язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси/ Ўзбекистон Республикасининг 11.07.2007 й. ЎРҚ-99-сон "Ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 15.06.2007 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 29.06.2007 й. маъқулланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

11.07.2007 й.

N ЎРҚ-99



ЎЛИМ ЖАЗОСИ БЕКОР ҚИЛИНИШИ МУНОСАБАТИ

БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йил 15 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2007 йил 29 июнда маъқулланган


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 1, 3-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 9, 144-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 165-модда; 2002 йил, N 9, 165-модда; 2003 йил, М 1, 8-модда, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 314-модда, N 12, 417, 418-моддалар; 2006 йил, N 6, 261-модда, N 12, 656-модда; 2007 йил, N 4, 158, 166-моддалар) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 15-модданинг бешинчи қисмидаги "ёки ўлим" деган сўзлар "ёхуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

2) 43-модда биринчи қисмининг "з" бандидаги "ўлим жазоси" деган сўзлар "умрбод озодликдан маҳрум қилиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

3) 50-модда:

иккинчи қисми "ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш йигирма йилдан ортиқ, лекин йигирма беш йилдан кўп бўлмаган муддатга белгиланади ва фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модданинг иккинчи қисми) ва терроризм (155-модданинг учинчи қисми) учун тайинланиши мумкин.

Узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси аёлга, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсга ва олтмиш ёшдан ошган эркакка нисбатан тайинланиши мумкин эмас";

учинчи - тўққизинчи қисмлари тегишинча бешинчи - ўн биринчи қисмлар деб ҳисоблансин;

еттинчи қисми "г" бандидаги "Афв этилиб, ўлим жазоси" деган сўзлар "Умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганлар, шунингдек афв этиш тартибида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

4) 51-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"51-модда. Умрбод озодликдан маҳрум қилиш


Умрбод озодликдан маҳрум қилиш фавқулодда жазо чораси бўлиб, маҳкумни махсус тартибли жазони ижро этиш колониясига жойлаштириш орқали жамиятдан муддатсиз ажратиб кўйишдан иборатдир.

Умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модданинг иқкинчи қисми) ва терроризм (155-модданинг учинчи қисми) учун белгиланади.

Умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси аёлга, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсга ва олтмиш ёшдан ошган эркакка нисбатан тайинланиши мумкин эмас";

5) 58-модда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Тамом бўлмаган жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланиши мумкин эмас";

иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин;

6) 59-модда:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Содир этилган жиноятлардан биттаси учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланганда енгилроқ турдаги жазони умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан қоплаш орқали жазо узил-кесил тайинланади.

Содир этилган жиноятлардан биттаси учун узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганда жазоларни тўла ёки қисман қўшиш ёхуд енгилроқ жазони оғирроғи билан қоплаш орқали жазо узил-кесил тайинланади";

тўртинчи, бешинчи ва олтинчи қисмлари тегишинча олтинчи, еттинчи ва саккизинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

7) 60-модда:

қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Агар ҳукмлардан бири билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланган бўлса, бир неча ҳукмлар юзасидан жазоларни қўшишда енгилроқ жазо турини умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан қоплаш орқали жазо узил-кесил тайинланади.

Агар ҳукмлардан бири билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлса, бир неча ҳукмлар юзасидан жазоларни қўшишда енгилроқ жазони оғирроғи билан қоплаш ёхуд жазоларни тўла 'ёки қисман қўшиш йўли билан жазо узил-кесил тайинланади";

учинчи ва тўртинчи қисмлари тегишинча бешинчи ва олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

8) 64-модданинг олтинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ушбу Кодекс Махсус қисмининг моддасида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш назарда тутилган жиноятни содир этган шахсга нисбатан, жавобгарликка тортиш муддатларини қўллаш масаласи суд томонидан ҳал қилинади. Агар суд жавобгарликка тортиш муддатини қўллашни лозим топмаса, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига озодликдан маҳрум қилиш тайинланади";

9) 69-модданинг бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилган шахсга нисбатан муддатлар ўтишини қўллаш масаласи суд томонидан ҳал қилинади. Агар суд муддатлар ўтишини қўллашни лозим топмаса, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилади";

10) 73-модда тўртинчи қисмининг:

"а" банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"а) умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахсга";

"г" бандидаги "гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни" ва "шунингдек гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

11) 76-модда қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахс томонидан у тайинланган жазонинг йигирма беш йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, агар жазони ўташ даврида маҳкум қатъий тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган, меҳнат ва ўқишга нисбатан виждонан муносабатда бўлаётган, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этаётган тақдирда эса, тайинланган жазонинг йигирма йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин берилиши мумкин.

Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахс томонидан у тайинланган жазо муддатининг йигирма йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, агар жазони ўташ даврида маҳкум қатъий тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган, меҳнат ва ўқишга нисбатан виждонан муносабатда бўлаётган, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этаётган тақдирда эса, тайинланган жазонинг ўн беш йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин берилиши мумкин";

12) 97-модда иккинчи қисмининг санкциясидаги "йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки ўлим жазоси" деган сўзлар "йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

13) 155-модда учинчи қисмининг санкциясидаги "йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки ўлим жазоси" деган сўзлар "йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан мадрум қилиш жазоси" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 2, 5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 12, 269-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда; 2001 йил, N 1-2, 11, 23-моддалар, N 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 5, 67-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 12, 418-модда; 2006 йил, N 6, 261-модда; 2007 йил, N 4, 166-модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:


1) 51-модда биринчи қисмининг 4-бандидаги "ўлим жазоси тайинланиши" деган сўзлар "умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

2) 473-модданинг тўртинчи қисмидаги "ўлим жазосига" деган сўзлар "умрбод озодликдан маҳрум қилишга" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган 409-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 6, 175-модда; 2003 йил, N 5, 67-модда, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:


1) 12-модданинг учинчи қисми чиқариб ташлансин;

2) 14-модданинг иккинчи қисмидаги "ўлим жазоси" деган сўзлар "умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

3) 49-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Махсус тартибли колониялар озодликдан маҳрум қилиниб, ўта хавфли рецидивист деб топилган эркакларни, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.

Махсус тартибли колонияларда умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган эркаклар ҳам сақланади";

4) 58-модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган маҳкумлар";

5) 82-модда учинчи қисмининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"умрбод озодликдан маҳрум қилинганлар, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган шахслар";

6) 113-модда учинчи қисмининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганлар, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум килиш жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган шахслар";

7) 120-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"умрбод озодликдан маҳрум қилинганлар, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган шахслар";

8) V бўлим қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"V БЎЛИМ. УМРБОД ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ

ҚИЛИШ ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ


24-боб. Умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги

жазони ижро этиш тартиби ва шартлари


136-модда. Умрбод озодликдан маҳрум қилиш

тариқасидаги жазони ўташ тартиби


Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар махсус сақлаш шароитларига эга бўлган махсус тартибли колонияларда сақланадилар. Уларга нисбатан ушбу бобда назарда тутилган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда махсус тартибли колониялар тартиби татбиқ этилади.

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар камераларга кўпи билан икки кишидан жойлаштириладилар. Маҳкумларнинг илтимосига кўра ёки зарурат тақозо этганда улар бир кишилик камераларда сақланишлари мумкин.

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар жазони қаттиқ, одатдаги ва енгиллаштирилган сақлаш шароитларида ўтайдилар.

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар жазонинг дастлабки ўн йилини қаттиқ сақлаш шароитларида ўтайдилар.

Жазонинг камида ўн йилини ўтаган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар қаттиқ сақлаш шароитларидан одатдаги сақлаш шароитларига ўтказилишлари мумкин.

Жазонинг камида ўн беш йилини ўтаган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар одатдаги сақлаш шароитларидан енгиллаштирилган сақлаш шароитларига ўтказилишлари мумкин.


137-модда. Умрбод озодликдан маҳрум қилиш

тариқасидаги жазони ўташ шартлари


Умрбод озодликдан маҳрум қилинган битта маҳкумга тўғри келадиган яшаш майдони нормаси тўрт квадрат метрдан кам бўлиши мумкин эмас.

Умрбод озодликдан маҳрум қилиниб, жазони қаттиқ сақлаш шароитларида ўтаётган маҳкумлар ўз шахсий ҳисобварағида мавжуд бўлган маблағлардан белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг етмиш беш фоизигача бўлган суммага ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олиш, йил мобайнида бир марта қисқа муддатли учрашув, бир марта телефон орқали сўзлашув, битта посилка ёки йўқлов, битта бандерол олиш ҳуқуқига эга.

Умрбод озодликдан маҳрум қилиниб, жазони одатдаги сақлаш шароитларида ўтаётган маҳкумлар ўз шахсий ҳисобварағида мавжуд бўлган маблағлардан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг бир бараваригача миқдордаги суммага ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олиш, йил мобайнида бир марта узоқ муддатли ва бир марта қисқа муддатли учрашув, икки марта телефон орқали сўзлашув, иккита посилка ёки йўқлов, иккита бандерол олиш ҳуқуқига эга.

Умрбод озодликдан маҳрум қилиниб, жазони енгиллаштирилган сақлаш шароитларида ўтаётган маҳкумлар ўз шахсий ҳисобварағида мавжуд бўлган маблағлардан белгиланган энг кам иш ҳақининг бир ярим бараваригача миқдордаги суммага ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олиш, йил мобайнида бир марта узоқ муддатли ва икки марта қисқа муддатли учрашув, уч марта телефон орқали сўзлашув, учта посилка ёки йўқлов, учта бандерол олиш ҳуқуқига эга.

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар, сақлаш шароитларидан қатъи назар, ҳар куни бир ярим соатгача сайр қилиш ҳуқуқига эга.


138-модда. Умрбод озодликдан маҳрум қилинган

маҳкумларнинг меҳнатини ташкил этиш


Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларнинг меҳнати одатдаги ва енгиллаштирилган сақлаш шароитларида сақланаётган шахслар учун иш камераларида ташкил этилади.


139-модда. Рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари


Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларга нисбатан ушбу Кодекс 102-моддаси биринчи қисмининг иккинчи - бешинчи хатбошиларида назарда тутилган рағбатлантириш чоралари қўлланилади. Жазони ўташнинг енгиллаштирилган шароитларига белгиланган тартибда ўтказилган маҳкумларга нисбатан рағбатлантириш тартибида қўшимча учрашиш ёки телефон орқали сўзлашиш имконияти ҳам берилиши мумкин.

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларга нисбатан ушбу Кодекс 105-моддаси биринчи қисмининг иккинчи, учинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган интизомий жазо чоралари қўлланилади. Умрбод озодликдан маҳрум қилиниб, одатдаги ва енгиллаштирилган сақлаш шароитларида белгиланган тартибни ашаддий бузувчи деб топилган маҳкумлар қуйидаги тартибда:

енгиллаштирилган сақлаш шароитларидан одатдаги ёки қаттиқ сақлаш шароитларига;

одатдаги сақлаш шароитларидан қаттиқ сақлаш шароитларига ўтказилишлари мумкин.


140-модда. Афв этиш тўғрисида илтимоснома бериш


Афв этиш тўғрисида илтимоснома бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома умрбод озодликдан маҳрум қилинган шахс томонидан у тайинланган жазонинг йигирма беш йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, агар жазони ўташ даврида маҳкум қатъий тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган, меҳнат ва ўқишга нисбатан виждонан муносабатда бўлаётган, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этаётган тақдирда эса, тайинланган жазонинг йигирма йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин берилиши мумкин.

Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган шахс томонидан у тайинланган жазо муддатининг йигирма йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, агар жазони ўташ даврида маҳкум қатъий тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган, меҳнат ва ўқишга нисбатан виждонан муносабатда бўлаётган, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этаётган тақдирда эса, тайинланган жазонинг ўн беш йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин берилиши мумкин".


4-модда. Ушбу Қонун 2008 йилнинг 1 январидан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, 6-сон, 248-модда