ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Йўловчилар ва юкларни ташиш. Транспорт экспедицияси /

Ўзбекистон Республикасининг 25.04.1997 й. 419-I-сон "Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.04.1997 й.

N 419-I



ШАҲАР ЙЎЛОВЧИЛАР

ТРАНСПОРТИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида шаҳар йўловчилар транспорти фаолиятининг ҳуқуқий асосларини шакллантиришдан иборатдир.



2-модда. Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисидаги

қонунчилик ва Қонуннинг амал қилиш соҳаси

Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Ушбу Қонун Тошкент шаҳрида, вилоят ва туман бўйсунувидаги шаҳарларда, шунингдек шаҳарчаларда шаҳар йўловчилар транспорти субъектларига нисбатан татбиқ этилади.

Қорақалпоғистон Республикасида шаҳар йўловчилар транспорти соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонунчилиги билан ҳам тартибга солинади.



3-модда. Шаҳар йўловчилар транспорти тушунчаси

Шаҳар йўловчилар транспорти деганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатга олинган, шаҳар доирасида йўловчилар ҳамда багаж ташишга мўлжалланган автомобиль ва электр транспорти тушунилади.



4-модда. Шаҳар йўловчилар транспортининг мулк шакллари

Шаҳар йўловчилар транспорти оммавий ёки хусусий мулк асосида ишлаши мумкин.


5-модда. Шаҳар йўловчилар транспортининг турлари

Шаҳар йўловчилар транспорти жумласига автобуслар, трамвайлар, троллейбуслар, метрополитен, йўналишли ва йўналишсиз таксилар киради.

Автобуслар, трамвайлар, троллейбуслар, метрополитен ва йўналишли таксилар белгиланган йўналишлар бўйича, ҳаракат жадвалига мувофиқ, белгиланган тарифдаги ҳақ эвазига йўловчилар ташийди.

Йўналишсиз таксилар йўловчиларнинг талаблари асосида таксометр (ҳисоблагич) кўрсатиши бўйича ҳақ эвазига ташиш хизматлари кўрсатади.


6-модда. Идораларга қарашли йўловчилар транспорти

Идораларга қарашли йўловчилар транспорти жумласига корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ўз ходимларини муайян йўналиш ва ҳаракат жадвали бўйича мазкур корхона, муассаса ёки ташкилот томонидан белгиланган тартибда ёхуд ташиш шартномаси бўйича ташиш хизматлари кўрсатувчи автобуслари ва микроавтобуслари киради.

Идораларга қарашли йўловчилар транспортидан шаҳар йўловчилар транспортини бошқариш органи билан тузилган ташиш шартномаси бўйича йўловчилар ташиш учун фойдаланилиши мумкин. Бу ҳолда шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисидаги қонунчиликнинг қоидалари идораларга қарашли йўловчилар транспортига нисбатан татбиқ этилади.


7-модда. Йўловчи ташиш шартномаси

Шаҳар йўловчилар транспортида йўловчилар ташиш иши ташиш шартномаси асосида амалга оширилади.

Йўловчи ташиш шартномаси оммавий шартнома ҳисобланади.

Қуйидагилар ташиш шартномасининг тарафларидир:

- ташувчи - мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда транспорт воситасига эга бўлган, шаҳарда тижорат асосида йўловчилар ташиш хизмати кўрсатадиган ва бунга махсус рухсатномаси (лицензияси) бўлган юридик шахс;

- йўловчи - ташувчининг хизматидан фойдаланувчи жисмоний шахс.

Ташиш шартномаси бўйича ташувчи йўловчини ва унинг багажини белгиланган манзилга элтиб қўйиши шарт. Йўловчи белгиланган йўл ҳақини, багажи бўлса, багаж ташиш ҳақини ҳам тўлаши шарт.


8-модда. Ташувчининг асосий вазифалари

Қуйидагилар ташувчининг асосий вазифаларидир:

- фуқароларнинг ташишга бўлган эҳтиёжларини қондириш;

- шаҳар йўловчилар транспортининг бир маромда ишлашини ташкил этиш;

- йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш;

- йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини, транспорт воситалари ҳаракатининг хавфсизлигини, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талаблари бажарилишини таъминлаш.



9-модда. Шаҳар йўловчилар транспорти фаолиятини

давлат томонидан тартибга солиш

Давлат шаҳар йўловчилар транспорти фаолиятини лицензиялаш, солиқ солиш, кредитлаш, молиялаш ва нарх белгилаш, инвестиция, ягона илмий-техника сиёсатини амалга ошириш, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа воситалар билан тартибга солади.



10-модда. Шаҳар йўловчилар транспортини

давлат томонидан бошқариш

Шаҳар йўловчилар транспортининг давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси махсус ваколат берган шаҳар йўловчилар транспортини бошқариш органи томонидан амалга оширилади.


11-модда. Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шаҳар йўловчилар транспорти фаолиятини тартибга солиш ва бошқариш соҳасидаги ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:

- ривожлантириш ва илмий-техника тадқиқотлари ўтказиш масалаларида давлат сиёсатини амалга ошириш;

- лицензиялаш тартибини белгилаш;

- кредитлаш, молиялаш ва инвестициялар соҳасида устун йўналишларни аниқлаш;

- метрополитен ва бошқа муҳим объектлар қурилишини молиялаш масалаларини ҳал этиш;

- давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни изчил рўёбга чиқариш;

- халқаро шартномалар бажарилишини таъминлаш ва давлатлараро алоқаларни ривожлантириш;

- қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.


12-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти

органларининг ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шаҳар йўловчилар транспорти фаолиятини тартибга солиш ва бошқариш соҳасидаги ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:

- ривожланишнинг асосий йўналишларини белгилаш ва комплекс минтақавий дастурларни тасдиқлаш;

- аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳақида шаҳар йўловчилар транспортини бошқариш органи билан шартнома тузиш ва транспорт ҳаракатини ташкил этиш режасини тасдиқлаш;

- йўл қўйиладиган доирадаги тарифларни белгилаш ва уларга риоя этилиши устидан назоратни уюштириш;

- бекатлар, тўхтаб ўтиш ва диспетчерлик манзилларини, бошқа объектларни жойлаштириш, қуриш ва ободонлаштириш масалаларини ҳал этиш;

- йўловчилар ташиш ишининг сифати устидан назорат қилиш;

- қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.


13-модда. Шаҳар йўловчилар транспортини

бошқариш органининг ваколатлари

Шаҳар йўловчилар транспортини бошқариш органининг ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:

- ташувчилар билан шартномалар тузиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

- барча турдаги шаҳар йўловчилар транспортининг бир маромда ишлашини таъминлаш;

- ягона техника сиёсати юритиш;

- барча турдаги шаҳар йўловчилар транспортини ривожлантириш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, уларга кўрсатиладиган хизматларнинг ҳажмлари ва турларини кенгайтириш юзасидан комплекс тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни рўёбга чиқариш;

- йўловчиларга хизматлар кўрсатиш тартиби ва қоидаларини белгиловчи норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш;

- автобуслар, трамвайлар, троллейбуслар, шунингдек йўналишли таксиларда йўловчилар ташиш йўналишлари ва ҳаракат жадвалларини тасдиқлаш;

- йўловчиларнинг ҳуқуқлари таъминланишини назорат қилиш;

- шаҳар йўловчилар транспорти субъектлари учун ягона чипта тизимини жорий этиш, йўл чипталари, варақалари, шунингдек айрим тоифадаги фуқароларга транспортда имтиёзли юриш ҳуқуқини берадиган ҳужжатлар тайёрлаш;

- қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.


14-модда. Шаҳар йўловчилар транспорти

фаолиятини лицензиялаш

Ташувчи шаҳарда йўловчилар ташишни махсус рухсатнома (лицензия) асосида амалга оширади.

Шаҳарда йўловчилар ташиш учун лицензия бериш ва уни қайтариб олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


15-модда. Шаҳар йўловчилар транспорти фаолиятини молиялаш

Шаҳар йўловчилар транспорти фаолиятини молиялаш ташувчиларнинг даромадлари, ўз инвестициялари ва чет эл инвестициялари, бюджет маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Шаҳарда йўловчилар ташиш соҳасидаги илмий-тадқиқот ишлари, метрополитен қурилиши, қоида тариқасида, давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

Бекатларни, тўхтаб ўтиш ва диспетчерлик манзилларини лойиҳалаш, қуриш, ободонлаштириш ва саранжом сақлаш, шунингдек янги трамвай ва троллейбус йўллари қуриш маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга оширилади.

Шаҳар йўловчилар транспорти ташувчиларининг йўл қўйиладиган доирадаги тарифлар бўйича йўловчилар ва багаж ташиш хизматлари кўрсатиш муносабати билан кўрган зарари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланади.

Айрим тоифадаги фуқароларни транспортда имтиёзли ташиш давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.


16-модда. Шаҳар йўловчилар транспортида йўл ҳақи тўлаш

Шаҳар йўловчилар транспортида йўловчилар ва багаж ташиш ҳақини тўлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органлари томонидан йўл қўйиладиган доирада белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади.

Шаҳар йўловчилар транспортида йўловчилар ва багаж ташишнинг йўл қўйиладиган доирадаги тарифлари даражаси иқтисодий асосланган ташиш харажатларидан ва йўловчилар ташиш хизматларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб белгиланади.

Йўналишсиз таксиларда багаж ташиш ҳақи олинмайди.


18-модда. Шаҳар йўловчилар транспорти воситаларини

бошқариш ҳуқуқи

Шаҳар йўловчилар транспорти воситаларини бошқариш ҳуқуқи тегишли малакага эга бўлган ва тиббий текширувдан ўтган шахсга берилади.

Йўловчилар транспортини бошқаришга доир малака талаблари ва тиббий текширувдан ўтиш тартиби қонунчиликда белгиланади.


19-модда. Йўналишларни ташкил этиш.

Бекатлар, тўхтаб ўтиш ва диспетчерлик манзиллари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва шаҳар йўловчилар транспортини бошқариш органлари, аҳолининг эҳтиёжларига қараб йўналиш тармоқларини ҳамда шаҳар йўловчилар транспортининг ҳар хил турларини улардан самарали фойдаланишни назарда тутган ҳолда ривожлантиришни таъминлайдилар.

Йўналишларни ташкил этиш, шу жумладан, янги йўналишлар очиш ва ишлаб турганларини ўзгартириш, бекатларни, тўхтаб ўтиш ва диспетчерлик манзилларини жойлаштириш ерини аниқлаш шаҳар йўловчилар транспортини бошқариш органи томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда амалга оширилади.

Йўловчиларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва болали йўловчиларнинг транспорт воситасига чиқиши ва ундан тушишининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бекатлар ва тўхтаб ўтиш манзиллари ҳудудида жиҳозланган супачалар бўлиши лозим.

Бекатлар ва тўхтаб ўтиш манзилларида аҳолига хизматлар кўрсатиш объектлари жойлаштирилиши мумкин. Бунда йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги ҳамда транспорт ҳаракати хавфсизлиги таъминланиши керак.

Бекатлар, тўхтаб ўтиш ва диспетчерлик манзиллари мазкур турдаги иншоотларга қўйиладиган санитария ва техника талабларига мос, замонавий кўринишга эга бўлиши лозим.


20-модда. Шаҳар йўловчилар транспортининг ҳаракат жадвали

Шаҳар йўловчилар транспортининг ҳаракати ташувчи томонидан шаҳар йўловчилар транспортини бошқариш органи тасдиқлаган ҳаракат жадвалига мувофиқ ташкил қилинади.

Барча бекатларда, охирги ва тўхтаб ўтиш манзилларида йўналишнинг номи, тартиб рақами ва ҳаракатнинг оралиқ вақти тўғрисидаги маълумот лавҳаси жойлаштирилади.

Метрополитен бекатларида поездлар ҳаракатининг оралиқ вақти махсус қоидаларга биноан белгиланади.


21-модда. Шаҳар йўловчилар транспорти воситаларига

қўйиладиган талаблар

Шаҳар йўловчилар транспорти воситалари хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш, экология талабларига, шунингдек стандартлар ва техникавий шартларга, тиббий-санитария ва ёнғинга қарши нормаларга мувофиқлик сертификатига эга бўлиши лозим. Транспорт воситалари қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак.

Сертификатлашдан ўтмаган ва белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган транспорт воситалари фойдаланишга қўйилмайди.

Йўловчилар транспортини сертификатлаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Шаҳар йўловчилар транспортининг салонида ҳаракат йўналиши, йўловчи ва багаж ташиш ҳақи тўғрисидаги маълумот, шунингдек бошқа зарур ахборот бўлиши лозим.

Ташувчи шаҳар йўловчилар транспортида ногиронлиги бўлган шахслар ва болали йўловчилар учун зарур қулайликларни яратади.

Йўналишсиз таксиларда йўл ҳақини аниқлаш учун ҳисоблагич (таксометр), махсус таниб олиш белгилари ва бошқа енгил автомобиллардан фарқланувчи рақам белгилари бўлиши лозим.

Йўналишсиз таксилар учун умумий белгилар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


22-модда. Шаҳар йўловчилар транспортида реклама

Ташувчилар юридик ва жисмоний шахсларнинг рекламасини транспорт воситаларида қонунчиликда белгиланган тартибда жойлаштирадилар.


23-модда. Шаҳар йўловчилар транспорти

ташувчисининг мажбуриятлари

Ташувчи:

- шаҳарда йўловчиларни ташиш ишларини бажариш учун лицензияга эга бўлиши;

- йўловчиларни ташиш юзасидан белгиланган қоидаларга риоя этиши;

- йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаши;

- меҳнатни муҳофаза қилиш, ёнғиндан сақлаш хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ва экология талабларини бажариши;

- ҳаракат хавфсизлигини, шаҳар йўловчилар транспортидан техник фойдаланиш ва уни ишлатиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаши;

- фуқароларнинг айрим тоифаларини имтиёзли ташиши;

- қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларни бажариши шарт.

Ташувчиларнинг белгиланган йўналишдан ўзбошимчалик билан четга чиқиши, ҳаракат жадвалини бузиши ҳамда йўловчиларга қонунчиликда назарда тутилмаган бирон-бир талабни қўйиши ман этилади.


24-модда. Йўловчиларнинг ҳуқуқлари

Йўловчилар:

- шаҳар йўловчилар транспортининг ҳар қандай туридан фойдаланиш;

- бекатлар ва тўхтаб ўтиш манзилларидан фойдаланиш;

- ўзлари билан биргаликда етти ёшгача бўлган болаларини бепул олиб юриш;

- ўлчамлари белгиланган катталикдан ошмайдиган, вазни йигирма килограммгача бўлган қўл юкини бепул олиб юриш;

- белгиланган тарифлар бўйича ҳақ тўлаб багаж олиб юриш;

- ҳаёти ва соғлиғини шахсий суғурта қилиш ҳақида ихтиёрий равишда шартнома тузиш;

- бекатлар ва охирги диспетчерлик манзиллари диспетчерларидан шаҳар йўловчилар транспортининг иши тўғрисида ахборот олиш;

- қонунчиликда берилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадир.


25-модда. Йўловчиларнинг мажбуриятлари

Йўловчилар:

- йўловчиларни ташиш юзасидан белгиланган қоидаларга риоя этишлари;

- йўл ҳақи ва багаж ташиш ҳақини ўз вақтида тўлашлари, чиптани манзилга етгунга қадар сақлашлари ва уни назорат қилувчи шахсларнинг талабига биноан кўрсатишлари;

- транспортда имтиёзли юриш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатишлари;

- шаҳар йўловчилар транспортидан фойдаланганда тозалик ва тартибга риоя этишлари, ташувчиларнинг асбоб-ускуналари ва мол-мулкини эҳтиёт қилишлари;

- қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларни бажаришлари шарт.

Йўловчиларнинг тез ёнувчан, портловчи, заҳарли, радиоактив моддалар ва ашёларни, шунингдек қуролни ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юриши тақиқланади.


26-модда. Шаҳар йўловчилар транспортида имтиёзли юриш

Айрим тоифадаги фуқароларга қонунчилик билан шаҳар йўловчилар транспортида имтиёзли юриш ҳуқуқи белгиланади.

Транспортда имтиёзли юриш ҳуқуқидан фойдаланадиган шахсларнинг қўл юки ва багаж олиб юриши умумий асосларда амалга оширилади.

Транспортда имтиёзли юриш ҳуқуқини берадиган ҳужжатлар бўйича кетаётган йўловчилар учун шаҳар йўловчилар транспортида амал қилаётган ташиш қоидалари мажбурийдир.



27-модда. Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисидаги қонунчиликни бузган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Чипталарни, йўл варақаларини ва шаҳар йўловчилар транспортида имтиёзли юриш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларни қалбакилаштирганлик учун жавобгарлик қонунда белгилаб қўйилади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 1997 йил, N 4-5, 124-модда
































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск