язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги/ Сув хўжалиги. Сув хўжалиги иншоотлари ва гидротехник объектлар/ Ўзбекистон Республикасининг 20.08.1999 й. 826-I-сон "Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.08.1999 й.

N 826-I



ГИДРОТЕХНИКА ИНШООТЛАРИНИНГ

ХАВФСИЗЛИГИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланишга топшириш, улардан фойдаланиш, уларни реконструкция қилиш, тиклаш, консервациялаш ва тугатишда хавфсизликни таъминлаш бўйича фаолиятни амалга оширишда юзага келадиган муносабатларни тартибга солишдир.



2-модда. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Қорақалпоғистон Республикасида гидротехника иншоотлари хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам амалга оширилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


гидротехника иншоотлари - тўғонлар (плотиналар), гидроэлектр станциялар бинолари, сув ташлаш, сув бўшатиш, сув ўтказиш ва сув чиқариш иншоотлари, туннеллар, каналлар, насос станциялари, сув омборлари қирғоқларини, дарёлар ва каналлар ўзанларининг қирғоқлари ва тубини тошқин ҳамда емирилишлардан муҳофаза қилиш учун мўлжалланган иншоотлар, саноат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг суюқ чиқиндилар сақланадиган жойларини ўраб турувчи иншоотлар (кўтармалар);


фойдаланувчи ташкилот - тасарруфида (балансида) гидротехника иншооти бўлган корхона, муассаса ва ташкилот;


фавқулодда вазият - муайян ҳудуддаги аварияга олиб келиши мумкин бўлган, шунингдек гидротехника иншоотининг аварияси натижасида вужудга келган бўлиб, одамлар қурбон бўлишига, одамлар соғлиғига ёки атроф табиий муҳитга зарар етказилишига, жиддий моддий талафотларга ва одамларнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган вазият;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги - гидротехника иншоотларининг одамлар ҳаёти, соғлиғи ва қонуний манфаатларини, атроф табиий муҳит ва хўжалик объектларини муҳофаза қилишни таъминлаш имконини берувчи ҳолати;


гидротехника иншоотининг хавфсизлиги декларацияси - гидротехника иншоотининг хавфсизлиги асослаб бериладиган ҳужжат;


гидротехника иншоотининг хавфсизлиги мезонлари - гидротехника иншооти ҳолатининг ва ундан фойдаланиш шартларининг гидротехника иншооти аварияси хавфининг йўл қўйиладиган даражасига мувофиқ миқдор ва сифат кўрсаткичларининг чекланган қийматлари;


гидротехника иншооти аварияси хавфининг йўл қўйиладиган даражаси - гидротехника иншооти аварияси хавфининг норматив ҳужжатлар билан белгиланган қиймати.



4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги

соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

давлат мулкида бўлган гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини, шунингдек республика ва минтақавий энергетика тизимига кирувчи корхоналар гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлайди;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги устидан давлат назоратини ташкил этади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро ҳамкорликни ташкил этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



5-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги

соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда қатнашадилар;

сув ресурсларидан фойдаланишда ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишда гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлайдилар;

гидротехника иншоотларини жойлаштириш тўғрисида, шунингдек гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолларда улардан фойдаланишни чеклаб қўйиш ҳақида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарорлар қабул қиладилар;

гидротехника иншоотларининг авариялари оқибатларини тугатишда қатнашадилар;

гидротехника иншоотларининг фавқулодда вазиятларни келтириб чиқариши мумкин бўлган авариялари хавфи борлиги тўғрисида аҳолини хабардор қиладилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширадилар.



6-модда. Гидротехника иншоотларининг

хавфсизлиги устидан давлат назорати


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги устидан давлат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли орган ҳисобланади, у:

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги қоидалари ва мезонларини ишлаб чиқади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда гидротехника иншоотлари техник ҳолатининг пухталигини ва улар ишининг хавфсизлигини экспертизадан ўтказади;

гидротехника иншоотларини жойлаштириш, гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш топшириқларини, уларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини келишиб олишда, гидротехника иншоотларининг қурилиши сифатини назорат қилишда, уларни фойдаланишга қабул қилишда, шунингдек гидротехника иншоотларидан фойдаланиш қоидаларини келишиб олишда қатнашади;

гидротехника иншоотларининг ҳолатини ҳамда улар ҳолатининг гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияларига мувофиқлигини текширишни ташкил этади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида кўрсатмалар беради, шунингдек гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги нормалари ва қоидалари қўпол равишда бузилган ҳолларда хавфлилик даражаси юқори бўлган объектлар жумласига кирувчи гидротехника иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш ҳақида таклифлар киритади;

гидротехника иншоотлари ҳудудларидан, дарёлар ўзанлари ва тўғоннинг уларга туташ бўлган қуйи ҳамда юқори ҳудудларидан хўжалик фаолияти ёки бошқа фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланишга (сувни муҳофаза қилиш зоналарида ер участкалари бериш бундан мустасно) розилик беради;

дарёларнинг ўзанларида ва тўғоннинг уларга туташ қуйи ва юқори ҳудудларида сув хўжалиги объектларидан фойдаланишни амалга оширувчи ёхуд хўжалик фаолияти ёки бошқа фаолият юритувчи ташкилотларнинг фаолиятини, агар бундай фаолият гидротехника иншоотларининг хавфсизлигига ёмон таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, тақиқлайди ёки чеклаб қўяди. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тақиқлаш ва чеклаш суд тартибида амалга оширилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш ҳоллари мустасно;

гидротехника иншоотларининг муҳофаза қилинишини ташкил этиш устидан назоратни амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Махсус ваколатли органнинг гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги кўрсатмалари фойдаланувчи ташкилотлар ижро этиши учун мажбурийдир.



7-модда. Гидротехника иншоотларининг кадастри


Гидротехника иншоотлари Ўзбекистон Республикаси Гидротехника иншоотларининг кадастрига (бундан буён матнда Кадастр деб юритилади) киритилади.

Кадастрни юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


8-модда. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини

таъминлашга қўйиладиган асосий талаблар


Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш қуйидаги асосий талабларга биноан амалга оширилади:

гидротехника иншоотлари хавфининг йўл қўйиладиган даражасини таъминлаш;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияларини тақдим этиш;

хавфлилик даражаси юқори бўлган объектлар жумласига кирувчи гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича фаолиятни лицензиялаш;

гидротехника иншоотларидан фойдаланишнинг узлуксизлиги;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан, уларнинг хавфсизлиги мезонларини белгилаш, гидротехника иншоотларининг ҳолатини доимий назорат қилиш мақсадида уларни техника воситалари билан жиҳозлаш, гидротехника иншоотларига зарур малакага эга бўлган ходимлар хизмат кўрсатишини таъминлаш;

гидротехника иншоотларида фавқулодда вазиятларнинг юзага келиш хавфини энг кўп даражада камайтириш бўйича тадбирлар мажмуини олдиндан ўтказиш.



9-модда. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини

таъминлаш юзасидан фойдаланувчи ташкилотнинг

мажбуриятлари


Гидротехника иншоотидан фойдаланувчи ташкилот қуйидагиларга мажбурдир:

гидротехника иншоотларини қуриш, фойдаланишга топшириш, улардан фойдаланиш, уларни таъмирлаш, реконструкция қилиш, консервациялаш, фойдаланишдан чиқариш ва тугатишда гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги нормалари ва қоидаларига риоя этилишини таъминлашга;

гидротехника иншоотининг ҳолати, унга табиий ва техноген таъсирлар устидан назоратни (мониторингни) таъминлашга, гидротехника иншооти каскадда ишлашини, хўжалик ва бошқа фаолият натижасида унга бўладиган зарарли таъсирларни, объектлар дарё ўзанида ҳамда гидротехника иншоотидан қуйидаги ва юқоридаги унга туташ ҳудудларда жойлаштирилганлигини ҳисобга олган ҳолда гидротехника иншоотининг хавфсизлигини баҳолашга;

гидротехника иншоотининг хавфсизлиги мезонларини ишлаб чиқишни ва ўз вақтида аниқлашни таъминлашга;

гидротехника иншоотининг ҳолатини назорат қилиш тизимини ривожлантиришга;

гидротехника иншооти хавфсизлигининг пасайиши сабабларини мунтазам таҳлил қилиб бориш ва гидротехника иншоотининг техник жиҳатдан соз ҳолатда бўлишини ва унинг хавфсизлигини таъминлашга, шунингдек гидротехника иншооти авариясининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишни ва бажаришни ўз вақтида амалга оширишга;

гидротехника иншоотининг мунтазам текшириб турилишини таъминлашга;

гидротехника иншоотининг авариясини тугатиш учун мўлжалланган моддий захираларни яратишга;

гидротехника иншоотидан фойдаланишни ташкил этиш ва ходимларнинг малакаси нормаларга ва қоидаларга мувофиқ бўлишини таъминлашга;

гидротехника иншоотларидаги фавқулодда вазиятлар тўғрисида хабар бериш маҳаллий тизимларини доимий шай ҳолатда сақлашга;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда аҳолини гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги масалалари тўғрисида хабардор қилишга;

гидротехника иншооти аварияларининг олдини олиш масалалари бўйича фавқулодда вазиятлар органи билан ҳамкорлик қилишга;

гидротехника иншоотининг аварияси хавфи борлиги ҳақида махсус ваколатли органни, бошқа манфаатдор давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ва сувнинг (тўғоннинг) тийиб туриш босими ёриб ўтишининг бевосита хавфи бўлган тақдирда сув остида қолиш эҳтимоли бўлган зонадаги аҳолини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни дарҳол хабардор қилишга;

махсус ваколатли органга ўз ваколатларини амалга оширишда кўмаклашишга;

гидротехника иншоотидан фойдаланиш, унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларни, шунингдек гидротехника иншооти аварияларининг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини тугатиш ишларини молиялашга.


10-модда. Гидротехника иншоотининг

хавфсизлиги декларацияси


Гидротехника иншоотини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланишга топшириш, ундан фойдаланиш, уни фойдаланишдан чиқариш босқичларида, шунингдек уни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тиклаш ёхуд консервациялашдан кейин фойдаланувчи ташкилот гидротехника иншоотининг хавфсизлиги декларациясини тузади. Декларацияни тузиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.


Фойдаланувчи ташкилот гидротехника иншоотининг хавфсизлиги декларациясини махсус ваколатли органга тақдим этади. Декларациянинг махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланиши гидротехника иншоотини Кадастрга киритиш ва гидротехника иншоотини қуришга рухсат олиш, фойдаланишга топшириш, ундан фойдаланиш ёки уни фойдаланишдан чиқариш ёхуд реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тиклаш ёки консервациялаш учун асос бўлади.


11-модда. Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги

декларацияларининг давлат экспертизаси


Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги декларацияларининг давлат экспертизаси, шу жумладан, лойиҳалаштириш босқичидаги давлат экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда ўтказилади.

Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги декларацияларининг давлат экспертизаси гидротехника иншоотларидан фойдаланувчи ташкилотлар ташаббуси билан, шу жумладан, улар розилик бермаган тақдирда ҳам, махсус ваколатли органнинг кўрсатмаларига биноан ўтказилади.

Махсус ваколатли орган томонидан давлат экспертизаси хулосаси асосида гидротехника иншоотининг хавфсизлиги декларациясини тасдиқлаш ҳақида, тегишли рухсатнома бериш тўғрисида ёки рухсатнома беришни рад этиш ҳақида қарорлар қабул қилиниши мумкин.

Фойдаланувчи ташкилот махсус ваколатли органнинг қарорига рози бўлмаган тақдирда, қарор юзасидан суд тартибида шикоят қилиш мумкин.


13-модда. Гидротехника иншоотларини текшириш


Гидротехника иншоотларини текшириш чоғида гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги нормалари ва қоидаларига риоя этилишини баҳолаш мақсадида фойдаланувчи ташкилотларнинг, шунингдек гидротехника иншоотларидан фойдаланишда, уларни қуришда, реконструкция қилишда, капитал таъмирлашда, тиклашда ёки консервация қилишда пудрат ташкилотларининг фаолияти устидан назорат амалга оширилади.



14-модда. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини

таъминлашга қаратилган авария моддий-техника захираларини

яратиш ва улардан фойдаланиш


Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган авария моддий-техника захиралари фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда зарур моддий ресурсларни ошиғич тарзда жалб қилиш мақсадида олдиндан яратилади. Бу захираларни яратиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



15-модда. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги

тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                     И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1999 йил, 9-сон, 223-модда