Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Тадбиркорлик бирлашмалари, ривожланиш ва кўмак жамғармалари /

Ўзбекистон Республикасининг 24.04.1997 й. 404-I-сон "Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палаталари тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

24.04.1997 й.

N 404-I



ТОВАР ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИЛАР

ВА ТАДБИРКОРЛАР ПАЛАТАЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


1-модда. Товар ишлаб чиқарувчилар

ва тадбиркорлар палатаси тушунчаси

Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси (бундан буён матнда палата деб юритилади) тармоқ хўжалик бирлашмалари таркибига кирмайдиган кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини аъзолик шарт бўлган ҳолда шартнома асосида бирлаштирувчи давлатга қарашли бўлмаган нотижорат ташкилотдир.

"Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси" номидан фақат ушбу Қонуннинг қоидаларига мувофиқ фойдаланиш мумкин. Бошқа ташкилотлар ўз номларида бу сўз бирикмасидан фойдаланишга ҳақли эмас.



2-модда. Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар

палаталари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палаталари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.



3-модда. Палатанинг мақсадлари ва вазифалари

Палата Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантиришга, унинг жаҳон хўжалик тизимига қўшилишига кўмаклашиш, бозор инфраструктурасининг яхлит тизимини шакллантириш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароит яратиш, тадбиркорликнинг барча турларини, Ўзбекистон тадбиркорларининг бошқа мамлакатлар тадбиркорлари билан савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий алоқаларини ривожлантириш мақсадида тузилади.

Палата қуйидаги вазифаларни бажаради:

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, жамоат ва халқаро ташкилотларда, шу жумладан, бошқа мамлакатларда товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларнинг манфаатларини ифодалайди;

кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишда ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмларини рўёбга чиқаришда иштирок этади;

корхоналар ва ташкилотларнинг давлат регистри асосида кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг реестрини юритади;

уч томонлама ҳамкорлик (ёлланма ишчилар иттифоқи, иш берувчилар иттифоқи ва ҳукумат) тизимини вужудга келтиришда, миллий иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни ишлаб чиқиш ва олиб боришда иштирок этади;

тадбиркорлик фаолияти учун кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишини уюштиради;

тадбиркорликнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлайди, тадбиркорликни ривожлантиришга ҳамда товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларнинг фаолият юритиш шароитларини яхшилашга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда белгиланган тартибда иштирок этади;

хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги низоларни ҳал этишга кўмаклашади;

молиявий ёрдамга бўлган эҳтиёжни аниқлашда, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини, аудиторлик текширувларини ташкил этиш ва юритишда палата аъзоларига ёрдам беради;

халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларни, Ўзбекистонда ва бошқа давлатларда фирмаларнинг тақдимотларини уюштиради;

товарлар ва хизматлар экспортини ривожлантиришга кўмаклашади, ташқи бозорда операциялар ўтказишда ва иқтисодий ҳамда илмий-техникавий ҳамкорликнинг янги шаклларини ўзлаштиришда кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ёрдам кўрсатади;

кичик бизнес корхоналарини ривожлантириш учун чет эл инвестицияларини жалб этиш бўйича фаолиятни ташкил этади, инвестиция лойиҳаларининг, шу жумладан, чет эл кредит линиялари орқали жалб этиладиган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши самарадорлиги мониторингини инвестиция циклининг барча босқичларида ўтказади;

корхоналарнинг катталиги, мулк шакли ва қайси тармоққа мансублигидан қатъи назар, барча товар ишлаб чиқарувчиларга улар томонидан бошланғич ҳисобга олиш ва ҳисоботнинг юритилиши, молиявий ресурслардан самарали фойдаланилиши, инвестицияларни жалб этиш имкониятлари, маҳсулотнинг экспорт қилиниши, кадрларнинг касбий ўқуви масалаларида кўмаклашади;

Кичик ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш бўйича республика мувофиқлаштириш кенгашининг қарорларини амалиётга татбиқ этиш ишларини ташкил этади;

"Мадад" суғурта агентлиги, "Ўзтадбиркорбанк" кичик бизнес корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича ўтказадиган тадбирларни мувофиқлаштиради.

Палата қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажаради.



4-модда. Палатанинг давлат органлари

билан ўзаро муносабатлари

Палата ўз вазифаларини бажаришда давлат органлари билан ҳамкорликни ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунлари асосида олиб боради.

Давлат органларининг палата фаолиятига аралашувига йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



5-модда. Палаталар тизими

Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палаталари тизимини туман (шаҳар) палаталари, ҳудудий палаталар ҳамда Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси ташкил этади.

Туман (шаҳар) палатаси, ҳудудий палата Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бўлинишига мос равишда тузилади.



6-модда. Туман (шаҳар) палатаси

Туман (шаҳар) ҳудудида битта туман (шаҳар) палатаси тузилиши мумкин.

Туман (шаҳар) палатаси ушбу тумандаги (шаҳардаги) камида ўн нафар товар ишлаб чиқарувчи ва тадбиркорнинг йиғилишида таъсис этилади.



7-модда. Ҳудудий палата

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудида, тегишли равишда, битта ҳудудий палата тузилиши мумкин.

Ҳудудий палата туман (шаҳар) палаталарини бирлаштиради ва туман (шаҳар) палаталари вакилларининг конференциясида таъсис этилади.



8-модда. Ўзбекистон Товар ишлаб

чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси

Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси ҳудудий палаталарни бирлаштиради.

Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси ҳудудий палаталар вакилларининг қурултойида таъсис этилади.



9-модда. Палатага аъзолик

Палатага аъзолик хўжалик юритувчи субъект ва палата ўртасида шартнома тузиш йўли билан расмийлаштирилади.

Палатага аъзолик якка тартибда ва (ёки) бирлашган (жамоа) тарзда бўлиши мумкин.

Палата аъзоларини ҳисобга олиш хўжалик юритувчи субъект жойлашган манзил бўйича юритилади.

Палатанинг аъзолари кириш ва аъзолик бадалларини палата уставида белгиланадиган тартибда ва миқдорда тўлайдилар.

Юридик шахсга айланмаган ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахслар учун кириш ва аъзолик бадаллари юридик шахслар учун палата уставида белгиланган бадал миқдорининг кўпи билан эллик фоизигача белгиланиши мумкин.



10-модда. Палатанинг устави

Ҳар бир палатанинг ўз устави бўлади.

Туман (шаҳар) палатасининг устави палата аъзоларининг йиғилишида тасдиқланади.

Ҳудудий палатанинг устави туман (шаҳар) палаталари вакилларининг конференциясида тасдиқланади.

Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатасининг устави ҳудудий палаталар вакилларининг қурултойида тасдиқланади.

Уставда қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

палатанинг номи ва манзили;

палатанинг мақсадлари ва вазифалари;

палата аъзолигига қабул қилиш ва ундан чиқиш шартлари, тартиби;

палата аъзоларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

палата раҳбар органларининг ваколати ва уларни ташкил этиш тартиби, уларнинг ваколат муддати, уларнинг қарорларни қабул қилиш тартиби;

палата мол-мулки ва маблағларини шакллантириш манбалари ҳамда бу мол-мулк ва маблағлардан фойдаланиш тартиби;

палата уставига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тартиби;

палата фаолиятини тўхтатиш тартиби.

Палатанинг уставида қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам назарда тутилиши мумкин.

Туман (шаҳар), ҳудудий палатанинг устави товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатасининг типовой устави асосида ишлаб чиқилади.



11-модда. Давлат рўйхатидан ўтказиш

Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатасини давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ҳудудий ва туман (шаҳар) палаталарини рўйхатдан ўтказиш тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Рўйхатдан ўтказиш тартиби ва муддатлари қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилади.

Палата қай тартибда ва қайси муддатда рўйхатдан ўтказилган бўлса, уставга киритиладиган ўзгартишлар ва қўшимчалар ҳам худди шундай тартибда ва муддатда давлат рўйхатидан ўтказилади.



12-модда. Палатанинг бошқарув органлари

Палатанинг бошқарув органлари, уларнинг ваколатлари ҳамда палатанинг тузилиши палатанинг уставида қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилаб қўйилади.



13-модда. Палатанинг ҳуқуқлари

Палата юридик шахсдир.

Палата қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари учун патент олишда, товар белгиларини ва товарлар мансуб бўлган жой номларини рўйхатдан ўтказишда кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикасида ва бошқа давлатларда корхоналар, фирмалар ва ташкилотлар тузиш, ўз ваколатхоналарини очиш, шунингдек чет эл корхоналари ва ташкилотлари билан биргаликда аралаш палаталар тузиш;

товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларнинг манфаатларига дахлдор қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларнинг лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш;

газеталар, журналлар ва бошқа матбаа маҳсулотларини нашр этиш;

товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун фондлар таъсис этиш;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ваколатларни амалга ошириш.



14-модда. Палатанинг мулки

Палата ўзига мулк ҳуқуқи асосида қарашли бўлган мол-мулкка, шу жумладан бинолар, иншоотлар, ускуналарга, акцияларга, бошқа қимматли қоғозларга, пулга ва бошқа мол-мулкка, шунингдек интеллектуал мулк объектларига эга бўлади.

Палата томонидан ташкил қилинадиган корхоналар, фирмалар ва ташкилотлар ўзларидаги мавжуд мол-мулкка таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда эгалик қиладилар, улардан фойдаланадилар ва уларни тасарруф этадилар.

Палата маблағларининг манбаи қуйидагилардан иборат: аъзолик ва кириш бадаллари; ўз фаолиятидан келадиган даромадлар; корхоналарнинг ажратмалари; бошқа тушумлар.

Палатанинг маблағлари давлат томонидан олиб қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Палатага аъзолик тўхтатилган тақдирда бадаллар қайтарилмайди.



15-модда. Палатанинг жавобгарлиги

Палата ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига тегишли барча мол-мулки билан жавобгар бўлади. Палата ўз аъзоларининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди. Палата аъзолари палатанинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайдилар.



16-модда. Палатанинг халқаро алоқалари

Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда халқаро алоқалар ўрнатади, битимлар тузади.

Туман (шаҳар), ҳудудий палаталарнинг халқаро алоқаларини Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси мувофиқлаштириб боради.



17-модда. Халқаро шартномалар

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палаталари тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар назарда тутилган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                  И. Каримов

















Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск