язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Маҳаллий ҳокимият органлари/ Ўзбекистон Республикасининг 26.04.1996 й. 229-I-сон "Ўзбекистон Республикасида депутатни чақириб олиш тартиби тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

26.04.1996 й.

N 229-I



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ДЕПУТАТНИ ЧАҚИРИБ ОЛИШ

ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Депутатни чақириб олиш асослари


Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларини тузаётган, депутатлик вазифаларини бажармаётган ёки сайловчиларнинг, шунингдек депутатликка номзод қилиб кўрсатган органнинг ишончини бошқача тарзда оқламаётган Олий мажлис депутати, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг депутати ушбу Қонунда белгиланган тартибда чақириб олиниши мумкин.



2-модда. Депутатни чақириб олиш тўғрисидаги таклиф


Олий Мажлис депутатини, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг депутатини чақириб олиш тўғрисидаги таклиф депутатликка номзод кўрсатган тегишли орган ёки тегишли сайлов округининг сайловчилари томонидан киритилади.



3-модда. Депутатликка номзод кўрсатган органнинг Олий Мажлис

депутатини чақириб олиш зарурлиги тўғрисидаги қарори


Ушбу Қонуннинг 1-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, депутатликка номзод кўрсатган тегишли орган, яъни сиёсий партиянинг олий органи ёки у ваколат берган орган, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари, вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши Олий Мажлис депутатини чақириб олиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Мазкур қарор баённома билан ёки баённомадан кўчирма билан бирга Олий Мажлис Кенгашига юборилади.

Депутатни чақириб олиш тўғрисидаги таклиф асосли бўлса, ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида Олий Мажлис Кенгаши депутатни чақириб олиш бўйича овоз беришни ўтказиш зарурлиги ҳақида қарор қабул қилади ва уни Олий Мажлисга сайлов ўтказувчи Марказий сайлов комиссиясига юборади.

Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Кенгашининг қарори олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида депутатни чақириб олиш бўйича округ комиссиясини тузади, овоз бериш кунини тайинлайди ва бу ҳақда Олий Мажлис Кенгашига маълум қилади.



4-модда. Сайловчиларнинг Олий Мажлис депутатини

чақириб олиш зарурлиги тўғрисидаги қарори


Ушбу Қонуннинг 1-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда сайловчилар фуқаролар йиғинида (вакиллар йиғилишида) Олий Мажлис депутатини чақириб олиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин. Фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) унда аҳолининг (делегатларнинг) учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда бундай қарор қабул қилишга ҳақлидир.

Фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши)нинг депутатни чақириб олиш зарурлиги тўғрисидаги қарори баённома билан ёки баённомадан кўчирма билан бирга Олий Мажлис Кенгашига юборилади ва бу ҳақда депутатликка номзод кўрсатган органга маълум қилинади.

Депутатни чақириб олиш тўғрисидаги таклиф асосли бўлса, Олий мажлис Кенгаши ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида тегишли сайлов округида Олий Мажлис депутатини чақириб олиш тўғрисидаги таклифни муҳокама этиш юзасидан йиғилишлар ўтказиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилади.

Депутатни чақириб олиш тўғрисидаги таклифни муҳокама қилишга бағишланган йиғилишлар Олий Мажлис Кенгаши томонидан тегишли қарор қабул қилинган вақтдан эътиборан йигирма кун ичида ўтказилади. Депутатни чақириб олиш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлаган сайловчиларнинг турар жойини кўрсатган ҳолда тузилган рўйхати таклифни муҳокама қилиш тугаган кундан эътиборан беш кунлик муддат ичида Олий Мажлис Кенгашига тақдим этилади.

Олий Мажлис депутатини чақириб олиш тўғрисидаги таклифни округда қўллаб-қувватлаган сайловчиларнинг сони сайлов куни рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг камида беш фоизини ташкил этиши керак.

Ушбу Қонун бузилишига йўл қўйилган бўлмаса, сайловчилар рўйхати олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида Олий Мажлис Кенгаши депутатни чақириб олиш бўйича овоз беришни ўтказиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилади ва уни Марказий сайлов комиссиясига юборади.

Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Кенгашининг қарори олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида депутатни чақириб олиш бўйича округ комиссиясини тузади, овоз бериш кунини тайинлайди ва бу ҳақда Олий Мажлис Кенгашига маълум қилади.



5-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатини

чақириб олиш зарурлиги тўғрисидаги қарор


Ушбу Қонуннинг 1-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, депутатликка номзод кўрсатган тегишли орган, яъни сиёсий партиянинг вилоят органи, халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгаши ёки фуқаролар йиғинида (вакиллар йиғилишида) сайловчилар депутатни чақириб олиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин. Фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши)нинг қонуний ҳуқуққа эгалиги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланади.

Депутатликка номзод кўрсатган органнинг ёки сайловчиларнинг депутатни чақириб олиш зарурлиги тўғрисидаги қарори баённома билан ёки баённомадан кўчирма билан бирга халқ депутатлари тегишли вилоят Кенгашига юборилади.

Депутатни чақириб олиш тўғрисидаги таклиф асосли бўлса, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳужжатлар олинган кундан эътиборан беш кунлик муддат ичида депутатни чақириб олиш бўйича овоз бериш ўтказиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда уни вилоят сайлов комиссиясига юборади.

Вилоят сайлов комиссияси халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори олинган кундан эътиборан беш кунлик муддат ичида депутатни чақириб олиш бўйича округ комиссиясини тузади, овоз бериш кунини тайинлайди ва бу хусусда халқ депутатлари вилоят Кенгашига ахборот беради.


6-модда. Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши депутатини

чақириб олиш зарурлиги тўғрисидаги қарор


Ушбу Қонуннинг 1-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда депутатликка номзод кўрсатган тегишли орган, яъни сиёсий партиянинг туман, шаҳар органи ёки фуқаролар йиғинида (вакиллар йиғилишида) сайловчилар депутатни чақириб олиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин. Фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши)нинг қонуний ҳуқуққа эгалиги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланади.

Депутатликка номзод кўрсатган органнинг ёки сайловчиларнинг депутатни чақириб олиш зарурлиги тўғрисидаги қарори баённома билан ёки баённомадан кўчирма билан бирга халқ депутатлари тегишли туман, шаҳар Кенгашига юборилади.

Депутатни чақириб олиш тўғрисидаги таклиф асосли бўлса, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши ҳужжатлар олинган кундан эътиборан беш кунлик муддат ичида депутатни чақириб олиш бўйича овоз бериш ўтказиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда уни туман, шаҳар сайлов комиссиясига юборади.

Туман, шаҳар сайлов комиссияси халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашининг қарори олинган кундан эътиборан беш кунлик муддат ичида депутатни чақириб олиш бўйича округ комиссиясини тузади, овоз бериш кунини тайинлайди ва бу хусусда халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига ахборот беради.


7-модда. Чақириб олиш тўғрисидаги масалани қараб чиқиш

чоғида чақириб олинаётган депутат ҳуқуқларининг кафолатлари


Олий Мажлис Кенгаши, Марказий сайлов комиссияси, халқ депутатлари тегишли вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатга уни депутатликдан чақириб олиш тўғрисидаги таклиф хусусида уч кунлик муддатдан кечиктирмай ёзма билдириш хати юбориб, тушган ҳужжатларнигг нусхаларини унга илова қилади.

Депутат сайловчилар билан учрашишга, ўзининг чақириб олиниши тўғрисидаги масала қараб чиқилаётган йиғилишлар, сессиялар ва мажлисларда иштирок этишга ҳамда ўзини ҳимоя қилишга ҳақлидир.

Депутатни чақириб олиш тўғрисидаги масалани қўйишга сабаб бўлган ёлғон ахборотни билатуриб тақдим этган фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.



8-модда. Депутатни чақириб олиш бўйича

овоз бериш кунини тайинлаш


Олий Мажлис депутатини чақириб олиш масаласи бўйича овоз бериш куни Марказий сайлов комиссияси томонидан тайинланади.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатини чақириб олиш масаласи бўйича овоз бериш куни тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан тайинланади.

Депутатни чақириб олиш бўйича овоз бериш куни тегишли округ комиссияси тузилган кундан эътиборан камида бир ой кейинга тайинланиши лозим.

Овоз бериш куни тайинланганидан кейин кечи билан уч кун ичида овоз бериш куни тўғрисида маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали хабар қилинади.



9-модда. Депутатни чақириб олишни ёқлаб ёки чақириб олишга

қарши ташвиқот юритиш


Овоз беришни ўтказиш куни тайинланганидан кейин сайловчиларга депутатни чақириб олиш билан боғлиқ масалаларни эркин ва ҳар томонлама муҳокама этиш имконияти кафолатланади, шунингдек депутатни чақириб олишни ёқлаб ёки чақириб олишга қарши монеликсиз ташвиқот юритишга йўл қўйилмайди.



10-модда. Овоз беришни ўтказиш комиссиялари ва участкалари.

Сайловчиларнинг рўйхатлари


Депутатни чақириб олиш бўйича ишни ташкил этиш тегишли округ комиссияси зиммасига юклатилади.

Депутатни чақириб олиш масаласи бўйича овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш учун овоз беришга кечи билан йигирма беш кун қолганида овоз бериш участкалари ташкил этилади ва кечи билан йигирма кун қолганида участка комиссиялари тузилади.

Сайловчиларнинг рўйхатлари овоз бериш кунига кечи билан ўн кун қолганида ҳамма танишиши учун тақдим қилинади.

Участкаларни ҳамда комиссияларни тузиш, комиссияларнинг ваколатлари, сайловчиларнинг рўйхатларини тузиш “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ва “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Округ ва участка комиссияларининг ваколат муддатлари депутатни чақириб олиш бўйича овоз бериш якунлари чиқарилганидан кейин тугайди.



11-модда. Овоз бериш бюллетени


Депутатни чақириб олиш масаласи бўйича овоз бериш бюллетенида депутатнинг фамилияси, исми, отасининг исми ёзилиб, унинг туғилган йили, қайси партияга мансублиги, эгаллаб турган лавозими (машғулотниниг тури) кўрсатилади.

Бюллетень давлат тилида, шунингдек тегишли округ комиссиясининг қарорига биноан сайлов округи аҳолисининг кўпчилиги муомала қиладиган тилларда нашр этилади.



12-модда. Депутатни чақириб олиш масаласи бўйича овоз бериш


Депутатни чақириб олиш масаласи бўйича овоз бериш яширин бўлиб, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ва “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг талабларига мувофиқ ўтказилади.

Овоз бериш чоғида, башарти, сайловчи депутатнинг ваколатлари сақлаб қолинишига тарафдор бўлса, бюллетендаги депутатнинг фамилиясини ўчирмайди, агар депутат чақириб олинишини ёқлаб овоз берса, депутатнинг фамилиясини ўчиради.



13-модда. Овоз бериш натижаларини аниқлаш


Овоз бериш натижалари овоз бериш ўтказилган куннинг эртасига округ комиссиясининг мажлисида аниқланиб, баённомага киритилади ва тегишинча Марказий сайлов комиссиясига, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига юборилади.

Башарти, овоз беришда қатнашган сайловчиларнинг ярмидан кўпи депутатни чақириб олишни ёқлаб овоз берган бўлса, у чақириб олинган ҳисобланади.

Башарти, овоз беришда қатнашган сайловчиларнинг ярмидан ками депутатни чақириб олишни ёқлаб воз берган бўлса, шунингдек овоз беришда овоз бериш рўйхатларига киритилган сайловчиларнинг ярмидан ками иштирок этган бўлса, депутатни чақириб олиш рад қилинган ҳисобланади.

Депутатни чақириб олишни ёқлаб ва чақириб олишга қарши берилган овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, депутат ўз ваколатларини сақлаб қолади.

Марказий сайлов комиссияси ёки вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси Қонун бузилишига йўл қўйилганлиги оқибатида овоз бериш натижаларини ҳақиқий эмас деб топиши мумкин. Бундай ҳолда такрорий овоз бериш тайинланиб, у кечи билан икки ҳафта ичида ушбу Қонун талабларига риоя этган ҳолда ўтказилади.

Марказий сайлов комиссияси, тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси келиб тушган округ комиссиясининг баённомасига асосан беш кунлик муддат ичида овоз бериш натижаларини қайд этади ҳамда улар ҳақида маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали хабар қилади.

Олий Мажлис депутатини чақириб олиш бўйича овоз бериш якунлари тўғрисида Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Кенгашига маълум қилади, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатини чақириб олиш бўйича овоз бериш якунлари тўғрисида эса вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси тегишли ҳокимият вакиллик органининг раҳбарига маълум қилади.

Овоз бериш натижасида депутат чақириб олинган бўлса, депутатни чақириб олиш бўйича овоз бериш якунлари қайд этилган пайтдан эътиборан унинг ваколатлари муддатидан илгари тўхтатилган ҳисобланади.



14-модда. Овоз беришни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар


Депутатни чақириб олиш масаласи бўйича овоз беришни ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар республика бюджети ёки тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан бўлади.



15-модда. Ушбу Қонун бузилганлиги устидан шикоят қилиш


Ушбу Қонун бузилганлиги устидан Марказий сайлов комиссиясига, тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига ёки бевосита судга шикоят қилиниши мумкин.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              И. Каримов