язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Маданият/ Танловлар. Кўриклар. Фестиваллар. Кўргазмалар. Маданият кунлари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.04.2009 й. "Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

07.04.2009 й.




"ЯГОНАСАН, МУҚАДДАС ВАТАН!"

РЕСПУБЛИКА КЎРИК-ТАНЛОВИНИ

ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА



Барчамиз учун бир умр севиб, ардоқлаб, кўзимизга тўтиё қилиб яшайдиган муқаддас макон бўлмиш она Ўзбекистонимизни улуғлаш, уни кўз қорачиғидек асраш, шаъну шарафини ҳимоя қилиш ва юксалтириш, шу олий мақсад йўлида фидо бўлиб яшаш каби эзгу туйғуларни униб-ўсиб келаётган ёш авлод қалбида камол топтириш, Ватанга садоқат, унинг тақдири учун дахлдорлик ҳисси билан йўғрилган мазмунан теран, бадиий етук қўшиқлар яратишни рағбатлантириш ҳамда уларни халқимизнинг маънавий мулкига айлантириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Ёзувчилар ва Бастакорлар уюшмалари ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2009 йилдан бошлаб ҳар йили "Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика кўрик-танловини ўтказиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.


2. "Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика кўрик-танлови ташкилий қўмитаси таркиби ва кўрик-танлов низоми 1- ва 2-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.


3. "Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика кўрик-танлови ташкилий қўмитасининг вазифаси этиб қуйидагилар белгилансин:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кўрик-танловнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичларини ўтказиш бўйича барча ташкилий ва ижодий ишларни мувофиқлаштириш;

кўрик-танловни юқори савияда ўтказиш учун амалий ёрдам кўрсатиш, жумладан, жойларга тажрибали режиссёрлар, таниқли санъаткорлар, бастакорлар, шоирлар ва малакали мутахассисларни ижодий сафарга юбориш;

санъат оламига кириб келаётган истеъдодли ёшлар томонидан ижро этилган, ор-номус, қадр-қиммат, ғурур ва ифтихор каби олижаноб туйғуларни тараннум этадиган, юксак гражданлик руҳидаги қўшиқларга алоҳида эътибор қаратиш.


4. Жойларда "Ягонасан, муқаддас Ватан!" кўрик-танловини тайёрлаш ва юқори савияда ўтказишни таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосарлари раҳбарлигида комиссиялар тузиш вазифаси топширилсин.


5. Белгилаб қўйилсинки: кўрик-танловнинг республика якуний босқичига тайёргарлик кўриш, тарғибот қилиш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Маданият ва спорт ишлари вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади;

кўрик-танлов ғолибларини пул мукофотлари билан тақдирлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан қопланади.


6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси тасарруфидаги ташкилотларнинг ушбу кўрик-танловнинг саралаш босқичларини ўз маблағлари ҳисобидан ўтказиши маълумот учун қабул қилинсин.


7. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича кўрик-танловни тайёрлаш ва ўтказиш ҳамда ғолибларнинг республика якуний босқичида иштирок этишини таъминлаш билан боғлиқ барча харажатлар маҳаллий ҳокимликларнинг бюджетдан ташқари ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб кўйилсин.


8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги республика кўрик-танловининг якуний босқичини ўтказиш, ғолибларни тақдирлаш ва улар ижросидаги концерт дастурини намойиш этишда "Туркистон" саройини бепул фойдаланиш учун тақдим этсин.


9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига кўрик-танлов тадбирларини кенг ёритиш тавсия этилсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    И. Каримов



*) Иловалар берилмайди.