Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Хорижий инвестициялар. Хориждан маблағ жалб қилиш /

Ўзбекистон Республикасининг 30.08.1995 й. 110-I-сон "Концессиялар тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.08.1995 й.

N 110-I



КОНЦЕССИЯЛАР ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Концессия тушунчаси

Концессия чет эллик инвесторга хўжалик фаолиятининг муайян тури билан шуғулланиш учун давлат номидан бериладиган рухсатнома бўлиб, бу фаолиятни амалга ошириш учун давлат чет эллик инвесторга концессия шартномаси тузиш асосида мол-мулк, ер ва ер ости участкаларини топширади.



2-модда. Концессиячилик фаолиятини

қонунлар билан тартибга солиш

Концессиячилик фаолиятида вужудга келадиган ҳуқуқий муносабатлар ушбу Қонун билан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунлари билан тартибга солинади.

Қорақалпоғистон Республикасида концессиячилик фаолияти жараёнида вужудга келадиган ҳуқуқий муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.



3-модда. Концессиячилик фаолиятининг асоси

Ўзбекистон Республикасида концессиячилик фаолияти қуйидагилар асосида амалга оширилади:

ўзаро фойдалилик;

концессиячиларни танлов, аукцион асосида ажратиб олиш;

концессиячининг Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб бораётган хўжалик фаолиятига аралашмаслик;

меҳнатни муҳофаза қилиш, табиатдан фойдаланиш ва атроф-муҳитни ҳимоялаш, экология ва санитария-гигиена хавфсизлиги соҳаларида Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган қонун ҳужжатларига риоя этиш;

агар Ўзбекистон Республикаси иштирок этган халқаро шартномалар ёки битимларда ўзгача шартлар назарда тутилган бўлмаса, Ўзбекистон Республикасида амал қилиб турган стандартлар ва норматив ҳужжатларга мос келадиган маҳсулот ишлаб чиқарилишини таъминлаш.



4-модда. Концессия объектлари

Чет эллик инвесторга мол-мулкни, ер ва ер ости участкаларини бериб қўйиш билан боғлиқ бўлган хўжалик фаолиятининг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тақиқлаб қўйилмаган айрим турлари концессия объектлари бўлади.



5-модда. Концессиявий ҳуқуқ

муносабатларининг субъектлари

Қуйидагилар концессиявий ҳуқуқ муносабатларининг субъектларидир:

концессия органлари - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вакил қилган давлат бошқаруви органи, шунингдек жойлардаги давлат ҳокимияти органлари;

концессиячи - концессия шартномаси тузилган чет эллик инвестор.



6-модда. Концессиячилик фаолиятида

мулкчилик муносабатлари

Давлат концессиячига концессиячилик фаолияти билан боғлиқ мол-мулкка, ер ва ер ости участкаларига эгалик қилиш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқини бериб, уларни тасарруф этишдан иборат алоҳида ҳуқуқни ўзида сақлаб қолади.

Концессиячининг концессиячилик фаолияти натижасида олган маҳсулоти ва даромадлари концессия шартномасида белгилаб қўйилган ҳажмда унинг мулкидир.

Ўзбекистон Республикаси концессиячидан маҳсулот олишда устун ҳуқуққа эга.



II. ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИ

ОРГАНЛАРИНИНГ КОНЦЕССИЯ МУНОСАБАТЛАРИНИ

ТАРТИБГА СОЛИШДАГИ ВАКОЛАТЛАРИ

7-модда. Концессия муносабатлари соҳасида давлат бошқаруви

Концессия муносабатлари соҳасидаги давлат бошқарувини Вазирлар Маҳкамаси, тегишли ваколат олган давлат бошқаруви органи, шунингдек жойлардаги давлат ҳокимияти органлари амалга оширади.



8-модда. Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари

Концессия муносабатлари соҳасида қуйидагилар Вазирлар Маҳкамаси ихтиёрида бўлади:

концессиячилик фаолиятининг устун йўналишлари дастурларини ишлаб чиқиш;

концессия бериш учун танловлар ҳамда аукционлар ўтказиш тартиби ва шартларини белгилаш;

концессия лойиҳалари ва дастурларини давлат экспертизасидан ўтказиш тартибини белгилаш;

концессия шартномаларини рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилаш;

концессияга берилмайдиган ёки концессияга бериш чекланадиган объектлар рўйхатини белгилаш;

концессия шартномаларининг шартларига риоя қилиниши устидан назоратни ташкил этиш;

концессия муносабатлари соҳасидаги бошқа масалаларни қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилиш.



9-модда. Ваколат олган давлат бошқаруви органининг ҳуқуқлари

Концессия муносабатлари соҳасида қуйидагилар ваколат олган давлат бошқаруви органининг ихтиёрида бўлади;

танловлар ва аукционлар ташкил этиш ҳамда уларни ўтказиш;

ўзига берилган ваколатлар доирасида концессия шартномаларини тузиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал қилиш.



10-модда. Жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари

Концессия муносабатлари соҳасида қуйидагилар жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ихтиёрида бўлади:

концессия шартномалари тузилиши мумкин бўлган ўз ихтиёрларидаги объектларни аниқлаш;

ўз ихтиёрларидаги объектлар бўйича танловлар ва аукционлар ташкил этиш ҳамда уларни ўтказиш;

ўзларига берилган ваколатлар доирасида концессия шартномалари тузиш, шунингдек ўзларига қарашли ҳудудлардаги объектлар бўйича бошқа концессия шартномаларининг шартларини келишиш;

концессия муносабатлари соҳасидаги бошқа масалаларни қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилиш.



III. КОНЦЕССИЯЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ

11-модда. Концессия хусусида таклифлар тайёрлаш

Концессия хусусидаги таклифлар концессия органлари томонидан концессияларнинг Ўзбекистон Республикаси учун муҳимлигига ҳамда иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигига қараб тайёрланади ва фаолият турини аниқлашни ҳамда бериладиган мол-мулкнинг рўйхатини ўз ичига олади.



12-модда. Концессияларни бериш тартиби

Концессиялар танлов, аукционлар асосида берилади. Истисно тарзида, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, концессиялар концессия органи билан потенциал инвестор ўртасида бевосита музокаралар олиб бориш асосида берилади.

Концессиялар беришнинг танлов ёки аукцион усулини концессия органи танлайди.



13-модда. Танлов, аукционлар ташкил этиш ва

концессия шартномалари тузиш

Концессия бўйича танлов, аукцион ўтказилиши ҳақидаги хабар уч ой олдин, алоҳида ҳолларда эса беш ой олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниб, уларни ўтказиш вақти ва жойи, шунингдек буюртманомалар бериш муддати кўрсатилади.

Танловда, аукционда қатнашиш учун буюртманомалар потенциал концессиячилар томонидан концессия органига юборилади.

Концессия шартномаси чет эллик инвестор билан тегишли концессия органи ўртасида тузилади ва рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб кучга киради.



14-модда. Танловда, аукционда қатнашиш ҳақидаги

буюртманомани қабул қилишни рад этиш

Танловда ва (ёки) аукционда қатнашиш ҳақидаги буюртманомани қабул қилиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

концессия бериш ҳақидаги буюртманомани белгиланган талабларни бузган ҳолда тақдим этиш;

буюртмачи ўзининг молиявий ва техник имкониятлари тўғрисида нотўғри маълумотлар тақдим этиши.



15-модда. Концессия шартномаларининг мазмуни

Концессия шартномаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

шартнома нимага тегишлилиги, берилаётган мол-мулкнинг таркиби ва қиймати;

ер ва ер ости участкаларининг макон чегаралари;

концессия шартномасининг амал қилиш ва ишларнинг бошланиш муддатлари;

томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

белгиланган солиқлар ва бошқа тўловларнинг миқдори, уларни тўлаш тартиби, муддатлари;

ҳар йилги инвестицияларнинг қатъий  белгилаб  қўйилган миқдори ҳамда уларни солиш муддатлари, шунингдек ишлаб чиқилган бизнес-режага мувофиқ чиқариладиган маҳсулот ҳажми;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ишларни бехатар олиб бориш талаблари;

концессиячилик фаолияти жараёнида олинадиган ахборот борасида томонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари;

ходимлар ёллаш, ўқитиш ва иш ўргатиш ҳамда уларни суғурталашнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид келмайдиган шартлари;

мол-мулк, ер ва ер ости участкаларини босқичма-босқич қайтариб бериш тартиби ва шартлари;

фавқулодда ва олдини олиб бўлмайдиган ҳодисаларнинг юридик, иқтисодий ҳамда ташкилий оқибатлари;

низоларни ҳал қилиш тартиби, шартнома шартларини бузганлик учун томонларнинг жавобгарлиги;

томонларнинг молиявий кафолатлари, юридик манзиллари ҳамда банк реквизитлари;

концессия шартномасини ўзгартириш ва тўхтатиш шартлари.

Концессия шартномасига амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.



16-модда. Концессиячининг тўловлари

Концессиячи қуйидагиларни тўлайди:

концессия шартномасини рўйхатдан ўтказганлик учун ҳақ;

концессия учун концессия шартномасида белгиланган тартибда ҳақ;

Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган солиқлар ва бошқа тўловлар.



17-модда. Концессия шартномасининг

амал қилиш муддати

Концессия шартномаси ўн беш йилгача муддатга тузилади. Зарур ҳолларда, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ шартнома узайтирилиши мумкин.



18-модда. Концессия шартномаларини

ўзгартириш ва бекор қилиш

Концессия шартномаси шартларини ўзгартиришга шартномада белгиланган тартибда ёки томонларнинг келишувига мувофиқ йўл қўйилади.

Концессия шартномаси томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ ёки томонлардан бири шартнома шартларини бузган тақдирда суд қарорига мувофиқ, шунингдек концессиячи шартнома тузиш чоғида тақдим этган маълумотлар нотўғри эканлиги маълум бўлиб қолган тақдирда концессия органи томонидан бекор қилиниши мумкин.

Концессия шартномаси Давлат реестридан чиқариб ташланган пайтдан бошлаб тўхтатилади.



19-модда. Концессия шартномалари

бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятларнинг

учинчи шахсларга ўтиши

Концессия шартномаси томонларидан бири қайта ташкил этилган тақдирда унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ёки шартнома шартларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, унинг ҳуқуқий ворисларига ўтади.

Концессиячининг ҳуқуқларини, концессия шартномаси объектининг ҳаммасини ёки бир қисмини учинчи шахсларга бериш концессия органининг розилиги билан амалга оширилади.



20-модда. Суғурта

Концессиячи концессия шартномалари билан боғлиқ таваккалчиликни, концессиячилик фаолиятини ва ўз ходимларини мустақил суғурта қилади.



IV. КОНЦЕССИЯЧИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

21-модда. Концессиячининг ҳуқуқлари

Концессиячи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ажратилган ер участкасидан, сув ресурсларидан, энергия манбаларидан, муҳандислик коммуникацияларидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланиш, фойдаланилаётган ҳудудда бинолар, иншоотлар, шохобча йўллар, шосселар, телеграф ва телефон алоқа линиялари қуриш;

мол-мулк таркибига унинг қийматини оширадиган ўзгартишларни мустақил киритиш, уни қайта қуриш, кенгайтириш, техника билан қайта қуроллантириш;

ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари ва ходимларнинг шахсий эҳтиёжлари учун мол-мулк ва зарур материаллар олиб кириш;

ўз мол-мулкини ва ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни олиб чиқиб кетиш;

Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг, мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш.

Концессиячи Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.



22-модда. Концессиячининг мажбуриятлари

Концессиячи қуйидагиларни бажариши шарт:

концессия шартномаси шартларига риоя қилиш;

хўжалик фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва концессия шартномасига қатъий риоя этган ҳолда амалга ошириш;

концессия шартномасининг амал қилиши тамом бўлганидан ёки у бекор қилинганидан кейин икки ойлик муддатда шартномага мувофиқ ўзига бериб қўйилган мол-мулкни ва объектларни концессия органига қайтариб топшириш, шунингдек ўз мол-мулкини тасарруф этиш;

ҳисоб ва ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган тартибда юритиш;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа мажбуриятларни бажариш.



23-модда. Концессиячи оладиган фойда

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлаб бўлинганидан кейин концессиячида қоладиган фойда батамом унинг тасарруфига ўтади.


V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

24-модда. Низоларни қараб чиқиш тартиби

Концессиячи билан концессия органи ўртасидаги низолар, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва битимларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий судларида кўриб чиқилмоғи керак.

Концессиячиларнинг ўз фаолиятлари билан боғлиқ масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг давлат корхоналари, жамоат уюшмалари ва бошқа юридик ҳамда жисмоний  шахслари  билан низолари, шунингдек концессиячилар ўртасидаги низолар Ўзбекистон Республикасининг судларида, шунингдек томонларнинг келишувига мувофиқ чет элда ҳакамлар ва холислар томонидан кўриб чиқилиши керак.



25-модда. Концессия муносабатлари

субъектларининг жавобгарлиги

Концессия шартномаси тузган томонлар унинг бажарилиши учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ва шартномада кўзда тутилган тартибда жавобгар бўладилар.



26-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ёки битимларида ушбу Қонунда кўзда тутилганидан бошқача қоидалар кўзда тутилган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 1995 йил, N 9, 185-модда;

























































Время: 0.0051
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск