Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Муқобил хизмат /

Ўзбекистон Республикасининг 03.07.1992 й. 646-XII-сон "Муқобил хизмат тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

03.07.1992 й.

N 646-XII



МУҚОБИЛ ХИЗМАТ ТЎҒРИСИДА


1-МОДДА. МУҚОБИЛ ХИЗМАТ ТУШУНЧАСИ


Муқобил хизмат - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўтайдиган давлат хизматининг алоҳида туридир. Бу хизмат фуқаронинг корхоналардаги, муассасалардаги, халқ хўжалиги ташкилотларидаги, юқори малака талаб этилмайдиган (ёрдамчи) ишларни ёки ўз малакасига мос ишларни, шу жумладан фалокат, фожиа, табиий офат ва бошқа фавқулодда ҳолатларнинг оқибатларини бартараф этишга оид ишларни бажариш билан боғлиқдир. Муқобил хизмат фуқароларни ҳарбий ишга ўргатишни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари учун заҳирадаги жангчилар тайёрлашни кўзда тутади.



2-МОДДА. МУҚОБИЛ ХИЗМАТ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЛАР


Муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар ушбу Қонундан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Муқобил хизматни ўташ тартиби ушбу Қонун билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Муқобил хизматни ташкил этиш ва уни ўташ тартиби тўғрисидаги Низом билан белгиланади.

Муқобил хизматни ўтаётган фуқаролар меҳнат ҳуқуқларини ва вазифаларини амалга ошириш чоғида юзага келувчи муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунлари билан тартибга солинади.



3-МОДДА. МУҚОБИЛ ХИЗМАТНИ ЎТАШ ҲУҚУҚИ


Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган, ҳарбий ҳисобда турадиган, муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши лозим бўлган фуқаролари, башарти улар:

- хизматга чақирилаётган шахсдан ташқари 16 ёшга тўлмаган тўрт ва ундан ортиқ болали оиладан бўлсалар;

- ҳарбий хизматни ўташ даврида ногирон бўлиб қолган ота-онаси ёки ака-ука (опа-сингил)лари бўлса;

- диний таълимоти қурол ишлатишга ва Қуролли Кучларда хизмат қилишга йўл қўймайдиган рўйхатдан ўтган диний ташкилотларнинг аъзоси бўлсалар, муқобил хизматни ўташ ҳуқуқига эга бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муқобил хизматни ўташ ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг ўзга тоифаларини ҳам белгилаши мумкин.

Муқобил хизматни ўтаётган шахслар муқобил хизмат хизматчилари деб аталадилар.



4-МОДДА. МУҚОБИЛ ХИЗМАТ МУДДАТИ


Муқобил хизмат муддати 24 ой, олий маълумотли фуқаролар учун эса 18 ойдир.



5-МОДДА. МУҚОБИЛ ХИЗМАТ ЎТАЛАДИГАН ЖОЙ


Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари муқобил хизматни Ўзбекистон Республикаси корхоналари, муассасалари, халқ хўжалиги ташкилотларида ўтайдилар. Муқобил хизмат ўталадиган вазирликларнинг, идораларнинг, шундай хизмат қўлланадиган соҳаларнинг ҳамда бажариладиган иш турларининг рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

Чақирувчилар муқобил хизматни ўташи мумкин бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг рўйхатини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимиятлари тасдиқлайди.



6-МОДДА. МУҚОБИЛ ХИЗМАТ ХИЗМАТЧИЛАРИНИ ЎҚИТИШ


Муқобил хизмат хизматчилари ишчи ихтисосини ўрганиши учун халқ таълими тизими, тармоқ вазирликлари ва идоралари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг ўқув юртларига юборилиши мумкин.

Муқобил хизмат хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган дастурлар асосида ҳарбий тайёргарлик йиғинларига (машғулотларига) чақириладилар, шу йиғинлар (машғулотлар) вақтида ҳарбий ҳисобдаги ихтисосни эгаллайдилар.

Муқобил хизмат хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ҳарбий қасамёд қиладилар.

Муқобил хизматдан бўшатилган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари заҳираси ҳисобига киритиладилар.



7-МОДДА. МУҚОБИЛ ХИЗМАТГА РАҲБАРЛИКНИ

АМАЛГА ОШИРУВЧИ ИДОРАЛАР


Ўзбекистон Республикасида муқобил хизматга раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Муқобил хизмат бошқармаси амалга оширади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳрида муқобил хизмат тузилмаларига раҳбарликни мудофаа ишлари бўйича тегишли бошқармалар ҳузуридаги муқобил хизмат бўлимлари амалга оширадилар.

Айрим ноҳияларда (шаҳарларда) мудофаа ишлари бўйича тегишли бўлимлар қошида муқобил хизмат бўлинмалари (гуруҳлари) тузилиши мумкин.



8-МОДДА. ВАЗИРЛИКЛАР, ИДОРАЛАР,

КОНЦЕРНЛАРНИНГ МАЖБУРИЯТИ


Тасарруфларидаги корхоналарда, ташкилотларда, муассасаларда муқобил хизмат хизматчиларидан фойдаланаётган вазирликлар, идоралар, концернлар уларни жойлаштириш, ўқитиш-ўргатиш учун, иш жойларида меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик қоидалари талабларини бажаришлари, барча турдаги тиббий ёрдам, имтиёзлар, товон пули, устама ҳақ ва ёрдам пули, шу жумладан иш қобилиятини вақтинча йўқотганлик сабабли ёрдам пули олишлари учун керакли шароит яратиб беришлари шарт.



9-МОДДА. МУҚОБИЛ ХИЗМАТ ДАВЛАТ ИДОРАЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТ

КЎРСАТИШИНИ ТАЪМИН ЭТИШГА МЎЛЖАЛЛАНГАН МАБЛАҒ


Муқобил хизматни ўтаётган фуқароларга иш ҳақининг 80 фоизи тўланади.

Муқобил хизматни ўтаётган фуқароларнинг иш ҳақидан ушлаб қолинаётган пуллар муқобил хизмат бошқарув идораларининг ҳисобига ўтказилади. Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ҳам муқобил хизмат идораларининг таъминоти учун ҳамда муқобил хизмат шахсий таркибига ишчи касбларини ўргатиш учун муқобил хизмат идораларининг ҳисобига тегишли шартномаларда белгиланган ҳажмларда пул ўтказадилар.



10-МОДДА. МУҚОБИЛ ХИЗМАТГА ЧАҚИРИШ


Фуқароларни муқобил хизматга чақириш муддатли хизматга чақирилаётганлар учун белгиланган тартибда амалга оширилади, бу ишни ташкил этиш ва ўтказиш вазифаси эса ноҳия (шаҳар) чақирув комиссиялари ва ҳокимиятлари зиммасига юкланади.



11-МОДДА. КОРХОНА, МУАССАСА ВА ТАШКИЛОТ

МАЪМУРИЯТИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


Корхона, муассаса ва ташкилотнинг маъмурияти:

- фуқаро муқобил хизматни ўташдан бош тортган ҳоллар тўғрисида, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг тугатилиши, иш ўринлари ва ходимлар миқдори қисқартирилиши ҳақида камида икки ой олдин муқобил хизмат бошқарув идораларини хабардор қилиши;

- муқобил хизматни ўтаётган фуқарога, у ҳалок бўлган ҳолларда эса, унинг оиласига, ишлаб чиқариш фалокати оқибатида, улар хизмат (меҳнат) вазифасини бажараётган чоғда меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда хавфсизлик қоидалари талабларининг бажарилишини таъмин этмаганлик оқибатида унинг саломатлигига етказилган зарар учун бир марта бериладиган нафақа ҳамда товон пули тўлаши шарт.



12-МОДДА. МУҚОБИЛ ХИЗМАТНИ ЎТАЁТГАН

ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


Муқобил хизматни ўтаётган фуқаро:

- хизмат ва иш жойидаги тиббиёт муассасаларида тиббий ёрдамнинг барча турларидан фойдаланиш;

- иш жойида барча нафақалар, устама ҳақлар ва ёрдамлар, шу жумладан меҳнат қобилиятини вақтинча йўқотганлик учун нафақалар олиш;

- хизматга чақирилгунга қадар ўзи ишлаган ёки ўқиган корхонага, муассасага, ташкилотга аввалги ишига ёки аввалгисига тенг лавозимга, шунингдек ўқув юртига қайтиш;

- бошқа хизмат жойига ўтказиш, муқобил хизматдан муддатидан аввал бўшашга оид масалалар бўйича, бошқа мазмундаги аризалар, шикоятлар ва таклифлар билан муқобил хизмат бошқаруви давлат идораларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга.



13-МОДДА. МУҚОБИЛ ХИЗМАТНИ ЎТАЁТГАН

ФУҚАРОЛАРНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


Муқобил хизматни ўтаётган фуқаро:

- хизматни белгиланган жойда, муқобил хизмат тузилмалари таркибида ўташи;

- ушбу Қонунда, ҳарбий низомларда белгиланган талабларни, шунингдек иш жойида амал қилиб турган ички меҳнат тартиб-қоидаларини сўзсиз бажариши;

- ҳарбий билимларни сабот билан эгаллаши, ишлаб чиқариш топшириқларини ўз вақтида ва сифатли қилиб бажариши шарт.

Муқобил хизматни ўтаётган фуқаролар ҳалокат, фалокат ва табиий офатларнинг оқибатларини бартараф этиш учун жалб этилган тақдирда, улар юзага келган вазиятдан келиб чиқадиган ҳамда ана шу оқибатларни бартараф этиш юзасидан комиссия ёки штабларнинг жойлардаги раҳбарлари белгилайдиган махсус вазифаларни бажарадилар.

Муқобил хизматни ўтаётган фуқаролар:

- раҳбарлик ва сайлаб қўйиладиган лавозимларни эгаллаш;

- хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;

- олий ва ўрта махсус билим юртларига ўқишга кириш;

- тегишли мансабдор шахснинг рухсати бўлмагани ҳолда хизмат жойидан ва ишдан кетиб қолиш ҳуқуқига эга эмас.



14-МОДДА. МУҚОБИЛ ХИЗМАТНИ ЎТАЁТГАН

ФУҚАРОЛАР УЧУН ИЖТИМОИЙ КАФОЛАТЛАР


Муқобил хизматни ўтаётган фуқаролар ҳарбий хизматни бажаришга мажбур фуқаролар учун белгиланган тартибда ҳарбий тайёргарликни ўташ, ҳарбий қасамёд қилиш ва ҳарбий ҳисобдаги ихтисосни эгаллаши учун зарур бўлган вақтга ишлардан озод этиладилар.

Чақирув комиссиялари томонидан тиббий текширувдан ўтиш учун диспансер, амбулатория ва стационарга юбориладиган фуқаролар тиббий муассасаларда бўлган даврларида уларнинг иш жойлари, эгаллаб турган вазифалари ва ўртача иш ҳақлари сақланиб қолади.

Муқобил хизматни ўтаётган фуқаро ҳар йили 15 иш кунига тенг муддатга таътил олиш ҳуқуқига эгадир.

Муқобил хизмат муддати умумий стажга ва махсус меҳнат стажига қўшилади.

Муқобил хизматни ўташ чоғида меҳнат қобилиятини йўқотган фуқаролар ҳамда шу аснода ҳалок бўлган фуқароларнинг оилалари, шунингдек уларнинг қарамоғида бўлган шахслар амалдаги қонунларга мувофиқ, муддатли хизмат ҳарбий хизматчилари учун белгиланган тарзда нафақалар олишга ва пенсия таъминоти ҳуқуқига эгадирлар.



15-МОДДА. МУҚОБИЛ ХИЗМАТНИ ТЎХТАТИШ


Муқобил хизматнинг белгиланган муддатини адо этган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг буйруғи билан хизматдан бўшатиладилар.

Фуқаро оилавий шароити ўзгарганлиги муносабати билан, башарти, бу ҳол унга амалдаги қонунларга мувофиқ хизматни кечиктириш ёки хизматдан озод бўлиш ҳуқуқини берса, муқобил хизматдан муддатидан илгари бўшатилиши мумкин.

Фуқаро Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги даволаш муассасаларининг ҳарбий-шифокорлар комиссиялари томонидан саломатлигига кўра хизматни давом эттиришга қодир эмас, деб топилган ҳолларда ҳам муддатидан илгари хизматдан бўшатилиши мумкин.

Муқобил хизматдан муддатидан илгари бўшатиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қабул қилади.



16-МОДДА. МУҚОБИЛ ХИЗМАТ ТЎҒРИСИДАГИ

ҚОНУНЛАРНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


Чақирув комиссияларининг аъзолари, муқобил хизмат бошқарув идораларининг мансабдор шахслари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг раҳбарлари Қонунга хилоф қарорлар чиқарганликлари ҳамда муқобил хизмат тўғрисидаги қонунларни ўзгача тарзда бузганликлари учун амалдаги қонунларга мувофиқ жавобгар бўладилар.

Муқобил хизматдаги хизматчилар ҳарбий низомларда ҳамда Ўзбекистон Республикасида муқобил хизматни ўташ тўғрисидаги низомда белгилаб берилган муқобил хизматни ўташ, ҳарбий тайёргарлик ва хизматдан бўшаш тартибини бузганлари тақдирда амалдаги қонунларга мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.

Муқобил хизматдаги хизматчилар битимдаги мажбуриятларини бузганларида, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларга зарар етказганларида Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тарзда моддий, интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Муқобил хизматдаги хизматчиларга оид жиноий ишлар прокуратура идоралари томонидан тергов қилинади ва республика судлари томонидан кўриб чиқилади.



17-МОДДА. МУҚОБИЛ ХИЗМАТ ТЎҒРИСИДАГИ

ҚОНУНЛАРНИНГ ИЖРОСИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


Муқобил хизмат тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижросини назорат қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикасининг прокуратура идоралари зиммасига юкланади.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                И. Каримов



























Время: 0.1484
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск