ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Нодавлат нотижорат ташкилотлар. Сиёсий партиялар / Сиёсий партиялар ва жамоат ҳаракатлари /

Ўзбекистон Республикасининг 11.04.2007 й. ЎРҚ-88-сон "Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида"ги Конституциявий Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 28.02.2007 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 29.03.2007 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

КОНСТИТУЦИЯВИЙ

ҚОНУНИ

11.04.2007 й.

N ЎРҚ-88



ДАВЛАТ БОШҚАРУВИНИ ЯНГИЛАШ ВА

ЯНАДА ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ ҲАМДА

МАМЛАКАТНИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШДА

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИНГ РОЛИНИ

КУЧАЙТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йил 28 февралда қабул қилинган

Сенат томонидан 2007 йил 29 мартда маъқулланган


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришдан иборат.

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига тегишли тузатишлар, шунингдек амалдаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш учун асосдир.


2-модда. Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги

сиёсий партиялар фракциялари


Сиёсий партия фракцияси сиёсий партиядан кўрсатилган депутатлар томонидан партия манфаатларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида ифодалаш мақсадида тузиладиган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган депутатлар бирлашмасидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган сиёсий партия фракцияси парламентдаги кўпчиликни ташкил этади.

Ўз дастурий мақсадли вазифаларининг яқинлигидан ёки мослигидан келиб чиққан ҳолда блок тузадиган бир нечта сиёсий партиялар фракциялари парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши мумкин.

Янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиёсий партиялар фракциялари ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.


Сиёсий партиялар фракцияларининг блокка бирлашиши қонунда назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишда уларнинг мустақиллигини чеклаб қўймайди.

Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ўша масалага доир қонун лойиҳасининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;

муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баённомасига киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши.

Парламентдаги мухолифатнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари парламентдаги кўпчилик томонидан камситилиши мумкин эмас.

Сиёсий партиядан кўрсатилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайланган депутат фақат шу партия фракциясининг аъзоси бўлиши керак.


2-1-модда. Сиёсий партия фракциясининг раҳбари

Сиёсий партия фракцияси ўз таркибидан фракция раҳбарини сайлайди.

Сиёсий партия фракциясининг раҳбари:

сиёсий партия фракциясининг фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;

Қонунчилик палатаси мажлисларида кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан сиёсий партия фракциясининг келишилган нуқтаи назарини баён этади, улар бўйича расмий баёнотлар билан чиқади (сиёсий партия фракциясининг қарорига кўра мазкур ваколат сиёсий партия фракциясининг бошқа аъзолари зиммасига ҳам юклатилиши мумкин);

Қонунчилик палатаси, унинг органлари ва мансабдор шахслари билан сиёсий партия фракцияси номидан музокаралар олиб боради;

сиёсий партия фракциясининг партия раҳбар органлари билан ҳамкорлигини таъминлайди;

давлат органлари, чет давлатлар, халқаро ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда сиёсий партия фракцияси номидан иш юритади;

сиёсий партия фракциясининг қарорларини ва бошқа ҳужжатларини имзолайди;

сиёсий партия фракцияси мажлисларининг кун тартибини шакллантириш бўйича тавсиялар беради ҳамда муҳокамага киритилган масалаларни тайёрлаш устидан умумий раҳбарликни амалга оширади;

сиёсий партия фракциясининг мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;

сиёсий партия фракциясининг ишида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини ва бошқа давлат органларининг раҳбарларини, экспертларни, фуқаролик жамияти институтларининг вакилларини таклиф этади;

сиёсий партия фракцияси олдида турган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, сиёсий партия фракциясининг аъзоларига уларнинг ўз сайлов округларидаги фаолиятини ташкил этишда ҳар томонлама кўмаклашади;

сиёсий партия фракциясининг самарали фаолияти учун зарур бўлган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Сиёсий партия фракциясининг раҳбари меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитларига кўра Спикер ўринбосарига тенглаштирилади.

Сиёсий партия фракциясининг раҳбари сиёсий партия фракциясининг мажлисида сайланадиган ўринбосарига (ўринбосарларига) эга бўлади.

Сиёсий партия фракциясининг раҳбари йўқлигида унинг ваколатларини сиёсий партия фракцияси раҳбарининг ўринбосарларидан бири амалга оширади.

Сиёсий партия фракциясининг раҳбари ваколатларининг муддатидан илгари тугатилиши тўғрисидаги қарор сиёсий партия фракциясининг мажлисида қабул қилинади.



3-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Спикерининг

ўринбосарларини сайлаш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўз таркибидан Қонунчилик палатасининг Спикери ва унинг ўринбосарларини сайлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатасининг ваколати муддатига сайланади.

Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши тақдим этган номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари лавозимига сайланмаган тақдирда, Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши депутатлар орасидан бошқа номзодни тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари Қонунчилик палатаси қўмиталари таркибига сайланиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари ўз вазифаларини бажариш даврида сиёсий партияга аъзоликни тўхтатиб туради ҳамда фракция таркибига кириши мумкин эмас.



4-модда. Ўзбекистон Республикаси

Бош вазирини тайинлаш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мансабдор шахслари сайлангандан ва органлари шакллангандан сўнг бир ой ичида ёки Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимидан озод этилганидан кейин ёхуд Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги таркиби истеъфога чиққанидан кейин бир ой ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши ва маъқуллаши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тақдимнома киритилган кундан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди унинг учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда маъқулланган ҳисобланади.

Агар овоз бериш чоғида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг ярмидан кўпининг овозини тўплай олмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти барча фракциялар билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг Бош вазир лавозимига номзодни яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тақдим этилган номзод уч марта рад этилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни тайинлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасини тарқатиб юборишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган тақдирда янги сайлов тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг муҳокамасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига нисбатан ишончсизлик вотуми, агар унинг учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берса, қабул қилинган ҳисобланади. Бу ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Ўзбекистон Республикаси Бош вазири билан бирга истеъфога чиқади.



5-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини

лавозимидан озод этиш тартиби


Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қуйидаги ҳолларда лавозимидан озод этилади:

а) Бош вазирнинг истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасига биноан;

б) Бош вазир ўз ваколатларини бажариши мумкин бўлмай қолган тақдирда;

в) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибида унинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси бир неча марта Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид қарорлар қабул қилган тақдирда;

г) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти кўриб чиқиши учун тақдим этган ташаббусига биноан. Агар зарур асосларга эга бўлган бундай ташаббусни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар етакчи фракциялари қўллаб-қувватласа ҳамда мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида овозга қўйилганда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сони учдан икки қисмидан кўпроғининг овозини олса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади;

д) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига нисбатан ишончсизлик вотуми билдирилган тақдирда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг лавозимдан озод этилиши бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг истеъфога чиқишига сабаб бўлади.


6-модда. Вилоят, Тошкент шаҳар ҳокимини

тайинлаш ва тасдиқлаш тартиби


Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзоди тасдиқланган ҳисобланади.

Агар овоз бериш вақтида вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти мазкур лавозимларга номзодларни партия гуруҳлари билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг бир ой ичида яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Тегишли халқ депутатлари Кенгаши тақдим этилган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодларини уч марта рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчини тайинлаш, тегишли халқ депутатлари Кенгашини тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга. Бунда халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорига мувофиқ ҳоким номзоди бўйича фармон қабул қилади.


7-модда. Халқ депутатлари вилоятлар ва

Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг

вилоят ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими фаолияти

устидан назорат қилиш вазифалари


Назорат қилиш вазифалари самарадорлигини ошириш мақсадида халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳларига вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган хулосалар тақдим этиш ташаббуси ҳуқуқи берилади. Бундай ташаббус етакчи партия гуруҳлари томонидан қўллаб-қувватланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти бу ташаббуснинг халқ депутатлари Кенгашидаги муҳокамасини тайинлайди ва муҳокама натижаларига мувофиқ қарор қабул қилади.


8-модда. Ушбу Конституциявий

Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Конституциявий Қонун 2008 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              И. Каримов



"Халқ сўзи" 2007 йил 12 апрель.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 15-сон, 151-модда


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2007 йил, 4-сон, 161-модда














































Время: 0.0672
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск