Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Нодавлат нотижорат ташкилотлар. Сиёсий партиялар /

Ўзбекистон Республикасининг 14.06.1991 й. 289-XII-сон "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.06.1991 й.

N 289-XII



ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ ВА ДИНИЙ

ТАШКИЛОТЛАР ТЎҒРИСИДА*

(Эски таҳрири)


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Қонуннинг вазифалари

Ушбу Қонун фуқароларнинг динга ёки шунга мос эътиқодга ўз муносабатини белгилаш ва ифодалаш ҳамда ҳеч қандай қаршиликсиз динга эътиқод қилиш ва диний расм-русумларни бажариш ҳуқуқларини таъминлайди, ижтимоий адолат ва тенгликни, фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди, диний ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиб туради.



2-модда. Виждон эркинлиги ва диний

ташкилотлар тўғрисидаги қонунлар

Ўзбекистон Республикасининг виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан, Ўзбекистон Республикасининг ушбу Қонунидан ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида эса шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларидан иборатдир.



3-модда. Виждон эркинлиги ҳуқуқи

Виждон эркинлиги - бу фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқидир. Бу қонуний ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва ушбу Қонун билан кафолатланади.

Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўзаро келишиб, фарзандларини ўзларининг эътиқодларига ва динга муносабатларига мувофиқ тарзда тарбиялашга ҳақлидирлар.

Фуқаро ўзининг динга, диний эътиқодга ёки ундан воз кечишга, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда, динни ўрганишда қатнашиш ёки қатнашмасликда ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни бирор-бир даражада мажбур этишга йўл қўйилмайди.

Динга эътиқод қилиш эркинлиги ёки ўзга эътиқодлар жамоат хавфсизлигини ва тартибни, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги ва ахлоқини, шунингдек ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш учун зарур бўлган даражадагина чекланади.



4-модда. Фуқароларнинг динга муносабатидан

қатъи назар тенг ҳуқуқлилиги

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга муносабати кўрсатилиши мумкин эмас, фуқаронинг ўзи шуни истаган ҳол бундан мустаснодир. Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини бевосита ва билвосита чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита бирон-бир имтиёзлар белгилаш, хусусан душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди муносабати билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиш, шунингдек муқаддас қадамжо ҳисобланган диний иншоотларни оёқ ости қилиш қонун билан жазоланади.

Ҳеч ким ўз диний эътиқодига кўра қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган ҳоллардагина эътиқод туфайли бир вазифани бошқаси билан алмаштиришга йўл қўйилади.


5-модда. Динларнинг ва диний ташкилотларнинг

давлатдан ажратилиши

Ўзбекистон Республикасида динлар ва диний ташкилотлар давлатдан ажратилгандир. Бир дин ёки диний эътиқод учун иккинчи бир дин ёки диний эътиқодга нисбатан бирон-бир даражада имтиёз ёки чеклаш белгилашга йўл қўйилмайди.

Давлат диний ташкилотлар зиммасига давлатнинг қандайдир вазифаларини бажаришни юкламайди, диний ташкилотларнинг қонунларга зид бўлмаган фаолиятига аралашмайди. Диний ташкилотлар давлат вазифаларини бажармайди. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятини ҳамда даҳрийликни тарғиб қилишга оид фаолиятни маблағ билан таъминламайди.

Илмий тадқиқотлар олиб боришни, жумладан давлат томонидан маблағ билан таъминланадиган илмий тадқиқотларни олиб боришни, уларнинг натижаларини тарғиб қилишни ёхуд уларни умумий таълим дастурларига киритишни улар бирон-бир дин ёки даҳрийлик қоидаларига мос келиши ёки мос келмаслик белгисига кўра чеклашга йўл қўйилмайди.

Диний ташкилотлар ижтимоий ҳаётда қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар.

Диний ташкилотларнинг ходимлари барча фуқаролар билан баб-баравар сиёсий ҳаётда қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар.

Диний ташкилотлар сиёсий партиялар фаолиятида қатнашмайдилар ва сиёсий партияларга молиявий мадад кўрсатмайдилар.

Диний ташкилотлар амалдаги қонун талабларига ва ҳуқуқ-тартиботга риоя этишга мажбурдирлар. Диндан давлатга ва Конституцияга қарши тарғибот олиб бориш, нифоқ, нафрат қўзғатиш, миллатлараро адоват уйғотиш ҳамда давлат манфаатларига ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қарши қаратилган бошқа хатти-ҳаракатлар қилиш, қонуний равишда ва демократик йўл билан тузилган ҳокимият ва бошқарув идораларига ҳамда давлат вакилларига нисбатан ғайриқонуний усуллар билан тазйиқ ўтказиш учун фойдаланишга йўл қўйилмайди. Қонуний равишда ишлаб турган ҳокимият ва бошқарув идораларига ва мансабдор шахсларга демократияни баҳона қилиб тазйиқ ўтказишга ҳар қандай уриниш Қонун билан тақиқланади.

Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар ўртасида, турли эътиқоддаги диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний мутаассиблик ва виждон эркинлигига хилоф экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли оқимлар ва масҳаблар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.

Мазкур тартибларни бузганлар қонунга биноан жавобгарликка тортилади.



6-модда. Мактабни диндан ва диний ташкилотлардан ажратиш

Ўзбекистон Республикасида давлат таълим системаси диндан ва диний ташкилотлардан ажратилгандир. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга муносабатидан қатъи назар, улар таълимнинг барча турлари ва даражаларидан баҳраманд бўла оладилар. Давлат ўқув юртларида диний таълим берилишига йўл қўйилмайди.

Фуқаролар ўзлари истаган тилда диний таълим олишлари мумкин.

Белгиланган тартибда рўйхатга олинган низомлари бўлган диний ташкилотлар ўз низомларига мувофиқ катта ёшдаги кишиларга ва болаларга диний таълим бериш учун ўқув юртлари ёки гуруҳлар ташкил этиш, шунингдек таълимни бошқа шаклларда олиб бориш ҳуқуқига эгадирлар, бунинг учун ўзларига қарашли ёки ўзларига фойдаланиш учун бериб қўйилган бинолардан фойдаланишлари мумкин.

Болаларни фақат мактаб ёшига етганда мактабдаги машғулотлардан бўш вақтда ота-оналарининг ёки улар ўрнини босувчи шахсларнинг ёзма розилиги билан, балоғат ёшига етганларни эса ўз хоҳишларига кўра ташкилий равишда диний таълимотга ўргатишга йўл қўйилади.

Диний таълимотдан сабоқ берувчи шахслар махсус диний маълумотга эга бўлишлари ва ўз фаолиятларини диний бошқарманинг, марказнинг ижозати билан амалга оширишлари шарт. Хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ беришга йўл қўйилмайди.

Ушбу тартибларнинг бузилиши қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилишга олиб келади.



II БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАР

7-модда. Диний ташкилотлар

Диний жамоалар, бошқармалар ва марказлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар Ўзбекистон Республикасидаги диний ташкилотлардир. Диний ташкилотлар ўз бошқарма ва марказлари орқали иш кўрадилар.

Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотлар, жамоалар фуқароларнинг эътиқод қилиш ва маслакни тарғиб этишдан иборат диний эҳтиёжларини қондириш мақсадида тузилади ва ўз таркибига мувофиқ иш юритади, ўз низомига кўра ўз ходимларини сайлайди, тайинлайди ва алмаштиради.

Ўзбекистон Республикасида диний руҳдаги бирон-бир партия, жумҳуриятдан ташқарида ташкил этиладиган диний партияларнинг шўъбалари, бўлимлари, бўлинмалари тузилишига ва иш юритишига, шунингдек миссионерлик фаолиятига йўл қўйилмайди.



8-модда. Диний жамоа

Диний жамоа биргаликда динга эътиқод қилиш ва бошқа диний эҳтиёжларни қондириш мақсадида фуқаролар томонидан тузилади ҳамда ихтиёрийлик асосида иш юритади.

Диний жамоалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Диний ишлар қўмитаси билан келишган ҳолда рўйхатга олинади.


9-модда. Диний бошқармалар, марказлар ва бирлашмалар

Диний бошқармалар ва марказлар амалдаги қонунларга зид бўлмаган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинадиган ўз низомлари асосида иш юритадилар. Давлатнинг диний бошқармалар, марказлар ва бирлашмалар билан муносабатлари Қонун билан тартибга солинади. Қонун воситасида тартибга солинмаган муносабатлар диний бошқармалар, марказлар ва жамоалар билан давлат идоралари ўртасидаги келишувга мувофиқ ҳал этилади.



10-модда. Диний ўқув юртлари

Диний бошқармалар ва марказлар ўзларининг рўйхатга олинган низомларига мувофиқ руҳонийлар ва ўзларига зарур бўлган диний ихтисослар бўйича бошқа ходимлар тайёрлаш учун диний ўқув юртлари очиш ҳуқуқига эгадирлар. Бу ўқув юртлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинади.

Кундузги олий ва ўрта диний ўқув юртларида таҳсил кўраётган фуқаролар ҳарбий хизматни ўташни кечиктириш, солиқ тўлаш, таълим олиш даврини меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш юзасидан давлат ўқув юртларининг талабалари учун белгилаб қўйилган ҳуқуқлар ва имтиёзлардан фойдаланадилар.



11-модда. Диний ташкилотларнинг низомлари

Диний ташкилотнинг низоми фуқаролик қонунларига мувофиқ равишда унинг ҳуқуқ лаёқатини белгилаб беради ва у қонунларда белгилаб қўйилган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак. Низомда қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

- диний ташкилот номи, тури, қаерда жойлашганлиги, фаолият кўрсатаётган ҳудуд, унинг қайси эътиқодга мансублиги;

- ушбу диний ташкилотни тузиш тартиби, тузилиши ва бошқаруви тўғрисида;

- ташкилотнинг мулкий аҳволи, маблағларини ҳосил қиладиган манбалар, ҳам ўз ичидаги, ҳам низомида ўзаро алоқалар боғлаш назарда тутилган бошқа ташкилотлар билан мулкий муносабатлари тўғрисида;

- низомга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисида;

- корхоналар ва оммавий ахборот воситалари таъсис этиш, ўқув юртлари очиш ҳуқуқлари тўғрисида;

- диний ташкилотни тугатиш тартиби тўғрисида.

Масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар, диний ўқув юртларининг низомлари диний бошқарма, марказ билан келишиб олиниши керак.

Ўзбекистон Республикасидаги диний ташкилотлар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ва ҳуқуқ доирасидан ташқаридаги диний ташкилотлар билан бўладиган ўзаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ иш кўрадилар.



12-модда. Диний ташкилотлар - юридик шахслардир

Диний ташкилотларнинг низоми рўйхатга олиниши биланоқ улар юридик шахс деб тан олинади.

Диний ташкилотлар юридик шахс сифатида қонунларга ва ўз низомларига мувофиқ ҳолда ҳуқуқлардан фойдаланадилар ҳамда мажбуриятлар ўтайдилар.



13-модда. Диний ташкилотларнинг низомларини рўйхатга олиш

Диний ташкилот юридик шахс ҳуқуқига эга бўлиши учун уни тузган, камида ўн кишидан иборат ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг шу диний ташкилот фаолият кўрсатиши назарда тутилган вилоятдаги ёки Тошкент шаҳридаги идорасига, ёхуд Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига низомни илова қилиб ариза топширадилар. Агар диний ташкилот муайян диний бирлашмага мансуб бўлса, бу ҳол низомда кўрсатилади ҳамда тегишли диний бошқарма ёки марказ томонидан тасдиқланади.

Диний ташкилотларнинг Низомлари ва бошқа ҳужжатлари ушбу Қонунга ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги керак. Шунга мувофиқ диний ташкилотларнинг низомларини рўйхатга олиш чоғида улардан бошқа ҳужжатлар ҳам талаб қилиб олиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган диний ташкилотлар жумҳуриятда рўйхатга олинмайди.

Адлия идоралари аризани бир ой ичида кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.

Диний марказ ва бошқарманинг тасдиғи бўлмаган тақдирда адлия идоралари қўшимча материаллар талаб қилишга ва мутахассисларнинг хулосасини олишга ҳақлидир. Бу ҳолда қарор уч ой муддат ичида қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси доирасида жойлашган ва ишлаб турган диний ўқув юртларининг низомлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинади.

Диний ташкилотнинг Низомига кейинчалик киритилган қўшимча ўзгаришлар низомлар ўзлари рўйхатга олинган тартибда қайта рўйхатга олинади.

Диний ташкилотларнинг Низоми рўйхатга олинганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда ва миқдорда рўйхат ҳақи ундирилади.

Диний ташкилот фаолияти унинг низомларига мувофиқлигини назорат қилиш бу низомларни рўйхатга олган ташкилот томонидан амалга оширилади.



14-модда. Диний ташкилот низомини рўйхатга олишни рад этиш

Диний ташкилот низомининг қоидалари ушбу Қонун талабларига ёки Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлса, уни рўйхатга олиш рад этилади.

Диний ташкилот низомини рўйхатга олишни рад этиш тўғрисидаги қарор аризачиларга рад этиш асослари кўрсатилиб, ёзма равишда юборилади. Бу қарор устидан ёки ушбу Қонунда белгилаб қўйилган қарорни қабул қилиш муддати ўтказиб юборилганлиги устидан судга шикоят қилиш мумкин, бунда давлат бошқарув идоралари ва мансабдор шахсларнинг фуқаролар ҳуқуқларини камситувчи ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш учун белгилаб қўйилган тартибга амал қилинади.



15-модда. Диний ташкилотларнинг фаолиятини тўхтатиш

Диний ташкилотларнинг фаолияти фақат ўз низомларига мувофиқ ёки улар ушбу Қонуннинг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси бошқа қонун ҳужжатларининг қоидаларини бузган тақдирда тўхтатилиши мумкин.

Диний ташкилот фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарор унинг низомини рўйхатга олган идора томонидан қабул қилинади. Ушбу қарор устидан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал қонунларига биноан судга шикоят қилиниши мумкин.



III БОБ. ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАРНИНГ

МУЛКИЙ ҲОЛАТИ

16-модда. Диний ташкилотларнинг мулки

Диний ташкилотларнинг фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган бинолар, иморатлар, дин анжомлари, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва хайрия иншоотлари, пул маблағлари ва бошқа мол-мулклар уларнинг мулки бўлиши мумкин.

Диний ташкилотлар ўз маблағлари, фуқаролар, жамоат ташкилотлари эҳсон қилган, фуқаролар васият қилиб қолдирган маблағлар ҳисобига сотиб олинган ёки барпо этилган ёхуд давлат томонидан топширилган, шунингдек қонунда кўзда тутилган бошқа асосларга кўра сотиб олинган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқига эгадирлар.

Диний ташкилотларнинг чет элларда ҳам мулки бўлиши мумкин.

Диний ташкилотлар баҳоли қудрат моддий ва ўзга хайр-эҳсон қилинишини сўраб ўз хайрихоҳларига мурожаат қилишга ва уларни олишига ҳақлидирлар.

Диний ташкилотларнинг молиявий ва мулкий хайр-эҳсонларига солиқ солинмайди.

Диний ташкилотларнинг мулкий ҳуқуқларини қонун муҳофаза қилади.



17-модда. Давлат, жамоат ташкилотлари ёхуд фуқаролар

мулки бўлган мол-мулклардан фойдаланиш

Диний ташкилотлар давлат, жамоат ташкилотлари ёки фуқаролар томонидан шартнома асосида ўз ихтиёрларига бериладиган бинолар ва мол-мулклардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланишга ҳақлидирлар.

Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари давлат мулки ҳисобланган ва ижтимоий-маданий мақсадларда фойдаланилмайдиган дин билан боғлиқ биноларни ва бошқа мол-мулкларни диний ташкилотларга мулк қилиб ёки ҳақ тўламай текин фойдаланиш учун беришлари мумкин.

Диний ташкилотлар аслан диний мақсадларда қурилган яроқли иморатларни ери билан ўз ихтиёрларига олишида мустасно ҳуқуқга эгадирлар.

Дин билан боғлиқ бўлган биноларни ва мол-мулкларни диний ташкилотларга ўтказиш масаласига доир қарорлар тегишли илтимоснома олинган пайтдан бошлаб бир ой муддатдан кечиктирмай қабул қилиниши ва айни пайтда бу ҳақда аризачиларга ёзма равишда хабар берилиши керак.

Тарих ва маданият ёдгорликлари бўлмиш иморатлар ва буюмларни диний ташкилотларга ўтказиш ва бу ташкилотларнинг улардан фойдаланиши қонунларга мувофиқ амалга оширилади.

Диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйилган тартибда ерга эгалик қиладилар ва ундан фойдаланадилар. Диний бинолар қуриш жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ижозати билан амалга оширилади.


18-модда. Диний ташкилотларнинг ишлаб

чиқариш ва хўжалик фаолияти

Диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва ўз низомларига мувофиқ юридик шахс мақомига эга бўлган ноширлик, ишлаб чиқариш, таъмирлаш-қурилиш, қишлоқ хўжалик корхоналари ва бошқа корхоналарни, шунингдек хайрия муассасаларини (етимхоналар, касалхоналар) таъсис этишга ҳақлидирлар.

Диний ташкилотлар корхоналарининг ишлаб чиқариш фаолиятидан олган фойдаларидан ва бошқа даромадларидан Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ҳамда жамоат ташкилотларининг корхоналари учун белгиланган тартибда ва миқдорда солиқ ундирилади.

Диний ташкилотлар корхоналарининг ишлаб чиқариш фаолиятидан келадиган ва хайрия мақсадларига сарфланадиган даромадлардан олинадиган солиқ миқдорини имтиёзли тарзда белгилаш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси эгадир.


19-модда. Ўз фаолиятини тўхтатган диний

ташкилотларнинг мулкини тасарруф қилиш

Диний ташкилотларнинг фаолияти тўхтатилгандан кейин давлат ва жамоат ташкилотлари ёки фуқаролар томонидан шу ташкилотга фойдаланиб туриш учун берилган мол-мулк олдинги эгасига қайтарилади.

Диний ташкилотнинг фаолияти тўхтатилган тақдирда унинг ихтиёридаги мол-мулк шу ташкилот низомига ва амалдаги қонунларга мувофиқ тасарруф этилади.

Қарз берувчиларнинг даъволарига кўра қарзни ундириб олиш диний ташкилотларнинг дин билан боғлиқ мол-мулкларига қаратилиши мумкин эмас.

Ҳуқуқий ворис бўлмаган тақдирда мол-мулк давлат ихтиёрига ўтади.



IV БОБ. ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАР ВА ФУҚАРОЛАРНИНГ

ДИНИЙ ЭЪТИҚОД ЭРКИНЛИГИ БИЛАН БОFЛИҚ

ҲУҚУҚЛАРИ

20-модда. Диний урф-одатлар ва маросимлар

Диний ташкилотлар ибодат қилиш ёки диний йиғилишлар ўтказиш учун қулай бўлган жойларга, шунингдек у ёки бу дин қадрлайдиган жойларга (зиёратгоҳларга) асос солиш ва уларни сақлаб туриш ҳуқуқига эгадирлар.

Ибодат, диний расм-русмлар ва маросимлар ибодатхоналарда ва уларга тегишли майдонда, зиёратгоҳларда, диний ташкилотларнинг муассасаларида, қабристонларда фуқароларнинг хоҳиши билан уларнинг уйлари ва ҳовлиларида ҳеч қандай тўсқинликсиз ўтказилади.

Ҳарбий қисмларнинг қўмондонлиги ҳарбий хизматчилар бўш вақтларида ибодатда ва диний расм-русумларни бажаришда иштирок этишларига тўсқинлик қилмайди.

Диний ташкилотлар ибодат қилиш тўғрисидаги таклифлар билан касалхоналардаги, ҳарбий шифохоналардаги, кексалар ва ногиронлар уйларидаги, озодликдан маҳрум қилиш жойларидаги фуқароларга мурожаат қилишга ҳақлидирлар.

Касалхоналарда, ҳарбий шифохона, кексалар ва ногиронлар уйларида, дастлабки қамоқ жойларида ва жазони ўташ жойларида ибодатлар ва диний расм-русумлар у ерлардаги фуқароларнинг илтимосига мувофиқ ўтказилади. Мазкур муассасаларнинг маъмурияти руҳонийларни таклиф этишга кўмаклашади, ибодат қилиш, расм-русумлар ёки маросимларни ўтказиш вақтини ва бошқа шарт-шароитларни аниқлашда иштирок этади.

Ўзга ҳолларда оммавий ибодат, диний расм-русумлар ва маросимлар Ўзбекистон Республикасида йиғилишлар, митинглар, намойишлар ва кўча юришларини ўтказиш учун белгиланган қатъий тартибда амалга оширилади.



21-модда. Диний адабиёт ва диний мақсадларга

мўлжалланган буюмлар

Фуқаролар ва диний ташкилотлар ўзи танлаган тилда диний адабиётни, шунингдек диний мақсадларга мўлжалланган бошқа буюмлар ва ашёларни харид қилишга ва улардан фойдаланишга ҳақлидирлар.

Диний марказлар ва бошқармалар диний адабиётларни нашр этиш ва тарқатиш ҳуқуқларидан Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари ҳақидаги Қонунга мувофиқ равишда фойдаланадилар. Илмий муассасалар дин ва ибодатга оид илмий тадқиқотларини нашр этишлари мумкин. Диний мақсадларга мўлжалланган буюмларни ишлаб чиқариш ҳуқуқига фақат диний бошқармалар ва марказлар эгадир.

Диний ташкилотлар диний мақсадларга мўлжалланган буюмларни, диний адабиётни ва диний мазмундаги бошқа маълумотномаларни Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ ишлаб чиқаришга, чет элларга чиқаришга, чет элдан келтиришга ва тарқатишга ҳақлидирлар.



22-модда. Диний ташкилотларнинг хайрия

ва маданий-маърифий фаолияти

Хайр-эҳсон қилиш, диний адабиётларни ўрганиш ва ўзга маданий-маърифий фаолият юритиш мақсадида диний ташкилотлар ҳузурида жамиятлар, уюшмалар ҳамда фуқароларнинг бошқа бирлашмалари тузилиши мумкин. Улар Ўзбекистон Республикасининг маҳаллий адлия идораларида рўйхатга олинадиган ўз уставларига эга бўладилар.

Диний ташкилотлар ўзлари мустақил равишда, шунингдек ижтимоий жамғармалар орқали хайрия фаолиятини амалга ошириш ва меҳр-мурувват кўрсатишга ҳақлидирлар.

Ана шу мақсадлар учун қилинган хайр-эҳсонлар ва ажратмалар солиқ солинадиган пул миқдоридан чиқариб юборилади.



23-модда. Диндорлар ва диний ташкилотларнинг

халқаро алоқалари ва мулоқотлари

Диндорлар ва диний ташкилотлар гуруҳ бўлиб ёки якка тартибда халқаро алоқалар ўрнатишга ва бевосита шахсий мулоқотда бўлишга ҳамда бундай алоқаларни давом эттиришга, жумладан муқаддас жойларни зиёрат қилиш учун, йиғилишларда ва бошқа диний тадбирларда иштирок этиш учун чет элга боришга ҳақлидирлар.

Диний ташкилотлар диний ўқув юртларида таълим олиш, малака ошириш, тажриба ўрганиш ва алмашиш учун фуқароларни чет элга юборишлари ва шу мақсадда ажнабий фуқароларни қабул қилишлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказиладиган халқаро анжуманлар Ўзбекистон Республикаси қонунлари белгилаган тартибга риоя қилади.


V БОБ. ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАРДАГИ ВА

УЛАРНИНГ КОРХОНАЛАРИДАГИ

МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИ

24-модда. Диний ташкилотларда меҳнатга

оид ҳуқуқий муносабатлар

Диний ташкилот фуқароларни ишга қабул қилишга ҳақлидир.

Меҳнат шартлари диний ташкилот билан ходим ўртасидаги келишувга мувофиқ белгиланади ва ёзма шаклда тузиладиган меҳнат шартномасида кўрсатилади.

Диний ташкилот меҳнат шартномасини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказишга мажбурдир.

Руҳонийларга ҳақ тўлаш шартларини белгилайдиган ҳужжатлар ҳам худди шундай тартибда рўйхатдан ўтказилади.

Диний ташкилотда меҳнат шартномасига мувофиқ ишлаётган фуқаролар касаба уюшмасининг аъзолари бўлишлари мумкин.



25-модда. Диний ташкилотларда ишлаётган

фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари

Меҳнат тўғрисидаги қонунлар давлат ва жамоат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ишчилари ҳамда хизматчиларига нисбатан қай даражада қўлланилса, диний ташкилотларда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган фуқароларга нисбатан ҳам худди шу даражада қўлланилади.

Фуқаролар, шу жумладан руҳонийлар диний ташкилотларда ишлаб оладиган даромадларига давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ишчи ва хизматчилари учун белгиланган мезонлар бўйича солиқ солинади.



26-модда. Диний ташкилотларнинг корхоналари ва

муассасаларида фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги

ҳуқуқий муносабатлари

Диний ташкилотларнинг корхоналарида, муассасаларида, шунингдек улар тузган хайрия муассасаларида ишлаётган фуқароларга давлат ва жамоат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ишчи ва хизматчиларининг меҳнати, уларга солиқ солиш тартиби, ижтимоий суғуртаси ва ижтимоий таъминоти тўғрисидаги қонунлар қўлланилади.



27-модда. Диний ташкилотларда ишлаётган фуқароларнинг

ижтимоий таъминоти ва ижтимоий суғуртаси

Диний ташкилотларда ишлаётган фуқаролар, шу жумладан руҳонийлар давлат ва жамоат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ишчилари ҳамда хизматчилари билан баробар ижтимоий таъминлашлари ва ижтимоий суғурта қилинишлари керак.

Ана шу мақсадларда диний ташкилотлар, уларнинг корхоналари ва муассасалари Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси нафақа жамғармасига жамоат ташкилотлари, уларнинг корхоналари ва муассасалари учун белгиланган тартибда ва миқдорда ажратма ўтказадилар.

Диний ташкилотларда ишлаётган барча фуқароларга қонунга мувофиқ умумий асосларда давлат нафақаси тайинланади ва тўланади.



VI БОБ. ДАВЛАТ ИДОРАЛАРИ ВА

ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАР

28-модда. Ўзбекистон Республикасида дин

масалалари бўйича давлат идоралари

Ўзбекистон Республикасида динлар ва диний ташкилотларга оид масалалар билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Диний ишлар қўмитаси, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимлари шуғулланади. Уларнинг зиммасига маслаҳат бериш, мутахассислар хулосасини чиқариш, назорат қилиш ва ахборот бериб туриш вазифалари юкланади.

Дин масалалари давлат идоралари:

чет эллардаги диний муассасалар билан мулоқот қилиб туради ва мувофиқлаштирувчи алоқалар боғлайди;

Ўзбекистон Республикасидаги диний ташкилотлар тўғрисида маълумотлар тўплайди ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунларнинг ижроси юзасидан назоратни амалга оширади. Шу мақсадларда диний ташкилотлар раҳбарларидан керак ахборот талаб қилишга ва олишга ҳамда уларнинг фаолияти билан боғлиқ бўлган маросимларда иштирок этишга ҳақлидир;

диний ташкилотларнинг илтимосига мувофиқ давлат идоралари билан келишувга эришишда кўмаклашади ва давлат идоралари ҳал этишини талаб қилувчи масалалар юзасидан зарур ёрдам беради;

Ўзбекистон Республикаси ичидаги ва чет эллардаги турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва ҳайрихоҳликни мустаҳкамлашга кўмаклашади;

диншунослик бўйича экспертиза ўтказиш учун диний масалалар билан шуғулланувчи бўлинмалар ҳузурида диншунослар жамоатчи эксперт кенгашларини тузади, диний ташкилотлар вакиллари ва инсон ҳуқуқлари муаммолари бўйича мутахассисларни белгилайди;

давлат бошқарув ва суд идораларининг сўрови бўйича расмий эксперт хулосасини тақдим этади.


29-модда. Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар

тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун жавобгарлик

Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунларни бузишда айбдор бўлган мансабдор шахслар ва фуқаролар Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйилган тартибда жавобгар бўладилар.



30-модда. Халқаро шартномалар

Башарти Ўзбекистон Республикаси иштирок этаётган халқаро шартномада Ўзбекистон Республикасининг виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунларидан фарқ қиладиган қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                        И. Каримов



-------------------------

*) Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 30 сентябрдаги 364-XII-сон  Қонунига асосан "Ўзбекистон ССР" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси" деган сўзлар билан алмаштирилган.



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 8-сон, 186-модда; 11-сон, 273-модда; 1993 й., 9-сон, 334-модда



































Время: 0.0070
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск