язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


Комментарий к документу - NB! Мазкур кодекс ЎзР 22.01.2018 й. ЎРК-460-сон Конуни билан тасдикланган Фукаролик процессуал кодекси 2018 йил 1 апрелдан амалга киритилганлиги сабабли ўз кучини йўкотган

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси/ Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси (ЎзР 30.08.1997 й. 477-I-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК ПРОЦЕССУАЛ

КОДЕКСИ


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган тартибда судга мурожаат қилишга ҳақли.

Судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмас.

Судга мурожаат қилиш ушбу Кодексда белгиланган шаклларда амалга оширилади. Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.


2-модда. Фуқаролик суд ишларини юритиш

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари буйруқ тартибидаги ишларни, даъво тартибидаги ишларни, органлар ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлар бўйича ишларни ҳамда алоҳида тартибда юритиладиган ишларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартибини белгилайди.

2-1-модда. Маъмурий судларда суд ишларини юритиш

Маъмурий судларда суд ишларини юритиш фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга биноан амалга оширилади.



3-модда. Халқаро шартномалар


Башарти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


4-модда. Фуқаролик суд ишларини юритиш вазифалари


Фуқаролик суд ишларини юритиш вазифалари фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини, эркинликлари ва манфаатларини, шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг** ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишларини тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этишдан иборатдир.

Фуқаролик суд ишларини юритиш қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашиши лозим.

------------------------------------

** - Бундан буён матнда "ташкилотлар" деб юритилади



5-модда. Судда фуқаролик иши қўзғатиш


Суд фуқаролик ишини қуйидаги ҳолларда қўзғатади:

1) ўзининг ҳуқуқи ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризаси бўйича;

2) прокурорнинг аризаси бўйича;

3) агар давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар қонунга мувофиқ бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этишга ҳақли бўлсалар, уларнинг берган аризалари бўйича.


6-модда. Одил судловнинг фақат суд томонидан ҳамда

фуқароларнинг қонун ва суд олдида тенглиги

асосида амалга оширилиши


Фуқаролик ишлари бўйича одил судлов фақат суд томонидан ҳамда барча фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.


7-модда. Судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг

фақат қонунга бўйсуниши


Фуқаролик ишлари бўйича одил судловни амалга оширишда судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар. Судьялар ишларни қонун асосида, ишнинг ҳолатига мувофиқ, судьяларга четдан таъсир кўрсатиш мумкин бўлмайдиган шароитда ҳал қиладилар.

Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.


8-модда. Тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги


Фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.


9-модда. Суд ишлари юритиладиган тил


Ўзбекистон Республикасида фуқаролик суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади.

Суд ишлари юритиладиган тилни билмайдиган шахсларга ишга тааллуқли материаллар билан ўз она тилида тўлиқ танишиб чиқиш, она тилида кўрсатув ва тушунтиришлар бериш, судда сўзлаш, арз билан мурожаат этиш ва илтимосномалар тақдим этиш, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган тартибда таржимоннинг хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланади.

Суд ҳужжатлари ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг она тилларига ёки улар биладиган бошқа тилга таржима қилиб топширилади.


10-модда. Судда иш кўришнинг ошкоралиги


Барча судларда ишлар ошкора кўрилади, давлат ёки тижорат сирларини сақлаш манфаатларига зид бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳаётига тааллуқли маълумотлар ошкор бўлишига йўл қўймаслик, шунингдек фарзандликка олиш сири ва ёзишмалар сири сақланишини таъминлаш мақсадида суднинг асослантирилган ажримига биноан, иш суднинг ёпиқ мажлисида кўрилишига йўл қўйилади.

Иш суднинг ёпиқ мажлисида кўрилганида ишда иштирок этаётган шахслар, зарур ҳолларда эса, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар ҳам қатнашадилар.

Иш суднинг ёпиқ мажлисида судлов ишлари юритишнинг барча қоидаларига риоя қилинган ҳолда кўрилади.

Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора эълон қилинади.


11-модда. Судда ишни кўришнинг бевоситалиги ва оғзакилиги

Биринчи инстанция суди фуқаролик ишини кўраётганида ишга оид далилларни бевосита текшириши: ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатмаларини, экспертлар ва мутахассисларнинг хулосаларини эшитиши, ёзма далиллар билан танишиши, ашёвий далилларни кўздан кечириши шарт.

Ишни кўриш оғзаки равишда ўтади. Ишни кўриш жараёнида судья алмаштирилган тақдирда, иш бошидан қайта кўрилиши керак.


12-модда. Ишларни амалдаги қонун

ҳужжатлари асосида ҳал қилиш


Суд ишларни Ўзбекистон Республикасининг қонунлари асосида ҳал қилиши шарт. Суд, агар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларига зид бўлмаса, бошқа норматив ҳужжатларни ҳам қўлланади.

Суд қонунга ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига мувофиқ чет давлатнинг ҳуқуқ нормаларини ҳам қўллайди.

Низоли муносабатни тартибга соладиган қонун бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган қонунни татбиқ этади, борди-ю, бундай қонун ҳам бўлмаса, республика қонун ҳужжатларининг умумий асослари ва маъносига таянади.


13-модда. Фуқаролик ишларининг якка тартибда

ва ҳайъат томонидан кўрилиши

Барча биринчи инстанция судларида ишлар судьянинг якка ўзи томонидан кўрилади. Ишни судьянинг якка ўзи кўрганида, у суд номидан иш юритади.

Ишни апелляция ва кассация тартибида кўриш Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судида, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида уч нафар судьядан иборат таркибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида ишлар апелляция, кассация тартибида ва назорат тартибида уч нафар судьядан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида - Раёсат аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда кўрилади.


14-модда. Суд томонидан масалаларни ҳал қилиш тартиби

Ишни кўриш чоғида келиб чиқадиган ҳамма масалалар судьянинг якка ўзи томонидан, ишни судьялар ҳайъати кўраётган ҳолларда эса, судьяларнинг кўпчилик овози билан ҳал этилади. Суд қарорлари маслаҳатхонада чиқарилади ва ёзма равишда тузилади. Қарор чиқариш вақтида бошқа шахсларнинг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди. Хар бир масала ҳайъат томонидан ҳал қилинаётганида судьяларнинг бирортаси ҳам овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас. Раислик қилувчи ҳаммадан кейин овоз беради. Озчилик томонида қолган судья ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда баён қилишга ҳақли, унинг бу фикри ишга қўшиб қўйилади, бироқ эълон қилинмайди. Ишда иштирок этувчи шахслар судьянинг алоҳида фикри билан таништирилмайди.

Алоҳида фикр баён қилинган суд қарори у қонуний кучга кирганидан кейин иш билан бирга қўшиб, қарорга нисбатан протест келтириш масаласини ҳал қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судига юборилади.


15-модда. Ишнинг ҳақиқий ҳолати, тарафларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари суд томонидан аниқланиши


Суд тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун қонунга асосланган ҳолда чоралар кўришга ҳақли.

Суд ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши, уларни процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ёки амалга оширмасликнинг оқибатлари тўғрисида огоҳлантириши ҳамда уларга ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқаришларида ёрдам кўрсатиши лозим.



16-модда. Суд чиқарган ҳал қилув қарори,

ажрим ва қарорнинг мажбурийлиги


Суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ва буйруғи барча давлат органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.

Суднинг ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ва буйруқнинг мажбурийлиги манфаатдор шахсларни ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб, башарти бу ҳуқуқлар ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларга дахлдор низо судда кўриб чиқилмаган ва ҳал этилмаган бўлса, судга мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум этмайди.


17-модда. Суд фаолияти устидан юқори судларнинг назорати

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судининг, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг ва ҳарбий судларнинг судлов фаолиятини назорат қилиш ҳуқуқига эга.

Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди Қорақалпоғистон Республикасининг фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг судлов фаолиятини назорат қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари тегишли вилоят, Тошкент шаҳри ҳудудидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг судлов фаолиятини назорат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди округ ва ҳудудий ҳарбий судларнинг судлов фаолиятини назорат қилади.



2-БОБ. СУД ҚАРОРЛАРИ ВА БАЁННОМАЛАРИ


18-модда. Суд қарорлари


Кўрилаётган ва ҳал этилаётган масалалар бўйича суд ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ва буйруқ қабул қилади.

Суд ҳал қилув қарорлари, ажримлар, қарорларни фақат суд мажлисида текширилган материаллар билан асослайди.

Суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари қонуний, асосли ва адолатли бўлиши лозим.


19-модда. Суднинг хусусий ажрими (қарори)


Суд фуқаролик ишини кўраётганида айрим мансабдор шахслар ёки фуқаролар томонидан қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот бузилганлигини аниқласа, хусусий ажрим (қарор) чиқариб, уни тегишли органлар ва мансабдор шахсларга юборади, бу шахслар ўзлари кўрган чоралар тўғрисида судга хабар қилишлари шарт. Бундай хабар хусусий ажримнинг (қарорнинг) нусхаси олинган кундан эътиборан бир ойлик муддат ичида маълум қилиниши лозим.

Агар суд фуқаролик ишини кўраётганида тарафларнинг ёки бошқа шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилади.

Биринчи инстанция судининг хусусий ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.


20-модда. Баённома юритишнинг шартлиги


Суднинг ҳар бир суд мажлиси тўғрисида, шунингдек суд мажлисидан ташқари қилинган ҳар бир алоҳида процессуал ҳаракат тўғрисида баённома тузилади.


21-модда. Баённоманинг мазмуни


Суд мажлисининг баённомасида ишни кўришнинг ёки алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга оширишнинг барча муҳим жиҳатлари акс эттирилиши лозим. Суд мажлисининг баённомасида, хусусан, қуйидагилар кўрсатилади:

1) суд мажлиси бўлиб ўтган йил, ой, кун ва жой;

2) суд мажлиси бошланган ва тамомланган вақт;

3) ишни кўраётган суднинг номи, суд таркиби ва суд мажлисининг котиби;

4) ишнинг номи;

5) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва одил судловга кўмаклашаётган шахсларнинг келган-келмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

6) суднинг тарафлар ва процесснинг бошқа иштирокчиларига уларнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирганлиги;

7) ушбу модданинг 5-бандида кўрсатилган шахсларга чақирув қоғози топширилганлиги тўғрисидаги ва улар суд мажлисига келмаганлигининг сабаблари ҳақидаги маълумотлар;

8) раислик қилувчининг барча фармойишлари ва суднинг алоҳида хонага (маслаҳатхонага) чиқмасдан чиқарган ажримлари;

9) ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризалари;

10) судга тақдим этилган ҳамма ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг ёзма хулосалари тўғрисидаги маълумотлар;

11) ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертларнинг ўз хулосаларини оғзаки тушунтиришлари, мутахассисларнинг фикрлари, ашёвий ва ёзма далилларни кўздан кечиришга тааллуқли маълумотлар;

12) суд музокараларининг мазмуни ва прокурорнинг фикри;

13) суднинг ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори ўқиб эшиттирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.


22-модда. Баённома тузиш


Баённома котиб томонидан суд мажлисининг ўзида ёки алоҳида процессуал ҳаракат амалга оширилганида мажлисдан ташқарида тузилади.

Ишда иштирок этувчи шахслар ўзлари иш учун аҳамиятли деб ҳисоблаган ҳолатларни баённомага киритиш тўғрисида илтимосномалар тақдим этишга ҳақлидирлар.

Тарафларнинг, учинчи шахсларнинг ўзлари қўйган талаблардан бутунлай ёки қисман воз кечганлиги, қўйилган талабларга иқрорлиги, ишни келишув битими билан тамомлаш тўғрисидаги аризалари баённомага киритилиб, тегишли бўлишига қараб, тарафларнинг бири ёки иккаласи томонидан имзоланади. Баённома суд мажлиси тамом бўлганидан ёки алоҳида процессуал ҳаракат амалга оширилганидан кейин кечи билан уч кунда раислик қилувчи ва суд мажлисининг котиби томонидан имзоланиши керак. Киритилган барча ўзгаришлар, тузатишлар, қўшимчалар ҳақида баённомада изоҳ берилиши лозим.


23-модда. Баённома юзасидан фикр-мулоҳаза билдириш


Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг баённомаси билан танишиб чиқишга ва у имзоланган кундан эътиборан беш кун ичида унда йўл қўйилган нотўғриликларни ёки унинг тўлиқ эмаслигини кўрсатиб, баённома юзасидан ёзма равишда фикр-мулоҳаза билдиришга ҳақлидирлар.

Баённома юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни раислик қилувчи кўриб чиқиб, уларга қўшилса, бу фикр-мулоҳазаларнинг тўғрилигини тасдиқлайди ва суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўяди.

Раислик қилувчи билдирилган фикр-мулоҳазаларга қўшилмаса, улар суд мажлисида кўриб чиқилади. Билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳамма ҳолларда ҳам ишга қўшиб қўйилиши керак.

Баённома юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар улар топширилган кундан эътиборан етти кун ичида ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда кўриб чиқилиши керак. Бироқ ишда иштирок этувчи шахсларнинг келмаслиги баённома юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар тўғрисидаги аризани кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.



24-модда. Йўқолган суд ишини тиклаш


Фуқаролик иши бўйича йўқолган суд ишини суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг, прокурорнинг аризасига, шунингдек ўз ташаббусига биноан тиклаши мумкин.

Йўқолган суд иши тўлиқ ёхуд унинг биринчи инстанция ёки юқори инстанция суди фикрига кўра тикланиши зарур бўлган қисми тикланади. Суднинг ҳал қилув қарори ёки иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрими, агар улар иш юзасидан чиқарилган бўлса, албатта тикланиши шарт.

Йўқолган суд ишини тиклаш тўғрисидаги ариза ишни кўрган судга берилади.

Аризада ишга доир маълумотлар тўлиқ баён этилиши лозим.

Аризачида сақланиб қолган ва ишга дахлдор бўлган ҳужжатлар ёки уларнинг нусхалари, гарчи улар белгиланган тартибда тасдиқланмаган бўлса ҳам, аризага илова қилинади.

Суд ишни кўриш вақтида ишнинг сақланиб қолган қисмидан, суд иши йўқолгунига қадар ундан фуқаролар ва ташкилотларга олиб берилган ҳужжатлардан, бу ҳужжатларнинг нусхаларидан, ишга дахлдор бўлган бошқа маълумотлар ва қоғозлардан фойдаланади.

Суд процессуал ҳаракатларни бажариш вақтида ҳозир бўлган шахсларни, зарур ҳолларда эса, йўқолган суд ишини кўрган суд таркибига кирган шахсларни ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилиши мумкин.

Тўпланган материаллар йўқолган суд ишини аниқ тиклаш учун етарли бўлмаса, суд ажрим чиқариб, суд ишини тиклаш тўғрисидаги аризани кўришни тугатади. Бу ҳолда аризачи умумий тартибда даъво тақдим этишга ҳақли.

Аризачи йўқолган суд ишини тиклаш тўғрисидаги ишни кўриш вақтида суд томонидан сарф қилинган суд харажатларини тўлашдан озод қилинади. Била туриб ёлғон ариза берилган бўлса, суд харажатлари аризачидан ундириб олинади.


3-БОБ. СУДЬЯ ВА ПРОЦЕССНИНГ БОШҚА

ИШТИРОКЧИЛАРИНИ РАД ҚИЛИШ


25-модда. Судьяни рад қилиш асослари


Қуйидаги ҳолларда судьянинг ишни кўриши мумкин бўлмайди ва у рад қилинади, агар:

1) ишнинг пировард натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса;

2) шу иш илгари кўрилганида гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон, вакил, прокурор, суд мажлисининг котиби сифатида қатнашган бўлса;

3) ишда иштирок этувчи тарафнинг ёки бошқа шахсларнинг қариндоши бўлса.

Бир-бирига қариндош шахслар суд таркибига кириши мумкин эмас.



26-модда. Прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд

мажлисининг котибини рад қилиш асослари


Ушбу Кодекснинг 25-моддаси 1 ва 3-бандларида кўрсатилган рад қилиш асослари прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлисининг котибига нисбатан ҳам қўлланилади.

Агар эксперт, мутахассис ва таржимон ишда иштирок этувчи тарафларга ёки бошқа шахсларга хизмат юзасидан ёхуд бошқача тарзда қарам бўлса, эксперт ва мутахассис эса шунингдек, тафтиш ўтказган ёки хулоса ҳам берган бўлиб, уларнинг материаллари мазкур фуқаролик ишини қўзғатишга асос бўлиб хизмат қилган бўлса, уларни рад қилиш тўғрисида арз қилиниши мумкин.



27-модда. Ишни кўришда судьянинг такрор иштирок

этишига йўл қўйилмаслиги

Фуқаролик ишини биринчи инстанция судида кўрган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори апелляция ёки кассация инстанцияси томонидан ёхуд суд назорати тартибида бекор қилинган бўлса, бу ишни такрор кўриши мумкин эмас.

Фуқаролик ишини биринчи инстанция судида кўрган судья шу ишни апелляция ёки кассация инстанцияси судида ёхуд суд назорати тартибида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни апелляция инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция судида ёки кассация инстанцияси судида ёхуд суд назорати тартибида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция судида ёки апелляция инстанцияси судида ёхуд суд назорати тартибида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни суд назорати тартибида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ва кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.


28-модда. Рад қилиш ҳақида ариза бериш


Ушбу Кодекснинг 25, 26 ва 27-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлса, судья, эксперт, мутахассис, таржимон, суд мажлисининг котиби бу ҳақда судга арз қилиши (ўз-ўзини рад қилиши) шарт. Ишда иштирок этувчи шахслар ҳам юқоридаги асослар бўйича рад қилиш ҳақида арз қилишлари мумкин.

Рад қилиш ҳақидаги арз асосланган бўлиши ва ишни мазмунан кўриш бошлангунига қадар маълум қилиниши лозим. Рад қилиш ҳақида кечикиб арз қилишга рад қилиш учун асослар судга ёки рад қилишни сўраб арз қилган шахсга ишни кўриш бошлаб юборилганидан сўнг маълум бўлиб қолган ҳоллардагина йўл қўйилади.



29-модда. Рад қилиш тўғрисидаги аризани ҳал қилиш тартиби


Рад қилиш тўғрисида арз қилинган тақдирда, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрини, агар рад қилиниши талаб қилинаётган шахс тушунтириш беришни хоҳласа, унинг сўзларини ҳам эшитиши керак.

Судьяни рад қилиш масаласи рад қилиниши талаб қилинган судьянинг иштирокисиз, қолган судьялар томонидан ҳал қилинади. Рад қилишни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар сони тенг бўлиб қолса, судья рад қилинган ҳисобланади.

Икки судьяни ёки суднинг бутун таркибини рад қилиш талаб қилинганида рад қилиш масаласи шу суднинг тўлиқ таркибида оддий кўпчилик овоз билан ҳал қилинади.

Ишни якка тартибда кўрадиган судьяни рад қилиш масаласи суд раиси томонидан, суд таркиби бир кишидан иборат бўлса, шу судья томонидан ҳал этилади.

Эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлисининг котибини рад қилиш масаласини ишни кўриб чиқаётган суд ҳал қилади.

Рад қилиш масаласини ҳал қилиш учун судья (суд) алоҳида хонага (маслаҳатхонага) чиқади ва рад қилиш талабини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисида ажрим чиқаради.



30-модда. Рад қилиш тўғрисидаги аризани

қаноатлантириш оқибатлари

Судья рад қилинган тақдирда иш фуқаролик ишлари бўйича шу туманлараро, туман (шаҳар) судида, лекин бошқа судья томонидан кўрилади ёки иш кўриш учун фуқаролик ишлари бўйича бошқа туманлараро, туман (шаҳар) судига ўтказилади.

Иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судида, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судида кўрилаётганида судья ёки суднинг бутун таркиби рад қилинган тақдирда иш шу суднинг ўзида, лекин бошқа суд таркибида кўрилади.

Агар Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судида, фуқаролик ишлари бўйича вилоят судида ёки фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ушбу Кодекснинг 27-моддасида кўрсатилган сабабларга кўра рад қилиш қаноатлантирилганидан кейин шу ишни кўриш учун суднинг янги таркибини ташкил қилишга имкон бўлмаса, иш Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилиши лозим. Бундай ҳолларда иш Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўрилади ёки Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг фармойишига биноан кўриш учун бошқа тегишли судга юборилади.


4-БОБ. СУДГА ТААЛЛУҚЛИ ИШЛАР


31-модда. Фуқаролик ишларининг судларга тааллуқлилиги

Фуқаролик ишлари бўйича судларга қуйидаги ишлар тааллуқли:

1) тарафлардан ҳеч бўлмаганда биттаси фуқаро бўлган низоларга доир ишлар, бундан қонунда бундай низоларни ҳал қилиш бошқа судларга ёки бошқа органларга топширилган ҳоллар мустасно;

2) ушбу Кодекснинг 279-моддасида санаб ўтилган алоҳида тартибда кўриладиган ишлар;

3) қонун билан уларнинг ваколатига берилган бошқа ишлар.

Маъмурий судларга давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, шунингдек улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича ишлар тааллуқлидир.


32-модда. Бир-бири билан боғлиқ бир қанча

талабларнинг судга тааллуқлилиги

Бир-бири билан боғлиқ бўлиб, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса, иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир қанча талаблар бирлаштирилганида, бу талабларнинг ҳаммаси фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши керак.

Бир-бири билан боғлиқ бўлиб, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса, маъмурий судга тааллуқли бўлган бир қанча талаблар бирлаштирилганида, бу талабларнинг ҳаммаси фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши керак.



5-БОБ. ПРОЦЕСС ИШТИРОКЧИЛАРИ


33-модда. Ишда иштирок этувчи шахслар


Тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари, процессда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этадиган прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар ишда иштирок этувчи шахслар деб тан олинади.


34-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ишда иштирок этувчи шахслар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусхалар кўчириш, рад этиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга саволлар бериш, арз қилиш, илтимосномалар тақдим этиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ишни судда кўриш давомида туғиладиган ҳамма масалалар бўйича ўзларининг важларини баён қилиш, бошқа шахсларнинг арзлари, илтимосномалари, важларига қарши эътирозлар билдириш, суднинг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ва буйруғи устидан шикоят қилиш, суд чиқарган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ва буйруқнинг мажбурий ижросини талаб қилиш, давлат ижрочисининг ҳаракатлари вақтида ҳозир бўлиш ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.

Ишда иштирок этувчи шахслар ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан ҳам фойдаланадилар.

Ишда иштирок этувчи шахслар ўзларига берилган барча процессуал ҳуқуқлардан инсофли равишда фойдаланишлари ва ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажаришлари шарт.


35-модда. Одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар


Гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, ёзма ва ашёвий далилларни сақловчилар, холислар ва ижро ишларини юритишда мол-мулкни сақловчилар одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар ҳисобланади.



36-модда. Одил судловни амалга оширишга

кўмаклашувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар ўз тушунтиришларини оғзаки ёки ёзма равишда баён қилишга, ёзувлардан фойдаланишга, шунингдек ушбу Кодексда ўзларига берилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидирлар.

Одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар ўз зиммаларига юклатилган процессуал мажбуриятларни бажаришлари лозим.



37-модда. Фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқати


Барча фуқаролар ва ташкилотларнинг фуқаролик процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиш лаёқати (ҳуқуқ лаёқати) тенглиги эътироф этилади.



38-модда. Фуқаролик процессуал муомала лаёқати


Судда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш лаёқати вояга етган фуқаролар ва ташкилотларга тегишлидир.

Вояга етмаган, яъни ёши ўн тўртдан ўн саккизгача бўлган фуқароларнинг, шунингдек муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар ёки ҳомийлар томонидан ҳимоя қилинади. Аммо бу ҳол вояга етмаганларни ва муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларни бундай ишларда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Меҳнат билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлардан ва олинган иш ҳақини ёки бошқа даромадни тасарруф этиш билан боғлиқ битимлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича вояга етмаганлар судда ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай ишларда вояга етмаганларга ёрдам бериш учун уларнинг ота-оналарини, уларни фарзандликка олганлар ёки ҳомийларни жалб қилиш масаласини суд ҳал этади.

Ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муомалага тўла лаёқатли деб эълон қилинган (эмансипация) тақдирда судда ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини шахсан амалга ошириши мумкин.

Ёш болаларнинг, яъни ўн тўрт ёшга тўлмаган фуқароларнинг, шунингдек руҳий касаллик ёки ақли заифлиги туфайли муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари - ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар ёки ҳомийлар ҳимоя қиладилар.



39-модда. Тарафлар


Даъвогар ва жавобгар фуқаролик процессининг тарафларидир.

Даъвогар - ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган ёинки манфаатини кўзлаб иш қўзғатилган шахс.

Жавобгар - суд томонидан даъвогарнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари юзасидан жавоб бериш учун жалб қилинган шахс.



40-модда. Тарафларнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Тарафлар процессуал ҳуқуқлардан тенг фойдаланадилар ва тенг мажбуриятларга эга бўладилар.

Даъвогар ўз арзида баён қилинган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, даъво талабларининг миқдорини оширишга ёки камайтиришга, улардан бутунлай ёки қисман воз кечишга ҳақли.

Жавобгар даъвогарнинг талабини тўлиқ ёки қисман тан олишга ҳақли.

Даъво ишининг тарафлари процесснинг исталган босқичида келишув битими тузиш орқали ишни якунлашга ҳақлидирлар.

Агар даъвогарнинг даъводан воз кечиши, жавобгарнинг даъвони тан олиши ва тарафларнинг келишув битими қонунга хилоф бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, суд даъводан воз кечишни, даъвони тан олишни қабул қилмайди ва келишув битимини тасдиқламайди.


41-модда. Процессда биргаликда иштирок этиш


Судга бир неча даъвогар (шерик даъвогарлар) томонидан биргаликда ёки бир неча жавобгарга (шерик жавобгарларга) нисбатан талаб қўйилган ариза берилиши мумкин.

Даъвогарлар ва жавобгарлардан ҳар бири бошқа тарафга нисбатан процессда мустақил равишда иштирок этади. Учинчи шахслар ҳам процессда биргаликда иштирок этишлари мумкин.

Процессда биргаликда иштирок этишга даъво ишларида, давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ҳамда аризалар бўйича ишларда ва алоҳида тартибда кўриладиган ишларда йўл қўйилади.

Биргаликда иштирок этувчилар ишни олиб боришни шерик иштирокчилардан бирига топширишлари мумкин.


42-модда. Ишга дахлдор бўлмаган тарафни алмаштириш


Суд арз қилинган талаб уни илгари суриш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан тақдим этилганлигини ёки даъвогарнинг аризаси бўйича жавоб бериши лозим бўлмаган шахсга нисбатан тақдим этилганлигини аниқласа, даъвогарнинг розилиги билан дастлабки даъвогар ёки жавобгар ишга дахлдор даъвогар ёки жавобгар билан алмаштирилишига йўл қўйиши мумкин.

Агар даъвогар ўзининг бошқа шахс билан алмаштирилишига рози бўлмаса, бу шахс низо предмети юзасидан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида ишга киришишга ҳақли.

Агар даъвогар жавобгарнинг бошқа шахс билан алмаштирилишига рози бўлмаса, суд бу шахсни иккинчи жавобгар сифатида ишга жалб қилишга ҳақли.

Ишга дахли бўлмаган тарафни алмаштириш ҳақида суд ажрим чиқаради.

Тараф алмаштирилганидан ёки низо предмети юзасидан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс ишга киришганидан ёхуд иккинчи жавобгар жалб қилинганидан кейин ишни кўриш янгидан бошланади.

Агар процессга мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс киришмаса, ишга дахлдор бўлмаган даъвогар эса, арз қилган талабларидан воз кечмаса, иш мазмунан кўрилади.


43-модда. Процессуал ҳуқуқий ворислик


Низоли ёки суднинг ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан тарафларнинг бири, учинчи шахс ёки уларнинг қонуний вакили чиқиб кетган тақдирда (фуқаронинг ўлими, юридик шахснинг қайта ташкил этилиши, бошқа шахс фойдасига талабдан воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши ва ҳ.к.) суд бу шахслар уларнинг ҳуқуқий ворислари билан алмаштирилишига йўл қўяди. Ҳуқуқий ворислик процесснинг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкин. Ҳуқуқий вориснинг процессга киришганлиги ҳақида суд ажрим чиқаради.

Ҳуқуқий ворис процессга киришгунига қадар амалга оширилган барча ҳаракатлар ҳуқуқий ворисга ўрнини бўшатиб берган шахсга қай даражада мажбурий бўлган бўлса, ҳуқуқий ворисга ҳам шу даражада мажбурийдир. Процессуал ҳуқуқий ворислик амалга оширилганида ўз ҳуқуқини топширган шахс суд процессининг қайси босқичидан чиқиб кетган бўлса, ишни кўриб чиқиш шу босқичдан давом эттирилади, лекин ҳуқуқий ворис ишга доир ҳамма материаллар билан танишишга ҳақли.


44-модда. Мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар


Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар суд ҳал қилув қарорини чиқаргунига қадар ишга киришишлари мумкин. Улар даъвогарнинг ҳамма ҳуқуқларидан фойдаланадилар ва унинг ҳамма мажбуриятларини ўз зиммаларига оладилар.


45-модда. Мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар


Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар, агар иш бўйича чиқариладиган ҳал қилув қарори уларнинг тарафлардан бирига нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этадиган бўлса, суд ҳал қилув қарори чиқаргунига қадар даъвогар ёки жавобгар томонида ишга киришишлари мумкин. Шунингдек улар тарафларнинг, прокурорнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномаси бўйича ёки суднинг ташаббуси билан ишда иштирок этишга жалб қилинишлари мумкин.

Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар тарафларнинг процессуал ҳуқуқларидан фойдаланадилар ва уларнинг процессуал мажбуриятларини ўз зиммаларига оладилар, арз қилинган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартириш, миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, улардан воз кечиш бундан мустасно.

Агар мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида даъвогарнинг ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида арз қилинган талабларни тан олса, суд мажбуриятни бажаришни учинчи шахс зиммасига юклаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаришга ҳақли. Айнан шундай ҳолларда, даъвогар ва мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ўртасида келишув битими тузилишига йўл қўйилади.


46-модда. Процессда прокурорнинг иштироки


Прокурор бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Шунингдек прокурор бошқа шахслар ташаббуси билан қўзғатилган ишни кўришда бошидан иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Қонунда назарда тутилган ёки суд ишда прокурорнинг қатнашишини зарур деб топган ҳолларда фуқаролик ишини кўришда, шунингдек прокурорнинг аризаси билан қўзғатилган ишларда прокурор иштирок этиши шарт.


47-модда. Прокурорнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Прокурор ушбу Кодекснинг 34-моддасида назарда тутилган процессуал ҳуқуқлардан фойдаланади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади ҳамда бундан ташқари, берган аризасидан бутунлай ёки қисман воз кечиш, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўзи арз қилган талаблар бўйича судга тушунтиришлар бериш, иш мазмуни юзасидан, шунингдек ишни кўриш вақтида келиб чиққан айрим масалалар бўйича ўз фикрини баён этиш, суднинг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори юзасидан протест келтириш ҳуқуқига эга.

Агар даъвогар рози бўлмаса, прокурор ўзи арз қилган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, даъво талабларининг миқдорини кўпайтириш ёхуд камайтиришга ҳақли эмас.

Прокурорнинг бошқа шахснинг ҳуқуқини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун берган ўз аризасидан воз кечиши, бу шахсни суддан ушбу Кодекс 104-моддасининг қоидаларига риоя этган ҳолда ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.


48-модда. Бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган давлат

бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг

фуқаролик процессида иштирок этиши


Давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар қонунда назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Давлат бошқаруви органлари ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш, фуқаролар ва давлатнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш юзасидан хулосалар бериш учун суд томонидан процессда иштирок этишга жалб қилинишлари ёки ўз ташаббуслари билан процессга киришишлари мумкин.


49-модда. Бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган давлат

бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг

процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ушбу Кодекснинг 48-моддасида кўрсатилган процесс иштирокчилари Кодекснинг 34-моддасида назарда тутилган процессуал ҳуқуқлардан фойдаланадилар, шунингдек бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун арз қилинган талабларни тўлиқ ёки қисман қўллаб-қувватлаш, улардан воз кечиш, ўзлари арз қилган талаблар бўйича тушунтиришлар бериш ҳуқуқига эгалар. Кўрсатилган органлар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бошқа шахснинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга берган ўз аризаларидан воз кечишлари ана шу шахсни ушбу Кодекс 104-моддасининг талабларига риоя қилган ҳолда ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.


50-модда. Судда вакиллик қилиш


Фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ва ўз вакиллари орқали юритишлари мумкин. Фуқаронинг ишда шахсан қатнашуви уни шу иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Ташкилотлар ишларни ўз раҳбарлари ёки ўз вакиллари орқали юритадилар.


51-модда. Қонуний вакиллик


Муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, васийлар ёки ҳомийлар) ҳимоя қиладилар.

Белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилган фуқаро иштирок этиши лозим бўлган иш бўйича унинг вакили сифатида мазкур фуқаронинг мол-мулкини қўриқлаш ва бошқариш ҳамда шахсий ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун тайинланган шахс қатнашади.

Вафот этган ёки белгиланган тартибда ўлган деб эълон қилинган шахснинг меросхўри қатнашиши лозим бўлган иш бўйича, агар меросни ҳали ҳеч ким қабул қилиб олмаган бўлса, меросхўрнинг вакили сифатида васий ёхуд мерос мол-мулкни сақлаш ва бошқариш учун тайинланган сақловчи шахс қатнашади.

Қонуний вакил судда иш олиб боришни вакил сифатида ўзи танлаган бошқа шахсга топшириш ҳуқуқига эга.


52-модда. Шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллик


Шартнома бўйича (ихтиёрий) вакилликка биноан ишонч билдирувчи ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича судда иш юритишни вакилга топширади.

Қуйидагилар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакил бўла оладилар:

1) адвокатлар;

2) насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ёки ён шажара бўйича қариндошлар, шунингдек эр (хотин) ёхуд унинг қариндошлари;

3) юридик шахсларнинг ходимлари шу юридик шахсларнинг ишлари бўйича;

4) нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари шу ташкилотлар аъзоларининг ишлари бўйича;

5) қонунга биноан бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари;

6) биргаликда иштирок этувчилардан бири бошқа иштирокчиларнинг топшириғи бўйича;

7) ишни кўраётган суд томонидан ишда жисмоний шахсларнинг вакиллари сифатида қатнашишга рухсат берилган шахслар.

Судда иш юритиш бўйича вакил сифатида профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.



53-модда. Вакилнинг ваколатларини расмийлаштириш


Вакилнинг ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада ифода этилган бўлиши лозим.

Фуқаролар берадиган ишончномаларни нотариуслар ёки нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахслар тасдиқлайдилар.

Фуқаролар вакилларининг судда иш юритиш ваколатлари ишонч билдираётган шахснинг оғзаки аризаси билан ҳам тасдиқланиши мумкин, бу ҳол суд мажлисининг баённомасига киритилиши лозим.

Давлат бошқаруви органларининг, мансабдор шахсларнинг вакиллари тегишли орган раҳбарининг ёки мансабдор шахснинг имзоси билан бериладиган ишончнома бўйича иш юритадилар.

Ташкилот номидан бериладиган ишончнома ташкилот раҳбари томонидан имзоланиб, имзо ташкилот муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.

Ташкилотларнинг раҳбарлари судга ўзларининг хизмат лавозимлари ёки ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар тақдим этадилар.

Адвокатнинг ваколатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади.


54-модда. Вакилнинг ваколатлари


Судда иш юритиш ваколатлари вакилга ҳамма процессуал ҳаракатларни ваколат берувчи номидан амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Шартнома ва устав бўйича вакиллик қилувчининг арз қилинган талаблардан бутунлай ёки қисман воз кечиш, уларнинг асосини ёки предметини ўзгартириш, миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, даъвогарнинг талабларини тан олиш, келишув битими тузиш, ваколатларни бошқа шахсга ўтказиш (бошқа шахсга ишониб топшириш), суднинг ҳал қилув қарори (ажрими) устидан шикоят бериш, ижро варақасини ундирувга қаратиш, даъво қўзғатувчига тегишли деб қарор чиқарилган мол-мулк ёки пулни олиш ваколати тўғрисида ҳар бир алоҳида ҳолда ваколат берувчи томонидан топширилган ваколатномада махсус изоҳ берилиши керак.


55-модда. Судда вакиллик қилиши мумкин бўлмаган шахслар


Қуйидагилар судда вакиллик қилиши мумкин эмас:

1) вояга етмаган шахслар;

2) васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар;

3) судьялар, прокурорлар, терговчилар, суриштирувчилар, улар қонуний вакил (ота-оналар, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар) сифатида, шунингдек, тегишли суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органининг вакили сифатида қатнашган ҳоллар бундан мустасно.



6-БОБ. ДАЛИЛЛАР


56-модда. Исботлаш воситалари


Тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асослайдиган ҳолатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини суднинг қонунда белгиланган тартибда аниқлашига асос бўладиган ҳар қандай фактик маълумот ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар фуқаролик иши бўйича далил ҳисобланади. Бу маълумотлар қуйидаги воситалар, яъни: тарафлар ва учинчи шахслар ҳамда уларнинг қонуний вакилларининг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосаси билан аниқланади.

Муаллифи кўрсатилмаган хатлар ва манбаи номаълум бўлган ёки ғайриқонуний тарзда олинган бошқа маълумотлар далил бўла олмайди.


57-модда. Исботлаш ва далилларни тақдим қилиш мажбурияти


Ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.

Суд қандай ҳолатлар иш учун аҳамиятга эга эканлигини, уларни тарафлардан қайси бири исботлаши кераклигини аниқлайди, ҳатто тарафлар бу ҳолатларни далил қилиб келтирмаган бўлсалар ҳам, уларни муҳокамага қўяди.

Далиллар тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан тақдим этилади. Суд уларга қўшимча далиллар тақдим қилишни таклиф этиши мумкин. Агар қўшимча далиллар тақдим этиш тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар учун қийинчилик туғдирса, суд уларнинг илтимосномасига кўра далиллар тўплашда уларга ёрдам кўрсатади.


58-модда. Далилларнинг дахлдорлиги


Суд фақат иш учун аҳамиятга эга бўлган далилларнигина кўришга қабул қилади.

Суднинг далиллар қабул қилишни ёки талаб қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрими асослантирилган бўлиши лозим.


59-модда. Исботлаш воситаларига йўл қўйилиши


Қонун бўйича ишнинг муайян исботлаш воситалари билан тасдиқланиши лозим бўлган ҳолатларини бошқа ҳеч қандай исботлаш воситалари билан тасдиқлаш мумкин эмас.


60-модда. Исботлашдан озод қилиш асослари


Суд ҳаммага маълум деб топган ҳолатлар исботлашга муҳтож эмас.

Бир фуқаролик иши бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган фактлар ўша шахслар иштирок этаётган бошқа фуқаролик ишларини кўраётганда янгидан исбот қилинмайди.

Жиноят иши бўйича қонуний кучга кирган суд ҳукми суд томонидан ҳукм этилган шахс ҳаракатларининг фуқаролик-ҳуқуқий оқибатлари тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган суд учун фақат шу ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар мазкур шахс томонидан содир этилган ёки этилмаганлиги масалалари юзасидангина мажбурийдир.


61-модда. Далилларни таъминлаш


Ўзлари учун зарур бўлган далилларни кейинчалик тақдим этиш мумкин бўлмай қолади ёки қийинлашади дейишга асоси бўлган шахслар ариза беришидан олдин ҳам, кейин ҳам судьядан бу далилларни таъминлашни илтимос қилишлари мумкин.

Хорижий давлатларнинг органларида иш юритиш учун зарур далиллар билан таъминлаш давлат нотариал идоралари томонидан амалга оширилади.


62-модда. Далилларни таъминлаш тўғрисидаги ариза


Далилларни таъминлаш тўғрисидаги ариза далилларни таъминлаш билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар амалга оширилиши керак бўлган ҳудудда фаолият олиб бораётган судга берилади.

Аризада таъминланиши зарур бўлган далиллар, бу далиллар билан тасдиқланиши керак бўлган ҳолатлар, далилларни таъминлаш тўғрисида аризачини илтимос билан мурожаат қилишга ундаган сабаблар, шунингдек таъминланадиган далиллар зарур бўлган ёки улар кейинчалик асқотиши мумкин бўлган иш кўрсатилиши керак.



63-модда. Далилларни таъминлаш тартиби


Далилларни таъминлаш ушбу Кодексда белгиланган далилларни тўплаш ва текшириш қоидалари бўйича суд томонидан амалга оширилади. Аризачи ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга далилларни таъминлаш вақти ва жойи ҳақида маълум қилинади, бироқ уларнинг келмаслиги далилларни таъминлаш ҳақидаги ариза кўриб чиқилишига тўсқинлик қилмайди. Кечиктириш, шунингдек кейинчалик аризачи билан кимнинг ўртасида низо келиб чиқишини аниқлаш мумкин бўлмаган ҳолларда, далилларни таъминлаш фақат биргина аризачининг ўзини хабардор қилиш йўли билан амалга оширилади.

Далилларни таъминлаш тартибида тарафларнинг, учинчи шахсларнинг тушунтиришлари эшитилади, гувоҳлар сўроқ қилинади, экспертиза тайинланади, ёзма ва ашёвий далиллар талаб қилиб олинади ёки кўздан кечирилади, жойга бориб кўздан кечириш ўтказилади.

Далилларни таъминлаш тартибида тўпланган барча материаллар ишни кўраётган судга юборилади ёки аризачига берилади.


64-модда. Далилларни таъминлаш масалалари

бўйича чиқарилган ажрим устидан шикоят қилиш


Далилларни таъминлаш тўғрисидаги суд ажрими устидан шикоят қилиш мумкин эмас.

Далилларни таъминлашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят бериш ёки унга нисбатан хусусий протест келтириш мумкин.



65-модда. Суд топшириқлари


Ишни кўраётган суд далилларни бошқа туман ёки шаҳарда тўплаш зарур бўлган тақдирда, тегишли судга муайян процессуал ҳаракатларни амалга оширишни топширади.

Суд топшириғи ажрим билан расмийлаштирилиб, унда кўрилаётган ишнинг моҳияти, аниқланиши зарур бўлган ҳолатлар, топшириқни бажарадиган суд тўплаши лозим бўлган далиллар кўрсатилади. Бу ажрим қайси суд номига ёзилган бўлса, ўша суд учун мажбурий бўлиб, ўн беш кунлик муддат ичида бажарилиши лозим.


66-модда. Суд топшириғини бажариш тартиби


Суд топшириғини бажариш суд мажлисида ушбу Кодексда белгиланган қоидаларга биноан амалга оширилади. Ишда иштирок этаётган шахсларга мажлис вақти ва жойи тўғрисида маълум қилинади, бироқ уларнинг келмаслиги топшириқни бажаришга тўсқинлик қилмайди.

Суд топшириғи тартибида тарафлар ва учинчи шахслар ёхуд улар қонуний вакилларининг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечириш ҳамда текшириш орқали аниқланадиган фактик маълумотлар тўпланиши мумкин.

Баённомалар ва топшириқни бажариш вақтида тўпланган материаллар ишни кўриб чиқаётган судга дарҳол юборилади.

Агар топшириқни бажараётган судга тушунтиришлар ёхуд кўрсатувлар берган ишда иштирок этувчи шахслар ёки гувоҳлар ишни кўраётган судга келсалар, улар умумий тартибда тушунтиришлар ёки кўрсатувлар берадилар.


67-модда. Далилларга баҳо бериш


Суд далилларга ишнинг ҳамма ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда, ҳар тарафлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқиш асосида ички ишонч бўйича баҳо беради.

Ҳар бир далил ишга дахлдорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан, далилларнинг ҳаммаси эса, етарли даражада тўпланган ёки тўпланмаганлиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.

Агар текшириш натижасида далилнинг ҳақиқатга тўғри келиши аниқланса, у ишончли деб эътироф этилади.

Ҳеч қандай далил суд учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас.


68-модда. Тарафлар ва учинчи шахсларнинг тушунтиришлари


Тарафлар ва учинчи шахсларнинг ҳамда улар қонуний вакилларининг ўзларига маълум ва иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар тўғрисидаги тушунтиришлари иш юзасидан тўпланган бошқа далиллар қатори текширилиши ва баҳоланиши лозим.

Тарафлардан бири ўзининг талаблари ёки эътирозларига асос қилиб олган фактларни бошқа тарафнинг тан олиши биринчи тарафни бу фактлар исботини давом эттириш заруриятидан озод қилади. Агар муайян факт хусусида суднинг шубҳаси бўлса, бу факт умумий асосларга кўра исботланиши лозим.

Фактни тан олиш суд мажлисининг баённомасига киритилади ва тан олган тараф уни имзолайди. Агар фактни тан олиш ёзма аризада баён этилган бўлса, мазкур ариза ишга қўшиб қўйилади.


69-модда. Гувоҳлар


Ишга доир бирор ҳолатдан хабардор бўлган ҳар қандай шахс гувоҳ бўла олади.

Қуйидагилар гувоҳ сифатида чақирилиши ва сўроқ қилиниши мумкин эмас:

1) вакил ёки ҳимоячи вазифаларини бажаришлари муносабати билан ўзларига маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида - фуқаролик ишлари бўйича вакиллар ёки жиноят ишлари бўйича ҳимоячилар;

2) жисмоний ёки руҳий нуқсонлари сабабли фактларни тўғри идрок қилишга ёки улар ҳақида тўғри кўрсатув беришга лаёқатсиз шахслар.


70-модда. Гувоҳ чақириш тўғрисидаги илтимоснома


Гувоҳ чақириш ҳақида илтимоснома тақдим этувчи шахс гувоҳнинг иш учун аҳамиятли бўлган қандай ҳолатларни тасдиқлай олишини кўрсатиши, исми, отасининг исми ва фамилиясини ҳамда яшаш ёки ишлаш жойини судга маълум қилиши шарт.



71-модда. Гувоҳнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги


Гувоҳ сифатида чақирилган шахс судга келиши ва тўғри кўрсатув бериши шарт.

Била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлик, суд узрсиз деб топган сабабларга кўра кўрсатув беришни рад этганлик ёки ундан бўйин товлаганлик учун гувоҳ Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238 ва 240-моддаларига мувофиқ жавобгар бўлади.



72-модда. Гувоҳларни турар жойларида сўроқ қилиш


Ишни кўраётган суд жойлашган ердан ташқарида доимий яшайдиган ва узрли сабабларга кўра суд мажлисига келиш имконига эга бўлмаган гувоҳлар суднинг ташаббуси билан, тарафлар ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимоси ёхуд гувоҳнинг ўзи қилган илтимос бўйича ишни кўраётган суднинг топшириғига биноан, ўзлари яшаб турган жойдаги суд томонидан сўроқ қилиниши мумкин. Бу гувоҳлар ишни кўраётган суд мажлисига келсалар, суд томонидан сўроқ қилинадилар.


73-модда. Ёзма далиллар

Ёзма далиллар иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар баён этилган ҳужжатлардан, хизматга дахлдор ва шахсий ёзишмалардан, шу жумладан факс, электрон ёки ўзга алоқа воситасида ёхуд ҳужжатнинг тўғрилигини аниқлаш имконини берувчи бошқа усулда олинган ҳужжатлардан иборат бўлади.


74-модда. Ёзма далиллар тақдим этиш ва талаб қилиб олиш


Ёзма далил тақдим этувчи шахс далил билан иш учун аҳамиятли бўлган қандай ҳолатларни аниқлаш мумкин эканлигини кўрсатиши, талаб қилиб олиш ҳақида илтимоснома тақдим этилганда эса, бу қандай далил эканлигини кўрсатиши ва ёзма далил муайян шахсда деб ҳисоблаши учун қандай асоси борлигини ҳам баён этиши шарт.

Суд давлат органлари, ташкилотлар ёки фуқаролардан талаб қилган ёзма далиллар бевосита судга юборилади.

Суд ёзма далилни талаб қилиб олиш ҳақида илтимоснома тақдим этган шахсга шу далилни судга тақдим этиш учун олиш ҳуқуқини берадиган сўров хати ҳам топшириши мумкин.


75-модда. Ёзма далилларни тақдим этиш мажбурияти


Ишда иштирок этмаётган ташкилотлар ва фуқаролар суд талаб қилган ёзма далилларни тақдим этиш имконига эга бўлмасалар, буни судга маълум қилиб, сабабини кўрсатишлари шарт.

Судга маълум қилинмаган тақдирда, шунингдек ёзма далил тақдим этиш узрли сабабсиз рад қилинган тақдирда, суд бунда айбдор бўлган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига, шунингдек фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солиши мумкин.

Жарима солиш тегишли мансабдор шахсларни ва фуқароларни суд талаб қилаётган ёзма далилни тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди.



76-модда. Ёзма далилларнинг аслини тақдим қилиш


Қоида тариқасида, ёзма далилларнинг асли тақдим қилинади. Агар ҳужжатнинг нусхаси тақдим этилган бўлса, суд зарурат туғилса, ҳужжатнинг аслини тақдим этишни талаб қилишга ҳақли.


77-модда. Ёзма далилларни улар сақланаётган жойда

кўздан кечириш ва текшириш


Ёзма далилларни судга тақдим этиш қийин бўлса, масалан, улар ниҳоятда кўп бўлса ёки улардан фақат бир қисми иш учун аҳамиятли бўлса, суд уларнинг тегишли равишда тасдиқланган кўчирмасини талаб қилиши ёки далилларни улар сақланаётган жойда кўздан кечириши ва текшириши мумкин.



78-модда. Ҳужжатларнинг аслини қайтариш


Ишдаги ҳужжатнинг асли уни тақдим этган шахснинг илтимосига кўра суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин қайтариб берилиши мумкин, бундай ҳолда ишда ҳужжатнинг судья томонидан тасдиқланган нусхаси қолдирилади.



79-модда. Ашёвий далиллар


Ишни мазмунан ҳал қилиш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлаш воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган нарсалар ашёвий далиллар ҳисобланади.

Ашёвий далилни тақдим этувчи ёки талаб қилиб олишни илтимос қилаётган шахс шу далил орқали иш учун аҳамиятли бўлган қандай ҳолатларни аниқлаш мумкинлигини кўрсатиши шарт.


80-модда. Ашёвий далилларни талаб қилиб олиш

ва тақдим этиш тартиби


Ишда иштирок этувчи ёки иштирок этмаётган шахслардан далил сифатида бирор ашёни талаб қилиб олиш ҳақида судга илтимоснома тақдим этувчи шахс шу ашёни таърифлаб бериши ва бу ашё у ёки бу шахсда деб ҳисоблаш учун қандай асослари борлигини баён этиши лозим.

Суд ташкилотлар ва фуқаролардан талаб қилган ашёвий далиллар бевосита судга юборилади.

Суд ашёвий далилни талаб қилиб олиш ҳақида илтимоснома тақдим этган шахсга шу далилни судга тақдим этиш учун олиш ҳуқуқини берадиган сўров хати ҳам топшириши мумкин.



81-модда. Ашёвий далилларни тақдим этиш мажбурияти


Ишда иштирок этмаётган ташкилотлар ва фуқаролар талаб қилинаётган ашёни тақдим этиш ёки суд белгилаган муддатда келтириш имконига эга бўлмасалар, буни судга маълум қилиб, сабабини кўрсатишлари шарт.

Судга маълум қилинмаган тақдирда, шунингдек суднинг ашёни тақдим этиш тўғрисидаги талаби суд узрсиз деб топган сабабларга кўра бажарилмаган тақдирда, бунда айбдор бўлган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига ва фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.

Жарима солиш тегишли мансабдор шахсларни ва фуқароларни суд талаб қилаётган ашёни тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди.



82-модда. Тез бузиладиган ашёвий далилларни кўздан кечириш


Озиқ-овқатлар ва тез бузиладиган бошқа ашёлар ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда, суд томонидан дарҳол кўздан кечирилади. Бундай ашёлар кўздан кечирилганидан кейин кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга қайтарилади ёхуд улардан ўз ўрнида фойдаланиши мумкин бўлган бошқа шахсларга топширилади. Ашё бошқа шахсга берилган тақдирда унинг эгасига ўша хил ва ўша сифатдаги буюмлар ёки қайтариш вақтидаги баҳоси бўйича уларнинг қиймати қайтариб берилиши керак.



83-модда. Ашёвий далилларни сақлаш ва қайтариб бериш


Ашёвий далиллар суднинг ажримига биноан ишга қўшиб қўйилади ва ишда сақланади ёки алоҳида рўйхат қилиниб, суднинг ашёвий далиллар сақланадиган хонасига топширилади.

Судга келтириб бўлмайдиган ашёлар турган жойида сақланади. Улар батафсил таърифланиши, сурғучланган, зарур ҳолларда эса, фото ёки видео суратга ҳам олинган бўлиши лозим.

Ашёвий далиллар суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга қайтариб берилади ёки суд шу ашёларга кимнинг ҳуқуқи бор деб топган бўлса, ўша шахсларга берилади.

Айрим ҳолларда суд ашёвий далилларни кўздан кечириб ва текшириб чиққанидан кейин башарти, ашёвий далилларни тақдим этган шахслар уларни қайтариб бериш ҳақида илтимоснома тақдим этган бўлсалар ва бундай илтимосномани қаноатлантириш ишни кўриш ва ҳал қилув қарорини ижро этиш учун зарар келтирмаса, иш тамом бўлгунига қадар улар кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга қайтариб берилиши мумкин.

Қонун бўйича фуқароларнинг эгалигида туриши мумкин бўлмаган буюмлар тегишли ташкилотларга топширилади.


84-модда. Экспертиза

Ишни кўриш вақтида келиб чиққан, фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириш учун суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосига кўра ёки ўз ташаббуси билан экспертиза тайинлаши мумкин.

Экспертиза судда ўтказилади ёки текширишнинг хусусияти тақозо этса ёхуд текшириладиган буюмни судга келтиришнинг имкони бўлмаса ёки келтириш қийин бўлса, суддан ташқарида ўтказилади.

Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримда қандай масалалар бўйича экспертларнинг хулосаси талаб қилинаётганлиги ва экспертиза ўтказиш кимга топширилаётганлиги кўрсатилган бўлиши лозим.

Экспертларни тайинлашда суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрини эътиборга олади.

84-1-модда. Эксперт

Хулоса бериш учун зарур фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларга эга бўлган жисмоний шахс эксперт сифатида тайинланиши мумкин.

Эксперт сифатида давлат суд-экспертиза муассасаси эксперти, бошқа корхона, муассаса, ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс иштирок этиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, шунингдек қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар эксперт сифатида жалб этилиши мумкин эмас.


85-модда. Экспертларнинг хулосаси талаб

қилинадиган масалалар доирасини белгилаш


Ишда иштирок этувчи шахслар экспертлар томонидан тушунтирилиши лозим бўлган масалаларни судга тақдим этишга ҳақли.

Экспертларнинг хулосаси талаб қилинадиган масалалар доирасини суд узил-кесил белгилайди. Суд таклиф қилинган масалаларни рад қилса, буни асослаб бериши шарт.


86-модда. Экспертнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги


Эксперт: ушбу Кодекснинг 25 ва 26-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ўзини ўзи рад этиши ҳақида дарҳол арз қилиши; ўзига тақдим этилган текшириш объектларини ҳар томонлама ва тўлиқ текширишдан ўтказиши, ўз олдига қўйилган саволлар юзасидан асосли ва холисона ёзма хулоса бериши; суднинг чақирувига биноан суд мажлисида шахсан иштирок этиш учун келиши; ўзи ўтказган экспертиза хусусида кўрсатувлар бериши ва ўзи берган хулосани тушунтириш учун қўшимча саволларга жавоб бериши; экспертизани ўтказиши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги; тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материалларининг сақланишини таъминлаши; суд муҳокамаси вақтида тартибга риоя қилиши шарт.

Агар эксперт суд узрсиз деб топган сабабларга кўра суднинг чақируви бўйича келмаса, унга энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солинади.

Била туриб ёлғон хулоса берганлик, суд узрсиз деб топган сабабга кўра шунингдек хулоса беришни рад этганлик ёки бу ишдан бўйин товлаганлик учун эксперт Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишинча 238 ва 240-моддалари бўйича жавобгар бўлади.


87-модда. Экспертнинг ҳуқуқлари

Эксперт: экспертиза предметига оид иш материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки кўчирма нусхалар олиш; жойида кўздан кечиришда иштирок этиш ва экспертизани ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ва текшириш объектлари тақдим этилиши ҳақида илтимосномалар бериш; суд муҳокамасида экспертиза предметига оид далилларни текширишда иштирок этиш ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга ва гувоҳларга суднинг рухсати билан саволлар бериш; ашёвий далиллар ва ҳужжатларни кўздан кечириш; ўз хулосасида нафақат ўзининг олдига қўйилган саволлар бўйича, балки экспертиза предметига оид ва иш учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам фикрларини баён этиш; унинг хулосаси ёки кўрсатувлари ишда иштирок этувчи шахслар ва гувоҳлар томонидан нотўғри талқин қилинганлиги хусусида суд мажлиси баённомасига киритилиши лозим бўлган баёнотлар бериш; агар у суд муҳокамаси юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида хулоса тақдим этиш ва кўрсатувлар бериш ҳамда бундай ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш; агар ишни юритаётган суднинг қарорлари, судьянинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) экспертнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган бўлса, бу қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.

Агар эксперт қўйилган саволларни унинг махсус билимлари асосида ҳал қилиш мумкин бўлмаслигига ёки унга тақдим этилган текшириш объектларининг ёхуд материалларнинг яроқсизлигига ёки хулоса бериш учун етарли эмаслигига ва уларни тўлдириб бўлмаслигига ёхуд фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати қўйилган саволларга жавоб топиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилса, у хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган ҳужжат тузади ҳамда уни экспертизани тайинлаган судга юборади.


88-модда. Экспертнинг ёки экспертлар

комиссиясининг хулосаси

Эксперт ёки экспертлар комиссияси текширишларни ўтказиб бўлганидан кейин тегишинча эксперт ёхуд экспертлар комиссияси таркибига кирувчи ҳар бир эксперт имзоси билан тасдиқланадиган хулоса тузади.

Суд экспертга ўз хулосасини оғзаки тушунтириб беришни таклиф қилиш ҳуқуқига эга. Оғзаки тушунтириш суд мажлисининг баённомасига киритилади, экспертга ўқиб берилади ва эксперт томонидан имзоланади.

Хулосада: экспертиза ўтказилган сана ва жой; экспертизани ўтказиш асоси; экспертизани тайинлаган судья тўғрисида маълумотлар; эксперт (фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, ихтисослиги, иш стажи, илмий даражаси, илмий унвони, эгаллаб турган лавозими) ва экспертизани ўтказиш топширилган ташкилот ҳақида маълумотлар; экспертнинг била туриб нотўғри хулоса берганлиги, хулоса беришни рад этганлиги ёки бу ишдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилганлиги; экспертнинг олдига қўйилган саволлар; экспертга тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материаллари; экспертиза ўтказилаётганда ҳозир бўлган шахслар ҳақида маълумотлар; қўлланилган усуллар кўрсатилган ҳолда текширишларнинг мазмуни ва натижалари, шунингдек бу текширишлар, агар экспертлар комиссияси ишлаган бўлса, ким томонидан ўтказилганлиги; текшириш натижаларининг баҳоланиши, қўйилган саволларга берилган асосли жавоблар; иш учун аҳамиятга молик бўлган ва экспертнинг ташаббусига кўра аниқланган ҳолатлар кўрсатилиши лозим.

Хулосани ва унинг натижаларини тасвирловчи материаллар ушбу хулосага илова қилинади ҳамда унинг таркибий қисми бўлиб хизмат қилади. Текширишнинг олиб борилиши, шарт-шароитлари ва натижаларини ҳужжатлаштирадиган материаллар давлат суд-экспертиза муассасасида ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилотда қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда сақланади. Улар экспертизани тайинлаган суднинг талабига биноан ишга қўшиб кўйиш учун тақдим этилади.

Агар тақдим этилган текшириш объектларининг, материалларнинг ёки экспертнинг махсус билимлари етарли эмаслиги текшириш давомида маълум бўлиб қолса, хулоса айрим қўйилган саволларга жавоб беришни рад этиш асосини ўз ичига олган бўлиши лозим.

Текшириш тугаганидан сўнг хулоса, текшириш объектлари ва иш материаллари экспертизани тайинлаган судга юборилади.

Суднинг хулосага қўшилмаганлиги иш юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарорида ёки ажримда асослаб берилган бўлиши лозим.


89-модда. Экспертизанинг экспертлар

комиссияси томонидан ўтказилиши

Экспертиза бир хил (комиссиявий экспертиза) ёки турли хил (комплекс экспертиза) суд-эксперт ихтисослигидаги бир неча эксперт томонидан ўтказилиши мумкин.

Экспертизанинг экспертлар комиссияси томонидан ўтказилиши экспертизани тайинлаган суд ёки мазкур экспертизанинг ўтказилишини ташкил этувчи давлат суд-экспертиза муассасаси ёхуд бошқа корхона, муассаса, ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.

Экспертизани ўгказиш топширилган экспертлар комиссияси ўз олдига қўйилган масалаларни ҳал этиш зарурлигидан келиб чиқиб, ўтказиладиган текширишларнинг мақсади, кетма-кетлиги ва ҳажмини келишиб олади.

Экспертизани ўтказиш топширилган экспертлар комиссияси таркибидаги ҳар бир эксперт текширишларни мустақил ва алоҳида олиб боради, шахсан ўзи ва комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан олинган натижаларни баҳолайди ҳамда қўйилган саволлар юзасидан ўз махсус билимлари доирасида фикрларини шакллантиради.

Текширишларнинг экспертлар комиссияси таркибига киритилмаган шахслар томонидан тўлиқ ёки қисман ўтказилишига йўл қўйилмайди.

89-1-модда. Комиссиявий экспертиза

Комиссиявий экспертиза ўтказилаётганда экспертларнинг ҳар бири текширишларни тўлиқ ҳажмда ўтказади ва улар олинган натижаларни биргаликда таҳлил қилади.

Экспертлар умумий фикрга келганидан сўнг биргаликдаги хулосани ёки хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги ҳужжатни тузади ва имзолайди.

Экспертлар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.

89-2-модда. Комплекс экспертиза

Комплекс экспертиза иш учун аҳамиятга молик ҳолатларни турли илм соҳаларидан фойдаланган ҳолда бир неча текшириш ўтказиш йўли билангина аниқлаш мумкин бўлган ҳолларда тайинланади.

Комплекс экспертизани ўтказишда экспертларнинг ҳар бири ўз ваколати доирасида текширишлар олиб боради. Комплекс экспертизанинг хулосасида экспертларнинг ҳар бири қайси текширишларни ва қанча ҳажмда олиб борганлиги, қайси ҳолатларни шахсан ўзи аниқлаганлиги ҳамда қандай фикрларга келганлиги кўрсатилади. Экспертларнинг ҳар бири хулосанинг ушбу текширишлар баён этилган қисмини имзолайди ва улар учун жавобгар бўлади.

Умумий фикрни (фикрларни), олинган натижаларни баҳолашга ва ушбу фикрни (фикрларни) шакллантиришга ваколатли бўлган экспертлар қилади. Агар экспертлар комиссияси якуний фикрининг ёки унинг бир қисмининг асоси сифатида экспертлардан бирининг (алоҳида экспертларнинг) аниқлаган ҳолатлари олинган бўлса, бу ҳақда хулосада кўрсатилиши керак.

Экспертлар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.

Агар комплекс экспертизани ўтказиш давлат суд-экспертиза муассасасига топширилган бўлса, унда ушбу экспертизани ташкил қилиш унинг раҳбари зиммасига юклатилади.


90-модда. Судда мутахассиснинг иштирок этиши


Судга ёки суд мажлиси иштирокчиларига далилларни текширишда фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билим ва малака талаб қилинган ҳолларда, судда ишни кўришда иштирок этиш учун мутахассис таклиф қилинади.

Суднинг мутахассис чақириш ҳақидаги талаби мутахассис ишлаб турган ташкилот раҳбари учун мажбурийдир.



91-модда. Мутахассиснинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари


Мутахассис ўзининг нима мақсадда судга чақирилаётганини билиш, агар зиммасига юклатилган вазифани бажариш учун зарур билим ва малакага эга бўлмаса, ишни юритишда қатнашишдан бош тортиш ҳуқуқига эга.

Мутахассис суднинг чақируви бўйича келиши, ишни кўришда қатнашиши, фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасидаги билим ва малакасига асосланиб, ўз фикрини билдириши шарт.

Агар мутахассис суд узрсиз деб топган сабабларга кўра суд чақируви бўйича келмаса, унга энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.


7-БОБ. ИШ ЮРИТИШНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ


92-модда. Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш мажбурияти


Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туриши шарт:

1) агар ишда тараф бўлган фуқаро вафот этиб, низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўйса ёки ишда тараф бўлган юридик шахс қайта ташкил этилса;

2) фуқаро (тараф) муомала лаёқатини йўқотса;

3) жавобгар Қуролли Кучларнинг ҳаракатдаги қисмида бўлса ёки Қуролли Кучларнинг ҳаракатдаги қисмида бўлган даъвогар илтимос қилса;

4) фуқаровий, жиноий ёки маъмурий суд ишларини юритиш тартибида кўрилаётган бошқа иш ҳал қилинмасдан олдин кўришнинг имкони бўлмаса.


93-модда. Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш ҳуқуқи


Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимоси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туришга ҳақли:

1) тараф Қуролли Кучлар таркибида муддатли ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган бўлса ёки мазкур шахслар давлатнинг бирорта мажбуриятини бажариш учун жалб қилинган бўлса;

2) тараф даволаш муассасасида бўлса, шунингдек тарафлардан бирида судга келишга тўсқинлик қиладиган, тиббиёт муассасасининг маълумотномаси билан тасдиқланган касаллик мавжуд бўлса;

3) ушбу Кодекснинг 140-моддасида назарда тутилган ҳолларда жавобгар қидирилаётган бўлса;

4) тараф узоқ муддатли хизмат сафарида бўлса ёки бошқа узрли сабабга кўра йўқ бўлса;

5) суд томонидан экспертиза тайинланган бўлса;

6) ушбу Кодекснинг 65 ва 390-моддаларига мувофиқ суд томонидан суд топшириғи юборилган бўлса.


94-модда. Иш юритишни тўхтатиб туриш вақти


Иш юритиш қуйидаги вақтга қадар тўхтатиб турилади:

1) ушбу Кодекснинг 92-моддаси 1 ва 2-бандларида назарда тутилган ҳолларда - ҳуқуқий ворис ишга киришгунига ёки ишга жалб қилингунига қадар ёхуд муомалага лаёқатсиз шахсга қонуний вакил тайинлангунига қадар;

2) ушбу Кодекснинг 92-моддаси 3-бандида назарда тутилган ҳолларда - тараф Қуролли Кучларнинг ҳаракатдаги қисмида бўлиши тугагунига қадар;

3) ушбу Кодекснинг 92-моддаси 4-бандида назарда тутилган ҳолларда - суднинг ҳал қилув қарори ёки ҳукми қонуний кучга киргунига қадар ёки маъмурий тартибда кўрилаётган иш бўйича қарор чиқарилгунига қадар;

4) ушбу Кодекснинг 93-моддаси 1-бандида назарда тутилган ҳолларда - тегишлича, тарафнинг Қуролли Кучлар таркибида муддатли ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлиши тугагунига ёки мазкур шахслар давлат мажбуриятини бажариб бўлгунига қадар;

5) ушбу Кодекснинг 93-моддаси 2-бандида назарда тутилган ҳолларда - тараф даволаш муассасасидан чиққунига ёки тарафнинг судга келишига тўсқинлик қилаётган касаллик тузалгунига қадар;

6) ушбу Кодекснинг 93-моддаси 3-бандида назарда тутилган ҳолларда - жавобгарни қидириш тамом бўлгунига қадар;

7) ушбу Кодекснинг 93-моддаси 4-бандида назарда тутилган ҳолларда - тараф қайтгунига қадар;

8) ушбу Кодекснинг 93-моддаси 5-бандида назарда тутилган ҳолларда - экспертиза ўтказиш тугагунига қадар;

9) ушбу Кодекснинг 93-моддаси 6-бандида назарда тутилган ҳолларда - суд топшириғини ижро этиш бўйича ҳаракатлар тугагунига қадар.


95-модда. Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш

тўғрисидаги ажрими устидан шикоят қилиш


Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажрими устидан хусусий шикоят қилиниши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.



96-модда. Иш юритишни тиклаш


Иш юритиш уни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар барҳам топгач, ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига мувофиқ ёки суднинг ташаббуси билан тикланади.

Иш юритиш тикланганида суд ишда иштирок этувчи шахсларни умумий асосларда чақиради.



8-БОБ. АРИЗАНИ КЎРМАСДАН ҚОЛДИРИШ


97-модда. Аризани кўрмасдан қолдириш асослари


Суд қуйидаги ҳолларда аризани кўрмасдан қолдиради:

1) ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса;

2) манфаатдор шахс номидан аризани иш юритишга ваколати бўлмаган шахс берган бўлса;

3) суд айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан иш юритаётган бўлса;

4) ишни ўзларининг иштирокисиз кўришни илтимос қилмаган тарафлар иккинчи чақирув бўйича ҳам узрли сабабларсиз судга келмасалар, суд эса ишга оид мавжуд материаллар асосида ишни ҳал қилиш мумкин эмас, деб ҳисобласа;

5) ишни ўзининг иштирокисиз кўришни илтимос қилмаган даъвогар иккинчи чақирув бўйича судга келмаса, жавобгар эса, ишни мазмунан кўришни талаб қилмаса.


98-модда. Суд ажримининг мазмуни


Ариза кўрмасдан қолдирилган ҳолларда иш юритиш суднинг ажримига биноан тамомланади. Бу ажримда суд ишнинг ҳал этилишига тўсқинлик қилаётган, ушбу Кодекснинг 97-моддасида санаб ўтилган ҳолатларни бартараф этиш йўлларини кўрсатиши шарт.



99-модда. Аризани кўрмасдан қолдиришнинг оқибатлари


Аризани кўрмасдан қолдиришга асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин манфаатдор шахс судга ариза билан яна умумий тартибда мурожаат қилишга ҳақли.

Агар тарафлар суд мажлисига узрли сабабларга кўра кела олмаганликларини тасдиқловчи далилларни тақдим этсалар, даъвогар ёки жавобгарнинг илтимосномасига биноан суд ушбу Кодекс 97-моддасининг 4 ва 5-бандларига асосан аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида чиқарган ўз ажримини бекор қилади. Суднинг бундай илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ва хусусий протест келтирилиши мумкин.


9-БОБ. ИШ ЮРИТИШНИ ТУГАТИШ


100-модда. Иш юритишни тугатиш асослари


Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тугатади:

1) иш судга тааллуқли бўлмаса;

2) айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечишини қабул қилиш тўғрисидаги ёхуд тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса;

3) даъвогар арз қилган талабларидан воз кечган ва суд бу воз кечишни қабул қилган бўлса;

4) тарафлар келишув битими тузган бўлсалар ва у суд томонидан тасдиқланган бўлса;

5) ишни судда кўришга тайёрлаш вақтида жавобгар даъвогарнинг талабларини тан олган бўлса ва бу тан олиш судья томонидан қабул қилинган бўлса;

6) тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида ҳакамлик битими тузилган бўлса;

7) иш бўйича тарафлардан бири бўлган фуқаронинг вафотидан сўнг низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.


101-модда. Иш юритишни тугатиш тартиби


Иш юритиш суднинг ажримига биноан тугатилади. Агар иш юритиш ишнинг судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли тугатилса, суд аризачи қайси органга мурожаат қилиши кераклигини кўрсатиши шарт.


102-модда. Иш юритишни тугатиш оқибатлари


Иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан судга иккинчи марта мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.


10-БОБ. СУД ХАРАЖАТЛАРИ


103-модда. Суд харажатларининг турлари


Суд харажатлари давлат божи ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан иборатдир.


104-модда. Давлат божи


Судларга даъво аризалари, органлар ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоятлар, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича аризалар, судларнинг ҳал қилув қарорлари устидан апелляция кассация тартибида шикоятлар ва назорат тартибида протест келтириш тўғрисида аризалар, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисида аризалар, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида аризалар берганлик учун, шунингдек судлар томонидан ҳужжатларнинг нусхалари берилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ундирилади.


105-модда. Даъвонинг баҳоси


Даъвонинг баҳоси қуйидагича белгиланади:

1) пул ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича - ундириладиган суммага қараб;

2) мулк талаб қилиш тўғрисидаги даъволар бўйича - даъво қилинаётган мулкнинг қийматига қараб;

3) бир қанча мустақил талаблардан иборат даъволар бўйича - ҳамма талабларнинг умумий суммасига қараб;

4) алимент ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича - бир йиллик тўловларнинг йиғиндисига қараб;

5) муддатли тўловлар ва пул бериш тўғрисидаги даъволар бўйича - тўловларнинг ёки бериладиган пулларнинг йиғиндисига қараб, лекин кўпи билан уч йиллик йиғиндисига қараб;

6) муддатсиз ёки умрбод тўловлар ва пул бериш тўғрисидаги даъволар бўйича - тўловларнинг ёки пулларнинг уч йил ичидаги йиғиндисига қараб;

7) тўловларни ёки пул беришни камайтириш ёхуд кўпайтириш тўғрисидаги даъволар бўйича - тўловлар ёки бериладиган пуллар камайтириладиган ёки кўпайтириладиган суммага, лекин кўпи билан бир йиллик суммага қараб;

8) тўловларни ёки пул беришни тўхтатиш тўғрисидаги даъволар бўйича - қолган тўловлар ёки пуллар йиғиндисига, лекин кўпи билан бир йиллик йиғиндисига қараб;

9) мулк ижараси шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш ҳақидаги даъволар бўйича - шартнома амал қилишининг қолган муддатида мулкдан фойдаланиш учун тўланадиган тўловларнинг, лекин кўпи билан уч йил ичидаги тўловларнинг йиғиндисига қараб;

10) хусусий мулк ҳуқуқи асосида фуқароларга тегишли иморатларга эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги даъволар бўйича - иморатнинг ҳақиқий қийматига қараб, лекин бу миқдор инвентаризация баҳосидан, инвентаризация баҳоси бўлмаганида эса, мажбурий суғурта баҳосидан кам бўлмаслиги керак, ташкилотларга қарашли иморатларга доир даъволар бўйича эса, иморатларнинг ҳақиқий баҳосидан кам бўлмаслиги керак.


106-модда. Даъвонинг баҳосини белгилаш тартиби


Даъвонинг баҳоси даъвогар томонидан кўрсатилади. Даъвогар кўрсатган баҳо даъво қилинаётган мулкнинг ҳақиқий қийматига мувофиқ эмаслиги яққол бўлса, даъвонинг баҳосини судья белгилайди.

Даъво қўзғатилган вақтда унинг баҳосини белгилаш қийин бўлса, давлат божининг миқдорини судья дастлабки тарзда белгилайди ва кейинчалик ишни ҳал қилиш вақтида суд белгилаган даъво баҳосига мувофиқ, божнинг кам қисми ундирилади ёки ортиқча олинган қисми қайтарилади.


107-модда. Даъвонинг баҳоси ўзгартирилганда

давлат божини ҳисоблаш


Даъвогар ўзининг талабларини камайтирган, арз қилган талабларидан воз кечган, тарафлар ишни келишув битими билан тамомлаган ҳолларда тўланган бож қайтарилмайди.

Арз қилинган талаблар кўпайтирилганда етишмаган сумма даъвонинг кўпайтирилган баҳосига мувофиқ равишда қўшимча тарзда тўланади.



108-модда. Давлат божини қайтариб бериш


Тўланган давлат божи қуйидаги ҳолларда қисман ёки тўла қайтарилиши керак:

1) қонун ҳужжатлари бўйича талаб қилинганидан ортиқ бож тўланган бўлса;

2) аризани (шикоятни) қабул қилиш рад этилган бўлса;

3) аризалар (шикоятлар) ушбу Кодекснинг 154-моддасида назарда тутилган асослар бўйича даъвогарга қайтариб берилса;

4) иш судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли (ушбу Кодекс 100-моддасининг 1-банди) ишни юритиш тугатилган бўлса;

5) ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилганлиги сабабли (ушбу Кодекс 97-моддасининг 1-банди) кўрмасдан қолдирилган бўлса.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида назарда тутилган ҳолларда давлат божининг ортиқча тўланган қисми қайтариб берилади.

Давлат божини қайтариш суднинг ажрими асосида молия органлари томонидан амалга оширилади.



109-модда. Ишни кўриш билан боғлиқ бўлган чиқимлар


Ишни кўриш билан боғлиқ бўлган чиқимларга қуйидагилар киради:

1) гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалар;

2) жойга бориб кўздан кечириш билан боғлиқ бўлган харажатлар;

3) ушбу Кодекснинг 140-моддасида назарда тутилган ҳолларда, жавобгарни қидириш учун қилинган харажатлар;

4) суднинг ҳал қилув қарорини ижро этиш билан боғлиқ харажатлар.


110-модда. Суд харажатларини тўлашдан озод қилиш


Давлат божини тўлашдан озод қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Суд фуқаронинг мулкий аҳволига қараб, уни давлат даромадига ундириладиган суд харажатларини тўлашдан озод қилишга ҳақли.


111-модда. Суд харажатларини тўлашни кечиктириш,

бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг миқдорини камайтириш


Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб, улардан бирининг ёки иккаласининг давлат даромадига ундириладиган суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


112-модда. Гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар,

таржимонларга тегишли бўлган суммалар тўланиши

ва уларнинг ўртача иш ҳақи сақлаб қолиниши


Гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларга тегишли бўлган суммалар улар ўз вазифаларини бажариб бўлганларидан сўнг, харажат тарафлардан ундириб олинган-олинмаганидан қатъи назар, суд томонидан тўланади.

Тўлаш тартиби ва тўланиши лозим бўлган сумманинг миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Экспертлар ва мутахассислар суднинг топшириғига мувофиқ бажарган ишлари учун ҳақни бу иш уларнинг хизмат бурчлари доирасига кирмаган тақдирда оладилар.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ходимларнинг судга бориши муносабати билан ишда бўлмаган вақтида иш жойидаги ўртача иш ҳақи қонунда белгиланган тартибда сақланади.

Меҳнат муносабатларига киришмаган гувоҳларга одатдаги машғулотларидан қолдирилганликлари учун амалда сарфлаган вақтларини ва жорий этилган энг кам иш ҳақини ҳисобга олиб ҳақ тўланади.


113-модда. Суд чиқимларини тўлаш учун маблағларни

топшириш тартиби


Гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга тўланиши лозим бўлган пулни ёки жойга бориб кўздан кечиришга кетадиган харажатлар учун зарур бўлган пулни тегишли илтимос билан мурожаат қилган тараф олдиндан тўлаб қўяди. Агар бу илтимосни иккала тараф қилган бўлса ёки гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни, таржимонларни чақириш, жойга бориб кўздан кечириш суднинг ташаббуси билан амалга оширилса, бунинг учун керакли суммани тарафлар баб-баравар тўлайдилар.

Ушбу моддада кўрсатиб ўтилган суммаларни суд харажатларини тўлашдан озод қилинган тараф тўламайди.


114-модда. Вакилнинг ёрдами учун ҳақ тўлашга

кетадиган харажатларни қоплаш


Ҳал қилув қарори қайси тарафнинг фойдасига чиқарилган бўлса, суд шу тарафга иккинчи тарафдан вакилнинг ёрдами учун тўлашга кетган харажатларни оқилона миқдорларда ундириб беради.

Агар ҳал қилув қарорига биноан ҳақли бўлиб чиққан тарафга адвокат белгиланган тартибга мувофиқ бепул ёрдам кўрсатган бўлса, бу сумма бошқа тарафдан адвокатлар бюроси (ҳайъати, фирмаси) фойдасига ундирилади.


115-модда. Йўқотилган вақт учун ҳақ ундириш


Суд инсофсизлик билан асоссиз талабларни қўйган ёки арз қилинган талабларга қарши низолашган ёхуд ишнинг тўғри ва ўз вақтида кўриб чиқилиши ва ҳал этилишига мунтазам қаршилик қилиб келган тараф зиммасига амалда йўқотилган вақт учун иккинчи тараф фойдасига ҳақ тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин. Ундириладиган ҳақ суд томонидан оқилона миқдорда белгиланади.


116-модда. Суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаш


Ҳал қилув қарори қайси тарафнинг фойдасига чиқарилган бўлса, суд шу тарафга иккинчи тарафдан, гарчи бу тараф давлат даромадига тушадиган суд харажатларини тўлашдан озод этилган бўлса-да, иш бўйича қилинган ҳамма харажатларни ундириб беради.

Агар арз қилинган талаблар қисман қаноатлантирилган бўлса, ушбу моддада кўрсатилган суммалар жавобгардан даъвогарга талабларнинг суд қаноатлантирган қисмига мутаносиб равишда, жавобгарга эса, даъвогардан у арз қилган талабларнинг рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундириб берилади.

Ушбу моддада баён қилинган қоидалар апелляция, кассация шикояти ва назорат тартибида протест келтиришни сўраб ариза берганда тарафлар тўлаган давлат божига ҳам тааллуқлидир.

Агар юқори турувчи суд ишни янгидан кўриб чиқиш учун юбормай, чиқарилган ҳал қилув қарорини ўзгартирса ёки янги ҳал қилув қарори чиқарса, у суд харажатлари тақсимотини ҳам тегишлича ўзгартиради.


117-модда. Шикоятни кўриш билан боғлиқ чиқимларни тақсимлаш


Давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (ҳал қилув қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризани кўриш билан боғлиқ чиқимлар суд томонидан, башарти суд фуқаронинг шикояти ёки аризасини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарса, ана шу фуқаронинг зиммасига ёки, агар органлар ёки мансабдор шахс хатти-ҳаракатларининг ғайриқонунийлигини аниқлаган бўлса, ана шу орган ёки мансабдор шахс зиммасига юклаши мумкин.


118-модда. Арз қилинган талаблардан воз кечилганда

ва келишув битими тузилганда суд харажатларини тақсимлаш


Даъвогар арз қилган талабларидан воз кечса, унинг харажатларини жавобгар тўламайди. Лекин талаб қўйилгандан сўнг уларни жавобгар ихтиёрий равишда қаноатлантирганлиги натижасида даъвогар ўз талабларидан воз кечган бўлса, суд даъвогарнинг илтимоси бўйича унинг иш юзасидан қилган ҳамма суд харажатларини жавобгардан ундириб беради.

Агар тарафлар келишув битими тузиш вақтида суд харажатларини тақсимлаш тартибини назарда тутмаган бўлсалар, суд бу масалани ушбу Кодекснинг 114, 116 ва 120-моддаларига мувофиқ равишда ҳал қилади.


119-модда. Суд харажатларини тарафларга қайтариш


Прокурорнинг, шунингдек бошқа шахслар ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб судга мурожаат қилган давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг арз талаблари (ушбу Кодекснинг 5-моддаси) бутунлай ёки қисман рад этилганда, жавобгарнинг суд харажатлари унга бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ ёки даъвогар арз қилган талабларнинг рад этилган қисмига мутаносиб равишда қайтариб берилади.

Талабларни қаноатлантириш рад этилганида, ушбу Кодекснинг 42-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган тартибда суд томонидан жалб этилган жавобгарнинг суд харажатлари унга бюджет маблағлари ҳисобидан қайтарилади.

Мол-мулкни хатлашни бекор қилиш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилган тақдирда, даъвогарнинг суд харажатлари унга бюджет маблағлари ҳисобидан қайтарилади.


120-модда. Суд харажатларини давлатга қайтариш


Ишни кўриш билан боғлиқ бўлган ва даъвогар тўлашдан озод қилинган суд чиқимлари ҳамда давлат божи жавобгардан арз қилинган талабларнинг қаноатлантирилган қисмига мутаносиб равишда давлат даромадига ундирилади.

Арз қилинган талабларни қаноатлантириш рад этилган тақдирда суднинг ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлари даъвогардан давлат даромадига ундирилади.

Агар арз қилинган талаблар қисман қаноатлантирилган, жавобгар эса, суд харажатларини тўлашдан озод қилинган бўлса, суднинг ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлари суд харажатларини тўлашдан озод қилинмаган даъвогардан талабларининг рад этилган қисмига мутаносиб равишда давлат даромадига ундирилади.

Агар ҳар икки тараф ҳам суд харажатларини тўлашдан озод қилинган бўлса, суднинг ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлари давлат ҳисобига ўтказилади.

Жавобгарни қидириш эълон қилинган бўлса (ушбу Кодекснинг 140-моддаси), суд қидирув иши бўйича қилинган харажатларни жавобгардан давлат даромадига ундиради.


121-модда. Суд харажатлари билан боғлиқ масалалар

бўйича ажрим устидан шикоят қилиш


Суд харажатлари билан боғлиқ масалалар бўйича суд ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.


11-БОБ. СУД ЖАРИМАЛАРИ


122-модда. Суд жарималари солиш


Суд жарималари ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ва миқдорда солинади.

Жарима солиш тўғрисида ажрим чиқарилади ва унинг нусхаси дарҳол жарима солинган шахсга жўнатилади.



123-модда. Жаримани ундириш


Ташкилотларнинг мансабдор шахсларига суд томонидан солинган жарималар уларнинг шахсий маблағларидан ундирилади.



124-модда. Жаримадан озод қилиш ёки унинг

миқдорини камайтириш


Жарима солинган шахс суд ажримининг нусхасини олганидан кейин беш кун ичида жарима солган суддан жаримадан озод қилиш ёки унинг миқдорини камайтиришни илтимос қилиши мумкин. Бу ариза жарима солинган шахсни чақирган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ унинг судга келмаслиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.



125-модда. Жарима солиш тўғрисидаги ажрим

устидан шикоят қилиш


Суднинг жаримадан озод қилиш ёки унинг миқдорини камайтиришни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.



12-БОБ. ПРОЦЕССУАЛ МУДДАТЛАР


126-модда. Процессуал ҳаракатларни бажариш муддатлари


Процессуал ҳаракатлар қонунда белгиланган муддатларда бажарилади.

Процессуал муддатлар қонунда белгиланмаган ҳолларда, уларни суд тайинлайди.

Процессуал ҳаракатларни бажариш муддатлари аниқ календарь сана билан, албатта юз бериши лозим бўлган воқеани кўрсатган ҳолда ёки муайян давр билан белгиланади. Муайян давр билан белгиланганда ҳаракат бутун давр мобайнида бажарилиши мумкин.


127-модда. Процессуал муддатларни ҳисоблаш


Процессуал муддатлар йиллар, ойлар ва кунлар билан ҳисобланади. Муддатнинг ўтиши календарь сананинг ёки муддатнинг бошланиши деб белгиланган воқеа юз берган куннинг эртасидан бошланади.

Йиллар билан ҳисобланадиган муддат унинг охирги йилининг тегишли ойи ва кунида тамом бўлади.

Ойлар билан ҳисобланадиган муддат тегишли ойда ва муддат охирги ойининг тегишли кунида тамом бўлади.

Агар ойлар билан ҳисобланадиган муддатнинг охири тегишли куни бўлмаган ойга тўғри келса, муддат шу ойнинг охирги кунида тамом бўлади. Бу муддатнинг охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган тақдирда ундан кейинги биринчи иш куни муддатнинг тамом бўлиш куни ҳисобланади.

Муддати белгиланган процессуал ҳаракат муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртгача бажарилиши мумкин.

Агар процессуал ҳаракат судда бажарилиши лозим бўлса, белгиланган қоидаларга мувофиқ судда иш тугаган соатда муддат тамом бўлган ҳисобланади.

Агар ариза, шикоят, ҳужжатлар ёки пул суммаси муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртгача алоқа ташкилотига топширилган бўлса, муддат ўтмаган ҳисобланади.


128-модда. Процессуал муддатларни ўтказиб юбориш оқибатлари


Процессуал ҳаракатларни бажариш ҳуқуқи қонунда белгиланган ёки суд тайинлаган муддатнинг ўтиши билан бекор бўлади. Процессуал муддатлар ўтгандан сўнг берилган аризалар, шикоятлар ва ҳужжатлар кўрилмайди.



129-модда. Процессуал муддатларнинг тўхтатиб турилиши


Иш юритиш тўхтатиб турилганида тугамаган ҳамма процессуал муддатларнинг ўтиши ҳам тўхтатиб турилади. Муддатларнинг тўхтатиб турилиши иш юритишни тўхтатиб туришга асос бўлган ҳолатлар келиб чиққан вақтдан бошланади. Иш юритиш тикланган кундан эътиборан процессуал муддатларнинг ўтиши давом этади.



130-модда. Процессуал муддатларни кечиктириш ва тиклаш


Суд тайинлаган муддатлар суд томонидан кечиктирилиши мумкин.

Ишда иштирок этувчи шахслар қонунда белгиланган муддатни суд узрли деб топган сабабларга кўра ўтказиб юборган бўлсалар, мазкур муддат тикланади.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ариза процессуал ҳаракат бажарилиши ёки ҳужжат топширилиши лозим бўлган судга берилади ва ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаслиги суд олдига қўйилган масалани ҳал этишга тўсқинлик қилмайди.

Ўтказиб юборилган процессуал муддатни тиклаш тўғрисида ариза бериш билан бир вақтда, муддати ўтказиб юборилган ҳаракат бажарилиши ёки ҳужжат топширилиши лозим.

Ўтказиб юборилган процессуал муддатни тиклашни рад этиш тўғрисида суд чиқарган ажрим устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.


131-модда. Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш

ва кўриш муддатлари


Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш ариза қабул қилинган кундан бошлаб ўн кунлик муддатдан кечиктирмай амалга оширилиши лозим. Бу муддат алоҳида ҳолларда ўта мураккаб ишлар бўйича судьянинг асослантирилган ажримига биноан кечиктирилиб, йигирма кунга етказилиши мумкин, ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ишлар бундан мустасно.

Алимент ундириш ҳақидаги, майиб бўлиш ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлиги, шунингдек боқувчининг ўлими натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги ишлар ҳамда меҳнатга доир ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича қўзғатилган ишлар, башарти тарафлар бир туман ёки шаҳарда жойлашган бўлса, биринчи инстанция суди томонидан судда кўришга тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай, бошқа ҳолларда эса, йигирма кундан кечиктирмай кўрилиши лозим.

Қолган фуқаролик ишлари судда кўришга тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўрилиши лозим. Ўта мураккаб ишлар бўйича мазкур муддат судьянинг асослантирилган ажримига кўра икки ойгача узайтирилиши мумкин, ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ишлар бундан мустасно.


13-БОБ. СУД ХАБАРНОМАЛАРИ ВА ЧАҚИРУВЛАРИ


132-модда. Суднинг чақирув қоғозлари


Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар суд чақирув қоғозлари, зарур ҳолларда эса телефонограммалар, телеграммалар ва хабардор қилинганлик факти қайд этилишини таъминлайдиган бошқа алоқа воситалари орқали судга чақирилади ҳамда суднинг айрим процессуал ҳаракатлари тўғрисида хабардор қилинади.

Судья чақирув қоғози билан бир вақтда жавобгарга аризанинг ва аризага илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаларини ҳам юборади.

Агар жавобгар судга ёзма тушунтириш берган бўлса, судья судга мурожаат қилган шахсга чақирув қоғози билан бирга ана шу тушунтириш хатининг нусхасини ҳам юборади.

Телефонограммалар, телеграммалар ва хабардор қилинганлик факти қайд этилишини таъминлайдиган бошқа алоқа воситалари орқали судга чақирилган ёки суднинг айрим процессуал ҳаракатлари тўғрисида хабардор қилинган ҳолларда, телефонограммалар, телеграммалар, ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилган суд чақирув қоғозининг нусхаси иш материалларига қўшиб қўйилади.


133-модда. Суд чақирув қоғозининг мазмуни


Суднинг чақирув қоғозида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

1) суднинг номи, аниқ манзили, телефон рақами, электрон манзили;

2) бориш жойи ва вақти;

3) шахс қандай иш юзасидан чақирилаётганлиги;

4) шахснинг ким тариқасида чақирилаётганлиги;

5) ишда иштирок этувчи шахсларга иш бўйича ўзлари эга бўлган ҳамма далилларни тақдим этиш тўғрисида таклиф;

6) чақирилувчининг шахсан ўзи йўқлиги сабабли чақирув қоғозини қабул қилиб олган шахснинг имконият бўлиши биланоқ уни дарҳол чақирилувчига топширишга мажбурлиги;

7) судга келмасликнинг оқибатлари (ушбу Кодекснинг 86, 174, 175 ва 176-моддалари).

Ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилаётган суд чақирув қоғозида ушбу модда биринчи қисмининг 1 - 5, 7-бандларида санаб ўтилган маълумотлар кўрсатилиши керак.


134-модда. Чақирув қоғозини топшириш муддати


Чақирув қоғози ишда иштирок этувчи шахсларга ва процесснинг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишларини мўлжаллаб топширилиши керак.



135-модда. Чақирув қоғозини етказиб бериш


Чақирув қоғози чақирилаётган шахсга тараф ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахс томонидан кўрсатилган манзил бўйича етказиб берилади. Агар фуқаро судга маълум қилинган манзилда амалда яшамаса, чақирув қоғози унинг иш жойига юборилиши мумкин.

Чақирув қоғози алоқа ташкилоти орқали топширилганлиги тўғрисида тилхат олиш йўли билан ёки хат-ҳужжат ташувчи орқали юборилади.

Судья ишда иштирок этувчи шахснинг розилиги билан унга иш бўйича чақирилаётган бошқа шахсга топшириш учун чақирув қоғози бериши мумкин.

Судья чақирув қоғозини етказиб бериш вазифасини топширган шахс чақирув қоғозининг иккинчи нусхасини чақирилувчининг чақирув қоғозини олганлиги тўғрисидаги имзоси билан судга қайтариши шарт.

Ишда иштирок этувчи шахс томонидан электрон манзили кўрсатилган тақдирда чақирув қоғози ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.


136-модда. Чақирув қоғозини топшириш


Чақирув қоғози фуқарога топширилганида, у чақирув қоғозининг судга қайтариладиган иккинчи нусхасига қоғозни олган вақтини кўрсатиб, имзо чекади.

Ташкилот номига ёзилган чақирув қоғози тегишли мансабдор шахсга топширилади, у чақирув қоғозининг иккинчи нусхасига имзо чекади.

Агар чақирув қоғозини келтирган шахс иш бўйича чақирилаётган фуқарони яшаш ёки иш жойида топмаса, чақирув қоғози у билан бирга яшайдиган катта ёшдаги оила аъзоларининг бирига, улар ҳам бўлмаса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёки иш берувчига (иш жойи маъмуриятининг мансабдор шахсига) топширилади. Бундай ҳолларда чақирув қоғозини қабул қилиб олган шахс унинг иккинчи нусхасида ўзининг фамилияси, исми ва отасининг исмини, шунингдек чақирув қоғози юборилган шахснинг кими эканлигини (эри ёки хотини, отаси, онаси, ўғли, қизи ва ҳоказо) ёки эгаллаб турган лавозимини кўрсатиши шарт. Чақирув қоғозини қабул қилиб олган шахс уни имконият бўлиши билан дарҳол чақирилувчига топшириши шарт.

Чақирилувчи вақтинча бирор жойга кетган бўлса, чақирув қоғозини келтирган шахс унинг иккинчи нусхасига чақирилувчи қаерга кетганлиги ва қачон келиши кутилаётганлиги тўғрисида ёзиб қўяди. Бу маълумотлар тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ёки иш берувчи вакилининг имзоси билан тасдиқланиши ва гувоҳлантирилиши лозим.



137-модда. Чақирув қоғозини қабул қилишдан

бош тортиш оқибатлари


Чақирилувчи ўз номига юборилган суднинг чақирув қоғозини қабул қилишдан бош тортса, чақирув қоғозини келтирган шахс буни чақирув қоғозида қайд қилиб, уни судга қайтариб топширади. Чақирилувчи чақирув қоғозини қабул қилиб олишдан бош тортганлиги ҳақидаги қайд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки чақирилувчининг иш берувчиси (маъмуриятнинг мансабдор шахси) томонидан ёхуд камида икки нафар фуқаронинг имзоси билан тасдиқланади.

Чақирилувчи чақирув қоғозини қабул қилишдан бош тортганлиги ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилинган шахснинг келмаганлиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.


138-модда. Иш юритилаётган вақтда манзилни ўзгартириш


Ишда иштирок этувчи шахслар иш юритилаётган вақтда ўз манзили ўзгаргани ҳақида судга маълум қилишлари шарт. Акс ҳолда, чақирув қоғози судга маълум бўлган охирги манзил бўйича юборилади ва чақирилувчи бу манзилда яшамаётган бўлса-да, чақирув қоғози унга топширилган ҳисобланади.

Ишда иштирок этувчи шахслар телефонлари ва факсларининг рақамларини, электрон манзилини судга маълум қилган тақдирда, иш юритилаётган вақтда уларнинг ўзгарганлиги ҳақида судни хабардор қилиши керак.


139-модда. Жавобгарнинг яшаш жойи номаълумлиги


Жавобгарнинг амалдаги яшаш жойи номаълум бўлган тақдирда, жавобгарнинг охирги яшаш жойидаги алоқа ташкилоти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёхуд охирги иш жойидаги иш берувчи (маъмуриятнинг мансабдор шахси) чақирув қоғозининг иккинчи нусхасига чақирув қоғози олинганлиги ва чақирилувчининг қаердалиги маълум эмаслиги сабабли уни топширишнинг имкони бўлмаганлиги ҳақида ёзиб юборган маълумот судга келиб тушгач, суд ишни кўришга киришади.



140-модда. Жавобгарни (қарздорни) қидириш


Алимент ундириш ҳақидаги, майиб бўлиш ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлиги, шунингдек боқувчисининг ўлими натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъволар бўйича жавобгарнинг (қарздорнинг) амалдаги яшаш жойи номаълум бўлса, жавобгар (қарздор) қидирилиши шарт. Бундай ҳолларда суд ички ишлар органлари жавобгарни (қарздорни) қидириши тўғрисида ажрим чиқаради.



II БЎЛИМ. БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ СУДИДА ИШ ЮРИТИШ


1-КИЧИК БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


14-БОБ. СУДЛОВГА ТААЛЛУҚЛИЛИК


141-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро,

туман (шаҳар) судининг судловига тааллуқли ишлар

Судларга тааллуқли фуқаролик ишлари фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларида кўрилади, қонунда бундай ишларни кўриш бошқа судлар ваколатига берилган ҳоллар бундан мустасно.



142-модда. Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича

Олий судининг, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар

судларининг судловига тааллуқли ишлар

Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари қонунда ўз ваколатларига берилган фуқаролик ишларини, шунингдек алоҳида ҳолатларни ҳисобга олиб ҳар қандай фуқаролик ишини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳудудидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судидан олиб, биринчи инстанция суди сифатида ўзининг иш юритишига қабул қилиб олишга ёки бир суддан бошқа тегишли судга ўтказишга ҳақли.





144-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг

судловига тааллуқли ишлар


Ўзбекистон Республикаси Олий суди қонунда ўз ваколатига берилган фуқаролик ишларини кўриб чиқади, шунингдек алоҳида ҳолатларни ҳисобга олиб, ҳар қандай фуқаролик ишини Ўзбекистон Республикасининг исталган судидан олиб, биринчи инстанция суди сифатида ўзининг юритишига қабул қилиб олишга ёки бир суддан бошқа тегишли судга ўтказишга ҳақли.



145-модда. Судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидалари


Аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади.

Ташкилотларга нисбатан ариза уларнинг органлари жойлашган ҳудуддаги судга берилади.


146-модда. Суднинг ўз юритишига қабул қилиб

олган ишни бошқа судга ўтказиши


Суд судловга тааллуқлилик қоидаларига риоя қилган ҳолда ўзининг юритишига қабул қилиб олган ишни, гарчи кейинчалик бу иш бошқа суднинг судловига тааллуқли бўлиб қолса ҳам, мазмунан ҳал қилиши лозим.

Суд қуйидаги ҳолларда ишни кўриш учун бошқа судга ўтказади:

1) муайян иш бошқа судда, хусусан далилларнинг кўпчилик қисми жойлашган ердаги судда ўз вақтида ва ҳар томонлама кўриб чиқилади деб ҳисобласа;

2) илгари турар жойи номаълум бўлган жавобгар ишни ўзи яшаб турган жойдаги судга ўтказишни илтимос қилса;

3) бир ёки бир неча судья четлатилгач, бу судда уларни алмаштириш мумкин бўлмай қолса;

4) иш муайян судда кўрилаётганида бу иш судловга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда юритишга қабул қилинганлиги маълум бўлиб қолса.


147-модда. Ишни бир суддан бошқасига ўтказиш тартиби


Иш бир суддан бошқасига суднинг ажримига асосан, бу ажрим устидан шикоят бериш ёки унга нисбатан протест келтириш муддати ўтганидан кейин, шикоят берилган ёки протест келтирилган тақдирда эса, шикоятни ёки протестни қаноатлантирмай қолдириш ҳақида ажрим чиқарилганидан кейин ўтказилади.

Бир суддан бошқа судга юборилган иш ана шу кейинги суд томонидан кўриш учун қабул қилиниши керак.

Судловга тааллуқлилик тўғрисида низоларга йўл қўйилмайди.



15-БОБ. ИШ ҚЎЗҒАТИШ


148-модда. Ариза бериш


Судда фуқаролик ишлари ёзма шаклда, шу жумладан, ахборот тизими орқали электрон шаклда ариза бериш йўли билан қўзғатилади.


149-модда. Аризанинг мазмуни


Аризада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) даъвогарнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ва яшаш жойи, агар даъвогар ташкилот бўлса, унинг қаерда жойлашганлиги, шунингдек агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ва манзили;

3) жавобгарнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), яшаш жойи ёки агар жавобгар ташкилот бўлса, унинг қаерда жойлашганлиги;

4) даъвогарнинг талаби;

5) агар даъвони баҳолаш лозим бўлса, унинг баҳоси;

6) даъвогар ўзининг талабларига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва бу ҳолатларни тасдиқлайдиган далиллар;

7) аризага илова қилинган ҳужжатларнинг рўйхати.

Ариза даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан берилган бўлса, аризага ишончнома ёки унинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши лозим.

Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар томонидан бериладиган аризаларда, шу моддада санаб ўтилган маълумотлардан ташқари, ариза кимнинг манфаатини кўзлаб берилган бўлса, ўша шахснинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ва манзили кўрсатилиши лозим.

Аризада даъвогарнинг ёки унинг вакилининг, шунингдек бошқа тарафнинг телефонлари ва факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Аризада электрон манзил кўрсатилганлиги аризачининг суд чақирув қоғозларини ва бошқа хабарномаларни, суд ҳал қилув қарорларининг ва ажримларининг нусхаларини ахборот тизими орқали электрон шаклда олишга бўлган розилигини билдиради.


150-модда. Ариза ва бошқа ҳужжатларнинг нусхалари


Ариза жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдордаги нусхалари билан бирга судга берилади, ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган ариза бундан мустасно.

Судья ишнинг мураккаблиги ва хусусиятига қараб, даъвогарни аризага илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаларини ҳам жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этишга мажбур қилиши мумкин.


151-модда. Аризани қабул қилиш ва иш қўзғатиш


Аризалар судларда суднинг раиси, унинг ўринбосари ёки судья томонидан қабул қилинади.

Фуқаролик иши қўзғатиш масаласини судья ҳал қилади ва бу ҳақда суд ажрим чиқаради.


152-модда. Аризани қабул қилишни рад этиш


Суд қуйидаги ҳолларда аризани қабул қилишни рад этади, агар:

1) ариза судда кўришга тегишли бўлмаса;

2) суднинг айнан тарафлар ўртасида, айнан бир нарса тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан қабул қилиниб, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёхуд даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлигини қабул қилиш ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса;

3) суд айнан бир тарафлар ўртасида, айнан бир нарса тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан иш юритаётган бўлса;

4) тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида ҳакамлик битими тузилган бўлса;

5) иш шу суднинг судловига тааллуқли бўлмаса;

6) ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса;

7) манфаатдор шахс номидан аризани иш юритиш ваколатига эга бўлмаган шахс берган бўлса.

Судьянинг ушбу модда 5, 6 ва 7-бандларида назарда тутилган асослар бўйича аризани қабул қилишни рад этиши, башарти йўл қўйилган хатолар бартараф этилса, шу иш бўйича судга иккинчи марта ариза билан мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.


153-модда. Аризани қабул қилишни рад этишни расмийлаштириш


Судья ушбу Кодекснинг 152-моддасида кўрсатилган асосларга кўра аризани қабул қилишни рад этар экан, бу ҳақда ариза тушган кундан эътиборан ўн кун ичида асослантирилган ажрим чиқаради. Башарти иш судга тааллуқли бўлмаса, судья ажримда аризачи қайси органга мурожаат қилиши кераклигини ёки иш қўзғатишга тўсқинлик қилаётган ҳолатларни қандай бартараф этишни кўрсатиши шарт.

Ариза иловалар ва ажримнинг нусхаси билан биргаликда даъвогарга қайтарилади.


154-модда. Аризани ҳаракатсиз қолдириш


Судья ариза ушбу Кодекснинг 149 ва 150-моддаларида баён этилган талабларга риоя қилинмай берилганлигини ёки давлат божи тўланмаганлигини аниқласа, аризани ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида ажрим чиқариб, бундан даъвогарни хабардор қилади ва камчиликларни тузатиш учун унга муҳлат беради. Ажрим имзо қўйдириб топширилади ёки почта орқали ёхуд ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади.

Агар даъвогар белгиланган муддатда судьянинг кўрсатмаларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 149 ва 150-моддаларидаги талабларни бажарса ва давлат божини тўласа, ариза судга дастлаб тақдим этилган куни берилган ҳисобланади. Акс ҳолда, ариза берилмаган ҳисобланиб, даъвогарга қайтарилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади. Ариза ва ажрим имзо қўйдириб топширилади ёки почта орқали ёхуд ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади.


155-модда. Бир неча талабни бирлаштириш


Даъвогар бир аризада ўзаро боғлиқ бўлган бир неча талабни бирлаштиришга ҳақли.


156-модда. Судьянинг бир турдаги ишларни бирлаштириш ҳуқуқи


Судья шу судда айнан бир тарафлар иштирок этаётган бир турдаги бир неча иш юритилаётганлигини ёхуд бир шахснинг турли жавобгарларга ёки бир неча даъвогарнинг айнан битта жавобгарга нисбатан аризалари бўйича бир неча иш юритилаётганлигини аниқласа, агар бу ишларни бирлаштириш ишнинг ўз вақтида ва тўғри ҳал қилинишига ёрдам берса, уларни биргаликда кўриш учун битта ишга бирлаштиришга ҳақли.


157-модда. Бир неча талабни ажратиш


Агар аризани қабул қилаётган судья талабларни алоҳида кўришни мақсадга мувофиқ деб топса, бирлаштирилган талаблардан бирини ёки бир нечасини алоҳида иш юритиш учун ажратишга ҳақли.

Бир неча даъвогар томонидан ёки бир неча жавобгарга нисбатан талаблар қўзғатилса, аризани қабул қилаётган судья, агар талабларни алоҳида кўриб чиқишни мақсадга мувофиқ деб топса, улардан бири ёки бир нечасини алоҳида иш юритиш учун ажратишга ҳақли.


16-БОБ. ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИНИ СУДДА

КЎРИШГА ТАЙЁРЛАШ


158-модда. Ишларни судда кўришга тайёрлаш вазифалари


Судья аризани қабул қилиб, фуқаролик иши қўзғатганидан сўнг, ишни ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқиш ҳамда ҳал қилиш мақсадида уни судда кўришга тайёрлайди.

Ишни судда кўришга тайёрлаш вазифалари қуйидагилардан иборат:

тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларини ва ишни кўришда амал қилиниши лозим бўлган қонунни аниқлаш;

тарафларнинг талаб ва эътирозларини асословчи фактларни, шунингдек низони тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни аниқлаш;

ишни ҳал этиш учун зарур бўлган далиллар доирасини аниқлаш ва уларнинг ўз вақтида суд мажлисига тақдим этилишини таъминлаш;

ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахслар таркиби масаласини ҳал этиш.


159-модда. Ишни тайёрлаш тартибида тарафларни сўроқлаш


Ишни судда кўришга тайёрлашда судья:

1) даъвогарни арз қилган талабларининг моҳияти бўйича сўроқ қилади, ундан жавобгар билдириши мумкин бўлган эътирозларни аниқлайди ва, агар зарур бўлса, даъвогарга қўшимча далиллар тақдим этишни таклиф қилади, шунингдек унинг арз қилган талабларидан воз кечиш ҳуқуқига эга эканлигини ва воз кечишнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради;

2) қоида тариқасида, жавобгарни чақиради, ишнинг ҳолатлари бўйича уни сўроқ қилади, даъвогарнинг талабига қарши қандай эътирозлари борлигини ва бу эътирозлар қандай далиллар билан исботланиши мумкинлигини аниқлайди, шунингдек унга даъвогарнинг талабларини тан олиш ёхуд қарши талаблар қўзғатиш ҳуқуқига эга эканлигини тушунтиради, алоҳида мураккаб ишлар бўйича эса, жавобгарга иш юзасидан ёзма тушунтиришлар тақдим этишни таклиф қилади.

Жавобгар суд мажлисига келмаганлиги ҳамда ёзма тушунтиришлар ва далиллар тақдим этмаганлиги ишдаги мавжуд далиллар асосида ишни кўриш учун тўсқинлик қилмайди;

3) тарафлардан келишув битими тузиш эҳтимолини аниқлайди ва келишув битимнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради.


160-модда. Ишни судда кўришга тайёрлаш

бўйича судьянинг ҳаракатлари


Судья ишни судда кўришга тайёрлаш тартибида қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:

1) ишга учинчи шахсларнинг жалб этилиши ёки киришиши масаласини ҳал қилади ва ишда иштирок этишига йўл қўйилган учинчи шахсларни ушбу Кодекснинг 159-моддасига мувофиқ сўроқ қилади;

2) ишни кўришда вакилларнинг қатнашиши масаласини ҳал қилади;

3) ишда прокурорнинг иштирок этиши тўғрисидаги ва тегишли давлат бошқаруви органини суд процессида қатнашишга жалб этиш ҳақидаги масалани ҳал қилади;

4) ишда иштирок этишга жалб қилинмаган ташкилот ёки фуқаронинг иш якунидан манфаатдорлигини аниқласа, уларга, шунингдек прокурорга юритилаётган ишни ва уни кўриш вақтини маълум қилади;

5) гувоҳларни суд мажлисига чақириш ёки уларни ушбу Кодекснинг 72-моддасида назарда тутилган тартибда сўроқ қилиш масаласини ҳал қилади;

6) ташкилотлар ёки фуқаролардан ёзма ва ашёвий далилларни талаб қилиб олади ёки бу далилларни олиб, судга тақдим этиш учун ишда иштирок этувчи шахсларга талабнома беради;

7) ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрларини ҳисобга олиб, экспертиза тайинлаш ва мутахассис жалб қилиш масаласини ҳал қилади;

8) кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилиб, жойда кўздан кечириш ўтказади;

9) бошқа судларга суд топшириқлари юборади;

10) ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради.

Судья ишда иштирок этувчи шахсларни чақирмасдан туриб, ишни судда кўришга тайёрлаш юзасидан қилган ҳаракатларини ажрим шаклида расмийлаштиради. Бу ажрим устидан апелляция шикоятидан алоҳида тарзда шикоят қилиниши мумкин эмас.


161-модда. Ишни судда кўришга тайинлаш


Судья ишни етарли даражада тайёрланган деб топгач, уни суд мажлисида кўришга тайинлаш тўғрисида ажрим чиқаради, тарафлар ва процесснинг бошқа иштирокчиларига ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида маълум қилади.


17-БОБ. СУДДА ИШНИ КЎРИШ


162-модда. Суд мажлиси


Фуқаролик иши ишда иштирок этувчи шахсларни албатта хабардор қилган ҳолда суднинг очиқ мажлисида кўрилади.

Ёпиқ суд мажлиси қонунда назарда тутилган ҳолларда ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаби билан ёки суднинг ташаббуси билан ўтказилади.


163-модда. Суд мажлисини очиш


Ишни кўриш учун тайинланган вақтда судья (судьялар) мажлис залига киради, суд мажлисини очиб, қандай иш кўрилишини эълон қилади.



164-модда. Суд мажлисида раислик қилувчи


Суд мажлисида шу суднинг раиси, унинг ўринбосари ёки судья раислик қилади.

Раислик қилувчи суд мажлисини бошқариб, ишнинг барча ҳолатлари, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўлиқ, ҳар тарафлама ва холисона аниқланишини, суд процессининг тарбиявий таъсирини таъминлайди, кўрилаётган ишга алоқаси бўлмаган ҳамма нарсани суд муҳокамасидан четлатади.

Ишда иштирок этувчи шахслар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, гувоҳлардан бирортаси раислик қилувчининг хатти-ҳаракатига эътироз билдирса, бу эътирозлар суд мажлисининг баённомасига киритилади ва масала суд томонидан ҳал қилинади.

Раислик қилувчи суд мажлисида тегишли тартибни таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар кўради.


165-модда. Суд мажлиси залидаги тартиб


Судья (судьялар) мажлис залига кириб келганида ва ундан чиқиб кетаётганида суд мажлиси залида ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси ўрнидан туради.

Ўн олти ёшга тўлмаган фуқаролар, агар улар ишда иштирок этувчи шахс ёки гувоҳлар бўлмаса, суд мажлиси залига қўйилмайди.

Ишда иштирок этувчи шахслар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар судга мурожаат қилишда, ўзларининг кўрсатув ва тушунтиришларини баён қилишда тик туриб гапирадилар. Бу қоидадан узрли сабабга кўра четга чиқишга фақат раислик қилувчининг рухсати билангина йўл қўйилиши мумкин.

Ишда иштирок этувчи шахслар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, шунингдек суд мажлиси залида ҳозир бўлган ҳамма фуқаролар суд мажлисида белгиланган тартибга риоя қилишлари ва раислик қилувчининг фармойишларига сўзсиз итоат этишлари шарт.

Суднинг алоҳида хонада (маслаҳатхонада) чиқарган қарорларини суд мажлиси залида ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси тик туриб эшитади.



166-модда. Суд мажлисида тартибни бузувчиларга

нисбатан кўриладиган чоралар


Ишни кўриш вақтида тартибни бузган шахсни раислик қилувчи суд номидан огоҳлантиради.

Ишда қатнашаётган шахслар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар тартибни такроран бузган тақдирда суднинг ажримига биноан, ишни кўришда ҳозир бўлган фуқаролар эса, раислик қилувчининг фармойиши билан суд мажлиси залидан чиқариб юборилиши мумкин. Фуқаролар оммавий тарзда тартибни бузган тақдирда суд ишни кўришни кейинга қолдириши мумкин.

Прокурор ёки адвокат раислик қилувчининг фармойишларига итоат қилмасалар, улар огоҳлантирилади. Мазкур шахслар раислик қилувчининг фармойишларига яна итоат этмасалар, агар уларни ишга зарар етказмаган ҳолда бошқа шахс билан алмаштиришнинг имкони бўлмаса, суднинг ажримига биноан ишни кўриш кейинга қолдирилиши мумкин. Айни бир вақтда суд хусусий ажрим чиқаради, ушбу ажрим тегишинча юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига юборилади.

Суд мажлисида тараф ёки учинчи шахс тартибни бузса, суд тартиббузарни иш кўриладиган ҳамма вақтга ёки унинг бир қисмига мажлис залидан чиқариб юборади. Вақтинча чиқариб юборилган шахс суд мажлиси залига қайтадан қўйилганда раислик қилувчи уни залда бўлмаган вақтида қилинган процессуал ҳаракатлар билан таништиради. Суд мажлисида ҳар икки тараф (учинчи шахслар) тартибни бузса, суд ишни кўришни кейинга қолдириши мумкин.

Суд мажлисида тартибни бузган ёки судга нисбатан бошқача тарзда ҳурматсизлик қилган шахс суд томонидан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.


167-модда. Суд процесси иштирокчиларининг

келган-келмаганлигини текшириш


Суд мажлисининг котиби иш бўйича чақирилганлардан кимлар келганлигини, келмаганларга чақирув қоғози топширилган-топширилмаганлигини, уларнинг келмаганлик сабаблари тўғрисида қандай маълумотлар борлигини судга маълум қилади.

Суд келганларнинг шахсини аниқлайди, шунингдек мансабдор шахслар ва вакилларнинг ваколатини текширади.



168-модда. Таржимонга унинг вазифаларини тушунтириш


Раислик қилувчи таржимонга унинг вазифаси суд иш юритаётган тилни билмайдиган шахсларнинг тушунтиришларини, кўрсатувларини, арзларини, бу шахсларга эса, тушунтиришларнинг, кўрсатувларнинг, арзларнинг, ўқиб эшиттириладиган ҳужжатларнинг мазмунини, шунингдек раислик қилувчининг фармойишларини, иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори ва ажримини таржима қилиб беришдан иборат эканлигини тушунтиради.

Раислик қилувчи таржимонни била туриб, ёлғон таржима қилса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддаси бўйича жавобгар бўлиши тўғрисида огоҳлантиради.



169-модда. Гувоҳларни суд мажлиси залидан чиқариш


Гувоҳларнинг келганлиги текширилгач, улар суд мажлиси залидан чиқарилади. Раислик қилувчи сўроқ қилинган гувоҳлар сўроқ қилинмаган гувоҳлар билан муомалада бўлмаслиги учун чоралар кўради.



170-модда. Суд таркибини эълон қилиш

ва рад қилиш ҳуқуқини тушунтириш


Раислик қилувчи суднинг таркибини (судьяни) эълон қилади, прокурор, эксперт, мутахассис, суд мажлисининг котиби сифатида кимлар қатнашаётганлигини маълум қилади ва ишда иштирок этаётган шахсларга уларни рад қилиш тўғрисида арз қилиш ҳуқуқларини тушунтиради.

Рад қилиш учун асослар, рад қилиш ҳақидаги арзни ҳал қилиш тартиби ва бундай арзларни қаноатлантириш оқибатлари ушбу Кодекснинг 3-бобига мувофиқ белгиланади.



171-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг

ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириш


Раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради. Бу ҳақда суд мажлисининг баённомасида кўрсатилади.


172-модда. Эксперт ва мутахассисларга уларнинг

ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини тушунтириш


Раислик қилувчи эксперт ва мутахассисга уларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини тушунтиради, экспертни била туриб ёлғон хулоса берганлик, хулоса беришдан бош тортганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишинча 238 ва 240-моддаларига мувофиқ жавобгар бўлиши тўғрисида огоҳлантиради.



173-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг

илтимосномалари суд томонидан ҳал қилиниши


Ишда иштирок этувчи шахсларнинг янги далилларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги ва ишни кўриш билан боғлиқ бошқа барча масалалар бўйича илтимосномалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикр-мулоҳазалари тингланганидан кейин суднинг ажрими билан ҳал қилинади.



174-модда. Ишда иштирок этувчи шахслар

суд мажлисига келмаганлигининг оқибатлари


Ишда иштирок этувчи шахслардан бирортаси суд мажлисига келмаган тақдирда, унга чақирув қоғози топширилганлиги тўғрисида маълумот бўлмаса, суд ишни кўришни кейинга қолдиради.

Агар ишда иштирок этувчи шахслар тегишли тартибда суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлиб, суд узрли деб топган сабабларга кўра суд мажлисига келмаган бўлсалар, суд ишни кўришни кейинга қолдиради.

Тарафлар судга келмаслик сабаблари ҳақида маълумот беришлари ва бу сабабларнинг узрлилигига далиллар тақдим этишлари шарт. Башарти жавобгарнинг келмаганлик сабаблари ҳақида маълумот бўлмаса ёки суд келмаганлик сабабларини узрсиз деб топса ёхуд жавобгар иш юритилишини қасддан чўзаётган бўлса, суд ишни кўришга ҳақли.

Тарафлар ишни ўзларининг иштирокларисиз кўришни ва ўзларига суднинг ҳал қилув қароридан нусха юборишни илтимос қилишга ҳақли. Агар ишнинг ҳолатлари бўйича зарур бўлса, суд тарафларнинг суд мажлисида иштирок этишини шарт деб топиши мумкин.

Ишда иштирок этувчи шахснинг вакили ишни судда кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлишига қарамай, судга келмаганлиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Прокурор ёки адвокатнинг узрсиз сабаблар билан келмаганлиги тўғрисида суд хусусий ажрим чиқаради ва бу ҳақда тегишли юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига маълум қилади.


175-модда. Тарафлар узрсиз сабабларга кўра

суд мажлисига келмаганлигининг оқибатлари


Агар тарафлар (даъвогар ва жавобгар) узрсиз сабабларга кўра суд мажлисига келмаса ёхуд уларнинг бирортасидан ҳам ишни ўзининг иштирокисиз кўриш тўғрисида ариза тушмаган бўлса, суд ишни кўришни кейинга қолдиради.

Тарафлар иккинчи чақирув бўйича ҳам узрсиз сабабларга кўра келмасалар, суд аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли.

Фақат даъвогар иккинчи чақирув бўйича ҳам узрсиз сабабларга кўра келмаса, суд жавобгарнинг розилиги билан аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли.


176-модда. Гувоҳ, эксперт, мутахассис суд мажлисига

келмаганлигининг оқибатлари


Гувоҳ, эксперт ёки мутахассис суд мажлисига келмаган тақдирда, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ишни гувоҳ, эксперт ёки мутахассис келмаса ҳам кўриш мумкинлиги ҳақидаги фикрини эшитиб, ишни судда кўришни давом эттириш ёки ишни кўришни кейинга қолдириш тўғрисида ажрим чиқаради. Агар чақирилган гувоҳ суд узрсиз деб топган сабабларга кўра суд мажлисига келмаса, у судга ҳурматсизлик қилганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 180-моддасига асосан жавобгарликка тортилиши мумкин.

Агар чақирилган гувоҳ иккинчи чақирув бўйича ҳам суд мажлисига келмаса, у суднинг ажримига биноан мажбурий тартибда келтирилиши мумкин.

Эксперт ёки мутахассиснинг суд мажлисига келмаганлиги ушбу Кодекснинг 86 ва 91-моддаларида назарда тутилган оқибатларга сабаб бўлади.



177-модда. Ишни кўришни кейинга қолдириш


Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек муайян суд мажлисида ишни кўришнинг имкони бўлмаган бошқа ҳолларда суд ишни кўришни кейинга қолдиради.

Суд ишни кўришни кейинга қолдирар экан, навбатдаги суд мажлисининг вақтини белгилайди ва бу ҳақда ҳозир бўлган шахсларга эълон қилиб, уларнинг имзосини қўйдириб олади. Судга келмаган ва процессда иштирок этишга янги жалб қилинадиган шахслар навбатдаги суд мажлисининг вақти тўғрисида ушбу Кодекснинг 132-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади.

Кейинга қолдирилган ишни кўриш келган жойидан давом эттирилади. Бироқ, агар иш ушбу Кодекснинг 33-моддасида санаб ўтилган янги шахсларни жалб қилиш учун кейинга қолдирилган бўлса, ишни кўриш янгидан бошланади.


178-модда. Ишни кўриш кейинга қолдирилганида

гувоҳларни сўроқ қилиш


Ишни кўриш кейинга қолдирилганида, агар ишда иштирок этаётган ҳамма шахслар суд мажлисига келган бўлиб, гувоҳларнинг иккинчи марта келиши қийин бўлса, суд келган гувоҳларни сўроқ қилиши мумкин. Бу гувоҳлар кейинги суд мажлисига фақат зарур ҳоллардагина қайтадан чақирилади.



179-модда. Ишни мазмунан кўришнинг бошланиши


Ишни мазмунан кўриш раислик қилувчининг иш тўғрисидаги маърузасидан бошланади. Сўнгра раислик қилувчи даъвогардан ўз талабларини қувватлаш-қувватламаслигини, жавобгардан даъвогарнинг талабларини тан олиш-олмаслигини ва тарафларнинг ишни келишув битими билан тамомлашни исташ-истамасликларини сўрайди.



180-модда. Даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечиши,

жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши

ва тарафларнинг келишув битими


Даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлиги, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олганлиги ёки тарафлар эришган келишув битимининг шартлари суд мажлиси баённомасига киритилади ва тегишлича, даъвогар, жавобгар ёки иккала тараф томонидан имзоланади. Агар даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлиги, жавобгарнинг даъвогар арз қилган талабларни тан олганлиги ёки тарафларнинг келишув битими уларнинг судга юборган ёзма аризаларида ифодаланган бўлса, мазкур аризалар ишга қўшиб қўйилиб, бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.

Даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлигини қабул қилишдан ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлашдан олдин суд даъвогарга ёки тарафларга тегишли процессуал ҳаракатлар қилишнинг оқибатларини тушунтиради.

Даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлигини қабул қилиш ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида суд ажрим чиқаради ва шу ажрим билан иш юритишни ҳам тугатади. Ажримда тарафларнинг келишув битимидаги шартлар кўрсатилиши керак.

Жавобгар арз қилинган талабларни тан олса ва суд тан олишни қабул қилса, арз қилинган талабларни қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилади.

Агар суд жавобгарнинг арз қилинган талабларни тан олишини қабул қилмаса ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқламаса, бу ҳақда асослантирилган ажрим чиқаради ва ишни мазмунан кўради.


181-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари


Иш тўғрисида маъруза қилинганидан сўнг, суд даъвогар ва унинг томонида иштирок этувчи учинчи шахснинг, жавобгар ва унинг томонида иштирок этувчи учинчи шахснинг, шунингдек ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг тушунтиришларини эшитади.

Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ариза берган прокурор, шунингдек бошқа шахслар арз қилган талаблари бўйича тушунтиришлар бериш ёки уларни асослаш учун биринчи бўлиб сўзга чиқадилар.

Ишда иштирок этувчи шахслар бир-бирларига саволлар беришга ҳақлидирлар.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёзма тушунтиришлари ва ушбу Кодекснинг 63, 65, 66 ва 72-моддаларида назарда тутилган тартибда суд олган тушунтиришлар ўқиб эшиттирилади.



182-модда. Далилларни текшириш тартибини белгилаш


Суд тарафларнинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг тушунтиришларини эшитиб, гувоҳларни, экспертларни сўроқ қилиш ҳамда бошқа далилларни текшириш тартибини белгилайди.



183-модда. Гувоҳларни сўроқ қилиш тартиби


Ҳар бир гувоҳ алоҳида сўроқ қилинади.

Сўроқ қилинмаган гувоҳлар ишни кўриш вақтида суд мажлиси залида бўлишлари мумкин эмас.

Раислик қилувчи гувоҳни сўроқ қилишдан олдин унинг шахсини, ёшини, машғулот турини, шу ишга алоқасини ҳамда тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар билан ўзаро муносабатини аниқлайди, шунингдек уни била туриб ёлғон кўрсатув берганлик, кўрсатув беришдан бош тортганлик ёки бўйин товлаганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишинча 238 ва 240-моддаларига мувофиқ жавобгар бўлиши тўғрисида огоҳлантиради. Шундан кейин раислик қилувчи гувоҳга: "Иш юзасидан ўзим билган барча маълумотларни судга айтиб беришга қасам ичаман. Фақат ҳақиқатни, бор ҳақиқатни ва танҳо ҳақиқатни айтаман", деб ошкора қасамёд қилишни таклиф этади.

Гувоҳларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги тўғрисида улардан тилхат олинади. Қасамёд матни ва тилхат суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилади.

Раислик қилувчи гувоҳга иш бўйича шахсан ўзи билган маълумотларни судга айтиб беришни таклиф қилади. Шундан сўнг гувоҳга саволлар берилиши мумкин.

Гувоҳ кимнинг аризаси бўйича чақирилган бўлса, ана шу шахс ва унинг вакили биринчи бўлиб, сўнгра эса, ишда иштирок этаётган бошқа шахслар гувоҳга саволлар беради. Суднинг ташаббуси билан чақирилган гувоҳга саволларни биринчи бўлиб даъвогар беради.

Судья (судьялар) гувоҳга у сўроқ қилинаётганида исталган вақтда савол беришга ҳақлидир.

Сўроқ қилинган гувоҳлар ишни кўриш тамом бўлгунига қадар суд мажлиси залида қолишлари лозим. Суд сўроқ қилинган гувоҳлар ишни кўриш тамом бўлмасидан олдин суд мажлиси залидан чиқиб кетишларига тарафларнинг розилиги билан рухсат бериши мумкин.

Зарур ҳолларда суд гувоҳни бир мажлиснинг ўзида ёки келгуси мажлисда такроран сўроқ қилиши, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувларида мавжуд бўлган зиддиятларни аниқлаш учун уларни юзлаштириши мумкин.



184-модда. Гувоҳнинг ёзма хотиралардан фойдаланиш ҳуқуқи


Гувоҳ кўрсатув беришда кўрсатув бирон-бир ҳисоблар ёки хотирада сақлаб қолиш қийин бошқа маълумотлар билан боғлиқ бўлган ҳолларда, ёзма хотиралардан фойдаланиши мумкин. Бу ёзма хотиралар судга ва ишда иштирок этувчи шахсларга кўрсатилади ва суднинг ажрими билан ишга қўшиб қўйилиши мумкин.



185-модда. Ўн олти ёшга тўлмаган гувоҳни сўроқ қилиш тартиби


Раислик қилувчи ўн олти ёшга тўлмаган гувоҳларга иш бўйича ўзлари билган ҳамма маълумотларни рўй-рост айтиб беришлари шарт эканлигини тушунтиради, бироқ улар кўрсатув беришдан бош тортганлик ёки бўйин товлаганлик учун ва била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жиноий жавобгар бўлиш тўғрисида огоҳлантирилмайди.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган гувоҳларни сўроқ қилишда, суд лозим топган тақдирда эса, ўн тўрт ёшдан ўн олти ёшгача бўлган гувоҳларни сўроқ қилишда мутахассис (ўқитувчи), зарур ҳолларда эса, уларнинг ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, уларнинг васий ва ҳомийлари чақирилади. Бу шахслар раислик қилувчининг рухсати билан гувоҳга саволлар бериши мумкин.

Алоҳида ҳолларда, ўн олти ёшга тўлмаган гувоҳни сўроқ қилиш вақтида ишда иштирок этувчи у ёки бу шахс суднинг ажрими билан суд мажлиси залидан чиқариб юборилиши мумкин. Бу шахс мажлис залига қайтиб кирганидан кейин унга вояга етмаган гувоҳнинг кўрсатувлари ўқиб эшиттирилиши ва гувоҳга саволлар бериш имконияти яратилиши лозим.

Ўн олти ёшга тўламаган гувоҳ сўроқ қилиб бўлингач, суд мажлиси залидан чиқариб юборилади, суд бу гувоҳнинг мажлис залида бўлишини зарур деб топган ҳоллар бундан мустасно.



186-модда. Гувоҳларнинг кўрсатувларини ўқиб эшиттириш


Суд томонидан ушбу Кодекснинг 63, 65, 66 ва 72-моддаларида назарда тутилган тартибда гувоҳлардан олинган кўрсатувлар суд мажлисида ўқиб эшиттирилади.


187-модда. Ёзма далилларни текшириш


Ёзма далиллар ёки уларни кўздан кечириш тўғрисида ушбу Кодекснинг 63, 65, 66 ва 72-моддаларида назарда тутилган тартибда тузилган баённомалар суд мажлисида ўқиб эшиттирилади ва ишда иштирок этувчи шахсларга, зарур ҳолларда эса, эксперт, мутахассис ва гувоҳларга танишиш учун тақдим этилади. Шундан кейин ишда иштирок этувчи шахслар мазкур далиллар хусусида тушунтиришлар беришлари мумкин.


188-модда. Фуқароларнинг шахсий ёзишмалари, телеграф

ва бошқа хил маълумотларини ўқиб эшиттириш


Фуқароларнинг ёзишмалари, телеграф ва бошқа хил маълумотларини сир сақлаш мақсадида уларнинг шахсий ёзишмалари, телеграф ва бошқа хил маълумотлари шу ёзишма, телеграф ва бошқа хил маълумотларни ўзаро алмашган шахсларнинг розилиги билан суднинг очиқ мажлисида ўқиб эшиттирилиши мумкин. Акс ҳолда бундай ёзишма, телеграф ва бошқа хил маълумотлар ёпиқ суд мажлисида ўқиб эшиттирилади ва текширилади.



189-модда. Ҳужжатнинг қалбакилиги тўғрисида арз қилиш


Ишда мавжуд бўлган ҳужжат қалбаки деб арз қилинган тақдирда, бу ҳужжатни тақдим этган шахс уни далиллар қаторидан чиқариб, ишни бошқа далиллар асосида ҳал этишни суддан илтимос қилиши мумкин.

Агар ҳужжатни тақдим этган шахс бундай арз билан мурожаат қилмаса ёки ҳужжат суднинг ўз ташаббуси билан талаб қилиб олинган бўлса, ҳужжатнинг қалбакилиги тўғрисида арз қилган шахс ўзининг даъвосини исбот қилиши шарт.



190-модда. Ҳужжатнинг қалбакилиги тўғрисидаги

аризани текшириш


Ҳужжатнинг қалбакилиги тўғрисидаги аризани текшириш учун суд экспертиза тайинлаши ёки бошқа далиллар талаб қилиши мумкин.

Агар суд ҳужжат қалбаки деган хулосага келса, уни далиллар қаторидан чиқаради. Зарур ҳолларда суд материалларни прокурорга юборади.


191-модда. Ашёвий далилларни текшириш


Ашёвий далиллар суд томонидан кўздан кечирилади ва ишда иштирок этувчи шахсларга, зарур ҳолларда эса, эксперт, мутахассис ва гувоҳларга ҳам кўрсатилади.

Ашёвий далиллар кўрсатилган шахслар суднинг эътиборини кўздан кечириш билан боғлиқ бўлган у ёки бу ҳолатларга қаратишлари мумкин. Бундай арзлар суд мажлисининг баённомасига киритилади.

Ашёвий далилларни кўздан кечириш тўғрисида ушбу Кодекснинг 63 ва 66-моддаларида назарда тутилган тартибда тузилган баённомалар суд мажлисида ўқиб эшиттирилади, шундан кейин ишда иштирок этувчи шахслар тушунтиришлар беришлари мумкин.


192-модда. Далилларни жойда кўздан кечириш


Судга келтириш мумкин бўлмаган ёзма ва ашёвий далиллар уларнинг турган жойида кўздан кечирилади ва текширилади. Жойида кўздан кечиришни ўтказиш тўғрисида суд ажрим чиқаради.

Далилларни жойида кўздан кечириш суднинг бутун таркиби томонидан ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган, зарур ҳолларда эса, экспертлар, мутахассислар ва гувоҳлар чақирган ҳолда ўтказилади.

Кўздан кечириш жойига борганда, раислик қилувчи суд иш кўришни давом эттириши тўғрисида эълон қилади, ишни кўриш ушбу Кодексда белгиланган қоидаларга биноан олиб борилади. Кўздан кечириш натижалари суд мажлисининг баённомасига киритилади. Баённомага кўздан кечириш пайтида тузилган ёки текширилган барча режалар, чизмалар, суратлар илова қилиниши мумкин.


193-модда. Экспертни сўроқ қилиш


Экспертнинг хулосаси суд мажлисида ўқиб эшиттирилади. Шундан кейин хулосани тушунтириш ва тўлдириш мақсадида экспертга саволлар берилиши мумкин.

Экспертиза кимнинг аризаси бўйича тайинланган бўлса, ўша шахс ва унинг вакили биринчи бўлиб, сўнгра эса, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар саволлар беради.

Суднинг ташаббуси билан тайинланган экспертга биринчи бўлиб даъвогар саволлар беради.

Эксперт сўроқ қилинаётганида судья (судьялар) унга исталган вақтда саволлар беришга ҳақлидир.



194-модда. Қўшимча ва қайта экспертизалар

Қўшимча экспертиза эксперт (экспертлар комиссияси) хулосасидаги бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш учун тайинланади ва шу ёки бошқа эксперт (экспертлар комиссияси) томонидан ўтказилади.

Эксперт (экспертлар комиссияси) хулосаси асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки экспертизани ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда қайта экспертиза тайинланади.

Қайта экспертиза тайинланганда эксперт (экспертлар комиссияси) олдига илгари қўлланилган текшириш усулларининг илмий асосланганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин.

Қайта экспертизани тайинлаш тўғрисидаги ажримда қайта экспертизани тайинлаган суднинг биринчи (олдинги) экспертиза хулосасига қўшилмаганлиги сабаблари кўрсатилиши лозим.

Қайта экспертизани ўтказиш бошқа экспертга (экспертлар комиссиясига) топширилади. Биринчи (олдинги) экспертизани ўтказган эксперт (экспертлар комиссияси) қайта экспертизани ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у текшириш ўтказиш ва хулоса тузишда иштирок этмайди.



195-модда. Мутахассисни сўроқ қилиш


Мутахассис билдирган фикрни ойдинлаштириш ва тўлдириш мақсадида суд мажлисида унга саволлар берилади.

Мутахассис кимнинг аризаси бўйича чақирилган бўлса, ўша шахс ва унинг вакили биринчи бўлиб, сўнгра эса, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар саволлар беради.

Суднинг ташаббуси билан чақирилган мутахассисга биринчи бўлиб даъвогар саволлар беради.

Мутахассис сўроқ қилинаётганида судья (судьялар) унга исталган вақтда саволлар беришга ҳақлидир.



196-модда. Давлат бошқаруви органларининг хулосалари


Суд томонидан процессда иштирок қилиш учун жалб этилган ёки ўз ташаббуси билан процессга киришган давлат бошқаруви органларининг хулосалари суд мажлисида ўқиб эшиттирилади, кейин хулосани ойдинлаштириш ва тўлдириш мақсадида суд, ишда иштирок этувчи шахслар мазкур органларнинг вакилларига саволлар беришлари мумкин.



197-модда. Ишни мазмунан кўришни тамомлаш


Иш бўйича тўпланган ҳамма далиллар текшириб бўлинганидан кейин раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслардан иш материалларини бирор тарзда тўлдириш истаклари бор-йўқлигини сўрайди. Бундай арзлар бўлмаса, раислик қилувчи ишни мазмунан кўриш тамом бўлганлигини эълон қилади ва суд музокараларни эшитишга ўтади.


198-модда. Суд музокаралари


Суд музокаралари ишда иштирок этувчи шахсларнинг нутқларидан иборат бўлади.

Суд музокарасида қатнашувчилар ўз нутқларида суд аниқламаган ҳолатларни, шунингдек суд мажлисида текширилмаган далилларни важ қилиб келтиришга ҳақли эмаслар.

Дастлаб даъвогар ва унинг вакили, кейин жавобгар ва унинг вакили сўзлайди. Бошланган процессда низо предметига нисбатан мустақил талаби борлигини арз қилган учинчи шахс ва унинг вакили тарафлардан кейин сўзлайди. Низо предметига нисбатан мустақил талаби борлигини арз қилмаган учинчи шахс ва унинг вакили шу учинчи шахс ишда қайси даъвогар ёки жавобгар томонида иштирок этувчи бўлса, ана шу даъвогар ёки жавобгардан кейин сўзлайди.

Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган прокурор, шунингдек давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар суд музокараларида биринчи бўлиб сўзлайдилар.

Суд томонидан процессда иштирок қилишга жалб этилган ёки процессга ўз ташаббуси билан киришган давлат бошқаруви органларининг вакиллари суд музокараларида тарафлар ва учинчи шахслардан кейин сўзлайдилар.

Музокара иштирокчилари бир-бирларига луқма ташлашлари мумкин. Охирги луқма ҳуқуқига доимо жавобгар ва унинг вакили эга бўлади.



199-модда. Прокурорнинг фикри

Ишда иштирок этувчи прокурор ишнинг моҳияти бўйича ўз фикрини баён этади, прокурорнинг бошқа шахслар ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берган аризаси бўйича қўзғатилган ишлар бундан мустасно.



200-модда. Ишни мазмунан кўришни тиклаш


Суд музокараларини эшитгач, суд иш учун аҳамиятга эга бўлган янги ҳолатларни аниқлаш ёки янги далилларни текширишни зарур деб топса, ишни мазмунан кўришни тиклаш тўғрисида ажрим чиқаради. Ишни мазмунан кўриш тамом бўлганидан кейин, суд музокаралари умумий тартибда ўтказилади.



201-модда. Суднинг ҳал қилув қарорини

чиқариш учун чиқиб кетиши


Суд музокараларини эшитгач, суд ҳал қилув қарори чиқариш учун алоҳида хонага (маслаҳатхонага) чиқади, бу ҳақда раислик қилувчи суд мажлисида ҳозир бўлганларга эълон қилади.



202-модда. Суднинг ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттириш


Суд ҳал қилув қарори имзоланганидан кейин суд мажлиси ўтказилаётган залга қайтиб киради ва раислик қилувчи суднинг ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттиради. Раислик қилувчи суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ва ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатини тушунтиради ҳамда шу иш юзасидан суд мажлисини ёпиқ деб эълон қилади.



18-БОБ. СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


203-модда. Ҳал қилув қарори чиқариш


Биринчи инстанция судининг ишни мазмунан ҳал қиладиган қарори ҳал қилув қарори шаклида чиқарилади.

Суд ҳал қилув қарорини Ўзбекистон Республикаси номидан чиқаради.

Суднинг ҳал қилув қарори иш кўриб бўлинганидан сўнг дарҳол чиқарилади.

Алоҳида ҳолларда жуда мураккаб ишлар юзасидан асослантирилган ҳал қилув қарорини тайёрлаш кўпи билан уч кунга кечиктирилиши мумкин, лекин ҳал қилув қарорининг хулоса қисмини суд ишни кўриш тамомланган мажлиснинг ўзидаёқ эълон қилиши керак. Айни бир вақтда суд ишда иштирок этувчи шахслар асослантирилган ҳал қилув қарори билан қачон танишиб чиқишлари мумкинлигини эълон қилади. Ҳал қилув қарорининг эълон қилинган хулоса қисми судья (судьялар) томонидан имзоланади ва ишга қўшиб қўйилади.


204-модда. Суд маслаҳатлашувининг сир тутилиши

Ҳал қилув қарори судья томонидан алоҳида хонада (маслаҳатхонада) қабул қилинади, ёзма равишда тузилади ва судья томонидан имзоланади. Ҳал қилув қарорини қабул қилиш вақтида бошқа шахсларнинг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди.



205-модда. Ҳал қилув қарори чиқариш вақтида

ечиладиган масалалар


Суд ҳал қилув қарорини чиқараётганида далилларга баҳо беради, иш учун аҳамиятга эга бўлган қандай ҳолатлар аниқланганлигини, қандайлари аниқланмаганлигини, бу ишга нисбатан қандай қонун қўлланилиши лозимлигини ва арз қилинган талабни қаноатлантириш лозимлиги ёки лозим эмаслигини аниқлайди.

Суд, шунингдек, суд харажатларини тақсимлайди, ҳал қилув қарорини ижро этиш тартиби ва муддатини белгилайди, бошқа қўшимча масалаларни ҳал этади.

Агар иш учун аҳамиятга эга бўлган янги ҳолатларни аниқлаш ёки янги далилларни текшириш зарур бўлиб қолса, суд ҳал қилув қарори чиқармасдан, ишни судда кўришни тиклайди ва бу ҳақда ажрим чиқаради. Бундай ҳолда суд ишни фақат қўшимча текширишга муҳтож ҳолатлар доирасидагина кўради.


206-модда. Ҳал қилув қарорининг мазмуни


Ҳал қилув қарори кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.

Ҳал қилув қарорининг кириш қисмида ҳал қилув қарори чиқарилган вақт ва жой, ҳал қилув қарори чиқарган суднинг номи, судьянинг фамилияси (суд таркиби), суд мажлисининг котиби, тарафлар, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар кўрсатилади.

Ҳал қилув қарорининг баён қисмида даъвогарнинг талаби, жавобгарнинг эътирозлари ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг тушунтиришлари кўрсатилиши керак.

Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида ишнинг суд томонидан аниқланган ҳолатлари, ишнинг ҳолатлари тўғрисидаги суд хулосаларига асос бўлган далиллар, суд у ёки бу далилни рад қилишда асосланган хулосалар, суд амал қилган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари кўрсатилмоғи лозим. Агар жавобгар арз қилинган талабни тан олса, асослантириш қисмида фақат арз қилинган талабнинг тан олинганлиги ва унинг суд томонидан қабул қилинганлиги кўрсатилиши мумкин.

Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида суднинг арз қилинган талабларни қаноатлантириш ёхуд бутунлай ёки қисман рад этиш тўғрисидаги хулосаси, суд харажатларининг тақсимланиши, ҳал қилув қарори устидан шикоят бериш муддати ва тартиби кўрсатилиши лозим.


207-модда. Суднинг арз қилинган талаблар

доирасидан четга чиқиш ҳуқуқи


Суд ишни даъвогарнинг арз қилган талаблари доирасида ҳал қилади. Бироқ, суд даъвогарнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур деб топса, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда даъвогарнинг арз қилган талаблари доирасидан четга чиқиши мумкин.


208-модда. Ҳал қилув қарорини ижро этиш тартиби ва муддатини

белгилаш, ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш


Суд ҳал қилув қарорини ижро этишнинг муайян тартиби ва муддатини белгиласа ёки ҳал қилув қарори дарҳол ижро этилишини зарур деб топса ёхуд унинг ижросини таъминлаш чораларини кўрса, бу ҳақда ҳал қилув қарорида кўрсатилади.


209-модда. Ташкилотлардан пул суммалари ундириш

тўғрисидаги ҳал қилув қарори


Суд ташкилотлардан пул суммалари ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорида ундириладиган пул суммасининг турини, шунингдек, ундириладиган сумма жавобгарнинг банкдаги қайси ҳисобидан олиниши кераклигини кўрсатади.


210-модда. Мол-мулкни ёки унинг қийматини ундириш

тўғрисидаги ҳал қилув қарори


Суд мол-мулкни натура тарзида ундириш тўғрисида чиқарган ҳал қилув қарорида, агар ҳал қилув қарорини ижро этиш вақтида мазкур мулк нақд бўлмаса, жавобгардан ундириб олиниши лозим бўлган мулк қийматини кўрсатади.


211-модда. Жавобгар зиммасига муайян ҳаракатларни

бажариш мажбуриятини юклайдиган ҳал қилув қарори


Суд жавобгар зиммасига мол-мулк ёки пул бериш билан боғлиқ бўлмаган муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклайдиган ҳал қилув қарорида, агар жавобгар ҳал қилув қарорини белгиланган муддатда бажармаса, даъвогар бу ҳаракатларни жавобгарнинг ҳисобидан бажариб, қилган харажатларини кейинчалик жавобгардан ундириб олишга ҳақлидир, деб кўрсатиши мумкин. Агар мазкур ҳаракатлар фақат жавобгар томонидан бажарилиши мумкин бўлса, суд ҳал қилув қарорида уни бажариш лозим бўлган муддатни белгилаб қўяди.


212-модда. Суднинг ҳал қилув қарори ўзгармаслиги


Иш бўйича ҳал қилув қарори ўқиб эшиттирилганидан кейин шу қарорни чиқарган суднинг ўзи уни бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақли эмас, сиртдан чиқарилган қарор бундан мустасно.


213-модда. Ҳал қилув қарорининг ёзувидаги хатолар

ва очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш


Суд ҳал қилув қарорининг ёзувидаги хатоларни ва очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни ўз ташаббуси билан ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра тузатиши мумкин. Тузатиш киритиш масаласи ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида ҳал этилади. Бироқ, бу шахсларнинг келмаслиги тузатиш киритиш масаласини кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

Ҳал қилув қарорига тузатиш киритиш тўғрисидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.


214-модда. Қўшимча ҳал қилув қарори


Иш бўйича ҳал қилув қарори чиқарган суд ишда иштирок этаётган шахсларнинг аризаларига кўра ёки ўз ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда қўшимча ҳал қилув қарори чиқариши мумкин:

1) ҳуқуқ тўғрисидаги масалани ҳал қилиб, ундириладиган сумма миқдорини, топширилиши лозим бўлган мулкни ёки жавобгар бажариши лозим бўлган ҳаракатларни кўрсатмаган бўлса;

2) арз қилинган талабларнинг бирортаси бўйича ишда иштирок этувчи шахслар далиллар келтирган ва тушунтиришлар берган бўлсалар-у, лекин бу хусусда ҳал қилув қарори чиқарилмаган бўлса;

3) ҳал қилув қарорида суд харажатларини тақсимлаш кўрсатилмаган бўлса.

Қўшимча ҳал қилув қарори чиқариш масаласи ҳал қилув қарори чиқарилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай қўзғатилиши мумкин.

Қўшимча ҳал қилув қарори суд томонидан масала ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилганидан сўнг қабул қилинади ва унинг устидан апелляция тартибида шикоят берилиши ҳамда унга нисбатан протест келтирилиши мумкин.

Қўшимча ҳал қилув қарори чиқариш тўғрисидаги талабни рад этиш ҳақидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.


215-модда. Ҳал қилув қарорини тушунтириш


Ҳал қилув қарори тушунарли бўлмаса, ишни ҳал қилган суд ўз ташаббуси билан ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига, шунингдек давлат ижрочисининг аризасига кўра ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтиришга ҳақли.

Агар ҳал қилув қарори ижро қилинмаган ва уни мажбурий ижро қилдириш мумкин бўлган муддат ўтмаган бўлсагина,ҳал қилув қарорини тушунтиришга йўл қўйилади.

Ҳал қилув қарорини тушунтириш масаласи ишда иштирок этаётган шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ бу шахсларнинг судга келмаслиги ҳал қилув қарорини тушунтириш масаласини кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

Суд ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш тўғрисидаги аризани у тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда кўриб чиқади.

Ҳал қилув қарорини тушунтириш масаласи юзасидан суднинг чиқарган ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.


216-модда. Ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш

ва уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ҳал қилув қарорини

ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш


Алоҳида ҳолларда, иш бўйича ҳал қилув қарори чиқарган суд ёки ҳал қилув қарорини ижро этиш жойидаги суд ишда иштирок этаётган шахсларнинг аризасига кўра, тарафларнинг мулкий аҳволи ёки бошқа ҳолатларга қараб, ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктиришга ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этишга йўл қўйишга, шунингдек, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришга ҳақли. Мазкур аризалар ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаслиги суд олдига қўйилган масалани ҳал этишга тўсқинлик қилмайди.

Ҳал қилув қарори ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза у берилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, у ундирувчи ҳамда қарздорга, шунингдек суд ҳужжатини ижро этиш давлат ижрочисининг иш юритувида бўлса, давлат ижрочисига юборилади.

Ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, шунингдек ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш ҳақидаги масала бўйича суднинг чиқарган ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.


217-модда. Ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириши


Суднинг ҳал қилув қарори, агар унинг устидан шикоят берилмаган ёки протест келтирилмаган бўлса, апелляция шикояти бериш ва протест келтириш муддати ўтганидан кейин қонуний кучга киради. Ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти берилган ёки апелляция протести келтирилган тақдирда, ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, ишни юқори инстанция суди кўриб чиққанидан кейин қонуний кучга киради.

Ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин тарафлар ва ишда иштирок этган бошқа шахслар, шунингдек уларнинг ҳуқуқий ворислари судга ўша талаблар билан,ўша асослар бўйича янгидан арз қилишлари, шунингдек, бошқа процессда суд аниқлаган фактлар ва ҳуқуқий муносабатлар ҳақида низолашишлари мумкин эмас.

Агар иш судда ушбу Кодекснинг 5-моддасида назарда тутилган тартибда прокурор ёки давлат бошқаруви органи, ташкилот ёки айрим фуқаролар томонидан бошланган бўлса, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори иш кимнинг манфаатини кўзлаб қўзғатилган бўлса, ана шу шахс учун мажбурийдир. Агар жавобгардан даврий тўловлар (алиментлар, соғлиққа шикаст етказилганда кўрилган зарарни қоплаш ёки ўлганлик билан боғлиқ тўловлар ва ҳоказолар) ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин тўловлар миқдори ёки муддатини белгилашга таъсир этувчи ҳолатлар жиддий равишда ўзгарса, ҳар бир тараф янгидан ариза бериш йўли билан тўловларнинг миқдори ва муддатини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли.



218-модда. Ҳал қилув қарорини ижро этиш


Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан сўнг ижро этилади, дарҳол ижро этиш ҳоллари бундан мустасно.


219-модда. Дарҳол ижро этилиши лозим бўлган

ҳал қилув қарорлари


Суднинг қуйидаги ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилиши шарт:

1) алиментлар ундириш тўғрисидаги;

2) ходимга уч ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган иш ҳақини ундириб бериш тўғрисидаги;

3) майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етиши, шунингдек боқувчисининг ўлими натижасида кўрилган зарарни қоплаш учун тўловлар ундириш тўғрисидаги;

4) меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимни ёки ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларининг таърифини ўзгартириш тўғрисидаги;

4-1) сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш тўғрисидаги;

5) судда ишни кўриш вақтида жавобгар даъвони бутунлай ёки қисман тан олганлигига қараб, тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилган талаблар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари.


220-модда. Ҳал қилув қарорининг дарҳол ижро этилишига

суднинг йўл қўйиш ҳуқуқи


Суд қуйидаги ҳал қилув қарорлари бутунлай ёки қисман дарҳол ижро этилишига йўл қўйиши мумкин:

1) даъвогар ва жавобгар суднинг чиқарган ҳал қилув қарорига ва унинг дарҳол ижро этилишига рози бўлганда;

2) муаллифнинг интеллектуал фаолияти натижасидан фойдаланганлик учун унга ҳақ ундириб бериш тўғрисидаги ҳал қилув қарори;

3) алоҳида ҳолатлар натижасида ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ундирувчи учун кўп зарар келтириши мумкин бўлган ёки ижронинг бажарилиши мумкин бўлмай қолган ҳамма бошқа ишлар бўйича.

Ушбу модданинг биринчи қисми 1-бандида кўрсатилган асослар бўйича дарҳол ижро этилишига йўл қўйилган тақдирда, тарафларнинг розилиги суд мажлисининг баённомасига киритилади ва тарафлар томонидан имзоланади. Агар тарафларнинг розилиги суд номига юборилган ёзма аризаларда ифодаланган бўлса, бу аризалар ишга қўшиб қўйилади, бу ҳақда суд мажлисининг баённомасида кўрсатилади.

Ушбу модданинг биринчи қисми 3-бандида кўрсатилган асослар бўйича ҳал қилув қарорининг дарҳол ижро этилишига йўл қўйилганида суд даъвогардан суднинг қарори бекор қилинган тақдирда, ундирилган нарсалар қайтарилишини таъминлашни талаб қилиши мумкин.

Ҳал қилув қарори чиқарилгандан сўнг апелляция шикояти бериш ва протест келтириш муддати ичида ҳал қилув қарорининг дарҳол ижро этилишига йўл қўйиш масаласи ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ, бу шахсларнинг келмаслиги дарҳол ижро этиш масаласини ҳал қилишга тўсқинлик қилмайди.

Ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этиш масаласи бўйича суднинг чиқарган ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин. Ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этиш тўғрисидаги ажрим устидан берилган хусусий шикоят ёки келтирилган протест бу ажримнинг ижросини тўхтатмайди.


221-модда. Ҳал қилув қарорининг дарҳол

ижро этилишига йўл қўйилмаслиги


Қуйидаги ҳолларда ҳал қилув қарорининг дарҳол ижро этилишига йўл қўйилмайди:

1) дарҳол ижро этиш натижасида мулкнинг ҳолати ўзгариб, ҳал қилув қарори бекор қилинган тақдирда мулкни илгариги ҳолатига келтириш мумкин бўлмаса ёки жуда қийин бўлса;

2) фуқароларни бинодан кўчириш тўғрисидаги ишларга тааллуқли бўлса.



222-модда. Ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш


Суд дарҳол ижро этишга қаратилмаган ҳал қилув қарорининг ижросини ушбу Кодекснинг 24-бобида белгиланган қоидалар бўйича таъмин қилиши мумкин.



223-модда. Тарафларга ва бошқа шахсларга суднинг

ҳал қилув қарорлари ва ажримларидан нусхалар юбориш

Тарафларнинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосига кўра, уларга суд ҳал қилув қарорининг ёки иш юритишни тўхтатиб туриш, тугатиш тўғрисидаги ёхуд аризани кўрмай қолдириш ҳақидаги суд ажримининг нусхаси имзо қўйдириб топширилади ёки почта орқали ёхуд ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади.

Суд ҳал қилув қарорининг ёки иш юритишни тўхтатиб туриш, тугатиш тўғрисидаги ёхуд аризани кўрмай қолдириш ҳақидаги суд ажримининг нусхаси суд мажлисига келмаган тарафларга ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ҳал қилув қарори ёки ажрим чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай почта орқали ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади.


19-БОБ. СИРТДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ ЧИҚАРИШ


224-модда. Суд мажлисига жавобгар

келмаганлигининг оқибатлари

Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда, даъвогар эътироз билдирмаса, иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин. Ишни бундай тартибда кўриш ҳақида суд ажрим чиқаради. Жавобгар тегишли тартибда хабардор қилинганлиги ҳақида ишда маълумот бўлиши лозим.

Суд мажлисига барча жавобгарлар келмаган тақдирда иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин.


225-модда. Судга келган тарафнинг ҳуқуқлари


Агар суд мажлисига келган даъвогар ишни жавобгар иштирокисиз сиртдан иш юритиш тартибида кўришга рози бўлмаса, суд ишни кўришни кейинга қолдиради ва келмаган жавобгарга судда такрор кўриладиган вақт ва жой ҳақида қайта хабар юборади.


226-модда. Сиртдан иш юритиш тартиби


Иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилганида суд ишда мавжуд далилларни текшириш билан кифояланади, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важ ва илтимосларини эътиборга олиб, ҳал қилув қарори чиқаради, бу ҳал қилув қарори сиртдан чиқарилган деб аталади.

Иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилганида даъвонинг асоси ёки предмети ўзгартирилиши ёки даъво талабларининг миқдори кўпайтирилиши мумкин эмас.



227-модда. Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг мазмуни


Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг мазмуни ушбу Кодекс 206-моддасининг қоидалари билан белгиланади. Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида бу ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш ҳақида ариза бериш муддати ва тартиби кўрсатилган бўлиши лозим.


228-модда. Ҳал қилув қарорининг нусхасини юбориш


Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг нусхаси суд мажлисига келмаган тарафга шу қарор чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай имзо қўйдириб топширилади ёки почта орқали ёхуд ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади.


229-модда. Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг

устидан шикоят бериш (протест келтириш)


Жавобгар ҳал қилув қарорини сиртдан чиқарган судга шу ҳал қилув қарори чиқарилганидан кейин ўн беш кун ичида уни қайта кўриш ҳақида ариза беришга ҳақли.

Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори устидан ушбу Кодекснинг 37-бобида белгиланган тартибда ҳам шикоят бериш (протест келтириш) мумкин.


230-модда. Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини

қайта кўриш ҳақидаги аризанинг мазмуни


Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳақидаги аризада қуйидагилар бўлиши керак:

1) сиртдан ҳал қилув қарори чиқарган суднинг номи;

2) ариза бераётган тарафнинг номи;

3) суд мажлисига узрли сабабларга кўра келмаганликдан далолат берувчи ҳолатлар рўйхати ва уларни тасдиқловчи далиллар, шунингдек, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг мазмунига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган далиллар рўйхати;

4) ариза берувчи тарафнинг илтимоси;

5) аризага илова қилинган материалларнинг рўйхати.

Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳақидаги ариза тараф ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳақидаги ариза ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига мутаносиб миқдордаги нусхалари билан бирга судга берилади, ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган ариза бундан мустасно. Ариза берганлик учун давлат божи тўланмайди.


231-модда. Суднинг аризани қабул

қилганидан кейинги ҳаракатлари


Суд ишда иштирок этувчи шахсларни сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳақидаги аризани кўриш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилади, уларга шу ариза ва унга илова қилинган материалларнинг нусхаларини юборади.



232-модда. Аризани кўриш


Суд сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳақидаги аризани ариза тушган пайтдан эътиборан ўн кун ичида суд мажлисида кўради. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинган шахсларнинг келмаслиги аризани кўриш учун тўсқинлик қилмайди.

Суд аризани кўрганидан кейин ажрим чиқаради. Суднинг аризани қаноатлантирмаслик ҳақида чиқарган ажрими устидан хусусий шикоят берилиши мумкин.


233-модда. Суднинг ваколатлари


Суд сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳақидаги аризани кўриб, ўзининг ажрими билан:

1) аризани қаноатлантирмай қолдиришга;

2) сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва аввалги таркибдаги ёки бошқа таркибдаги суд томонидан ишни мазмунан кўришни тиклашга ҳақли.



234-модда. Сиртдан чиқарилган ҳал қилув

қарорини бекор қилиш асослари


Агар сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриш вақтида суд тарафнинг суд мажлисига келмаганлигига узрли сабаблар борлигини ва бу ҳақда судни ўз вақтида хабардор қилиш имконияти бўлмаганлигини ҳамда тараф сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг мазмунига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган далилларни тақдим қилаётганини аниқласа, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, ишни мазмунан кўриш тикланиши лозим.


235-модда. Ишни кўришни тиклаш


Агар сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори шу қарорни чиқарган суд томонидан бекор қилинса, ишни мазмунан кўриш тикланади ва ушбу Кодексда назарда тутилган қоидалар асосида олиб борилади.

Агар ушбу Кодекснинг 132-139-моддаларида назарда тутилган қоидаларга биноан хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаса ҳам, иш бўйича чиқарилган ҳал қилув қарори сиртдан чиқарилган ҳисобланмайди. Жавобгар бу ҳал қилув қарори сиртдан чиқарилган қарор сифатида қайта кўрилишини сўраб, ариза беришга ҳақли эмас.


236-модда. Сиртдан чиқарилган ҳал қилув

қарорининг қонуний кучи


Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 217-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ қонуний кучга киради.



20-БОБ. БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ СУДИНИНГ АЖРИМЛАРИ


237-модда. Суд ажримини чиқариш


Биринчи инстанция судининг ишни мазмунан ҳал қилмайдиган қарорлари ажрим шаклида чиқарилади.

Ажримлар суд томонидан алоҳида хонада (маслаҳатхонада) ушбу Кодекснинг 14 ва 204-моддаларида белгиланган тартибда чиқарилади ва ишга қўшиб қўйилади.

Мураккаб бўлмаган масалалар ҳал этилганида суд ўз жойида ажрим чиқариши мумкин. Бундай ажрим суд мажлисининг баённомасига киритилади. Ажримлар чиқарилиши билан дарҳол эълон қилинади.


238-модда. Ажримнинг мазмуни


Суд ажримида қуйидагилар кўрсатилади:

1) ажримнинг чиқарилган вақти ва жойи;

2) суднинг номи, судьянинг фамилияси (суд таркиби), суд мажлисининг котиби;

3) ишда иштирок этувчи шахслар;

4) низо предмети ва ажрим билан ҳал қилинаётган масаланинг моҳияти;

5) суднинг хулосасига олиб келган асослар ва суд қўллаган қонунлар;

6) суднинг ҳал этилаётган масала юзасидан хулосаси;

7) ажрим устидан шикоят бериш (протест келтириш) тартиби ва муддати.

Суд томонидан ўз жойида чиқариладиган ажрим ушбу модданинг 4, 5 ва 6-бандларида санаб ўтилган маълумотларни ўз ичига олиши лозим.

20-1-БОБ. БУЙРУҚ ТАРТИБИДА ИШ ЮРИТИШ

238-1-модда. Суд буйруғи асосида қарзни ундириш

Суд буйруғи ундирувчининг пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ёки кўчар мол-мулкни низосиз талаблар бўйича қарздордан талаб қилиб олиш тўғрисидаги аризаси бўйича судья судда ишни кўрмасдан чиқарган ҳужжатдир.

Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга. Суд буйруғи бўйича ундирув буйруқ берилганидан кейин ва суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

238-2-модда. Суд буйруғини чиқариш бўйича талаблар

Суд буйруғи қуйидаги ҳолларда чиқарилади:

1) агар талаб нотариал тасдиқланган битимга асосланган бўлса;

2) агар талаб ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган бўлса, шу жумладан, агар коммунал хизматлар тўлови бўйича қарзни ундириш ҳақидаги талаб арз қилинган бўлса;

3) агар вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш ҳақидаги, оталикни белгилаш билан ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаган талаб арз қилинган бўлса;

4) агар ҳисобланган, лекин ходимга тўланмаган иш ҳақини ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш ҳақидаги талаб арз қ;

5) агар фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзларни ундириш ҳақидаги талаб арз қилинган бўлса.

238-3-модда. Суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги

аризанинг шакли ва мазмуни

Суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза судга ушбу Кодекснинг 22-бобида белгиланган судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилади.

Ариза ёзма шаклда, шу жумладан, ахборот тизими орқали электрон шаклда берилади. Аризада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) ундирувчининг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ҳамда унинг яшаш жойи (юридик шахснинг жойлашган ери ва реквизитлари);

3) қарздорнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ҳамда унинг яшаш жойи (юридик шахснинг жойлашган ери ва реквизитлари);

4) ундирувчининг талаби ва талабга асос бўлган ҳолатлар;

5) арз қилинган талабни тасдиқловчи, илова этилаётган ҳужжатлар рўйхати.

Кўчар мол-мулк талаб қилинган тақдирда аризада ушбу мол-мулкнинг қиймати кўрсатилиши лозим.

Ариза ундирувчи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан берилаётган аризага унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат илова этилиши керак.

238-4-модда. Давлат божи

Суд буйруғини чиқариш тўғрисида ариза берганлик учун қонун ҳужжатларида даъво иши юритиш учун белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ундирилади.

Ундирувчи томонидан тўланган давлат божи аризани қабул қилиш рад этилган тақдирда қайтариб берилади.

Ундирувчи томонидан тўланган давлат божи суд буйруғи бекор қилинган тақдирда қайтариб берилмайди. Ундирувчи томонидан тўланган давлат божи, ундирувчи қарздорга даъво иши юритиш тартибида даъво тақдим этган тақдирда, тўланиши лозим бўлган бож ҳисобига ўтказилади.

238-5-модда. Суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги

аризани қабул қилишни рад этиш асослари

Судья суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги аризани қабул қилишни ушбу Кодекснинг 152-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этади. Бундан ташқари судья қуйидаги ҳолларда аризани қабул қилишни рад этади, агар:

1) арз қилинган талаб ушбу Кодекснинг 238-2-моддасида назарда тутилмаган бўлса;

2) қарздор Ўзбекистон Республикаси судлари юрисдикцияси доирасидан четда бўлса;

3) арз қилинган талабни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса;

4) ҳуқуқ тўғрисида низо мавжуд деб ҳисобланса;

5) аризанинг шакли ва мазмуни ушбу Кодекс 238-3-моддасининг талабларига жавоб бермаса;

6) ариза берганлик учун давлат божи тўланмаган бўлса.

Судья аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисида ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида ажрим чиқаради.

Аризани қабул қилишнинг рад этилиши ундирувчининг ана шу талаб бўйича даъво ишини юритиш тартибида даъво тақдим этиш имкониятига тўсқинлик қилмайди.

238-6-модда. Аризадаги камчиликларни бартараф этиш

Агар ариза ушбу Кодекс 238-3-моддасининг талабларига жавоб бермаса ёки ариза берганлик учун давлат божи тўланмаган бўлса, судья суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги аризани қабул қилишга ва ўз ажрими билан ундирувчига камчиликларни бартараф этиш ёхуд давлат божини тўлаш учун кўпи билан уч кун муҳлат белгилашга ҳақли.

Агар ундирувчи судьянинг кўрсатмаларига мувофиқ, у белгилаган муддатда камчиликларни бартараф этса, давлат божини тўласа, ариза судга дастлаб тақдим этилган куни берилган ҳисобланади. Акс ҳолда, судья ушбу Кодекснинг 238-5-моддасига мувофиқ аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

238-7-модда. Суд буйруғини чиқариш муддати

Арз қилинган талабнинг мазмуни бўйича суд буйруғи ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида судья томонидан чиқарилади.

238-8-модда. Суд буйруғининг мазмуни

Суд буйруғида қуйидагилар кўрсатилади:

1) иш юритиш тартиб рақами ва буйруқ чиқарилган сана;

2) суднинг номи, буйруқ чиқарган судьянинг фамилияси ҳамда исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари;

3) ундирувчининг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), яшаш жойи ёки жойлашган ери;

4) қарздорнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), яшаш жойи ёки жойлашган ери;

5) талабни қондириш учун асос бўлган қонун;

6) ундирилиши лозим бўлган пул суммасининг миқдори ёки талаб қилиб олиниши лозим бўлган кўчар мол-мулкнинг қиймати ҳам кўрсатилган ҳолдаги белгиси;

7) агар қонунда ёки шартномада неустойка ундириш назарда тутилган бўлса, неустойка миқдори;

8) қарздордан ундирилиши лозим бўлган давлат божининг суммаси;

9) арз қилинган талабга қарши қарздор томонидан эътироз билдириш муддати ва тартиби.

Вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги суд буйруғида ушбу модданинг 1-5 ва 8-бандларида назарда тутилган маълумотлардан ташқари қуйидагилар кўрсатилади: қарздорнинг туғилган санаси ва жойи, таъминоти учун алимент ундирилиши лозим бўлган ҳар бир боланинг исми ва туғилган санаси, қарздордан ҳар ойда ундириладиган тўловлар миқдори ва уларни ундириш муддати.

Суд буйруғи судья томонидан имзоланади.

238-9-модда. Қарздорга суд буйруғининг

кўчирма нусхасини юбориш

Суд буйруғи чиқарилганидан кейин судья унинг кўчирма нусхасини дарҳол қарздорга юборади.

Суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида қарздор арз қилинган талабга қарши ўз эътирозларини буйруқни чиқарган судга юборишга ҳақли.

238-10-модда. Суд буйруғини бекор қилиш

Агар белгиланган муддатда қарздордан арз қилинган талабга қарши эътирозлар тушса, судья суд буйруғини бекор қилиб, бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи арз қилган талаб даъво ишларини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг нусхалари ажрим чиқарилганидан кейин уч кундан кечиктирмай тарафларга имзо қўйдириб топширилади ёки уларга почта орқали ёхуд ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади.

238-11-модда. Суд буйруғини ундирувчига бериш

Агар белгиланган муддатда қарздордан судга эътироз тушмаса, судья суднинг муҳри билан тасдиқланган суд буйруғини ижро этишга тақдим қилиш учун ундирувчига беради.

Ундирувчининг илтимосига кўра, суд буйруғи ижро этиш учун бевосита суд томонидан юборилиши мумкин.

Қарздордан давлат божини ундириш мақсадида суднинг муҳри билан тасдиқланган суд буйруғининг алоҳида нусхаси ижро этиш учун бевосита суд томонидан юборилади



2-КИЧИК БЎЛИМ. ДАВО ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ


21-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


239-модда. Судда даъво ишларини

юритиш тартибида кўриладиган ишлар


Судда даъво ишларини юритиш тартибида кўриладиган ишларга фуқаролик, меҳнатга доир, оилага доир, уй-жойга доир, агар қонун ҳужжатларида кўришнинг ўзга тартиби белгиланган бўлмаса, бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган даъволар бўйича ишлар киради.


240-модда. Даъво юритиш ишларини кўриш тартиби


Даъво ишлари ушбу Кодекснинг 21-25-бобларида кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан бирга фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидаларига мувофиқ кўрилади.



22-БОБ. ДАЪВО ИШЛАРИНИ ЮРИТИШНИНГ

СУДЛОВГА ТААЛЛУҚЛИЛИГИ


241-модда. Даъвогарнинг танлаши

бўйича судловга тааллуқлилик


Яшаш жойи номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки турган жойда ёки унинг сўнгги яшаган жойида қўзғатилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида яшаш жойига эга бўлмаган жавобгарга нисбатан даъволар Ўзбекистон Республикасида унинг мол-мулки турган жойда ёки маълум бўлган сўнгги яшаш жойида қўзғатилиши мумкин.

Даъвогар алимент ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш ҳақидаги ва майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик ёхуд боқувчининг ўлими натижасида кўрилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволарни ўзи яшаб турган жойда ҳам тақдим этиши мумкин.

Кемалар тўқнашуви натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги, шунингдек, сувда ёрдам берганлик ва қутқарганлик учун ҳақ ундириш тўғрисидаги даъволар ҳам жавобгарнинг кемаси турган ёки кема рўйхатга олинган порт жойлашган манзилда қўзғатилиши мумкин.

Ижро қилиш жойи кўрсатилган шартномалардан келиб чиқадиган даъволар шартномани ижро қилиш жойида ҳам қўзғатилиши мумкин.

Фуқаронинг ёки юридик шахснинг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар зарар етказилган жойда ҳам қўзғатилиши мумкин.

Юридик шахснинг филиали фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар филиал жойлашган манзилда ҳам қўзғатилиши мумкин.

Турли жойларда яшовчи ёки турувчи бир неча жавобгарга нисбатан ёки юридик шахс бўлиб, турли манзилда жойлашган жавобгарларга нисбатан даъво даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарлардан бири яшайдиган ёки турган жойда қўзғатилади.

Ғайриқонуний ҳукм қилиш, ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида ғайриқонуний қамоққа олиш, ҳибсга олиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари тарзида ғайриқонуний маъмурий жазо қўллаш натижасида фуқарога етказилган зарар ўрнини қоплаш билан боғлиқ бўлган меҳнат, пенсия ва уй-жойга доир ҳуқуқларни тиклаш, мол-мулкни ёки унинг қийматини қайтариб бериш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшаш жойида ҳам қўзғатилиши мумкин.

Агар даъвогарнинг вояга етмаган болалари борлиги, шунингдек, ногиронлиги ёки оғир касаллиги туфайли у жавобгар яшаб турган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига боришга қийналса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшайдиган жойида қўзғатилиши мумкин.

Бедарак йўқолган деб ёхуд руҳий ҳолатининг бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар, шунингдек, уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар билан никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даъволар, даъвогарнинг хоҳишига қараб, унинг яшаш жойида кўрилиши мумкин.


242-модда. Судловга тааллуқлиликнинг алоҳида ҳоллари


Иморатга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги, мол-мулкни хатлашдан чиқариш ҳақидаги, ер майдонидан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисидаги даъволар иморат, мол-мулк ёки ер майдони жойлашган ҳудуддаги суднинг судловига тааллуқлидир.

Мерос қолдирувчининг кредиторлари мерос ворислар томонидан қабул қилингунига қадар қўзғатган даъволар мерос мол-мулк ёки унинг асосий қисми жойлашган ҳудуддаги суднинг судловига тегишлидир.

Йўловчи, багаж ёки юк ташиш шартномаларидан юк ташувчиларга нисбатан келиб чиқадиган даъволар белгиланган тартибда талаб қўйилган транспорт ташкилотининг органи жойлашган ҳудудда қўзғатилади.


243-модда. Келишилган судловга тааллуқлилик


Тарафлар ўзаро келишиб, муайян иш учун ҳудудий судловга тааллуқлиликни ўзгартиришлари мумкин.

Ушбу Кодекснинг 242-моддасида белгиланган судловга тааллуқлилик тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин эмас.



244-модда. Қарши даъвонинг судловга тааллуқлилиги


Қарши даъво ўзининг судловга тааллуқлилигидан қатъи назар, дастлабки даъво кўриладиган жойдаги судда қўзғатилади.



245-модда. Жиноят туфайли етказилган зарарлар тўғрисидаги

фуқаролик ишининг судловга тааллуқлилиги


Жиноят ишидан келиб чиқадиган фуқаролик даъвоси, агар жиноят иши кўрилаётганда арз қилинмаган ёки ҳал этилмаган бўлса, фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида кўриш учун фуқаролик ишларининг судловга тааллуқлилигига доир умумий қоидаларга биноан қўзғатилади.


23-БОБ. ҚАРШИ ДАЪВО


246-модда. Қарши даъво тақдим этиш


Суд иш юзасидан ҳал қилув қарори чиқаргунига қадар жавобгар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқилиши учун даъвогарга нисбатан қарши даъво тақдим этишга ҳақли.

Қарши даъво тақдим этиш даъво тақдим этиш тўғрисидаги умумий қоидаларга биноан амалга оширилади.


247-модда. Қарши даъвони қабул қилиш шартлари


Қуйидаги ҳолларда судья қарши даъвони қабул қилиши шарт:

1) қарши даъво дастлабки даъвони қоплашга қаратилган бўлса;

2) қарши даъвонинг қаноатлантирилиши дастлабки даъво қаноатлантирилишини бутунлай ёки қисман истисно этса;

3) қарши ва дастлабки даъво ўртасида ўзаро боғланиш мавжуд бўлиб, уларни бирга кўриш низо тезроқ ва тўғри ҳал қилинишига ёрдам берса.


24-БОБ. ДАЪВОНИ ТАЪМИНЛАШ


248-модда. Даъвони таъминлаш асослари


Суд (судья) ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига биноан ёки ўз ташаббуси билан даъвони таъминлаш чораларини кўриши мумкин. Даъвони таъминлаш чораларини кўрмаслик суд чиқарган ҳал қилув қарорининг ижросини қийинлаштирса ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўйса, даъвони таъминлашга йўл қўйилади.

Ҳ акамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш чоралари ҳакамлик муҳокамаси тарафининг даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризасига биноан ҳакамлик суди жойлашган ердаги ёхуд жавобгар жойлашган ердаги ёки яшайдиган жойдаги ёинки жавобгарнинг мол-мулки турган жойдаги суд томонидан кўрилиши мумкин. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризага даъвонинг ҳакамлик судига тақдим этилганлигини исботловчи далиллар илова қилинади.

Ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани суд томонидан кўриб чиқиш ва даъвони таъминлаш ҳақида ажрим чиқариш ушбу Кодекснинг 249-258-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


249-модда. Даъвони таъминлаш чоралари


Қуйидагилар даъвони таъминлаш чоралари бўлиши мумкин:

1) жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсда турган мол-мулк ёхуд пул суммасини хатлаш;

2) жавобгарнинг муайян ҳаракатларни амалга оширишини тақиқлаш;

3) бошқа шахсларнинг жавобгарга мол-мулк беришини ёки унга нисбатан бошқа мажбуриятларни бажаришини тақиқлаш;

4) мол-мулкни хатлашдан чиқариш тўғрисида даъво қўзғатилган тақдирда, уни сотишни тўхтатиш;

5) агар қарздор ижро ҳужжати юзасидан даъво тартибида низолашаётган бўлса ва бундай низолашишга қонун ҳужжатларида йўл қўйилса, бу ҳужжат бўйича ундирувни тўхтатиш.

Даъволарнинг иш ҳақини, даромадни, пенсия ва стипендияни хатлаш йўли билан таъминланишига йўл қўйилмайди, алимент ундириш тўғрисидаги, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик, шунингдек, боқувчининг ўлими оқибатида кўрилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги, ўзгалар мол-мулкини талон-торож қилганлик натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар бундан мустасно.

Зарур ҳолларда суд даъвони таъминлаш чорасининг бир неча турини қўллаши мумкин, лекин уларнинг умумий суммаси даъвонинг баҳосидан ошиб кетмаслиги керак.


250-модда. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш


Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза ишни кўраётган судья (суд) томонидан ариза тушган куниёқ жавобгарни ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларни хабардор қилмаган ҳолда ҳал қилинади.


251-модда. Даъвони таъминлашнинг бир турини

бошқаси билан алмаштириш


Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини эшитиб, даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириши мумкин.

Даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириш масаласи ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида ҳал этилади. Бироқ, бу шахсларнинг келмаслиги даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириш масаласини кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

Пул суммасини ундириш тўғрисидаги даъвони таъминлашда жавобгар қўлланилган таъминлаш чоралари ўрнига даъвогар талаб қилаётган суммани суднинг депозит ҳисобварағига ўтказишга ҳақли.



252-модда. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажримни ижро этиш


Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим суднинг ҳал қилув қарорини ижро этиш учун белгиланган тартибда дарҳол ижро қилинади.



253-модда. Даъвони таъминлаш чораларига

риоя этмаганлик учун жавобгарлик


Ушбу Кодекс 249-моддасининг 2 ва 3-бандларида кўрсатилган тақиқларга риоя этмасликда айбдор бўлган шахсларга суднинг ажрими билан энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солинади. Даъвогар бу шахслардан суднинг даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажримини бажармаганликлари оқибатида ўзи кўрган зарарни умумий тартибда ундириб олишга ҳақли.


254-модда. Даъвони таъминлашни бекор қилиш


Даъвони таъминлаш чоралари ишни кўраётган суд томонидан бекор қилиниши мумкин.

Даъвони таъминлашни бекор қилиш масаласи ишда иштирок этаётган шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида ҳал этилади. Бироқ, бу шахсларнинг келмаслиги даъвони таъминлашни бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

Ҳакамлик судининг даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ҳал қилув қарори даъвони таъминлаш чоралари суд томонидан бекор қилиниши учун асос бўлади.


255-модда. Даъво рад қилинганида уни таъминлаш

чораларини сақлаш муддати


Даъво рад қилинган тақдирда, даъвони таъминлаш чоралари суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар сақланади. Бироқ, суд ҳал қилув қарори билан бир вақтда ёки қарор чиқаргандан сўнг даъвони таъминлашни бекор қилиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.



256-модда. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги

ажримлар устидан шикоят қилиш


Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.

Агар даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим шикоят берган шахсни хабардор қилмаган ҳолда чиқарилган бўлса, шикоят бериш муддати ажримнинг нусхаси топширилган ёки шикоят берган шахсга суд ажрими маълум бўлган кундан эътиборан ҳисобланади.



257-модда. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим

устидан шикоят бериш ёки протест келтириш оқибатлари


Суднинг даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши бу ажримнинг ижросини тўхтатмайди.

Даъвони таъминлашни бекор қилиш тўғрисидаги ёки даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириш тўғрисидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши бу ажримнинг ижросини тўхтатиб қўяди.



258-модда. Даъвони таъминлаш натижасида

етказилган зарарни қоплаш


Суд (судья) даъвони таъминлаш билан бирга жавобгарга етказилиши мумкин бўлган зарарни қоплашни даъвогардан талаб қилиши мумкин.

Жавобгар даъвони рад қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин даъвогарнинг илтимоси билан даъвони таъминлаш учун кўрилган чоралар натижасида ўзига етказилган зарарни қоплашни даъвогардан талаб қилишга ҳақли.



25-БОБ. ДАЪВО ИШЛАРИНИ КЎРИШНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ


259-модда. Ишга тиклаш тўғрисидаги ишлар бўйича

учинчи шахсларни жалб қилиш


Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимларни ёки ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимларни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги ишлар бўйича суд ўз ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ёки бошқа ишга ўтказишга фармойиш берган мансабдор шахсни учинчи шахс сифатида ишда иштирок этиш учун жавобгар томонига жалб қилиши шарт.

Суд меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ёки бошқа ишга ўтказиш очиқдан-очиқ қонунга хилоф бўлганлигини аниқласа, шу процесснинг ўзидаёқ айбдор мансабдор шахс зиммасига мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган иш бажарилган вақт учун ҳақ тўлаш натижасида ташкилотга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятини юклайди. Бундай ҳолларда мансабдор шахсдан ундириладиган сумманинг миқдори меҳнат ҳақидаги қонун ҳужжатларига биноан белгиланади.


260-модда. Никоҳни бекор қилиш ҳақидаги иш билан

бирга кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган низолар


Эр-хотиннинг мулкни бўлиш ҳақидаги талаби, агар бу низони тўғри ҳал қилиш учун ишга учинчи шахсни жалб қилиш зарур бўлса, никоҳни бекор қилиш ҳақидаги иш билан бирга кўрилиши мумкин эмас.


261-модда. Алиментлар ундириш тўғрисидаги

ишлар бўйича жавобгарнинг судга келиши


Суд алиментлар ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича жавобгарнинг судга келишини шарт деб топиши мумкин. Агар бундай ҳолда жавобгар суд мажлисига суд узрсиз деб топган сабабларга кўра келмаса, у мажбурий тартибда келтирилади ва унга энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солинади.

Мажбурий тартибда келтириш суднинг ажримига биноан ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.


262-модда. Бир неча даъвогар фойдасига ёки бир неча

жавобгарга қарши чиқариладиган ҳал қилув қарори


Бир неча даъвогарнинг фойдасига чиқариладиган ҳал қилув қарорида суд бу қарор улардан ҳар бирига қандай улушда тегишли эканлигини кўрсатади.

Бир неча жавобгарга қарши чиқариладиган ҳал қилув қарорида суд улардан ҳар бири ҳал қилув қарорини қандай улушда бажариши кераклигини ёки улар шерик жавобгар эканлигини кўрсатади.



263-модда. Ҳал қилув қарори чиқарилгунига

қадар алиментлар ундириш


Алиментлар ундириш тўғрисидаги ишларни кўрган вақтида суд, зарур бўлса, ишни мазмунан ҳал қилгунига қадар тарафларнинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, эр (хотин) ўз хотинини (эрини) боқишга қанча миқдорда вақтинча маблағ тўлаб туриши лозимлиги, болаларни боқиш ва тарбиялашга эр-хотиндан қайси бири ва қанча миқдорда вақтинча маблағ бериб туриши лозимлиги, шунингдек, болалардан қайси бири ота-оналарини боқишга қанча миқдорда вақтинча маблағ бериб туриши лозимлиги тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақли.

Суднинг ажрими дарҳол ижро этилади.


3-КИЧИК БЎЛИМ. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА

БОШҚА ОРГАНЛАР, ШУНИНГДЕК МАНСАБДОР

ШАХСЛАРНИНГ ХАТТИ-ҲАРАКАТЛАРИ

(ҚАРОРЛАРИ) УСТИДАН БЕРИЛГАН ШИКОЯТ

ВА АРИЗАЛАР БЎЙИЧА ИШ ЮРИТИШ


26-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


264-модда. Давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек

мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари)

устидан берилган шикоятларга оид ишлар

Давлат органларининг ва бошқа органларнинг, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлар бўйича ишларга қуйидагилар киради:

1) жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан берилган шикоятлар;

2) сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлар;

3) нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органларининг ҳаракатларни бажаришни рад этганлиги ёхуд уларни нотўғри бажарганлиги устидан берилган шикоятлар;

4) прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш тўғрисидаги аризаси;

5) ваколатли органнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб берилган аризалари;

6) давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризалар бўйича ишлар.



265-модда. Давлат органлари ва бошқа органлар,

шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари

устидан берилган шикоятларга оид ишларни кўриш тартиби


Ушбу Кодекснинг 264-моддасида санаб ўтилган ишлар судлар томонидан мазкур Кодекснинг 26-29-бобларида кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан биргаликда фуқаролик суд ишлари юритишнинг умумий қоидаларига биноан кўрилади.



266-модда. Судга шикоят қилиниши мумкин

бўлган хатти-ҳаракатлар (қарорлар)


Давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг ҳайъат таркиби томонидан ҳамда якка тартибда амалга оширилган ва пировард натижада:

жисмоний ёки юридик шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига;

жисмоний ёки юридик шахснинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириши йўлида тўсқинликлар вужудга келишига;

жисмоний ёки юридик шахс зиммасига бирорта ғайриқонуний мажбурият юклатилишига ёки унинг ғайриқонуний равишда бирор-бир жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатлари (қарорлари) судга шикоят қилиниши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлар жумласига киради.


267-модда. Шикоятга оид ишларнинг судловга тааллуқлилиги

Жисмоний ёки юридик шахснинг шикояти давлат органи ва бошқа орган жойлашган ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи жойлашган ҳудуддаги судга берилади.

Ушбу Кодекснинг 26 - 29-бобларига мувофиқ судлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан берилган шикоятларни кўради, бундан қонунга мувофиқ шикоят қилишнинг бошқача тартиби назарда тутилган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан бериладиган шикоятлар мустасно.


268-модда. Шикоят бўйича судьянинг ҳаракатлари


Судья шикоятни кўриб чиқиш учун қабул қилиб, қуйидаги ҳаракатларни бажаради:

1) тегишли органлар ва мансабдор шахслардан зарур ҳужжатларни талаб қилиб олади;

2) тарафнинг илтимоси ёки ўзининг ташаббуси билан шикоят қилинган хатти-ҳаракатнинг (қарорнинг) ижросини тўхтатиш масаласини ҳал этади.


27-БОБ. ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ БУЗАДИГАН

ХАТТИ-ҲАРАКАТЛАР ВА ҚАРОРЛАР

УСТИДАН ШИКОЯТЛАР


269-модда. Шикоят бериш


Жисмоний ёки юридик шахс ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга шикоят билан мурожаат қилишга ҳақли.

Бўйсунув тартибидаги юқори турувчи органлар, мансабдор шахслар шикоятни бир ой муддат ичида кўриб чиқиши шарт. Агар жисмоний ёки юридик шахснинг шикоятига рад жавоби берилса ёки у шикоят берган кундан эътиборан бир ой ичида жавоб олмаса, шикоят билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Шикоят ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилган жисмоний ёки юридик шахс ёхуд унинг вакили, шунингдек жисмоний шахснинг илтимосига биноан тегишли равишда ваколат берилган жамоат бирлашмасининг, меҳнат жамоасининг вакили томонидан берилиши мумкин.

Ҳарбий хизматчи ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ҳарбий бошқарув органлари ва ҳарбий мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан ушбу моддада назарда тутилган тартибда ҳарбий судга шикоят билан мурожаат қилишга ҳақли.


270-модда. Судга шикоят билан мурожаат қилиш муддатлари


Судга шикоят билан мурожаат қилиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади:

жисмоний ёки юридик шахсга ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги маълум бўлган кундан эътиборан уч ой;

жисмоний ёки юридик шахс юқори турувчи органдан, мансабдор шахсдан шикоятини қаноатлантириш рад этилганлиги тўғрисида ёзма маълумот олган кундан эътиборан бир ой ёки шахс ўзининг шикоятига ёзма жавоб олмаган бўлса, шикоят берилган кундан эътиборан бир ой ўтгандан кейин.

Шикоят бериш муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган бўлса, суд бу муддатни тиклаши мумкин.


271-модда. Шикоят бўйича суднинг ҳал қилув қарори


Суд шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳал қилув қарори чиқаради.

Суд шикоятнинг асосли эканлигини аниқласа, шикоятга сабаб бўлган хатти-ҳаракатни (қарорни) ғайриқонуний деб топади, жисмоний ёки юридик шахснинг талабини қаноатлантириш вазифасини юклайди, унга нисбатан қўлланган жавобгарлик чораларини бекор қилади ёки унинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини бошқа йўллар билан тиклайди.

Агар суд шикоятга сабаб бўлган хатти-ҳаракатни (қарорни) қонуний, жисмоний ёки юридик шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилмаган деб топса, у шикоятни қаноатлантиришни рад этади.

Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин ўн кундан кечиктирмай тегишли органга ёки мансабдор шахсга, шунингдек фуқарога имзо қўйдириб топширилади ёки уларга почта орқали ёхуд ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади.

Ҳал қилув қарорининг ижроси ҳақида ҳал қилув қарори олинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай суд ва фуқарога маълум қилиниши лозим. Ҳал қилув қарори ижро этилмаган тақдирда суд қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни қўллайди.


272-модда. Сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари

(қарорлари) устидан берилган шикоятларни кўриш

муддати ва тартиби


Сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.

Шикоят суд томонидан аризачини ва тегишли сайлов комиссиясининг вакилини, шунингдек, прокурорни, агар шикоят аризачига эмас, балки бошқа фуқарога дахлдор бўлса, ўша шахсни ҳам чақирган ҳолда кўриб чиқилади. Бу шахсларнинг келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши биланоқ дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига топширилади.


28-БОБ. НОТАРИУСНИНГ, ФУҚАРОЛИК ҲОЛАТИ АКТЛАРИНИ

ҚАЙД ҚИЛИШ ОРГАНИНИНГ МУАЙЯН ҲАРАКАТЛАРНИ

БАЖАРИШНИ РАД ЭТГАНЛИГИ ЁКИ НОТЎҒРИ

БАЖАРГАНЛИГИ УСТИДАН ШИКОЯТЛАР


273-модда. Нотариал ҳаракатлар ёки бундай ҳаракатларни

бажаришни рад этганлик устидан шикоят бериш


Манфаатдор шахс бажарилган нотариал ҳаракатларни ёки нотариал ҳаракатни бажариш рад этилганлигини нотўғри деб ҳисобласа, бу ҳақда у нотариал идора, жойлашган ҳудуддаги судга шикоят беришга ҳақли.

Мансабдор шахслар томонидан васиятномалар ва ишонч қоғозлари нотўғри тасдиқланганлиги ёки уларни тасдиқлаш рад этилганлиги ҳақидаги шикоятлар тегишли касалхона, бошқа стационар даволаш-профилактика муассасаси, санаторий, қариялар ва ногиронлар уйи, экспедиция, госпиталь, ҳарбий даволаш муассасаси, ҳарбий қисм, қўшилма, ҳарбий ўқув юрти, жазони ижро этиш жойи ўрнашган ҳудуддаги судга берилади.

Нотариал ҳаракат нотўғри бажарилганлиги ёки уни бажариш рад этилганлиги ҳақидаги шикоятлар нотариал ҳаракат нотўғри бажарилганлиги ёки бундай ҳаракатни бажариш рад этилганлиги аризачига маълум бўлган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда берилади.

Шикоятда бажарилган нотариал ҳаракатнинг ёки бундай ҳаракатни бажаришни рад этишнинг нотўғрилиги нималардан иборат эканлиги кўрсатилиши лозим.

Шикоят бериш муддати ўтказиб юборилганда уни тиклаш ҳақидаги илтимос суд томонидан умумий асосларда ҳал қилинади.

Қарздор нотариус ёки консул томонидан берилган ижро хати хусусида умумий тартибда даъво тақдим этиш йўли билан баҳслашиши мумкин.

Бажарилган нотариал ҳаракат негизида манфаатдор шахслар ўртасида келиб чиққан ҳуқуққа доир низо тааллуқлилигига қараб, суд томонидан кўрилади.



274-модда. Фуқаролик ҳолати актларини қайд этишдаги

нотўғриликлар устидан шикоят бериш


Агар фуқаролик ҳолати актларини қайд этиш органлари фуқаролик ҳолати тўғрисидаги ёзувга тузатишлар киритишни рад этса, фуқаролик ҳолати актларини қайд этиш дафтаридаги нотўғриликларни белгилаш тўғрисидаги ишларни суд кўриб чиқади.

Шикоятда фуқаролик ҳолати актларини қайд этиш дафтаридаги хатоликлар нимадан иборат эканлиги, тузатиш киритиш қачон ва қайси фуқаролик ҳолати актларини қайд этиш органи томонидан рад этилганлиги кўрсатилиши лозим.


275-модда. Шикоят юзасидан суднинг ҳал қилув қарори


Шикоят қаноатлантирилган тақдирда, суд бажарилган нотариал ҳаракатни бекор қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради ёки нотариус ёхуд нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахс зиммасига зарур ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклайди.

Фуқаролик ҳолати актларини қайд этиш дафтаридаги нотўғриликлар кўрсатилган суднинг ҳал қилув қарори фуқ