичида ушбу Қонуннинг талабларига риоя этган ҳолда ўтказилади.

Такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиши фоизи ҳисобга олинмайди.


43-модда. Такрорий сайлов

Қуйидаги ҳолларда:

а) башарти, сайлов округи бўйича сайлов ўтмаган ёхуд ҳақиқий эмас деб топилган бўлса;

б) башарти, такрорий овоз бериш сайланган депутатни аниқлаш имконини бермаган бўлса;

в) башарти, сайлов округи бўйича депутатликка кўпи билан икки номзод овозга қўйилган бўлса ва улардан бирортаси ҳам сайланмаган бўлса такрорий сайловлар ўтказилади;

Такрорий сайлов тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг топшириғига биноан округ сайлов комиссияси томонидан ўтказилади. Бунда тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси такрорий сайлов янги таркибдаги округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Овоз бериш асосий сайлов ўтказиш учун тузилган аввалги сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг рўйхатлари бўйича ўтказилади.

Такрорий сайлов асосий сайловдан кейин кечи билан бир ой ичида ўтказилади. Сайлов комиссияларини тузиш, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш ва бошқа тадбирлар ушбу Қонунда белгиланган тартибда ўтказилади.



44-модда. Бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайлови ўтказиш

Тегишли халқ депутатлари Кенгаши айрим депутатларнинг ваколатларини ҳақиқий эмас деб топган тақдирда, шунингдек депутат чақириб олинган тақдирда, бошқа сабабларга кўра депутатлик ваколатлари муддатидан олдин тўхтатилган ҳолларда тегишли сайлов округларида янги сайлов ўтказилади. Сайлов тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан сайлов ўтказилишига кечи билан бир ой қолганида тайинланади ва ушбу Қонуннинг талабларига риоя қилган ҳолда ташкил этилади. Бунда округ сайлов комиссияси сайловга йигирма беш кун қолганида, участка сайлов комиссиялари эса - ўн беш кун қолганида тузилади.

Тегишли халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ваколат муддатининг тугашига олти ойдан кам вақт қолганида депутатнинг ўрни бўшаб қолса, бўшаб қолган ўринга янги депутат сайлови ўтказилмаслиги мумкин.



VIII. ДЕПУТАТЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ВА САЙЛОВ

ЯКУНЛАРИНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ

45-модда. Депутатларни рўйхатга олиш

Тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан олинган баёнлар асосида сайланган депутатларни рўйхатга олади ва бу ҳақда уларни хабардор этади.

Ушбу Қонун 23-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган шахслар тегишли халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутати этиб сайлансалар, тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига депутатнинг мақомига тўғри келмайдиган вазифаларни ўз зиммаларидан соқит қилганликлари тўғрисида ёзма равишда маълум қилишлари шарт.


46-модда. Депутатлар сайловининг якунларини эълон қилиш

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашига ўтказилган сайлов якунлари тўғрисидаги ахборотни ва сайланган депутатларнинг рўйхатини тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси алифбо тартибида депутатларнинг фамилиясини, исми ва отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини (машғулотининг турини), иш ва турар-жойини, сайлов округининг тартиб рақами ва номини кўрсатган ҳолда кўпи билан ўн кун ичида матбуотда эълон қилади.



IX. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

47-модда. Депутатнинг гувоҳномаси ва кўкрак нишони

Депутатга халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатининг гувоҳномаси ва кўкрак нишони тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан берилади. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатининг гувоҳномаси ва кўкрак нишони намунаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



48-модда. Сайловнинг молиявий таъминоти

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Депутатликка номзодларни бошқа маблағлар ҳисобидан молиявий таъминлаш ва ўзга тарзда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикасининг сиёсий партиялари ва бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва фуқаролари ўз маблағларини ихтиёрий равишда сайлов ўтказиш учун беришлари мумкин. Бу маблағларни вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари сайлов кампаниясида фойдаланиш учун қабул қилиб олади.


49-модда. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар

Кенгашларига сайлов тўғрисидаги Қонунни

бузганлик учун жавобгарлик

Ушбу Қонунни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Овоз бериш кунига қадар уч кун ичида, шунингдек овоз бериш куни жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этишга (эълон қилишга), шу жумладан, уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига (шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғига) жойлаштиришга йўл қўйилмайди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси”, 1994 йил, 5-сон, 125-модда



























Время: 0.1619
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск