ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 03.07.1992 й. 641-XII-сон "Мудофаа тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

03.07.1992 й.

N 641-XII



МУДОФАА ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари

Ушбу Қонун мудофаани ташкил этишнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини (бундан буён матнда Қуролли Кучлар деб юритилади) бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди, мамлакат мудофаасини таъминлашда давлат органларининг ваколатларини, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар иштирокини аниқлаб беради.



2-модда. Мудофаа тушунчаси

Ушбу Қонунда мудофаа деганда Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилишни таъминлашнинг сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, ижтимоий-ҳуқуқий, ахборот, ташкилий ва бошқа тадбирлари мажмуи тушунилади.



3-модда. Мудофаа тўғрисидаги қонунчилик

Мудофаа тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.


4-модда. Мудофаа соҳасидаги давлат сиёсатининг

асосий принциплари

Мудофаа соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

- бошқа давлатга қарши ҳарбий куч ишлатмаслик, тажовузнинг олдини олиш ва уни даф этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси тегишли шартномалар билан боғланган давлатларга ёрдам кўрсатиш ҳоллари бундан мустасно;

- халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ равишда коллектив хавфсизлик тизимларида иштирок этиш;

- ҳарбий-сиёсий блокларда қатнашмаслик;

- ҳарбий қурилишнинг замонавий урушлар ва қуролли можароларнинг хусусиятига монанд бўлиши;

- ядровий ва бошқа турдаги ялпи қирғин қуролларини ишлаб чиқаришни, қайта ишлашни, олишни, сақлашни, тарқатишни ва жойлаштиришни рад этиш;

- Қуролли Кучларнинг, иқтисодиётнинг, аҳолининг, ҳудуднинг тажовузни даф этишга доим шай туриши;

- мудофаанинг етарли даражада бўлиши;

- ҳарбий хизмат шарафли эканлигини таъминлаш.



II. МУДОФААНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ҲАМДА

ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРГА РАҲБАРЛИК ҚИЛИШ

5-модда. Мудофаани ташкил этиш

Мудофаани ташкил этиш қуйидагиларни қамраб олади:

- тажовузнинг олдини олиш ва қайтаришга, Ўзбекистон Республикасига тажовузлардан уюшган ҳолда қуролли ҳимояланишга қаратилган зарур шароитлар яратиш;

- мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, давлат ҳарбий тузилишини замонавий талабларга мувофиқ такомиллаштириш;

- мудофаа вазифаларини ҳал этиш учун керакли барча кучлар ва воситаларнинг мувофиқлаштириб борилишини ва ҳамкорликда ҳаракат қилишини таъминлаш;

- ҳарбий-сиёсий вазият, миллий хавфсизликка бўлган аниқ ва потенциал таҳдидлар мониторингини юритиш;

- Ўзбекистон Республикаси урушга ва қуролли можароларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, ижтимоий-ҳуқуқий, ахборот, ташкилий ва бошқа чора-тадбирлар кўриш;

- Қуролли Кучларнинг қурилиши, тайёргарлиги, доим шай ҳолда сақлаб турилиши, уларнинг сони, тузилиши ва таркибининг мақбуллаштирилиши;

- Қуролли Кучларни тегишли равишда замонавий қурол-яроғлар, ҳарбий техника, ҳарбий-техникавий ва ашёвий мол-мулклар, озиқ-овқат, бошқа моддий-техник воситалар, энергетика ва бошқа ресурслар билан таъминлаш, уларнинг захираларини вужудга келтириш;

- Қуролли Кучлар қўлланилишини режалаштириш;

- мудофаа вазифаларини ҳал этиш учун ташқи сиёсий йўналишдаги чора-тадбирларни кўриш;

- аҳолини ва ҳудудни мудофаага тайёрлаш;

- Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг қўриқланиши ва ҳимояланишини таъминлаш;

- аҳолини, иқтисодиёт ва ҳаёт кечириш учун зарур бўлган объектларни ялпи қирғин қуролларидан муҳофаза қилишга доир тадбирларни ўтказиш;

- Қуролли Кучларнинг, мамлакат иқтисодиётининг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг, шунингдек аҳолининг сафарбарлик тайёргарлиги;

- давлат ва сафарбарлик захиралари учун моддий бойликлар захираларини вужудга келтириш;

- мудофаанинг илмий, илмий-техникавий, маърифий, ҳарбий-саноат, иқтисодий, ахборот ва қонунчилик базасини такомиллаштириш;

- аҳолини маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Қуролли Кучлар шахсий таркибини давлатни ҳимоя қилишга ахлоқий-руҳий жиҳатдан тайёрлаш;

- мамлакат мудофаасини ташкил этишга доир бошқа тадбирлар.



6-модда. Қуролли Кучлар

Қуролли Кучлар урушлар ва қуролли можароларни қайтариш ҳамда олдини олиш, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳамда аҳолининг тинч ҳаётини ҳимоя қилиш учун давлат томонидан ташкил этилган ва сақлаб турилган ҳарбий бирлашмалар, қўшилмалар ва қисмларни, шунингдек бошқа ҳарбий тузилмаларни ўз ичига олади.

Қуролли Кучлар ўз фаолиятини қонун устунлиги, марказлашган раҳбарлик ва яккабошчилик, жанговар ва сафарбарлик борасида доимий шайлик ҳамда ҳарбий интизомга риоя этиш асосида қуради ва амалга оширади.

Ҳарбий объектлар, бинолар ва иншоотлар, қурол-яроғ, ҳарбий техниканинг барча турлари, бошқа ҳарбий мол-мулклар давлат мулки ҳисобланади ва Қуролли Кучлар тасарруфида бўлади.

Қуролли Кучларнинг комплектланиши қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


7-модда. Қуролли Кучларга раҳбарлик

Мудофаага ва Қуролли Кучларга раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси Президенти - Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони амалга оширади.

Уруш даврида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири бир пайтнинг ўзида Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони ўринбосари ҳисобланади.

Қуролли Кучларнинг кундалик фаолиятига раҳбарликни ўз бўйсунувида Қуролли Кучларнинг таркибига кирадиган ҳарбий тузилмалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари амалга оширадилар.

Қуролли Кучлар олдига қўйилган вазифаларни бажариш юзасидан уларга тезкор раҳбарликни Қуролли Кучлар Бош штабининг бошлиғи амалга оширади.


III. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ МУДОФАА СОҲАСИДАГИ

ВАКОЛАТЛАРИ. ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ

БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ, КОРХОНАЛАР, МУАССАСАЛАР,

ТАШКИЛОТЛАР ВА ФУҚАРОЛАРНИНГ МУДОФААНИ

ТАЪМИНЛАШДАГИ ИШТИРОКИ

8-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг

мудофаа соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти - Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони:

Ўзбекистон Республикаси мудофаа сиёсати ва ҳарбий қурилишининг асосий йўналишларини белгилайди;

давлат бошқарув органларининг мудофаа соҳасидаги фаолиятига раҳбарлик қилади;

Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилияти таъминланиши, унинг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлиги муҳофаза этилиши юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради;

Қуролли Кучларни қуриш, қўллаш ва ривожлантириш режаларини, шунингдек мудофаани ташкил этиш юзасидан давлатнинг бошқа режа ва дастурларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва бошқа ҳарбий тузилмаларининг тинчлик ва уруш даврига мўлжалланган тузилиши, таркиби ва жойлашувини тасдиқлайди;

ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш тўғрисида, шу жумладан халқаро тинчликпарварлик тадбирларида қатнашиш тўғрисида, шунингдек Қуролли Кучларни ўзларига бевосита тааллуқли бўлмаган вазифаларни бажаришга жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва Қуролли Кучларга буйруқ беради;

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгиланган тартибда: Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади;

Қуролли Кучларнинг олий қўмондонларини тайинлайди ва вазифасидан озод қилади, олий ҳарбий унвонларни беради;

ҳарбий ва муқобил хизматга чақирилиши лозим бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сонини, уларнинг ҳарбий ва муқобил хизматни ўташ тартибини, ҳарбий хизматга мажбурларни ва чақирилувчиларни ҳарбий ҳисобга олиш ишининг юритилиш тартибини, мудофаа ва Қуролли Кучлар эҳтиёжлари учун қурол-яроғлар, ҳарбий техника, ҳарбий-техникавий ва ашёвий мол-мулклар, озиқ-овқат ҳамда бошқа моддий-техника воситаларининг нормалари ҳамда ҳажмини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга чақириш, муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчиларини резервга ва муқобил хизмат хизматчиларини захирага бўшатиш тўғрисида, шунингдек ҳарбий хизматга мажбурларни ҳарбий йиғинларга чақириш тўғрисида қарорлар қабул қилади, фуқароларни сафарбарлик бўйича ва уруш даврида ҳарбий хизматга чақириш, сафарбарликдан бўшатиш тўғрисида фармонлар чиқаради;

мамлакат иқтисодиётининг сафарбарлик тайёргарлиги, шунингдек сафарбарлик ва стратегик давлат захираларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш режаларини тасдиқлайди;

ҳарбий олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларини, олий таълим муассасалари қошида ҳарбий таълим факультетларини, шунингдек ҳарбий тайёргарлик ўқув марказларини (ҳарбий кафедралар ёки циклларни) ташкил этади, қайта ташкил этади ва тугатади;

қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

мудофаа соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

давлат ҳарбий буюртмаларини шакллантириш ва мудофаа аҳамиятига молик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш соҳасида ягона давлат сиёсати ўтказилишини таъминлайди;

мамлакат иқтисодиётининг сафарбарлик тайёргарлиги, шунингдек сафарбарлик ва стратегик давлат захираларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш режаларини ишлаб чиқади, мазкур режаларнинг ижроси устидан назорат олиб боради;

Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларининг моддий ва ижтимоий-маиший таъминоти масалаларини ҳал этади;

Қуролли Кучларнинг тегишли равишда қурол-яроғлар, ҳарбий техника, ҳарбий-техникавий ва ашёвий мол-мулклар, озиқ-овқат ҳамда бошқа моддий-техника воситалари билан жиҳозланиши ва таъминланишини ташкил этади;

қурол-яроғлар ва ҳарбий техника, стратегик материаллар экспорти ҳамда импорти устидан назорат олиб боради;

корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар мудофаа эҳтиёжларига доир вазифаларни бажарганлиги муносабати билан улар сарф қилган моддий харажатларнинг ўрнини қоплаш тартибини белгилайди;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


10-модда. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ўз тасарруфидаги қўшинларга бошқарувни амалга оширади, мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасидаги давлат сиёсати юритилишини, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг замонавий қурол-яроғлар, ҳарбий техника ва моддий-техника воситалари билан жиҳозланишини, ҳарбий ҳамкорлик кенгайтирилишини, чақирувнинг ва Қуролли Кучлар кадрлари тайёрлашнинг ташкил этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


11-модда. Қуролли Кучларнинг Бош штаби

Қуролли Кучларнинг Бош штаби Ўзбекистон Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қуролли ҳимоя қилиш соҳасидаги қарорларни ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ягона қўмондонлик органи ҳисобланади.

Қуролли Кучларнинг Бош штаби:

- миллий ҳарбий стратегия, Қуролли Кучлар қурилиши ва ривожлантирилишининг концептуал асосларини ишлаб чиқиш учун масъул бўлади;

- Қуролли Кучларни, ҳарбий округларни, вазирликлар ва идораларнинг ҳарбий тузилмаларини тезкор-стратегик бошқаришнинг бош органи вазифасини бажаради;

- қўшинларнинг жанговар ҳаракатлари стратегик жиҳатдан ва тезкор режалаштирилишини ҳамда уларга раҳбарликни амалга оширади;

- қўшинларнинг тезкор ва жанговар тайёргарлигига, улар ташкилий-штат тузилишининг қўшинларни қўллаш шакл ва усулларига кўникма ҳосил қилишига доир тадбир-чоралар ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

- ўз ваколатлари доирасида барча вазирликлар ва идоралар томонидан, Қуролли Кучларнинг шакл ва турдаги қўшинларининг, бирлашмалари, қўшилмалари ва бўлинмаларининг қўмондонлари томонидан ижро этилиши мажбурий бўлган директивалар ва буйруқлар чиқаради;

- қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


12-модда. Ҳарбий округлар

Ҳарбий округ операцион йўналишларда Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминловчи асосий ҳарбий-маъмурий бирлик ҳамда умум қўшин тезкор-стратегик ҳудудий бирлашмасидир.

Ҳарбий округлар зиммаларига юкланган вазифаларни бажарадилар ҳамда қонунчиликка мувофиқ қарорлар қабул қиладилар.


13-модда. Вазирликлар ва идораларнинг

мудофаа соҳасидаги ваколатлари

Вазирликлар ва идоралар қонунчиликка мувофиқ мамлакат мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларнинг жанговар ва сафарбарлик тайёргарлигини, шунингдек жанговар қобилиятини таъминлашда қатнашадилар ҳамда зиммаларига юкланган вазифалар бажарилиши учун масъулдирлар.

Ҳарбий буюртмаларни бажарувчи вазирликлар ва идоралар мудофаа эҳтиёжларига зарур бўлган маҳсулотлар етказиб берилиши, тармоқнинг сафарбарлик тайёргарлиги учун масъулдирлар, сафарбарлик тайёргарлиги режасига мувофиқ тармоқнинг уруш даврида барқарор ишлашини таъминлашга доир чора-тадбирларни амалга оширадилар.


14-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

мудофаа соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

- тегишли сафарбарлик топшириқлари бажарилишини таъминлайдилар;

- ўз ҳудудларида жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда сафарбарлик режалари ҳамда давлат ва сафарбарлик захиралари моддий бойликларини жамлаш топшириқлари бажарилиши устидан назорат олиб борадилар;

- ҳарбий ҳисобга олиш ишини, ҳарбий ва муқобил хизматга чақиришни, сафарбарлик, ҳарбий йиғинларни ташкил этишда, шунингдек сафарбарлик ва уруш даврида Ўзбекистон Республикаси фуқароларига брон беришда қатнашадилар;

- фуқаро муҳофазаси тадбирлари бажарилишини таъминлайдилар;

- ҳудудий мудофаа тадбирларини режалаштиришда ва уларнинг бажарилишини таъминлашда қатнашадилар;

- Қуролли Кучларнинг зарур маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулотларига, иссиқлик ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини таъминлайдилар, уларга алоқа воситаларини берадилар, коммунал-маиший ва бошқа хизматлар кўрсатадилар;

- ҳарбий қисмлар, Қуролли Кучларнинг корхона, муассаса ва ташкилотлари эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда ер, хизмат хоналари ҳамда турар жой берадилар;

- фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташи, жанговар ҳаракатларда қатнашиши муносабати билан уларга, шунингдек уларнинг оила аъзолари учун белгиланган ижтимоий кафолатлар амалга оширилишини таъминлайдилар;

- қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширадилар.


15-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг

мудофаани таъминлашдаги иштироки

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

- ҳарбий хизматга мажбурларни ва чақирилувчиларни хабардор этиш ва мудофаа ишлари бўлимларига чақиришни ташкил этишда кўмаклашадилар;

- шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларда ҳарбий хизматга мажбурларни ва чақирилувчиларни бирламчи шахсий ҳисобга олиш ишини юритадилар, шунингдек фуқароларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда қатнашадилар;

- фуқаро муҳофазаси ва ҳудудий мудофаа тадбирларида қатнашадилар;

- ўз мулкидаги бинолар, иншоотлар, транспорт ва алоқа воситалари ҳамда бошқа мол-мулкларни уруш даврида мудофаа эҳтиёжлари учун қонунда белгиланган тартибда бериб турадилар, қилинган харажатларнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда кейинчалик қопланади;

- қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларда қатнашадилар.


16-модда. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг

мудофаани таъминлашдаги иштироки

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар:

- сафарбарлик режалари ҳамда давлат ва сафарбарлик захиралари моддий бойликларини жамлаш топшириқларида назарда тутилган тадбирларни;

- фуқаро муҳофазаси ва ҳудудий мудофаа тадбирларини;

- ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни ҳисобга олиш ва уларга брон бериш тадбирларини;

- қонунчиликда назарда тутилган бошқа тадбирларни бажарадилар.

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ўз мулкидаги бинолар, иншоотлар, транспорт ва алоқа воситалари ҳамда бошқа мол-мулкларни мудофаа эҳтиёжлари учун қонунчиликка мувофиқ бериб турган тақдирда улар қилган харажатларнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда қопланади.


17-модда. Фуқароларнинг мудофаани таъминлашдаги иштироки

Ўзбекистон Республикасини, унинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилиш - Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг конституциявий бурчидир.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга, шунингдек ўз мулкидаги бинолар, иншоотлар, транспорт ва алоқа воситалари ҳамда бошқа мол-мулкларини уруш даврида мудофаа эҳтиёжлари учун қонунда белгиланган тартибда бериб туришга мажбурдирлар, қилинган харажатларнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда кейинчалик қопланади.

Фуқаролар мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга кўмаклашувчи жамоат бирлашмалари тузиш ҳуқуқига эга.



IV. УРУШ ҲОЛАТИ. УРУШ ДАВРИ. САФАРБАРЛИК.

ҲУДУДИЙ МУДОФАА. ҚУРОЛЛИ МОЖАРОЛАР

18-модда. Уруш ҳолати

Уруш ҳолати Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда қонунда белгиланган тартибда эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қўшинлар тўсатдан ҳужум қилган ёки бостириб кирган тақдирда ҳарбий округлар қўшинларининг қўмондонлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари уруш ҳолати эълон қилинишини кутмай ҳужумни ёки босқинни даф этишнинг барча чора-тадбирларини кўришлари шарт.



19-модда. Уруш даври

Уруш даври уруш ҳолати эълон қилинган вақтдан ёки ҳарбий ҳаракатлар амалда бошланиб кетган пайтдан эътиборан бошланади ҳамда ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганлиги эълон қилинган вақтдан эътиборан, лекин бундай ҳаракатлар амалда тўхтатилганидан кейин тугайди.

Уруш даври шароитида Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони томонидан Қуролли Кучларга ва мамлакат иқтисодиётига раҳбарликни амалга оширадиган ваколатли орган тузилиши мумкин.



20-модда. Сафарбарлик

Уруш ҳолати эълон қилиниши ёки фавқулодда ҳолат жорий этилиши биланоқ умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиниши мумкин.

Сафарбарлик тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


21-модда. Ҳудудий мудофаа

Ҳудудий мудофаа Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини ҳимоялаш ва мудофаа қилиш, аҳолини, объектлар ва коммуникацияларни душман хуружларидан, қўпорувчилик ва террорчилик ҳаракатларидан ҳимоя қилиш мақсадида, шунингдек фавқулодда ҳолат режимини сақлаб туриш учун ташкил этилади ва амалга оширилади.

Ҳудудий мудофаани таъминлашга жалб этиладиган кучларнинг вазифалари, ҳамкорликдаги ҳаракатларининг ташкил этилиши ва тартиби қонунчилик билан белгиланади.


22-модда. Қуролли можаролар

Чекланган доирадаги ҳарбий низолар (ҳаракатлар ва қуролли тўқнашувлар) қуролли можаролар деб ҳисобланади, бунда уруш ҳолати эълон қилинмайди.

Қуролли можаролар келиб чиққан ва Ўзбекистон Республикаси бу можароларга тортилган тақдирда Қуролли Кучлар дарҳол уларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўрадилар.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

23-модда. Мудофаа соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқнинг якка тартибда ва коллектив тарзда мудофааланишдан иборат бўлган ҳуқуқни мустаҳкамловчи умум эътироф этилган нормалари ва принципларига асосланиб, ҳарбий қурилиш, тинчлик ва хавфсизликни сақлаб туриш соҳасида бошқа давлатлар билан ҳамкорликни амалга оширади.



24-модда. Мудофаа эҳтиёжларининг молиялаштирилиши ва

моддий-техника таъминоти

Мудофаа эҳтиёжларининг молиялаштирилиши ва моддий-техника таъминоти қонунчиликка мувофиқ давлат бюджети маблағлари ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Мудофаага ажратиладиган маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланилиши устидан назорат қонунга мувофиқ амалга оширилади.


25-модда. Мудофаа тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Мудофаа тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      И. Каримов

























Время: 0.1389
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск