Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 03.07.1992 й. 644-XII-сон "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

03.07.1992 й.

N 644-XII



УМУМИЙ ҲАРБИЙ МАЖБУРИЯТ

ВА ҲАРБИЙ ХИЗМАТ ТЎҒРИСИДА


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Умумий ҳарбий мажбурият

1. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ мамлакатни мудофаа қилиш давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилувчи барча фуқароларнинг вазифасидир. Ўзбекистон Республикасини ташқаридан бўладиган қуролли тажовуздан ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Конституциявий бурчидир.


2. Умумий ҳарбий мажбуриятнинг мазмуни Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини ўз мамлакатларини қуролли ҳимоя қилиш учун мажбурий ҳарбий тайёргарликдан ўтказишдан иборат бўлиб, республика Қуролли Кучларини бутлаш ва резерв тайёрлашни таъминлаш мақсадларида жорий этилади.


3. Умумий ҳарбий мажбурият фуқароларни ҳарбий хизматга тайёрлашни, чақирув участкаларида қайд этишни, ҳарбий хизматга чақиришни, ҳарбий хизматни (чақирув бўйича ва ихтиёрий равишда) ўташни, заҳирада хизмат қилишни, ҳарбий рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя этишни, умумий ҳарбий таълим беришни (уруш даврида) қамраб олади.


4. Ушбу Қонунни бажариш Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, давлат бошқарувининг марказий идоралари, ҳокимликлар, жамоат бирлашмалари, ўқув юртлари, муассасалар, корхоналар, жамоа хўжаликлари, кооперативлар ҳамда идоравий бўйсунуви, мулкчилик шакли ва хўжалик юритиш шарт-шароитларидан қатъи назар, бошқа ташкилотлар зиммасига юклатилади.

Умумий ҳарбий мажбурият Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилувчи ажнабий шахслар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тааллуқли эмас.


5. Ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон фуқароларидан:

чақирув участкаларида қайд этилгунга қадар чақирувгача бўлган тайёргарликни ўтаётган шахслар - чақирув ёшига етмаган шахслар;

чақирилувчилар ҳисобида турган шахслар - чақирилувчилар;

ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган шахслар - ҳарбий хизматчилар;

Қуролли Кучларнинг заҳираси ҳисобида турган шахслар - ҳарбий хизматга мажбурлар;

турли сабабларга кўра ҳарбий рўйхатга олинмаган ёки бу рўйхатдан чиқариб юборилган, шу жумладан истеъфога ўтказилган шахслар - ҳарбий хизматга мажбур бЎлмаган шахслар деб аталади.


6. Эркак фуқаролар, башарти, саломатликлари ва ёшлари нуқтаи назаридан ҳарбий хизматни ўташга яроқли бўлсалар, ҳарбий хизматга чақирилишлари шарт.

Шу муносабат билан улар:

ноҳия, шаҳар мудофаа ишлари идораларининг чақириғига биноан қайд ҳисобидан, тиббий кўрикдан ўтиш, ҳарбий ихтисосни ўрганишга боришга йўлланма олиш, ҳарбий хизматга ва ўқув машқлари йиғинига чақирув йўлланмасини олиш учун чақирув участкаларига келишлари;

чақирувга қадар тайёргарликдан ўтишлари, ҳарбий хизматни ўташлари ва заҳирада хизмат қилишлари;

ҳарбий рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя этишлари шарт.


7. Тиббий тайёргарликка эга ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган рўйхатга кўра ҳарбий ихтисосликларга турдош касб эгалари бўлган хотин-қизлар ҳарбий рўйхатга олинишлари мумкин.

Улар тиббий кўрикдан ўтиш ва ҳарбий рўйхат қоидаларини бажариш учун ноҳия, шаҳар мудофаа ишлари идораларининг чақирувига биноан ҳозир бўлишлари шарт.

Тинчлик вақтида хотин-қизлар ихтиёрий равишда битим бўйича ҳарбий хизматга киришлари мумкин. Ҳарбий рўйхатда турган ёки умумий ҳарбий таълим олган хотин-қизлар уруш даврида ҳарбий хизматга Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан чақирилишлари мумкин.



2-модда. Ҳарбий хизмат ва заҳирадаги хизмат

1. Ҳарбий хизмат Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва бошқа ҳарбий тузилмаларида умумий ҳарбий мажбуриятни бажаришлари ҳамда битимга биноан хизмат қилишлари борасидаги давлат хизматининг алоҳида туридир.

Ҳарбий хизматнинг:

муддатли ҳарбий хизмат;

аскар, денгизчи, сержант ва старшина, шунингдек прапоршчик ва мичман лавозимларида битимга биноан ҳарбий хизмат;

хотин-қизлар битимга биноан ўтайдиган прапоршчик ва мичман, шунингдек аскар ва сержант лавозимларидаги ҳарбий хизмат;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ҳарбий ўқув юртларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси ҳарбийлаштирилган ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг курсанти (тингловчиси) сифатида ўталадиган ҳарбий хизмат;

офицерлар лавозимларида ўталадиган ҳарбий хизматдан иборат турлари жорий этилади.


2. Тинчлик вақтида заҳирадаги хизмат - ўқув машқлари йиғинида қатнашишдан, уруш вақтида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг, шунингдек Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Стратегик Кучларининг сафарбар этилгани ва ёйилганида ҳарбий хизматга мажбурлардан ҳарбийлар рўйхатида қайд этилган ихтисослари бўйича талаб қилинадиган билим, кўникма ва маҳоратни сақлаб қолиш ҳамда такомиллаштиришдан иборатдир.


3. Ҳарбий хизматга биринчи марта чақирилган ёки ихтиёрий равишда ҳарбий хизматга кирган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг халқига ва Президентига содиқ эканликлари тўғрисида ҳарбий қасамёд қабул қиладилар.

Муқаддам ҳарбий қасамёд қабул қилмаган ҳарбий хизматга мажбурлар йиғинга ёки сафарбарликка чақирилган вақтда ҳарбий қасамёд қабул қиладилар.



3-модда. Муқобил (меҳнат) хизмат

Муқобил хизмат Ўзбекистон Республикасининг "Муқобил (меҳнат) хизмат тўғрисида"ги Қонуни билан тартибга солиб борилади.



4-модда. Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучларини

ва бошқа қўшинларини ҳарбий хизматчилар билан бутлаш

Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари ва бошқа қўшинлари:

умумий ҳарбий мажбурият асосида фуқароларни ҳарбий хизматга чақириш;

фуқароларнинг битимга биноан ҳарбий хизматга кириши орқали бутланади.

Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари ва бошқа қўшинларини уруш вақтида тақозо этиладиган штатлар даражасигача ҳарбий хизматчилар билан қўшимча равишда бутлаш ушбу Қонунда ва бошқа қонун ҳужжатларида белгилаб берилади.



5-модда. Ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматга мажбурларнинг

таркиби ҳамда уларнинг ҳарбий унвонлари

1. Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар оддий аскарлар, сержантлар ва старшиналар таркибига, прапоршчиклар ва мичманлар таркибига ҳамда офицерлар таркибига бўлинади.

Офицерлар таркиби - кичик, катта ва олий офицерлар таркибига бўлинади.


2. Ҳар бир ҳарбий хизматчи ва ҳарбий хизматга мажбурга тегишли ҳарбий унвон берилади. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва бошқа қўшинларида ҳарбий унвонлар - қўшинлар унвонлари ва кема таркибидаги унвонларга бўлинади.

Қуролли Кучларда қуйидаги унвонлар жорий этилади:

      

Қўшинлар унвонлари

Кема таркибидаги унвонлар

Оддий аскарлар таркиби


оддий аскар

матрос

Сержантлар ва старшиналар таркиби


кичик сержант

2-даражадаги старшина

сержант

1-даражадаги старшина

катта сержант

бош старшина

старшина

кеманинг бош старшинаси

Прапоршчиклар ва мичманлар таркиби


прапоршчик

мичман

катта прапоршчик

катта мичман

Кичик офицерлар таркиби


кичик лейтенант

кичик лейтенант

лейтенант

лейтенант

катта лейтенант

катта лейтенант

капитан

капитан-лейтенант

Катта офицерлар таркиби


майор

3-даражадаги капитан

подполковник

2-даражадаги капитан

полковник

1-даражадаги капитан

Олий офицерлар таркиби


генерал-майор


генерал-лейтенант


генерал-полковник


армия генерали


Ўзбекистон Республикаси Маршали


         

Заҳира ёки истеъфодаги фуқароларнинг ҳарбий унвонларига тегишинча "заҳирадаги" ёки "истеъфодаги" деган сўзлар қўшилади.


3. Ҳарбий унвонлар "Мудофаа тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташи тўғрисида"ги Низомга мувофиқ берилади.


4. Офицерлар таркибига кирувчиларни ҳарбий унвондан маҳрум қилиш оғир жиноят учун маҳкум этилганларида суднинг қарорига биноангина мумкин бўлади.

Аскар, матрос, сержант ва старшина лавозимларида (оддий аскар ва матрос унвонига эга шахслардан ташқари) муддатли хизматни ва битимга биноан хизматни ўтаётган прапоршчиклар (мичманлар), ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Интизомий Уставида белгиланган тартибдагина ҳарбий унвондан маҳрум этилишлари ёки уларнинг ҳарбий унвонлари пасайтирилиши мумкин.


5. Ҳарбий унвонни тиклаш "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташи тўғрисида"ги Низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.



6-модда. Ҳарбий лавозимлар

1. Ҳарбий лавозимлар (ҳарбий хизматчилар эгаллаши лозим бўлган штат лавозимлари) ва уларга мувофиқ келадиган ҳарбий унвонлар Ўзбекистон Республикаси ҳарбий қисмларининг, ҳарбий бошқарув идоралари ва муассасаларининг, ҳарбий ўқув юртларининг штатларида назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида олий раҳбарлик лавозимларига тайинлаш Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан, бошқа лавозимларга тайинлаш эса Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа вазири томонидан амалга оширилади.


2. Ҳарбий лавозимлар:

оддий аскарлар таркиби лавозимлари;

сержантлар ва старшиналар таркиби лавозимлари;

прапоршчиклар лавозимлари;

офицерлар таркиби лавозимларидан иборат бўлади.


3. Ҳарбий хизматчилар ўз розилигига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида ҳарбий хизматда қолдирилган, шунингдек ижтимоий ҳимояланиш ҳуқуқлари сақланган ҳолда давлат-ҳуқуқ ва мудофаа йўналишидаги вазифаларини бажариш учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви идораларига ишга йўлланиши мумкин.


4. Ҳарбий хизматчиларни хизматда юқори лавозимга ўтказиш "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташи тўғрисида"ги Низомда белгилаб берилади.



7-модда. Ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий

кийим-кечаклари ва фарқловчи нишонлари

1. Ҳарбий хизматчилар, шунингдек ҳарбий хизматга мажбурлар йиғинларда иштирок этаётганда ҳарбий унвонни ва қўшин турини фарқловчи нишонлари бўлган ҳарбий кийим-кечакда юрадилар.

Ҳарбий кийим-кечак ва фарқловчи нишонлар Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан тасдиқланади.


2. Қайси идорага тегишли эканлигидан қатъи назар, ишчи ва хизматчилар учун ҳарбий хизматчиларнинг кийим-кечагини ва фарқловчи нишонларини жорий этиш тақиқланади.


3. Ҳарбий кийимда юриш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда фуқароларнинг ҳарбий кийимда юриши, шунингдек ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий кийим-кечакларини ва фарқловчи нишонларини таҳқирлаш ёки хўрлаш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ жазоланади.



II БОБ. ФУҚАРОЛАРНИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА ТАЙЁРЛАШ

8-модда. Чақириш ёшига етмаганларни ва

чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш

1. Чақириш ёшига етмаганлар ва чақирилувчилар билан тайёргарлик ишлари олиб борилади, бу иш қуйидагиларни қамраб олади:

ўспиринларни чақиришга қадар тайёргарликдан ўтказиш; чақирилувчиларни ҳарбий-техника ихтисослари бўйича тайёрлаш; ҳарбий ўқув юртларига ўқишга киришга тайёрлаш; жисмоний жиҳатдан тайёрлаш, даволаш-соғломлаштириш ишлари ўтказиш; умумий олган таълимининг савиясини ошириш; давлат тилини ўргатиш; ватанпарварлик руҳида тарбиялаш.


2. Чақириш ёшига етмаганлар ва чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раҳбарлиги остида вилоятлар, ноҳиялар, шаҳарлар, шаҳарлардаги ноҳияларнинг ҳокимликлари томонидан амалга оширилиб, бу идоралар ўспиринларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ишларини пул билан таъминлайдилар, моддий-техника таъминотини амалга оширадилар, ўқув-моддий базасини вужудга келтирадилар ва ўспиринларни ҳарбий хизматга тайёрлаш учун жавобгар бўладилар.

Чақириш ёшига етмаганлар ва чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлашнинг ташкил этилишини амалга оширилишини ва бу ишнинг натижаларини назорат қилиб бориш, чақиришга қадар бўлган тайёргарликни дастурий ва услубий жиҳатдан таъминлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, шунингдек ўқув юртларини тасарруф этувчи вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан амалга оширилади.



9-модда. Чақиришга қадар тайёргарлик ишлари

Ўспиринларни чақиришга қадар тайёрлаш ишлари, шу жумладан уларни фуқаролар мудофаасига тайёрлаш ишлари мажбурий фан бўлиб, умумий таълим мактабларида (шу жумладан гимназиялар, лицейлар ва ўрта умумтаълим ўқув юртларининг бошқа турларида), ҳунар-техника билим юртларида битириш йили арафасидаги синфларда, қурсларда штатдаги ҳарбий раҳбарлар томонидан ўқитилади.

Чақиришга қадар тайёргарлик даражаси паст бўлган ўспиринлар чақиришдан олдин Ўзбекистон Республикаси ҳокимликлари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда уюштириладиган мудофаа-спорт-соғломлаштириш лагерларида чақиришга қадар қўшимча тайёргарликдан ўтадилар.



10-модда. Чақирилувчиларни ҳарбий-техника

ихтисослари бўйича тайёрлаш

Чақирилувчиларни ҳарбий-техника ихтисослари бўйича тайёрлаш, яъни:

ҳунар-техника билим юртлари ўқувчилари орасидан бўлган чақирилувчиларни ҳарбий рўйхатга киритилган соҳага ўхшаш ихтисослар бўйича тайёрлаш - бевосита ана шу билим юртларида;

ишловчи ва вақтинча ишламаётганлар жумласидан, шунингдек ҳунар-техника билим юртларида ҳарбий рўйхатга киритилган ихтисосга даҳли бўлмаган мутахассислик бўйича таълим олаётган ўқувчилар орасидан бўлган чақирилувчилар тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" жамиятининг ўқув ташкилотларида амалга оширилади.

Бундай таълимга 17 ёшга тўлган, саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқли бўлган ҳамда ўқишни битиргач ҳарбий хизматга чақирилиши лозим бўлган чақирилувчилар жалб этилади.

Ҳарбий-техника ихтисосликлари бўйича тайёргарликдан ўтказилиши лозим бўлган чақирилувчиларнинг сони, шунингдек ихтисосликларнинг ва дастурларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда белгиланади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" жамиятининг мактабларида чақирилувчиларни ҳарбий-техника ихтисосликлари бўйича тайёрлашни пул билан таъминлаш унинг Марказий Кенгаши орқали республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



11-модда. Олий ўқув юртларида заҳирадаги офицерларни тайёрлаш

1. Заҳирадаги офицерларни тайёрлаш олий ўқув юртларининг талабаларига олий ўқув юртлариаро ҳарбий тайёргарлик ўқув марказларида (ҳарбий кафедралар ёки циклларда) таълим бериш орқали амалга оширилади.

Олий ўқув юртларининг кундузги бўлимида ўқиётган, саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқли талабалар (27 ёшгача бўлган эркаклар) ҳарбий тайёргарлик курсини, тиббиёт олий ўқув юртларининг талаба хотин-қизлари - ҳарбий тиббий тайёргарлик курсини ўтадилар.

Талабаларни ҳарбий тайёргарлик курсларига қабул қилиш ихтиёрий асосларда (талабаларнинг шахсий аризаларига биноан) амалга оширилиши мумкин. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган шахслар ҳарбий тайёргарликни юқори курсларда ўтайдилар.


2. Олий ўқув юртлариаро ўқув марказларида (ҳарбий кафедралар ёки циклларда) ҳарбий тайёргарлик курсини ўтган, таълим дастурини ўзлаштирган, белгиланган давлат имтиҳонларини топширган шахслар кичик лейтенант унвони олганларидан кейин заҳирадаги офицерлар ҳисобига киритиладилар. Олий ўқув юртлариаро ўқув марказларида таълим курсини муваффақиятли тугаллаб, офицер лавозимида ҳарбий хизматни ўташ истагини билдирган эркак талабалар дастлабки офицерлик унвони олганлари ва олий ўқув юртини битирганларидан кейин қўшинларга жўнатилишлари мумкин. Бунда олий ўқув юртида ўқиш даври ҳарбий хизмат муддатига қўшилади.

Олий ўқув юртларининг кичик курсларида сержантлар тайёрлаш дастурини ўтган ёки юқори курсларда ҳарбий таълим олишни давом эттиришни рад этган, ҳарбий тайёргарлик таълими олиш истагини билдирмаган талабалар (олий ўқув юртини битиргандан кейин) ушбу Қонунга мувофиқ муддатли ҳарбий хизматни ўташга жалб этиладилар.


3. Заҳирадаги офицерларни тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси Мудофаа вазирлиги билан биргаликда олий ўқув юртларини тасарруф этувчи вазирликлар (қўмиталар) зиммасига юклатилади.

Олий ўқув юртлариаро ҳарбий тайёргарлик ўқув марказларининг (ҳарбий кафедралар ёки циклларнинг) йўналишларини, заҳирадаги офицерлар ихтисосларининг рўйхатини Мудофаа вазирлиги белгилайди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди.


4. Таркибида олий ўқув юртлариаро ўқув марказлари (ҳарбий кафедралар ёки цикллар) ташкил этилган олий ўқув юртларига эга бўлган вазирликлар ва давлат бошқарувининг бошқа идоралари ҳарбий тайёргарликни алоҳида модда бўйича пул билан таъминлайдилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг кўмагида зарур ўқув-моддий базани яратадилар.


5. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги талабаларнинг ҳарбий тайёргарлиги устидан назоратни, ўқув юртлариаро ўқув марказларининг, ҳарбий кафедралар (цикллар)нинг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимига ушбу олий ўқув юртини тасарруф этувчи вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда, бошқа лавозимларга эса - олий ўқув юртларининг ректорлари билан келишган ҳолда офицерлар танлаш ва тайинлашни амалга оширади.

Олий ўқув юртлариаро ўқув марказларининг, ҳарбий кафедраларнинг (циклларнинг) ҳарбий лавозимига тайинланган ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг кадри сифатида қоладилар ва ҳақиқий ҳарбий хизматдагилар учун белгиланган барча имтиёзлардан фойдаланадилар.



12-модда. Ҳарбий ўқув юртига киришга ва ҳарбий хизматга тайёрлаш

тартиби. Жисмоний тайёргарлик. Даволаш соғломлаштириш ишлари.

Умумтаълим тайёргарлик савиясини ошириш. Давлат тилини ўрганиш.

Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш

1. Ҳарбий ўқув юртига кириш истагини билдирган фуқаролар ҳарбий лицейларда, умумтаълим ўқув юртларида (гимназияларда, лицейларда), Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" жамиятининг ташкилотларида, ҳарбий ўқув юртлари қошидаги тайёрлов курсларида ёки мустақил равишда тайёргарликдан ўтадилар.


2. Чақириш ёшига етмаганлар ва чақирилувчиларни жисмоний жиҳатдан тайёрлаш жисмоний тарбия дастурига мувофиқ халқ таълими, жисмоний тарбия ва спорт давлат бошқаруви идоралари, спорт жамиятлари ва клублари, даволаш муассасалари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардаги мудофаа-спорт-соғломлаштириш лагерларида амалга оширилади.


3. Ўспиринлар ўртасида даволаш-соғломлаштириш ишлари соғлиқни сақлаш идоралари ва муассасалари томонидан уларнинг турар жойларида, иш ёки ўқиш жойларида, даволаш муассасаларида, даволаш-олдини олиш ва даволаш соғломлаштириш муассасаларида ташкил этиладиган ўсмирлар хоналари ва поликлиникаларида уюштирилади ҳамда ўтказилади.

15-17 ёшдаги ўспиринлар ҳар йили чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказишга жалб этиладиган мутахассис врачлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.


4. Таълимни бошқариш давлат идоралари чақирилиш ёшига етмаганлар ва чақирилувчиларнинг тарбия, умумтаълим тайёргарлик даражасини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўришлари, давлат тилини яхши билмайдиган ёки мутлақо билмайдиган ўсмирлар билан давлат тилини ўрганиш бўйича қўшимча машғулотлар ўтказишни уюштиришлари ва ўтказишлари шарт.



13-модда. Ҳарбий хизматга тайёргарликка жалб этиладиган

фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

1. Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ҳунар-техника таълимининг ўқув ташкилотларида, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" жамиятининг ўқув ташкилотларида ҳарбий-техника ихтисосликлари бўйича тайёгарлик кўришга жалб этилган фуқароларнинг иш ўрни ва эгаллаган лавозими уларнинг юқоридаги вазифаларни бажаришларининг бутун даврида, шу жумладан ўқиш (йиғин) ўтказиладиган жойга бориш ва орқага қайтиш даврида сақлаб қолади.


2. Чақирилувчиларнинг таълим олиш (йиғинлар) даврида ижарага олган уй-жойларга қилган харажатлари, ўқиш жойга бориш ва у ердан қайтишнинг (башарти, бошқа аҳоли пунктига бориш билан боғлиқ бўлган бўлса) йўлкира қиймати, шунингдек ўртача ойлик иш ҳақи асосий иш жойида тўланади. Ишламайдиган чақирилувчиларнинг ана шундай харажатлари, шунингдек кун кечиришнинг белгиланган энг кам миқдоридаги нафақа ҳокимиятлар томонидан тўланади.


3. Ҳарбий - техник ихтисослар бўйича чақиришга қадар тайёргарликдан ўтишга жалб этилган фуқаролар машғулотларда қатнашишлари шарт.



III БОБ. ФУҚАРОЛАРНИ ЧАҚИРИШ ПУНКТЛАРИДА ҚАЙД ЭТИШ.

ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА ЧАҚИРИШ ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШ (КИРИШ)

14-модда. Фуқароларни чақириқ участкаларида қайд этиш

1. Фуқароларни чақириқ участкаларида қайд этиш ўспиринларни рўйхатга олиш, уларнинг сонини, ҳарбий хизматга қай даражада яроқли эканлигини аниқлаш, умумтаълим савияси, эгаллаган ихтисоси ва жисмоний тайёргарлигини билиб олиш мақсадида ўтказилади.

Фуқароларни қайд этиш учун ноҳияларда (шаҳарларда) чақириқ участкалари ташкил этилади.


2. Чақириқ участкаларида ҳар йили январь-март ойларида шу йил 17 ёшга тўладиган фуқаролар қайд этиладилар.

Қайд қилиш қайд қилинадиган фуқароларнинг турар жойларидаги ноҳия (шаҳар) мудофаа ишлари идоралари томонидан ўтказилади.

Чақириқ участкаларида қайд қилинадиган фуқароларни врачлар, шу жумладан жарроҳлар, терапевтлар, асаб касалликлари, руҳий касалликлар, кўз касалликлари, қулоқ, томоқ, бурун касалликлари, тиш касалликлари мутахассислари, заруратга қараб бошқа ихтисосдаги врачлар тиббий кўрикдан ўтказадилар.


3. Уй-жойдан фойдаланиш ташкилотлари, уйлардан фойдаланишни амалга оширувчи корхоналар ва муассасалар, уй эгалари, шунингдек ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни дастлаб рўйхатга олиш вазифаси юклатилган ҳокимиятлар, корхоналар, ташкилотлар ва ўқув юртларининг кадрлар бўлимлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги белгилаган муддатларда ҳар йили тегишли ноҳия (шаҳар) мудофаа ишлари идораларига чақириқ участкаларида қайд этилиши лозим бўлган ўспиринларнинг рўйхатини берадилар.


4. Чақириқ участкасида қайд этиш учун фуқаролар чақирув қоғозида кўрсатилган муддатда мудофаа ишлари идораларига келиб, зарур ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.


5. Фуқароларни чақириқ участкаларида қайд этиш ишларини ўтказиш учун ноҳияларда (шаҳарларда) тегишли комиссиялар тузилади.


6. Чақириқ участкаларида қайд этилган фуқаролар чақирилувчилар деб ҳисобланади. Уларга чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси берилади, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ҳарбий рўйхатга олиш ва ҳарбий хизматга тайёрлаш тартиби тушунтирилади. Қайд этилган вақтдан бошлаб фуқаролар ҳарбий рўйхатга киритиладилар.



15-модда. Чақирув ёши. Фуқароларни

муддатли ҳарбий хизматга чақириш

1. Тинчлик вақтида саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқли бўлган ва чақирув куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмиш йигитлар муддатли ҳарбий хизматга чақириладилар.

Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига асосан йилига икки марта ўтказилади.

Вазирлар Маҳкамасининг Қарори чақирув бошланишига камида бир ой қолганида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори эълон қилинганидан кейин ҳар бир чақирилувчи, шу жумладан вақтинча рўйхатда турган чақирилувчи чақирув қоғозида кўрсатилган муддатда чақирув пунктида ҳозир бўлиши шарт.

Муддатли ҳарбий хизматни ўтамаган ва ҳарбий рўйхатга киритилмаган чақирув ёшидаги фуқаролар, шунингдек доимий истиқомат жойидан вақтинча бошқа жойга кетиб қолган ва у ерда ҳарбий рўйхатда турмаган чақирилувчилар турар жойларидаги мудофаа ишлари идораларига боришлари шарт.


2. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоа хўжаликлари, кооперативлар ва ўқув юртларининг раҳбарлари хизмат сафарида бўлган чақирилувчиларни чақиртириб олишлари ва уларнинг чақириқ участкасида ўз вақтида ҳозир бўлишини таъминлашлари шарт.


3. 18 ёшга тўлган ва 18 ёшдан катта чақирилувчиларнинг ҳарбий рўйхатда туриш жойини ўзгартиришига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги чақирув тўғрисидаги Қарори эълон қилингунига қадар йўл қўйилади.

Қарор эълон қилинганидан кейин эса фақатгина айрим ҳолларда, башарти чақирилувчи мудофаа ишлари идораларига:

бошқа жойдаги ишга ўтказилганлигини;

янги истиқомат жойига кўчиб ўтганлигини;

ўқув юртига қабул қилинганлиги ва таълим олишни давом эттириш учун кетаётганлиги ёки ўқув юртини тугатиб, йўлланма бўйича ишга жўнатилаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этганидан кейин ҳарбий рўйхатда туриш жойини ўзгартириши мумкин.


4. Қуйидагилар:

фуқаронинг чақириқ участкасига шахсан келишига имкон бермаган касаллиги;

яқин туғишганининг вафот этгани ёки оғир бетоблиги;

фуқарога боғлиқ бўлмаган ҳолда, уни кўрсатилган участкаларга ва муддатларда шахсан етиб келишига тўсқинлик қилган табиий офат ва шунга ўхшаш бошқа вазиятлар фуқаронинг мудофаа ишлари идоралари белгилаган муддатларда чақириқ участкаларига етиб келмаганлигининг узрли сабаблари ҳисобланади.

Ҳозир бўлмаганлик сабаблари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим.


5. Тинчлик вақтида:

ушбу Қонуннинг 17 ва 18-моддаларига мувофиқ чақирувдан озод этилган;

ўтказилаётган дастлабки суриштирув ёки тергов дахлдор бўлган шахслар;

жиноий ишга дахлдор бўлган шахслар иш то судда узил-кесил қараб чиқилиб, айблов ёки оқлов хулосаси чиқарилгунга қадар;

шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлмаган шахслар муддатли хизматга чақирилмайдилар.



16-модда. Чақирув комиссиялари

1. Фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга чақирувини ўтказиш учун ноҳияларда, шаҳарларда, вилоятларда, Қорақалпоғистон Республикасида чақирув комиссиялари тузилади. Чақирув комиссияларининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва ноҳия ҳокимлари томонидан вилоят, шаҳар ва ноҳия ҳарбий бошқарув идораларининг муқаррар иштирокида белгиланади.

Юқори турувчи чақирув комиссиялари зиммасига:

чақирув муддатини кечиктириш ёки чақирувдан озод қилганлик қай даражада тўғри эканлигини текшириш;

чақирилувчиларни ҳарбий касб-корларга тайинлашда уларнинг тажрибаси, қобилияти, қизиқишлари ва шахсий имкониятларини ҳисобга олиши қай даражада асосли бўлганлигини назорат қилиш;

фуқароларнинг ноҳия (шаҳар) чақирув комиссияларининг хатти-ҳаракатлари устидан қилган шикоятларини қараб чиқиш вазифалари юклатилади.

Муддатли ҳарбий хизматга чақирилганларни, шунингдек ноҳия (шаҳар) чақирув комиссияларининг тиббий кўрик натижаларига ҳамда қарорига норозилигини баён этган шахсларни ҳарбий қисмларга жўнатишдан аввал назорат тарзида тиббий кўрикдан ўтказишни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий врачлар комиссиялари амалга оширадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар чақирув комиссиялари ноҳия (шаҳар) чақирув комиссияларининг қарорларини кўриб чиқиш ва бекор қилиш ҳуқуқига эгалар.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар чақирув комиссиясининг қарорлари устидан давлат бошқаруви идоралари ва мансабдор шахсларнинг фуқаролар ҳуқуқларини камситувчи ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш учун белгиланган тартибда халқ судига шикоят қилиши мумкин.


2. Ҳарбий хизматга чақирилаётган барча фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомга мувофиқ мутахассис врачларнинг тиббий кўригидан ўтишлари шарт.


3. Чақирилувчини тиббий кўрикдан ўтказиш натижаларига, унинг маънавий ва касбий хислатларини ўрганишга, шунингдек оила аъзоларининг моддий ва ижтимоий аҳволини ўрганиб чиқиш натижаларига мувофиқ ноҳия (шаҳар) чақирув комиссияси:

- ҳарбий хизматга яроқлилиги ва қўшин турини белгилаган ҳолда ҳарбий хизматга чақириш тўғрисидаги;

- муқобил хизматга яроқлилиги ва муқобил хизматга чақириш тўғрисидаги;

- саломатлигига кўра ҳарбий хизматга вақтинча яроқсизлиги тўғрисидаги;

- ушбу Қонуннинг 17 ва 18-моддаларига асосан муддатли хизматга чақиришни кечиктириш ёки чақиришдан озод қилиш тўғрисидаги;

- саломатлигига кўра тинчлик вақтида ҳарбий хизматга яроқсизлиги, уруш вақтида чекланган равишда яроқлилиги ва заҳирага ўтказиш тўғрисидаги;

- ҳарбий рўйхатдан чиқарган ҳолда ҳарбий хизматга яроқсиз деб топиш тўғрисидаги қарорлардан бирини қабул қилади.



17-модда. Чақириш муддатини кечиктириш

1. Муддатли ҳарбий хизматга чақириш муддатини узайтириш:

фуқароларнинг оилавий шароити, саломатлигининг ёмонлашганлиги муносабати билан ўқишни давом эттиришлари учун ноҳия (шаҳар) чақирув комиссиясининг қарорига биноан амалга оширилади.

Қуйидаги чақирилувчиларнинг чақириш муддати оилавий шароитга кўра узайтирилади, чунончи:

а) чақирилувчининг отаси ва онаси ёки улардан бири меҳнатга қобилиятсиз бўлиб, улар билан бирга ёки айрим ҳолда истиқомат қилишдан қатъи назар, ўзларини боқиши шарт бўлган бошқа меҳнатга қобилиятли ўғли бўлмаса. Ота-оналарнинг меҳнатга қобилиятсизлиги амалдаги қонунларга мувофиқ аниқланади;

б) чақирилувчининг меҳнатга қобилиятли онаси ёлғиз бўлиб, унинг 16 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлса-ю, истиқомат жойидан қатъи назар, амалдаги қонунларга мувофиқ онасига моддий ёрдам кўрсатиши шарт бўлган меҳнатга қобилиятли бошқа болалари бўлмаса;

в) чақирилувчининг бир фарзанди бўлиб, уни ёлғиз ўзи тарбиялаётган бўлса;

г) чақирилувчининг икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлса, ёки хотини I ёки II гуруҳ ногирони бўлса.

Ота-онасининг вафот этганлиги, уларнинг узоқ муддат бетоблиги ёки бошқа узрли сабабларга кўра чақирилувчини камида беш йил давомида Ўз қарамоғида сақлаётган шахслар унинг ота-онасига тенг шахслар ҳисобланадилар.

Ўрта умумий таълим, ҳунар-техника билим юртлари, кундузги диний ўрта ўқув юртларида таҳсил кўраётган чақирилувчиларнинг чақириш муддати - тўлиқ умумий таълим олгунларига қадар, лекин кўпи билан 21 ёшгача, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ўқув юртларида таълим олаётган студентларга ҳамда кундузги диний олий ўқув юртларида таҳсил кўраётган фуқароларга чақириш муддати - ўқув юртини битиргунларига қадар таълим олишни давом эттиришлари мақсадида узайтирилади.

Ўқув юртларидан интизомсизлиги, ўқишда улгурмаслиги ва ўқишни хоҳламаслиги сабабли ҳайдаб юборилган шахслар чақирилиш муддатини узайтириш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар.


2. Табиий офат рўй берган жойлардан кўчирилган чақирилувчиларнинг чақириш муддати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан кўчирилган вақтдан бошлаб кўпи билан 2 йилга кечиктирилади.


3. Чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқини йўқотган чақирилувчилар, шунингдек чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки ушбу Қонуннинг 17-моддасида назарда тутилган чақирилишдан озод бўлиш асослари бўлмаган шахслар ва турли сабабларга кўра муддатли хизматга чақирилмаганлар қўшинларга жўнатиш кунигача 27 ёшга тўлгунга қадар навбатдаги чақириш амалга оширилаётганда чақириладилар.



18-модда. Муддатли ҳарбий хизматга чақиришдан озод этиш

Тинчлик вақтида:

- тинчлик вақтида саломатлиги ёмонлашганлиги учун ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган;

- 27 ёшга тўлгунига қадар муддатли ҳарбий хизматга ёки муқобил хизматга чақирилмаган;

- рўйхатдан ўтказилган диний идораларнинг бирида диний рутбага эга бўлган;

- туғишган ака-укаларидан бири муддатли ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки ўлган чақирилувчилар муддатли ҳарбий хизматга чақирилишдан озод этиладилар.



19-модда. Заҳирадаги офицерларни ҳарбий хизматга чақириш

Муддатли хизматни ўтамаган 40 ёшгача бўлган ва (17-моддага биноан) чақирилиш муддатини кечиктириш асосларига эга бўлмаган офицерлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг буйруғига биноан тинчлик вақтида 18 ой давомида офицерлар таркибига кирувчи лавозимларда ҳарбий хизматни ўташ учун чақирилишлари мумкин.

Кейинчалик эса офицер ихтиёрий равишда ҳарбий хизматни ўташи мумкин. Бунда олий ва ўрта махсус ўқув юртида таълим олиш даври ва ҳарбий рўйхатдаги ихтисосликка мос келадиган узлуксиз иш стажи ҳарбий хизмат муддатига қўшилади.



20-модда. Битимга биноан ҳарбий хизматга (кириш)

қабул қилиш (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамаси томонидан жорий этилади)

1. Ҳарбий хизматнинг талабларига жавоб берувчи қуйидаги фуқаролар, чунончи:

чақирувга биноан камида бир йил оддий аскарлар, сержантлар ва старшиналар таркибида хизматни ўтаган ҳамда ихтисоси бўйича тегишли ҳунар бўйича тайёргарликка эга бўлган ҳарбий хизматчилар битимга биноан аскарлик ва сержантлик лавозимидаги ҳарбий хизматга;

19 ёшдан 30 ёшгача бўлган оддий аскарлар, сержантлар ва старшиналар таркибидаги лавозимларда хотин-қизлар бажарадиган ҳарбий хизматга;

муддатли хизматни ўтаб бўлган оддий аскарлар, сержантлар ва старшиналар таркибига кирувчи ҳарбий хизматчилар, офицерлар таркибига кирувчи ҳарбий унвонларга эга бўлмаган ҳарбий хизматга мажбурлар 30 ёшга тўлгунга қадар, шунингдек 19 ёшдан 40 ёшгача бўлган олий ва ўрта махсус маълумотли, тегишли ихтисос тайёргарлигига эга хотин-қизлар - прапоршчиклар лавозимидаги ҳарбий хизматга;

17 ёшдан 21 ёшгача бўлган фуқаролар, шу жумладан ўқишга қабул қилинган йили 17 ёшга тўлган фуқаролар, шунингдек офицерлар таркибига кирувчи ҳарбий унвонларга эга бўлмаган 18 ёшдан 23 ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар - ҳарбий ўқув юртларининг курсантлари лавозимидаги ҳарбий хизматга;

заҳирадаги офицерлар ва офицерлар таркибига кирувчи унвонлар берилган 40 ёшгача бўлган хотин-қизлар - офицерлар таркибига кирувчи ҳарбий хизматга ихтиёрий равишда қабул қилинадилар.


2. Ҳарбий хизматга қабул қилинаётган фуқаролар мажбурий тиббий кўрикдан ўтадилар.



21-модда. Фуқароларни ҳарбий хизматга чақирилганлиги ёки

қабул қилинганлиги муносабати билан моддий таъминлаш

1. Ҳарбий хизматга чақирилган ёки қабул қилинган фуқароларга иш жойидан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ ишдан бўшаганлик нафақалари тўланади.


2. Фуқаролар ҳарбий рўйхатдан ўтиш, ҳарбий хизматга чақирилиш ёки кириш билан боғлиқ вазифаларни бажаришлари учун кетадиган зарур вақт давомида ишдан (ўқишдан) озод этилиб, уларнинг доимий иш (ўқиш) жойидаги ўртача иш ҳақи (ўқиш пули) сақлаб қолинади.


3. Ҳарбий ўқув юртларига кираётган фуқаролар ўқув юртига бориш ва у ердан қайтиш, кириш имтиҳонларини топшириш учун кетадиган зарур вақт давомида ишдан озод этилиб, доимий иш жойидаги лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.


4. Мудофаа ишлари идоралари томонидан диспансер ёки стационар текширувга юборилган фуқароларнинг тиббий текширувда бўлган бутун давр учун иш жойи ва эгаллаб турган лавозими, ўртача иш ҳақи сақланиб қолади, текширув жойига бориш ҳамда у ердан қайтишга кетган харажатларини иш (ўқиш) жойида қопланади. Фуқаро стационар даволанишга юборилганида унга иш жойидан Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда меҳнат қобилиятини вақтинчалик йўқотганлик нафақаси тўланади.



IV БОБ. ҲАРБИЙ ХИЗМАТНИ ЎТАШ

22-модда. Ҳарбий хизматни ўташ тартиби,

ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегараси

1. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби ушбу Қонун, "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташи тўғрисида"ги Низом билан белгилаб берилади.


2. Ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегараси:

а) хизматни битимга биноан ўтаётган аскарлар, денгизчилар, сержантлар ва старшиналар учун - 45 ёшгача;

б) оддий аскарлар, сержантлар ва старшиналар таркибидаги лавозимларда хизмат қилаётган хотин-қиз ҳарбий хизматчилар учун, шунингдек прапоршчиклар ва мичманлар учун - 45 ёшгача;

в) кичик офицерлар учун - 43 ёшгача;

г) катта офицерлар учун - 45 ёшгача, полковниклар (I даражадаги капитанлар) учун - 50 ёшгача;

д) олий офицерлар учун: генерал-майор, генерал-лейтенант ҳарбий унвонидагиларга - 55 ёшгача, генерал полковник ҳарбий унвонидагиларга - 60 ёшгача, армия генералларига - 65 ёшгача қилиб белгиланади.

Илмий даража ва илмий унвонга эга бўлган офицерларнинг, шунингдек юксак касб маҳоратига, эгаллаб турган лавозимида амалий иш тажрибасига эга бўлган, саломатлигига кўра ҳарбий хизматни ўташга яроқли офицерларнинг хизмат муддати Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири томонидан беш йилгача узайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири хизматни битимга биноан ўтаётган аскарлар, денгизчилар, сержантлар ва старшиналарнинг, шунингдек прапоршчик ва мичман лавозимидаги ҳарбий хизматчиларнинг, шу жумладан хотин-қиз ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегарасини беш йилгача узайтириш мумкин.

Ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегарасига етган ҳарбий хизматчилар "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташи тўғрисида"ги Низомда белгиланган тартибда заҳирага бўшатилишлари лозим.



23-модда. Ҳарбий хизмат муддатлари

Ҳарбий хизмат муддатлари календарь ҳисобда:

а) аскар, сержант ва старшиналар учун: хизматни чақирувга биноан ўтаётганларга - 18 ой (олий маълумотли шахслар учун - 12 ой), биринчи битимга биноан ўтаётганларга 3 йил;

б) аскар, сержант лавозимларидаги хотин-қизлар учун - биринчи битимга биноан камида 3 йил;

в) прапоршчиклар учун - биринчи битимга биноан камида 5 йил;

г) ҳарбий хизматга заҳирадан чақирилган офицерлар учун 12 ой, ҳарбий хизматга ихтиёрий равишда келганлар учун - камида уч йил қилиб белгиланади. Ушбу моддада белгиланган ҳарбий хизмат муддати тугаганидан сўнг бу хизмат офицерларининг истагига кўра давом эттирилиши мумкин.



24-модда. Ҳарбий хизматнинг бошланиши ва тугаши

1. Чақирилувчилар ва заҳирадан чақирилган офицерлар учун - ҳарбий қисмга жўнаш мақсадида мудофаа ишлари идораларига келган кун;

хотин-қиз ҳарбий хизматчилар учун - мудофаа ишлари идораларининг кўрсатмасига мувофиқ хизмат жойига жўнаб кетилган кун;

ҳарбий хизматга мажбур бўлган чақирилувчилар учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ҳарбий ўқув юртларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси ҳарбийлаштирилган ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган кун ҳарбий хизматнинг бошланиши ҳисобланади.

2. Ҳарбий қисм командирининг буйруғига биноан ҳарбий хизматдан бўшатилиши, истеъфога чиқиши муносабати билан шахсий таркиб рўйхатидан чиқарилган кун - ҳарбий хизматчи учун ҳарбий хизматнинг тугаши ҳисобланади.



25-модда. Ҳарбий ўқув юртлари курсантлари

ва тингловчиларининг ҳарбий хизмати

1. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ҳарбий ўқув юртларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси ҳарбийлаштирилган ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида таълим олаётган фуқаролар курсантларнинг ва (тингловчиларнинг) ҳарбий хизматида бўлиб, башарти, улар офицерлар таркибига кирувчи унвонга эга бўлмасалар - курсантлар деб, агар бундай унвонларга эга бўлсалар - тингловчилар деб аталадилар.

2. Ҳарбий ўқув юртига киргунга қадар ҳарбий унвонга эга бўлмаган фуқароларга ўқишга қабул қилиниш чоғида "оддий аскар" ҳарбий унвони берилади. Ҳарбий ўқув юртига киргунга қадар берилган бошқа ҳарбий унвонлар сақлаб қолинади.

Курсантларнинг ҳарбий хизматни ўташига доир масалалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири томонидан тасдиқланадиган "Мудофаа вазирлигига қарашли олий ҳарбий ўқув юртлари тўғрисида"ги Низом ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари умумқўшин уставларида белгилаб берилади.

Курсантлар амалдаги қонунларда назарда тутилган ҳуқуқлар, имтиёзлар ва афзалликлардан фойдаланадилар ҳамда вазифаларни бажарадилар.


3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ҳарбий ўқув юртидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси ҳарбийлаштирилган ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларидан чиқарилган курсантлар заҳирага бўшатиладилар ёки агар, муддатли ҳарбий хизмат муддатини ўтамаган бўлсалар, ҳарбий хизматни давом эттириш учун ҳарбий қисмларга юбориладилар.


26-модда. Ҳарбий хизматдан бўшатиш

1. Ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматдан:

а) башарти, ҳарбий хизматчилар заҳирада бўлиш ёшининг чегарасига етмаган бўлсалар, саломатликларига кўра уруш ёки тинчлик вақтида ҳарбий хизматни ўташга яроқли бўлсалар - заҳирага;

б) башарти, ҳарбий хизматчилар заҳирада бўлиш ёшининг чегарасига етган бўлсалар ёки ҳарбий-врачлар комиссияси томонидан саломатлигига кўра ҳарбий хизматни ўташга яроқсиз деб топилсалар - ҳарбийлар рўйхатидан чиқарилган ҳолда истеъфога;

в) башарти, ҳарбий хизматчилар белгиланган ёш чегарасига етишларига беш йил ва ундан кам муҳлат қолса-ю, узоқ йил хизмат қилганлик учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлсалар - ёшга кўра;

г) ҳарбий-врачлар комиссиясининг ҳарбий хизматга яроқсизликка доир қарорига асосан саломатлигининг ёмонлашганлиги туфайли;

д) штатларнинг қисқартирилиши, хизматда фойдаланиш имкони бўлмаган тақдирда ташкилий тадбирлар муносабати билан;

е) хизматга номувофиқлиги туфайли;

ж) маҳкум этилганлиги муносабати билан бўшатиладилар.



V БОБ. ЗАҲИРАДАГИ ХИЗМАТ

27-модда. Заҳирадагилар рўйхатига олиш. Заҳира тоифалари

1. Ҳарбий хизматчидан бўшатилган, шунингдек муддатли ҳарбий хизматга чақиришдан озод этилган фуқаролар (саломатлигининг ёмонлашганлиги туфайли ҳарбий ҳисобидан чиқарилганлардан ташқари) заҳирадагилар рўйхатига олинадилар.


2. Заҳира биринчи ва иккинчи тоифаларга бўлинади.

Ҳарбий хизматда камида 18 ой хизмат қилиб, шу давр ичида ҳарбий ихтисослар рўйхатига кирадиган мутахассисликни эгаллаган ҳарбий хизматга мажбурлар биринчи тоифадаги заҳирага кирадилар.

12 ойдан кам ҳарбий хизмат қилган ёки ҳарбий хизматга чақирилмаган ҳарбий хизматчилар иккинчи тоифадаги заҳирага кирадилар.

Иккинчи тоифадаги заҳирага кирадиган ҳарбий хизматга мажбурлар ўқув машқлари йиғинида ҳарбий ихтисослар рўйхатига кирадиган мутахассисликни ёки тегишли фуқаролик касбини эгаллаганлари тақдирда биринчи тоифа заҳирага ўтказиладилар.

Ҳарбийлар рўйхатига олинган хотин-қизлар иккинчи тоифадаги заҳирада бўладилар.


3. Заҳирага ўтказилган шахслар вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтишга юборилишлари мумкин. Бунда ҳарбий хизматни ўтамаган ҳолда саломатлигига кўра заҳирага ўтказилган ҳарбий хизматчилар 27 ёшга тўлгунга қадар ҳарбий хизматга яроқли деб топилсалар, чақирилувчиларнинг рўйхатига қайта киритилиб, улар умумий асосларда муддатли ҳарбий хизматга чақирилишлари лозим.



28-модда. Заҳирада бўлиш ёшининг чегараси. Заҳира даражалари

1. Заҳирадаги ҳарбий хизматга мажбурлар ёшига қараб уч даражага бўлинади. Учинчи даража заҳирада бўлиш ёшининг чегараси умуман заҳирада бўлиш ёшининг чегараси ҳисобланади.


2. Аскарлар, сержантлар ва старшиналар, прапоршчиклар ва мичманларнинг заҳирада бўлиш ёшининг чегараси қуйидагичадир:

биринчи даражадагилар учун - З5 ёшгача;

иккинчи даражадагилар учун - 45 ёшгача;

учинчи даражадагилар учун - 50 ёшгача.


3. Офицерлар таркибидан бўлган шахслар заҳирада қуйидаги энг юқори ёшгача бўладилар:

   

Ҳарбий унвонлар

Ёш чегараси


1-даражадаги

заҳира


2-даражадаги

заҳира


3-даражадаги

заҳира


Кичик офицерлар


45

50

55

Катта офицерлар


50

55

60

Олий офицерлар


55

60

65

       

4. Ҳарбий хизматга мажбур хотин-қизлар, ўзларига берилган ҳарбий унвондан қатъи назар, учинчи даражадаги заҳирада бўладилар. Уларнинг заҳирада бўлиш ёшининг чегараси қуйидагича белгиланади:

офицерлар таркибига кирувчи шахслар учун - 50 ёш;

бошқа ҳарбий хизматга мажбур хотин-қизлар учун - 40 ёш.



29-модда. Йиғинларда қатнашиш

1. Ҳарбий хизматга мажбурлар заҳирада бўлиш вақтида: ўқув (синов) машқларига ва махсус машқларга чақириладилар.

Йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизмат шарт-шароитларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлари ушбу Қонун ва "Ҳарбий хизматчиларнинг мақоми, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида"ги Қонун билан белгиланади.


2. Офицерлар таркибига кирувчи ҳарбий унвонларга эга бўлмаган ҳарбий хизматга мажбурлар, заҳирада бўлиш вақтларида йиғинларга қуйидаги муддатларга чақириладилар:

  

Даража

Ўқув машқлари йиғини муддатлари


биринчи даража

ҳар бири бир ой муддатли иккита йиғинга


иккинчи даража

ҳар бири бир ой муддатли иккита йиғинга


учинчи даража

бир ой ўқув машқлари йиғини


  

Заҳирадаги офицерлар таркибига кирувчи шахслар заҳирада бўлиш вақтларида қуйидаги муддатларга ўқув йиғинларига чақирилишлари мумкин:

  

Даража

Ўқув машқлари йиғини муддати


1 даража

уч йил давомида - бир ойгача муддатга


2 даража

ҳар бири бир ой муддатли икки йиғинга


3 даража

бир марта бир ойлик йиғинга


  

3. Ҳарбий мажбурларнинг йиғинларини ўтказиш муддати ва вақти ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади.


4. Ҳарбий хизматга мажбурлар йиғинлар оралиғидаги даврда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг режасига биноан 10 кунлик муҳлатга синов йиғинига жалб этилишлари мумкин.


5. Захирада бўлиш вақтида жами йиғинларнинг умумий вақти 4 ойдан ошмаслиги керак. Бунда ҳарбий унвон олиш учун тайёргарлик йиғинида бўлиш вақти ҳам захирадаги офицерларнинг йиғинларда иштирок этиши умумий муддатига қўшилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан ҳарбий хизматга мажбурлар Ўзбекистон Республикасининг тинч ҳаёт фаолиятига таҳдид солиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятнинг олдини олиш ёки унинг оқибатларини тугатиш учун 2 ойгача муддатга махсус йиғинларга чақирилишлари мумкин.


7. Йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда ва миқдорларда нақд пул билан таъминланадилар. Йиғинда бўлишнинг бутун даврида, шу жумладан йиғин ўтказиладиган жойга бориш ва у ердан орқага қайтиш учун кетадиган вақт давомида уларнинг эгаллаб турган лавозимлари (ишлари) сақлаб турилади ва уларга иш жойидан ўртача иш ҳақи тўланади.

Уқтириб ўтилган шахслар йиғинга бориш тўғрисидаги чақириқ қоғозини олган кундан бошлаб то йиғиндан қайтгунга қадар ишдан бўшатилиши мумкин эмас, корхона, муассаса ва ташкилот тўлиқ тугатилган ҳоллар бундан мустаснодир. Бундай ҳолларда ҳарбий хизматга мажбурларга тааллуқли иш ҳақи ёки бошқа моддий тўловлар тугатилган корхона, муассаса ёки ташкилот ёхуд уларнинг ҳуқуқий вориси томонидан тўланади.

Шахсий секторда ишлаётган ҳарбий хизматга мажбурларни йиғинларга чақириш тартиби, шунингдек улар йўқлигида ишлаб чиқаришга етказилган зарар учун товон тўлаш йўл-йўриқлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб берилади.

Башарти, ҳарбий хизматга мажбур шахс йиғин вақтида бетоб бўлиб қолса ва йиғинлар тугаганидан кейин ҳам бетоб бўлса, унинг иш жойи ва лавозими сақланади, йиғин тугаган кундан бошлаб эса - унга иш ҳақи ўрнига амалдаги қонунларга мувофиқ меҳнат қобилиятини вақтинчалик йўқотганлик нафақаси тўланади.



30-модда. Ўқув машқлари йиғинида

иштирок этишдан озод қилиш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича бронлаб қўйилган ҳарбий хизматга мажбурлар ўқув машқлари йиғинида қатнашишдан озод қилинадилар.



31-модда. Заҳирадаги ҳарбий унвонларни бериш

Ўқув машқлари йиғинида иштирок этиб, таълим дастури бўйича синовларни муваффақиятли топширган ҳарбий хизматга мажбурларга "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташи тўғрисида"ги Низомда белгиланадиган тартибда заҳирадаги подполковник унвонигача (подполковник унвони ҳам шунга киради) навбатдаги ҳарбий унвонлар берилиши мумкин.



32-модда. Ҳарбий хизматга мажбурларни

истеъфодагилар ҳисобига ўтказиш

Заҳирада бўлиш ёшининг чегарасига етган, шунингдек ҳарбий-врачлар комиссияси ҳарбий хизматга яроқсиз деб топган ҳарбий хизматга мажбурлар ҳарбий рўйхатидан чиқарилиб, истеъфодагилар ҳисобига ўтказиладилар.



VI БОБ. ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА МАЖБУРЛАР

ВА ЧАҚИРИЛУВЧИЛАРНИНГ ҲАРБИЙ

РЎЙХАТГА КИРИТИЛИШИ

33-модда. Ҳарбий рўйхатга киритишнинг умумий қоидалари

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳарбий рўйхатга киритилишлари лозим. Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни ҳарбий рўйхатга киритиш давлатнинг мавжуд бўлган ва ҳарбий хизматга яроқли чақирилувчиларининг ҳисобини олиш ва таҳлил этиш умумдавлат тизими ҳисобланади.

Ҳисобга олиш тизимининг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоят, ноҳия ва шаҳар ҳокимликлари томонидан таъминланади.

Ҳарбий хизматга мажбурларнинг ва чақирилувчиларнинг барчасини ҳарбий рўйхатга киритиш ишлари уларнинг турар жойларида ўтказилиб, умумий, махсус, шахсий-сифат кўрсаткичи ва шахсий-бошланғич рўйхатга бўлинади.



34-модда. Умумий ва махсус рўйхат

Умумий ҳарбий ҳисобда чақирилувчилар, шунингдек, сафарбар этиш даврида ва уруш вақтида халқ хўжалиги учун бронлаштириб қўйилмаган ҳарбий хизматга мажбурлар бўладилар.

Сафарбар этиш даври ва уруш вақтида халқ хўжалиги учун бронлаштириб қўйиладиган ҳарбий мажбурлар ҳарбийларнинг махсус рўйхатида бўладилар.



35-модда. Шахсий-сифат кўрсаткичи рўйхати

ва шахсий-бошланғич рўйхат

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларнинг шахсий-сифат кўрсаткичи рўйхатини юритиш ноҳия (шаҳар) мудофаа ишлари идораларига юклатилади.

Мудофаа ишлари идоралари йўқ бўлган қишлоқ жойларида, шаҳарлар ва посёлкаларда ҳарбий хизматга мажбурлар ҳамда чақирилувчиларнинг шахсий-бошланғич рўйхатини юритиш ишлари тегишли ҳокимликлар томонидан амалга оширилади.

Ишловчи ёки таълим олаётган ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни номма-ном рўйхатга олиш қайси идорага бўйсуниши, мулкчилик шакли ва хўжалик юритиш шарт-шароитларидан қатъи назар корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва ўқув юртлари томонидан амалга оширилади.



36-модда. Ҳарбий рўйхатга киритиш ва ундан чиқариш

1. Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирув бўйича хизмат қилиб заҳирага бЎшатилган шахслар ҳарбий рўйхатда расмийлаштирилиш учун турар жойларга қайтиб келганларидан кейин 3 кунлик муддат ичида мудофаа ишлари тегишли идораларида ҳозир бўлишлари шарт.


2. Турар жойи бир ярим ойдан кўпроқ муддатга ўзгаргани, уч ойдан кўпроқ муддатга хизмат сафари, ўқиш, таътил ёки даволанишга боргани тақдирда ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар турар жойларидаги ҳарбий рўйхатдан чиқишлари, янги турар жойга (доимий ёки вақтинчалик) келганларидан сўнг ўн кунлик муддат ичида ҳарбий рўйхатдан ўтишлари лозим.

Уруш вақтида ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларнинг ноҳия (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими бошлиғининг рухсатисиз доимий истиқомат жойидан бошқа жойга кетиши ман этилади.


3. Ушбу модданинг 2-бандида уқтириб ўтилган ҳолларда ҳарбий рўйхатдан чиқиш ва ҳарбий рўйхатдан ўтишни расмийлаштириш учун ҳарбий хизматга мажбурлар уй-жойдан фойдаланиш идорасига ҳарбий билетларини топширишлари лозим.

Қишлоқ жойига келган ёки у ердан кетаётган ҳарбий хизматчилар ҳарбий рўйхатдан ўтиш ёхуд ҳарбий рўйхатдан чиқишни расмийлаштириш учун ҳарбий рўйхатга доир ҳужжатлари билан тегишли ҳокимликка шахсан келишлари лозим.

Заҳирадаги офицерлар ҳарбий рўйхатдан чиқиш ёки ҳарбий рўйхатдан ўтишни расмийлаштириш учун ноҳия (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимига шахсан келишлари лозим.


4. Олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида истиқомат қилувчи заҳирадаги офицерларни ҳарбий рўйхатга киритиш ва ҳарбий рўйхатдан чиқаришни расмийлаштириш ноҳия (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими белгилайдиган тартибда шахсий-бошланғич ҳисобни юритиш вазифаси зиммасига юклатилган тегишли ҳокимликлар амалга оширишлари мумкин.


5. Қуйидаги фуқаролар:

а) врачлар комиссияси томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган фуқаролар ҳарбий рўйхатдан чиқарилган ҳолда;

б) заҳирада бўлиш ёшининг чегарасига етган фуқаролар;

в) ҳарбий хизматга чақирилган ёки қабул этилган фуқаролар;

г) бошқа доимий истиқомат жойига жўнаб кетган фуқаролар;

д) вафот этган фуқаролар ҳарбий рўйхатдан чиқарилишлари лозим.



37-модда. Давлат идоралари, корхоналар, муассасалар,

ташкилотлар, мансабдор шахслар ва ҳарбий хизматга

мажбурларнинг ҳарбий рўйхат қоидаларига риоя

этиш борасидаги вазифалари

1. Шахсий-бошланғич рўйхат юритиш вазифаси юклатилган ҳокимликлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва ўқув юртларининг раҳбарлари мудофаа ишлари идораларининг талабига биноан ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни чақирилаётганликлардан воқиф этишлари ҳамда уларнинг чақирув бўйича ўз вақтида ҳозир бўлишларини таъминлашлари шарт.


2. Ички ишлар идоралари:

ҳарбий рўйхатга доир ҳужжатларда мудофаа ишлари идораларининг ҳарбий рўйхатга олинганлик ёки ундан чиқарилганлик тўғрисидаги белгилари бўлган тақдирдагина ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни турар жойларида рўйхатга олишлари ёки рўйхатдан чиқаришлари;

чақириш ёшига етмаганларни ҳарбий рўйхатга олишда, фуқароларнинг ҳарбий хизматга (йиғинларга) чақирувини ўтказишда, ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳарбий рўйхат қоидаларига риоя этишлари устидан назорат қилишда ва ҳарбий рўйхатнинг белгиланган қоидаларини бузувчи ҳарбий хизматга мажбурлар ҳамда чақирилувчиларни аниқлашда мудофаа ишлари идораларига ёрдам кўрсатишлари ва кўмаклашишлари;

умумий ҳарбий мажбуриятни, шунингдек муқобил хизматни ўташдан бўйин товлаган шахсларни қидириб топиш, ушлаш ва мудофаа ишлари идораларига етказиб келишни ташкил этишлари шарт.


3. Фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш идоралари ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ўз фамилияси, исми, отасининг исмини ўзгартирганлиги тўғрисида, фуқаролик ҳолатини қайд ҳужжатларига уларнинг туғилган куни ва жойига ўзгартиришлар киритилганлиги ҳақида, шунингдек ҳарбий хизматга мажбур ёки чақирилувчиларнинг вафоти қайд этилган ҳоллар тўғрисида етти кунлик муддат ичида ноҳия (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларига маълум қилишлари шарт.


4. Суриштирув ва дастлабки тергов идоралари суриштирув ва дастлабки тергов олиб борилаётган ишга дахлдор бўлган чақирилувчилар тўғрисида, судлар эса суд қараб чиқаётган жиноий ишга дахлдор бўлган чақирилувчилар тўғрисида, шунингдек ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларга дахлдор бўлган қонуний кучга кирган ҳукмлар тўғрисида ноҳия (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларига етти кунлик муддат ичида маълум қилишлари шарт.

Озодликдан маҳрум этилган (шу жумладан шартли маҳкум этилган) ҳарбий хизматга мажбурларнинг ҳарбий билетлари ва чақирилувчиларнинг гувоҳномалари судлар томонидан тегишли мудофаа ишлари бўлимларига юборилади.


5. Врачлардан иборат меҳнат эксперт комиссиялари қайси гуруҳ ногирони эканлигидан қатъи назар, ногирон деб топилган барча ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар тўғрисида тегишли ноҳия (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларига етти кунлик муддат ичида маълум қилишлари шарт.

Чақирув ўтказилаётган вақтда даволаш муассасалари даволаш учун қабул қилинган чақирув ёшидаги барча фуқароларни уч кунлик муддат ичида тегишли ноҳия (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларига маълум қилишлари шарт.


6. Уй-жойлардан фойдаланиш идораларининг раҳбарлари ва уй эгалари тегишли мудофаа ишлари бўлими ва ҳарбий рўйхатни юритиш вазифаси юклатилган ҳокимликнинг талабига биноан ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларга доир уй дафтарлари, турар жойда рўйхатдан ўтказишга доир варақалар, ҳарбийлар рўйхатига доир ва бошқа ҳужжатларни тақдим этишлари, шунингдек ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни мудофаа ишлари бўлимларига чақирилтирилганликларидан воқиф этишлари шарт.


7. Оилавий шароитлари, сиҳат-саломатликлари, турар жойлари, маълумотлари, иш жойлари ва лавозимлари ўзгаргани тақдирда ҳарбий хизматга мажбурлар ҳамда чақирилувчилар ўзлари ҳарбий рўйхатда турган жойдаги идорага етти кунлик муддат ичида маълум қилишлари шарт.



VII БОБ. САФАРБАРЛИК БЎЙИЧА ЧАҚИРИШ ВА

ҲАРБИЙ ХИЗМАТДАН БЎШАТИШ ТЎҒРИСИДА

38-модда. Уруш вақтида сафарбарлик бўйича ҳарбий хизматга

чақириш ва ундан кейинги чақириқлар

1. Ўзбекистон Республикасига қарши қилиниши эҳтимол тутилган ҳарбий ҳужумнинг олдини олиш ва тажовузга қуролли зарба бериш мақсадида умумий ва қисман сафарбарлик эълон қилинганда зарур миқдордаги ҳарбий хизматга мажбурларни заҳирадан ҳарбий хизматга уч ойгача муддатга чақирилади. Бу муддат Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши томонидан узайтирилиши мумкин.

Фуқароларни уруш вақтида сафарбарлик бўйича ҳарбий хизматга чақириш ва ундан кейинги чақириқлар Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари асосида ўтказилади.


2. Сафарбарлик эълон қилинганида ҳарбий хизматда ва ҳарбий йиғинларда бўлган барча фуқаролар махсус фармойиш берилгунига қадар ушлаб туриладилар, ҳарбий хизматга мажбурлар эса ҳарбий хизматга чақириладилар. Ҳарбий хизматчиларнинг таътиллари тўхтатилади. Ҳарбий хизматга мажбурлар ўзлари ҳарбий рўйхатга олинган жойдаги ноҳия (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимига, ҳарбий хизматчилар эса ўзлари хизмат ўтаётган жойга келишлари шарт. Сафарбарлик эълон қилинганида ноҳия чақирув комиссияларининг чақирув ёшидаги фуқароларни чақириш муддатини кечиктириш ва уларни чақиришдан озод этиш тўғрисидаги қарорлари бекор қилинади.

Кейинчалик чақирув муддатини кечиктириш ва чақиришдан озод этиш фақатгина саломатлигига кўра, махсус рўйхатда турганлигига қараб амалга оширилиши мумкин.


3. Уруш вақтида сафарбарлик эълон қилинганида ва ундан кейинги чақириқларда ҳарбий хизматга 17 ёшдан то ушбу Қонунда белгиланган заҳирада бўлиш ёшидаги ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳамда ҳарбий рўйхатда турмаган 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган хотин-қизлар (16 ёшгача бўлган болалари бор хотин-қизлар бундан мустасно) чақирилишлари мумкин.


4. Уруш вақтида сафарбарлик бўйича ҳарбий хизматга чақириш ва ундан кейинги чақириқлар фақатгина мудофаа ишлари бўлимлари томонидан ўтказилади.



39-модда. Уруш вақтида сафарбарлик бўйича ҳарбий

хизматга чақириш ва ундан кейинги чақириқлар муносабати

билан фуқароларни моддий жиҳатдан таъминлаш

1. Уруш вақтида сафарбарлик бўйича ва ундан кейинги чақириқлар бўйича ҳарбий хизматга чақирилган фуқаролар билан иш (хизмат) жойида тўла ҳисоб-китоб қилинади, уларга амалда ишлаган вақтлари учун иш ҳақи, ишдан бўшаганда бериладиган нафақа ва фойдаланилмаган таътил учун товон тўланади.

Уруш вақтида сафарбарлик ва ундан кейинги чақириқлар бўйича ҳарбий хизматга чақирилган шахсларнинг эгаллаб турган уй-жойлари ўз номларида қолади.


2. Уруш вақтида сафарбарлик ва ундан кейинги чақириқлар бўйича ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларнинг оилаларини давлат томонидан таъминлаш (ёрдам кўрсатиш ва пенсия) мавжуд қонунларга мувофиқ амалга оширилади.



40-модда. Сафарбарликдан бўшатиш

1. Сафарбарликдан бўшатиш Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан амалга оширилади.


2. Ҳарбий хизматдан сафарбарликдан сўнг бўшатилаётган ҳарбий хизматчиларга давлат ҳисобидан тўлиқ кийим-кечак ва пойабзал берилади. Бундай ҳарбий хизматчиларни турар жойларига етказиб қўйиш, йўлда озиқ-овқат билан таъминлаш давлат ҳисобидан амалга оширилади.



41-модда. Фуқароларнинг умумий ҳарбий таълими

1. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва бошқа қўшинлари учун уруш вақтида бутлаш учун талаб қилинадиган миқдордаги хизматчиларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига биноан барча фуқаролар учун мажбурий умумий ҳарбий таълим жорий этилади.

Бу таълимга:

15 ёшдан 55 ёшгача бўлган - эркаклар;

болалари бўлмаган ёки болалари 8 ёшдан катта бўлган 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган - хотин-қизлар жалб этиладилар.

Фуқароларнинг умумий ҳарбий таълими ишлаб чиқаришдан ёки ўқишдан ажралмаган ҳолда, иш, ўқиш ёки турар жойларда амалга оширилади.


2. Умумий ҳарбий таълимни ташкил этиш ва унга раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимият идоралари зиммасига юклатилади. Вазирликлар ва идоралар, давлат бошқарувининг бошқа марказий идоралари, ҳокимиятлар, корхона, муассаса ва ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан биргаликда зарур ўқув-моддий базани яратадилар, ҳарбий таълим раҳбарларининг танловини ва уларни тайёрлашни таъминлайдилар.


3. Умумий ҳарбий таълимни ўтказиш тартиби ва бу таълимдан озод этиладиган шахслар доираси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



VIII БОБ. "УМУМИЙ ҲАРБИЙ МАЖБУРИЯТ ВА

ҲАРБИЙ ХИЗМАТ ТЎҒРИСИДА"ГИ ҚОНУННИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

42-модда. "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги

Қонунни бузганлик учун мансабдор шахслар ва фуқароларнинг жавобгарлиги

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат қилиш республика ҳар бир фуқаросининг муқаддас бурчидир.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳарбий хизматдан бўйин товлаганлари тақдирда амалдаги қонунларга мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиладилар.

"Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Қонунни бузишда айбдор бўлган давлат идоралари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар амалдаги қонунларга мувофиқ жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиладилар.



IX БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

43-модда. Умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш билан боғлиқ

чора-тадбирларни молиявий ва моддий таъминлаш

1. Умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш ва ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ чора-тадбирларни молиявий ҳамда моддий таъминлаш амалдаги қонунларда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, тегишли ҳокимиятлар фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни ҳарбий хизматга чақириш, чақирилганларни ҳарбий қисмларга жўнатиш учун мудофаа ишлари идораларини қурилмалар, алоқа воситалари, чақирув (йиғин) пунктлари, дори-дармонлар, асбоб-ускуналар, тиббиёт ва хўжалик мол-мулки, автомобиль транспорти билан таъминлашлари, шунингдек жамоат тартиби сақланишини таъминлашлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари учун мутахассисларнинг ҳарбий хизматга чақирилгунга қадар тайёргарлиги Вазирлар Маҳкамаси республика бюджетдан ажратиб берадиган маблағлар, шунингдек маҳаллий бошқарув идоралари бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан пул ва моддий-техника билан таъминланади.


3. Уруш вақтида сафарбарлик ўтказиш режаларини тўлиқ ва сифатли бажариш учун вазирликлар, идоралар, муассасалар, корхоналар ва ташкилотлар, ўқув юртлари, жамоа хўжаликлари, шўро хўжаликлари, кооперативлар тегишли ҳокимиятларнинг қарорига биноан тинчлик вақтида мудофаа ишлари бўлимлари билан биргаликда ҳарбий хизматга мажбурларни хабардор этиш пунктларини, халқ хўжалиги техникасини тўплаш пунктларини ташкил этадилар, асосий иш жойидаги вазифаларидан озод этмаган ҳолда ана шу пунктларнинг шахсий таркибини бутлайдилар.

4. Чақирув ёшига етмаганларни ҳарбий рўйхатга олиш ва фуқароларни ҳарбий хизматга ёки йиғинларга чақириш, фуқароларни тиббий кўрикдан ва такрорий кўрикдан ўтказиш, шунингдек чақирилганларни ҳарбий хизматга яроқли ёки яроқсиз эканлигини аниқлаш вазифаларини бажаришга жалб этилган мудофаа ишлари идоралари ҳузуридаги чақириш ёшига етмаганларни чақириш участкаларида қайд этиш комиссиялари аъзоларининг, чақирув комиссиялари ва врачлар комиссиялари аъзоларининг, врачлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг, ёрдамчи ходимлар ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг иш жойи лавозими ва ўртача иш ҳақи юқорида уқтириб ўтилган ишлар бажарилишининг бутун даврида сақлаб қолинади.

Уқтириб ўтилган комиссиялардаги ишга жалб этилган тиббиёт ходимларини сақлашга кетадиган харажатлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Башарти, юқорида уқтириб ўтилган шахслар ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни доимий истиқомат жойларидан ташқарида бажарсалар, уларнинг истиқомат жойларидан иш жойларига бориш ва орқага қайтиш, уй-жойни ижарага олиш билан боғлиқ харажатлари мудофаа ишлари идораларининг тақдимига кўра тегишли ҳокимиятлар томонидан қопланади, уларга хизмат сафарлари учун белгиланган меъёрлар бўйича суткалик ҳақ тўланади.



44-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, Фавқулодда

вазиятлар вазири ва Миллий хавфсизлик хизмати раисининг,

Давлат божхона қўмитаси раисининг ваколатлари

Қуролли Кучларга, Миллий хавфсизлик хизматининг чегара қўшинларига, Ички ишлар вазирлигининг ички қўшинларига ва бошқа ҳарбий тузилмаларга чиқариш ва улар сафидан бўшатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ушбу Қонуннинг 6, 12-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, Фавқулодда вазиятлар вазири ва Миллий хавфсизлик хизмати раисига ҳам берилади. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг раиси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ушбу Қонуннинг 6 ва 26-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқларидан фойдаланади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг, Фавқулодда вазиятлар вазирининг ва Миллий хавфсизлик хизмати раисининг, Давлат божхона қўмитаси раисининг ҳарбий мажбуриятлари бажариш ва ҳарбий хизматни ўташ тартибига доир норматив ҳужжатлари ушбу Қонуннинг талабларига зид бўлмаслиги керак.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 И. Каримов




























Время: 0.1782
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск