ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Никоҳ ва оила / Оила, оналик ва болалар (фарзандлар) ҳуқуқларининг муҳофазаси /

Ўзбекистон Республикасининг 07.01.2008 й. ЎРҚ-139-сон "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 23.11.2007 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 01.12.2007 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

07.01.2008 й.

N ЎРҚ-139



БОЛА ҲУҚУҚЛАРИНИНГ

КАФОЛАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йил 23 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2007 йил 1 декабрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади бола ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Бола ҳуқуқларининг кафолатлари

тўғрисидаги

қонунчилик

Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


бола (болалар) - ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар);


боланинг қонуний вакиллари - ота-оналар, фарзандликка олувчилар, васийлар, ҳомийлар;

васийлик ва ҳомийлик - ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уларга таъминот, тарбия ҳамда таълим бериш, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли. Васийлик ўн тўрт ёшга тўлмаган, ҳомийлик эса ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган болаларга нисбатан белгиланади;

етим бола - отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки улар суд қарорига биноан вафот этган деб эълон қилинган бола;

жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган бола - ногиронликни белгилаш учун етарли бўлмаган жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ва (ёки) руҳий нуқсонлари бўлган бола;


ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар - юзага келган ҳолатлар сабабли оғир турмуш шароитида қолган, давлат ва жамият томонидан алоҳида ҳимоя қилишга ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож болалар, шу жумладан:

ногиронлиги бўлган болалар;

жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар;

етим болалар;

ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;

ихтисослаштирилган болалар муассасаларида тарбияланаётган болалар;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган болалар;

кам таъминланган оилалардаги болалар;

жиноий жавобгарликка тортилган ва жазони ижро этиш муассасаларида турган болалар;

зўравонлик ва эксплуатация, қуролли можаролар ва табиий офатлар натижасида жабрланган болалар;


ногиронлиги бўлган болалар (бола) - барқарор жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари мавжудлиги оқибатида ҳаёт фаолияти чекланганлиги муносабати билан давлат ва жамият томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатилишига ҳамда ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига муҳтож бўлган болалар (бола);

ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар - қонунда белгиланган тартибда болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқини амалга оширувчи ва ота-оналик мажбуриятларини бажарувчи, лекин боланинг ота-онаси бўлмаган шахслар (фарзандликка олувчилар, васийлар ва ҳомийлар);

ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола - ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлиги ёки чекланганлиги, бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги ёхуд муомалага лаёқати чекланганлиги, болани тарбиялашдан ёки унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаганлиги, шу жумладан, узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортганлиги ёхуд ота-она қарамоғи мавжуд бўлмаган бошқа ҳолатлар сабабли ота-она ёки ягона ота (она) қарамоғидан маҳрум бўлган бола.


4-модда. Бола ҳуқуқларини ҳимоя

қилиш бўйича давлат сиёсати

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;

боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш;

боланинг камситилишига йўл қўймаслик;

боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

болалар ҳуқуқлари ва имкониятларининг тенглигини таъминлаш;

бола ҳуқуқлари кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлаш;

болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва аҳлоқий камол топишига кўмаклашиш;

бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;

болаларда ватанпарварлик, фуқаролик, бағрикенглик ва тинчликсеварлик туйғуларини тарбиялаш;

болани Ўзбекистон халқининг тарихий ва миллий анъаналари, маънавий қадриятлари ҳамда жаҳон маданияти ютуқлари билан таништириш;

боланинг шахсини, унинг илмий, техникавий ва бадиий ижодкорлигини ривожлантириш;

болалар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;

болада ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш;

бола ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик қилиш;

бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш;

болаларнинг ижтимоий кўникмасига, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни камайтиришга кўмаклашиш.


5-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви

органларининг бола ҳуқуқларини

таъминлаш бўйича ваколатлари

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз вазифалари доирасида қуйидаги ваколатларни амалга оширади:

бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш;

бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича устувор йўналишларни белгилаш;

бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик ижро этиш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича давлат дастурлари ҳамда ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш;

бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича давлат органлари, болалар муассасалари, ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга доир тадбирларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонунчилик тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш; 

давлатга қарашли болалар муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва нодавлат болалар муассасаларини ривожлантиришга кўмаклашиш чора-тадбирларини кўриш;

бола ҳуқуқларини таъминлаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш ҳамда халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ифодалаш;

ахборот-маърифий фаолиятни амалга ошириш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳал этиш.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, давлат органлари ва бошқа органларнинг, ташкилотларнинг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида қонунчилик белгиланган тартибда бола ҳуқуқлари бўйича ваколатли орган ташкил этилиши мумкин.

6-модда. Бола ҳуқуқларини таъминлашда

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари болага унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда ва ҳимоя қилишда кўмаклашади, болага ёки унинг қонуний вакилига ҳуқуқий, услубий, ахборотга оид ва бошқа ёрдам кўрсатади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари:

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишда ҳамда рўёбга чиқаришда иштирок этиши;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга доир ваколатларни амалга оширишда давлатдан ва халқаро ташкилотлардан услубий, ташкилий ҳамда молиявий ёрдам олиши мумкин.



2-БОБ. БОЛА ҲУҚУҚЛАРИНИНГ

АСОСИЙ КАФОЛАТЛАРИ

7-модда. Бола ҳуқуқларининг

қонуний кафолатлари

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳар бир болага инсон ҳамда фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликлари тегишли бўлади ҳамда давлат томонидан кафолатланади.

Никоҳда ва никоҳсиз туғилган болалар тенг ҳамда ҳар тарафлама ҳимоядан фойдаланади.

Давлат боланинг барча шакллардаги камситишлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш учун зарур чораларни кўради.

Бола ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмас, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.


8-модда. Боланинг яшаш ҳуқуқи кафолатлари

Яшаш ҳуқуқи ҳар бир боланинг узвий ҳуқуқидир. Бола ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.

Давлат соғлом боланинг туғилиши ва ривожланишини таъминлаш учун шароит яратади.



9-модда. Боланинг индивидуалликка ва

уни сақлаб қолишга бўлган ҳуқуқи кафолатлари

Ҳар бир бола туғилган пайтдан эътиборан фамилия, исм, ота исми олиш, миллати ва фуқаролигига эга бўлиш ҳуқуқига, шунингдек уларни сақлаб қолиш ҳуқуқига эга.


10-модда. Боланинг эркинлик ва шахсий

дахлсизлик ҳуқуқи кафолатлари

Ҳар бир бола эркинлик, шахсий дахлсизлик, турар жойи дахлсизлиги ва хат-хабарларини сир тутиш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир бола ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайри қонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Бола қонунга асосланмаган ҳолда ушлаб турилиши, ҳибсга олиниши, қамоққа олиниши мумкин эмас.

Давлат боланинг шахси, уй-жойи дахлсизлигини, хат-хабарлари сир тутилишини таъминлайди ҳамда болани эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларидан, шу жумладан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноқларга солишдан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан, шаҳвоний шилқимликлардан, ҳуқуқбузарликлар ва ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этишга жалб этилишидан ҳимоя қилинишини амалга оширади.

Давлат:

болага нисбатан эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларининг олдини олиш, шунингдек уларнинг содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш;

эксплуатация ва зўравонликка дучор бўлган болаларга зарур педагогик, психологик, тиббий, юридик ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўради.

Қўлланилган жазо чорасидан, судланганлик ҳолати тугатилганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ҳамда ўзига нисбатан амнистия ёки афв этиш акти қўлланилганлигидан қатъи назар, қасддан одам ўлдирганлик, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирганлик, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсни жинсий алоқада бўлиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда жинсий алоқа қилишга мажбур этганлик, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирганлик ёхуд унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик, вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирганлик, худди шунингдек уни тайёрлаганлик, тарқатганлик, реклама қилганлик, намойиш этганлик ёхуд вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб этганлик, вояга етмаган шахсни жалб этган ҳолда қўшмачилик қилганлик, фоҳишахоналар ташкил этганлик ёки сақлаганлик, терроризм учун илгари ҳукм қилинган шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланади.

Ушбу модданинг олтинчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг реестрини шакллантириш ва юритиш, шунингдек ундан ахборот олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


11-модда. Боланинг ҳимояга бўлган ҳуқуқи кафолатлари

Ҳар бир болага унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилади.

Вояга етгунча қонунга мувофиқ тўла муомалага лаёқатли деб эътироф этилган (эмансипация) бола ўз ҳуқуқларини, шу жумладан, ҳимояга бўлган ҳуқуқини мустақил амалга оширишга ҳамда мажбуриятларини мустақил бажаришга ҳақлидир.

Бола ота-она ва ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қилинадиган суиистеъмолликлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганда, шу жумладан ота-она (улардан бири) ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар болага таъминот, тарбия ва таълим бериш бўйича мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда ёхуд ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганда бола ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб васийлик ва ҳомийлик органига, шунингдек бошқа давлат органларига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақли. Бундай мурожаатларни бола тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаганлиги сабабли кўриб чиқмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.

Боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганидан, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола ҳақиқатда турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилишлари шарт. Шундай маълумотлар олинган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шарт.


11-1-модда. Жиноят процессининг иштирокчиси бўлган

бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари

Давлат судга қадар иш юритишнинг ва суд муҳокамасининг барча босқичларида болаларнинг қонунчиликда белгиланган барча процессуал ҳуқуқларига риоя этилиши ҳамда бу ҳуқуқлар кафолатларининг таъминланиши бўйича чоралар кўради.

Болага ҳар қандай руҳий ёки жисмоний таъсир ўтказиш, уни кўрсатмалар беришга ёки айбини тан олишга мажбурлаш тақиқланади.

Судга қадар иш юритиш ва суд муҳокамаси жараёнида болаларга нисбатан улар қонуний вакилларининг иштирокисиз амалга ошириладиган процессуал ҳаракатларни бажариш тақиқланади. Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда вояга етмаган шахсга нисбатан процессуал ҳаракатлар унинг катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ёки ушбу шахснинг бошқа қонуний вакили иштирокида амалга оширилиши мумкин.

Вояга етмаган шахснинг жиноятлари тўғрисидаги ишлар бўйича судга қадар иш юритишнинг ва суд муҳокамасининг барча босқичларида ҳимоячининг иштирок этиши шарт. Боланинг ва унинг қонуний вакилларининг ҳимоячидан воз кечиши ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Қонунчиликда жиноят процессининг иштирокчилари бўлган болалар учун бошқа кафолатлар ҳам назарда тутилиши мумкин.


12-модда. Болаларни тарбиялаётган оилаларни

давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Давлат болаларни тарбиялаётган оилаларни қўллаб-қувватлашни кафолатлайди, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда уларга ижтимоий ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.


13-модда. Боланинг оилавий муҳитга

бўлган ҳуқуқи кафолатлари

Ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, улар билан бирга яшаш ва уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш ҳуқуқига эга, унинг манфаатларига зид бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Боланинг ота-онаси бўлмаганда, улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда ҳамда бола ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда унинг оилада яшаш ҳамда тарбияланиш ҳуқуқи васийлик ва ҳомийлик органи томонидан таъминланади.

Бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота ва онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.

Ота ва она турли давлатларда яшаган тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга.

Экстремал вазиятларга (ушлаб туриш, ҳибсга олиш, қамоққа олиш, даволаш муассасасида бўлиш ва бошқа ҳолларда) тушиб қолган бола ўз ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан қонунчиликда белгиланган тартибда кўришиш ҳуқуқига эга.


14-модда. Боланинг ғайриқонуний кўчирилишдан

ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатлари

Ҳар бир бола ғайриқонуний кўчирилишдан ва чет элдан қайтарилмасликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Боланинг чет элга сафарлари фақат ота ва онанинг ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларнинг розилиги билан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши мумкин. Ушбу масала бўйича ота ва она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар ўртасидаги ҳар қандай келишмовчилик суд томонидан ҳал қилинади.

Ота-она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар боланинг йўқолганлиги ҳақида тегишли органларга дарҳол хабар беришлари шарт.

Ота-она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар ҳамроҳлигида бўлмаган болалар уларнинг ёнига кафолатли қайтарилиш ҳуқуқига эга.

Болани ота ёки она ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахс томонидан чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдириш, яъни ота-онанинг, улар ўрнини босувчи шахснинг болага таъминот, тарбия ва таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаши ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахснинг ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги, шу жумладан болани ўз ота-онасига ёки яқин қариндошларига ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланмаган ва тегишли давлатнинг қонунчилигига биноан зарур ваколатларга эга бўлган ташкилотга топширмасдан қолдириш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари чет элда қонуний вакиллари ҳамроҳлигисиз турган болаларнинг - Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳисобини юритади ва уларнинг қайтарилиши бўйича чоралар кўради. Ота-онаси бедарак йўқолган деб топилган ёки улар вафот этган деб эълон қилинган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи ана шу болаларни оилага, бундай имконият бўлмаганда эса етим болалар ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун тайинланган муассасаларга жойлаштириш чораларини кўради.

Қонуний вакиллари ҳамроҳлигисиз чет элда турган болаларни қайтариш масалалари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ва халқаро шартномаларига мувофиқ давлат ижро этиш мақсадлари, шакллари ва усулларидан қатъи назар, болаларни ғайриқонуний кўчиришнинг олдини олиш, шунингдек уларни доимий яшайдиган мамлакатига қайтариш чораларини кўради.


15-модда. Боланинг ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқи кафолатлари

Оилада ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода этишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама жараёнида сўзлашга ҳақлидир. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши керак.


16-модда. Боланинг ахборот

олиш ҳуқуқи кафолатлари

Ҳар бир бола ўзининг соғлиғи, аҳлоқий ва маънавий камол топишига зиён етказмайдиган ахборотни олиш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир бола ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга, қонунда назарда тутилган чеклашлар бундан мустасно.

Порнография, шафқатсизлик ва зўравонликни намойиш этувчи, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлувчи оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, адабиётларни тарқатиш ҳамда фильмларни намойиш этиш тақиқланади.


17-модда. Боланинг фикрлаш, сўз, виждон

ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи кафолатлари

Бола фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Боланинг фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги қонунда белгиланган тартибда чекланиши мумкин.


18-модда. Боланинг хусусий мулкка

бўлган ҳуқуқи кафолатлари

Бола қонунда белгиланган тартибда хусусий мулк ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

Боланинг шахсий фойдаланишида бўлган, бола томонидан ҳадя, мерос тариқасида олинган, шахсий меҳнати эвазига ёки бошқа қонуний усулда олинган буюмлар, мол-мулк унинг хусусий мулкидир.


19-модда. Боланинг турар жойга

бўлган ҳуқуқлари кафолатлари

Ҳар бир бола турар жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқ қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Турар жой мулкдорининг ёки турар жойни ижарага олувчининг оила аъзолари бўлган болалар улар қаерда бўлишларидан қатъи назар, турар жой мулкдори ёки турар жойни ижарага олувчиси эгаллаб турган турар жойга нисбатан ҳуқуққа эга бўлади.

Тарбия, даволаш муассасалари ва бошқа муассасаларда, қариндошлари, васийлари ёки ҳомийлари қарамоғида бўлган етим болалар, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Васийлик ёки ҳомийлик белгиланган боланинг мулкида ёки фойдаланишида бўлган турар жойни ўзга шахсга ўтказиш учун васийлик ёки ҳомийлик органининг розилиги талаб қилинади.


20-модда. Боланинг меҳнат

қилиш ҳуқуқи кафолатлари

Ҳар бир бола ўзининг ёши, соғлиғининг ҳолати ва касбий тайёргарлигига мувофиқ қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат қилиш, фаолият турини ва касбни эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга.

Ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилади.

Болаларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун - улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Давлат ўн саккиз ёшга тўлмаган ишловчи шахсларга ишни таълим билан қўшиб олиб бориши учун зарур шароитларни яратиб бериш ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа чораларни кўриш орқали боланинг меҳнат қилиш ҳуқуқи таъминланишини кафолатлайди.


21-модда. Боланинг дам олиш ва бўш

вақтга бўлган ҳуқуқи кафолатлари

Ҳар бир бола ўзининг ёши, соғлиғи ҳамда эҳтиёжларига мос келадиган дам олиш ва бўш вақтга бўлган ҳуқуққа эга.

Ота-она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар ўз қобилиятлари ҳамда имкониятларига мувофиқ боланинг ҳар томонлама камол топиши ва фаровонлиги учун зарур турмуш шароитини таъминлайди.

Болалар соғломлаштириш, спорт, ижодий ташкилотлари ҳамда дам олишни ва бўш вақтни уюштирувчи бошқа ташкилотлар қонунчиликка мувофиқ давлат органлари томонидан таъсис этилади ва қўллаб-қувватланади.


22-модда. Боланинг соғлиғини

сақлаш ҳуқуқи кафолатлари

Ҳар бир бола соғлиғини сақлаш ҳуқуқига эга.

Давлат соғлом бола туғилишини таъминлаш учун онага унинг соғлиғини сақлаш шароитларини яратади.

Давлат болаларга қонунчиликка мувофиқ ҳажмда бепул тиббий ёрдамни кафолатлайди.

Боланинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқи давлат томонидан қуйидаги йўллар билан таъминланади:

малакали тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил қилиш;

боланинг, унинг ота-онасининг саломатлигини назорат қилиш ва болалар касалликлари профилактикаси;

болалар ва ўсмирларни даволаш-профилактика муассасаларида диспансер кузатувини олиб бориш ҳамда даволаш;

талаб даражасидаги сифатга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва сотилишини назорат қилиш;

боланинг физиологик хусусиятлари ва соғлиғи ҳолатига жавоб берадиган таълим олиш ҳамда меҳнат қилиш шароитларини яратиш;

касбга яроқлиликни аниқлашда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул тиббий маслаҳат бериш;

санитария-гигиена таълими бериш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва рағбатлантириш;

соғлиғининг ҳолати тўғрисида бола учун қулай бўлган тарзда зарур ахборотни тақдим этиш.

Ўн тўрт ёшдан катта ёшдаги бола маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий равишда розилик бериш ёки уни рад этиш ҳуқуқига эга.

Бола билан унинг ҳаётига, соғлиғи ва нормал ривожланишига зиён етказувчи ҳар қандай илмий тажриба ёки бошқа экспериментлар ўтказиш тақиқланади.

Давлат махсус чекловларни жорий этиш ва махсус профилактика дастурларини амалга ошириш орқали болани алкоголга мойилликдан, чекишдан, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддалар ва интеллектуал-иродавий фаолиятга таъсир кўрсатадиган бошқа моддаларни истеъмол қилишдан ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўради.


23-модда. Боланинг билим олиш

ҳуқуқи кафолатлари

Ҳар бир бола билим олиш ҳуқуқига эга.

Давлат боланинг бепул мажбурий умумий ўрта таълим ва ўрта махсус таълим олишини кафолатлайди.


3-БОБ. ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА МУҲТОЖ

БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИНГ

ҚЎШИМЧА КАФОЛАТЛАРИ

24-модда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг

оила муҳитига бўлган ҳуқуқи кафолатлари

Давлат боланинг оилада бўлишига тўсқинлик қилувчи шароитларни бартараф қилиш, бола оиласидан ажратилган ҳолларда эса уни оиласига тезроқ қайтариш бўйича зарур чораларни кўради.

Давлат ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болаларни тарбиялаётган оилаларга моддий ёрдам, маслаҳат ёрдами ва бошқа ёрдам кўрсатади ҳамда уларни қўллаб-қувватлайди.

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола тўғрисида ғамхўрлик қилишда имтиёзли ҳуқуқ бу вазифани бажаришга қодир бўлган қариндошларига берилади.

Болани оилага жойлаштиришнинг имконияти бўлмаган тақдирда, уни ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш охирги чорадир.

Оилада тарбияланиши мумкин бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар уларга зарур ғамхўрликни ҳамда қўллаб-қувватлашни таъминлайдиган муқобил шаклда жойлаштирилиш ҳуқуқига эга.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни муқобил жойлаштиришнинг шакллари қуйидагилардир:

васийлик ва ҳомийликни белгилаш;

болани фарзандликка олиш;

оилага тарбияга олиш (патронат);

ихтисослаштирилган тарбия, даволаш муассасаларига, ижтимоий ҳимоя муассасаларига жойлаштириш.

Қонунчиликка мувофиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни муқобил жойлаштиришнинг бошқа шакллари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни муқобил жойлаштириш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


25-модда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг

жамиятга уйғунлашиш ҳуқуқи кафолатлари

Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар жамият ҳаётида иштирок этишда бошқа болалар билан тенг ҳуқуқларга эгадир.

Давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва улар оилаларининг жамият ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлаш учун уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслик шартлари асосида дастурлар ишлаб чиқиш ташаббускори бўлади ҳамда зарур ресурслар ажратади.

Таълим, тиббиёт ва маданий-маърифий муассасалар ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳамда жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларнинг эркин ҳаракатланишлари учун мослаштирилган бўлиши керак.

Давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни реабилитация қилиш тизимини шакллантириш ва ривожлантиришни ташкил этади ҳамда бунга кўмаклашади.

Ногиронлик белгиланган пайтдан бошлаб бола тегишли давлат органлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган якка тартибдаги реабилитация дастуридан фойдаланиш ҳуқуқига эга.


26-модда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг

турар жойга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, тўлиқ давлат таъминотида турган ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларини битирган ёки жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган болалар, шунингдек ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган бошқа тоифадаги болалар ўзлари илгари яшаган турар жой майдонига эга бўлиш ёки қонунчиликка мувофиқ турар жой олиш ҳуқуқига эга.


27-модда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг

ижтимоий ёрдам олишга бўлган ҳуқуқи кафолатлари

Ижтимоий ёрдам уни олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир болага тайинланади.

Ижтимоий ёрдам кўрсатиш миқдори, шартлари ва тартиби қонунчилик билан белгиланади.

Давлат органлари ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳар бир болага, болаларнинг жойлаштирилиши шаклидан қатьи назар, моддий ва бошқа шароитларни таъминлайди.

Давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ҳомийлик дастурларини қонунчиликка мувофиқ рағбатлантиради.


27-1-модда. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва

ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан

маҳрум бўлган болалар ҳуқуқларининг кафолатлари

Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасаларига, ўрта махсус таълим муассасаларига тарбияга берилган кундан эътиборан тўлиқ давлат таъминотида бўлади.

Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болаларга ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга таълим бериш, уларни уй-жой, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмлари билан таъминлаш, улар таълим муассасаларини битираётганда, ишга қабул қилинаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмлари сотиб олиш учун нафақа тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



28-модда. Ногиронлиги бўлган болалар, жисмоний ва (ёки)

руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларнинг

тиббий-ижтимоий ёрдам олишга бўлган ҳуқуқи кафолатлари

Ногиронлиги бўлган болалар тиббий-ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу профилактика, даволаш-ташхис қўйиш, реабилитация, санаторий-курорт, протез-ортопедия ёрдамини, ҳаракатланиш воситалари билан имтиёзли шартларда таъминланишни ва бошқа ёрдам турларини ўз ичига олади.

Ногиронлиги бўлган болалар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул тиббий-ижтимоий ёрдам олиш ва ўз уйларида парвариш қилиниш ҳуқуқига эга.

Жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартиби, уларга бериладиган имтиёзлар рўйхати қонунчилик билан белгиланади.

Жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларнинг аризасига кўра Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, ҳомийлик ва бошқа жамғармаларнинг маблағлари ҳисобидан, шунингдек ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларнинг маблағлари ҳисобидан ижтимоий муҳофаза тизими муассасаларида сақланишлари мумкин.


29-модда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг

таълим олиш ҳуқуқи кафолатлари

Давлат махсус педагогик ёндашувга эҳтиёжи бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг белгиланган таълим стандартлари ва талаблари даражасида билим олишларини кафолатловчи зарур маблағлар ажратади ҳамда бошқа чоралар кўради.

Жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар ва ногиронлиги бўлган болалар улар учун махсус ишлаб чиқилган таълим дастурлари бўйича таълим муассасаларида ўқиш ва тарбияланиш ҳамда ўз жисмоний, ақлий қобилиятлари ва хоҳишларига мос бўлган таълим олиш ҳуқуқига эга.

Тиббий-психологик-педагогик комиссиянинг тавсияси бўлган тақдирда, жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар ва ногиронлиги бўлган болаларнинг ота-оналари ўз хоҳиш-истагига кўра ҳамда боланинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда таълим (умумтаълим ёки ихтисослаштирилган) муассасаси турини танлаш ҳуқуқига эга.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий ўқув юртларига ўқишга киришда қонунчилик билан имтиёзлар белгиланиши мумкин.


4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

30-модда. Низоларни ҳал этиш

Бола ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


31-модда. Бола ҳуқуқларининг кафолатлари

тўғрисидаги

қонунчиликни
бузганлик учун жавобгарлик

Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


32-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             И. Каримов



"Халқ сўзи" 2008 йил 8 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 1-2-сон, 1-модда.





































Время: 0.0072
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск