язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси/ Ўзбекистон Республикасининг 31.12.2008 й. ЎРҚ-198-сон "Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 19.11.2008 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 04.12.2008 й. маъқулланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

31.12.2008 й.

N ЎРҚ-198



АДВОКАТУРА ИНСТИТУТИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ МУНОСАБАТИ

БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 19 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2008 йил 4 декабрда маъқулланган


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси 1995 йил, N 1, 3-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 9, 144-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 5-6 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6 153-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 165-модда; 2002 йил, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 314-модда, N 12 417, 418-моддалар; 2006 йил, N 6, 261-модда, N 12, 656-модда; 2007 йил, N 4, 158, 166-моддалар, N 6, 248-модда, N 9, 416, 422-моддалар, N 12, 607-модда; 2008 йил N 4, 187, 188, 189-моддалар, N 7, 352-модда, N 9 485, 487, 488-моддалар) 240-моддасининг иккинчи қисми "ёки бундан бўйин товлаганлиги учун" деган сўзлардан кейин "шунингдек гувоҳ ўзига қарши кўрсатув беришни рад этганда" деган сўзлар билан тўлдирилсин.



2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 2, 5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 12, 269-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда; 2001 йил, N 1-2 11 23-моддалар, N 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил N 9, 165-модда; 2003 йил, N 5, 67-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 12, 418-модда; 2006 йил, N 6, 261-модда; 2007 йил, N 4, 166-модда, N 6, 248, 249-моддалар, N 9, 422-модда, N 12, 594, 595, 607-моддалар; 2008 йил, N 4, 177, 187-моддалар, N 9, 482, 484, 487-моддалар) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1) 46-модданинг:

биринчи қисми қуйидаги мазмундаги биринчи ва иккинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

"Айбланувчи: ўзининг нимада айбланаётганлигини билиш; қамоққа олинганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш; ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш, ушбу Кодекс 230-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно; ўзига қўйилган айблов юзасидан ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари бўйича кўрсатувлар бериш ёхуд кўрсатувлар беришдан бош тортиш ва кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш; ўз она тилидан ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиш; ўзининг ҳимояланиш ҳуқуқини шахсан ўзи амалга ошириш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; далиллар тақдим этиш; суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан тергов ҳаракатларида иштирок этиш; дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиб чиқиш ҳамда ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш; жиноят ишининг терговчи ёки прокурор томонидан тугатилганлигига қарши эътироз билдириш ҳамда суд муҳокамаси ўтказилишини талаб қилиш; ярашув тўғрисидаги, амнистия актини қўллаш ҳақидаги ишлар бўйича, биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судининг мажлисларида, суднинг рухсати билан эса, кассация ва назорат инстанциялари судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш; суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ҳамда у ҳақда ўз мулоҳазаларини билдириш; иш бўйича келтирилган протестлар, апелляция, кассация шикоятларидан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқига эга.

Судланувчи охирги сўз билан чиқиш ҳуқуқига эга";

иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

2) 48-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Гумон қилинувчи: ўзининг нимада гумон қилинаётганлигини билиш; ушлаб турилганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш; у ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш, ушбу Кодекснинг 230-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно; ушланганидан кейин йигирма тўрт соатдан кечиктирмай сўроқ қилинишини талаб қилиш; ўзига нисбатан қўйилган гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатувлар бериш ёхуд кўрсатувлар беришдан бош тортиш ва кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш; ўз она тилидан ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиш; ўзининг ҳимояланиш ҳуқуқини шахсан ўзи амалга ошириш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; далиллар тақдим этиш; суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан тергов ҳаракатларида иштирок этиш; ярашув тўғрисидаги, амнистия актини қўллаш ҳақидаги ишлар бўйича суд мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш ҳуқуқига эга";

3) 49-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ҳимоячининг ишда иштирок этишига жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан бошлаб рухсат этилади";

4) 50-модда учинчи қисмининг биринчи жумласидаги "адвокатлар бюросига, ҳайъатига ёки фирмасига" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан белгиланадиган адвокатлик тузилмаларига" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

5) 51-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Агар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳолларда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг илтимосига кўра ёхуд уларнинг розилиги билан бошқа шахслар томонидан ҳимоячи таклиф қилинмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан белгиланадиган адвокатлик тузилмаси раҳбари суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ҳимоячи тайинлаш тўғрисидаги қарори ёки суднинг ажримига биноан қарор ёхуд ажрим Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармасига келиб тушган пайтдан эътиборан тўрт соатдан кечиктирмай жиноят иши бўйича ҳимоячининг иштирокини таъминлаши шарт";

6) 52-модда биринчи қисмининг иккинчи жумласи "бунда адвокат" деган сўзлардан кейин "ўз ҳимояси остидаги шахс билан холи учрашганидан кейин" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

7) 53-модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ҳимоячи: манфаатларини ҳимоя қилаётган шахснинг нимада гумон қилинаётганлиги ёки айбланаётганлигини билиш; адвокатлик гувоҳномасини кўрсатганидан ва муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан сўнг ишда иштирок этиш; гумон қилинувчи сўроқ қилинаётганда иштирок этиш, шахсга айблов эълон қилинаётганда ҳозир бўлиш ҳамда айбланувчи сўроқ қилинаётганда, шунингдек уларнинг иштирокида ўтказиладиган бошқа тергов ҳаракатларида иштирок этиш ва гумон қилинувчиларга, айбланувчиларга, гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга саволлар бериш; бошқа тергов ҳаракатлари юргизилаётганда суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан иштирок этиш; ўзи иштирок этган тергов ҳаракатининг юритилиши хусусида ёзма мулоҳазалар бериш; илтимоснома бериш ва рад этиш; ушбу Кодекс 87-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ далиллар сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотларни тўплаш ва тақдим этиш; гумон қилинувчи ёки айбланувчи иштирокида ўтказилган процессуал ҳаракатларга оид ҳужжатлар билан, дастлабки тергов тамом бўлганидан кейин эса жиноят ишининг барча материаллари билан танишиш ҳамда ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки уларда кўрсатилган маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш; агар ҳимояни амалга ошириш учун зарур бўлса, давлат сирлари, тижорат сири ёки бошқа сирни ўз ичига олган ахборот билан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда танишиш; суд муҳокамасида тараф сифатида иштирок этиш; суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар келтириш; суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ва бу ҳақда ўз мулоҳазаларини билдириш; иш бўйича келтирилган шикоятлар, протестлар тўғрисида билиш ҳамда уларга нисбатан эътирозлар билдириш; апелляция, кассация ва назорат инстанцияси суди мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Агар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи қамоқда бўлса, ҳимоячи у билан жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг рухсатисиз, учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда холи учрашишга ҳақли";

8) 55-модданинг биринчи қисмидаги "дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш" деган сўзлар "дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

9) 57-модданинг биринчи қисмидаги "дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш" деган сўзлар "дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

10) 59-модданинг биринчи қисмидаги "дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш" деган сўзлар "дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

11) 66-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Гувоҳ: адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш; тергов ҳаракатларида адвокат билан бирга иштирок этиш; сўроқ юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида кўрсатувлар бериш ва бу ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш; унинг сўроқ қилинишида иштирок этувчи таржимонни рад қилиш; кўрсатувларини ўз қўли билан ёзиб бериш; ўзига қарши кўрсатув бермаслик; сўроқ баённомаси билан танишиш, унга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш; кўрсатувлар беришда ёзма белгилар ва ҳужжатлардан фойдаланиш; ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар келтириш ҳуқуқига эга";

12) қуйидаги мазмундаги 66-1-модда билан тўлдирилсин:


"66-1-модда. Гувоҳнинг адвокати


Гувоҳнинг адвокати белгиланган тартибда гувоҳнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда унга зарур юридик ёрдам кўрсатиш ваколатига эга бўлган шахсдир.

Жиноят ишида тарафлар манфаатини ҳимоя қилаётган шахс мазкур иш бўйича гувоҳнинг адвокати бўлиши мумкин эмас.

Гувоҳнинг адвокати ишда иштирок этишга у адвокатлик гувоҳномасини кўрсатганидан ва ордерни тақдим этганидан сўнг, гувоҳ чақирилган пайтдан эътиборан қўйилади.

Гувоҳнинг адвокати: ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилаётган шахснинг қайси жиноят иши бўйича чақирилганлигини билиш; гувоҳнинг сўроқ қилинишида, шунингдек у иштироки билан ўтказилаётган бошқа тергов ҳаракатларида иштирок этиш, унга қисқа маслаҳатлар бериш; сўроқ қилаётган шахснинг рухсати билан гувоҳга саволлар бериш; гувоҳни сўроқ қилишда иштирок этаётган таржимонни рад қилиш ҳақида қонунда белгиланган тартибда арз қилиш; сўроқ тугаганидан сўнг гувоҳнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги, сўроқ баённомасига киритилиши лозим бўлган арзларини баён этиш ҳуқуқига эга.

Гувоҳнинг адвокати: гувоҳга зарур юридик ёрдам кўрсатиши; далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар орқали ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилмаслиги; ишни тергов қилишда ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя қилиши шарт";

13) 69-модда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ҳимоячининг илтимосномасига кўра суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан мутахассис тушунтириш бериш учун чақирилиши мумкин";

иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

14) 87-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Ҳимоячи далиллар сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотларни: ишга тааллуқли ахборотга эга бўлган шахсларни сўровдан ўтказиш ҳамда уларнинг розилиги билан ёзма тушунтиришлар олиш; давлат органларига ва бошқа органларга, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга сўров юбориш ҳамда улардан маълумотномалар, тавсифномалар, тушунтиришлар ва бошқа ҳужжатларни олиш орқали тўплашга ҳақли.

Ҳимоячининг ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ тўпланган материалларни ишга қўшиб қўйиш тўғрисидаги илтимосномаси суриштирувчи, терговчи, прокурор томонидан албатта қаноатлантирилиши керак";

15) 95-модданинг учинчи қисми "Кодекснинг" деган сўздан кейин "88, 90" рақамлари билан тўлдирилсин;

16) 114-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Сўроққа ўз адвокати билан ҳозир бўлган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилиш адвокат иштирокида амалга оширилади. Сўроқ тугаганидан сўнг адвокат гувоҳнинг ёки жабрланувчининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги, сўроқ баённомасига киритилиши лозим бўлган арзларини баён этишга ҳақли";

17) 224-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб туришнинг ушбу Кодекснинг 221-моддасида кўрсатилган асослардан биттаси мавжудлигини бевосита кўриб ёки бошқа шоҳидларнинг сўзларидан аниқласа, гумон қилинувчига у жиноят содир этишда гумон қилиб ушланганлигини билдиришлари ва ундан яқин орадаги милиция муассасасига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришини талаб қилиши шарт. Шу билан бирга, ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтириши, шунингдек у берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир, далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдириши шарт. Бунда ушлаётган шахс ўзини таништириши ва ушланаётган шахснинг талабига кўра шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши шарт";

18) 225-модда тўртинчи қисмининг биринчи жумласи "тушунтирилади" деган сўздан кейин "ва танланган ёки тайинланган ҳимоячига танишиб чиқиш учун тақдим этилади" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

19) 230-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ушлаб турилган шахсга ҳимоячи билан учрашувга ушбу Кодекс 46-моддасининг биринчи қисмида ва 48-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган қоидаларга кўра рухсат берилади.

Ушлаб турилган шахсга ҳимоячи билан биринчи холи учрашувга биринчи сўроққача рухсат берилади. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланаётган ушлаб турилган шахснинг ҳимоячи билан учрашувига ушбу Кодекс 226-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган эҳтиёт чораси қўлланилиши лозим бўлган, муддатлар инобатга олинган ҳолда рухсат берилади ҳамда учрашув суриштирувчи, терговчи ва прокурор томонидан икки соатга қадар чекланиши мумкин.

Ушлаб турилган шахсга қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашувга ушлаб турилган шахслар сақланадиган жойнинг маъмурияти ушлаб туриш тўғрисидаги материаллар қайси терговчи ёки суриштирувчининг иш юритувида бўлса, фақат ўша терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсати асосида ижозат беради, ҳимоячи билан учрашув бундан мустасно";

20) 353-модданинг биринчи қисмидаги "238" рақами "239" рақами билан алмаштирилсин;

21) 384-модданинг 10-банди "барча важлар текширилганлигини ва ҳимоянинг илтимосномалари кўриб чиқилганлигини" деган сўзлар билан тўлдирилсин.



3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 9, 193-модда, N 12, 269-модда; 1996 йил, N 5-6, 69-модда, N 9, 144-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 4-5, 126-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 3, 38-модда, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, N 1, 20-модда, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 5, 67-модда, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда, N 9, 171-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 312-модда, N 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, N 6, 261-модда, N 9, 498-модда, N 10, 536-модда, N 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, N 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, N 9, 416, 421-моддалар, N 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, N 4, 181, 189, 192-моддалар, N 9, 486, 488-моддалар) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:

1) қуйидаги мазмундаги 197-1-модда билан тўлдирилсин:


"197-1-модда. Адвокатнинг профессионал

фаолиятига тўсқинлик қилиш


Адвокат сўровига жавоб тақдим этмасликда ифодаланган адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш, шунингдек адвокатнинг ишда иштирок этишига тўсқинлик қилиш ёки ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) манфаатларига зид бўлган вазиятни мажбуран эгаллашига эришиш мақсадида адвокатга қандай шаклда бўлмасин таъсир ўтказиш -

энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади";


2) 245-модданинг биринчи қисми "197" рақамидан кейин "197-1" рақами билан тўлдирилсин.



4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 27 декабрда қабул қилинган "Адвокатура тўғрисида"ги 349-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 2, 48-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда; 2003 йил, N 5, 67-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 312-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1) 3-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"3-модда. Адвокат


Олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) белгиланган тартибда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикасида адвокат бўлиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахсларнинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.

Адвокат илмий ва педагогик фаолиятдан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасидаги (бундан буён матнда Адвокатлар палатаси деб юритилади) ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас";

2) қуйидаги мазмундаги 3-1-модда билан тўлдирилсин:


"3-1-модда. Адвокат мақомига эга бўлиш


Лицензия Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда адлия органлари деб юритилади) томонидан тегишли малака комиссияларининг қарорлари асосида берилади.

Лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс (бундан буён матнда талабгор деб юритилади) юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши, шу жумладан, адвокатлик тузилмасида (адвокатлик бюросида, адвокатлик фирмасида, адвокатлар ҳайъатида, юридик маслаҳатхонада) камида олти ой муддат стажировка ўтаган бўлиши керак ҳамда малака имтиҳонини топшириши шарт.

Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгор уни такроран топширишга камида бир йилдан кейин қўйилади.

Малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор лицензия олиш учун тегишли адлия органига уч ой ичида мурожаат қилиши керак. Бу муддатни ўтказиб юборган талабгор лицензия олиш учун адлия органига малака имтиҳонини такроран топширганидан кейингина мурожаат қилиши мумкин.

Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Белгиланган тартибда лицензия олган талабгор уч ой ичида адвокат қасамёдини қабул қилиши ва якка тартибда ёки лицензияга эга бўлган бошқа шахслар билан биргаликда адвокатлик тузилмасини тузиши ёхуд фаолият кўрсатаётган адвокатлик тузилмаларидан бирига кириши шарт.

Талабгорга адвокатлик гувоҳномаси адвокатлик тузилмаси рўйхатдан ўтказилган ёки талабгорнинг фаолият кўрсатаётган адвокатлик тузилмасига кирганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар адлия органи томонидан олинган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида берилади.

Талабгор адвокатлик гувоҳномаси берилган кундан эътиборан адвокат мақомини олади, Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси адлия органи томонидан бу ҳақда уч кунлик муддатда хабардор қилинади. Шундай хабарнома олинган пайтдан эътиборан адвокат Адвокатлар палатасининг аъзоси бўлади.

3) 4-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Адвокатура ўз фаолиятини қонун устуворлиги, мустақиллик ва бошқа демократик принциплар асосида амалга оширади.

Белгиланган тартибда лицензия олган шахс адвокатлик фаолиятини ўз адвокатлик бюросини очиб, якка тартибда амалга оширишга ёхуд бошқа адвокатлар (шериклар) билан адвокатлик фирмасини ёки аъзоликка асосланган адвокатлар ҳайъатини тузишга ёхуд фаолият кўрсатаётган шундай адвокатлик тузилмаларидан бирига киришга ёки юридик маслаҳатхонада ишлаган ҳолда адвокатлик фаолиятини амалга оширишга ҳақли. Адвокат ўз фаолиятини фақат битта адвокатлик тузилмасида амалга оширишга ҳақли.

Адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек юридик маолаҳатхоналарни ҳисобга олиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда адлия органлари томонидан амалга оширилади.

Адвокатлик тузилмаларининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши, тузилмаси, штатлари, вазифалари, маблағларни сарфлаш тартиби, раҳбар органларининг ваколатлари, уларни сайлаш тартиби ҳамда адвокатлик тузилмалари фаолиятига тааллуқли бошқа масалалар уларнинг уставлари (низомлари), таъсис шартномалари билан тартибга солинади.

Адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатлари улар рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан юридик шахс мақомини олади. Юридик маслаҳатхона ҳисобга олинган кундан эътиборан ўз фаолиятини амалга оширишга ҳақли.

Адвокатлик тузилмалари фуқаролар ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатганлик учун улардан тушадиган пул маблағлари (даромадлар) ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан таъминот олади.

Адвокатлар қонунда белгиланган тартибда адвокатларнинг жамоат бирлашмаларини тузиши мумкин";

4) қуйидаги мазмундаги 4-1 - 4-4-моддалар билан тўлдирилсин:


"4-1-модда. Адвокатлик бюроси


Адвокатлик бюроси адвокатлик фаолиятини якка тартибда амалга ошириш учун адвокат томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмасидир.

Адвокатлик бюросининг таъсис ҳужжати муассис томонидан тасдиқланадиган уставидир.


4-2-модда. Адвокатлик фирмаси


Адвокатлик фирмаси шерикликка асосланган ва адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун адвокатлар томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмасидир.

Адвокатлик фирмасининг таъсис ҳужжати унинг муассислари томонидан тасдиқланадиган уставдир.

Адвокатлик фирмасини таъсис этган адвокатлар оддий ёзма шаклда ўзаро шериклик шартномасини тузади. Шериклик шартномасига кўра адвокатлар - шериклар барча шериклар номидан юридик ёрдам кўрсатиш учун ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мажбуриятини олади.

Шериклик шартномасида унинг амал қилиш муддати, шериклар томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби, бошқарувчи шерикни сайлаш тартиби, унинг ваколатлари ва бошқа муҳим шартлар кўрсатилади.

Адвокатлик фирмасининг умумий ишларини юритиш, агар шериклик шартномасида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, бошқарувчи шерик томонидан амалга оширилади. Ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги битим (шартнома) бошқарувчи шерик ёки барча шериклар номидан улар берган ишончномалар асосида бошқа шерик томонидан тузилади. Ишончномаларда ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахслар) ва учинчи шахслар билан битимлар (шартномалар) ҳамда келишувлар тузаётган шерик ваколатларининг барча чекловлари кўрсатилади. Мазкур чекловлар ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахслар) ва учинчи шахслар эътиборига етказилади.

Шериклик шартномаси қуйидаги ҳолларда тугатилади:

шериклик шартномасининг амал қилиш муддати тугаганда;

шериклардан бири бўлган адвокатнинг мақоми тугатилганда ёки тўхтатиб турилганда, агар шериклик шартномасида бошқа шериклар ўртасидаги муносабатларда ушбу шартноманинг кучда қолиши назарда тутилмаган бўлса;

шериклардан бирининг талабига кўра шериклик шартномаси бекор қилинганда, агар шериклик шартномасида бошқа шериклар ўртасидаги муносабатларда ушбу шартноманинг кучда қолиши назарда тутилмаган бўлса.

Шериклик шартномаси тугатилган пайтдан эътиборан унинг иштирокчилари ишонч билдирувчи шахсларга (ҳимоя остидаги шахсларга) ва учинчи шахсларга нисбатан ижро этилмаган умумий мажбуриятлар бўйича солидар тартибда жавобгар бўладилар.

Шериклардан бири шериклик шартномасидан чиққанда у ўзи юридик ёрдам кўрсатган барча ишлар бўйича иш юритишни бошқарувчи шерикка топшириши шарт.

Шериклик шартномасидан чиққан адвокат шериклик шартномасида ўзи иштирок этган даврда юзага келган умумий мажбуриятлар бўйича ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахслар) ва учинчи шахслар олдида жавобгар бўлади.

Шериклик шартномаси тугатилганидан кейин адвокатлар янги шериклик шартномасини тузишлари шарт. Агар янги шериклик шартномаси аввалги шериклик шартномасининг амал қилиши тугатилган кундан эътиборан бир ой ичида тузилмаса, адвокатлик фирмаси адвокатлик тузилмасининг бошқа шаклига ўзгартирилиши ёки тугатилиши керак.

Шериклик шартномаси тугатилган пайтдан эътиборан ва адвокатлик фирмаси адвокатлик тузилмасининг бошқа шаклига ўзгартирилгунига қадар ёхуд янги шериклик шартномаси тузилгунига қадар адвокатлар юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида битимлар (шартномалар) тузишга ҳақли эмас.


4-3-модда. Адвокатлар ҳайъати


Адвокатлар ҳайъати аъзоликка асосланган ва адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун адвокатлар томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмасидир.

Адвокатлар ҳайъатининг таъсис ҳужжатлари унинг муассислари томонидан тасдиқланадиган устав ҳамда улар томонидан тузиладиган таъсис шартномасидир.

Таъсис шартномасида муассислар адвокатлар ҳайъатига ўз мол-мулкини ўтказиш шартларини, ушбу ҳайъат фаолиятида иштирок этиш тартибини, адвокатлар ҳайъатига янги аъзоларни қабул қилиш, муассисларнинг (аъзоларнинг) унинг таркибидан чиқиш тартиби ва шартларини, шунингдек адвокатлар ҳайъати муассисларининг (аъзоларининг) ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

Адвокатлар ҳайъатлари таркибидаги аъзолар сони ўнтадан кам бўлмаслиги керак.

Адвокатлар ҳайъатида юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимлар (шартномалар) адвокат ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида тузилади ҳамда адвокатлар ҳайъатининг ҳужжатларида рўйхатдан ўтказилади.

Адвокатлар ҳайъати юридик ёрдам кўрсатиш учун ўзи турган ердан ташқарида жойлашган филиаллар тузишга ҳақли.


4-4-модда. Юридик маслаҳатхона


Юридик маслаҳатхона - адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этиладиган ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган адвокатлик тузилмаси.

Юридик маслаҳатхона тегишли ҳудудда юридик ёрдамга бўлган эҳтиёжларни қаноатлантириш учун адвокатлик тузилмаларининг сони етарли бўлмаган ҳолларда Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилади.

Тегишли ҳудудлардаги юридик ёрдамга бўлган эҳтиёж Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси томонидан тасдиқланадиган нормативларга мувофиқ аниқланади.

Юридик маслаҳатхонанинг моддий-техника таъминоти тартиби ва шартлари, юридик маслаҳатхоналарга ишлаш учун юборилган адвокатлар учун хизмат хоналари ва зарурат бўлганда, тураржойлар ажратиш билан боғлиқ масалалар Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан туман, шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда ҳал қилинади.

Юридик маслаҳатхона Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси томонидан тасдиқланадиган низомга аоосан иш олиб боради";

5) 6-модда:

биринчи қисмининг тўртинчи-саккизинчи хатбошилари қуйидаги мазмундаги тўртинчи-ўн иккинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:

"юридик ёрдам кўрсатилиши муносабати билан адвокат томонидан сўралган ҳужжатларни ёки уларнинг тасдиқланган кўчирма нусхаларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериши шарт бўлган давлат органлари ва бошқа органлардан, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан маълумотномалар, тавсифномалар ҳамда бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш;

юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган масалалар юзасидан экспертларнинг ёзма хулосаларини, мутахассисларнинг маълумотнома-маслаҳатларини ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) розилиги билан сўраш ва олиш;

ишга тааллуқли ахборотдан хабардор бўлган шахсларни сўровдан ўтказиш ва уларнинг розилиги билан ёзма тушунтириш олиш;

тўпланган материалларни ўз ишонч билдирувчи шахсининг (ҳимоя остидаги шахснинг) иши юзасидан иш юритаётган судларга ва бошқа давлат органларига тақдим этиш;

адвокат юридик ёрдам кўрсатаётган ишдаги зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан нусхалар олиш ёки уларда кўрсатилган маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш, бунда давлат сирлари, тижорат сири ёки бошқа сирни ўз ичига олган ахборотни ошкор қилмаслик;

ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан маҳфийлик таъминланган шароитларда (шу жумладан, уни қамоқда сақлаб туриш даврида), учрашувларнинг сони ва уларнинг давом этиш вақти чекланмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда холи учрашиш;

мансабдор шахсларга илтимосномалар билдириш ва шикоятлар бериш ҳамда улардан ёзма шаклда асослантирилган жавоблар олиш;

ўзининг касбга оид мулкий жавобгарлик хавфини суғурта қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳаракатларни бажариш";

иккинчи қисми "ёрдамчига" деган сўздан кейин "ва стажёрга" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

6) 7-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Адвокат ўз профессионал фаолиятида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига, Адвокатнинг касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдига риоя этиши, ўзига юридик ёрдам сўраб мурожаат этган жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қонунда назарда тутилган воситалари ҳамда усулларидан фойдаланиши шарт.

Адвокат муайян иш бўйича юридик ёрдам кўрсатаётган ёки илгари юридик ёрдам кўрсатган шахсларнинг манфаатлари ишни олиб боришни сўраб мурожаат этган шахснинг манфаатларига зид келган ёки у судья, прокурор, терговчи, суриштирув ўтказувчи шахс, жамоат айбловчиси, суд мажлиси котиби, эксперт, мутахассис, жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакили, гувоҳ, холис, таржимон сифатида иштирок этган ҳолларда, шунингдек агар ишни дастлабки тергов қилишда ёхуд судда адвокатнинг қариндоши бўлган мансабдор шахс иштирок этган ёки иштирок этаётган бўлса, худди шунингдек агар адвокат бевосита ёки билвосита шу ишдан шахсан манфаатдор бўлса, бу ҳол унга ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) манфаатларига зид келса, юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги топшириқни қабул қилишга ҳақли эмас.

Адвокат қайси шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш топшириғини олган бўлса, ўз ваколатларидан шу шахснинг зарарига фойдаланишга ҳамда гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини ҳимоя қилишдан бош тортишга, агар уни бундан ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) ўзи озод этмаса, ҳақли эмас.

Адвокат ўз билимларини доимий равишда такомиллаштириб бориши, Адвокатлар палатаси томонидан белгиланган тартибда уч йилда камида бир марта касбий малакасини ошириши шарт.

Жиноят ишида иштирок этишга тайинланган адвокат фуқаронинг тўловга қобилиятсизлигини важ қилиб, унга юридик ёрдам кўрсатишдан бош тортишга ҳақли эмас.

Адвокат давлат хизматида туриши мумкин эмас";

7) 8-модда қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Адвокат ёрдамчисининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Адвокатлар палатаси билан келишилган ҳолда белгиланади";

8) қуйидаги мазмундаги 8-1-модда билан тўлдирилсин:


8-1-модда. Адвокатнинг стажёри


Камида уч йиллик иш стажига эга бўлган адвокат стажёрга эга бўлишга ҳақли.

Олий юридик маълумотга эга бўлган шахс адвокатнинг стажёри бўлиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс адвокатнинг стажёри бўлиши мумкин эмас.

Стажировка адвокатлик тузилмасида ўталади. Адвокатнинг стажёри ўз фаолиятини адвокат раҳбарлигида, унинг алоҳида топшириқларини бажарган ҳолда амалга оширади. Стажёр адвокатлик фаолияти билан мустақил равишда шуғулланишга ҳақли эмас.

Адвокат стажёрининг меҳнат шароитлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиладиган меҳнат шартномаси билан белгиланади.

Адвокат стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Адвокатлар палатаси билан келишилган ҳолда белгиланади";

9) 9-модданинг:

биринчи қисмидаги "мижоз" деган сўз "ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс)" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

иккинчи қисми "адвокат ёрдамчиси" деган сўзлардан кейин "адвокат стажёри" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

10) қуйидаги мазмундаги 9-1-модда билан тўлдирилсин:


"9-1-модда. Юридик ёрдам кўрсатиш

тўғрисидаги битим (шартнома)


Адвокатлик фаолияти адвокат ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида тузиладиган юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) асосида амалга оширилади.

Юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан адвокат ўртасида ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) ўзига ёки у тайинлаган шахсга юридик ёрдам кўрсатиш учун оддий ёзма шаклда тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномадан иборатдир.

Юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимни (шартномани) бекор қилиш масалалари, агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.

Адвокат, унга қайси адлия органи томонидан гувоҳнома берилганлигидан қатъи назар, ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимни (шартномани), унинг яшаш жойи ёки жойлашган еридан қатъи назар, тузишга ҳақли.

Юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимнинг (шартноманинг) муҳим шартлари қуйидагилардан иборат:

топшириқни бажаришни ишончли вакил сифатида ўз зиммасига олган адвокат ҳақидаги, унинг гувоҳномаси реквизитлари кўрсатилган ҳолдаги маълумотлар;

топшириқнинг предмети;

кўрсатилаётган юридик ёрдам учун ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) томонидан ҳақ тўлаш шартлари;

адвокатнинг топшириқни бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш тартиби ва миқдори;

топшириқни бажаришни ўз зиммасига олган адвокат жавобгарлигининг миқдори ва хусусияти.

Адвокатнинг ҳақ олиши ҳамда топшириқни бажариши билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш ҳуқуқи ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) махсус рухсатисиз учинчи шахсларга берилиши мумкин эмас.

Ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) томонидан адвокатга тўланадиган ҳақ ва адвокатнинг топшириқни бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимда (шартномада) назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тегишли адвокатлик тузилмасининг кассасига кирим қилиниши ёки адвокатлик тузилмасининг банкдаги ҳисобварағига ўтказилиши шарт";

11) 11-модданинг:

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Адвокатларнинг меҳнатига жисмоний ва юридик шахслардан уларга юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун адвокатлик тузилмаларига келиб тушган маблағлар ҳисобидан ҳақ тўланади. Маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, Адвокатлар палатасининг юридик маслаҳатхонани ташкил этган ҳудудий бошқармаси ушбу юридик маслаҳатхонанинг таъминоти учун қўшимча маблағлар ажратади";

иккинчи қисмидаги "мижоз" деган сўз "ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс)" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

12) қуйидаги мазмундаги 12-1 - 12-4-моддалар билан тўлдирилсин:


"12-1-модда. Адвокатлар палатаси


Адвокатлар палатаси Ўзбекистон Республикаси барча адвокатларининг мажбурий аъзолигига асосланган нотижорат ташкилотидир.

Адвокатлар палатаси ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий бошқармалари билан биргаликда адвокатуранинг ягона ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади.

Адвокатлар палатаси адвокатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашмаслик принципи асосида фаолият кўрсатади.

Адвокатлар палатасининг вазифалари ва ваколатларига ўхшаш вазифалар ва ваколатларга эга бўлган бошқа ташкилотларни ташкил этишга йўл қўйилмайди.

Адвокатлар Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, адвокатларнинг мажбуриятлари бўйича эса, Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари жавоб бермайди.

Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча адвокатлик тузилмалари ва адвокатлар учун мажбурийдир.

Адвокатлар палатаси фаолиятини молиялаштириш Адвокатлар палатаси Конференцияси томонидан миқдори белгиланадиган кириш ва аъзолик бадаллари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


12-2-модда. Адвокатлар палатасининг

асосий вазифалари


Адвокатлар палатасининг асосий вазифалари қуйидагилардир:

адвокатлик тузилмаларининг фаолиятини марказлаштирилган ҳолда мувофиқлаштириб бориш;

адвокатурани янада ривожлантиришга, унинг обрў-эътиборини оширишга, адвокатуранинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтиришга кўмаклашиш;

аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот чора-тадбирларини амалга ошириш;

қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ҳуқуқий тартибга солишнинг яхлитлигини ҳамда қонун ҳужжатлари нормаларининг бир хилда қўлланилишини таъминлашга доир таклифлар киритиш;

адвокатура фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, улар юзасидан таклифлар тайёрлаш;

адвокатларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш, шу жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда, шунингдек судда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

адвокатларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ таъқиблардан, чеклашлар ва тажовузлардан ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;

адвокатларнинг касбий тайёргарлиги ва малака оширишини ташкил этиш;

аҳолининг юридик ёрдамдан фойдалана олиш имкониятини туманлар ва шаҳарларда юридик маслаҳатхоналар ташкил этиш орқали таъминлаш;

адвокатура фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни тўплаш ва ўрганиш, адвокатларнинг ижобий иш тажрибасини оммалаштириш, адвокатлик тузилмаларига услубий ёрдам кўрсатиш;

адвокатлар томонидан қонун ҳужжатларига, Адвокатнинг касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш.

Адвокатлар палатаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


12-3-модда. Адвокатлар палатасининг

органлари ва мансабдор шахслари


Адвокатлар палатасининг Конференцияси палатанинг юқори органи бўлиб, камида беш йилда бир марта чақирилади.

Адвокатлар палатаси Бошқаруви Адвокатлар палатасининг адвокатлар орасидан сайланадиган ижро этувчи органи бўлиб, палатанинг фаолиятига жорий раҳбарликни амалга оширади.

Адвокатлар палатасининг раиси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тақдимномасига биноан Адвокатлар палатасининг Конференцияси томонидан ушбу Конференция сайлаган Адвокатлар палатаси Бошқаруви аъзолари орасидан беш йил муддатга сайланади.

Адвокатлар палатасининг раисини лавозимидан муддатидан олдин чақириб олиш Адвокатлар палатасининг уставида белгиланган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тақдимномасига биноан Адвокатлар палатасининг Конференцияси томонидан амалга оширилади.

Адвокатлар палатасининг тафтиш комиссияси Адвокатлар палатасининг молиявий назорат органи ҳисобланади ва адвокатлар орасидан сайланади.


12-4-модда. Адвокатлар палатасининг

ҳудудий бошқармалари


Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари юридик шахс бўлиб, Адвокатлар палатаси томонидан тасдиқланадиган низомлар асосида фаолият кўрсатади.

Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармаларининг раҳбарлари Адвокатлар палатасининг раиси томонидан лавозимга (тегишли ҳудудда фаолият кўрсатаётган адвокатлар орасидан) тайинланади ва лавозимдан озод қилинади";

13) 13-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Зарур билимлар ва касбий малакаларга эга бўлган шахсларга лицензиялар бериш тўғрисидаги масалани ҳал этиш, адвокат қасамёдини қабул қилиш мақсадида, шунингдек адвокатларга нисбатан интизомий иш юритишни олиб бориш учун Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида малака комиссиялари тузилади.

Малака комиссиялари Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармаларининг ва адлия органларининг қўшма қарорлари билан адвокатлар ҳамда адлия органлари ходимларидан тенг миқдорда тузилади.

Малака комиссияларининг қарорлари устидан келтирилган шикоятларни кўриб чиқиш, малака комиссияларининг иш тажрибасини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун Адвокатлар палатаси ҳузурида Олий малака комиссияси тузилади. Олий малака комиссиясининг таркиби Адвокатлар палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг қўшма қарорлари билан адвокатлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимларидан тенг миқдорда тасдиқланади.

Малака комиссияларининг ваколатлари ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Адвокатлар палатаси билан келишилган ҳолда белгиланади";

14) қуйидаги мазмундаги 13-1-модда билан тўлдирилсин:


"13-1-модда. Адвокат мақомини тўхтатиб туриш


Адвокат мақомини тўхтатиб туриш адвокатга гувоҳнома берган адлия органининг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

адвокат адвокатлик фаолияти билан бирга олиб бориб бўлмайдиган доимий лавозимга сайланганда ёки тайинланганда - иш даврига;

адвокат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилганда - бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилингунига қадар бўлган даврга;

адвокат ҳарбий хизматга чақирилганда - ҳарбий хизматни ўташ даврига;

суд томонидан адвокатга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинганда, агар суднинг мазкур қарори ушбу Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлмаса - тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари суд томонидан бекор қилингунига қадар ёки ўзгартирилгунига қадар бўлган даврга;

ушбу Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганда - лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган даврга;

адвокатлик тузилмаси тугатилганда ёки адвокат ундан чиққанида - адвокат томонидан уч ойдан ошмайдиган муддатда амалга ошириладиган бошқа адвокатлик тузилмаси ташкил этилгунига қадар ёхуд мавжуд адвокатлик тузилмаларидан бирига киргунига қадар бўлган даврга.

Адвокатлик мақомини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан адвокат мақоми тўхтатилади.

Адлия органи уч кунлик муддат ичида адвокатнинг гувоҳномасини олиб қўяди, бундан адвокат бедарак йўқолган деб топилган ҳол мустасно ва Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига адвокат мақоми тўхтатилганлиги ҳақида хабар беради. Адвокат мақомининг тўхтатиб турилиши адвокатнинг Адвокатлар палатасига аъзолиги тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.

Адвокат мақомининг тўхтатиб турилиши мазкур адвокатга нисбатан қонунда назарда тутилган кафолатларнинг амал қилиши тўхтатилишига олиб келади, ушбу Қонун 10-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларида ҳамда "Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган кафолатлар бундан мустасно.

Адвокат мақоми тўхтатиб турилган шахс адвокат мақомини тўхтатиб туриш учун асос бўлган ҳоллар тугатилганидан кейин уч ой ичида адвокатлик фаолиятига киришиши керак. Мазкур талабни бажармаслик лицензиянинг амал қилиши ушбу Қонуннинг 16-моддасида белгиланган тартибда тугатилишига сабаб бўлади";

15) 14-16-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"14-модда. Адвокатнинг интизомий жавобгарлиги


Адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди бузилганлиги унга нисбатан интизомий чоралар қўлланилишига сабаб бўлади.

Интизомий иш юритиш Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси ёки адвокатга гувоҳнома берган адлия органи томонидан кўзғатилади.

Интизомий иш юритишни кўзғатиш учун қуйидагилар асос бўлади:

адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сирининг ва адвокат қасамёдининг адвокат томонидан бузилиши Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ёки адлия органи томонидан аниқланганлиги;

адвокатнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан жисмоний ёки юридик шахсларнинг мурожаатлари;

суднинг адвокатга нисбатан чиқарган хусусий ажрими.

Интизомий иш юритишни кўриб чиқиш натижалари бўйича адвокатга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

огоҳлантириш (малака комиссиясининг қарорига асосан); лицензиянинг амал қилишини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш (ушбу Қонун 15-моддаси биринчи қисмининг учинчи ва тўртинчи хатбошиларига мувофиқ);

лицензиянинг амал қилишини тугатиш (ушбу Қонун 16-моддаси биринчи қисмининг тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи хатбошиларига мувофиқ).

Малака комиссияси томонидан қарор қабул қилингунига қадар адвокат интизомий иш қўзғатилишига сабаб бўлган шикоятни берган шахс билан ярашув чораларини кўришга ҳақли.

Адвокатлик тузилмалари меҳнат интизомини бузганлик учун адвокатга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли.


15-модда. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш


Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш адвокатга гувоҳнома берган адлия органининг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

адвокат жиноий жавобгарликка тортилганда, у айбланувчи тариқасида жалб этилган пайтдан бошлаб ва суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар ёхуд реабилитация қилувчи асосларга биноан уни жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар;

адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди бузилганлиги аниқланганда (малака комиссиясининг қарорига асосан);

Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармасининг ёки адлия органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган, шу жумладан, адвокатнинг зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юклайдиган қарорлари адвокат томонидан бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда (малака комиссиясининг қарорига асосан).

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддати олти ойдан ошиши мумкин эмас, адвокат жиноят ишида иштирок этишга айбланувчи тариқасида жалб қилинган ҳол бундан мустасно. Лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган шахс лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни, агар улар бартараф этиб бўлмайдиган хусусиятга эга бўлмаса, кўрсатилган муддатда бартараф этиши шарт.

Адлия органининг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш адвокат мақомининг тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.


16-модда. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш


Лицензиянинг амал қилишини тугатиш адвокатга гувоҳнома берган адлия органининг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

адвокат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этганда, агар ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) буни талаб қилса, илгари қабул қилинган топшириқни бажариб бўлганидан сўнг;

агар талабгор лицензия бериш учун қарор қабул қилинганлиги тўғрисида билдиришнома юборилган (топширилган) пайтдан эътиборан уч ой ичида лицензия берганлик учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни адлия органига тақдим этмаган бўлса;

ушбу Қонун 3-1-моддасининг олтинчи қисмида ва 3-1-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган талаблар бажарилмаганда;

лицензия сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда;

лицензия бериш тўғрисидаги қарорнинг ғайриқонуний эканлиги аниқланганда;

адвокатнинг муомала лаёқати чекланганда ёки у белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

суднинг адвокатни жиноят содир этишда айбдор деб топиш ҳақидаги айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

касбига доир вазифаларини уч ой ичида узрсиз сабабларга кўра бажармаганда (малака комиссиясининг қарорига аоосан);

адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганда, адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда (малака комиссиясининг қарорига асосан);

лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган шахс лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган муддатларда бартараф этмаганда (малака комиссиясининг қарорига асосан);

адвокат Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

адвокат вафот этганда ёки суднинг уни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирганда.

Лицензиянинг амал қилиши суднинг қарорига кўра ҳам тугатилиши мумкин.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан амалга оширилади.

Адлия органининг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш адвокат мақомининг тугатилишига сабаб бўлади.

Адлия органи уч кунлик муддатда Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасини адвокат мақомининг тугатилганлиги ҳақида хабардор қилади, шунингдек тегишли хабарни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади. Адвокат мақомининг тугатилиши адвокатнинг Адвокатлар палатасига аъзолиги тугатилишига сабаб бўлади.

Ушбу модда биринчи қисмининг ўнинчи ва ўн биринчи хатбошиларида назарда тутилган асосларга кўра лицензиясининг амал қилиши тугатилган шахс уч йил мобайнида талабгор бўлишга ҳақли эмас";

16) 17-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:

адвокатлик тузилмалари ва Адвокатлар палатасининг фаолиятига кўмаклашади;

адвокатура фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни ўрганади;

адвокатларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

адвокатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига, шунингдек адвокатлик тузилмалари томонидан таъсис ҳужжатларига, уставда белгиланган фаолиятига, қайта рўйхатдан ўтиш ва тугатиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

адвокатлик гувоҳномасининг шаклини ва уни бериш тартибини тасдиқлайди;

ордер шаклини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамманинг фойдаланиши учун очиқ бўлган Адвокатларнинг йиғма давлат реестрини юритади. Адлия органлари адвокатларнинг тегишли давлат реестрларини юритади. Адвокатларнинг йиғма давлат реестрини ҳамда адвокатларнинг давлат реестрини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади".



5-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган 409-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 6, 175-модда; 2003 йил, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 6, 248-модда, N 9, 422-модда, N 12, 595-модда; 2008 йил, N 4, 187-модда) 10-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"10-модда. Юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлаш


Маҳкумлар адвокатлардан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Юридик ёрдам олиш учун адвокатлар билан холи учрашувлар маҳкумларга уларнинг аризасига ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра берилади.

Адвокат билан учрашувни маҳкумнинг ўзи рад этганлиги сабабли адвокатнинг маҳкум юридик ёрдам олиши учун у билан учрашув берилиши тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад этилганлиги адвокат маҳкум билан холи суҳбатлашганидан кейин тасдиқланиши керак, бу ҳақда баённома тузилиб, у маҳкум, адвокат ва жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг вакили томонидан имзоланади.

Маҳкумларнинг адвокатлар билан учрашувлари ушбу Кодексда белгиланган учрашувлар сони ҳисобига кирмайди, бундай учрашувлар сони ва муддати чекланмайди.

Юридик ёрдам кўрсатилаётганда адвокат қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг, прокурорнинг, суднинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят бериш;

жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятидан маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатларни сўраб олиш.

Маҳкумларнинг адвокатлар билан учрашувлар ўтказиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади".



6-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган "Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида"ги 721-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 1, 12-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1) 2-модданинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Адвокатнинг касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдига қатъий риоя этиш";

2) 4-модданинг:

тўртинчи қисми:

тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;

бешинчи ва олтинчи хатбошилари тегишинча тўртинчи ва бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

олтинчи қисми тўртинчи хатбошисидаги "ваколат берувчининг, ўз ҳимоясидаги шахснинг" деган сўзлар "ишонч билдирувчи шахснинг (ўз ҳимояси остидаги шахснинг)" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

3) 6-модда:

учинчи қисмидаги "ёки қамоққа олиш" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси адвокатга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят прокурорлари, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг илтимосномасига кўра жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилиши мумкин";

тўртинчи ва бешинчи қисмлари тегишинча бешинчи ва олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

4) 7-модданинг:

иккинчи қисмидаги "унинг ёрдамчисидан" деган сўзлар "унинг ёрдамчисидан ва стажёридан" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Адвокатлик фаолиятини амалга оширишда бирон-бир махсус рухсатнома (ордер ва адвокат гувоҳномасидан ташқари) талаб қилиш ёки бошқа тўсиқлар вужудга келтириш ман этилади";

тўртинчи қисмидаги "ваколат берувчининг ёхуд ўз ҳимоясидаги шахснинг" деган сўзлар "ишонч билдирувчи шахснинг (ўз ҳимояси остидаги шахснинг)" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

5) 10-модданинг:

номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"10-модда. Адвокатнинг ҳаётини

ва соғлиғини муҳофаза қилиш";


иккинчи ва учинчи қисмлари чиқариб ташлансин;

6) 12-модданинг иккинчи қисмидаги "республика адвокатлар жамоат бирлашмаси" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси" деган сўзлар билан алмаштирилсин".



7-модда. Ушбу Қонун кучга кирган кунда фаолият кўрсатаётган адвокатлик бюролари, ҳайъатлари ва фирмалари, шунингдек уларда ишлаётган адвокатлар адвокатлик бюролари, ҳайъатлари ва фирмаларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини, лицензияларини ҳамда адвокат мақомларини олти ой ичида ушбу Қонунга мувофиқлаштириши шарт.

Ушбу Қонун кучга кирган кунда адвокатлик бюролари, ҳайъатлари ва фирмаларида адвокат бўлиб ишламаётган шахслар томонидан олинган лицензияларнинг амал қилиши тугатилган ҳисобланади.



8-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                      И. Каримов



"Халқ сўзи" 2009 йил 1 январь.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 52-сон, 514-модда.