ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси /

Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси (ЎзР 26.12.2013 й. ЎРҚ-360-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

БЮДЖЕТ КОДЕКСИ


УМУМИЙ ҚИСМ


I БЎЛИМ.

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Кодекс билан тартибга

солинадиган муносабатлар

Ушбу Кодекс Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими бюджетларини (бундан буён матнда бюджет тизими бюджетлари деб юритилади) шакллантириш, тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш, тасдиқлаш, ижро этиш, давлат томонидан маблағ жалб қилиш ва бюджет тўғрисидаги қонунчилик ижросини назорат қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.



2-модда. Бюджет тўғрисидаги қонунчилик

Бюджет тўғрисидаги қонунчилик ушбу Кодекс ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Бюджет тўғрисидаги қонунчилигининг бошқа қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган нормалари ушбу Кодексга мувофиқ бўлиши керак.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг бюджет тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Ушбу Кодексда қўлланиладиган асосий тушунчалар

Ушбу Кодексда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


айланма касса маблағи - молия йилида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг шахсий ғазна ҳисобварақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори;

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қонун билан белгиланган миқдорда ажратиладиган бюджет маблағларини тақсимловчи юридик шахс;

бюджетдан ажратиладиган маблағлар - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағлари олувчилар учун назарда тутиладиган пул маблағлари;


бюджет жараёни - бюджет тизими бюджетларини шакллантириш, тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш, тасдиқлаш ва ижро этиш, уларнинг шакллантирилишини, тузилишини ҳамда ижросини назорат қилиш, бюджет тизими бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тайёрлаш ва тасдиқлаш, шунингдек улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар жараёни;

бюджет жараёни иштирокчилари - давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат молиявий назорат органлари, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар;


бюджет маблағларини тақсимловчи - биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи ва иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи;

бюджет соҳасидаги ваколатлар - бюджет жараёни иштирокчиларининг бюджет муносабатлари соҳасидаги ваколатлари;


бюджет ссудаси - қайтариш шарти билан юқори турувчи бюджетдан қуйи турувчи бюджетга, шунингдек давлат мақсадли жамғармаларига, резидент-юридик шахсга ажратиладиган пул маблағлари;


бюджет сўрови - ўрта муддатли давр учун бюджетдан ажратиладиган маблағларни олишга бўлган эҳтиёжни асослашни назарда тутувчи ҳужжат;

бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари - қонунчиликда назарда тутилган манбалар ҳисобидан бюджет ташкилоти тасарруфига келиб тушадиган маблағлар;

бюджет тизими бюджетлари - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари;


бюджетлараро трансфертлар - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига, давлат мақсадли жамғармаларига ҳамда бунинг аксича ўтказиладиган, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ҳамда бунинг аксича ўтказиладиган маблағлар;


вақтинчалик касса узилиши - жорий молия йилининг муайян даврида бюджет тизими бюджетларининг харажатлари даромадларидан вақтинчалик ошиб кетиши;


вақтинчалик харажатлар сметаси - бюджет ташкилотининг ёки бюджет маблағлари олувчининг харажатлар сметаси тасдиқлангунига ва рўйхатдан ўтказилгунига қадар амал қиладиган ҳужжат бўлиб, унда қонунчиликдаги ўзгартиришлар ҳисобга олинган ҳолда унинг учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳар ой учун акс эттирилади;

Давлат бюджетининг бирламчи профицити - муайян давр учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларидан давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича фоиз тўловларни чиқариб ташлаган ҳолда ҳисобланадиган Давлат бюджети профицити;

Давлат бюджетининг бирламчи тақчиллиги - муайян давр учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларидан давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича фоиз тўловларни чиқариб ташлаган ҳолда ҳисобланадиган Давлат бюджети тақчиллиги;

Давлат бюджети профицити - муайян даврда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети даромадларининг унинг харажатларидан ошиб кетиши;

Давлат бюджети тақчиллиги - муайян даврда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларининг унинг даромадларидан ошиб кетиши;


давлат молиявий назорати - бюджет тўғрисидаги қонунчиликнинг ижроси устидан назоратни амалга ошириш мақсадида давлат молиявий назорати объектларининг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатларини ва бошқа ҳужжатларни ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда таққослаш;

давлат молиявий назорати объектлари - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, бюджет маблағларини тақсимловчилар, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар, давлат мақсадли жамғармалари, белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш - активларни жалб этиш, бу бўйича Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи сифатидаги ёки қарз олувчи-резидентларнинг кредитларини (қарзларини) тўлашга кафил сифатидаги мажбуриятлари юзага келиши;


давлат харидлари - бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) харидлари;

давлат қарзи - Ўзбекистон Республикасининг ички маблағни ва хориждан маблағ жалб қилиш натижасида юзага келган мажбуриятлари;

даромадлар ва харажатлар сметаси - бюджет ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг тегишли йил чораги ёки молия йили учун кутилаётган тушумлари ва харажатлари акс эттириладиган ҳужжат;


донорлар - Ўзбекистон Республикасига, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, фаолияти Ўзбекистон Республикасининг қонунчиликка зид бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга беғараз асосда маблағлар ажратадиган давлатлар, давлатларнинг ҳукуматлари, халқаро ва чет эл ҳукумат ташкилотлари, чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхатга киритилган халқаро ва чет эл ноҳукумат ташкилотлари;

дотация - бюджет тизими бюджетларига уларнинг ўз даромадлари етишмаган тақдирда даромадлар билан харажатлар ўртасидаги фарқни қоплаш учун қайтармаслик шарти билан ажратиладиган пул маблағлари;

жамланма харажатлар сметаси - бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметалари асосида тузиладиган харажатлар сметаси;

иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга бириктириладиган ва ўзига ажратиладиган бюджет маблағларини тақсимловчи юридик шахс;

умумий фискал баланс - Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини ҳамда давлат дастурларини амалга ошириш учун четдан жалб қилинган ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган қарз маблағлари эвазига амалга ошириладиган харажатларни ўз ичига олган жамланма баланс;

фискал таваккалчиликлар - бюджет жараёни иштирокчилари учун бюджет тизими бюджетлари маблағларини шакллантириш ва сарфлашда молиявий ресурслардаги йўқотишларни баҳолаш;

молия йили - биринчи январдан ўттиз биринчи декабрь куни охиригача бўлган вақтни ўз ичига олувчи давр;


молиявий мажбуриятлар - бюджет ташкилотларида ва бюджет маблағлари олувчиларда уларга пул маблағларини ўтказиш мажбуриятини юкловчи ҳужжатлар, шу жумладан, ижро ҳужжатлари асосида юзага келадиган мажбуриятлар;


субвенция - муайян мақсадларга сарфлаш шарти билан юқори турувчи бюджетдан қуйи турувчи бюджетга қайтармаслик шарти билан ажратиладиган пул маблағлари;

субсидия - товарлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш ва уларни реализация қилишни молиялаштириш ёки биргаликда молиялаштириш ёхуд мақсадли харажатларнинг ўрнини қисман қоплаш учун бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан юридик ва жисмоний шахсларга бериладиган пул маблағлари;


тартибга солувчи даромадлар - бюджет тизими бюджетлари ўртасида ажратмалар нормативлари белгиланадиган умумдавлат солиқлари ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек солиқ бўлмаган тўловлар. Солиқ бўлмаган тўловларга бюджет тизими бюджетларига келиб тушадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўлмаган тўловлар киради;


харажатлар моддаси - бюджет тизими бюджетлари харажатларини иқтисодий йўналиши ва тўловларнинг аниқ турлари бўйича белгиловчи бюджет таснифининг бир қисми;


харажатлар сметаси - бюджет ташкилоти ёки бюджет маблағлари олувчи томонидан молия йили учун тузиладиган ва тасдиқланадиган, унинг учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар харажатлар моддалари бўйича акс эттириладиган ҳужжат;


штат жадвали - доимий ходимлар лавозимлари ва бўш ўринлар номларининг сони ва лавозим маошларининг миқдорлари кўрсатилган рўйхатни ўз ичига оладиган, бюджет ташкилоти томонидан тузиладиган ҳужжат;


шахсий ғазна ҳисобварақлари - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида очиладиган, бюджет тизими бюджетлари ижроси билан боғлиқ операцияларни акс эттириш учун мўлжалланган таҳлилий ҳисоб регистрлари;


юридик мажбуриятлар - тузилган шартномалар, шунингдек тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорлари асосида бюджет ташкилотларида ва бюджетдан маблағ олувчиларда юзага келадиган мажбуриятлар;

Ягона ғазна ҳисобварағи - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида очиладиган миллий ёки чет эл валютасидаги махсус банк ҳисобварағи;

ўтказиб бериладиган даромадлар - тегишли маъмурий-ҳудудий бирликда шаклланадиган ва юқори турувчи бюджетга ўтказиладиган, улар қаерда шаклланган бўлса, кейинчалик ўша маъмурий-ҳудудий бирлик бюджетига ўтказиб бериладиган даромадлар;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети (Давлат бюджети) - давлатнинг давлат вазифалари ва функцияларини молиявий жиҳатдан таъминлаш учун мўлжалланган марказлаштирилган пул жамғармаси;


ғазначилик бўлинмалари - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича Ғазначилик бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар бўйича Ғазначилик бўлинмалари;


ғазначилик мемориал ордери - маблағларни бир шахсий ғазна ҳисобварағидан бошқа шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиш учун фойдаланиладиган тўлов ҳужжати;

ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчи - ўз тасарруфида Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетидан, вилоятлар вилоят бюджетларидан, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетидан, туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан маблағ олувчи ташкилотларга эга бўлган юридик шахс, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетидан, вилоятлар вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетидан, туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилоти ёки бюджет маблағлари олувчи;

ҳудудий молия органлари - Қорақалпоғистон Республикасининг Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари;


ўрта муддатли давр учун фискал стратегия - ўрта муддатли давр учун солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини белгиловчи ҳужжат.


4-модда. Бюджет ташкилоти

Давлат функцияларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда давлат ҳокимияти органларининг қарорига кўра ташкил этилган, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақлаб туриладиган нотижорат ташкилот бюджет ташкилотидир.

Бюджет ташкилотларини молиялаштириш шартлари ва уларнинг бюджет ҳисобини юритиш тартиби бюджет тўғрисидаги қонунчилик билан белгиланади.


5-модда. Бюджет маблағлари олувчи

Давлат бюджетидан ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан маблағлар оладиган юридик ёки жисмоний шахс бюджет маблағлари олувчидир.

Бюджет маблағлари олувчи бюджет ташкилоти мақомига эга бўла олмайди.

Бюджет маблағлари олувчини Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириш шартлари бюджет тўғрисидаги қонунчилик билан белгиланади.


2-БОБ. БЮДЖЕТ ТИЗИМИ ТУШУНЧАСИ

ВА ПРИНЦИПЛАРИ


6-модда. Бюджет тизими тушунчаси

Бюджет тизими барча даражадаги бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари, бюджет тизими бюджетларини тузиш ва ташкил этиш принциплари, улар ўртасида бюджет жараёни мобайнида юзага келадиган ўзаро муносабатлар йиғиндисини ўзида ифодалайди. Молия йили учун бюджет тизими бюджетларини шакллантириш, тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш, тасдиқлаш ва ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси - сўмда амалга оширилади.



7-модда. Бюджет тизими принциплари

Бюджет тизими қуйидаги принципларга асосланади:

бюджет тизимининг ягоналиги;

бюджет тизимининг Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий тузилишига мувофиқлиги;

бюджет тизими бюджетларининг баланслилиги ва ўзаро боғлиқлиги;

бюджет тизими бюджетлари даромадларини прогноз қилиш ва харажатларини режалаштириш;

бюджет тизими бюджетлари маблағларидан фойдаланишнинг аниқ йўналтирилганлиги ва мақсадлилик хусусияти;

бюджет тизими бюджетларининг мустақиллиги;

бюджет тизими бюджетлари маблағларидан фойдаланишнинг натижадорлиги;

кассанинг ягоналиги;

бюджет жараёни иштирокчиларининг жавобгарлиги;

очиқлик.


8-модда. Бюджет тизимининг ягоналиги принципи

Бюджет ҳужжатлари ва бюджет ҳисоботларининг шакллари, бюджет таснифи ягона бўлиши ҳамда бюджет тизими бюджетларининг даромадлари ва харажатларини шакллантириш ҳамда ижро этиш, бюджет ҳисобини юритиш ва бюджет ҳисоботини тузишнинг ягона тартибини назарда тутиши лозим.



9-модда. Бюджет тизимининг Ўзбекистон Республикаси

маъмурий-ҳудудий тузилишига мувофиқлиги принципи

Бюджет тизими Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилишига мувофиқ бўлиши лозим.


10-модда. Бюджет тизими бюджетларининг баланслилиги

ва ўзаро боғлиқлиги принципи

Бюджет тизими бюджетларида назарда тутилган харажатлар ҳажми уларнинг даромадлари ва тақчилликни қоплаш манбалари йиғиндисининг ҳажмига мувофиқ бўлиши керак.

Бюджет тизими бюджетларини тузиш ва ижро этишда бюджетларнинг маблағлари мазкур бюджетларнинг баланслилигини таъминлаш учун улар ўртасида қайта тақсимланиши мумкин.



11-модда. Бюджет тизими бюджетлари даромадларини

прогноз қилиш ва харажатларини режалаштириш принципи

Бюджет тизими бюджетларини тузишда бюджет таснифига мувофиқ, даромадлар уларнинг аниқ манбалари бўйича прогноз қилинади, харажатлар эса йўналишлар бўйича режалаштирилади.



12-модда. Бюджет тизими бюджетлари маблағларидан

фойдаланишнинг аниқ йўналтирилганлиги

ва мақсадлилик хусусияти принципи

Бюджет тизими бюджетларининг маблағлари муайян бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларга ушбу маблағлардан белгиланган мақсадларни молиялаштиришда фойдаланиш учун ажратилади.



13-модда. Бюджет тизими бюджетларининг

мустақиллиги принципи

Бюджет тизими бюджетлари мустақилдир.



14-модда. Бюджет тизими бюджетлари маблағларидан

фойдаланишнинг натижадорлиги принципи

Бюджет жараёни иштирокчилари бюджет тизими бюджетларини тузиш ва ижро этишда ўзларига берилган ваколатлар доирасида бюджет тизими бюджетларининг белгиланган ҳажмдаги маблағларидан фойдаланган ҳолда натижага эришиш заруриятидан келиб чиқади.



15-модда. Кассанинг ягоналиги принципи

Бюджет тизими бюджетларининг барча даромадлари Ягона ғазна ҳисобварағига киритилади ва уларнинг харажатларини тўлаш ушбу ҳисобварақдан амалга оширилади.



16-модда. Бюджет жараёни иштирокчиларининг

жавобгарлиги принципи

Бюджет жараёни иштирокчиларининг жавобгарлиги принципи бюджет жараёнининг ҳар бир иштирокчиси бюджет жараёнининг ҳар бир босқичида ўз ҳаракатлари учун жавобгар бўлишидан иборатдир.



17-модда. Очиқлик принципи

Очиқлик принципи:

Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш тартиб-таомилларининг жамият ва оммавий ахборот воситалари учун очиқлигини, шунингдек бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирок этиши мумкинлигини;

тасдиқланган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари тўғрисидаги ахборотнинг оммавий ахборот воситаларида ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинишини (чоп этилишини);

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижросининг бориши тўғрисидаги ахборот оммавий ахборот воситаларида чоп этилишини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши ва янгилаб борилишини англатади.



3-БОБ. БЮДЖЕТ ТАСНИФИ


18-модда. Бюджет таснифи тушунчаси

Бюджет таснифи бюджет тизими бюджетларининг даромадлари ва харажатлари, шунингдек Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш манбаларини гуруҳлашдан иборат бўлиб, бюджет тизими бюджетларини шакллантириш, тузиш ва ижро этишни тизимлаштириш учун фойдаланилади.

Бюджет таснифи халқаро тасниф тизимларига мувофиқ ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.



19-модда. Бюджет таснифининг таркиби

Бюджет таснифи:

бюджет тизими бюджетлари даромадларининг таснифини;

бюджет тизими бюджетлари харажатларининг таснифини;

Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш манбалари таснифини ўз ичига олади.


20-модда. Бюджет таснифининг асосий принциплари

Бюджет таснифининг асосий принциплари тўлиқлик, ягоналик ва ўзаро мувофиқликдан иборатдир.

Бюджет таснифининг тўлиқлик принципи бюджет жараёнининг барча иштирокчилари қамраб олинишини назарда тутади.

Бюджет таснифининг ягоналик принципи бюджет жараёнининг барча иштирокчилари томонидан ягона бюджет таснифи қўлланилишини англатади.

Бюджет таснифининг ўзаро мувофиқлиги принципи бюджет таснифининг кодлари бир вақтнинг ўзида бюджет жараёнининг турли хил операцияларини ҳисобга олиш учун қўлланилмаслигини англатади.



21-модда. Бюджет тизими бюджетлари

даромадларининг таснифи

Бюджет тизими бюджетлари даромадларининг таснифи даромадларни уларнинг турлари ва манбалари бўйича кодлашдан иборат бўлади.

Бюджет тизими бюджетлари даромадларининг таснифи тузилмаси қуйидагилардан иборат:

бюджет тизими бюджетлари маблағларининг манбалари ва даражалари таснифи;

даромадларнинг турлари;

ташкилий тасниф;

ҳудудий тасниф.

Бюджет тизими бюджетлари маблағларининг манбалари ва даражалари таснифи келиб тушаётган даромадларнинг тегишли маблағлар манбаларига ва ушбу бюджетлар даражаларига мансублигини аниқлаш учун қўлланилади.

Даромадларнинг тури бўлим, параграф ва даромад типидан иборатдир.

Даромадлар бўлими даромадларни уларни олиш манбалари бўйича кодлашдан иборат бўлади.

Даромадлар параграфи солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шунингдек солиқ бўлмаган тўловларни уларни ундириш базаси бўйича кодлашдан иборат бўлади.

Даромад типи бюджет тизими бюджетлари даромадининг аниқ туридан иборат бўлади.

Ташкилий тасниф келиб тушаётган даромадларнинг ана шу даромадларни маъмурий жиҳатдан идора қилувчи тегишли органга мансублигини идентификациялаш мақсадида қўлланилади.

Ҳудудий тасниф келиб тушаётган даромадларнинг ушбу даромадлар шакллантирилаётган ёхуд ўтказиб берилаётган тегишли маъмурий-ҳудудий бирликка мансублигини идентификациялаш мақсадида қўлланилади.



22-модда. Бюджет тизими бюджетлари

харажатларининг таснифи

Бюджет тизими бюджетлари харажатларининг таснифи бюджет тизими бюджетлари харажатларини кодлашдан иборат бўлади ва уларнинг йўналишини акс эттиради.

Бюджет тизими бюджетлари харажатлари таснифининг тузилмаси қуйидагилардан иборат:

бюджет тизими бюджетлари маблағларининг манбалари ва даражалари таснифи;

вазифа жиҳатидан тасниф;

дастурий тасниф;

ташкилий тасниф;

иқтисодий тасниф;

ҳудудий тасниф.

Бюджет тизими бюджетлари маблағларининг манбалари ва даражалари таснифи амалга оширилаётган харажатларнинг тегишли маблағлар манбалари ва бюджетлар даражаларига мансублигини аниқлаш учун қўлланилади.

Харажатларнинг вазифа жиҳатидан таснифи давлат функцияларини бажариш учун маблағлар йўналишини акс эттирувчи харажатларни гуруҳлашдир.

Харажатларнинг дастурий таснифи давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларини бажариш учун маблағлар йўналишини акс эттирувчи харажатларни гуруҳлашдан иборатдир.

Харажатларнинг ташкилий таснифи бюджет тизими бюджетларининг маблағларини тақсимловчилар бўйича кодлашдан иборат бўлади.

Харажатларнинг иқтисодий таснифи харажатларни иқтисодий йўналишига кўра кодлашдан иборат бўлади.

Ҳудудий тасниф бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг тегишли маъмурий-ҳудудий бирликка мансублигини аниқлаш мақсадида қўлланилади.



23-модда. Бюджет тизими бюджетларининг

иқтисодий белгилар бўйича харажатлари

Бюджет тизими бюджетларининг иқтисодий белгилар бўйича харажатлари қуйидаги харажатлар гуруҳларини ўз ичига олади:

биринчи гуруҳ - иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар, компенсация тўловлари ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам;

иккинчи гуруҳ - ижтимоий эҳтиёжларга ажратмалар;

учинчи гуруҳ - капитал қўйилмалар (ривожланиш давлат дастурларида назарда тутилган аниқ йўналтирилган рўйхатларга мувофиқ);

тўртинчи гуруҳ - бошқа харажатлар.

Харажатлар гуруҳлари бўйича аниқ моддалар бюджет таснифига мувофиқ белгиланади.



24-модда. Давлат бюджети тақчиллигини

қоплаш манбалари таснифи

Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш манбалари таснифи уларни ички ва ташқи манбалар бўйича гуруҳлашдан иборат бўлади.



4-БОБ. БЮДЖЕТ СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛАР


25-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг бюджет соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини (бундан буён матнда Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси деб юритилади) ва бюджетномани ишлаб чиқиш жараёнини ташкил этади ҳамда мувофиқлаштириб боради;

биринчи ва иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар рўйхатини тасдиқлайди;

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ва бюджетномани кўриб чиқиш ҳамда тегишли хулоса тақдим этиш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига юборади;

бюджетномани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига тақдим этади;

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритади;

давлат бошқаруви органларининг Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ижро этиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради ҳамда назорат қилади;

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чоракда кўриб чиқади;

ўтган молия йили учун Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни ташқи аудит ўтказиш ҳамда баҳолаш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига юборади;

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этади;

ушбу Кодекснинг 145 ва 149-моддаларида назарда тутилган ҳолларда молия йили мобайнида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағларга ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг тегишли хулосаси билан биргаликда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритади;

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар доирасида иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


26-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг

бюджет соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва ўрта муддатли давр учун фискал стратегия бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳалари бўйича тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига хулоса тақдим этади;

вазирликларнинг, идораларнинг ҳамда банкларнинг бюджет тизими бюджетлари даромадлари ва харажатлари моддаларининг мақсадли ижросини бошланғич маълумотлар бўйича назорат қилиш имконини берувчи ахборот тизимлари ва ресурсларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Молия вазирлигининг банк ҳисобварақларидаги маблағларнинг қонуний шакллантирилганлиги, мақсадли ҳамда самарали сарфланиши устидан назоратни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, шунингдек белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар маблағларининг шакллантирилиши ҳамда улардан фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари даромад қисмининг ижроси устидан назоратни амалга оширади;

бюджет тизими бюджетлари маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот бўйича ташқи аудитни ва баҳолашни амалга оширади ҳамда улар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хулоса тақдим этади;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ташқи аудитдан ўтказишни ва баҳолашни амалга оширади ҳамда улар юзасидан тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига хулоса тақдим этади;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хулоса тақдим этади;

ўз ваколатига кирадиган масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси қонунчиликка мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


27-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг,

халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар

ва шаҳарлар Кенгашларининг бюджет

соҳасидаги ваколатлари

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини, туманлар ва шаҳарлар бюджетларини тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига мувофиқ кўриб чиқади ва қабул қилади;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига мувофиқ ҳар чоракда кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадларининг прогнозларини маълумот учун қабул қилади;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетларига, туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

тегишли бюджетлардан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади;

маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонунчиликда белгиланган миқдорлар доирасида белгилайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ҳамда Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларини кўриб чиқади ҳамда тасдиқлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари қонунчиликка мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


28-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар

ҳокимларининг бюджет соҳасидаги ваколатлари

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари:

тегишли бюджет лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни ижро этиш жараёнини ташкил этади ҳамда мувофиқлаштириб боради;

бюджет сўрови олинишига қараб тегишли бюджетларнинг лойиҳаларини тузиш тўғрисида қарорлар қабул қилади, уларни тайёрлаш тартиби ва муддатларини белгилайди;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети лойиҳасини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари лойиҳаларини тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига кўриб чиқиш ва қабул қилиш учун тақдим этади;

ушбу Кодекснинг 146 - 148-моддаларида назарда тутилган тартибда молия йили мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари параметрларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқади;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига тасдиқлаш учун тақдим этади;

Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига тушумлар тўлиқ ва ўз вақтида тушиши устидан назоратни ташкил этади;

бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назоратни ташкил этади;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан, туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга бюджет сўровини тузиш учун ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини кўриб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

қонунчиликда белгиланадиган алоҳида солиқлар бўйича белгиланган ставкаларга пасайтирувчи ва ошиб борувчи коэффициентларни киритиш тўғрисида ҳудудларнинг фаолиятни амалга ошириш жойининг хусусиятларини инобатга олган ҳолда қарорлар қабул қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ваколатлар билан бир қаторда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари маблағларидан фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ваколатлар билан бир қаторда маҳаллий бюджетларнинг параметрларини ҳамда уларнинг ижроси ҳақидаги ҳисоботларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш жараёнининг оммавий ахборот воситаларида ёритилишини ҳам таъминлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига:

навбатдаги йил учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳамда тегишли хулосани тақдим этиш учун;

ўтган молия йили учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ташқи аудитдан ўтказиш ҳамда баҳолаш учун юборади.

ЎзР 28.12.2021 й. ЎРҚ-740-сон Қонунига мувофиқ тўртинчи қисми бешинчи қисм деб ҳисоблансин

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари қонунчиликка мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


29-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг

бюджет соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ва бюджетномани ишлаб чиқади;

давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари лойиҳаларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари ва харажатларини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ва бюджетномани кўриб чиқиш учун тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасига Давлат бюджетининг даромадлари прогнозини ҳар чоракда етказади;

биринчи ва иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга улар учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағларни тақсимлаш, шунингдек навбатдаги йил учун харажатлар сметасини тузиш бўйича услубий кўрсатмаларни юборади;

ўрта муддатли бюджетни тайёрлаш жараёнини икки босқичда (тузиш ва тайёрлаш) амалга ошириш бўйича ягона услубий қўлланмалар тўпламини (циркулярни), шунингдек Давлат бюджетини шакллантиришда бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорларини етказиш ҳамда қайта кўриб чиқиш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг таклифлари асосида Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун қабул қилинган кундан эътиборан бир ойлик муддатда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган тасдиқланган маблағлар доирасида иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг таклифлари асосида иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун тасдиқланган бюджетдан ажратиладиган маблағларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маъқуллаш учун киритади;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар рўйхатини тасдиқлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига маҳаллий бюджетларнинг лойиҳаларини тайёрлаш бўйича тавсиялар юборади;

биринчи ва иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатлар сметаларини ва жамланма харажатлар сметаларини, штат жадвалларини, шунингдек уларга киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказади;

ушбу Кодекснинг 145-моддасида назарда тутилган тартибда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг харажатлари ёйилмасига молия йили мобайнида ўзгартиришлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ушбу Кодекснинг 145 ва 149-моддаларида назарда тутилган тартибда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган маблағларга ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тақдим этади;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни уларнинг манбалари кесимида тўлиқ ва ўз вақтида тушиши устидан мониторингни амалга оширади;

бюджет тизими бюджетларининг маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағлари олувчиларнинг молиявий ҳисоботлари шаклларини ва уларни тақдим этиш тартибини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисида ҳисобот тақдим этади;

бюджетдан ташқари махсус ҳисобварақларда захиралар ташкил этади;

Давлат бюджетини ижро этиш жараёнида унга тушумларни кўпайтириш бўйича қўшимча захираларни аниқлайди;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатларини мақбуллаштиришни амалга оширади;

бюджет ссудаларини беради;

давлат томонидан маблағлар жалб қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг шартномалари ва давлат кафолатларини рўйхатдан ўтказади;

давлат қарзининг ҳисобини ва мониторингини юритади;

бюджет тизими бюджетларининг касса ижросини юритади;

бюджет тизими бюджетларининг Ягона ғазна ҳисобварағидаги ва бошқа банк ҳисобварақларидаги маблағларини бошқаради;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузилган шартномаларини рўйхатдан ўтказади;

бюджет тизими бюджетларида маблағлар назарда тутилган юридик ёки жисмоний шахслар номидан ва уларнинг топшириғига кўра тўловларни амалга оширади;

бюджет тизими бюджетлари ижросининг бюджет ҳисобини юритади ва бюджет ҳисоботини қабул қилади;

давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатилишини таъминлайди, давлат кафолатини бажаради;

Ўзбекистон Республикасига келаётган инсонпарварлик ёрдами ҳамда техник кўмаклашиш маблағлари ҳисобини юритади;

прогноз йил учун Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари ҳамда келгуси икки йилга оид бюджет мўлжаллари, шунингдек Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига юборилишидан олдин уларнинг жамоатчилик муҳокамасини таъминлайди;

бюджет тизими бюджетлари даромадлари ва харажатларининг баланслилигига таъсир кўрсатувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни молиявий ҳамда иқтисодий экспертизадан ўтказади;

ўз ваколатига кирадиган масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


30-модда. Ҳудудий молия органларининг

бюджет соҳасидаги ваколатлари

Ҳудудий молия органлари:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари лойиҳаларини тайёрлайди ҳамда уларни тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига кўриб чиқиш учун киритади;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни уларнинг манбалари кесимида тўлиқ ва ўз вақтида тушиши устидан мониторингни амалга оширади;

тегишли бюджетнинг ижро этилиши жараёнида унга тушумларни кўпайтириш бўйича қўшимча захираларни аниқлайди;

бюджет ташкилотларига ва бюджет маблағлари олувчиларга улар учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳажмларини етказади;

бюджет ташкилотларининг харажатлар сметалари ва штат жадвалларини ҳамда бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаларини, шунингдек уларга киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказади;

ушбу Кодекснинг 146 - 148-моддаларида назарда тутилган тартибда тегишли бюджетлар параметрларига молия йили мобайнида ўзгартиришлар киритади;

тегишли бюджетларнинг маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

юқори турувчи молия органларига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига тегишли бюджетнинг ижроси тўғрисида ҳар чораклик ҳисоботларни тақдим этади;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар харажатларини мақбуллаштиришни амалга оширади;

тегишли бюджетлар ижросининг бюджет ҳисобини юритади ва бюджет ҳисоботини қабул қилади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли бюджетлар даромадлари ва харажатлари баланслилигига таъсир кўрсатувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини молиявий ва иқтисодий экспертизадан ўтказади.

Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бошқармалари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ваколатлар билан бир қаторда:

Давлат бюджети даромадлари прогнозини давлат солиқ хизмати органлари ва божхона органларига ҳар чоракда тегишли маъмурий-ҳудудий бирликлар бўйича етказади;

бюджет ссудаларини беради.

Ҳудудий молия органлари қонунчиликка мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


31-модда. Бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг

бюджет соҳасидаги ваколатлари

Бюджет маблағларини тақсимловчилар:

бюджетдан ажратиладиган маблағларни олиш учун бюджет сўровларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади;

бюджет буюртмаларини тузиш учун кўрсаткичларни ва материалларни ўз тасарруфидаги ташкилотларга етказади;

харажатлар сметалари ва штат жадвалларини тузиш учун ўз тасарруфидаги ташкилотларга уларнинг тегишли молия йилига бюджетдан ажратиладиган маблағлари ҳажмларини етказади;

ўз тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметалари ва штат жадвалларини, шунингдек уларга киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказади;

тасдиқланган харажатлар сметаларини ва жамланма харажатлар сметаларини, штат жадвалларини, шунингдек уларга киритилган ўзгартиришларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этади;

харажатлар сметалари ва штат жадвалларидаги ўзгартиришлар тўғрисида ўз тасарруфидаги ташкилотларни хабардор қилади;

ўз тасарруфидаги ташкилотларда бюджет ҳисоби юритилишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;

ўз тасарруфидаги ташкилотлардан молиявий ҳисоботларни қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тегишли давр учун жамланма молиявий ҳисоботлар тақдим этади.

Бюджет маблағларини тақсимловчилар қонунчиликка мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


32-модда. Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари

олувчиларнинг бюджет соҳасидаги ваколатлари

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар:

бюджет буюртмасини бюджет маблағларини тақсимловчига, бюджет маблағларини тақсимловчи бўлмаганда эса, тегишли ҳудудий молия органига ушбу Кодекснинг 89-моддасида белгиланган тартибга мувофиқ киритади;

харажатлар сметаларини тасдиқлайди ҳамда уларни бюджет маблағларини тақсимловчига, бюджет маблағларини тақсимловчи бўлмаганда эса, тегишли ҳудудий молия органига бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида рўйхатдан ўтказиш учун киритади;

харажатлар сметаларида назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағларни мўлжалланган мақсадга мувофиқ тасарруф этади;

бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар билан шартномалар тузади;

ушбу Кодекснинг 150-моддасида белгиланган тартибда харажатлар сметаларига ўзгартиришлар киритади;

тегишли давр учун молиявий ҳисоботларни бюджет маблағларини тақсимловчига, бюджет маблағларини тақсимловчи бўлмаганда эса, тегишли ҳудудий молия органига тақдим этади.

Бюджет ташкилотлари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ваколатлар билан бир қаторда, шунингдек:

штат жадвалларини тасдиқлайди ва уларни бюджет маблағларини тақсимловчига, бюджет маблағларини тақсимловчи бўлмаганда эса, тегишли ҳудудий молия органига бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида рўйхатдан ўтказиш учун киритади;

ушбу Кодекснинг 150-моддасида белгиланган тартибда штат жадвалларига ўзгартиришлар киритади;

муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзларга йўл қўймаслик мақсадида тегишли ҳужжатларни судларга, ғазначилик бўлинмаларига ўз вақтида тақдим этади, шунингдек шартномавий мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайди;

бюджет ҳисобини юритади ва молиявий ҳисоботларни тузади;

бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларини шакллантиради ва улардан фойдаланади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар қонунчиликка мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


33-модда. Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи

органларнинг бюджет соҳасидаги ваколатлари

Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар:

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаларини тайёрлайди ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига киритади;

давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари бўйича харажатлар сметаларини, шунингдек уларга киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказади;

давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари даромадлари прогнозини давлат солиқ хизмати органлари ва божхона органларига йилнинг ҳар чорагида етказади;

ушбу Кодекснинг 149-моддасида назарда тутилган тартибда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлайди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар ва бошқа тушумлар тўлиқ ҳамда ўз вақтида тушиши устидан мониторингни амалга оширади;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади;

давлат мақсадли жамғармалари маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ижро этиш жараёнида тушумларни кўпайтириш бўйича қўшимча захираларни аниқлайди;

давлат мақсадли жамғармаларининг харажатлари мақбуллаштирилишини амалга оширади;

давлат мақсадли жамғармаларининг Ягона ғазна ҳисобварағи ва бошқа банк ҳисобварақларидаги маблағларини бошқаради;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижросининг бюджет ҳисобини юритади;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари ва харажатлари баланслилигига таъсир кўрсатувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни молиявий ва иқтисодий экспертизадан ўтказади.

Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар қонунчиликка мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


II БЎЛИМ.

БЮДЖЕТ ТИЗИМИ БЮДЖЕТЛАРИ


5-БОБ. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ


34-модда. Давлат бюджети тузилмаси

Давлат бюджети қуйидаги даражадаги бюджетлардан иборат:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари.



35-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий

бюджетларининг тузилмаси

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети тузилмасига Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси туманлари ва шаҳарларининг бюджетлари киради.

Вилоятлар маҳаллий бюджетлари тузилмасига вилоят бюджети, тегишли вилоятлар туманлари ва шаҳарларининг бюджетлари киради.

Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети тузилмасига шаҳар бюджети ва шаҳар таркибига кирувчи туманларнинг бюджетлари киради.



6-БОБ. ДАВЛАТ МАҚСАДЛИ ЖАМҒАРМАЛАРИ

ВА БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ

БЮДЖЕТДАН ТАШҚАРИ ЖАМҒАРМАЛАРИ


36-модда. Давлат мақсадли жамғармалари

Маблағлари солиқлар, мажбурий тўловлар ва жарималар, ҳомийлик маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланган бошқа даромадлардан, шунингдек бюджет трансфертлари ва субсидияларидан шакллантириладиган давлат мақсадли жамғармалари давлат функцияларини амалга ошириш учун ташкил этилади.

Давлат мақсадли жамғармалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ташкил этилади.

Давлат мақсадли жамғармалари юридик шахс шаклида ёки юридик шахс ташкил этмасдан, шу жумладан вазирликлар ва идоралар ҳузурида тузилиши мумкин.



44-модда. Бюджет ташкилотларининг

бюджетдан ташқари жамғармалари

Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари қуйидагилардир:

Бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармаси;

Тиббиёт ташкилотларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси;

вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари;

бюджет ташкилотларининг ундириладиган тўловлар ҳисобига шакллантириладиган бюджетдан ташқари маблағлари.



III БЎЛИМ.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

КОНСОЛИДАЦИЯЛАШГАН БЮДЖЕТИ.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ

ЖАМҒАРМАСИ


7-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

КОНСОЛИДАЦИЯЛАШГАН БЮДЖЕТИ


45-модда. Ўзбекистон Республикасининг

консолидациялашган бюджетини

тузиш мақсадлари

Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан молия йили якунлари бўйича таҳлилий мақсадлар учун ҳамда бюджет тизими бюджетларининг барча тушумлари ва харажатларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини, улар ўртасидаги трансфертларни ҳисобга олмаган ҳолда ҳисобга олиб бориш учун тузилади.



46-модда. Ўзбекистон Республикасининг

консолидациялашган бюджети таркиби

Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети таркибига қуйидагилар киради:

Давлат бюджети;

давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари;

бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари.

Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган, бироқ унинг таркибига кирмайдиган жамғармаларни ташкил этишга йўл қўйилмайди.


8-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ ЖАМҒАРМАСИ


47-модда. Умумий қоидалар

Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги молиявий муассасадир ва у устувор инвестиция лойиҳаларини ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларини модернизация қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга, мамлакатни муттасил, барқарор ва мутаносиб равишда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга эришилишига, шунингдек самарали таркибий ва инвестиция сиёсати амалга оширилишига доир лойиҳаларни молиялаштириш учун ушбу Кодексда белгиланган маблағларни жамлайди.

Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини бошқариш Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг юқори бошқарув органи бўлиб, унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи дирекцияси Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи органи ва маблағларини тақсимловчидир.

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи дирекцияси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига:

ҳар йили 1 июлгача Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари лойиҳасини;

йилнинг ҳар чорагида ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунигача Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси даромадлари ва харажатларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади.


48-модда. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш

ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари:

асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Давлат бюджети параметрларини тасдиқлашда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари билан стратегик ресурсларга белгиланадиган чегара нархидан жаҳон нархининг ошиши натижасида тушадиган тушумлар;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг активларини бошқаришдан, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларининг бўш турган қолдиқларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонунчиликка мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ўзининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида очилган ҳисобварақларида чет эл валютасида шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ҳисобварақларига тушадиган миллий валютадаги маблағларнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг маблағлар тушган санадаги алмашув курси бўйича чет эл валютасига конвертациясини амалга ошириб, уларни кейинчалик мазкур жамғарманинг валюта ҳисобварағига киритади.


49-модда. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт

жамғармасининг маблағларидан фойдаланиш йўналишлари

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағларидан:

ривожланиш давлат дастурларига киритилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш;

янги саноат ишлаб чиқаришларини бундан буён жойлаштириш учун ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини молиялаштириш учун имтиёзли кредитлар бериш;

янгидан ташкил этилаётган молиявий институтларнинг ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларидаги чет эл инвестициялари иштирокидаги стратегик аҳамиятга молик корхоналарнинг устав капиталига инвестиция киритиш;

давлат томонидан ташқи маблағларни жалб қилиш бўйича халқаро молия институтлари ва чет эллик кредиторлар олдидаги мажбуриятларни муддатидан олдин тўлаш;

Ўзбекистон Республикасининг Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастурлари доирасида тижорат банклари учун чет эл валютасида очиладиган кредит линиялари орқали инвестиция лойиҳаларини жадал молиялаштириш ва амалга ошириш;

грант асосида ёки фоизсиз кредитлар бериш йўли билан айрим лойиҳаларнинг дастлабки ёки узил-кесил техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни молиялаштириш;

тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ янги замонавий хорижий технологиялар, техника ва асбоб-ускуналар, стратегик аҳамиятга молик бошқа товарлар харид қилиш учун имтиёзли кредитлар бериш;

ижтимоий жиҳатдан аҳамиятга молик миллий давлат дастурларини ҳамда ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш инфратузилмасини шакллантиришга доир лойиҳаларни грант асосида молиялаштириш;

қарз олувчи корхоналарнинг инвестиция дастурларини (бизнес-режаларини), шу жумладан, ишлаб чиқаришни техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқариш қувватларининг ишлатилишини кўпайтириш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилиш ҳажмларини ошириш, қўшилган қиймат ўсишини таъминлашга имкон берадиган инвестиция дастурларини (бизнес-режаларини) тижорат банклари билан биргаликда молиялаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи девонини сақлаб туриш ҳамда уни бошқариш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун фойдаланилади.


IV БЎЛИМ.

БЮДЖЕТ ТИЗИМИ БЮДЖЕТЛАРИНИНГ

ДАРОМАДЛАРИ


9-БОБ. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ДАРОМАДЛАРИ


50-модда. Давлат бюджети даромадларини шакллантириш

Давлат бюджети даромадлари:

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;

давлат активларини жойлаштириш, фойдаланишга бериш ва сотишдан олинган даромадлар;

мерос, ҳадя ҳуқуқи бўйича давлат мулкига ўтган пул маблағлари;

юридик ва жисмоний шахслардан, шунингдек чет давлатлардан тушадиган қайтарилмайдиган пул тушумлари;

резидент-юридик шахсларга берилган бюджет ссудалари, кредит линиялари ва чет давлатларга ажратилган кредитлар маблағларини қайтариш ҳисобига тўловлар, шунингдек улар бўйича фоизли тушумлар;

қонунчиликка мувофиқ бошқа даромадлар ҳисобидан шакллантирилади.


51-модда. Ўзбекистон Республикасининг республика

бюджети даромадларини шакллантириш

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети даромадлари:

1) белгиланган нормативларга мувофиқ:

фойда солиғи;

жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

акциз солиғи;

ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (бундан қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ мустасно);

2) божхона божлари;

3) қўшилган қиймат солиғи;

4) бошқа даромадлар ҳисобидан шакллантирилади. Бошқа даромадлар жумласига қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига йўналтириладиган давлат божлари, йиғимлар, товон пуллари, компенсация тўловлари, жарима санкциялари ва давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган тушумлар, белгиланган нормативлар бўйича давлат активларини жойлаштиришдан ва фойдаланишга беришдан олинган даромадлар, мерос, ҳадя ҳуқуқи бўйича давлат мулкига ўтказилган пул маблағлари, юридик ва жисмоний шахслардан, шунингдек чет давлатлардан тушган қайтарилмайдиган пул тушумлари, резидент бўлган юридик шахсларга берилган бюджет ссудаларини, чет давлатларга берилган кредитларни тўлаш ҳисобидан тўловлар, акцияларнинг давлат улуши (пайи) бўйича дивидендлар (даромадлар), бундан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улуши бўйича дивидендлар (даромадлар) мустасно, маҳсулот тақсимотига оид битимлар бўйича фойда келтирадиган маҳсулотдаги давлат улуши, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фойдаси ва бошқа даромадлар киради.


52-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг

даромадларини шакллантириш

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари:

1) белгиланган нормативларга мувофиқ:

фойда солиғи;

жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

акциз солиғи;

ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (бундан қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ мустасно).

2) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

3) мол-мулк солиғи;

4) ер солиғи;

5) қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;

6) айланмадан олинадиган солиқ;

7) юридик ва жисмоний шахслардан, шунингдек чет давлатлардан тушган қайтарилмайдиган пул тушумлари;

8) автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғим;

9) бошқа даромадлар ҳисобидан шакллантирилади. Бошқа даромадларга қонунчиликка мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига йўналтириладиган давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган тушумлар, белгиланган нормативлар бўйича давлат активларини жойлаштиришдан, фойдаланишга беришдан ва сотишдан олинган даромадлар, давлат божлари, йиғимлар, товон пуллари ва жарима санкциялари, эгасиз мол-мулкни, мерос ҳуқуқи бўйича давлат ихтиёрига ўтган мол-мулкни, ҳуқуқ бўйича давлат даромадига ўтказилиши лозим бўлган хазиналарни реализация қилишдан тушган тушумлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улуши бўйича дивидендлар (даромадлар) ва қонунчиликка мувофиқ бошқа даромадлар киради.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган бюджетлараро трансфертлар Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг даромадлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига тушадиган айрим солиқлар ва бошқа даромадлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига қонунчиликда белгиланган миқдорларда ва тартибда тақсимланиши мумкин.

Солиқлар ва бошқа даромадлар белгиланган нормативларга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетлари ўртасида қайта тақсимланиши мумкин.    




11-БОБ. БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ БЮДЖЕТДАН

ТАШҚАРИ ЖАМҒАРМАЛАРИ ДАРОМАДЛАРИ


60-модда. Бюджет ташкилотининг ривожлантириш

жамғармаси даромадларини шакллантириш

Бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармаси даромадлари:

ҳисобот чорагининг сўнгги иш куни охирида харажатлар сметаси бўйича тежалган маблағлар, капитал қўйилмаларни молиялаштириш учун назарда тутилган маблағлар бундан мустасно;

фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлар;

бюджет ташкилоти балансида турган мол-мулкни ижарага беришдан олинган маблағларнинг бир қисми;

белгиланган тартибда бюджет ташкилотлари тасарруфида қолдириладиган маблағлар;

ҳомийликдан олинган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади.

Бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармасига бюджет ташкилотларининг товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлари товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумлар ва уларни ишлаб чиқариш бўйича харажатлар ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади.



61-модда. Тиббиёт ташкилотларининг моддий

рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси

даромадларини шакллантириш

Тиббиёт ташкилотларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси даромадлари:

тиббиёт ташкилотига ажратиладиган бюджет маблағлари умумий ҳажмининг 5 фоизигача бўлган миқдорда бюджетдан ажратиладиган маблағлар;

фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлар;

ҳисобот чорагининг сўнгги иш куни охирида харажатлар сметаси бўйича тежалган маблағлар, капитал қўйилмаларни молиялаштириш учун назарда тутилган маблағлар бундан мустасно;

тиббиёт ташкилоти балансида турган мол-мулкни ижарага беришдан олинган маблағларнинг бир қисми;

белгиланган тартибда бюджет ташкилотлари тасарруфида қолдириладиган маблағлар;

ҳомийликдан олинган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади.

Тиббиёт ташкилотларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасига тиббиёт ташкилотларининг товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлари товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумлар ва уларни ишлаб чиқариш бўйича харажатлар ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади.



62-модда. Вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан

ташқари жамғармалари даромадларини шакллантириш

Вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари даромадлари белгиланган тартибда давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлар, маъмурий жарималар ҳамда молиявий санкциялардан ажратмалар ҳисобидан шакллантирилади.


63-модда. Бюджет ташкилотларининг бюджетдан

ташқари маблағларини ундириладиган тўловлар

ҳисобидан шакллантириш

Бюджет ташкилотлари томонидан бюджетдан ташқари маблағлар:

ўқувчилар ва тарбияланувчилар давлат мактабгача таълим ташкилотларида, умумтаълим мактабларининг куни узайтирилган гуруҳларида, мактаб-интернатларда, олимпия захиралари коллежларида ва бошқа таълим муассасаларида сақлаб турилганлиги учун;

ўқувчилар болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда мактабдан ташқари таълим муассасаларида таълим олганлиги учун;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олганлик учун;

стационар даволаш-профилактика муассасаларида даволанаётганлар таркиби овқатланиши учун;

қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги ундириладиган тўловлар ҳисобидан шакллантирилади.

Ундириладиган тўловларнинг миқдорлари, уларни киритиш ва улардан фойдаланиш тартиби, шунингдек ундириладиган тўловлар бўйича имтиёзлар қонунчилик билан белгиланади.


12-БОБ. БЕҒАРАЗ ЁРДАМ


64-модда. Беғараз ёрдам турлари

Беғараз ёрдам инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмаклашиш маблағлари тарзида берилади.

Инсонпарварлик ёрдами аҳолининг ижтимоий ночор гуруҳларига тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий соҳа муассасаларини қўллаб-қувватлаш, табиий офатлар, авариялар ва ҳалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини тугатиш учун дори воситалари ва тиббий буюмлар, озиқ-овқат, халқ истеъмоли товарлари, бошқа товарлар, шу жумладан асбоб-ускуналар, транспорт ва техника, шунингдек ихтиёрий хайриялар, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, инсонпарварлик ёрдами юкларини ташиш, кузатиб бориш ва сақлаш тарзида берилади. Тамаки маҳсулотлари, алкоголь маҳсулотлари, ҳарбий мақсад учун мўлжалланган товарлар, шунингдек олиб кирилиши тақиқланган товарлар инсонпарварлик ёрдами сирасига киритилиши мумкин эмас.

Техник кўмаклашиш маблағлари асбоб-ускуналар ва технологияларни сотиб олиш, тажриба-конструкторлик ишларини, илмий ёки бошқа тадқиқотларни ўтказиш, ходимларни даволаш, ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, маслаҳат хизматлари кўрсатиш ҳамда қонунчиликка мувофиқ бошқа мақсадлар учун натура кўринишдаги ва пул шаклидаги грантлар тарзида берилади.

Ўзбекистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек фаолияти фойда олишга қаратилмаган юридик ва жисмоний шахслар инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмаклашиш маблағларини олувчилар бўлиши мумкин.

Инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмаклашиш маблағларини олувчилар тегишли донорлар билан келишувлар ёки қонунчилик асосида аниқланади.

Ўзбекистон Республикасига беғараз ёрдам доирасида келган товарлардан тижорат мақсадларида фойдаланиш тақиқланади.

Маблағлар, товарлар, ишлар ва хизматларнинг беғараз ёрдамга мансублиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аниқланади.



65-модда. Инсонпарварлик ёрдамини жалб этиш

Инсонпарварлик ёрдамини жалб этишга доир таклифлар инсонпарварлик ёрдами бўйича ҳудудий ва тармоқ комиссиялари томонидан ҳар йили 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги инсонпарварлик ёрдами бўйича ҳудудий ва тармоқ комиссияларининг таклифлари асосида келгуси йилда инсонпарварлик ёрдамини жалб этиш учун жамланма буюртмани 31 июлдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади.

Инсонпарварлик ёрдамини жалб этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган инсонпарварлик ёрдамини жалб этишга доир жамланма буюртма асосида амалга оширилади.



66-модда. Техник кўмаклашиш маблағларини жалб этиш

Келгуси йил учун техник кўмаклашиш бўйича устувор лойиҳаларнинг рўйхати вазирликлар ва идораларнинг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг (лойиҳа ташаббускорларининг) таклифлари асосида жорий йилнинг 31 майига қадар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан тузилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилади.

Келгуси йил учун техник кўмаклашиш маблағларини жалб қилишни донорлар билан ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Техник кўмаклашиш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати асосида амалга оширилади.

Техник кўмаклашиш бўйича устувор лойиҳаларнинг ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун донорлар билан ишлаб чиқилган рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан келгуси йилнинг 10 февралигача тасдиқланади.



67-модда. Беғараз ёрдам олувчиларнинг мажбуриятлари

Беғараз ёрдам олувчилар:

беғараз ёрдам лойиҳалари бўйича донорлар билан келишувларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирликлар ва идоралар билан келишиб олиши ҳамда уларда назарда тутилган, ўз зиммасига олган мажбуриятларини ўз вақтида бажариши;

олинган беғараз ёрдамдан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаши;

олинган беғараз ёрдамнинг ҳисоб ва ҳисоботларда акс эттирилишини таъминлаши;

беғараз ёрдам доирасида келган товарларнинг божхона расмийлаштирувини ўз вақтида амалга ошириши;

беғараз ёрдам келганлиги ва фойдаланилганлиги юзасидан ҳисобот тақдим этиши шарт.

Техник кўмаклашиш маблағларини олувчилар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятлар билан бир қаторда, шунингдек:

техник кўмаклашиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича тадбирлар режасини ва уни ўзлаштириш жадвалини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиши;

техник кўмаклашиш маблағлари келиб тушиши учун ваколатли банкларда махсус ҳисобварақлар очиши;

техник кўмаклашиш лойиҳаси амалга оширилганлиги тўғрисидаги якуний ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этиши шарт.



68-модда. Ўзбекистон Республикаси томонидан

кўрсатиладиган беғараз ёрдам

Ўзбекистон Республикасининг беғараз ёрдам кўрсатиши тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси номидан беғараз ёрдам кўрсатган ваколатли орган ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартигача Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига молиявий ҳисоботлар тақдим этади.



V БЎЛИМ.

БЮДЖЕТ ТИЗИМИ БЮДЖЕТЛАРИНИНГ

ХАРАЖАТЛАРИ


13-БОБ. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ХАРАЖАТЛАРИ


69-модда. Давлат бюджети харажатларининг таркиби

Давлат бюджетининг харажат қисми қуйидагилардан иборат:

ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари;

нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатлари;

иқтисодиёт харажатлари;

марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштириш харажатлари;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини, адлия ва прокуратура органларини сақлаб туриш харажатлари;

судларни сақлаб туриш харажатлари;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаб туриш харажатлари;

бошқа харажатлар.

Давлат бюджетининг харажат қисми таркибида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари ҳисобга олинади.


70-модда. Ўзбекистон Республикаси республика

бюджетининг харажатлари

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қуйидаги харажатлар амалга оширилади:

1) ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари, шу жумладан:

мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим, олий ўқув юртидан кейинги таълим, мактабдан ташқари таълим, кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасалари, болалар уйлари, таълим муассасаларини ахборот-услубий жиҳатдан таъминлаш муассасалари, вазирликлар ва идоралар тасарруфидаги таълим муассасалари, бошқа ёрдамчи муассасаларни сақлаб туриш, шунингдек қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган таълим тизими тадбирларининг харажатлари;

республика шошилинч тиббий ёрдам маркази, ОИТСга қарши курашиш республика маркази, Давлат санитария-эпидемиология назорати, карантин ва ўта хавфли инфекциялар профилактикаси, илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртларининг клиникалари, қон қуйиш хизмати ва суд-тиббиёт экспертизаси республика муассасалари, республика вазирликлари ва идоралари тасарруфидаги бошқа даволаш-профилактика муассасалари ҳамда ёрдамчи ташкилотларни сақлаб туриш, шунингдек қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган хизматлар ҳақини тўлаш харажатлари;

қонунчиликка мувофиқ айрим тоифадаги фуқароларга тиббий хизматлар кўрсатилганлиги учун республика ихтисослаштирилган марказлари харажатларининг ўрнини қоплаш (субсидиялар);

қабул қилинган давлат дастурларига мувофиқ фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тадбирларини амалга ошириш харажатлари;

республика вазирликлари ва идоралари тасарруфидаги маданият, жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини сақлаб туриш, теле- ва радиодастурлар яратиш ҳамда уларни тарқатишга доир хизматлар таъминоти ва уларга ҳақ тўлаш, ҳукуматнинг алоҳида қарорларига кўра оммавий ахборот воситаларини сақлаб туриш, кино- ва видеомаҳсулотлар яратиш, маданий мерос объектларида реставрация ишларини бажариш, тасдиқланган календарь режаларга мувофиқ маданият ва спортни ривожлантириш бўйича қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган мақсадли тадбирлар харажатлари;

фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновация ишларининг давлат илмий-техник дастурлари доирасида грантлар бўйича амалга ошириладиган илмий-техник лойиҳалар, ноёб илмий объектларни ва фанга хизмат кўрсатувчи муассасаларни сақлаб туриш, илмий лойиҳалар экспертизасини ўтказиш ҳамда қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган фанга доир алоҳида тадбирлар харажатлари;

давлат архивларини сақлаб туриш харажатлари;

республика вазирликлари ва идоралари тасарруфидаги уруш ҳамда меҳнат фахрийлари учун пансионатлар ва санаторийларни, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларини сақлаб туриш, шунингдек қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга доир мақсадли тадбирлар харажатлари;

давлат мукофотлари, давлат пул мукофотлари билан тақдирланганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган давлат пул мукофотлари ва мукофотларини тўлаш харажатлари;

болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга ва бола туғилганда бериладиган нафақаларни, қонунчиликда айрим тоифадаги шахсларга белгиланган компенсацияларни тўлаш учун ваколатли органга маблағлар ажратиш харажатлари;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини тугатишда иштирок этган шахсларни ва радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, айрим тоифадаги шахсларга қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва компенсацияларни тўлаш харажатлари, жамоат ишларини молиялаштириш;

2) давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртма шаклида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатлари;

3) иқтисодиёт харажатлари, шу жумладан:

агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши соҳасидаги республика назорат органларининг харажатлари, сув ва ўрмон хўжалиги харажатлари, қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши курашиш муассасаларининг хизматларига ва уларни сақлаб туришга ҳақ тўлаш харажатлари;

ҳосилдорлиги паст ерларда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш харажатлари;

қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланадиган ягона ер солиғи бўйича тушумларга мувофиқ бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг ҳар йили тасдиқланадиган асосий параметрлари доирасида бюджетдан ажратиладиган мақсадли маблағлар;

қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган стандартлаштириш ва сертификатлаштириш, топография-геодезия, картография ва кадастр, шунингдек геология қидирув ишлари, давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш харажатлари, чегарадош давлатларга ҳақ эвазига ердан фойдаланиш тўлови, гидрометеорология хизмати муассасаларини сақлаб туриш харажатлари;

атроф-муҳит ва ландшафтнинг муҳофаза қилинишини, биологик хилма-хилликнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар;

"Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш" жамғармаси орқали ичимлик суви билан таъминлаш тизимини ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар;

4) республика вазирликлари ва идоралари буюртмачи бўлган марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштириш харажатлари;

5) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини, адлия ва прокуратура органларини сақлаб туриш харажатлари, шу жумладан:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарини;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини;

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) котибиятини;

қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағларидан сақлаб турилиши назарда тутилган давлат бошқаруви органларини;

Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги муассасаларини сақлаб туриш харажатлари;

адлия ва прокуратура органларини;

6) судларни сақлаб туриш харажатлари;

7) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасини шакллантириш харажатлари;

8) бошқа харажатлар:

сиёсий партияларга уларнинг уставида белгиланган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган маблағлар;

қонунчиликда белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш;

Ўзбекистон Республикаси иштирокчи бўлган халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини тўлаш ва уларни молиялаштиришда иштирок этиш харажатлари;

давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш ва давлат кафолатини бажариш билан боғлиқ харажатлар;

давлат буюртмаси бўйича статистика ишларига ҳақ тўлаш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сайловлар ва референдумларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш бўйича харажатлари, шу жумладан округ ва участка сайлов комиссияларини, сиёсий партияларни молиялаштириш;

давлат захиралари ва стратегик захираларни вужудга келтириш, сақлаб ва янгилаб туриш билан боғлиқ харажатлар;

мудофаага, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашга, божхона органларига ажратиладиган маблағлар, шу жумладан ҳарбий хизматни, ички ишлар органларида, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида, божхона органларида хизматни ўтаган шахслар ҳамда уларнинг оилаларига пенсиялар ва нафақалар учун харажатлар, шунингдек қонунчиликка мувофиқ фаолияти Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган муассасалар, ташкилотлар ва идораларга ажратиладиган маблағлар;

қонунчиликка мувофиқ бошқа харажатлар.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига субвенциялар, ўтказиб бериладиган даромадлар дотациялар ва мақсадли ижтимоий трансфертлар;

давлат мақсадли жамғармаларига бюджет ссудалари ва дотациялар;

юридик шахсларга бюджет ссудалари ва кредит линиялари ҳамда чет давлатларга кредитлар белгиланган тартибда ажратилиши мумкин.



71-модда. Қорақалпоғистон Республикаси республика

бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва

Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг харажатлари

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан қуйидаги харажатлар амалга оширилади:

1) ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари, шу жумладан:

умумий ўрта таълим, мактабдан ташқари таълим, педагог кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, бошқа ёрдамчи ва услубий таълим муассасаларини сақлаб туриш харажатлари;

болалар уйлари, давлат болалар шаҳарчаларини сақлаб туриш, қонунчиликда Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган таълим тизимидаги ёрдамчи хизматлар ва мақсадли тадбирлар харажатлари;

Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази филиалини, кўп тармоқли ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини, ихтисослаштирилган касалхоналар ва диспансерларни, туғруқхоналар ва акушерлик мажмуаларини, тиббий ташхис қўйиш марказларини ҳамда ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаларини, қон қуйиш хизмати ва суд-тиббиёт экспертизаси муассасаларини, Саломатлик ва тиббиёт статистикаси институти филиалини, ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари тасарруфидаги бошқа даволаш-профилактика муассасалари ва ёрдамчи ташкилотларни, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларини сақлаб туриш, шунингдек қонунчиликда Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган хизматларга ҳақ тўлаш харажатлари;

қабул қилинган давлат дастурларига мувофиқ фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тадбирларини амалга ошириш харажатлари;

ҳудудий маданият, жисмоний тарбия ва спортни бошқариш органлари тасарруфидаги маданият, жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини сақлаб туриш, шунингдек маданият ва спортни ривожлантиришга доир мақсадли тадбирларни амалга ошириш харажатлари;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тасарруфидаги архивларни сақлаб туриш харажатлари;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари тасарруфидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари, пансионатлари ва санаторийларини, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш марказларини, бошқа муассасаларни сақлаб туриш харажатлари, шунингдек аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга доир мақсадли тадбирлар харажатлари;

шаҳар йўловчилар транспорти ташувчиларининг йўловчиларни ва багажни чекланган тарифлар бўйича ташиш, шунингдек алоҳида тоифадаги фуқароларни имтиёзли ташиш хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини қоплаш харажатлари;

кам таъминланган оилаларга тўланадиган ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ҳамда табиий офатлардан жабрланган оилаларга моддий ёрдам;

2) иқтисодиёт харажатлари, шу жумладан:

қишлоқ хўжалиги ташкилотларини сақлаб туриш, шу жумладан ҳайвонлар касалликларига қарши курашувчи муассасалар хизматларига ҳақ тўлаш, ерларни рекультивация қилиш ишларини бажариш, шунингдек сув хўжалиги ташкилотларини сақлаб туриш;

уй-жой-коммунал хўжалиги объектларида таъмирлаш ишларини олиб бориш;

сув йўлларининг айрим техник участкаларини сақлаб туриш;

аҳоли пунктларини ободонлаштириш;

иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарувчиларнинг аҳолига кўрсатилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида юзага келадиган зарарларининг ўрнини қоплаш харажатлари;

қонунчиликда назарда тутилган ўрмон хўжалигини, ўсимликлар карантинини сақлаб туриш харажатлари;

3) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари буюртмачи бўлган марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштириш харажатлари;

4) маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини, шу жумладан:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесини;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси вазирликлари ва идоралари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, уларнинг бошқармалари ва бўлимларини ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилган давлат бошқаруви органларининг бошқа ҳудудий бўлинмаларини сақлаб туриш харажатлари;

5) Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармаларини шакллантириш харажатлари;

6) жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан, шунингдек давлат органларининг ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш харажатлари;

6-1) ҳарбий-маъмурий секторга юклатилган тадбирларни ва вазифаларни амалга ошириш ва ҳал қилиш харажатлари;

6-2) давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртма шаклида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатлари;

7) Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ташкилотлар ва тадбирларнинг харажатлари.

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига бюджет ссудалари, дотациялар, субвенциялар ўтказиб бериладиган даромадлар ва мақсадли ижтимоий трансфертлар ажратилиши мумкин.


72-модда. Туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг харажатлари

Туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан қуйидаги харажатлар амалга оширилади:

1) ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари, шу жумладан:

туманлар (шаҳарлар) халқ таълими бўлимлари ва мактабгача таълим бўлимларини, шунингдек улар тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотларини, умумий ўрта таълим, мактабдан ташқари таълим муассасаларини сақлаб туриш ҳамда қонунчиликда туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштирилиши назарда тутилган таълим тизимидаги тадбирлар харажатлари;

туман тиббиёт бирлашмалари, туман марказий поликлиникалари ва койкасиз диспансерлар, туманлар (шаҳарлар) тиббиёт бирлашмалари тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларини, туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимларини сақлаб туриш харажатлари;

қабул қилинган давлат дастурларига мувофиқ фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тадбирларини амалга ошириш харажатлари;

туманлар (шаҳарлар) маданият бўлимлари тасарруфидаги маданият муассасаларини, туманлар (шаҳарлар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари тасарруфидаги жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини сақлаб туриш, шунингдек маданиятни, жисмоний тарбия ва спортни, болалар мусиқа ва санъат мактабларини ривожлантиришга доир мақсадли тадбирлар харажатлари;

уйда ижтимоий ёрдам кўрсатиш, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини тугатишда иштирок этган шахсларни ва радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари;

кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам, шунингдек табиий офатлардан жабрланган оилаларга моддий ёрдам тўлаш харажатлари;

2) иқтисодиёт харажатлари, шу жумладан:

туманлар ва шаҳарлар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари, лабораторияларни, ирригация тизимларининг ҳавза бошқармалари ҳузуридаги туманлар (Қувасой шаҳри) ирригация бўлимларини сақлаб туриш;

шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги кўчаларни, шунингдек хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини таъмирлаш;

уй-жой-коммунал хўжалиги объектларида таъмирлаш ишларини олиб бориш;

аҳоли пунктларини ободонлаштириш харажатлари;

3) туман ва шаҳар ҳокимликларини ҳамда уларнинг бўлимларини, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилган давлат бошқаруви органларининг бошқа ҳудудий бўлинмаларини сақлаб туриш харажатлари;

4) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаб туриш харажатлари;

5) туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармаларини шакллантириш харажатлари;

5-1) жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштириш харажатлари;

6) бошқа харажатлар, шу жумладан қонунчиликда туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштирилиши назарда тутилган айрим ташкилотлар ва тадбирларнинг харажатлари.


73-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг,

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг,

вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри

шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар

бюджетининг захира жамғармалари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари молия йили мобайнида иқтисодий, ижтимоий-маданий ва бошқа соҳалардаги қўшимча, кўзда тутилмаган харажатлар ўз вақтида ҳамда узлуксиз молиялаштирилишини таъминлаш учун ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари маблағлари тегишинча Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига, туманлар ва шаҳарларнинг бюджетларига тушадиган даромадлар ҳисобидан шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг захира жамғармаларининг миқдори Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинаётганда белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари миқдори Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг параметрлари тасдиқланаётганда белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари маблағларининг тақсимловчилари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларидир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги молия органлари билан дастлаб келишилган таклифлар ташаббускорлар томонидан тегишинча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига белгиланган тартибда киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари маблағлари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорлари асосида, ушбу қарорларда кўрсатилган аниқ мақсадларга ва миқдорларда сарфланади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармаларидан қўшимча маблағлар ажратилиши таклиф этилаётган мақсадлар учун Давлат бюджетида ҳам маблағлар назарда тутилган бўлса, у ҳолда тегишли захира жамғармаларининг маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги таклифлар фақат илгари тегишли бюджетда назарда тутилган маблағлар сарфлаб бўлинганидан кейингина киритилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармаларидан маблағлар ажратилган тадбирлар муайян муддатга эга бўлса, у ҳолда фойдаланилмай қолган маблағлар тадбирларни ўтказиш муддати тугаганидан кейин ўн иш куни ичида тегишли захира жамғармасига тикланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармасидан ажратилиб, молия йили давомида фойдаланилмай қолган бюджетдан ажратилган маблағлар молия йили тугагач тегишли бюджетга тикланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармасидан маблағлар олувчилар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва тегишли ҳудудий молия органларига тегишли захира жамғармасидан ажратилган маблағлардан фойдаланилиши тўғрисида ҳар чоракда ҳисобот тақдим этади.




15-БОБ. БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ БЮДЖЕТДАН

ТАШҚАРИ ЖАМҒАРМАЛАРИ ХАРАЖАТЛАРИ


81-модда. Бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармаси

ҳамда Тиббиёт ташкилотларининг моддий рағбатлантириш

ва ривожлантириш жамғармаси харажатлари

Бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармаси ҳамда Тиббиёт ташкилотларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағларидан:

вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаларини ва мавжуд кредиторлик қарзларини тўлаш;

бюджет ташкилотининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тадбирлари;

бюджет ташкилоти ходимларини моддий рағбатлантириш тадбирлари учун фойдаланилади.

Бюджет ташкилотида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича тўланмаган нафақалар ва муддати ўтган кредиторлик қарз мавжуд бўлган тақдирда, Бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари биринчи навбатда ушбу қарзларни тўлаш учун сарфланади.

Ушбу модда биринчи қисмининг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган йўналишлар бўйича тақсимланадиган маблағлар улуши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланади.

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан бюджет ташкилотларига кўрсатилган ҳомийлик маблағларининг жами суммаси, агар ҳомий томонидан бошқача қоида белгиланмаган бўлса, бюджет ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун сарфланади.



82-модда. Вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан

ташқари жамғармалари харажатлари

Вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан:

моддий-техник базани мустаҳкамлаш;

ходимларни моддий рағбатлантириш;

бошқа харажатларни қоплаш учун фойдаланилади.

Вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан ходимларнинг қўшимча сонини сақлаб туриш тақиқланади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ҳоллар бундан мустасно.

Вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


МАХСУС ҚИСМ


VI БЎЛИМ.

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИНИ ВА ДАВЛАТ МАҚСАДЛИ

ЖАМҒАРМАЛАРИ БЮДЖЕТЛАРИНИ ТУЗИШ,

КЎРИБ ЧИҚИШ, ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ҲАМДА ТАСДИҚЛАШ


16-БОБ. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ВА ДАВЛАТ МАҚСАДЛИ

ЖАМҒАРМАЛАРИ БЮДЖЕТЛАРИНИНГ

ЛОЙИҲАСИНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ

83-модда. Давлат бюджети тўғрисидаги

қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш

Навбатдаги йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳамда келгуси икки йилга бюджет мўлжаллари ўрта муддатли давр учун ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози асосида ишлаб чиқилади.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш:

бюджет сўровини тузиш тартибини юборишни;

бюджет сўровларини ҳамда асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозларини тайёрлаш ва тақдим этишни;

бюджет сўровларини кўриб чиқиш ва жамлашни;

бюджетномани ишлаб чиқишни назарда тутади.



84-модда. Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари

бюджетлари лойиҳаларини тузиш учун масъул органлар

Давлат бюджети лойиҳасини тузиш учун масъул органлар қуйидагилардир:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги;

вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бюджетлар лойиҳаларини тузиш, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан сўралган ахборот ва маълумотларни тақдим этишга тааллуқли қисми бўйича.

Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаларини тузиш учун масъул органлардир.



85-модда. Бюджет сўрови

Бюджет сўрови:

бюджет ташкилотининг, бюджет маблағлари олувчининг ва бюджет маблағларини тақсимловчининг бюджет тизими бюджетлари маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятининг миқдор ва сифат кўрсаткичларини ўз ичига олувчи, ўтган йилда эришилган натижалар ва жорий йилда кутилаётган натижалар тўғрисидаги таҳлилий ҳисоботни;

харажат мажбуриятларининг уларни киритиш (ижро этиш) учун асос бўладиган ҳамда молиялаштириш манбалари ва амал қилиш муддатларини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шартномалар ва (ёки) уларнинг алоҳида қоидалари кўрсатилган реестрини;

бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастурини;

бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастури билан узвий боғлиқ ҳолда тузилган келгуси давр учун бюджет буюртмасини ўз ичига олади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар бюджет сўрови билан бир вақтда тегишли бюджетлар ва давлат мақсадли жамғармалари даромадларининг келгуси давр учун прогнозларини тақдим этади.

Бюджет сўровини тузиш тартиби Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.


86-модда. Ўтган йилда эришилган натижалар ва жорий йилда

кутилаётган натижалар тўғрисидаги таҳлилий ҳисобот

Ўтган йилда эришилган натижалар ва жорий йилда кутилаётган натижалар тўғрисидаги таҳлилий ҳисобот бюджет ташкилоти, бюджет маблағлари олувчи ва бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан тузилади ҳамда бюджет ташкилоти, бюджет маблағлари олувчи ва бюджет маблағларини тақсимловчининг фаолиятини баҳолаш, бундан буён уни бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан молиялаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида таклифлар тайёрлаш учун фойдаланилади.

Ўтган йилда эришилган натижалар ва жорий йилда кутилаётган натижалар тўғрисидаги таҳлилий ҳисобот бюджет ташкилоти, бюджет маблағлари олувчи ва бюджет маблағларини тақсимловчининг ҳар бир фаолият тури бўйича ўтган йилда эришилган ва жорий йилда кутилаётган натижаларининг асосий миқдор ва сифат кўрсаткичлари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олади.

Ўтган йилда эришилган натижалар ва жорий йилда кутилаётган натижалар тўғрисидаги таҳлилий ҳисобот қисқа ва аниқ шаклда баён этилиши ҳамда у мазкур фаолият соҳасида касбий билимларга эга бўлмаган шахсларнинг уни тушунишини қийинлаштирадиган махсус атамаларни ўз ичига олмаслиги керак.



87-модда. Харажат мажбуриятларининг реестри

Харажат мажбуриятларининг реестри бюджет ташкилоти, бюджет маблағлари олувчи ва бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан амалга ошириладиган фаолият турлари ва тадбирларнинг бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан уни молиялаштириш учун асос бўлган тегишли қонунчилик ҳужжати кўрсатилган рўйхатидир.

Харажат мажбуриятларининг реестри бюджет ташкилоти, бюджет маблағлари олувчи ва бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан ўзлари амалга ошираётган харажатларни асосланганлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилиш учун бюджет таснифига мувофиқ тузилади.



88-модда. Бюджет маблағларини тақсимловчининг

ривожлантириш дастури

Бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастури бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан уч йилдан кам бўлмаган давр учун тузилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

бюджет маблағларини тақсимловчи фаолиятининг барча соҳалари бўйича ривожланишнинг асосий йўналишлари, мақсадлари вазифаларини, сифат ва миқдор кўрсаткичларини;

мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажаришга қаратилган ўзаро боғлиқ ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий ва техник тадбирлар мажмуини;

мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажаришни таъминлайдиган, муддатлари ва турлари бўйича келишилган кутилаётган натижалар кўрсаткичлари тизимини.

Бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастури Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан белгиланган мақсад ва вазифаларга асосланади.

Бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастури бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан юқори турувчи орган билан келишилган ҳолда тасдиқланади.



89-модда. Бюджет буюртмаси

Бюджет буюртмаси бюджет ташкилоти, бюджет маблағлари олувчи ва бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан тузилади.

Бюджет ташкилоти ёхуд бюджет маблағлари олувчи томонидан тузилган бюджет буюртмаси тегишли бюджет маблағларини тақсимловчига бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан белгиланган муддатда, бироқ тегишли молия органи ва давлат мақсадли жамғармасини тақсимловчи органга бюджет сўровини тақдим этиш муддатидан кечиктирмасдан тақдим этилади.

Бюджет буюртмасида ўтган ва жорий йиллар учун ҳамда келгуси уч йил учун бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган харажатлар бюджет таснифига мувофиқ акс эттирилади.

Бюджет маблағларини тақсимловчи ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджет буюртмалари асосида жамланма бюджет буюртмасини тузади.

Бюджет маблағларини тақсимловчининг жамланма бюджет буюртмаси бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастури билан узвий боғлиқ ҳолда тузилади.

Бюджет буюртмасида харажатлар ҳажмларини ўтган йилларга нисбатан кўпайтиришга фақат асословчи қонун ҳужжати бўлган тақдирда ва мазкур кўпайтириш бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастурида назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.



90-модда. Ўрта муддатли давр учун фискал стратегияни

ишлаб чиқиш тартиби

Ўрта муддатли давр учун фискал стратегия (бундан буён матнда Фискал стратегия деб юритилади):

макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўрта муддатли давр учун прогнозларини;

солиқ ва бюджет сиёсатининг ўрта муддатли давр учун асосий йўналишларини;

Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети даромадлари ва харажатларининг солиқ-бюджет сиёсатидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган ўрта муддатли давр учун прогнозларини;

келгуси молия йили учун бюджет тизими бюджетлари даромадлари прогнозини ва улар асосида келгуси икки йил учун ишлаб чиқилган мақсадли мўлжалларни;

келгуси молия йили учун бюджет тизими бюджетлари харажатлари прогнозини ва улар асосида келгуси икки йил учун ишлаб чиқилган мақсадли мўлжалларни;

Давлат бюджетининг бирламчи профицити ёки бирламчи тақчиллиги прогнозларини;

фискал таваккалчиликлар таҳлилини ўз ичига олади.

Фискал стратегияни ишлаб чиқиш учун:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан - ҳар йили 15 апрелга қадар ўрта муддатли давр учун камида иккита сценарийдаги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозининг дастлабки баҳоси;

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан - ҳар йили 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қабул қилинган қарорлари, шунингдек давлат дастурлари асосида ўрта муддатли даврда амалга ошириладиган, шунингдек тугаш муддати келган тадбирлар рўйхати ҳисобга олинган ҳолда зарур бўлган маблағлар, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар тўғрисидаги дастлабки таклифлар;

давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан - ҳар йили 1 майга қадар навбатдаги ўрта муддатли давр учун давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлар прогнозлари ва харажатларнинг дастлабки миқдорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қабул қилинган қарорлари, шунингдек давлат дастурлари асосида келгуси ўрта муддатли даврда амалга ошириладиган, шунингдек тугаш муддати келган тадбирларнинг бажарилишини зарур бўлган маблағлар билан таъминлаш учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг дастлабки миқдорлари бўйича таклифлар;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан - ҳар йили 1 майга қадар даромадлар прогнозлари, харажатларнинг (жорий харажатлар ҳамда объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар) дастлабки миқдорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг дастлабки миқдорлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа вазирликлар, шунингдек идоралар томонидан - ҳар йили 15 майга қадар амалдаги солиқ-бюджет сиёсатидан келиб чиққан ҳолда ўрта муддатли давр учун Давлат бюджетига солиқ ва божхона тушумларининг прогнозлари бўйича ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади.

Фискал стратегияни ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келгусидаги ўрта муддатли давр учун биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга ажратиладиган харажатларнинг чекланган миқдорларини белгилайди.

Фискал стратегия Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари лойиҳаларини тайёрлаш учун - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига.

90-1-модда. Фискал стратегияни тасдиқлаш

Келгуси йил учун янгиланган Фискал стратегия:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига жорий йилнинг 1 июнига қадар киритилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида жорий йилнинг 15 июнига қадар муҳокама қилинади ва тасдиқланади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига маълумот учун киритилади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.



90-2-модда. Давлат бюджетини шакллантиришда бюджетдан

ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган

миқдорларини етказиш тартиби

Фискал стратегия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланганидан кейин беш иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги келгуси молия йили учун:

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотларига ва бюджет маблағларини олувчиларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини, шунингдек объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар бўйича харажатларнинг чекланган миқдорларини;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларини, шунингдек объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар бўйича харажатларнинг чекланган миқдорларини;

давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларга - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертларнинг чекланган миқдорларини етказади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган келгуси молия йили учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорлари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари беш иш куни ичида тегишли бюджетларнинг бюджет сўровларини тузиш ҳамда уларни тақдим этиш муддатларини белгилаш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг бюджет сўровларини тузиш ҳамда уларни тақдим этиш муддатларини белгилаш ҳақида қарор қабул қилинганидан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари:

туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларини;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга - келгуси молия йили учун ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини етказади.

Туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларини олганидан кейин уч иш куни ичида тегишли бюджетларнинг бюджет сўровларини тузиш ҳамда уларни тақдим этиш муддатларини белгилаш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари тегишли бюджетларнинг бюджет сўровларини тузиш ва уларни тақдим этиш муддатларини белгилаш ҳақидаги қарорларни олганидан кейин келгуси молия йили учун ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга етказади.



91-модда. Бюджет сўровларини кўриб чиқиш тартиби

Бюджет сўровларини кўриб чиқиш:

туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар бўйича - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетлари лойиҳалари бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари томонидан;

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар тасарруфидаги бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағларини олувчилар бўйича, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар бўйича - тегишли биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети, шунингдек биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларининг объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалари бўйича - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан;

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари лойиҳалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари бўйича - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қуйидагиларни кўриб чиқади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар бўйича бюджет сўровларини;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар бўйича умумлаштирилган бюджет сўровларини.    



92-модда. Бюджет сўровларини тақдим этиш муддатлари

Келгуси йил учун бюджет сўровлари жорий йилнинг 1 августига қадар:

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан, туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан тегишли молия органларига;

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ҳамда жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, шунингдек давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ўрта муддатли давр учун макроиқтисодий кўрсаткичларнинг аниқлаштирилган прогнозларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига - жорий йилнинг 15 августига қадар киритади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва бошқа вазирликлар ҳамда идоралар Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари даромадларининг прогнози бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳамда давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларга - жорий йилнинг 20 августигача тақдим этади.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги келгусидаги ўрта муддатли давр учун макроиқтисодий кўрсаткичларнинг аниқлаштирилган прогнозларидан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари даромадларининг янгиланган прогнози бўйича тайёрланган таклифлар асосида қуйидагиларга:

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга келгуси молия йили учун ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларига;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг, шунингдек биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг келгуси молия йили учун объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар бўйича харажатларининг чекланган миқдорларига;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига келгуси молия йили учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларига;

Давлат мақсадли жамғармаларига келгуси молия йили учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларига ўзгартиришлар киритади.

Бюджет сўровларини кўриб чиқиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бюджет сўровлари олинганидан кейин бир ой муддатда қуйидагиларга билдиришномалар юборади:

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ва давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларга - келгуси молия йили учун ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларига киритилган ўзгартиришлар, амалга ошириш учун асослар мавжуд бўлмаган, ижтимоий-иқтисодий самарадорлиги паст бўлган, бюджет даромадларининг тегишли ўсиши билан таъминланмаган харажатларни камайтириш тўғрисида, шунингдек бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағларини олувчилар фаолиятининг самарадорлиги кўрсаткичлари пасайган ҳолларда харажатларни мақбуллаштириш ҳақида;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликларига ва давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларга - тегишли бюджетларнинг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари ҳамда харажатларининг прогнозлари асоссиз равишда пасайтирилган ёки оширилган ҳолларда мазкур прогнозларга тузатиш киритиш ҳақида, шунингдек бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорлари тўғрисида;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига - Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг, шунингдек биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар бўйича харажатларига киритиладиган ўзгартиришлар тўғрисида.

Бунда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар, шунингдек объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ҳамда жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ёзма билдиришномаларини олганидан кейин уч иш куни ичида мазкур ёзма билдиришномаларда кўрсатилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда янгиланган бюджет сўровларини тақдим этиши шарт.    



93-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг

ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг

лойиҳаларини тайёрлаш муддатлари

Келгуси молия йили учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари:

туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармаларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларда, бироқ жорий йилнинг 25 июлидан кечиктирмай;

Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари, давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига жорий йилнинг 1 августидан кечиктирмай тақдим этилади.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаларини тайёрлаш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


94-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг

лойиҳаларини ишлаб чиқиш


Туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг лойиҳалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан:

даромадлар бўйича - Давлат бюджетига киритиладиган даромадлар прогнозига доир таклифлар ҳамда давлат солиқ инспекциялари, ҳокимликларнинг бўлимлари ва давлат бошқаруви органларининг бошқа туман ҳамда шаҳар бўлинмалари томонидан маъмурий-ҳудудий бирлик иқтисодиётини ривожлантиришнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозига мувофиқ тақдим этиладиган бошқа ахборот асосида;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорлари асосида;

харажатлар бўйича - туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет сўровлари асосида ишлаб чиқилади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳалари Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари томонидан:

даромадлар бўйича - Давлат бюджетига киритиладиган даромадлар прогнозига доир таклифлар ҳамда давлат солиқ бошқармалари ва ҳокимликларнинг бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат бошқаруви органларининг бўлинмалари томонидан маъмурий-ҳудудий бирлик иқтисодиётини ривожлантиришнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозига мувофиқ тақдим этиладиган бошқа ахборот асосида;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорлари асосида;

харажатлар бўйича - Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет сўровлари ҳамда тегишли туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг лойиҳалари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган айрим тадбирлар учун харажатларнинг прогноз қилинаётган ҳажми асосида ишлаб чиқилади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳаларини тақчиллик билан ишлаб чиқишга йўл қўйилмайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ҳамда унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситаларини сотиб олиш, шунингдек коммунал хизматлар харажатларини назарда тутган ҳолда шакллантиради.

Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари туманлар ва шаҳарлар бюджетлари тасдиқланган харажатларининг (бундан туманлар ва шаҳарлар бюджетлари захира жамғармаларининг маблағлари мустасно) 5 фоизига тенг миқдордаги маблағларни жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиради.


95-модда. Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли

жамғармалари бюджетларининг лойиҳасини

ишлаб чиқиш

Давлат бюджетининг лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан:

макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози;

даромадларнинг ташкил топиш манбалари бўйича Давлат бюджети даромадлари прогнози;

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет сўровлари ва Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан айрим тадбирлар учун харажатлар ҳажмининг прогнози;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетлари лойиҳалари асосида ишлаб чиқилади.

Давлат бюджетининг лойиҳасида харажатлар даромадларнинг прогноз қилинаётган ҳажмидан келиб чиқиб Давлат бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ҳисобга олинган, уни қоплаш манбалари белгиланган ҳолда назарда тутилади.

Давлат бюджетининг лойиҳаси:

ушбу Кодекснинг 50 ва 69-моддаларига мувофиқ Давлат бюджетининг даромадлар манбалари бўйича даромадлари ва йўналишлар бўйича харажатлари прогнозидан;

Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори миқдори ва уни қоплаш манбаларидан таркиб топади.

Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан ишлаб чиқилган давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари тушумлар манбалари бўйича даромадлар ва йўналишлар бўйича харажатлар прогнозидан таркиб топади.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаларини тақчиллик билан ишлаб чиқишга, агар тақчиллик давлат мақсадли жамғармаларининг йил бошидаги қолдиқ маблағлари билан қопланмаса, йўл қўйилмайди.


96-модда. Бюджетнома

Бюджетнома - эришилган натижалар ҳисобга олинган ҳолда мамлакатни келгуси даврда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини назарда тутувчи ҳужжат бўлиб, ушбу йўналишлар асосида Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Бюджетнома қуйидагиларни ўз ичига олади:

Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджетининг лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилган асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўрта муддатли давр учун прогнозини;

Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджетининг жорий йилдаги ижросининг прогноз баҳосини;

янгиланган Фискал стратегияни;

прогноз йил учун Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси даромадлари ҳамда харажатларининг лойиҳасини ва келгуси икки йил учун бюджет мўлжалларини;

соҳалар бўйича ривожланишнинг асосий йўналишлари, мақсадлари, вазифалари, сифат ва миқдор кўрсаткичларини;

давлат қарзининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб қилинадиган қарз маблағларининг йиллик чекланган миқдорини.


17-БОБ. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ТЎҒРИСИДАГИ

ҚОНУННИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

98-модда. Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунни қабул қилиш


97-модда. Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини

ва бюджетномани киритиш тартиби

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва бюджетнома:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига - жорий йилнинг 15 сентябрига қадар киритилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига - жорий йилнинг 20 сентябрига қадар киритилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига хулоса тақдим этиши учун - жорий йилнинг 20 сентябрига қадар киритилади. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва ўрта муддатли давр учун фискал стратегия бўйича хулосани жорий йилнинг 5 октябридан кечиктирмай тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан киритилади.

Бюджетнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ҳам, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай киритилади.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси, ўрта муддатли давр учун фискал стратегия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига юборилишидан олдин, худди шунингдек Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига юборилишидан олдин мажбурий равишда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган "Фуқаролар учун бюджет" ахборот нашри жамоатчилик муҳокамаси учун параллель равишда эълон қилинади.


98-модда. Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунни қабул қилиш

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 ноябрига қадар кўриб чиқилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига кўриб чиқиш учун қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида юборилади.

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 декабридан кечиктирмай маъқулланади.



99-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий

бюджетларини тасдиқлаш

Навбатдаги йил учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳалари:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига тегишли хулосани тақдим этиши учун жорий йилнинг 20 сентябрига қадар юборилади. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳалари бўйича хулосани жорий йилнинг 1 октябридан кечиктирмай тақдим этади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан жорий йилнинг 10 октябридан кечиктирмай жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилади;

уларнинг жамоатчилик муҳокамаси якунлари бўйича келиб тушган асосланган таклифлар ва фикр-мулоҳазалар асосида қайта кўриб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан жорий йилнинг 25 октябридан кечиктирмай тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига киритилади.

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун расмий эълон қилингандан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан бир ҳафта ичида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисидаги қарорлар Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга мувофиқлаштирилган ҳолда қабул қилинади.

Навбатдаги йил учун туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг лойиҳалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан:

жорий йилнинг 10 октябридан кечиктирмай жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилади;

уларнинг жамоатчилик муҳокамаси якунлари бўйича келиб тушган асосланган таклифлар ва фикр-мулоҳазалар асосида қайта кўриб чиқилади ҳамда жорий йилнинг 1 ноябридан кечиктирмай тегишинча халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига киритилади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисида қарорлар қабул қилинганидан сўнг уч иш куни ичида халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари ушбу қарорларга мувофиқлаштирилган ҳолда тегишинча туманларнинг ва шаҳарларнинг бюджетлари тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари тўғрисидаги тегишли қарорлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан улар қабул қилинганидан сўнг уч иш куни ичида ўзларнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.    



100-модда. Давлат бюджетини ва давлат мақсадли

жамғармалари бюджетларини етказиш

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун расмий эълон қилинганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан бериладиган бюджетлараро трансфертлар ҳажмларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари эътиборига - уч иш куни ичида;

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳажмларини уларнинг эътиборига - уч иш куни ичида;

давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар учун белгиланган даромадлар ва харажатларнинг ҳажмларини уларнинг эътиборига - ўн иш куни ичида етказади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тасдиқланганидан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари:

туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг даромадлари ва харажатлари ҳажмларини, шунингдек уларга тегишинча Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан бериладиган бюджетлараро трансфертлар ҳажмларини туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари эътиборига - уч иш куни ичида;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар эътиборига улар учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳажмларини - бир ҳафталик муддатда етказади.

Туманлар ва шаҳарлар бюджетлари тасдиқланганидан кейин туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар эътиборига улар учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг ҳажмларини бир ҳафталик муддатда етказади.    



101-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Фавқулодда Давлат бюджети

Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда Давлат бюджети Ўзбекистон Республикасининг Президенти қарорига кўра фавқулодда ҳолат шароитларида қабул қилинадиган бюджетдир.

Ижро этувчи ҳокимият органлари фавқулодда ҳолат шароитларида бюджет соҳасидаги ваколатларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда Давлат бюджетининг амал қилиши даврида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги қарорларининг, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг Қорақалпоғистон Республикасининг бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадлари ва харажатлари ҳажми ҳақидаги қарорларининг амал қилиши тўхтатиб турилади.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда Давлат бюджетининг амал қилиши тугатилиши билан Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари параметрларига аниқлик киритилади.



18-БОБ. ХАРАЖАТЛАР СМЕТАЛАРИНИ ВА ШТАТ

ЖАДВАЛЛАРИНИ ТУЗИШ ҲАМДА ТАСДИҚЛАШ,

УЛАРНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


102-модда. Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари

олувчиларнинг харажатлар сметаларини тузиш

Харажатлар сметалари бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан, йил ойлари бўйича тақсимланган ҳолда:

харажатларнинг биринчи - учинчи гуруҳлари бўйича харажатларнинг моддаларига кўра ажратиб;

харажатларнинг тўртинчи гуруҳи бўйича харажатларнинг моддаларига кўра ажратмасдан тузилади.

Харажатлар сметасига харажатларнинг моддалари бўйича тўртинчи гуруҳ харажатлари ёйилмаси, шунингдек давлат эҳтиёжлари учун устувор равишда кичик тадбиркорлик субъектларидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) гуруҳларининг рўйхати бўйича харажатлар ёйилмаси илова қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги ҳар бир дипломатик ваколатхонаси ва консуллик муассасаси бўйича харажатлар сметалари Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган йиллик жамланма харажатлар сметалари асосида хорижий ва миллий валютада тузилади.

Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметалари икки нусхада, бюджет маблағларини тақсимловчи тасарруфидаги бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича уч нусхада тузилади.

Молия органлари ва бюджет маблағларини тақсимловчилар бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаларига доир ҳисоб-китобларни талаб қилишга ҳақлидир.

Бюджет маблағларини тақсимловчи ўз тасарруфидаги ташкилотлардан келиб тушган харажатлар сметаларини молия йили учун бюджет маблағларини тақсимловчига бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳажми доирасида кўриб чиқади ва бюджет маблағларини тақсимловчининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этиладиган жамланма харажатлар сметасини тузади.

Харажатлар сметасининг, жамланма харажатлар сметасининг ва уларга доир иловаларнинг шакллари, шунингдек уларни тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.


103-модда. Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари

олувчиларнинг харажатлар сметаларини тасдиқлаш

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ташкилот бош бухгалтери (унинг ўринбосари) ва молия-иқтисод бўлинмаси бошлиғи (штат жадвалига мувофиқ молиявий-иқтисодий масалалар бўйича мутахассис) томонидан имзоланади ҳамда ташкилот раҳбари ёки у ваколат берган шахс томонидан тасдиқланади.

Бюджет маблағларини тақсимловчининг жамланма харажатлар сметаси бюджет маблағларини тақсимловчининг бош бухгалтери (унинг ўринбосари) ва молия-иқтисод бўлинмаси бошлиғи (штат жадвалига мувофиқ молиявий-иқтисодий масалалар бўйича мутахассис) томонидан имзоланади ҳамда бюджет маблағларини тақсимловчининг раҳбари ёки у ваколат берган шахс томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг йиллик жамланма харажатлар сметаси Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда жорий йилнинг 1 февралига қадар тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг харажатлар сметалари Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан жорий йилнинг 15 февралига қадар тасдиқланади.

Капитал қурилиш объектлари бўйича харажатларнинг сметалари буюртмачи томонидан тасдиқланган қурилишларнинг манзилли рўйхатлари ва объектларнинг титул рўйхатлари асосида тузилади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаларини, бюджет маблағларини тақсимловчининг жамланма харажатлар сметаларини тасдиқлаш жорий молия йилининг 10 мартидан кечиктирмай амалга оширилади.



104-модда. Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари

олувчиларнинг вақтинчалик харажатлар сметаларини тузиш,

тасдиқлаш ҳамда рўйхатдан ўтказиш

Келгуси молия йилининг биринчи чораги учун бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг вақтинчалик харажатлар сметалари жорий молия йилининг 25 декабригача тузилади, тасдиқланади ва рўйхатдан ўтказилади.

Вақтинчалик харажатлар сметасида назарда тутиладиган бюджетдан ажратиладиган маблағлар ўтган молия йилининг охирги чорагидаги бюджетдан ажратиладиган маблағлардан ортиқ бўлмаслиги лозим. Вақтинчалик харажатлар сметасида назарда тутиладиган бюджетдан ажратиладиган маблағлар қонунчиликда белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун харажатлар суммасига аниқлаштирилиши мумкин.

Рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган харажатлар сметасида биринчи чорак учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар вақтинчалик харажатлар сметасида назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлардан кам бўлмаслиги керак.

Вақтинчалик харажатлар сметасини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш ушбу Кодекснинг 102, 103 ва 107-моддаларида белгиланган харажатлар сметаларини тузиш, тасдиқлаш ҳамда рўйхатдан ўтказиш талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси мавжуд бўлмаган тақдирда, жорий молия йилининг 1 апрелидан эътиборан бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчининг бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан харажатлари харажатлар сметаси рўйхатдан ўтказилгунига қадар тўхтатиб турилади.



105-модда. Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари

жамғармалари бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларини

тузиш, тасдиқлаш ҳамда рўйхатдан ўтказиш

Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларини тузиш ҳамда тасдиқлаш бюджет ташкилотларининг харажатлар сметалари учун белгиланган тартибга ўхшаш тартибда амалга оширилади.

Вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари бўйича жамланма даромадлар ва харажатлар сметалари ушбу Кодекснинг 107-моддасида харажатлар сметалари учун белгиланган муддатларда ва тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари бўйича даромадлар ва харажатлар сметасининг даромад қисми молия йили бошидаги маблағлар қолдиғи ҳамда даромадларнинг манбалар кесимидаги прогнозидан ташкил топади.

Қонунчиликка мувофиқ бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан ходимлар сони сақлаб турилган тақдирда, бюджетдан ташқари жамғармалар бўйича даромадлар ва харажатлар сметасига кўрсатилган ходимлар сони бўйича рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган штат жадвали илова қилинади.


106-модда. Бюджет ташкилотининг штат

жадвалини тузиш ва тасдиқлаш

Бюджет ташкилотининг штат жадвали 1 январь ҳолатига кўра ҳар бир бюджет ташкилоти бўйича мазкур ташкилот учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича тузилади.

Янгидан тузилаётган бюджет ташкилотининг штат жадвали, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бюджет ташкилоти фаолият кўрсата бошлашидан икки ой олдин тузилади ва кучга киради.

Лавозимларнинг номлари ва ходимлар сони, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича разрядлар, базавий ставкалар:

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида, намунавий штатларда ҳамда қонунчилик билан тасдиқланган меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тариф разрядларида, базавий ставкаларда назарда тутилган лавозимларга;

тасдиқланган намунавий штатларда назарда тутилган ходимлар сонига;

ходимларнинг тасдиқланган умумий чекланган сонига, шу жумладан, бюджет ташкилотларининг бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан сақлаб турилган бошқарув ходимлари сонига;

давлат бошқаруви органларининг белгиланган тартибда тасдиқланган бошқарув, хизматлар кўрсатувчи ва техник ходимлари сонининг ўзаро нисбати нормативларига мувофиқ бўлиши керак.

Иш ҳақининг ҳисоб-китоби тарификация рўйхатларига мувофиқ амалга ошириладиган лавозимлар штат жадвалига лавозимларнинг ҳар бир гуруҳи бўйича ставкалар сони, ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси кўрсатилган, тарификация рўйхати штат жадвалига илова қилинган ҳолда киритилади.

Айрим бюджет ташкилотлари учун тасдиқланган намунавий штат нормативлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича разрядлар, базавий ставкалар мавжуд бўлмаганда, уларнинг штат жадвалларига киритиладиган лавозимларнинг номи ва ходимлар сони ҳамда уларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича разрядлари, базавий ставкалари ушбу ташкилотлар томонидан ташкилотнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишувга кўра белгиланади.

Амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартларида назарда тутилган, устамалар, қўшимча ҳақ тўлаш ва ходимларни моддий рағбатлантиришга йўналтириладиган, бир йил учун ҳисоб-китоб қилинган меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси бюджет ташкилотининг штат жадвалида алоҳида сатр билан кўрсатилади.

Бюджет маблағлари олувчилар - капитал қурилиш бўйича буюртмачилар хизматларининг штат жадвали ушбу моддага мувофиқ тузилади.

Бюджет ташкилотининг штат жадвали ташкилотнинг бош бухгалтери (унинг ўринбосари) ва молия-иқтисод бўлинмаси бошлиғи (штат жадвалига мувофиқ молиявий-иқтисодий масалалар бўйича мутахассис) томонидан имзоланади ҳамда ташкилот раҳбари ёки у ваколат берган шахс томонидан тасдиқланади.

Бюджет ташкилотларининг штат жадвалларини тасдиқлаш жорий молия йилининг 10 мартидан кечиктирмай амалга оширилади.


107-модда. Харажатлар сметаларини ва штат

жадвалларини рўйхатдан ўтказиш тартиби

Ташкилотларнинг ушбу Кодексда белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметалари ва штат жадваллари улар молия органларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин амалга киритилади.

Жорий йилнинг 1 апрелигача:

бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг тасдиқланган жамланма харажатлар сметалари ва жамланма штат жадваллари, шунингдек харажатлар сметалари ва штат жадваллари - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларнинг тасдиқланган харажатлар сметалари ва штат жадваллари - Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармаларида;

туманлар ва шаҳарлар бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларнинг тасдиқланган харажатлар сметалари ва штат жадваллари - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимларида рўйхатдан ўтказилиши керак.

Ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетининг захира жамғармалари, шунингдек тегишли бюджетнинг қўшимча манбалари маблағлари ҳисобидан харажатлари тегишли молия органи томонидан рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.

Харажатлар сметаларини ва штат жадвалларини рўйхатдан ўтказишдан олдин молия органлари:

бюджет ташкилотлари ходимларининг харажатлар сметалари бўйича тасдиқланган иш ҳақи суммаларининг штат жадваллари бўйича тасдиқланган иш ҳақига мувофиқлигини;

штат жадвалида назарда тутилган лавозимлар номларининг ва ходимлар сонининг, меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларининг, базавий миқдорларининг белгиланган нормативларга мувофиқлигини;

Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармасининг тўғри шакллантирилганлигини;

Умумтаълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг директор жамғармаси тўғри шакллантирилганлигини;

харажатлар сметасида тасдиқланган стипендиялар учун харажатлар суммасининг харажатлар сметасига доир ҳисоб-китобларга мувофиқлигини;

тўртинчи гуруҳнинг моддалар бўйича ёйилмасидаги харажатлар суммасининг харажатлар сметасида тасдиқланган суммага мувофиқлигини текширади.


108-модда. Давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари

бўйича харажатлар сметаларини тузиш, тасдиқлаш

ва рўйхатдан ўтказиш

Давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари бўйича харажатлар сметаси давлат мақсадли жамғармалари маблағларини олувчилар томонидан уларнинг бир йил учун тасдиқланган параметрлари доирасида ойма-ой бўлинган ҳолда тузилади ва тасдиқланади.

Давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари бўйича харажатлар сметасининг ва унга доир иловаларнинг шакллари, шунингдек сметани тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари бўйича харажатлар сметаларини тасдиқлаш жорий йилнинг 10 мартидан кечиктирмай амалга оширилади.

Давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари бўйича тасдиқланган харажатлар сметаларини рўйхатдан ўтказиш давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан жорий йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай амалга оширилади.



VII БЎЛИМ.

БЮДЖЕТ ТИЗИМИ БЮДЖЕТЛАРИНИНГ ИЖРОСИ


19-БОБ. БЮДЖЕТ ТИЗИМИ БЮДЖЕТЛАРИНИ

ИЖРО ЭТИШ ТАРТИБИ


109-модда. Умумий қоидалар

Бюджет тизими бюджетларининг ижроси бюджет тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган бюджет тизими бюджетлари даромадларининг тушишини таъминлаш ва харажатларини амалга оширишни, шунингдек уларнинг ижроси билан боғлиқ операцияларни ҳисобга олишни назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан таъминланади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан таъминланади.

Бюджет ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг ижроси бюджет ташкилотлари томонидан таъминланади.

Бюджет тизими бюджетларининг ижроси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ғазна ижроси йўли билан амалга оширилади. Ғазна ижроси фаолиятни чет элда амалга ошираётган бюджет ташкилотларига ва бюджет маблағлари олувчиларга татбиқ этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида бюджет тизими бюджетлари, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар учун шахсий ғазна ҳисобварақлари очилади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ўз харажатлар сметаларида назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағларни молия йили тугагунига қадар сарфлашга ҳақли.

Мамлакатда мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш, ички тартибни сақлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.



110-модда. Бюджет тизими бюджетларини

ижро этиш муддатлари

Бюджет тизими бюджетларининг ижроси молия йили мобайнида ва қўшимча вақт даврида амалга оширилади.

Кейинги йилнинг январь ойи молия йилига қўшимча вақт даври бўлиб, бу давр мобайнида ўтган йил учун бюджет тизими бюджетларининг ижроси амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бюджет тизими бюджетларининг қўшимча вақт давридаги ижроси бўйича операцияларни ўтказиш тартибини ва охирги муддатларини белгилайди.



111-модда. Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлигининг банк ҳисобварақлари

Ягона ғазна ҳисобварағи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бошқариладиган махсус банк ҳисобварағи бўлиб, унга бюджет тизими бюджетларининг даромадлари ва бошқа тушумлари киритилади ҳамда ундан мазкур бюджетларнинг харажатлари тўланади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида ва бошқа банкларда ўзга банк ҳисобварақлари очиш ҳуқуқига эга.

Ягона ғазна ҳисобварағи Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида очилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг банк ҳисобварақларидан маблағларнинг сўзсиз тартибда ҳисобдан чиқарилишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг банк ҳисобварақларига хизмат кўрсатилганлиги учун ҳақ олинмайди.



112-модда. Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари

бюджетлари даромадлари ва харажатларининг ёйилмаси

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари даромадлари ва харажатларининг ёйилмаси (бундан буён матнда даромадлар ва харажатлар ёйилмаси деб юритилади):

бюджет таснифига мувофиқ тузилган даромадлар ва харажатлар прогнози уларнинг тасдиқланган параметрларига мувофиқлигини;

даромадлар ва харажатлар параметрлари ижросининг мониторингини таъминлаш мақсадида тузилади.

Даромадлар ва харажатлар ёйилмасининг даромад қисми тегишли бюджет даромадларининг бюджет таснифига мувофиқ ойма-ой бўлинган йиллик ҳажмларидан ташкил топади.

Даромадлар ва харажатлар ёйилмасининг харажат қисми тегишли бюджет харажатларининг молия йили учун тасдиқланган жамланма харажатлар сметалари, харажатлар сметалари асосида тузиладиган, бюджет таснифига мувофиқ ойма-ой бўлинган йиллик ҳажмларидан ташкил топади.

Даромадлар ва харажатлар ёйилмасининг якуний маълумотлари, бюджетлараро трансфертлар бундан мустасно, тасдиқланган йиллик бюджетда қабул қилинган суммаларга мос келиши лозим.

Даромадлар ва харажатлар ёйилмаси:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети бўйича - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари томонидан;

туманлар ва шаҳарлар бюджетлари бўйича - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан;

давлат мақсадли жамғармалари бўйича - давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан тузилади.

Даромадлар ва харажатлар ёйилмасининг харажат қисмига харажатлар сметаларини тузиш талаб қилинмайдиган қуйидаги:

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда ижро этиш жараёнида бўшайдиган;

товар-моддий қимматликларнинг нормативдан ортиқ захиралари бўйича ҳисобга олинган;

адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун давлат ҳисобидан тўланиши назарда тутиладиган;

қўшилган қиймат солиғи суммасини солиқ тўловчиларга қайтариш учун назарда тутиладиган;

давлат органлари ёки улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида жисмоний ёки юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун назарда тутиладиган;

бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш учун назарда тутиладиган, бюджет ташкилотларининг харажатлар сметаларига қонунчиликда белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилган ҳоллар бундан мустасно;

бир йўла бериладиган давлат пул мукофотлари ва мукофотларини тўлаш учун назарда тутиладиган;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини тугатиш иштирокчиларига компенсациялар тўлаш учун назарда тутиладиган;

транспортда имтиёзли юришни қоплаш учун назарда тутиладиган;

давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш, Ўзбекистон Республикаси иштирокчи бўлган халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини тўлаш ва уларни молиялаштиришда иштирок этиш учун мўлжалланган;

давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштираётган қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш учун назарда тутиладиган;

сайлов ва референдумлар ўтказиш учун назарда тутиладиган;

бюджетлараро трансфертлар ажратиш учун назарда тутиладиган;

тижорат банклари ва бошқа молия институтларининг устав капиталини шакллантириш ва кўпайтириш учун назарда тутиладиган;

резидент-юридик шахсларга бюджет ссудалари ажратиш ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг кредит линияларини очиш учун назарда тутиладиган;

солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида назарда тутилган тадбирлар ҳамда молия йили мобайнида амалга оширилиши назарда тутилган ва Давлат бюджети харажатларини кўпайтиришни талаб қиладиган бошқа тадбирлар учун мўлжалланган;

давлат мақсадли жамғармаларига ўтказиб бериладиган;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармаларини шакллантириш учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар киритилади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг тасдиқланган ҳамда рўйхатдан ўтказилган вақтинчалик харажатлар сметалари асосида тегишли бюджетларнинг молия йилининг биринчи чораги учун вақтинчалик харажатлари ёйилмаси тузилади.


113-модда. Шахсий ғазна ҳисобварақларининг турлари

Шахсий ғазна ҳисобварақлари қуйидаги турлар бўйича очилади:

бюджет тизими бюджетларининг даражалари бўйича шахсий ғазна ҳисобварақлари;

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварақлари;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг шахсий ғазна ҳисобварақлари.

Шахсий ғазна ҳисобварақларини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.



114-модда. Бюджет тизими бюджетларининг даражалари

бўйича шахсий ғазна ҳисобварақлари

Бюджет тизими бюджетларининг даражалари бўйича шахсий ғазна ҳисобварақлари:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети бўйича - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари томонидан;

туманлар ва шаҳарлар бюджетлари бўйича - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан;

давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари бўйича - давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан очилади.



115-модда. Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли

жамғармаларининг даромадлари бўйича шахсий

ғазна ҳисобварақлари

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварақлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан очилади.



116-модда. Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари

олувчиларнинг шахсий ғазна ҳисобварақлари

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг шахсий ғазна ҳисобварақлари:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар учун - Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари томонидан;

туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган ташкилотлар учун - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан;

давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар учун - давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан очилади.



117-модда. Бюджет тизими бюджетлари

даромад қисмининг ижроси

Бюджет тизими бюджетлари даромад қисмининг ижроси:

тушумларни Ягона ғазна ҳисобварағига ва бошқа банк ҳисобварақларига киритишни;

тушумларни бюджет тизимининг бюджетлари ўртасида тақсимлашни;

ортиқча ёки нотўғри тўланган тушум суммаларини қайтаришни ёхуд уларни қарзни тўлаш эвазига ҳисобга олишни;

ҳисоб ва ҳисоботни;

ижро устидан назоратни назарда тутади.    

Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига даромадларни йиғишга ваколатли бўлган органлар ва ташкилотлар, давлат солиқ хизмати органлари ва божхона органлари бундан мустасно, даромадларнинг тўғри ҳисоблаб чиқилиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши устидан назоратни амалга ошириши, шунингдек агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, давлат солиқ хизмати органига ҳисобот тақдим этиши шарт.


118-модда. Бюджет тизими бюджетлари

ўртасида тушумларни тақсимлаш

Тартибга солувчи даромадлардан тушган тушумлар бюджет тизими бюджетлари ўртасида тақсимланади.

Бюджет тизими бюджетлари ўртасидаги тартибга солувчи даромадлардан ажратмаларнинг нормативлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки у ваколат берган орган томонидан белгиланади.

Тартибга солувчи даромадлардан Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратмаларнинг нормативлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.

Тартибга солувчи даромадларни бюджет тизимининг бюджетлари ўртасида тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ушбу Кодекснинг 51-моддасида кўрсатилган қайси даромадлар бўйича тартибга солувчи даромадлардан ажратмаларнинг нормативлари белгиланмаган бўлса, ўша даромадлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига тўлиқ ҳажмда киритилиши лозим, ушбу Кодекснинг 52-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тегишли молия органларининг таклифига кўра маҳаллий солиқлар тўлиқ ҳажмда киритиладиган бюджет даражасини белгилайди.

Агар қонунчиликда маҳаллий бюджетларга ўтказиладиган даромадларнинг тақсимланиши назарда тутилмаган бўлса, унда бу турдаги даромад Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига ўтказилади.


119-модда. Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли

жамғармалари бюджетларининг қўшимча манбалари

Давлат бюджетининг қўшимча манбалари Давлат бюджетининг ҳар бир даражасидаги бюджетларида алоҳида-алоҳида шакллантирилади ва қуйидагилардан ташкил топади:

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг ҳар йил бошида аниқланадиган эркин қолдиқ маблағларидан;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадларининг биринчи - учинчи ҳисобот чораклари якунлари бўйича аниқланадиган прогноздан ошириб бажарилишидан;

давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган тушумлар;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига, туманлар ва шаҳарлар бюджетларига электрон савдо майдончасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушган маблағлар;

ушбу Кодекснинг 120-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ бюджетдан ажратиладиган маблағлар камайтирилиши натижасида бўшаб қолган маблағлардан.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг эркин қолдиқ маблағлари уларнинг шахсий ғазна ҳисобварақларидаги бюджет маблағлари қолдиғининг ушбу бюджетлар учун жорий молия йилига тасдиқланган айланма касса маблағлари миқдоридан ошган суммаси сифатида аниқланади.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳри шаҳар бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадлари прогнозининг ошириб бажарилиши биринчи - учинчи ҳисобот чораклари учун ҳақиқатда тушган тушумларнинг тегишли ҳисобот чораклари учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича даромадларнинг аниқланган прогнозидан ортиқ суммаси сифатида қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади.

Қуйи турувчи бюджетлар даромадлари прогнозининг ошириб бажарилиши суммаларини юқори турувчи бюджетда марказлаштиришга йўл қўйилмайди.

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига, туманлар ва шаҳарлар бюджетларига электрон савдо майдончасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушадиган маблағларнинг миқдорлари қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг қўшимча манбалари қуйидагилардир:

йил бошидаги ҳолатга кўра давлат мақсадли жамғармаларининг шахсий ғазна ҳисобварақларидаги маблағларнинг йил бошига тасдиқланган маблағлар миқдоридан ортиқ бўлган қолдиқлари;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ижро этиш жараёнида жорий йил даромадлари прогнозининг биринчи - учинчи ҳисобот чораклари якунлари бўйича, ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган тартибда аниқланадиган ошириб бажарилиши;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ижро этиш жараёнида уларнинг харажатлари иқтисод қилиниши натижасида бўшаб қолган маблағлар.



120-модда. Бюджет тизими бюджетлари

харажатлар қисмининг ижроси

Бюджет тизими бюджетлари харажатлар қисмининг ижроси:

юридик ва молиявий мажбуриятларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олишни;

касса харажатларини амалга оширишни, шу жумладан, бюджетлараро трансфертларни ўтказишни;

ҳисоб ва ҳисоботни;

ижро устидан назоратни назарда тутади.    

Бюджет тизими бюджетларининг харажатлари даромадлар ва харажатлар ёйилмасида назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида ҳамда бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар фаолият кўрсатишини таъминлайдиган муддатларда, даромадларнинг тушиши ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Бюджет ташкилотларига ва бюджет маблағлари олувчиларга турли даражадаги бюджетлардан бюджетдан ажратиладиган маблағларни ажратишга йўл қўйилмайди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Бюджет тизими бюджетларининг ижроси жараёнида бюджетдан ажратиладиган маблағлар:

1) қуйидагилар муносабати билан фойдаланилмай қолган бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг:

бюджет ташкилотларининг тармоғи, штатлари ва контингентлари бўйича режа бажарилмаганлиги;

бюджет ташкилотларининг тасдиқланган штат жадвалида назарда тутилган штат бирликлари тўлдирилмаганлиги;

капитал қўйилмаларни молиялаштириш учун назарда тутилган маблағлар молия йили якуни бўйича тўлиқ ўзлаштирилмаганлиги;

бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчилар фаолияти тўхтатиб турилганлиги - тўхтатиб турилган давр учун;

2) бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг тасдиқланган харажатлар сметаларида назарда тутилган, давлат молиявий назорати бўйича тадбирлар давомида аниқланган ортиқча ва қонунга хилоф равишда бюджетдан ажратилган маблағларнинг суммаларига;

3) қонунчилик қабул қилиниши муносабати билан бюджетдан ажратиладиган маблағлар миқдорларининг қисқартирилиши суммаларига;

4) молия йили бошига товар-моддий қимматликларнинг нормативдан ортиқ захираларининг суммаларига;

5) дотациялар ва субсидияларни тўлаш учун мўлжалланиб, аммо зарурати қолмаган суммаларига камайтирилади.

Бюджетдан ажратиладиган маблағларни ушбу модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ камайтириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.



121-модда. Давлат харидлари

Давлат харидлари товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчиларнинг рақобати ва очиқликни таъминлаш асосида амалга оширилади.

Давлат харидлари амалга оширилиши ва уларнинг якунлари тўғрисидаги эълонлар белгиланган тартибда операторнинг махсус ахборот порталида жойлаштирилиши керак.

Давлат харидлари амалга оширилиши тўғрисидаги эълонларни махсус ахборот порталида жойлаштириш жорий молия йилининг 10 декабридан кечиктирмасдан амалга оширилади.

Рақобат ва очиқлик чекланган ҳолдаги давлат харидлари қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин.


122-модда. Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари

олувчилар томонидан юридик мажбуриятларни қабул қилиш,

уларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобга олиш

Юридик мажбуриятлар иқтисодий тасниф кодлари бўйича бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан қабул қилинади ҳамда ғазначилик бўлинмалари томонидан рўйхатдан ўтказилади.

Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан ижро этилиши лозим бўлган юридик мажбуриятлар ғазначилик бўлинмалари томонидан ҳисобга олинади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар юридик мажбуриятлар юзага келишини тасдиқловчи ҳужжатларни ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказиш учун жорий молия йилининг 25 декабридан кечиктирмай тақдим этади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш тўғрисида тузиладиган шартномаларида 15 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг товарларни (ишларни, хизматларни) импорт қилиш бўйича шартномалари, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ушбу шартномалар қонунчиликда назарда тутилган тартибда ваколатли органларда тегишли экспертизадан ўтганидан ва ҳисобга қўйилганидан сўнг ғазначилик бўлинмалари томонидан рўйхатдан ўтказилади. Бунда шартномаларда кўрсатилган суммалар ғазначилик бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ҳисобга олинади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг биринчи ҳамда иккинчи гуруҳ харажатлари бўйича юридик мажбуриятлари ғазначилик бўлинмалари томонидан буюртмалар шаклида рўйхатдан ўтказилади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан шартномалари жорий молия йили доирасида амал қилиш муддати билан тузилиши лозим, капитал қўйилмалар бўйича шартномалар ҳамда қонунчиликда назарда тутилган амал қилиш муддати бир неча йилни ташкил этиши мумкин бўлган ҳоллар бундан мустасно. Шартноманинг амал қилиш муддати тугагач, агар шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида қўшимча битим тузилмаган бўлса, етказиб берувчи (пудратчи) томонидан товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш бўйича юридик мажбуриятларни бажариш тугатилади.

Бюджетдан ажратиладиган маблағлар асосида белгиланган юридик мажбуриятларни қабул қилиш учун лимит биринчи навбатда тегишли моддалар бўйича молия йили бошида мавжуд бўлган, бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан тўланиши лозим бўлган ва ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилган шартномалар бўйича юзага келган кредиторлик қарзи суммасига банд қилиб қўйилади.

Маблағларни:

бюджет ташкилотининг иқтисод қилинган бюджетдан ажратиладиган маблағлари ҳисобидан ўз бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармасига, шунингдек тиббиёт муассасаси томонидан - харажатлар сметасида назарда тутилган мақсадли бюджетдан ажратиладиган маблағлари ҳисобидан ўзининг тиббиёт ташкилотларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасига;

ҳар бир объект бўйича келишилган манзилли ва титул рўйхатларда ҳамда шахсий ғазна ҳисобварақларида ушбу мақсадлар учун назарда тутилган суммалар доирасида капитал қўйилмалар бўйича буюртмачи хизматини сақлаб туришга;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг хизматлари учун ҳақ тўлашга;

юридик мажбуриятлар мавжудлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар асосида амалга ошириладиган харажатларни тўлашга ўтказиш шартнома тузилмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.



123-модда. Молиявий мажбуриятларни

қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказиш

Молиявий мажбуриятлар қабул қилинган юридик мажбуриятлар ва харажатларни тўлаш учун берилган рухсатномалар доирасида ҳисобварақ-фактуралар ҳамда молиявий мажбуриятлар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ғазначилик бўлинмалари томонидан қабул қилинади ҳамда рўйхатдан ўтказилади.

Биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатлари, шунингдек ушбу Кодекснинг 122-моддаси ўнинчи қисмида кўрсатилган харажатлар бўйича молиявий мажбуриятлар юридик мажбуриятларни қабул қилишга доир буюртмалар асосида, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича эса, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномалари асосида ғазначилик бўлинмалари томонидан рўйхатдан ўтказилади.

Амал қилиш муддати тугаган шартномалар бўйича етказиб берилган товарлар (кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар) ҳақини тўлаш бўйича молиявий мажбуриятларни рўйхатдан ўтказиш жорий молия йили доирасида ҳамда ушбу Кодекс 122-моддасининг саккизинчи қисмида кўрсатилган ҳолларда ҳисобварақ-фактура ва ўзаро мажбуриятларни солиштириш далолатномаси асосида амалга оширилади.



124-модда. Касса харажатларини амалга ошириш

Ғазначилик бўлинмалари бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг буюртмалари бўйича тўловларни уларда бюджетдан ажратиладиган маблағлар, юридик ва молиявий мажбуриятлар мавжуд бўлган тақдирда, шунингдек бюджет ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларининг қолдиқлари доирасида амалга оширади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар харажатларни тўлаш учун тўлов ҳужжатларини ғазначилик бўлинмаларига тўлов амалга ошириладиган санадан кечи билан бир иш куни олдин тақдим этади.

Ғазначилик бўлинмалари томонидан хизмат кўрсатиладиган бюджет ташкилотлари (бюджет маблағлари олувчилар) ўртасидаги, бюджет тизими бюджетларининг турли даражалари ўртасидаги, шунингдек давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ўртасидаги тўловлар ғазна мемориал ордерлари асосида амалга оширилади.

Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг чет эл валютасидаги тўловлари ҳамда пул ўтказмалари қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари фойдасига амалга оширилади.

Товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчи томонидан шахсий ғазна ҳисобварағига жорий ёки келгуси йилда қайтариладиган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари ҳисобидан ўтган молия йилида ҳосил бўлган дебиторлик қарзининг суммаси, тегишли молия йилига қўшимча даврда қайтариладиганидан ташқари, тегишли бюджет даромадларига ўтказилади.



125-модда. Ягона ғазна ҳисобварағидаги

маблағларни бошқариш

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ягона ғазна ҳисобварағидаги маблағларни бошқаришни Давлат бюджети даромадлари тушумлари ва харажатларининг қисқа муддатли прогнозларини тузиш йўли билан амалга оширади.

Қабул қилинган молиявий мажбуриятларни бажариш учун Ягона ғазна ҳисобварағида маблағлар етишмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат бюджети харажатларининг чекланган ҳажмини белгилайди ҳамда унинг асосида бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларга харажатларни тўлаш учун рухсатномалар беради.

Харажатларни тўлаш учун рухсатномалар бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ягона ғазна ҳисобварағидаги ва бошқа банк ҳисобварақларидаги бюджет тизими бюджетларининг вақтинча бўш турган маблағларини бошқаради.

Ягона ғазна ҳисобварағининг вақтинча бўш турган маблағлари мавжуд бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тижорат банкларида депозитларга жойлаштирилиши мумкин бўлган маблағларнинг ҳажмини белгилайди.

Ягона ғазна ҳисобварағининг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштириш ва уларни тижорат банкларида депозитларга жойлаштиришдан олинган даромадлардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


126-модда. Давлат бюджети, давлат мақсадли

жамғармалари ва Ўзбекистон Республикаси

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг

қўшимча манбаларидан фойдаланиш

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети тақчиллигини қоплашга, жорий молия йили учун белгиланган айланма касса маблағларининг миқдорини тўлдиришга, қолган қисми эса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланадиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари биринчи навбатда жорий молия йили учун белгиланган айланма касса маблағларининг миқдорини тўлдиришга йўналтирилади.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари тегишли бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилмаган ташкилотларни сақлаб туришга йўналтирилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг қўшимча манбалари ва йил бошига қолдиқ маблағлари тегишли равишда улар умумий харажатларининг 3 фоизидан ошмаган миқдорда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ фойдаланилади ҳамда фойдаланилган маблағлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ҳар чоракда ҳисобот тақдим этилади. Мазкур харажатлар 3 ва ундан ортиқ фоизга ошган тақдирда Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга ўзгартиришлар киритилади.

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалардан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг таклифларига асосан биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинади.

Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари туманлар ва шаҳарлар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари фавқулодда ва шунга ўхшаш кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши талаб этиладиган ҳолларда ишлатилган маблағлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига ҳисобот бериш шарти билан қўшимча манбаларни йўналтириш бўйича қарорлар қабул қилади.    



127-модда. Давлат бюджетининг даромадлари

ва харажатларини бошқариш

Жорий молия йили учун мўлжалланган Давлат бюджети тақчиллигининг тасдиқланган чекланган миқдори ортган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига Давлат бюджети харажатларини қисқартириш тўғрисида таклифлар киритади.

Давлат бюджети харажатларини қисқартиришда харажатларнинг устуворлиги ва ижтимоий йўналтирилганлиги бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг қабул қилинган юридик ҳамда молиявий мажбуриятлари ҳисобга олинган ҳолда баҳоланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари ўз бюджетларининг баланслилиги бузилишига ва Давлат бюджети тақчиллигининг тасдиқланган чекланган миқдори ошишига олиб келадиган тегишли бюджет даромадларини қисқартиришга ёки харажатларини кўпайтиришга қаратилган бирор-бир қарор қабул қилишга ҳақли эмас.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари қабул қилинганидан кейин молия йили мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг тегишли бюджет даромадлари қисқаришига олиб келадиган қарорлари тегишли бюджет харажатлари қисқартирилган тақдирдагина қабул қилиниши мумкин.

Агар Давлат бюджети қабул қилинганидан кейин молия йили мобайнида тегишли бюджетларнинг даромадлари ва харажатлари параметрларини кўпайтириш ёки камайтириш тўғрисида қарорлар қабул қилинса, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия органлари томонидан тегишли даражадаги бюджетлар ҳажмларига ўзгартиришлар киритилади. Харажатларни кўпайтириш ёки қисқартириш барча даражадаги бюджетлар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар йўли билан амалга оширилади.



128-модда. Ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни Давлат бюджети

ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларига қаратиш

Ундирувни Давлат бюджети маблағларига қаратишни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижро этиш молия органлари томонидан тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ижро ҳужжатлари бўйича тегишли бюджетдан маблағлар олиш учун ижро ҳужжатида кимнинг фойдасига бюджет маблағлари ўтказилиши назарда тутилган бўлса, ўша шахслар ёхуд уларнинг вакиллари (бундан буён матнда ундирувчилар деб юритилади) тегишли молия органларига ижро ҳужжатининг асл нусхасини илова қилган ҳолда ариза тақдим этади. Аризада бюджет маблағлари ўтказилиши талаб қилинаётган ундирувчининг банк ҳисобварағи кўрсатилган бўлиши лозим.

Ижро варақаси ёки суд буйруғи судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали тақдим этилиши мумкин.

Молия органи ижро ҳужжати келиб тушган кундан эътиборан белгиланган тартибда унинг ижро этилишини таъминлайди.

Ундирувни давлат мақсадли жамғармалари маблағларига қаратишни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижро этиш давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда амалга оширилади.


129-модда. Ижро ҳужжатлари бўйича бюджет ташкилотларининг

молиявий мажбуриятларини бажариш

Бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятлари бўйича ундирувни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижро этиш суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, ушбу моддада белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда давлат ижрочилари томонидан амалга оширилади. Бюджет ташкилотларидан ижро йиғими ундирилишига йўл қўйилмайди.

Бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятлари бўйича ундирувни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижро этиш:

биринчи навбатда бюджет ташкилотининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

тўланиши лозим бўлган қарз бюджет ташкилотининг харажатлар сметаси бўйича харажатлар моддасига мувофиқ бўлганда - бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳажми доирасида амалга оширилади.


130-модда. Қабул қилинган Давлат бюджети ва давлат

мақсадли жамғармаларининг бюджетлари мавжуд

бўлмаганда бюджетни ижро этиш тартиби

Агар келгуси молия йили учун Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари йил бошлангунига қадар қабул қилинмаган бўлса, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари қуйидаги шартларга риоя этилган ҳолда ижро этилади:

ўтган молия йилида амалда бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тақсимлаш нормативлари сақлаб қолинади;

бошланаётган молия йилида харажатлар тасдиқланган вақтинчалик харажатлар сметаларига мувофиқ амалга оширилади.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари молия йили бошланганидан кейин қабул қилинган тақдирда, молия йили мобайнида харажатларнинг умумий суммаси қабул қилинган Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига мувофиқлаштирилиши керак.



131-модда. Жорий молия йилини якунлаш

Жорий молия йилининг бюджет тизими бюджетларига тушумларни киритиш билан боғлиқ бўлган барча операциялари жорий молия йилининг охирги иш кунида якунланади.

Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетларига келгуси йилда киритилган даромадлар янги бошланган йил даромадлари ҳисобланади.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари даромадлари бўйича транзит ҳисобварақларига жорий йилнинг охирги иш куни тугагунига қадар киритилган ва янги бошланган йилнинг уч иш куни мобайнида Ягона ғазна ҳисобварағига ўтказилган даромадлар ўтган йилнинг даромадлари ҳисобланади.

Жорий йилнинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан барча тўловлар молия йилига қўшимча вақт даври тугаганидан сўнг якунланади.

Қўшимча вақт даврида жорий молия йили учун Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ижро этиш бўйича операциялар, шу жумладан:

бюджетлараро муносабатларни тартибга солиш;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг кредиторлик қарзларини тўлаш;

бюджет ташкилотлари томонидан иқтисод қилинган маблағлар суммаларини бюджет ташкилотларининг ривожлантириш жамғармаларига (тиббиёт ташкилотларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаларига) ўтказиш;

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари маблағлари ҳисобидан бошқа рухсат этилган тўловлар амалга оширилади.

Бюджетлараро муносабатларни тартибга солиш юқори ва қуйи турувчи бюджетлар, шунингдек давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ўртасидаги ўзаро қарздорликнинг жами суммаси тўланишини назарда тутади.

Ўтган йилни якунлаш бўйича қўшимча вақт даврида муайян тўловларни амалга ошириш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.



20-БОБ. БЮДЖЕТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАР


132-модда. Бюджетлараро муносабатлар тушунчаси

Бюджетлараро муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети, туманлар, шаҳарлар бюджетлари, шунингдек давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ўртасидаги ушбу Кодекс билан тегишли бюджетларга бириктирилган харажатларни амалга ошириш учун зарур бўлган тегишли бюджетларни молиявий ресурслар билан таъминлашга доир муносабатлардир.

Бюджет жараёнида:

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг туманлар ва шаҳарлар бюджетлари билан;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг туманлар ва шаҳарлар бюджетлари билан;

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг бир-бири билан, шунингдек бошқа маъмурий-ҳудудий бирликнинг туманлари ва шаҳарлари бюджетлари билан;

туманлар ва шаҳарлар бюджетлари ўртасида ўзаро муносабатларига йўл қўйилмайди.



133-модда. Бюджетларнинг даражалари ўртасида

даромадлар ва харажатларни ўтказиш

Даромадларни компенсация қилиш ёки харажатларни қоплаш Давлат бюджетини ижро этиш жараёнида ушбу Кодекснинг 138-моддасида назарда тутилган, қуйи турувчи бюджетларнинг даромадларини ва (ёки) харажатларини камайтиришга ёхуд кўпайтиришга олиб келадиган ҳолларда ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича маблағларни ажратиш ёки олиб қўйиш орқали мажбурий тартибда амалга оширилади.



134-модда. Бюджетлараро трансфертларнинг шакллари

Бюджетлараро трансфертлар субвенциялар, ўтказиб бериладиган даромадлар, дотациялар, бюджет ссудаси ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича маблағлар, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар ва мақсадли ижтимоий трансфертлар шаклида амалга оширилади.

Бюджетлараро трансфертларнинг ҳажмлари:

жорий молия йилида турли даражадаги бюджетлар даромадлари ва харажатлари ўзгаришига сабаб бўлувчи қонунчилик қабул қилинганда;

тегишли барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушишидан ҳамда бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг ўзлаштирилишидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Юқори турувчи молия органи ташаббуси билан юқори турувчи бюджет қуйи турувчи бюджет олдидаги бюджетлараро трансфертнинг бир шакли бўйича мажбуриятлари қуйи турувчи бюджетнинг юқори турувчи бюджет олдидаги бюджетлараро трансфертнинг бошқа шакли бўйича мажбуриятларини камайтириш эвазига ҳисобга олиниши мумкин.



135-модда. Субвенциялар

Субвенциялар асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Давлат бюджетининг асосий параметрлари тасдиқланаётганда белгиланган харажатларни амалга ошириш учун ажратилади.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига бериладиган субвенцияларнинг миқдорлари Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинаётганда белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига бериладиган субвенцияларнинг миқдорлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисидаги қарорлар қабул қилинаётганда белгиланади.

Фойдаланилмаган субвенциялар жорий молия йили охирида тегишли юқори турувчи бюджетга қайтарилиши керак.



136-модда. Ўтказиб бериладиган даромадлар

Тегишли маъмурий-ҳудудий бирликлар ҳудудида шакллантириладиган ва юқори турувчи бюджетга ўтказиладиган даромадлар улар қайси маъмурий-ҳудудий бирликда шакллантирилган бўлса, ўша маъмурий-ҳудудий бирлик бюджетига ўтказиб берилиши мумкин.

Ўтказиб бериладиган даромадларнинг умумий ҳажми:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қуйи турувчи бюджетларга - Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинаётганда;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига - Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисидаги қарорлар қабул қилинаётганда тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қуйи турувчи бюджетларга тушумлари ўтказиб бериладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳамда улар томонидан тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг турлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда тасдиқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетидан, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига тушумлари ўтказиб бериладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳамда улар томонидан тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг турлари рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари билан биргаликда тасдиқланади.

Юқори турувчи бюджетдан қуйи турувчи бюджетга ўтказиб бериладиган даромадларнинг суммаси тегишли қуйи турувчи бюджетга тушиши лозим бўлган даромадлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Ўтказиб бериладиган даромадларни ўтказиш улар бўйича ҳақиқатда тушган тушумлар доирасида, бироқ уларнинг тасдиқланган ҳажмидан ортиқ бўлмаган миқдорда амалга оширилади.



137-модда. Дотация

Юқори турувчи бюджетдан қуйи турувчи бюджетга дотация қуйи турувчи бюджет харажатларининг режалаштирилган ҳажми субвенциялар ва ўтказиб бериладиган даромадлар ҳисобга олинган ҳолда мазкур бюджет даромадларининг прогноз қилинган ҳажмидан ошиб кетган тақдирда ажратилади.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетларига дотация жамғармалар харажатларининг режалаштирилган ҳажми йил бошидаги қолдиқ ҳисобга олинган ҳолда жамғармалар даромадларининг прогноз қилинган ҳажмидан ошиб кетган тақдирда ажратилиши мумкин.

Дотациянинг миқдори:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қуйи турувчи бюджетларга ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига ажратилганда - Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинаётганда;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратилганда - Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисидаги қарорлар қабул қилинаётганда белгиланади.


138-модда. Бюджетлараро ўзаро ҳисоб-китоблар

Бюджетлараро ўзаро ҳисоб-китоблар молия йили мобайнида бюджетлар параметрлари ўзгарганда юқори ва қуйи турувчи бюджетлар ўртасида юзага келадиган ўзаро пул муносабатларидир.

Бюджетлараро ўзаро ҳисоб-китоблар:

қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинганлиги;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадларининг прогнози аниқлаштирилганлиги;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бўйсунуви ўзгарганда харажатлар бир бюджетдан бошқа бюджетга ўтказилганлиги;

капитал қўйилмалар лимитлари бюджетлар даражалари ўртасида қайта тақсимланганлиги муносабати билан юзага келади.

Бюджетлараро ўзаро ҳисоб-китобларга киритилиши лозим бўлган сумма юқори турувчи молия органи томонидан аниқланади.

138-1-модда. Мақсадли ижтимоий трансфертлар

Мақсадли ижтимоий трансфертлар юқори турувчи бюджетдан қуйи турувчи бюджетга таълим ва тиббиёт муассасаларининг иш ҳақи ва ижтимоий солиқ бўйича харажатларини қоплаш учун ажратилади.

Мақсадли ижтимоий трансфертларнинг миқдорлари:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига - Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинаётганда;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига - Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисидаги қарорлар қабул қилинаётганда.

Фойдаланилмаган мақсадли ижтимоий трансфертлар жорий молия йили охирида тегишли юқори турувчи бюджетга қайтарилиши керак.

138-2-модда. Тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар

Тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар қайтарилмаслик шарти билан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари харажатларининг тегишли даромадлар прогнозларидан ошган қисмини қоплаш учун берилади.

Тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларнинг миқдорлари:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига - Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинаётганда;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига - Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисидаги қарорлар тасдиқланаётганда белгиланади.

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорларини, қуйи турувчи бюджетларнинг даромадлари прогнозларининг ижросидан қатъи назар, камайтиришга йўл қўйилмайди.



139-модда. Бюджетлараро трансфертларни ўтказиш тартиби

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан бюджетлараро трансфертлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварағидан Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, шунингдек давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилади.

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан бюджетлараро трансфертлар уларнинг шахсий ғазна ҳисобварақларидан туманлар, шаҳарлар бюджетларининг шахсий ғазна ҳисобварақларига, шунингдек давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилади.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан бюджетлараро трансфертлар уларнинг шахсий ғазна ҳисобварақларидан Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилади.

Бюджетлараро трансфертларни ўтказиш ғазна мемориал ордерлари асосида амалга оширилади.

Бюджетлараро трансфертлар бўйича ҳисоб-китоблар жорий молия йилида қўшимча вақт даври ҳисобга олинган ҳолда тугалланиши керак.



140-модда. Бюджет ссудаси шаклидаги бюджетлараро трансферт

Бюджет ссудаси шаклидаги бюджетлараро трансферт (бюджет ссудаси) бюджет манбаларининг тўлиқ сафарбар қилиниши тегишли бюджетларда назарда тутилган харажатлар қопланишини таъминламаган тақдирда, қайтариш шарти билан фоизсиз ёки фоиз тўлаш шарти билан берилади.

Бюджет ссудаси:

бир молия йилида прогноз қилинган даромадлар ва режалаштирилган харажатлар ўртасидаги режали вақтинчалик касса узилишини қоплаш учун - тўққиз ойгача бўлган муддатга фоизсиз асосда;

даромадлар тушумлари ва харажатларни амалга ошириш ўртасида кутилаётган вақтинчалик касса узилишларини қоплаш учун - бир молия йили ичида олти ойгача бўлган муддатга фоизсиз асосда ҳамда бир молия йилидан ортиқ, аммо уч молия йилидан ортиқ бўлмаган муддатга йиллик икки фоизли миқдорда берилади.

Режали бюджет ссудаси даромадларнинг прогноз қилинган тушумлари, назарда тутилган бюджетлараро трансфертлар, айланма касса маблағларидан ва йил бошидаги эркин қолдиқлардан вақтинчалик маблағ жалб қилиш, тегишли тасдиқланган бюджетларда назарда тутилган айрим чораклардаги харажатларнинг қопланишини таъминламаган ҳолларда берилади.

Бюджет ссудаси:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан - Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети маблағлари ҳисобидан - туманлар ва шаҳарлар бюджетларига уларнинг даромадлари ҳамда харажатлари ўртасидаги режали ёки кутилаётган вақтинчалик касса узилишини қоплаш учун берилади.

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига, туманлар ва шаҳарлар бюджетларига, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига даромадлар тўлиқ тушмаган ёки уларнинг молия йили учун тегишли бюджетларда назарда тутилган харажатларни муддатидан олдин амалга ошириш зарурати юзага келган, тегишли бюджет даромадлари ва харажатларини мувозанатлаштириш бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармаларига ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиш бюджет ссудаси ажратилиши учун асос бўлиши мумкин.

Ажратиладиган бюджет ссудаларининг миқдорлари келгуси молия йили учун алоҳида чораклардаги даромадлар ва харажатлар ўртасида юзага келадиган режали вақтинчалик касса узилишини қоплаш учун тегишли бюджетнинг йиллик режали даромадлари ҳамда харажатлари ҳар чоракда қайта тақсимланаётганда белгиланади.

Бюджет ссудаларини беришнинг мажбурий шарти улардан белгиланган мақсадда фойдаланиш, шунингдек бюджет ссудасини ажратиш тўғрисидаги шартномада белгиланган муддатга мувофиқ уларни ўз вақтида қоплашдан иборатдир.

Бюджет ссудаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли ҳокимликларнинг, давлат мақсадли жамғармасини тақсимловчи орган раҳбарининг бюджет ссудасига бўлган эҳтиёжни асословчи ҳисоб-китоблар илова қилинган сўрови асосида берилади.

Бюджет ссудаси олиш тўғрисидаги сўровда сўралаётган бюджет ссудасининг миқдори ва у сўралаётган давр, шунингдек бюджет ссудасини қайтаришнинг кафолатланган манбалари кўрсатилади.

Бюджет ссудасини бериш тўғрисидаги сўровни кўриб чиқишда молия органи қарор қабул қилиш учун зарур бўлган ахборот ва ҳисоб-китобларни сўраб олиш ҳуқуқига эга.

Тақдим этиладиган ахборот ва ҳисоб-китобларда касса узилиши сабабларининг қуйидаги батафсил таҳлили келтирилади:

а) тегишли бюджетнинг йил бошидан охирги ҳисобот давригача бўлган ижроси тўғрисидаги ахборот;

б) ҳисобот даври учун касса узилишларининг юзага келишига сабаб бўлувчи даромадларнинг белгиланган прогноз кўрсаткичлари;

в) солиқ тўловлари бўйича бюджет олдидаги қарздорлик миқдори ва унинг шаклланиш сабаблари, ҳудуд бўйича қарздорликнинг ўсиб бориши;

г) тегишли давр учун бюджетда назарда тутилган бюджет таснифининг тегишли кодлари бўйича биринчи навбатдаги харажатлар миқдори;

д) кутилаётган даромадлар тушуми, шу жумладан солиқ турлари бўйича ва тегишли ҳисобот даври учун кутилаётган харажатлар;

е) касса узилиши юзага келиши сабабларининг изоҳи, сўровнинг асосланганлиги ва бюджет ссудасининг ўз вақтида қайтарилишини таъминловчи чора-тадбирлар режаси.

Бюджет ссудасини бериш тўғрисидаги мурожаат тегишли молия органи томонидан мурожаат олинган санадан эътиборан беш иш куни ичида кўриб чиқилади ва унинг натижаси тўғрисида мурожаат этувчига хабар қилинади.

Бюджет ссудасини олиш тўғрисидаги сўровни кўриб чиқиш натижаси ижобий бўлган тақдирда тегишли молия органи бир иш куни ичида аризачини ажратиладиган бюджет ссудасининг миқдори, уни ажратишдан мақсад ва белгиланган қайтариб бериш муддатлари тўғрисида хабар қилади.

Бюджет ссудасини бериш рад этилган тақдирда тегишли молия органи бир иш куни ичида бюджет ссудаси бериш рад этилганлиги тўғрисида аниқ сабаблар ва асосларни кўрсатган ҳолда аризачига хабар қилади.

Ахборот ва ҳисоб-китоблар тақдим этилмаган ёки тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда бюджет ссудасини олиш учун сўров кўриб чиқилмайди ҳамда бюджет ссудасини бериш рад этилганлиги тўғрисида аризачига икки иш куни ичида хабар қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан бериладиган бюджет ссудасини ажратиш учун тақдим этиладиган ахборот ва ҳисоб-китоблар:

ҳудудий молия органлари ва давлат солиқ бошқармалари томонидан тайёрланади ҳамда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ёки уларнинг биринчи ўринбосарлари томонидан имзоланади;

давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан тайёрланади ва уларнинг раҳбарлари томонидан имзоланади.

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан бюджет ссудасини ажратиш учун тақдим этиладиган ахборот ҳамда ҳисоб-китоблар туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ёки уларнинг биринчи ўринбосарлари томонидан имзоланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли ҳокимликларнинг, давлат мақсадли жамғармасини тақсимловчи орган раҳбарининг сўровини кўриб чиқиш натижалари бўйича беш иш куни ичида қуйидагилардан:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан бюджет ссудасини бериш тўғрисидаги қарор - Ўзбекистон Республикаси молия вазири томонидан;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан бюджет ссудасини бериш тўғрисидаги қарор - тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси молия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармалари бошлиқлари томонидан қабул қилинади.

Бюджет ссудасини ажратиш бюджет ссудасини бераётган молия органи ва бюджет ссудасини олувчи молия органи (давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи орган) ўртасида тузиладиган бюджет ссудасини ажратиш тўғрисидаги шартнома билан расмийлаштирилади.

Бюджет ссудасини қайтариш муддатларини узайтириш бюджет ссудасини олувчида уни белгиланган муддатларда ўз вақтида тўлаш имкониятини истисно этадиган молиявий қийинчиликлар юзага келган ҳолларда амалга оширилади.

Бюджет ссудасини қайтариш муддатларини узайтириш бюджет ссудасини бериш учун ушбу моддада белгиланган тартибда ва шартларда амалга оширилади.

Бюджет ссудаларини қайтариш муддатлари келгуси молия йилига узайтирилганда, бюджет ссудаларининг қайтарилмаган қисмидан йиллик икки фоиз миқдорида тўлов белгиланади ва бюджет ссудалари қайси тегишли бюджетлардан берилган бўлса, ўша бюджетларга йўналтирилади.

Бюджет ссудасини олувчи тегишли молия органига бюджет ссудасини тўлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги сўров билан уни тўлаш муддати тугашидан камида беш иш куни олдин мурожаат қилади.

Бюджет ссудасини тўлаш бюджет ссудасини ажратиш тўғрисидаги шартномада белгиланган муддатларда:

маблағларни ўтказиш;

қуйи турувчи бюджетларга ва давлат мақсадли жамғармаларига ўтказилиши лозим бўлган бюджетлараро трансфертлар эвазига ўзаро ҳисобга олиш;

иш ҳақини тўлаш, ижтимоий эҳтиёжларга ажратмалар, стипендиялар, пенсиялар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам, компенсация тўловлари ва нафақалар тўлаш харажатлари қопланганидан кейин қуйи турувчи бюджетларнинг ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг шахсий ғазна ҳисобварақларидан маблағларни сўзсиз ундириб олиш йўли билан амалга оширилади.    



141-модда. Айланма касса маблағлари

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, шунингдек туманлар, шаҳарлар бюджетларининг айланма касса маблағлари уларнинг даромадлари билан харажатлари ўртасидаги вақтинчалик касса узилишини қоплаш мақсадида шакллантирилади.

Айланма касса маблағларининг миқдорлари:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари учун - Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан;

туманлар ва шаҳарлар бюджетлари учун - Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисидаги қарорлар қабул қилинаётганда белгиланади.

Йил мобайнида айланма касса маблағларидан жалб қилинган суммалар йил охиригача тикланиши лозим. Айланма касса маблағларининг йил охиридаги миқдори белгиланган суммага мос келиши керак.

Келгуси молия йили учун белгиланган айланма касса маблағлари:

тегишли бюджетларнинг шахсий ғазна ҳисобварақларидаги маблағларнинг йил бошидаги қолдиқлари;

жорий йилнинг биринчи - учинчи чораклари якунлари бўйича даромадлар прогнозининг ошириб бажарилиши суммалари ҳисобидан тўлдирилади.

Туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган манбалари етарли бўлмаганда туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг айланма касса маблағларини тўлдириш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан қарор қабул қилиниши мумкин.



142-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига

қўлланиладиган чекловлар

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари баланслаштирилган даромадлар ва харажатларга эга бўлиши лозим. Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тақчиллигига йўл қўйилмайди.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини қабул қилиш ва ижро этишда:

маблағлар жалб қилишни амалга оширишга, юқори турувчи бюджетлардан бюджет ссудалари олиш бундан мустасно;

тасдиқланган бюджетдан ажратилган маблағлардан ортиқ харажатларни амалга оширишга, ушбу Кодекснинг 143-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

тегишли бюджетлар маблағлари ҳисобидан бошқа юридик ва жисмоний шахслар фойдасига молиявий кафолатлар ва кафилликлар беришга;

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг маблағлари ҳисобидан молиялаштириш манбаси аниқ бўлмасдан бошланган тадбирларни молиялаштиришга ва (ёки) параллель лойиҳалаштириш, тендер савдоларини ўтказмасдан амалга оширилган қуриш ва таъмирлаш ишларини молиялаштиришга;

юридик ва жисмоний шахсларга бюджет ссудалари ва кредит линиялари беришга йўл қўйилмайди.



21-БОБ. БЮДЖЕТ ТИЗИМИ БЮДЖЕТЛАРИГА

ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ


143-модда. Бюджет тизими бюджетларига

ўзгартиришлар киритиш тартиби

Молия йили мобайнида бюджет тизими бюджетларига ўзгартиришлар киритиш:

бюджет тизими бюджетлари даромадлари ва (ёки) харажатларини камайтиришни ёки кўпайтиришни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатлари ўзгарган;

бир бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчи учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар камайтирилиб, мос равишда бошқа бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчи учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар кўпайтирилган;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларда бюджетдан ажратиладиган маблағлар харажатларнинг бир моддасидан бошқа моддасига ўтказиш зарурияти юзага келган;

Давлат бюджети маблағларининг молия йили бошидаги эркин қолдиқлари ушбу Кодекснинг 126-моддасида назарда тутилган тартибда харажатларни молиялаштиришга йўналтирилган;

бюджет таснифига ўзгартиришлар киритилган;

ушбу Кодекс 120-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда амалга оширилади.

Давлат бюджети даромадлари прогнозининг ошириб бажарилиши, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни реализация қилишдан, шунингдек электрон савдо майдончасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни реализация қилишдан тушган маблағлар ҳисобидан харажатлар Давлат бюджетига ўзгартиришлар киритилмасдан амалга оширилади.

Бюджет тизими бюджетларини ижро этишда бюджет тизими бюджетларининг даромадлари ва харажатларига киритилган ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида ҳисобга олинади.

Молия йили мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари харажатларига уларнинг тасдиқланган параметрлари доирасида биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатлари, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар сотиб олиш харажатлари бўйича бюджетдан ажратиладиган маблағларни кўпайтириш ёки камайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар фақат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилгандан кейин амалга оширилади.

Давлат бюджети даромадлари ва харажатларига тасдиқланган бюджетлар доирасида унинг ижроси жараёнида қонунчилик ҳужжатлари асосида ўзгартиришлар киритиш тегишинча Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва ҳудудий молия органлари томонидан амалга оширилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида ҳисобга олиб борилади.

Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган харажатларни уларнинг тасдиқланган ҳажмларига нисбатан кўпайтириш, уларнинг ўрнини қоплаш манбалари мавжуд бўлган тақдирда, Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга ўзгартиришлар киритилмасдан амалга оширилади.


145-модда. Ўзбекистон Республикаси республика

бюджетининг харажатлар ёйилмасига

ўзгартиришлар киритиш тартиби

Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағларни бошқа биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш (бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳоллар мустасно):

10 ва ундан ортиқ фоиз миқдорда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан;

10 фоиздан кам миқдорда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг таклифи асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга мувофиқ биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчиларга Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар таркибида назарда тутилган қайта тақсимланадиган маблағлар биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағларни ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига бериладиган бюджетлараро трансфертларни кўпайтириш орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қайта тақсимланади.

Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун ажратилган бюджет маблағлари доирасида бир иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи учун ажратилган маблағларни бошқа иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш:

10 ва ундан ортиқ фоиз миқдорда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан;

10 фоиздан кам миқдорда тегишли биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларни амалга ошириш учун назарда тутилган маблағларни жорий харажатларга йўналтириш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан маблағларни ажратиш ҳамда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларни қайта ташкил этиш Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга ўзгартиришлар киритилмасдан амалга оширилади.


147-модда. Қорақалпоғистон Республикаси республика

бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва

Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг харажатлари

ёйилмасига ўзгартиришлар киритиш тартиби

Бир ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчи учун ажратилган бюджет маблағларини бошқа ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорининг:

10 ва ундан ортиқ фоиз миқдорда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан;

10 фоиздан кам миқдорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади, бундан ушбу Кодекс 145-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчи тасарруфидаги бир бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчидан бошқа бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчи учун бюджетдан ажратиладиган маблағларни ўтказиш ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар сўровига кўра тегишли ҳудудий молия органлари томонидан амалга оширилади.



148-модда. Туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг харажатлари

ёйилмасига ўзгартиришлар киритиш тартиби

Бир ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчи учун ажратилган бюджет маблағларни бошқа ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорининг:

10 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан;

10 фоиздан кам миқдорда туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади, бундан ушбу Кодекс 145-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчи тасарруфидаги бир бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчидан бошқа бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчи учун бюджетдан ажратиладиган маблағларни ўтказиш ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар сўровига кўра туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан амалга оширилади.



149-модда. Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт

жамғармаси харажатларига ўзгартиришлар

киритиш тартиби

Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг харажатларига уларнинг тасдиқланган ҳажмларига нисбатан 3 фоиз ва ундан ортиқ миқдорга кўпайтиришни ёки камайтиришни назарда тутадиган ўзгартиришлар киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан амалга оширилади.

Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг харажатларига уларнинг тасдиқланган ҳажмларига нисбатан 3 фоиздан кам миқдорда кўпайтириш ёки камайтиришни назарда тутадиган ўзгартиришлар киритиш давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси тақсимловчи органларининг тақдимига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг харажатларини уларнинг тасдиқланган ҳажмларига нисбатан кўпайтириш уларни қоплаш манбалари мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг харажатларига уларнинг тасдиқланган умумий ҳажмларини кўпайтирмасдан ёки камайтирмасдан ўзгартиришлар киритиш давлат мақсадли жамғармаларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг тақсимловчи органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишувга кўра амалга оширилади.



150-модда. Харажатлар сметасига ва штат жадвалига

ўзгартиришлар киритиш тартиби

Бюджет ташкилотининг ёки бюджет маблағлари олувчининг сўровига кўра молия йилида унинг учун назарда тутилган харажатларнинг айрим моддалар бўйича бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг ҳажмлари харажатларнинг бошқа моддалари бўйича бюджетдан ажратиладиган маблағлар тенг миқдорда камайтирилган ҳамда бюджет ташкилоти ёки бюджет маблағлари олувчи учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тасдиқланган умумий ҳажми сақлаб қолинган ҳолда кўпайтирилиши мумкин. Мазкур ўзгартиришлар бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан харажатлар сметасига йилига кўпи билан тўрт марта киритилади ва:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича - бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан;

бюджет маблағларини тақсимловчилар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари томонидан;

туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет маблағлари олувчилар бўйича - давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан рўйхатдан ўтказилади.

Бюджет ташкилотларининг харажатлар сметасига киритиладиган ўзгартиришлар сони ҳисобга олинаётганда бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун бюджет ташкилотининг тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида бюджетдан ажратиладиган маблағларни бир моддадан бошқа моддага кўпайтиришни ёки камайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар ҳисобга олинмайди.

Бюджет ташкилотининг ва бюджет маблағлари олувчининг сўровига кўра камайтириш томонга ўзгартиришлар киритишга йўл қўйилмайдиган харажатлар моддалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

Қонунчиликка мувофиқ иш ҳақи миқдорлари оширилиши муносабати билан бюджет ташкилотининг штат жадвалига киритиладиган ўзгартиришлар молия органи томонидан рўйхатдан ўтказилмайди.

Бюджет ташкилотининг штат жадвалига киритилган ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган шакл бўйича тегишли молия органида рўйхатдан ўтказилиши лозим, ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.



22-БОБ. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ТАҚЧИЛЛИГИ ВА ПРОФИЦИТИ.

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН МАБЛАҒ ЖАЛБ ҚИЛИШ


151-модда. Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш.

Давлат бюджети профицити

Давлат бюджети тақчиллиги:

белгиланган нормативлар бўйича давлат активларини сотишдан олинган даромадларнинг Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига ажратмалари;

Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағларининг молия йили бошидаги қолдиқлари;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш;

қонунчиликка мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг кредитларини Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш манбаси сифатида жалб қилишга йўл қўйилмайди.

Давлат бюджетининг даромадлари унинг харажатларидан ортиши Давлат бюджети профицитидир.

Давлат бюджети профицити фақат Давлат бюджети бўйича аниқланади.



152-модда. Давлат томонидан маблағ жалб қилиш

Давлат томонидан маблағ жалб қилиш ички ва хориждан маблағ жалб қилишдан иборат.

Давлат томонидан ички маблағни жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси резидентларидан маблағларни жалб этиш бўлиб, бу маблағлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи ёки қарз олувчи-резидентларнинг кредитларини (қарзларини) тўлашга кафил сифатидаги мажбуриятлари юзага келади.

Чет эл манбаларидан (чет давлатлар, халқаро ташкилотлардан, халқаро молия ва иқтисодий институтлардан, чет эл ҳукуматларининг молия ташкилотлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа норезидентларидан) маблағларни жалб этиш давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш бўлиб, бу маблағ бўйича Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи ёки қарз олувчи-резидентларнинг кредитларини (қарзларини) тўлашга кафил сифатидаги мажбуриятлари юзага келади.

Давлат томонидан маблағ жалб этиш бўйича қарорлар белгиланган тартибда қабул қилинади.

Давлат томонидан маблағ жалб қилиш:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тақчиллигини қоплаш;

ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш;

давлат қарзини қайта молиялаштириш;

давлат қарзини бошқариш стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш;

пул маблағларини бошқариш, шу жумладан вақтинчалик касса узилишининг ўрнини қоплаш бўйича операцияларни бажариш;

тўлов балансини қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилади.

Давлат томонидан маблағ жалб қилиш биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тақчиллигини қоплаш учун амалга оширилади.


153-модда. Давлат томонидан маблағ жалб қилиш турлари

Давлат томонидан маблағ жалб қилиш:

Ўзбекистон Республикаси томонидан қарз олувчи сифатида чет давлатлардан, халқаро ташкилотлардан, халқаро молия ва иқтисодий институтлардан, чет эл ҳукуматларининг молия ташкилотларидан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа резидентлари ва норезидентларидан жалб қилинган кредитлар (қарзлар) бўйича;

Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари бўйича;

Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган давлат қимматли қоғозлари бўйича қарз мажбуриятлари тарзида амалга оширилиши мумкин.

Қарз мажбуриятлари қисқа муддатли (бир йилгача бўлган муддатга), ўрта муддатли (бир йилдан беш йилгача муддатга) ва узоқ муддатли (беш йил ва ундан ортиқ муддатга) бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатилишини таъминлайди, давлат кафолатини бажаради.


154-модда. Ўзбекистон Республикаси томонидан

жалб қилинадиган кредитлар (қарзлар)

Ўзбекистон Республикаси томонидан хорижий банклардан, давлатлардан, халқаро молия ва иқтисодий институтлардан, чет эл ҳукуматларининг молия ташкилотларидан жалб қилинадиган кредитлар (қарзлар) давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш жумласига киради.

Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб қилинадиган кредитлар (қарзлар) белгиланган тартибда:

давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштиришга ёки биргаликда молиялаштиришга;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни бажаришга доир тадбирларни молиялаштириш учун кредитларни (қарзларни) қайтадан кредитлашга йўналтирилади.

Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган кредитларни (қарзларни) қайтадан кредитлашда кредит (қарз) бўйича хизмат кўрсатиш юзасидан эҳтимолдаги таваккалчиликларни қоплашда фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси маржаси белгиланиши мумкин. Кредит (қарз) бўйича қарздорлик тўлиқ тўланган тақдирда кредит (қарз) бўйича Ўзбекистон Республикаси маржасининг фойдаланилмай қолган суммаси Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг даромадига киритилади.


155-модда. Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари

Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати қарз олувчи-резидент ўзидан ундириладиган суммани қарз (кредит) бўйича битимларда белгиланган муддатда тўламаган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг қарз берувчи олдидаги қарзни тўлиқ ёки қисман тўлаб бериш мажбуриятидир.

Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари қарз берувчиларга қарз олувчи-резидентлар ўзи олган кредитлар (қарзлар) бўйича мажбуриятларни бажаришининг таъминоти сифатида берилади. Жисмоний шахсларнинг мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари берилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра берилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатларини расмийлаштириш бўйича ваколатли органдир.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг берилган давлат кафолатлари билан шарт қилиб қўйилган тўловларни амалга оширгач, амалга оширилган тўловлар ва улар билан боғлиқ харажатлар суммасини қарз олувчи-резидентдан сўзсиз ундириб олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатларини расмийлаштириш, тақдим этиш, рўйхатдан ўтказиш ва улар бўйича мажбуриятларни бажариш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


156-модда. Ўзбекистон Республикаси номидан

чиқариладиган давлат қимматли қоғозлари

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси номидан давлат қимматли қоғозларини чиқаради. Давлат қимматли қоғозларини чиқариш ва уларнинг чекланган ҳажми тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан эмиссия қилинган давлат ғазначилик облигацияларини жойлаштиришда;

давлат ғазначилик облигациялари бўйича қийматни, фоизларни ва бошқа тўловларни тўлашда;

давлат ғазначилик облигациялари бўйича бошқа операцияларни амалга оширишда фискал агент сифатида иштирок этиши мумкин.


23-БОБ. БЮДЖЕТ ССУДАЛАРИ, КРЕДИТ

ЛИНИЯЛАРИ ВА КРЕДИТЛАР


157-модда. Бюджет ссудалари, кредит линиялари

ва кредитлар бериш

Бюджет ссудалари, кредит линиялари ва кредитлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ва қонунчиликка мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан берилиши мумкин.

Бюджет ссудалари, кредит линиялари ва кредитларни бериш қонунчилик ҳамда шартнома билан белгиланадиган муддатлилик, қайтариш, мақсадли фойдаланиш шартларига ва бошқа шартларга асосланади.


158-модда. Резидент-юридик шахсларга бериладиган

(очиладиган) бюджет ссудалари ва кредит линиялари

Бюджет ссудалари ва кредит линиялари резидент-юридик шахсларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида берилиши (очилиши) мумкин.

Резидент-юридик шахсларга бюджет ссудалари ва кредит линиялари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги фоиз ставкалари бўйича берилади.

Резидент-юридик шахсларга бюджет ссудаларини ва кредит линияларини чет эл валютасида бериш тақиқланади.

Бюджет ссудалари бюджет ташкилотларига бевосита Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан берилади.

Кредит линиялари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан резидент-юридик шахсларга уларга хизмат кўрсатадиган тижорат банклари орқали, шунингдек бевосита тижорат банкларига очилади.



159-модда. Бюджет ссудаси ва кредит линиясини

ўз вақтида қайтармаслик

Бюджет ссудаси ёки кредит линияси, шу жумладан, фоизлар бюджет ссудасини бериш ёки кредит линиясини очиш тўғрисидаги шартномада белгиланган муддатларда ва ҳажмларда ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

қарзни қарздордан сўзсиз тартибда ундиради;

ҳар бир кечиктирилган кун учун муддати ўтказиб юборилган қарз суммасининг 0,033 фоизи миқдорида пеня ҳисоблайди.



160-модда. Чет давлатларга бериладиган кредитлар

Чет давлатларга кредитлар белгиланган тартибда берилади.



VIII БЎЛИМ.

БЮДЖЕТ ҲИСОБИ ВА ҲИСОБОТИ


24-БОБ. БЮДЖЕТ ҲИСОБИ ВА ҲИСОБОТИНИ

ЮРИТИШ ТАРТИБИ


161-модда. Умумий қоидалар

Бюджет ҳисоби бюджет тизими бюджетларини ижро этишда ҳисобга олинадиган, пулда ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг, шунингдек мазкур активлар ва мажбуриятларни ўзгартирувчи операцияларнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотни тўплаш, рўйхатдан ўтказиш ва умумлаштиришнинг тартибга солинган тизимидир.

Бюджет ҳисоботи бюджет ҳисоби маълумотлари асосида белгиланган шакллар бўйича тузиладиган активлар ва мажбуриятларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларнинг умумлаштирилган тизимидир.

Бюджет ҳисоби ва бюджет ҳисоботининг ягона услубияти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ушбу Кодекс, бюджет ҳисобининг стандартларига, шунингдек бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади. Бюджет ҳисобининг стандартлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Бюджет ташкилотлари томонидан бюджет ҳисоби ва бюджет ҳисоботининг ягона услубиятига риоя этилган ҳолда бюджет ҳисобининг батафсил бўлишини таъминлайдиган ички идоравий ҳужжатлар қўлланилиши мумкин.

Бюджет тизими бюджетлари ижросининг бюджет ҳисоби:

молия органлари;

ғазначилик бўлинмалари;

давлат солиқ хизмати органлари ва божхона органлари;

бюджет ташкилотлари;

давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан юритилади.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси бўйича бюджет ҳисоби касса усули бўйича юритилади.



162-модда. Бюджет ҳисоботи турлари

Бюджет ҳисоботи қуйидаги ҳисобот турларини ўз ичига олади:

бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг молиявий ҳисоботлари;

Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига даромадларнинг тушумлари тўғрисидаги ҳисобот;

Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот.


163-модда. Бюджет ташкилотларининг ва бюджет

маблағлари олувчиларнинг молиявий ҳисоботлари

Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг чораклик молиявий ҳисоботлари ҳисобот йилининг 1 апрель, 1 июль ва 1 октябрь ҳолатига, йиллик молиявий ҳисоботлар эса, келгуси ҳисобот йилининг 1 январь ҳолатига кўра тузилади.

Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг молиявий ҳисоботлари мазкур ташкилотларнинг раҳбари ёки у ваколат берган шахс ҳамда бош бухгалтери томонидан имзоланади.

Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботлар:

бюджет маблағларини тақсимловчилар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармаларига;

туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимларига тақдим этилади.

Бюджет маблағларини тақсимловчилар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган ўз тасарруфидаги ташкилотларнинг молиявий ҳисоботлари асосида чораклик ва йиллик жамланма молиявий ҳисоботларни тузади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.

Тасарруфдаги ташкилотлар учун молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан ўзи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига жамланма молиявий ҳисоботларни тақдим этадиган муддатлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг жамланма молиявий ҳисоботлари бюджет маблағларини тақсимловчининг раҳбари ёки у ваколат берган шахс ва бош бухгалтер томонидан имзоланади.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан бюджет маблағлари олувчилар давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан белгиланган тартибда чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни тузади ҳамда давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларга тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган тегишли молия органларига молиявий ҳисоботларни улар белгилаган муддатларда, лекин Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган муддатлардан кечиктирмай тақдим этади.

Туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган тегишли молия органларига молиявий ҳисоботларни улар белгилаган муддатларда, лекин юқори турувчи молия органи томонидан белгиланган муддатлардан кечиктирмай тақдим этади.

Электрон ҳужжат тарзида тақдим этилган молиявий ҳисоботлар бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар раҳбарларининг ёки улар ваколат берган шахсларнинг ва бош бухгалтерларининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг чораклик ҳамда йиллик молиявий ҳисоботларни тузиш, тасдиқлаш ва тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.


164-модда. Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармалари

бюджетларига даромадларнинг тушумлари тўғрисидаги ҳисобот

Туманлар ва шаҳарлар давлат солиқ инспекциялари тегишли туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимларига ҳисобот даври учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисобланиши ҳамда тушуми тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари ҳамда Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, шу жумладан, ихтисослаштирилган бўлинмалари Қорақалпоғистон Республикаси молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармаларига ҳисобот даври учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисобланиши ҳамда тушуми тўғрисида ҳисоботлар тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот даври учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисобланиши ҳамда тушуми тўғрисида ҳисоботлар тақдим этади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисобланиши ва тушуми тўғрисидаги ҳисоботларнинг шакллари ҳамда уларни тақдим этиш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган шакллар ва муддатларда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари даромадларининг тушумлари тўғрисида ҳисобот тақдим этади.


165-модда. Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот

Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот бюджет таснифига мувофиқ муайян давр учун Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг ижроси натижаларидан иборат бўлади.

Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот қуйидаги ҳисобот шаклларини ўз ичига олади:

Давлат бюджети ижросининг балансини;

Давлат бюджети даромадларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни;

Давлат бюджети харажатларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни;

бюджет ташкилотларининг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрисидаги маълумотномани;

Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари бўйича тармоқ, штатлар ва контингентга доир режанинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни.

Туманлар ва шаҳарлар бўйича ғазначилик бўлинмалари тегишли туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимларига туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг касса ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади.

Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари ҳисобот даври учун туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган шакллар бўйича:

юқори турувчи молия органларига - улар белгилаган муддатларда;

тегишли ҳокимликларга - туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот юқори турувчи молия органларига тақдим этилганидан сўнг уч иш куни ичида тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ғазначилик бошқармалари Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг касса ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармаларига тақдим этади.

Ғазначилик бўлинмалари томонидан тегишли бюджетларнинг касса ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни молия органларига тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари:

а) ҳисобот даври учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган шакллар бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига - у белгилаган муддатларда;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилганидан сўнг уч иш куни ичида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ҳамда тегишли ҳокимликларга тақдим этади;

б) ҳисобот даври учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган шакллар бўйича ва муддатларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ва тегишли ҳокимликларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган шакллар бўйича Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни тузади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги чораклик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган муддатларда;

Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелигача тақдим этади.



166-модда. Давлат мақсадли жамғармалари

бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олади:

давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижросининг балансини;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари даромадларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари харажатларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни;

давлат мақсадли жамғармаларининг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрисидаги маълумотларини;

давлат мақсадли жамғармалари номолиявий активларининг ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни;

давлат мақсадли жамғармаларининг миллий ва чет эл валютасидаги пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни;

давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар бўйича тармоқ, штатлар ва контингентга доир режанинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни.

Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига таҳлилий мақсадлар учун давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари даромадлари ва харажатларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этади.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тузиш, тасдиқлаш ва тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган муддатларда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисоботни;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелига қадар тақдим этади.    

166-1-модда. Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартиби

Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар, иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳар чорак якунлари бўйича кейинги чорак биринчи ойининг 25 санасига қадар ўзининг расмий веб-сайтларига:

ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида бюджет маблағларининг тақсимоти;

даврий молиявий ҳисоботлар;

давлат мақсадли жамғармаларидан субсидиялар ва кредит олувчилар;

капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижроси;

ўтказилган танловлар (тендерлар) ва амалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштиради.

Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг расмий веб-сайтлари мавжуд бўлмаган тақдирда улар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг расмий веб-сайтларига ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотни жойлаштиради.

Давлат молиявий назорат органлари молия йилининг биринчи ойида молия йили учун иш режалари тўғрисидаги маълумотларни, ҳар чорак якунларига кўра эса назорат тадбирлари натижалари бўйича аниқланган молиявий ҳуқуқбузарликлар ва ижобий натижалар ҳақидаги маълумотларни чоракдан кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмай ўз расмий веб-сайтларига жойлаштиради.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товарлар ҳамда хизматлар, қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, шунингдек қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотлар ҳар чорак якунлари бўйича кейинги чорак биринчи ойининг 10 санасига қадар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан мажбурий тартибда ўз расмий веб-сайтларида жойлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда бюджет маблағларини тегишли тақсимловчилар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларининг ижро этилиши тўғрисидаги ахборотни биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар кесимида ўз расмий веб-сайтларига ҳар чорак якунларига кўра, чоракдан кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмай жойлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Давлат божхона қўмитаси солиқ ва божхона имтиёзлари рўйхатини, шунингдек солиқ тўловчилар кесимида тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзларининг миқдори тўғрисидаги ахборотни ўз расмий веб-сайтларига ҳар чоракда чоракдан кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмай, йил якунларига кўра эса келгуси йилнинг 1 апрелига қадар жойлаштиради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари тегишли маҳаллий бюджетлар қўшимча маблағларидан фойдаланилишига доир қарорларни (фармойишларни) улар қабул қилинганидан сўнг уч иш куни ичида мажбурий тартибда ўз расмий веб-сайтларига ҳамда "Очиқ бюджет" ахборот порталига жойлаштиради.

Маълумотни ушбу модданинг биринчи - еттинчи қисмларида кўрсатилган тегишли ташкилотларнинг расмий веб-сайтларига жойлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.


25-БОБ. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИНИНГ ВА ДАВЛАТ

МАҚСАДЛИ ЖАМҒАРМАЛАРИ БЮДЖЕТЛАРИНИНГ

ИЖРОСИ ТЎҒРИСИДАГИ ҲИСОБОТЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ


167-модда. Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли

жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги

йиллик ҳисоботнинг ташқи аудити ҳамда уни баҳолаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ташқи аудит ўтказиш ва баҳолаш учун ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 5 апрелига қадар юборади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган шаклдаги йиллик ҳисоботни ташқи аудит ўтказиш ва баҳолаш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 5 апрелига қадар юборади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси:

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботга доир хулосани ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 10 майидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборади;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботга доир тегишли хулосаларни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 10 майидан кечиктирмай Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликларига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан биргаликда ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли ҳокимликлар Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан биргаликда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ушбу Кодекснинг 168-моддасида назарда тутилган муддатларда тақдим этади.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботларнинг ташқи аудити ва уларни баҳолаш натижалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосалари мажбурий равишда эълон қилинади.    



168-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг,

шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг

ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб

чиқиш ҳамда тасдиқлаш

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари томонидан ҳисобот даври учун тақдим этилган тегишли бюджетларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни ўз партиялар гуруҳларида ва доимий комиссияларида (қўмиталарида) дастлабки тарзда муҳокама қилиш асосида кўриб чиқади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари тегишли бюджетлар ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 10 майидан сўнг тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига тақдим этади.

Тегишли бюджетларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан белгиланади.

Тегишли бюджетларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари қарорлари билан тасдиқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда шаҳарлар Кенгашлари тегишли бюджетлардан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан ва бюджетдан ташқари маблағлардан самарали фойдаланилиши, шунингдек эришилган натижалар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш ҳуқуқига эга.


169-модда. Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли

жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги

ҳисоботларни кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли ҳисобот даври учун тақдим этилган Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарида муҳокама қилиш асосида кўриб чиқади.

Тегишли ҳисобот даври учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарида кўриб чиқилганидан кейин тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида кўриб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг, Сенатининг қарори билан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг ва давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларнинг ўзларига ажратилган бюджет маблағларидан ва бюджетдан ташқари маблағлардан самарали фойдаланилиши, шунингдек эришилган натижалар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш ҳуқуқига эга.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан тасдиқланганидан кейин ҳисобот йили учун Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.    



IX БЎЛИМ.

БЮДЖЕТ ТИЗИМИ БЮДЖЕТЛАРИНИНГ

ИЖРОСИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


26-БОБ. ДАВЛАТ МОЛИЯВИЙ НАЗОРАТИ


170-модда. Умумий қоидалар

Давлат молиявий назорати бюджет тўғрисидаги қонунчиликнинг давлат молиявий назорати объектлари томонидан бузилиши ҳолларини аниқлаш, бартараф этиш ва унга йўл қўймаслик, шунингдек бюджет соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида давлат молиявий назорат органлари томонидан амалга оширилади.

Давлат молиявий назорати:

республика даражасида - Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ва Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан;

маҳаллий даражада - Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетидан, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан амалга оширилади.

Давлат молиявий назорат органлари давлат молиявий назоратини давлат молиявий назорат органлари ёки ваколатли орган томонидан тасдиқланадиган назорат қилиш йиллик режаларига мувофиқ амалга оширади.

Айрим ҳолларда режадан ташқари давлат молиявий назоратини амалга оширишга:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг;

давлат молиявий назорат органига бюджет тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги фактлари тўғрисида маълумотлар келиб тушган ҳолларда давлат молиявий назорат органлари раҳбарларининг қарорлари асосида йўл қўйилади.


171-модда. Давлат молиявий назорат органлари

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ваколатли органлар давлат молиявий назорат органларидир.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари қисми бўйича давлат молиявий назорати берилган ваколатлар доирасида давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.



172-модда. Давлат молиявий назорати принциплари

Давлат молиявий назоратини ўтказишнинг қонунийлиги ва мустақиллиги, шунингдек давлат молиявий назорати натижаларининг ишончлилиги ва холислиги давлат молиявий назоратининг принципларидир.



173-модда. Давлат молиявий назоратининг

шакллари, турлари ва усуллари

Давлат молиявий назорати тафтиш, текшириш (шу жумладан, бюджет тўғрисидаги қонунчиликнинг аввалги тафтишда ёки текширишда аниқланган бузилиши ҳолларини бартараф этиш юзасидан назорат тартибидаги текшириш) ва ўрганиш шаклида амалга оширилади.

Давлат молиявий назоратининг турлари қуйидаги:

дастлабки назорат - молиявий операциялар бажарилгунига қадар ғазначилик бўлинмалари молия органлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан амалга ошириладиган;

жорий назорат - молиявий операциялар бажарилиши жараёнида ғазначилик бўлинмалари, молия органлари ва давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга ошириладиган;

якуний назорат - молиявий операциялар бажарилганидан сўнг ушбу Кодекснинг 171-моддасида кўрсатилган давлат молиявий назорат органлари томонидан амалга ошириладиган назоратлардир.

Давлат молиявий назоратининг усуллари қуйидагилардир:

ҳужжатларни текшириш ҳажмига қараб:

ёппасига назорат - текширилаётган давр учун барча бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни назорат қилиш;

танлов асосидаги назорат - муайян давр учун бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларнинг айрим қисмларини назорат қилиш;

назоратнинг мақсадга йўналтирилганлиги ва предметига қараб:

комплекс назорат - давлат молиявий назорати объектининг муайян давр учун молиявий-хўжалик фаолиятининг барча йўналишларини назорат қилиш;

мавзули назорат - давлат молиявий назорати объектининг муайян давр учун айрим масалалар бўйича фаолиятини назорат қилиш;

муқобил назорат - операциялар ягоналиги билан ўзаро боғлиқ бўлган ва турли давлат молиявий назорати объектларида турган ҳужжатларни солиштиришни ўз ичига олган текшириш, бундан тадбиркорлик субъектлари мустасно.


174-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб

палатаси томонидан амалга ошириладиган

давлат молиявий назорати

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ва ўрта муддатли давр учун фискал стратегияни, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳаларини экспертизадан ўтказишни;

қабул қилинаётган давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлиги аудитини;

бюджет тизими бюджетларига ҳамда белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларга маблағлар тушумининг тўлиқлигини ўрганиш ва назорат қилишни;

бюджет тизими бюджетларининг ҳамда белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ва сафарбар қилишни;

бюджет тизими бюджетларининг ҳамда белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг амалга оширилаётган харажатлари самарадорлигини ва қонунийлигини аудитдан ўтказишни, барча даражаларда уларни қисқартириш бўйича имкониятларни аниқлашни;

бюджет тизими бюджетлари маблағлари ва давлатдан қарз олиш ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг мақсадга мувофиқлигини ва асослилигини баҳолашни;

солиқ, божхона ва бюджет тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқишни, бюджетга оид режалаштиришнинг замонавий усулларини тизимли қоидабузарликларнинг сабабларини, шунингдек халқаро тажрибани умумлаштириш ва ўрганиш орқали жорий этишни;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ўртасидаги нисбат мақбуллигини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг даромадга оид ваколатлари ва харажатларга доир мажбуриятлари чегараланишининг тўғрилигини баҳолашни, уларнинг молиявий жиҳатдан ўзини ўзи таъминлаши юзасидан таклифлар ишлаб чиқишни;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бюджет ссудалари ва кредит линияларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни;

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги миссиялари ва ваколатхоналари томонидан чет эл валютасидаги маблағлардан тўғри ва мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни;

давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларининг тўғри қўлланилиши устидан назоратни;

Ўзбекистон Республикаси пул-кредит ва валюта сиёсатининг, Ўзбекистон Республикаси активлари ва мажбуриятлари ҳолатининг, олтин-валюта захираларини бошқаришнинг, шунингдек қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан амалга оширилаётган операцияларнинг ташқи аудитини амалга оширади.



175-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги,

Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар

ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари,

туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари

томонидан амалга ошириладиган давлат молиявий назорати

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари ўз ваколатлари доирасида:

қуйи турувчи молия органлари томонидан бюджет тўғрисидаги қонунчилик ижросининг таъминланиши устидан;

ижтимоий нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланиши ҳамда ўз вақтида тўланиши устидан;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан смета-штат интизомига риоя этилишининг таъминланиши устидан;

акциз солиғи тўғри ҳисобланиши ва ўз вақтида тўланиши устидан;

акциз тўланадиган айрим турдаги товарларнинг акциз маркалари билан тўлиқ тамғаланиши ва олинган акциз маркалари сонининг ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажмига мувофиқлиги устидан;

бюджет ташкилотлари томонидан бюджет ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тузишнинг, шунингдек қуйи турувчи ҳудудий молия органлари томонидан бюджет ҳисоботини тузишнинг тўғрилиги устидан давлат молиявий назоратини амалга оширади.



176-модда. Ғазначилик бўлинмалари томонидан амалга

ошириладиган давлат молиявий назорати

Ғазначилик бўлинмалари давлат молиявий назоратини:

бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг товарларни етказиб берувчилар (ишларни бажарувчилар, хизматлар кўрсатувчилар) билан Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари маблағлари ҳисобига тузилган шартномаларини харажатлар сметаларида кўрсатилган суммалар доирасида ҳамда белгиланган мақсадларга мувофиқ тузилганлиги устидан назорат қилиш асосида мажбурий рўйхатдан ўтказиш;

харажатлар сметаларида ва рўйхатдан ўтказилган шартномаларда назарда тутилган суммалар доирасида бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар номидан ҳамда уларнинг топшириғи бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчиларнинг ҳисобварақларига тўловларни бевосита амалга ошириш орқали тўлов интизомига риоя этилишини таъминлаш йўли билан амалга оширади.



177-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг

Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий

бошқармалари томонидан амалга ошириладиган

давлат молиявий назорати

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари:

бюджет ва смета-штат интизомига риоя қилиниши;

бюджет тизими бюджетларининг харажатлари ижроси;

бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан тўловларни амалга оширишнинг навбатлилиги, муддатларига риоя этилиши ва тўлиқлиги;

ривожланиш давлат дастурларини амалга ошириш учун марказлаштирилган манбалардан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши;

Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик муассасалари томонидан чет эл валютасидаги маблағлардан тўғри ва мақсадли фойдаланилиши;

пенсиялар ва нафақалар тўғри тайинланиши, ҳисобланиши ва ўз вақтида тўланиши;

тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг фаолияти;

бюджет ссудалари ва кредит линияларидан мақсадли фойдаланилиши;

Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки унинг кафолати остида жалб қилинган кредитлардан (қарзлардан) мақсадли фойдаланилиши;

инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмаклашиш маблағларидан мақсадли фойдаланилиши;

давлат харидлари бўйича тендер (танлов) савдоларининг тўғри ўтказилиши устидан давлат молиявий назоратини амалга оширади.


178-модда. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан

амалга ошириладиган давлат молиявий назорати

Давлат солиқ хизмати органлари давлат молиявий назоратини солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширади.



179-модда. Давлат молиявий назорат

органларининг ўзаро ҳамкорлиги

Бюджет ташкилотларини назорат қилиш режалари давлат молиявий назорат органлари томонидан тасдиқланади.

Давлат молиявий назорат органлари давлат молиявий назорати объекти мансабдор шахсларининг ҳаракатларида жиноят аломатлари, шу жумладан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг аломатлари бўлган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда назорат материалларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширади.

Давлат молиявий назорати объекти мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир материаллар судларга ёки тегишли ваколатли давлат органларига топширилади.


27-БОБ. ДАВЛАТ МОЛИЯВИЙ НАЗОРАТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


180-модда. Якуний назорат тарзидаги

давлат молиявий назорати

Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назорати назорат режасига кўра амалга оширилади ва давлат молиявий назорат органининг қарори асосида ўтказилади.

Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратини амалга оширувчи мансабдор шахс давлат молиявий назорат органи қарорининг кўчирма нусхасига ва хизмат гувоҳномасига эга бўлиши керак.

Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратини амалга оширишда давлат молиявий назорат органларининг мансабдор шахсларига қўйиладиган талаблар ваколатли орган томонидан белгиланади.



181-модда. Давлат молиявий назорат органлари томонидан

экспертлар ва мутахассисларни жалб этиш

Давлат молиявий назорат органлари махсус касбий билимларни талаб этадиган масалаларни кўриб чиқиш учун давлат бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг экспертлари ва мутахассисларини жалб этишга ҳақли.



182-модда. Давлат молиявий назоратини

ўтказиш даврийлиги ва муддатлари

Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назорати ушбу Кодекснинг 170-моддасига мувофиқ тасдиқланган давлат молиявий назорати объектларини назорат қилиш режасига кўра йилига кўпи билан бир марта амалга оширилади.

Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратини амалга ошириш муддати ўттиз календарь кундан ошмаслиги лозим. Зарур ҳолларда якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратини амалга ошириш муддати давлат молиявий назоратини тайинлаган тегишли давлат молиявий назорат органининг раҳбари ёки у ваколат берган шахс томонидан узайтирилиши мумкин.



183-модда. Давлат молиявий назорати натижалари

бўйича расмийлаштириладиган ҳужжатлар

Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратининг натижалари давлат молиявий назорат органининг мансабдор шахси томонидан:

текшириш ва тафтиш натижалари бўйича тузиладиган ҳужжат - далолатнома;

давлат молиявий назорати натижаларини умумлаштирувчи ҳужжат - жамланма далолатнома;

ўрганиш ва назорат тартибида текшириш натижалари бўйича тузиладиган ҳужжат - маълумотнома ёки хулоса тарзида расмийлаштирилади.    



184-модда. Давлат молиявий назорати

натижаларини расмийлаштириш

Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назорати натижаларига доир ҳужжатлар қуйидагилар кўрсатилган ҳолда расмийлаштирилади:

расмийлаштирилаётган ҳужжатнинг тури;

текшириш ўтказилган жой, ҳужжат тузилган сана;

давлат молиявий назоратини ўтказиш учун асос;

давлат молиявий назоратининг тури ва уни ўтказиш даври;

давлат молиявий назоратини ўтказган мансабдор шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

давлат молиявий назорати объектининг тўлиқ номи, назорат билан қамраб олинган давр учун масъул мансабдор шахсларнинг лавозими, фамилияси, исми ва отасининг исми улар эгаллаб турган лавозимларида ишлаган давр албатта кўрсатилган ҳолда;

давлат молиявий назорати объектининг жойлашган ери (почта манзили), банк реквизитлари;

олдинги тафтиш (текшириш) натижалари юзасидан кўрилган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотлар;

давлат молиявий назорати билан қамраб олинган давр ҳамда уни ўтказиш учун давлат молиявий назорати объекти томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳақидаги умумий маълумотлар;

тафтиш (текшириш) жараёнида аниқланган қоидабузарликлар фактлари, нормалари бузилган қонунчилик ҳужжатлари кўрсатилган ҳолда.

Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назорати натижаларига доир ҳужжатга давлат молиявий назоратини ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари, давлат молиявий назорати доирасида ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги баённомалар, инвентаризация далолатномалари, жалб этилган экспертлар ва мутахассисларнинг хулосалари, назоратни ўтказиш жараёнида давлат молиявий назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг сўровига кўра олинган материаллар, шунингдек назорат доирасида бажарилган ҳаракатларни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар қўшиб қўйилиши лозим.

Давлат молиявий назорати натижаларига доир ҳужжатга қонунчилик ҳужжатлари билан, ҳужжатлар билан ёки давлат молиявий назорати объекти фаолиятининг давлат молиявий назорати жараёнида амалга оширилган тартиб-таомиллар натижалари билан тасдиқланмаган турли хил хулосаларни, тахминларни ва фактларни, тергов материалларидан маълумотларни ва давлат молиявий назорати объекти мансабдор шахслари тергов органларига берган кўрсатувларга ҳаволаларни киритишга йўл қўйилмайди.

Давлат молиявий назорати натижаларига доир ҳужжатда давлат молиявий назорати объектининг мансабдор ва моддий жавобгар шахслари ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмаслиги, шунингдек уларнинг қилмишлари, ниятлари ва мақсадлари тавсифланмаслиги лозим.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган маълумотлар маълумотнома (хулоса) расмийлаштирилаётганда мажбурий эмас.

Давлат молиявий назоратининг натижаларига доир ҳужжатлар давлат молиявий назоратини ўтказган мансабдор шахслар, шунингдек давлат молиявий назорати объектининг мансабдор ва масъул шахслари томонидан имзоланади.

Давлат молиявий назорати объектининг мансабдор ва масъул шахслари давлат молиявий назорати натижаларига рози бўлмаган тақдирда, ҳужжатни ўз эътирозлари билан имзолайди ҳамда ўн кунлик муддат ичида эътирозларини давлат молиявий назорат органига ёзма шаклда тақдим этади.

Давлат молиявий назорати объекти томонидан эътирозлар ўн кунлик муддатда ёзма шаклда тақдим этилмаган тақдирда, давлат молиявий назорати натижаларига доир ҳужжат давлат молиявий назорати объекти томонидан қабул қилинган деб ҳисобланади ҳамда давлат молиявий назорат органи томонидан уни амалга ошириш чоралари кўрилади.

Давлат молиявий назорати объекти судга мурожаат этган тақдирда, ўзининг судга мурожаат этганлигини тасдиқловчи ҳужжатни ўн кунлик муддатда давлат молиявий назорат органига тақдим этиши шарт. Суд томонидан давлат молиявий назорати объектининг мурожаати хусусида қарор қабул қилингунига қадар давлат молиявий назорат органи давлат молиявий назорати натижалари бўйича расмийлаштирилган ҳужжатнинг низоли бандларга тегишли қисми бўйича амалга оширилишини тўхтатиб туради.

Давлат молиявий назорати натижаларига доир ҳужжатларда баён этилган маълумотларнинг ишончлилиги, холислиги ва тўлиқлиги давлат молиявий назорат органларининг мансабдор шахслари томонидан таъминланади.



185-модда. Давлат молиявий назорати объекти мансабдор

шахсларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Давлат молиявий назорати объектининг мансабдор шахслари:

давлат молиявий назорати амалга оширилишининг мақсади, бошланиш санаси ва давомийлигини билишга;

давлат молиявий назорат органларининг текширувчи мансабдор шахсларидан мазкур орган раҳбарининг қарорини ва якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи бир марталик гувоҳномани, шунингдек шахсий гувоҳномани талаб қилишга;

давлат молиявий назоратини ўтказиш учун асосга эга бўлмаган шахсларни давлат молиявий назоратига қўймасликка;

давлат молиявий назорати натижалари юзасидан шикоят қилишга ҳақлидир.

Давлат молиявий назорати объектининг мансабдор шахслари:

давлат молиявий назорат органининг мансабдор шахслари давлат молиявий назоратини ўтказиши учун зарур шароитлар яратиши;

давлат молиявий назорат органи ва унинг мансабдор шахсларининг қонуний талабларини бажариши, шунингдек давлат молиявий назорат органи мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига монелик қилмаслиги;

давлат молиявий назоратини ўтказиш вақтида давлат молиявий назорат органининг мансабдор шахсларига мазкур назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиши ҳамда уларнинг ишончлилиги, холислиги ва тўлиқлиги учун шахсан жавобгар бўлиши;

бюджет тўғрисидаги қонунчилик бузилган ҳолда фойдаланилган маблағларнинг ўрни қопланишини, шунингдек товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилишини таъминлаши шарт.

Давлат молиявий назорати объектининг мансабдор шахслари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


186-модда. Давлат молиявий назоратини ўтказишдаги чекловлар

Давлат молиявий назоратини:

давлат молиявий назорати объекти мансабдор шахсининг яқин қариндоши, эрининг (хотинининг) қариндоши бўлган;

давлат молиявий назорати объектида шахсий мулкий манфаатлари бўлган;

текширув билан қамраб олинган даврда давлат молиявий назорати объектида ишлаган давлат молиявий назорат органларининг мансабдор шахслари томонидан ўтказиш тақиқланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар юзага келган тақдирда давлат молиявий назорат органларининг мансабдор шахслари бу ҳақда давлат молиявий назоратини тайинлаган органнинг раҳбарини ёзма шаклда хабардор қилиши керак.



28-БОБ. БЮДЖЕТ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ БУЗИШ


187-модда. Бюджет интизомини бузиш

Қуйидагилар бюджет интизомини бузишдир:

Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини уларни олиш (улардан фойдаланиш) шартларига мувофиқ бўлмаган мақсадларга молия йили давомида йўналтириш;

меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича белгиланган разрядларга, лавозим маошлари, устамалар, иш ҳақига қўшимчалар ва бошқа тўловлар миқдорларига риоя этмасдан молия йили давомида тўловларни амалга ошириш;

бюджетдан молиялаштириладиган муассасалар ва ташкилотларга иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ва уларга тенглаштирилган бошқа харажатларни тўлаш учун пул маблағлари берилишини, шунингдек пенсияларни етказиб беришни амалга оширувчи муассасаларга пул маблағлари берилишини банкларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари томонидан асоссиз кечиктириш.


188-модда. Смета-штат интизомини бузиш

Смета-штат интизомини бузиш қуйидагилар натижасида Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини молия йили давомида сарфлашдир:

нотўғри маълумотлар асосида ва нормативларга нисбатан ошириб кўрсатилган бюджетдан ажратиладиган маблағларни харажатлар сметасига киритиш;

ходимларнинг белгилаб қўйилган чекланган умумий сонига, ходимларнинг тоифалари ўртасидаги ўзаро нисбат нормативларига, намунавий штат нормативларига риоя этмаслик;

бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибига риоя этмаслик;

тарификация рўйхатларини тузишнинг белгиланган тартиби ва нормативларига риоя этмаслик.


189-модда. Бюджет ҳисобини ва молиявий

ҳисоботни юритиш тартибини бузиш

Бошланғич ҳисоб ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги, бюджет ҳисоби ва молиявий ҳисобот маълумотларининг бошланғич ҳисоб ҳужжатларининг маълумотларига номувофиқлиги, бюджет ҳисоби ва молиявий ҳисоботларда операциялар ва мол-мулкнинг тўлиқ акс эттирилмаганлиги бюджет ҳисобини ва молиявий ҳисоботни юритиш тартибини бузишдир.



190-модда. Бюджет сўровини, рўйхатдан ўтказиш учун харажатлар

сметаларини ва штат жадвалларини, шунингдек молиявий ҳисоботни

ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси

тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш тартибини бузиш

Молия органларига бюджет сўровини, рўйхатдан ўтказиш учун харажатлар сметаларини ва штат жадвалларини, шунингдек молиявий ҳисоботни ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган муддатларда тақдим этмаслик бюджет сўровини, рўйхатдан ўтказиш учун харажатлар сметаларини ва штат жадвалларини, шунингдек молиявий ҳисоботни ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш тартибини бузишдир.

190-1-модда. Бюджет жараёнининг очиқлигини

таъминлаш тартибини бузиш

Маълумотнинг ушбу Кодекс 166-1-моддасида назарда тутилган муддатлар бузилган ҳолда тегишли ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида мавжуд эмаслиги, тўлиқ жойлаштирилмаганлиги ва (ёки) жойлаштирилмаганлиги бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузишдир.



191-модда. Ўзбекистон Республикасига беғараз

ёрдам доирасида келиб тушган товарлардан

фойдаланиш тартибини бузиш

Ўзбекистон Республикасига беғараз ёрдам доирасида келиб тушган товарларни сотиш, ижарага бериш ёки бошқа тижорат мақсадларига йўналтириш улардан фойдаланиш тартибини бузишдир.


192-модда. Бюджет тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Бюджет тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 31 декабрь, 52-(I)-сон





















































Время: 0.1413
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск