ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Никоҳ ва оила / Кон-кариндошлик. Болаларнинг насл-насабини белгилаш. Алимент мажбуриятлари. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш /

Ўзбекистон Республикасининг 02.01.2014 й. ЎРҚ-364-сон "Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 08.11.2013 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 12.12.2013 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

02.01.2014 й.

N ЎРҚ-364

ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2013 йил 8 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2013 йил 12 декабрда маъқулланган

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги

қонунчилик

Васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


васийлик - ўн тўрт ёшга тўлмаган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли;

ҳомийлик - ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомала лаёқати чекланган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли. Соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва ўз мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга бу шахсларнинг илтимосига кўра ҳомийлик белгиланиши мумкин;

васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс - ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахс;


васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахслар - алоҳида ғамхўрликка, шунингдек ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига муҳтож бўлган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилмаган ота-онаси бўлган ҳамда болаларнинг ҳаёти ёки соғлиғига бевосита таҳдид туғдираётган ёки уларнинг таъминоти, тарбия ва таълим олишига доир талабларга жавоб бермайдиган шароитда яшаётган болалар, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийликка муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли фуқаролар, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган фуқаролар.



4-модда. Васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги

давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг ўз вақтида аниқланиши, ҳисобга олиниши ва жойлаштирилишини таъминлаш;

васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги қонунчилик ижросини таъминлаш;

болаларни оилада тарбиялаш шаклининг устуворлигини таъминлаш;

васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахслар тўғрисида ғамхўрлик кўрсатаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш;

васийлик ва ҳомийлик соҳасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш;

васийлик ва ҳомийлик соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.



5-модда. Васийлик ва ҳомийликнинг асосий принциплари

Васийлик ва ҳомийликнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

инсонпарварлик ва меҳр-шафқат;

васийлик ва ҳомийлик масалаларида индивидуал ёндашув;

болаларни оилада тарбиялаш шаклининг устуворлиги;

васийлик ва ҳомийликка доир мажбуриятларни қабул қилишнинг ва рад қилишнинг ихтиёрийлиги.



6-модда. Васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож

бўлган шахсларни қабул қилган оилани кузатиб бориш

Васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни қабул қилган оила жойлашган ердаги васийлик ва ҳомийлик органлари васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ижтимоий ва психологик мослашувини таъминлаш мақсадида ушбу оилани кузатиб боришни амалга оширади.

Васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни қабул қилган оилани кузатиб бориш қонунчиликда назарда тутилган маслаҳат ёрдами, ҳуқуқий, ижтимоий, психологик-педагогик, тиббий ёрдам кўрсатилишини кўзда тутади.

Васийликка ёки ҳомийликка муҳтож бўлган шахсларни қабул қилган оилани кузатиб бориш бепул амалга оширилади.



2-БОБ. ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК СОҲАСИДАГИ

ФАОЛИЯТНИ АМАЛГА ОШИРУВЧИ ДАВЛАТ

ОРГАНЛАРИ ҲАМДА УЛАРНИНГ

ВАКОЛАТЛАРИ

7-модда. Васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги фаолиятни

амалга оширувчи давлат органлари

Васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари жумласига қуйидагилар киради:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

Васийлик ва ҳомийлик бўйича фаолият:

туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари томонидан - вояга етмаганларга нисбатан;

туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари томонидан - суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларга, шунингдек соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийликка муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга нисбатан амалга оширилади;

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги фаолиятни ушбу Қонунда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида амалга оширади.

Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикасидан ташқарида яшайдиган, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва ўз мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда васийлик ёки ҳомийлик белгилаш чора-тадбирларини кўради.

Васийлик ва ҳомийлик органларидан ташқари бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни аниқлаш ва жойлаштириш бўйича фаолият юритишига йўл қўйилмайди.

8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

васийлик ва ҳомийлик соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди;

давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

васийлик ва ҳомийликни белгилаш, шунингдек васий ва ҳомий тайинлаш тартибини белгилайди;

васийлик ва ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни, уларнинг жойлаштирилганлигини ҳамда мол-мулкини ҳисобга олишнинг электрон ахборот тизимини (бундан буён матнда ахборот тизими деб юритилади) ташкил этиш ва юритиш тартибини ҳамда унга киритиладиган маълумотлар рўйхатини белгилайди;

васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдини юритиш ва васий ёки ҳомий томонидан ўз мажбуриятларини бажариши тўғрисида ҳисобот тақдим этиш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


9-модда. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача

ва мактаб таълими вазирлигининг ҳамда Соғлиқни

сақлаш вазирлигининг васийлик ва ҳомийлик

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:

васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда уларни амалга оширишда иштирок этади;

болаларни оилада тарбиялаш шаклининг устуворлигини таъминлайди;

васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;

васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларга муносиб турмуш ва таъминот шароитларини таъминлайди;

васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминловчи давлат муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

ижтимоий ишлар соҳасида васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни маслаҳат ёрдами, ижтимоий-ҳуқуқий, психологик-педагогик, тиббий жиҳатдан комплекс қўллаб-қувватлашни таъминловчи мутахассислар тайёрлайди;

оила ва болаларни қўллаб-қувватлаш муассасалари тармоқларини, хизматларини, васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларга ҳамда уларнинг оилаларига маслаҳат ёрдами, ҳуқуқий, ижтимоий, психологик-педагогик, тиббий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш марказларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар кўради;

васийлик ва ҳомийлик соҳасида халқаро ҳамкорликни белгиланган тартибда амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


10-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:

васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этади;

васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;

васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги вазифаларни бажарувчи ҳудудий давлат бошқаруви органлари фаолиятини назорат қилишни ҳамда мувофиқлаштириб боришни амалга оширади;

васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир тадбирларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

ахборот тизимини юритади;

ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳал этади;

ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ғамхўрлик қилаётган шахсларни рағбатлантириш механизмларини яратади ва такомиллаштиради;

оилага тарбияга олинган (патронат) болаларнинг турмуш шароитларини ва уларнинг тарбияланишини мониторинг қилади;

етим болаларга ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жой сотиб олиш учун назарда тутилган маблағларнинг тақсимланиши ҳамда уларнинг ўз эгаларига берилиши устидан назорат ўрнатади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Туманлар, шаҳарлар ҳокимлари васийликни ёки ҳомийликни белгилаш ва тугатиш бўйича, шунингдек васийларни ёки ҳомийларни ўз мажбуриятларини бажаришдан озод этиш ёхуд четлаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

11-модда. Васийлик ва ҳомийлик органларининг

асосий вазифалари

Васийлик ва ҳомийлик органларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳисобга олиш;

васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг зарур ҳужжатларини тайёрлаш ва уларни жойлаштириш;

васийликдаги ёки ҳомийликдаги ҳамда васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

васийлар ва ҳомийларнинг мажбуриятлари бажарилишини, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг таъминоти, уларга тарбия ва таълим бериш шароитларини, шунингдек мол-мулки бут сақланишини таъминлаш устидан назорат қилиш.



12-модда. Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари

болаларни ҳимоя қилиш шуъбаларининг васийлик

ва ҳомийлик соҳасидаги ваколатлари

<Notes>(ЎзР 11.04.2023 й. ЎРҚ-829-сон Қонуни таҳриридаги модда номи)

(Олдинги таҳририга қаранг)


Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари ўз ваколатлари доирасида:

етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлайди ва уларнинг ҳисобини юритади;

етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақидаги маълумотларнинг ахборот базасини юритади, шунингдек давлат статистика ҳисоботини тегишли давлат статистика органига қонунчиликда белгиланган шаклда ва муддатларда тақдим этади;

етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги, уларнинг жойлаштирилганлиги ҳамда мол-мулки ҳақидаги маълумотларни ахборот тизимига киритади;

етим болаларнинг ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;

васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган ҳамда васийларга ва ҳомийларга қўйиладиган талабларга мос бўлган шахсларни танлашни ҳамда ҳисобга олишни амалга оширади;

етим болаларга ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгилаш учун зарур ҳужжатларни тайёрлайди;

етим болаларнинг ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг турмуш ва таъминот шароитларини, шунингдек васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахсларнинг турмуш шароитларини текширувдан ўтказади ҳамда бу ҳақда далолатнома тузади;

етим болаларга ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланиши зарурлиги, шунингдек васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахснинг васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкинлиги тўғрисида туман, шаҳар ҳокими учун хулоса тайёрлайди;

васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларини юритади;

васийлар ва ҳомийларнинг ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариши устидан назоратни амалга оширади, уларга васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларни тарбиялашни, уларнинг тиббий кузатувини ташкил этишда, таълим муассасаларига ҳамда ишга жойлаштирилишида ёрдам кўрсатади;

етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришни, шунингдек уларнинг мол-мулки бут сақланишини таъминлайди;

васийликни ёки ҳомийликни тугатиш тўғрисида, шунингдек ушбу Қонуннинг 29 ва 30-моддаларида назарда тутилган ҳолларда васийларни ёки ҳомийларни ўз мажбуриятларини бажаришдан озод этиш ёхуд четлаштириш ҳақида туман, шаҳар ҳокимига илтимосномалар киритади;

боланинг ҳаётига ёки соғлиғига бевосита таҳдид туғилган ҳолларда уни ота-онасидан ёхуд ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан олиб қўйиш чора-тадбирларини кўради;

вояга етмаганни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) тўғрисида ҳомийларнинг розилиги билан қарор қабул қилади;

васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан белгиланган тартибда ариза билан судга мурожаат қилади, мазкур масалалар юзасидан ишларни суд мажлисларида кўриб чиқишда иштирок этади;

ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганнинг ўз иш ҳақи, стипендияси ёки бошқа даромадларини мустақил равишда тасарруф этиш ҳуқуқини чеклаш ёки уни бу ҳуқуқдан маҳрум этиш тўғрисида судга зарур ҳолларда ариза билан мурожаат қилади, вояга етмаганнинг қонунда белгиланган тартибда тўла муомала лаёқатига эга бўлиши ҳоллари бундан мустасно;

васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларга тегишинча маслаҳат ёрдами, ҳуқуқий, ижтимоий, психологик-педагогик ва тиббий ёрдам кўрсатиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади;

фуқароларга васийлик ва ҳомийлик масалалари бўйича маслаҳатлар беради;

фуқароларнинг васийлик ва ҳомийлик масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан зарур чоралар кўради.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

13-модда. Туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг

васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги ваколатлари

Туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари ўз ваколатлари доирасида:

муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқароларни, шунингдек соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийликка муҳтож бўлган шахсларни аниқлайди ҳамда уларнинг ҳисобини юритади;

муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар, шунингдек соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийликка муҳтож бўлган шахслар ҳақидаги маълумотларнинг ахборот базасини юритади, маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотлар базасига киритиш учун тақдим этади, шунингдек давлат статистика ҳисоботини тегишли давлат статистика органига қонунчиликда белгиланган шаклда ва муддатларда тақдим этади;

муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар, шунингдек соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийликка муҳтож бўлган шахслар тўғрисидаги, уларнинг жойлаштирилганлиги ҳамда мол-мулки ҳақидаги маълумотларни ахборот тизимига киритиш учун туман, шаҳар ҳокимлигига тақдим этади;

муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;

васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган ҳамда васийларга ва ҳомийларга қўйиладиган талабларга мос бўлган шахсларни танлашни ҳамда ҳисобга олишни амалга оширади;

муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқароларга, шунингдек соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийликка муҳтож бўлган шахсларга нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгилаш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди;

муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқароларнинг, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийликка муҳтож бўлган шахсларнинг турмуш ва таъминот шароитларини, шунингдек васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахсларнинг турмуш шароитларини текширувдан ўтказади ҳамда бу ҳақда далолатнома тузади;

васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахснинг васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкинлиги тўғрисида туман, шаҳар ҳокимига хулоса беради;

васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларини юритади;

васийлар ва ҳомийларнинг ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариши устидан назоратни амалга оширади, уларга васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларни парвариш қилишни, тарбиялашни ва уларнинг тиббий кузатувини ташкил этишда ёрдам кўрсатади;

васийликни ёки ҳомийликни тугатиш тўғрисида, шунингдек ушбу Қонуннинг 29 ва 30-моддаларида назарда тутилган ҳолларда васийларни ёки ҳомийларни ўз мажбуриятларини бажаришдан озод этиш ёхуд четлаштириш ҳақида туман, шаҳар ҳокимига илтимосномалар киритади;

васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига доир ариза билан белгиланган тартибда судга мурожаат қилади, мазкур масалаларга доир ишларни суд мажлисларида кўриб чиқишда иштирок этади;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларга тегишинча маслаҳат ёрдами, ҳуқуқий, ижтимоий, психологик-педагогик ва тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлик қилади;

фуқароларга васийлик ва ҳомийлик масалалари бўйича маслаҳатлар беради;

фуқароларнинг васийлик ва ҳомийлик масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан зарур чоралар кўради.

Туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

14-модда. Туман, шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини

ижтимоий муҳофаза қилиш марказларининг васийлик

ва ҳомийлик соҳасидаги ваколатлари


3-БОБ. ВАСИЙЛИК ЁКИ ҲОМИЙЛИК БЕЛГИЛАНИШИГА

МУҲТОЖ БЎЛГАН ШАХСЛАР ВА УЛАРНИНГ

МОЛ-МУЛКИ ТЎҒРИСИДАГИ АХБОРОТ

15-модда. Ахборот тизимига киритиш

учун маълумотларни тақдим этиш

Васийлик ва ҳомийлик органлари васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахслар тўғрисидаги, уларнинг жойлаштирилганлиги ҳамда мол-мулки ҳақидаги маълумотларни ҳар ойда ахборот тизимига киритади.

Васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг яшаш жойи ва унинг мулкий аҳволи ўзгарган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари мазкур ўзгаришлар тўғрисида етти иш куни ичида туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбаларини хабардор этиши ҳамда унинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдини мазкур шахснинг янги яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига юбориши шарт. Бунда шахсий ҳужжатлар йиғмажилдининг кўчирма нусхаси васийлик ва ҳомийлик органининг архивида қолиши шарт.


16-модда. Васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож

бўлган шахслар аниқланганлиги тўғрисида васийлик

ва ҳомийлик органларига маълумотлар тақдим этиш

Васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахслар аниқланганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари, таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мазкур шахслар аниқланган кундан эътиборан етти иш куни ичида улар ҳақидаги маълумотларни ахборот тизими орқали ёки ёзма шаклда васийлик ва ҳомийлик органларига юборади.

Васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган болалар аниқланган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органи бундай маълумотлар олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида уларнинг турмуш ва таъминот шароитларини қонунчиликда белгиланган тартибда текширувдан ўтказиши шарт.


17-модда. Яшаш жойи Ўзбекистон Республикасининг бошқа

вилоятлари, туманлари, шаҳарлари ёки бошқа мамлакат

бўлган васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож

шахслар аниқланганда васийлик ва ҳомийлик

органларининг мажбуриятлари

Яшаш жойи Ўзбекистон Республикасининг бошқа вилоятлари, туманлари, шаҳарлари ёки бошқа мамлакат бўлган васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахслар аниқланган тақдирда васийлик ва ҳомийлик органлари:

васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахслар аниқланганлиги тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига киритиш учун улар ҳақиқатда турган жойдаги туман (шаҳар) ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбасига тақдим этади;

васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахс аниқланганлиги ҳақида унинг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органини хабардор қилади;

васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органидан мазкур шахснинг ота-онаси ёки бошқа қариндошлари, турар жойи ва бошқа мол-мулки бор-йўқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни олади;

уларни яшаш жойига қайтаришга кўмаклашади.

Яшаш жойи Ўзбекистон Республикасининг бошқа вилоятлари, туманлари, шаҳарлари ёки бошқа мамлакат бўлган васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахслар аниқланганда васийлик ва ҳомийлик органларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


18-модда. Ахборот тизимини юритиш

Ахборот тизимини туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари юритади.

Ахборот тизимига васийлик ва ҳомийлик органларидан келиб тушадиган васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахслар тўғрисидаги, уларнинг жойлаштирилганлиги ҳамда мол-мулки ҳақидаги маълумотлар киритилади.

Ахборот тизимини ташкил этиш ва юритиш тартиби ҳамда унга киритиладиган маълумотлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

4-БОБ. ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИКНИ БЕЛГИЛАШ.

ВАСИЙ ЁКИ ҲОМИЙ ТАЙИНЛАШ

19-модда. Васийлик ва ҳомийликни белгилаш

Васийлик ва ҳомийлик туман, шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади.

Васийлик ёки ҳомийлик васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг яшаш жойи бўйича, агар шахс муайян яшаш жойига эга бўлмаса, васийнинг ёки ҳомийнинг яшаш жойи бўйича белгиланади.

20-модда. Ота-она яшаш жойида вақтинча бўлмаганда

васийлик ёки ҳомийлик белгилаш

Ота-она уч ойдан ортиқ муддатга яшаш жойидан, шу жумладан, чет давлатга вақтинча чиқиб кетаётганида ушбу Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ ўз боласига васий ёки ҳомий тайинлаш чораларини кўриши шарт.

Ота-она уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга яшаш жойидан, шу жумладан, чет давлатга вақтинча чиқиб кетаётганида ўз боласини қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларининг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назорати остида қолдириши шарт. Бу ҳолда васийлик ёки ҳомийлик агар боланинг манфаатлари учун зарур бўлса, белгиланади.

Ота-она уч ойдан ортиқ муддатга яшаш жойидан, шу жумладан, чет давлатга вақтинча чиқиб кетишидан камида бир ой олдин ўз боласига васий ёки ҳомий тайинлаш тўғрисидаги аризани ўзи вақтинча ёки доимий яшаётган ҳудуднинг васийлик ва ҳомийлик органига бериши керак.



21-модда. Васий ёки ҳомий тайинлаш

Васийлик ёки ҳомийлик бўйича мажбуриятларни бажариш учун туман, шаҳар ҳокимининг қарори билан васий ёки ҳомий тайинланади.

Вояга етган фуқаролар фақат ўз розилигига кўра васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин.

Туман, шаҳар ҳокими васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахснинг ёзма аризасига мувофиқ васий ёки ҳомий тайинлайди.

Васий ёки ҳомий тайинлашда унинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатлари, мажбуриятларни бажариш қобилияти, васий, ҳомий ва васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс ўртасидаги муносабатлар, васий ёки ҳомий оиласининг васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга муносабати, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг истаги инобатга олиниши лозим.

Васийлик ёки ҳомийлик белгилаш зарурлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органларига маълум бўлган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай васий ёки ҳомий тайинланиши керак.

Агар васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсга бир ой ичида васий ёки ҳомий тайинланмаган бўлса, васийнинг ёки ҳомийнинг мажбуриятларини бажариш васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахс аниқланган жойдаги тегишли васийлик ва ҳомийлик органининг зиммасига вақтинча юклатилади.

Ота-онаси бўлган вояга етмаганларга нисбатан тегишли васийлик ва ҳомийлик органи уларнинг ота-онаси ёки қариндошлари қарамоғида бўлмаганлиги факти аниқланган кундан эътиборан васийнинг ёки ҳомийнинг мажбуриятларини бажаради.

Васийлик ва ҳомийлик органи васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахс ҳақидаги маълумотларни олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларига, шунингдек соғлиқни сақлаш муассасаларига ёзма сўров юборади. Бунда васийлик ва ҳомийлик органи фуқаро тўғрисидаги фақат васийнинг ёки ҳомийнинг мажбуриятларини бажариш қобилиятини аниқлаш имконини берадиган ахборот тақдим этилишини талаб қилади.

Васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахс ҳақидаги васийлик ва ҳомийлик органи томонидан олинган маълумотлар маҳфий бўлиб, ошкор қилинмайди, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Яшаш жойидан қатъи назар, васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг қариндошлари, у яшаётган оиланинг шахслари, ака-укаларни ва опа-сингилларни улар ўртасидаги қариндошлик алоқаларини узмасдан васийликка ёки ҳомийликка олаётган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари васий ёки ҳомий этиб тайинланишда имтиёзли ҳуқуққа эга.

Васий ва ҳомий тайинлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

22-модда. Васий ёки ҳомий этиб тайинланиши

мумкин бўлмаган шахслар

Қуйидагилар васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин эмас:

ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ёки ота-оналик ҳуқуқлари чекланган шахслар;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

собиқ фарзандликка олувчилар, агар фарзандликка олиш уларнинг ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинганлар билан шафқатсиз муносабатда бўлганлиги, сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганлиги оқибатида бекор қилинган бўлса;

ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёхуд ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги учун васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;

ҳаётга, соғлиққа қарши жиноятлар, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган жиноятлар, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши, шахснинг озодлигига, шаъни ва қадр-қимматига қарши (бундан туҳмат, ҳақорат қилиш мустасно), фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши (бундан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, муаллифлик ёки ихтирочилик ҳуқуқларини бузиш мустасно), тинчликка ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши, Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар, ўзгаларнинг мол-мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлган жиноятлар, жиноий йўл билан топилган мол-мулкни олиш ёки ўтказиш, тижоратда пора эвазига оғдириб олиш ёҳуд нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш, бошқарув тартибига, шунингдек одил судловга қарши жиноятлар, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш, жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар (бундан учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузиш, тадқиқот фаолиятини амалга оширишда хавфсизлик қоидаларини бузиш, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш мустасно), гиёҳвандлик воситаларининг ёки психотроп моддаларнинг қонунга хилоф муомаласидан иборат жиноятлар, жамоат тартибига қарши жиноятлар ва ҳарбий мансабдорлик жиноятлари содир этганлик учун илгари ҳукм қилинганлар;

ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи хатбошисида кўрсатилган жиноятлар жумласига кирмайдиган оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун илгари ҳукм қилинганлар;

ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи ва еттинчи хатбошиларида кўрсатилган жиноятларни содир этганлик учун ўзига нисбатан жиноят иши айблилик тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб тугатилганлар;

васий ёки ҳомий этиб тайинланишига тўсқинлик қиладиган касалликларга чалинган шахслар.

Шахснинг васий ёки ҳомий этиб тайинланишига тўсқинлик қиладиган касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

23-модда. Дастлабки тарзда васий ёки ҳомий тайинлаш

Агар васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг манфаатини кўзлаб унга дарҳол васий ёки ҳомий тайинланиши зарур бўлса, шу жумладан, болалар ота-онасидан ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахслардан олиб қўйилса васийлик ва ҳомийлик органи бир ой муддатга дастлабки тарзда васий ёки ҳомий тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

Дастлабки тарзда васий ёки ҳомий тайинлаш васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахснинг аризасига кўра, башарти мазкур шахс томонидан ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжат, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органи томонидан унинг турмуш шароитларини текшириш далолатномаси тақдим этилса, васийлик ва ҳомийлик органи томонидан амалга оширилади.

Дастлабки тарзда тайинланган васийлар ёки ҳомийлар васийнинг ёки ҳомийнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эга бўлади, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг мол-мулкини унинг номидан тасарруф этиш ҳуқуқи бундан мустасно.

Агар васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсга дастлабки тарзда васий ёки ҳомий тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ўтгунига қадар жойлаштиришнинг у ёки бу шакли танланган бўлса ёхуд вақтинча тайинланган васий ёки ҳомий унга васий ёки ҳомий этиб тайинланмаса, дастлабки тарздаги васийлик ёки ҳомийлик тугайди.

24-модда. Шахсга бир нечта васий ёки ҳомий тайинлаш

Васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг қонуний манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, унга туман, шаҳар ҳокими қарори билан бир нечта васий ёки ҳомий тайинланиши мумкин.

Бир нечта васий ёки ҳомий тайинланганда, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бир вақтнинг ўзида барча васийлар ёки ҳомийлар томонидан амалга оширилади. Агар васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг ишларини юритиш васийларнинг ёки ҳомийларнинг бирига топширилса, бу шахс қолган васийлардан ёки ҳомийлардан ишончномалар олган бўлиши лозим.

Бир нечта васий ёки ҳомий тайинланганда, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг парвариш қилинишини таъминлаш ва унинг тиббий ёрдамни ўз вақтида олишига кўмаклашишга доир мажбуриятлар, васийликдаги ёки ҳомийликдаги вояга етмаган шахсга нисбатан эса, шунингдек таъминот, тарбия ва таълим беришга доир мажбуриятлар васийлик ва ҳомийлик органларининг уларни тайинлаш ҳақидаги хулосасига мувофиқ васийлар ёки ҳомийлар ўртасида тақсимланади.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг ва бир вақтнинг ўзида барча васийларнинг ёки ҳомийларнинг манфаатлари ўртасида, шунингдек васийлар ёки ҳомийлар ўз мажбуриятларини бажараётганда васийлар ёки ҳомийлар ўртасида қарама-қаршиликлар юзага келган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи юзага келган қарама-қаршиликлар ҳал этилгунига қадар васийнинг ёки ҳомийнинг мажбуриятларини бажаради.

25-модда. Бир шахсни бир нечта васийликдаги ёки ҳомийликдаги

шахсга васий ёки ҳомий этиб тайинлаш

Зарурат бўлганда, васийликка ёки ҳомийликка олинувчиларнинг қонуний манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, туман, шаҳар ҳокими қарори билан бир шахс бир нечта васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин.

Шахсни иккинчи ва ундан кейинги васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларга васий ёки ҳомий этиб тайинлаш тўғрисидаги туман, шаҳар ҳокими қарорида бошқа шахс васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин эмаслигининг сабаблари кўрсатилган бўлиши шарт.

Айни бир васий ёки ҳомий ўз мажбуриятларини бажараётганда унинг васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахсларнинг манфаатлари ўртасида қарама-қаршиликлар юзага келган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи юзага келган қарама-қаршиликлар ҳал этилгунига қадар васийнинг ёки ҳомийнинг мажбуриятларини бажаради.

26-модда. Вояга етмаганларга нисбатан улар ота-онасининг

ёки вояга етмаганларнинг ўз аризасига кўра васий

ёки ҳомий тайинлаш

Туман, шаҳар ҳокими қарори билан ота-онанинг узрли сабабларга кўра ўзларининг ота-оналик мажбуриятларини бажара олмайдиган давр учун ўзининг вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш тўғрисидаги аризаси асосида васий ёки ҳомий тайинланиши мумкин, ушбу аризада аниқ шахс ҳамда васий ёки ҳомий ваколатларининг амал қилиш муддати кўрсатилади.

Вояга етмаган болаларнинг ота-онаси ўз соғлиғи ҳолатига кўра болаларига васийни ёки ҳомийни, агар унинг розилиги бўлса, белгилаши мумкин. Ота-онанинг ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш ҳақидаги аризаси болаларнинг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига берилади.

Ота-онанинг ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш ҳақидаги аризаси ушбу ариза ёзилган сана кўрсатилган ҳолда уларнинг ўз қўли билан имзоланган ва нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак.

Ота-она ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш ҳақидаги аризасини болаларнинг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига янги ариза бериш йўли билан бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақли.

Ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаганга ҳомий вояга етмаганнинг аниқ шахс кўрсатилган аризасига кўра туман, шаҳар ҳокими қарори билан тайинланиши мумкин.

Туман, шаҳар ҳокими вояга етмаганнинг отаси (онаси) ёки ота-онаси ёхуд ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаганнинг ўзи кўрсатган шахсни васий ёки ҳомий этиб тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарорни фақат бундай тайинлаш қонунчиликка ёхуд вояга етмаганнинг қонуний манфаатларига зид бўлган тақдирда қабул қилади.

27-модда. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинмаган

ота-онаси бўлган вояга етмаганга васий

ёки ҳомий тайинлаш

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинмаган ота-онаси бўлган вояга етмаганга васий ёки ҳомий, агар ота-онаси билан туриши ушбу шахснинг қонуний манфаатларига жавоб бермаслиги ҳамда унинг ҳаёти ёки соғлиғи учун бевосита таҳдид мавжудлиги васийлик ва ҳомийлик органи томонидан аниқланса, тайинланиши мумкин.

Вояга етмаган васийликда ёки ҳомийликда бўлган даврда васийлик ва ҳомийлик органи унинг оиласини ижтимоий-педагогик жиҳатдан реабилитация қилиш ҳамда вояга етмаганни оиласига қайтариш масалалари бўйича, агар бу унинг қонуний манфаатларига зид бўлмаса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.



5-БОБ. ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИКНИ ТУГАТИШ.

ВАСИЙНИНГ ВА ҲОМИЙНИНГ ЎЗ МАЖБУРИЯТЛАРИНИ

БАЖАРИШДАН ОЗОД ҚИЛИНИШИ ҲАМДА ЧЕТЛАШТИРИЛИШИ

28-модда. Васийликни ва ҳомийликни тугатиш асослари

Васийлик қуйидаги ҳолларда тугатилади:

васийликдаги шахс вафот этганда;

вояга етмаган ўн тўрт ёшга тўлганда;

вояга етмаган ота-онасига қайтарилганда;

васийликдаги шахс фарзандликка олинганда;

фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан тикланганда.

Вояга етмаган ўн тўрт ёшга тўлганлиги сабабли васийлик тугатилгач, васийнинг мажбуриятларини бажарувчи шахс белгиланган тартибда тайинланмаган ҳолда вояга етмаганнинг ҳомийси бўлиб қолади.

Ҳомийлик қуйидаги ҳолларда тугатилади:

ҳомийликдаги шахс вафот этганда;

ҳомийликдаги шахс вояга етганда;

ҳомийликдаги шахс ота-онасига қайтарилганда;

ҳомийликдаги шахс фарзандликка олинганда;

фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинганда;

вояга етмаган тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилинганда (эмансипация);

ҳомийликдаги шахс никоҳга кирганда;

соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг соғлиғи яхшиланганда.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс тарбия, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларида ва бошқа шунга ўхшаш муассасаларда вақтинча бўлганда васийнинг ёки ҳомийнинг узрли сабабларга кўра ўз мажбуриятларини бажара олмаслиги васийнинг ёки ҳомийнинг васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга нисбатан ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бекор қилмайди.



29-модда. Васийнинг ёки ҳомийнинг ўз мажбуриятларини

бажаришдан озод қилиниши

Васий ёки ҳомий ўзининг аризасига кўра ўз мажбуриятларини бажаришдан озод қилиниши мумкин.

Ҳомий ҳомийликдаги шахснинг талабига кўра ўз мажбуриятларини бажаришдан озод қилиниши лозим.

Васийни ёки ҳомийни ўз мажбуриятларини бажаришдан озод қилиш тўғрисидаги қарор туман, шаҳар ҳокими томонидан васийлик ва ҳомийлик органининг илтимосномаси асосида қабул қилинади.

Вояга етмаганнинг, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган фуқаронинг васийси ёки ҳомийси ўз мажбуриятларини бажаришдан озод қилинган тақдирда, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг истаги инобатга олинган ҳолда унга қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа васий ёки ҳомий тайинланади ёхуд жойлаштиришнинг бошқа шакли белгиланади.

Соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли фуқаронинг ҳомийси ўз мажбуриятларини бажаришдан озод қилинган тақдирда, ҳомийликдаги шахснинг розилиги билан ҳомий сифатида бошқа шахс тайинланади.

Васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажарган шахс ўз мажбуриятларини бажаришдан озод қилинганлиги тўғрисида унга маълум бўлган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай васийлик ва ҳомийлик органига қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этиши шарт.

30-модда. Васийнинг ёки ҳомийнинг ўз мажбуриятларини

бажаришдан четлаштирилиши

Васий ёки ҳомий ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ёхуд ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилган ҳолларда, уларни ўз мажбуриятларини бажаришдан четлаштириш тўғрисидаги қарор туман, шаҳар ҳокими томонидан васийлик ва ҳомийлик органининг илтимосномаси асосида қабул қилинади.

Васий ёки ҳомий ўз зиммасига юклатилган мажбуриятлардан ғаразли ёки бошқа паст ниятларда фойдаланганда, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсни назоратсиз ва зарур ёрдамсиз қолдирганда, васийлик ва ҳомийлик органлари уни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун зарур чораларни кўриши шарт.

Вояга етмаганнинг, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган фуқаронинг васийси ёки ҳомийси ўз мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган тақдирда, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг истаги инобатга олинган ҳолда унга қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа васий ёки ҳомий тайинланади ёхуд жойлаштиришнинг бошқа шакли белгиланади.

Соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли фуқаронинг ҳомийси ўз мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган тақдирда, ҳомийликдаги шахснинг розилиги билан ҳомий сифатида бошқа шахс тайинланади.

Васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажарган шахс ўз мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилганлиги унга маълум бўлган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай васийлик ва ҳомийлик органига қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этиши шарт.

6-БОБ. ВАСИЙЛАР ВА ҲОМИЙЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ. ВАСИЙЛИКДАГИ ЁКИ

ҲОМИЙЛИКДАГИ ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

31-модда. Васийлар ва ҳомийларнинг ҳуқуқлари

Васийлар ўз васийлигидаги шахсларнинг қонуний вакили бўлиб, уларнинг номидан ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб барча зарур битимларни тузади.

Ҳомийлар ўз ҳомийлигидаги шахсларнинг қонуний вакили бўлиб, ҳомийлигидаги шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишида ва мажбуриятларини бажаришида кўмаклашади, шунингдек уларни учинчи шахслар томонидан бўладиган суиистеъмолликлардан муҳофаза қилади.

Васийлар ва ҳомийлар:

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахсни унинг фикрини ҳамда васийлик ва ҳомийлик органларининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда тарбиялаш усулларини мустақил белгилашга;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахсни қонуний асосларсиз ўзида ушлаб турган ҳар қандай шахсдан, шу жумладан, ота-онасидан ҳамда бошқа яқин қариндошларидан уни қайтариб беришни суд тартибида талаб қилишга;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг таъминоти, унга тарбия, таълим бериш ва унинг соғлиғини сақлаш бўйича ҳуқуқий, услубий, диагностика ва маслаҳат ёрдами олишга;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахс мустақил равишда амалга оширишга ҳақли бўлмаган битимларни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширишга;

зарур ижтимоий ёрдам олиш учун васийлик ва ҳомийлик органларига, таълим муассасаларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, нодавлат нотижорат ташкилотларига мурожаат қилишга;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг даволаниши ва соғлиғини тиклаши мақсадида даволаш, санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар олиш учун соғлиқни сақлаш муассасаларига мурожаат қилишга ҳақли.

Васийлар ва ҳомийлар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Васий ёки ҳомий ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг ота-онаси ва бошқа яқин қариндошлари билан мулоқотда бўлишига тўсқинлик қилишга ҳақли эмас, бундай мулоқот васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг қонуний манфаатларига мос келмайдиган ҳоллар бундан мустасно.

Васий ёки ҳомий, унинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс билан битимлар тузишга, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс билан васийнинг ёки ҳомийнинг эри (хотини), унинг яқин қариндошлари ўртасидаги суд ишларини юритишда васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг вакили бўлишга ҳақли эмас.

32-модда. Васийлар ва ҳомийларнинг мажбуриятлари

Васийлар ва ҳомийлар:

ўзининг яшаш жойи ўзгарганлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органини хабардор қилиши;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахсни тарбиялаши, унинг таъминоти, соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиши, шунингдек унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши;

ўз васийлигидаги шахснинг мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим олиши учун шароитларни таъминлаши;

алиментлар, пенсиялар, нафақалар ҳамда қонунчиликка мувофиқ бошқа ижтимоий тўловлар тўлашни талаб қилиш юзасидан зарур чоралар кўриши;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг ўзларига топширилган мол-мулкини асраб-авайлаши, мол-мулкнинг қиймати пасайишига йўл қўймаслиги ҳамда ундан фойда чиқаришга имкон туғдирмаслиги;

ушбу Қонуннинг 37-моддасида назарда тутилган ҳолларда васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг мулкий ҳуқуқларига дахл қиладиган ҳаракатларни амалга оширишда васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсатларини олиши;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг мол-мулкини бошқаришдан тушган даромадлардан ва бошқа мавжуд маблағларидан унинг таъминоти учун фойдаланиши;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг парвариш қилинишини, тиббий кузатувини ва даволаш-профилактика муассасаларида даволанишини таъминлаши;

васийлик ва ҳомийлик органларига ўз мажбуриятларининг бажарилиши ҳақида ҳисоботлар тақдим этиши;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахс стационарда даволаниш учун жойлаштирилганлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органларини хабардор қилиши;

агар фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топишга ёки муомала лаёқати чекланганлигига доир асослар бекор бўлган бўлса, ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахсни муомалага лаёқатли деб топиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилиши;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги вояга етмаган шахс билан бирга яшаши шарт.

Ўз ҳомийлигидаги шахс билан бирга яшаётган ҳомийнинг яшаш жойини ўзгартириши васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма рухсати ва ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаганнинг розилиги билан амалга оширилади.

Ҳомийнинг ўз ҳомийлигидаги ўн олти ёшга тўлган шахсдан алоҳида яшашига, башарти бу ҳомийликдаги шахснинг тарбиясига, таъминотига ва таълим олишига, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига салбий таъсир кўрсатмаса, васийлик ва ҳомийлик органларининг ёзма рухсати билан йўл қўйилади. Ҳомий ўз ҳомийлигидаги шахсдан алоҳида яшаган тақдирда, унинг яшаш, таълим олиш шароитларини назорат қилиши, уни атрофдагиларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиши шарт.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги вояга етмаган шахснинг турар жойи мавжуд бўлмаган тақдирда, васий ёки ҳомий уй-жой тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ уни олиш бўйича чоралар кўриши шарт.

Муомала лаёқати чекланган фуқароларнинг ҳомийлари уларни спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол этишдан, чекишдан ҳимоя қилишга доир зарур чора-тадбирларни кўриши шарт.

Васийлик ва ҳомийлик бўйича мажбуриятлар бепул бажарилади.

Васийлар ва ҳомийларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

33-модда. Васийликдаги ёки ҳомийликдаги

шахсларнинг ҳуқуқлари

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзларига нисбатан ҳурмат билан ва инсоний муносабатда бўлиниши;

ўзларининг таъминоти, тарбияси, таълим олиши ва соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилиниши;

ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиниши;

ўз ҳуқуқлари ва ўзларига кўрсатилиши мумкин бўлган хизматлар тўғрисида, шунингдек ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари ҳамда воситалари ҳақида васийлик ва ҳомийлик органларидан ахборот олиш;

таълим олишга, соғлиқни сақлашга, ижтимоий муҳофаза қилинишга бўлган ҳуқуқларини, шунингдек ўзларининг жисмоний, ақлий ва маънавий жиҳатдан уйғун ривожланишига ёрдам берадиган бошқа ҳуқуқларни амалга ошириш учун зарур ёрдам олиш ҳамда қўллаб-қувватланиш;

агар бу васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зид бўлмаса, ота-онаси ва бошқа яқин қариндошлари билан мулоқотда бўлиш;

ўз шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотнинг маҳфийлиги таъминланиши;

турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан қариндошлик фактига асосланган мулкий ҳуқуқлари таъминланиши;

васийнинг ёки ҳомийнинг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан васийлик ва ҳомийлик органига, шунингдек судга мурожаат қилиш.

Вояга етмаган васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахслар васий ёки ҳомий билан бирга яшаш ҳуқуқига эга.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


7-БОБ. ВАСИЙЛИКДАГИ ЁКИ ҲОМИЙЛИКДАГИ

ШАХСЛАРНИНГ МУЛКИЙ ҲУҚУҚЛАРИНИ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ

34-модда. Васийликдаги ёки ҳомийликдаги

шахсларнинг мулкий ҳуқуқлари

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахслар васийларнинг ёки ҳомийларнинг мол-мулкига нисбатан, васийлар ёки ҳомийлар эса, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг мол-мулкига, шу жумладан алиментлар, пенсиялар, нафақалар суммаларига ҳамда бошқа ижтимоий тўловларга нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлмайди.

Мол-мулк қонунда назарда тутилган асосларга кўра умумий мулк ҳуқуқи асосида васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларга, васийларга, ҳомийларга тегишли бўлиши мумкин.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахслар ўз васийларининг ёки ҳомийларининг мол-мулкидан уларнинг розилиги билан фойдаланишга ҳақли.

Васийларга ёки ҳомийларга васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг мол-мулкидан ўзларининг манфаатлари йўлида фойдаланиш тақиқланади.



35-модда. Васийликдаги ёки ҳомийликдаги

шахснинг мол-мулкини бошқариш

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг мол-мулкини бошқариш мол-мулкнинг жойлашуви бўйича белгиланади.

Васийлар ўз васийлигидаги шахснинг пул маблағларини банкларга ва бошқа кредит ташкилотларига қўйишга ҳақли. Васийликдаги шахснинг банкларга ва бошқа кредит ташкилотларига қўйилган пул маблағларини васий томонидан сарфлаш фақатгина васийликдаги шахснинг таъминоти учун васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма рухсатига кўра амалга оширилади.

Соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг ҳомийлари ўз ҳомийлигидаги шахснинг розилиги билан ҳомийликдаги шахснинг таъминотига ва маиший эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган маиший ёки бошқа битимлар тузади, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда ҳомийликдаги шахснинг мол-мулкини бошқаришни амалга оширади.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс номидан ҳадя шартномаси тузишга йўл қўйилмайди.

Суднинг фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ёки уни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарори бекор қилинган тақдирда ёхуд мерос қабул қилинганда мол-мулкни бошқариш бекор қилинади.

36-модда. Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг

мол-мулкини муҳофаза қилиш

Васийлар ёки ҳомийлар ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг мол-мулкини уни сақлашни амалга оширган шахслардан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган кундан эътиборан уч иш куни ичида рўйхат бўйича қабул қилиб олиши шарт.

Зарурат бўлган тақдирда, муомала лаёқати чекланган фуқароларнинг ва соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийликка муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларнинг ҳомийлари ўз ҳомийлигидаги шахсларнинг мол-мулкини уларнинг илтимоси бўйича рўйхатга кўра қабул қилиб олишга ҳақли.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс мол-мулкининг рўйхати васийлик ва ҳомийлик органи томонидан васий ёки ҳомий, тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс иштирокида тузилади.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс мол-мулкининг рўйхатини тузишда бошқа манфаатдор шахслар ҳам иштирок этиши мумкин.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс мол-мулкининг рўйхати уч нусхада тузилади ва мол-мулк рўйхатини тузишда ҳозир бўлган шахслар томонидан имзоланади. Рўйхатнинг бир нусхаси васийга ёки ҳомийга топширилади, иккинчи нусхаси васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг васийлик ва ҳомийлик органи томонидан юритиладиган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида сақланади, учинчи нусхаси эса, ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритиш учун туман (шаҳар) ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбасига юборилади.

Зарурат бўлганда, агар буни васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг қонуний манфаатлари талаб этса, васий ёки ҳомий ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг мол-мулкини ўзганинг қонунга хилоф эгалигидан талаб қилиб олиш ҳақида судга ариза бериши ёхуд ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан бошқа чоралар кўриши шарт.

Васийлар ва ҳомийлар ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг ўзига топширилган мол-мулкини асраб-авайлаши, мол-мулкнинг қиймати пасайишига йўл қўймаслиги ҳамда ундан фойда чиқаришга имкон туғдирмаслиги керак. Васий ва ҳомий томонидан мазкур мажбуриятларнинг бажарилиши ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг мол-мулки ҳисобидан амалга оширилади.

Васийлар ўз васийлигидаги шахслар номидан тузган битимлар юзасидан белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



37-модда. Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг

мулкий ҳуқуқларига дахл қиладиган ҳаракатларни васий

ёки ҳомий амалга оширганида васийлик ва ҳомийлик

органларининг рухсатлари

Васийлар васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсати билан:

васийликдаги шахс номидан нотариал тартибда тасдиқланиши лозим бўлган битимлар тузишга;

мол-мулкни тақсимлашга;

васийликдаги шахснинг мол-мулкини бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга гаровга беришга;

васийликдаги шахснинг турар жойини айирбошлашга;

васийликдаги шахс номидан мерос ва (ёки) ҳадя олишдан воз кечишга ҳақли.

Агар васийнинг ёки ҳомийнинг ҳаракатлари васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга қарашли мол-мулкнинг қиймати пасайишига олиб келиши мумкин бўлса, барча ҳолларда, хусусан:

васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг манфаатларини кўзлаб берилган даъводан воз кечилганда;

суд муҳокамасида васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс номидан келишув битимини тузишда;

васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс даъвогар бўлган ижро ишини юритиш бўйича қарздор билан келишув битимини тузишда васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсати талаб этилади.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс номидан ишончнома берилган тақдирда ҳам васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати талаб этилади.

Васийлик ва ҳомийлик органи рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда рухсат беришни рад этиши мумкин.

Васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати ёки рухсат беришни рад этиши бундай рухсатни бериш тўғрисида ариза топширилган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмасдан васийга ёки ҳомийга тақдим этилиши керак.



38-модда. Васийлик ва ҳомийлик органининг рухсатини

олмай туриб васийликдаги ёки ҳомийликдаги

шахс номидан шартнома тузиш оқибатлари

Васий ёки ҳомий томонидан васийлик ва ҳомийлик органининг рухсатисиз васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс номидан шартнома тузилганлиги факти аниқланганда, васийлик ва ҳомийлик органи васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг манфаатларини кўзлаб зудлик билан судга мурожаат қилиши шарт.

Васийлик ва ҳомийлик органининг рухсатисиз васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс номидан тузилган шартнома ҳақиқий эмас деб топилганда, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга тегишли бўлган мол-мулк қайтарилиши, шартнома тарафларига етказилган зарарнинг ўрни эса, қонунчиликда белгиланган миқдорда ва тартибда васий ёки ҳомий томонидан қопланиши шарт.


39-модда. Васий ёки ҳомий томонидан етказилган

мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш

Васийлик ва ҳомийлик органлари васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга ғайриқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли етказилган мулкий зарарнинг ўрни тўлиқ ҳажмда қопланишини васийдан ёки ҳомийдан талаб қилиши шарт, васийлик ёки ҳомийлик тугатилганда эса, васийликдаги ёки ҳомийликдаги муомалага лаёқатли шахс талаб қилишга ҳақли.

Васий ёки ҳомий томонидан васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг мол-мулкини сақлашга ва васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг мол-мулкини бошқаришга доир мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаганда (мол-мулкни яроқсиз ҳолга келтириш, лозим даражада сақламаслик, мол-мулкни белгиланган мақсад учун сарфламаслик, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс мол-мулкининг қиймати пасайишига сабаб бўлган ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) амалга ошириш ва бошқалар) васийлик ва ҳомийлик органи бу ҳақда далолатнома тузиши ҳамда васийга ёки ҳомийга васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида талабнома тақдим этиши шарт.

40-модда. Васийликдаги ёки ҳомийликдаги

шахсга нафақа тайинлаш

Васийнинг ёки ҳомийнинг ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг таъминотига доир харажатларининг ўрни васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс маблағлари ҳисобидан қопланади, бу маблағлар етарли бўлмаган тақдирда эса, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг таъминоти учун васий ва ҳомийга қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тайинланиши мумкин.



8-БОБ. ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК

СОҲАСИДАГИ НАЗОРАТ

41-модда. Васийлик ва ҳомийлик органлари

фаолияти устидан назорат

Васийлик ва ҳомийлик органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан назоратни қонунчиликда ваколат берилган давлат органлари ва мансабдор шахслар амалга оширади.


42-модда. Васийлар ва ҳомийларнинг мажбуриятлари

бажарилиши устидан назорат

Васийлар ва ҳомийларнинг мажбуриятлари бажарилиши устидан назорат васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ёхуд васийларнинг ёки ҳомийларнинг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилади.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахслар васийнинг ёки ҳомийнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан тегишли васийлик ва ҳомийлик органига ёхуд судга шикоят қилишга ҳақли.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳаётига ёки соғлиғига бевосита таҳдид туғилганлиги тўғрисида, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳақида ўзига маълум бўлиб қолган шахслар бу ҳақда васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг ҳақиқатда турган жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши шарт. Бундай маълумотларни олган васийлик ва ҳомийлик органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир зарур чоралар кўриши шарт.

43-модда. Васий ва ҳомийнинг ҳисоботи

Васий ва ҳомий ўз мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда васийлик ва ҳомийлик органига ҳисобот тақдим этиши шарт.

44-модда. Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга

етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

Васийлик ва ҳомийлик органларининг ғайриқонуний қарорлари ёхуд улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланиши шарт.


45-модда. Туман, шаҳар ҳокимининг, васийлик ва ҳомийлик

органларининг қарорлари устидан шикоят қилиш

Туман, шаҳар ҳокимининг васийликни ёки ҳомийликни белгилаш ва тугатиш, васийларни ёки ҳомийларни ўз мажбуриятларини бажаришдан озод этиш ёхуд четлаштириш тўғрисидаги, васийлик ва ҳомийлик органларининг дастлабки тарзда васий ёки ҳомий тайинлаш ҳақидаги қарорлари устидан манфаатдор шахслар томонидан судга шикоят қилиниши мумкин.

46-модда. Васий ва ҳомийнинг ғайриқонуний ҳаракатлари

(ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш

Васий ва ҳомийнинг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс, давлат органлари ва муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг яшаш жойидаги фуқаролар томонидан тегишли васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга шикоят қилиниши мумкин.

9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

47-модда. Низоларни ҳал этиш

Васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

48-модда. Васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

49-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



50-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            И. Каримов



"Халқ сўзи", 2014 йил 3 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2014 йил 6 январь, 1-сон, 1-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2014 йил, 1-сон, 1-модда









































Время: 0.1498
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск