язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат)/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.07.2008 й. ПҚ-928-сон "Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар марказини Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти этиб қайта ташкил қилиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

30.07.2008 й.

N ПҚ-928



ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ТАДҚИҚОТЛАР

МАРКАЗИНИ ПРОГНОЗЛАШТИРИШ ВА

МАКРОИҚТИСОДИЙ    ТАДҚИҚОТЛАР

ИНСТИТУТИ ЭТИБ ҚАЙТА ТАШКИЛ

ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


Чуқур макроиқтисодий тадқиқотларни амалга ошириш, макроиқтисодий кўрсаткичларни прогноз қилиш, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларини асослаш, мамлакат иқтисодиётини модернизациялаш ва уни таркибий жиҳатдан ўзгартиришни асослаш учун негиз бўлиб хизмат қиладиган макроиқтисодий кўрсаткичларни прогноз қилишнинг мустаҳкам илмий-методологик базасини яратиш ва таклифлар ишлаб чиқиш, узоқ муддатли макроиқтисодий барқарорликка эришиш мақсадида:


1. Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар маркази Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти этиб қайта ташкил қилинсин.

2. Қуйидагилар Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

солиқ-бюджет, пул-кредит, ташқи иқтисодий ва валюта сиёсати билан узвий боғлиқ ҳолда макроиқтисодий кўрсаткичларни чуқур таҳлил қилиш, жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш тенденцияларини ва миллий иқтисодиётга таъсир кўрсатадиган ташқи омилларни ўрганиш, унинг асосида мамлакатни мутаносиб ҳамда барқарор макроиқтисодий ривожлантиришнинг мослашувчан модели, механизмлари ва прогнозларини ишлаб чиқиш;

Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ўрта муддатли (5 йил) ва узоқ муддатли (10 йил) кўп вариантли прогнозларини шакллантириш, мазкур прогнозлар доирасида узоқ муддатли макроиқтисодий мутаносибликни таъминлашга йўналтирилган макроиқтисодий кўрсаткичлар ва уларнинг ўсиш суръатларини белгилаш;

молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва либераллаштириш, солиқ, бюджет ҳамда кредит сиёсатини такомиллаштириш, пул муомаласини мустаҳкамлаш, инфляцияга қарши ишларни тартибга солишнинг самарали механизмини жорий этиш, миллий валюта барқарорлигини таъминлаш бўйича тенденцияларни таҳлил қилиш ва таклифлар ишлаб чиқиш;

тармоқ ва ҳудудий номутаносибликларни, уларни белгилаб берувчи омилларни теран таҳлил қилиш, бунинг асосида мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш ва ҳар томонлама чуқур ривожлантиришнинг муҳим йўналиши сифатида таркибий қайта қуриш, унинг барқарорлиги ҳамда рақобатбардошлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, инвестициявий сиёсатнинг устуворликларини асослаш, янада қулай инвестиция муҳитини шакллантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича тавсиялар тайёрлаш;

ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги демографик жараёнларни тадқиқ ҳамда прогноз қилиш, меҳнат бозори мувозанатлашувини таҳлил этиш ва аҳолининг оқилона бандлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, кўп вариантли макроиқтисодий прогнозларнинг ижтимоий оқибатлари ва натижаларини баҳолаш;

таҳлилий маърузалар ва прогнозлар тайёрлаш, макроиқтисодий тадқиқотлар натижалари ва прогнозларни, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш бўйича ёндашувлар ва унинг механизмларини оммавий ахборот воситалари ва илмий мақолаларда, конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарларда маҳаллий ҳамда хорижий олимлар ва мутахассисларни, манфаатдор халқаро молиявий ва иқтисодий ташкилотларни жалб этган ҳолда кенг муҳокама қилиш.


3. Қуйидагилар белгилансин:

Институт тадқиқотларининг энг муҳим функционал йўналишлари бўйича шакллантириладиган лойиҳалар Институтнинг асосий таркибий бўлинмалари ҳисобланади;

тадқиқот лойиҳаларига илмий иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар орасидан танлов асосида тайинланадиган лойиҳа раҳбарлари бошчилик қиладилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ, лойиҳаларнинг раҳбарлари ва ижрочилари билан бир йилга мўлжалланган меҳнат шартномалари (контрактлар) тузилади, уларда мавзу, мақсад, вазифалар ва лойиҳани амалга оширишнинг асосий босқичлари аниқ кўрсатилади;

лойиҳалар раҳбарларининг ҳисоботлари мунтазам равишда Институт илмий кенгаши мажлисларида тинглаб борилади, илмий кенгаш йил якунлари бўйича ўтказилган тадқиқотлар натижалари ва сифатига баҳо беради ҳамда лойиҳа доирасида тадқиқотларни давом эттириш ёки уни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилади;

Институт ходимларига давлат бошқаруви органлари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, мукофотлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш шартлари татбиқ этилади;

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти шартномалар ва мажбуриятлар бўйича тугатилаётган Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар марказининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


4. Қуйидагилар:

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг умумий чекланган ходимлар сони 146 кишидан, шу жумладан, илмий ходимлар сони 109 кишидан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг низоми 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, Институт директори Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.

Институт директорига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ҳолда, белгиланган ходимларнинг чекланган сони доирасида тасдиқланган Институт тузилмасига зарур ҳолларда ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Институтга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

тадқиқотларга миллий экспертлар сифатида контракт асосида давлат бошқарув органлари, идоралар, банклар, тадқиқот марказлари ходимларини, олимлар ва олий ўқув юртлари ўқитувчиларини, шу жумладан, хорижий мутахассисларни жалб этиш;

қўшма тадқиқотлар ўтказиш учун бошқа илмий-тадқиқот ташкилотлари, фондлар, университетлар билан, жумладан, халқаро ва хорижий муассасалар билан шартномалар тузиш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш, иқтисодиётнинг ривожланиши муаммолари бўйича ахборот-таҳлилий шарҳ ва маърузалар чоп этиш;

Институтга юклатилган вазифалар доирасида марказий иқтисодий органлар, вазирликлар, идоралар, банклар ва бошқа ташкилотлардан зарур бўлган барча норматив, статистик ва таҳлилий ахборотларни сўраш ҳамда бепул олиш.


6. Институтнинг асосий молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

моддий-техник базани жорий таъминлаш ва ривожлантиришга, ахборот босма нашрларига, шу жумладан, хорижий нашрларга обуна бўлишни ташкил этиш ҳамда Институтнинг бошқа эҳтиёжлари учун мақсадли бюджет маблағлари;

грант танловлари натижалари бўйича ажратиладиган маблағлар;

вазирликлар, идоралар ва банкларнинг буюртмалари бўйича тадқиқотлар ўтказиш учун улар ажратадиган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг грантлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари.

Белгилансинки, Институтнинг даромадлари солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди.


7. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг ўз эҳтиёжлари учун импорт қилинадиган ускуналар, компьютер ҳамда телекоммуникация тизимлари, дастурий таъминлаш воситалари божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилсин, бўшайдиган маблағлар эса Институтнинг низом фаолиятини бажаришга йўналтирилсин.


8. Институт:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Олий Мажлис материаллари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, вазирликлар ва идораларнинг норматив ҳамда йўриқнома тарзидаги ҳужжатлари юборилиши шарт бўлган ташкилотлар рўйхатига;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Давлат рақобат қўмитаси, бошқа вазирликлар ва идораларнинг статистик ахборот бюллетенлари юборилиши шарт бўлган реестрга киритилсин.

9. Институт:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда икки ҳафта муддатда Институтнинг штат жадвалини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

Институтнинг бўлинмалари макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш кўникмаларига эга бўлган, республикада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англайдиган юқори малакали, тажрибали мутахассислар билан контракт асосида тўлдирилишини таъминласин.


10. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти Тошкент шаҳар, А. Қаюмов кўчаси, 2-уй ва Ғуломов кўчаси, 1-уй манзилига жойлаштирилсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтисодий тадқиқотларни ташкил қилишни такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2005 йил 2 августдаги ПҚ-143-сонли Қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 33-сон, 310-модда.