язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Хорижий инвестициялар. Хориждан маблағ жалб қилиш/ Ўзбекистон Республикасининг 29.08.1996 й. 263-I-сон "Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.08.1996 й.

N 263-I



ХОРИЖДАН МАБЛАҒ ЖАЛБ

ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


"хориждан маблағ жалб қилиш" - Ўзбекистон Республикаси ёки унинг резиденти томонидан хорижий давлатлар ёки норезидентлар активларининг (кредитлар, заёмлар ва бошқаларнинг) мазкур хорижий давлатга ёки норезидентга ёхуд уларнинг талабига кўра учинчи шахсга шартлашилган даврда адекват активларни, шу жумладан, активлардан фойдаланганлик учун тўловларни тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига олган ҳолда жалб этилиши;


"давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши" - активларни чет эл манбаларидан (хорижий давлатлар, уларнинг юридик шахсларидан ва халқаро ташкилотлардан) жалб этиш ҳамда бунинг натижасида Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи сифатидаги ёки қарз олувчи резидентларнинг ўз кредитлари (заёмлари)ни тўлашига кафил сифатидаги мажбуриятлари юзага келиши;

"резидентнинг ташқи қарзи" - унинг хориждан маблағ жалб қилиши натижасида юзага келган мажбуриятлари йиғиндиси;


"давлат ташқи қарзи" - давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши натижасида юзага келган Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари йиғиндиси;


"умумий ташқи қарз" - резидентларнинг давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарзлари ҳамда давлат ташқи қарзи суммаси;


"қарз олувчи" - хориждан маблағ жалб қилган ёхуд хориждан маблағ жалб қилиш ниятини ҳужжат билан тасдиқлаган Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўрувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки резидент;

"кредит берувчи" - хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисидаги шартнома бўйича активлар берган ёки активлар бериш ниятида бўлган хорижий давлат ёки норезидент (хорижий давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари). Агар норезидентлар бир нечта бўлса, у ҳолда кредиторлар гуруҳидаги ваколатли бошқарувчи вазифасини бажарувчи норезидент кредит берувчи ҳисобланиши мумкин.



2-модда. Хориждан маблағ жалб қилиш

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Хориждан маблағ жалб қилиш билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида Ўзбекистон Республикасининг хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида баён этилганидан кўра бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартномалар қоидалари қўлланади.



3-модда. Хориждан маблағ жалб қилиш


Хориждан маблағ қуйидаги йўллар билан жалб қилинади:

давлат ёки Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлмиш юридик ва жисмоний шахслар томонидан заёмлар, товарлар ёки хизматларни импорт қилиш шаклида кредитлар жалб этилиши;

норезидентлар маблағларининг Ўзбекистон Республикаси молия институтлари томонидан депозитларга жалб этилиши;

лизинг операциялари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва резидентларнинг облигациялар, векселлар ҳамда бошқа хил қимматли қоғозлар чиқариб, чет эл бозорларида жойлаштириши;

бошқа тур ва шакллардан фойдаланиш.


4-модда. Хориждан маблағ жалб

қилиш тўғрисидаги шартнома


Давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси номидан шартномалар тузиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки улар томонидан ваколат берилган орган эгадир.

Давлат ташқи қарзининг энг юқори миқдори ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари қабул қилинаётганда белгиланади.

Давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши тўғрисидаги шартномаларни тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



5-модда. Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари

Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати (бундан буён матнда давлат кафолати деб юритилади) қарз олувчи-резидент ўзидан ундириладиган суммани қарз (кредит) бериш келишувларида белгиланган муддатда тўламаган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг қарз берувчи олдидаги қарзни тўлиқ ёки қисман тўлаш мажбуриятидир.

Давлат кафолатлари қарз берувчиларга қарз олувчи-резидентлар ўзлари олган кредитлар (қарзлар) бўйича мажбуриятларни бажаришининг таъминоти сифатида берилади. Жисмоний шахсларнинг мажбуриятлари бўйича давлат кафолатлари берилмайди.

Кредитлар (қарзлар) бўйича давлат кафолатлари қарз олувчи билан тузилган шартнома шартлари асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра берилади.

Кафил олдидаги шартнома мажбуриятлари қарз олувчи томонидан бажарилмаган тақдирда, у кафил билан келишмай туриб фойдани тақсимлашга ҳамда бошқа қарзлар бўйича тўловларни амалга оширишга ҳақли эмас.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги давлат кафолатларини расмийлаштириш бўйича ваколатли органдир.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги берилган давлат кафолатлари билан шарт қилиб қўйилган тўловларни амалга оширгач, амалга оширилган тўловлар ва улар билан боғлиқ харажатлар суммасини қарз олувчи-резидентдан сўзсиз ундириб олиш ҳуқуқига эга.

Давлат кафолатларини расмийлаштириш, бериш, рўйхатдан ўтказиш ва улар бўйича мажбуриятларни бажариш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Агар резидентларнинг қарз мажбуриятлари кафолатланмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси улар юзасидан жавобгар бўлмайди.


7-модда. Қарз олувчининг мажбуриятлари


Қарз олувчи қуйидагиларни бажариши:

ўзи тузган шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариши;

хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида тузилган шартномалар ҳамда улар юзасидан операциялар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига, кафолатланган қарзлар бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳам ҳисоботлар тақдим этиши;

ҳар бир алоҳида ташқи қарз бўйича қарзнинг тўлиқ тўланганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига хабар бериши шарт.



8-модда. Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлигининг ваколатлари


Хориждан маблағ жалб қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ваколатларига қуйидагилар киради:

хориждан маблағ жалб қилиш масалалари юзасидан халқаро молия ташкилотлари билан музокаралар олиб бориш;

давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши бўйича лойиҳаларни баҳолаш;

давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши бўйича шартномаларни ва давлат кафолатларини рўйхатдан ўтказиш;

давлат ташқи қарзини ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш;

давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш, давлат кафолатларини бажариш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси

Марказий банкининг ваколатлари


Хориждан маблағ жалб қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ваколатларига қуйидагилар киради:

хориждан маблағ жалб қилиш масалалари бўйича халқаро молия ташкилотлари билан музокаралар олиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси томонидан кафолатланмаган хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисидаги шартномаларни рўйхатга олиш;

хориждан маблағ жалб қилишга доир операцияларни ҳисобга олиш ва кузатиб бориш;

умумий ташқи қарзнинг ҳисобини юритиш;

давлат ташқи қарзларига ҳисоб-китоб-банк хизмати кўрсатилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси томонидан кафолатланган хориждан жалб қилинган маблағларга ҳисоб-китоб-банк хизматлари кўрсатиш юзасидан ваколатли банкларга агентлик ваколатларини бериш;

хориждан маблағ жалб қилиш бўйича маълумотлар базасини яратиш;

Вазирлар Маҳкамасига резидентларнинг ташқи қарзи бўйича ахборотлар тақдим этиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар.



9-1-модда. Ўзбекистон Республикаси

Ҳисоб палатасининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиш соҳасидаги ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:

давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиш ҳажмларини ва унинг мақсадга мувофиқлигини баҳолаш, давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиш бўйича олинадиган маблағлардан самарали ҳамда оқилона фойдаланилиши, шунингдек давлат ташқи қарзларига ўз вақтида хизмат кўрсатилиши устидан назорат қилиш;

давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг мақсадга мувофиқлиги ва асосланганлигини баҳолаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар.



10-модда. Халқаро молия ташкилотларига

ахборот тақдим этиш


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки халқаро молия ташкилотларига Ўзбекистон Республикасининг тузилган шартномаларга мувофиқ хориждан маблағ жалб қилиши тўғрисида ахборот тақдим этади.



11-модда. Хориждан маблағларни жалб қилиш билан

боғлиқ масалалар юзасидан баҳсларни ҳал этиш


Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисидаги шартномалар билан боғлиқ масалалар юзасидан қарз берувчи билан қарз олувчи ўртасида чиққан баҳслар, агар халқаро шартномаларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, суд тартибида ёки тарафларнинг келишувига кўра - холислар текшируви тартибида ҳал этилади.



12-модда. Қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жавобгарлик


Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                И. Каримов