язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адвокатура/ Ўзбекистон Республикасининг 25.12.1998 й. 721-I-сон "Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.12.1998 й.

N 721-I



АДВОКАТЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ

КАФОЛАТЛАРИ ВА АДВОКАТЛАРНИНГ

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Адвокатлик фаолияти

билан шуғулланиш ҳуқуқи


Адвокатлик фаолияти билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, шуғулланишга ҳақлидир.

Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензия берилади.


2-модда. Адвокатлик фаолиятининг асосий принциплари


Адвокатлик фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

адвокатнинг мустақиллиги;

Адвокатнинг касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдига қатъий риоя этиш;

қонун ҳужжатларида ман қилинмаган усуллар ва воситаларни қўллаш.


3-модда. Адвокат қасамёди


Адвокат тегишли малака комиссиясининг мажлисида қуйидаги мазмунда қасамёд қилади:

"Ўз касбий бурчимни ҳалол ва виждонан бажаришга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳамиша ҳимоя қилишга, адвокатлик сирини сақлашга, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга тантанали қасамёд қиламан".



4-модда. Адвокатнинг ваколатлари


Адвокат Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида, шунингдек агар олинган топшириқни бажариш зарурияти тақозо этса ва тегишли давлатларнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаса, республика ташқарисида ҳам адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Муайян ишни олиб боришга адвокатнинг ваколатли эканлиги ордер билан тасдиқланади.

Адвокат, тараф сифатида, суд ишларини юритишнинг ҳамма босқичида процесснинг барча иштирокчилари билан тенг ҳуқуқларга эга.

Адвокат қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонунда белгиланган тартибда ишнинг барча материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни кўчириб олиш;

ўз ҳимоясидаги шахс билан у ушланган пайтдан бошлаб қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда миқдори ва муддати чекланмаган холи учрашувлар ўтказиш;

иш материаллари билан танишиш ҳамда ишни судда ва бошқа органларда кўриш чоғида овоз ёзиш қурилмалари ҳамда бошқа техника воситаларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш;

агар жиноят ишини юритишда, шунингдек фуқаролик ишини, иқтисодий ишни ёки маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишни кўриш ва ҳал этишда ҳимояни ёки вакилликни амалга ошириш зарурияти тақозо этса, давлат сирлари, тижорат сири ёки бошқа сир ҳисобланган маълумот билан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда танишиш.

Адвокат қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.

Адвокат:

юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида маслаҳат бериши;

юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг ишига унинг ҳолатини оғирлаштирадиган касбий нуқтаи назар билан ёндашмаслиги;

ишонч билдирувчи шахснинг (ўз ҳимояси остидаги шахснинг) нуқтаи назарига кўра ноқонуний қарор чиқарилган тақдирда, бу қарор устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиши шарт.

Адвокат қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради.


5-модда. Адвокатнинг мустақиллигини таъминлаш


Адвокатнинг мустақиллиги:

унга қонунда белгиланган тартибда адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун ижозат бериш, бу фаолиятни тўхтатиб туриш ва тугатиш;

адвокатнинг дахлсизлиги;

адвокатлик сирини ошкор этишни талаб қилишни ман этиш;биринчи қисми


адвокат олиб бораётган ишларга аралашганлик ёхуд адвокатнинг дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик;

давлат томонидан унга адвокатлик фаолияти кафолатлари берилиши ҳамда ижтимоий ҳимояланиши орқали таъминланади.


6-модда. Адвокатнинг дахлсизлиги


Адвокатнинг шахси дахлсиз. Адвокатнинг дахлсизлиги унинг уй-жойига, хизмат хонасига, фойдаланишидаги транспорти ва алоқа воситаларига, унинг хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга хам тааллуқлидир.

Адвокатга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан қўзғатилиши мумкин.

Адвокатнинг уй-жойи ёки хизмат хонасига, шахсий ёки фойдаланишидаги транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш, унинг телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, адвокатни кўздан кечириш ва шахсий тинтувдан ўтказиш, худди шунингдек унинг почта-телеграф жўнатмаларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш ёки олиб қўйиш, адвокатни мажбурий келтириш, ушлаб туриш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг санкцияси билан амалга оширилиши мумкин.

Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси адвокатга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят прокурорлари, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг илтимосномасига кўра жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилиши мумкин.

Адвокатнинг иш бўйича ҳуқуқий нуқтаи назарига нисбатан суриштирув органи, терговчи, прокурор тақдимнома киритиши, шунингдек суд хусусий ажрим чиқариши мумкин эмас.

Адвокатни юридик ва жисмоний шахсларга қонунга мувофиқ юридик ёрдам кўрсатганлиги муносабати билан жиноий, моддий ва бошқа жавобгарликка тортиш ёки унга шундай жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилиш мумкин эмас.


7-модда. Адвокатлик фаолиятига

аралашишга йўл қўйилмаслиги


Адвокат юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганида унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Адвокатдан ва унинг ёрдамчисидан ва стажёридан адвокатлик сири предмети ҳисобланган ҳолатлар тўғрисида бирон-бир тушунтириш ёки кўрсатувлар беришни талаб қилиш, шунингдек улар ҳақида тезкор-қидирув фаолиятида, жиноят ишлари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ва бошқа ишларни юритишда фойдаланиш учун бирон-бир материал тақдим этишни талаб қилиш ман этилади.

Адвокатлик фаолиятини амалга оширишда бирон-бир махсус рухсатнома (ордер ва адвокат гувоҳномасидан ташқари) талаб қилиш ёки бошқа тўсиқлар вужудга келтириш ман этилади.

Адвокатнинг муайян ишни ўрганишига тўсқинлик қилиш ёки ишонч билдирувчи шахснинг (ўз ҳимояси остидаги шахснинг) қонуний манфаатларига зид келувчи нуқтаи назарни мажбуран эгаллашига эришиш мақсадида унга қандай шаклда бўлмасин таъсир кўрсатиш, шунингдек адвокатга таҳдид қилиш, уни ҳақоратлаш, унга нисбатан туҳмат қилиш, куч ишлатиш ёки унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига тажовуз қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.


8-модда. Адвокатлик фаолияти ҳимояланишини таъминлаш


Адвокат ва унинг касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади.

Адвокатнинг ўз ҳимоясидаги шахс билан холи учрашувлар ўтказишини, жиноят ишига доир барча материаллар билан ташишиб чиқиши ва ундан зарур маълумотларни кўчириб олишини рад этиш ман қилинади.

Юридик ёрдам бериш билан боғлиқ ахборотни талаб қилиб олиш, олиб қўйиш, кўздан кечириш, текшириш, ундан нусха кўчириш, бундай ахборотни тўплаш ва ундан фойдаланишга фақат адвокат айбланувчи тариқасида жавобгарликка тортилган тақдирда, бошқа ҳолларда - жиноят, фуқаролик ишлари, иқтисодий ишлар, интизомий ишлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишда эса, фақат юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг розилиги билан йўл қўйилади.

Давлат томонидан адвокатга қуйидагилар таъминланади:

касбий вазифаларини бажариш имконияти;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шунингдек унинг ташқарисида юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган шахсларга маслаҳат бериш имконияти;

ўз касбий вазифаларини бажариши туфайли ҳаёти ва соғлиғи учун хавф-хатар юзага келганда зарур даражадаги ҳимоя.

Адвокатнинг касбга оид ҳуқуқларининг давлат органлари ва бошқа органлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бузилиши қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.


9-модда. Юридик ёрдамни таъминлаш кафолатлари


Ҳар ким ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун юридик ёрдам сўраб ўзи хоҳлаган ҳар қандай адвокатга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Ушлаб турилган шахсга, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумга адвокат билан монеликсиз ва холи учрашиш ҳамда ундан маслаҳат олиш учун зарур шарт-шароит таъминланиши лозим.


10-модда. Адвокатнинг ҳаётини ва соғлиғини муҳофаза қилиш

Адвокатнинг ҳаёти ва соғлиғи давлат ҳимоясида бўлади.


11-модда. Адвокатуранинг маблағлари


Адвокатура нотижорат ташкилотдир ва фаолиятни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади.

Адвокатуранинг штатлари, мансаб окладлари ва маъмурий-хўжалик харажатларининг сметалари молия органларида рўйхатдан ўтказилмаслиги лозим. Адвокатуранинг иш ҳақи фонди банклар томонидан назорат қилинмайди.



12-модда. Давлат билан адвокатура ўртасидаги ўзаро муносабатлар


Давлат ҳар бир фуқаронинг тенг ва эркин юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлаш учун адвокатура билан ҳамкорлик қилади.

Адвокатура манфаатларига дахлдор масалалар давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси иштирокида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Давлат адвокатурани фуқаролар мурожаат этиши учун қулай бўлган жойларда зарур бинолар билан белгиланган тартибда таъминлайди.

Адвокатурага коммунал хизматлар, алоқа хизматлари ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда бошқа имтиёзлар берилиши мумкин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1999 йил, 1-сон, 12-модда