Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Байрамлар. Хотира кунлари. Юбилейлар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.06.2008 й. ПҚ-891-сон "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўн етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

12.06.2008 й.

N ПҚ-891



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ

МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЎН ЕТТИ ЙИЛЛИК

БАЙРАМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА

УНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўн етти йиллигини муносиб кутиб олиш, ушбу буюк сананинг моҳияти ва аҳамиятини мамлакатимизда ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, байрам тадбирларини халқимиз хотирасида ёрқин из қолдирадиган юксак даражада ўтказиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўн етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Республика комиссияси шу йилнинг 25 июнига қадар "Мустақиллик - бизнинг борлигимиз, шону шуҳратимиз, эркин ва фаровон келажагимиз гаровидир" деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқсин.


2. Ушбу дастурни тайёрлашда қуйидаги масалаларга эътибор қаратилсин:

мустақиллик - халқимизнинг асрий орзуси, кўп йиллик курашлар натижасида қўлга киритган буюк тарихий ютуғи, юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон учун эркинлик ва озодлик тимсоли, энг улуғ ва энг азиз айём эканини чуқур очиб беришга қаратилган маданий-маърифий анжуманлар, суҳбат ва учрашувлар уюштириш;

истиқлол халқимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, ўз қадр-қимматини англаш, муносиб ҳаёт кечириш имконини берганини, ҳар бир фуқаронинг иқтисодий-ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, юртимизда озод ва фаровон ҳаёт барпо этишнинг мустаҳкам гарови бўлиб келаётганини оммавий тадбирлар орқали акс эттириш;

мустақиллик йилларида бой тарих ва меросимиз, дину диёнатимиз, кўҳна урф-одат ва анъаналаримизнинг қайта тиклангани, бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби эзгу фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун бўлиб яшаш ҳаётимиз қоидасига айланиб бораётганини ҳар томонлама кенг тарғиб этиш;

ўтган давр мобайнида кенг кўламли ислоҳотлар натижасида иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиб, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлиги ошиб бораётганини, мамлакатимизда қабул қилинган муҳим ижтимоий дастурларнинг ижобий самараларини ифода этишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш;

диёримизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини, юртимизнинг қиёфаси тубдан ўзгариб, шаҳар ва қишлоқларимиз янада обод бўлиб бораётганини аниқ ва таъсирчан ҳаётий мисоллар ёрдамида ёритиб бериш;


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларига, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, "Нуроний" ва "Маҳалла" жамғармаларига мустақиллик байрамининг ўн етти йиллигини муносиб нишонлаш учун жойларда тегишли комиссиялар тузиш ҳамда жорий йилнинг 1 июлига қадар республика дастурида белгилаб берилган асосий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш, байрам муносабати билан шаҳар ва қишлоқларда, маҳалла ва гузарларда, кўпқаватли уйлар атрофида ободонлаштириш ишларини олиб боришни кўзда тутадиган дастурларни ишлаб чиқиш топширилсин.

Ушбу дастурларда белгиланган тадбирларни расмиятчилик ва баландпарвозлик ҳолатларига йўл қўймасдан, кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда, оддий одамларнинг қалби ва онгига етиб борадиган, уларнинг руҳи ва кайфиятини кўтарадиган, янги марралар сари илҳомлантирадиган мазмун ва шакллар асосида ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.


4. Республика комиссияси ўз йиғилишларида марказда ва жойларда амалга оширилаётган тадбирлар режасини бажариш бўйича ҳисоботларни мунтазам равишда эшитиб борсин.


5. Мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорлар, фольклор санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилсин.


6. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси, Ёзувчилар ва Бастакорлар уюшмалари билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этишга қаратилган энг яхши қўшиқ ва мусиқий асарлар учун "Ватан ягонадир, Ватан биттадир" республика танловини ўтказсин. Танлов ғолиблари ва совриндорлари Мустақиллик байрами арафасида эълон қилинсин.


7. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси билан биргаликда август ойининг охирида мамлакатимиз мустақиллигига бағишланган "Энг улуғ, энг азиз" анъанавий танловининг якуний босқичини ўтказсин.


8. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ва Бастакорлар уюшмаси ёш ижрочилар ўртасида "Ниҳол" мукофотига номзодларнинг республика саралаш босқичини ҳамда ғолиблар ижросидаги концерт дастурини август ойининг биринчи ярмида юқори даражада ташкил этсин.


9. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда жойлардаги ишлаб чиқариш корхоналари, хўжаликлар, жамғармалар ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.


10. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, "Жаҳон" ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мустақилликнинг ўн етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.


11. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                И. Каримов











Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск