ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Шартномаларнинг айрим турлари / Ижара. Прокат /

Ўзбекистон Республикасининг 19.11.1991 й. 427-XII-сон "Ижара тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

19.11.1991 й.

N 427-XII



ИЖАРА ТЎҒРИСИДА


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ижара

Ижара шартнома асосида ерга, бошқа табиий ресурсларга, шунингдек хўжалик фаолиятини ва ўзга фаолиятни мустақил равишда амалга ошириш учун ижарачига зарур бўлган мол-мулкка ҳақ эвазига муддатли эгалик қилиш ва ундан фойдаланишдан иборатдир.

Ижара Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ман этилмаган фаолиятнинг ҳамма соҳасида мулкчиликнинг барча шакл ва туридаги мол-мулкига нисбатан қўлланиши мумкин.



2-модда. Ижара тўғрисидаги қонунчилик

Ижара муносабатлари ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.


3-модда. Ижара муносабатларининг объекти

Қуйидагилар ижара муносабатларининг объектлари бўлиши мумкин, чунончи:

корхоналар, айрим ишлаб чиқаришлар, цехлар, фермалар, бошқа бўлинмалар, ташкилотлар;

айрим бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари, инвентарлар, асбоблар, бошқа моддий бойликлар;

ер (қишлоқ хўжалиги учун ажратилган ерлар ижарага фақатгина қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш учун берилади) ва бошқа табиий ресурслар.

Ижарага топширишга йўл қўйилмайдиган корхоналар, ташкилотларнинг турлари (гуруҳлари), мулк ва табиий ресурсларнинг турлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


4-модда. Ижара муносабатларининг субъектлари

Ижарага берувчи ва ижарачи ижара муносабатларининг субъектлари ҳисобланадилар.

Мол-мулк эгаси ёки у вакил қилган идора, шу жумладан чет эл юридик жисмоний шахслари мол-мулкни ижарага бериш ҳуқуқига эга бўлган ижара берувчи ҳисобланади.

Юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан совет ва чет эл юридик шахслари иштирокидаги қўшма корхоналар, халқаро уюшмалар ва ташкилотлар, шунингдек хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ижарачи бўлишлари мумкин.

Чет эл юридик ва жисмоний шахсларининг давлат мулкини ижарага олишдаги иштироки Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тартибга солинади.


5-модда. Ижара шартномаси

Томонларнинг ихтиёрийлиги ва тўла тенг ҳуқуқлилиги асосида маълум муддатга тузиладиган ижара шартномаси ижара муносабатларининг юзага келишига асос бўлади. Бунда қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш учун ерни, бошқа табиий ресурсларни ижарага олиш узоқ муддатга - камида 5 йилга мўлжалланган бўлиши керак.

Ижара шартномаси танлов асосида тузилиши мумкин.

Ижара шартномасида:

ижарага берилаётган мол-мулкнинг таркиби ва қиймати, уни ижарага бериш тартиби;

ижара муддати;

ижара ҳақи шартлари ва миқдори, уни тўлаш муддатлари;

ижарага берувчи ижарачига бериши керак бўлган мол-мулкнинг ҳолати;

ижарачининг мол-мулкдан фойдаланиш шартлари;

шартнома тугатилганидан кейин ижарачининг мол-мулкни ижарага берувчига қандай ҳолатда ва қай тартибда қайтариши;

ижарага берилган мол-мулкни тиклаш ва таъмирлаш юзасидан томоннинг мажбурияти;

тўла амортизациядан сўнг мол-мулк кимга қарашли бўлиш шартлари;

агар ижарага олинган мол-мулк кейинчалик сотиб олиш шарти билан топширилаётган бўлса, уни сотиб олиш шартлари, тартиби ва муддати;

ижарага олинган мол-мулкни иккиламчи ижарага бериш шарти, тартиби ва имконияти;

ижарага олувчи ижарага берувчига тақдим этадиган ахборотнинг кўлами ва ахборотни бериш муддатлари;

томонларнинг масъулияти кўзда тутилади.

Ерни ва бошқа табиий ресурсларни ижарага олиш шартномасига табиий объектдан мўлжалланган мақсадга мувофиқ ҳолда оқилона фойдаланиш юзасидан ижарачининг мажбуриятлари кўзда тутилган қоидалар ҳам киритилади.

Ижара шартномасида ижарага берувчининг ноишлаб чиқариш соҳасига тааллуқли мол-мулк объектлари ва уларнинг қиймати алоҳида ажратиб кўрсатилади, томонларнинг ушбу объектларга нисбатан мажбуриятлари (уларни асраш ва сақлаб туриш) ҳам айтиб ўтилади.

Ижара шартномасига бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.


6-модда. Ижарага олинган мулкнинг қиймати

Ижарага берилаётган давлат мулкининг қиймати - Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ белгиланади.

Ижарага берилаётган давлатга қарашли бўлмаган мулкнинг қийматини мулкдор белгилайди.



7-модда. Мол-мулкни ижарачига бериш

Ижарага берувчи ижарачига мол-мулкни у қайси мақсадга мўлжаллаган бўлса, шунга мос ҳолатда ёки шартномада кўзда тутилган ҳолатда топшириши шарт.

Ижарага берувчи ижарага топширилган мулкдан фойдаланишга халақит бераётган ундаги нуқсонлар учун, шу жумладан шартнома тузиш чоғида аниқланмаган нуқсонлар учун ҳам жавобгардир.

Агар ижарага берувчи ижарага берилган мулкни ижарачига фойдаланиш учун ўз вақтида бермаган бўлса, ижарачи ундан бу мулкни талаб қилиб олиш ҳамда ижрони кечиктириб юборганлиги оқибатида етказилган зарар ўрнини қоплашни талаб қилишга ёхуд шартномадан воз кечиб, шартномани бажармаганлик оқибатида ўзига етказилган зарарни ундириб олишга ҳақли.


8-модда. Ижарага олинган мол-мулкни

иккиламчи ижарага топшириш

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ва ижара шартномасида ўзга шартлар кўзда тутилмаган бўлса, ижарачи ижарага олинган мол-мулкни, ижарага берувчининг рухсати билан иккиламчи ижарага топширишга ҳақлидир. Бунда ижарага олувчи шартномага мувофиқ ижарага берувчи олдида жавобгар бўлиб қолаверади.


8-1-модда. Ижара объектлари бўйича ҳуқуқ

ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш

(қайта ижарага бериш)

Ижара муносабатларининг объектлари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар ижарага берувчининг розилиги билан ижарага олувчи томонидан бошқа шахсга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) мумкин, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ижарага олувчи томонидан бошқа шахсга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) мумкин.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объект билан бирга мазкур объект банд этган ҳамда ундан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкаси ижарасига доир ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳам қонунга мувофиқ бошқа шахсга ўтади, бунда ижарага берувчининг розилиги талаб этилмайди.

Қонунда белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион орқали қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини ижарага олган жисмоний ва юридик шахслар ижарага олинган ер участкаларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ижара муддатидан ошмаган муддатга ўтказиши (қайта ижарага бериши) мумкин. Бунда ижара шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар янги ижарага олувчига ўтади.



9-модда. Ижарага бериш чоғида мулкчилик

Мол-мулкни ижарага бериш ана шу мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқининг бошқа кишига ўтказилишига олиб келмайди.

Башарти, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, ижарага олинган мулкдан фойдаланиб тайёрланган маҳсулот ва олинган даромад, шунингдек ижарага олинган мол-мулк орқасидан орттирилган фойда (даромад) эвазига сотиб олинган мол-мулк ижарачига тегишлидир.

Ижарачининг ижарага олинган ер участкасида ўз маблағлари ва қарзга олган маблағлари ҳисобидан қурилишнинг умумий қоидаларига риоя қилган ҳолда зарур ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш бинолари, шу жумладан уй-жой қуриш ҳуқуқи шартномада кўзда тутилган бўлиши керак. Айни пайтда ижара шартномаси тугатилгач, мазкур бинолар ва иншоотлар кимга тегишли бўлиши қайд этиб қўйилиши керак.

Ижарага олинган ҳудудда ижарага берувчининг ижозати билан ижарачининг маблағларига қурилган, бошқа жойга кўчириш мумкин бўлмаган бинолар ва иншоотлар, ижара шартномасида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, ижарага берувчига тегишли бўлади. Шартноманинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг ёки шартнома бекор қилинганда ижарачи уларнинг қийматини ижарага берувчидан қайтариб олишга ҳақлидир.

Ижарага олинган ҳудудда ижарага берувчининг рухсатисиз ижарачи маблағига қурилган бинолар ва иншоотлар, башарти уларни кўчириш мумкин бўлмаса, ижарага берувчига тегишлидир. Агар ижарага берувчи уларни бузиб ташлашни талаб қилса, ижарачи уларни ўз ҳисобидан бузиб ташлашга ёки уларни бузиб ташлаш билан боғлиқ харажатларни қоплашга мажбурдир.

Ижарага олинган корхонанинг мол-мулкида корхона меҳнат жамоасининг аъзолари, шу мол-мулкни вужудга келтириш учун ўз шахсий меҳнати билан, шунингдек пул ва бошқа мулкий бадаллар билан қўшадиган улушнинг миқдори корхона уставида кўзда тутилган шартлар ва тартиб асосида белгилаб қўйилади.

Ижарага олинган корхона мол-мулкига меҳнат жамоасининг аъзоси қўшган улушнинг қиймати бўйича корхонанинг уставига мувофиқ қимматли қоғозлар берилиши мумкин. Мазкур қимматли қоғозларга меҳнат жамоаси ишлаб чиқаришнинг пировард натижаларига ва корхонани ривожлантириш вазифаларига қараб белгилайдиган миқдорда дивидендлар тўланади. Қимматли қоғозларнинг ҳақиқий қиймати қоғоз эгаларига корхона уставида назарда тутилган ҳолларда тўланади.

Корхона уставида у билан меҳнат муносабатларини тугатган меҳнат жамоаси аъзоларига дивидендлар тўлаш тартиби ва шартлари белгилаб қўйилади.

Ижарага олинган корхона ихтиёрида қоладиган фойда (даромад) ижарага берилган корхона жамоасининг қарорига мувофиқ тақсимланади.



10-модда. Ижарачининг ҳисобларидан

пул маблағларини чиқариб ташлаш

Ижарачининг ҳисобларидан пул маблағларини чиқариб ташлаш унинг кўрсатмасига ёки тегишли суднинг қарорига биноан амалга оширилиши мумкин.

Ижарачининг ҳисобларидан пул маблағларини муқаррар чиқариб ташлашга фақат Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.


11-модда. Ижарага олинган мулкни яхшилаш

Ижарачи, башарти шартномада ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, ижарага олинган мол-мулк таркибига унинг қийматини оширадиган ўзгартишларни мустақил равишда киритиш, мол-мулкни реконструкциялаш, кенгайтириш, техник жиҳатдан қайта қуроллантиришга ҳақлидир.

Ижарага олинган мол-мулк, башарти, ижарага берувчининг ижозати билан яхшиланган бўлиб, ижара шартномасида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, шартноманинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг ёки шартнома бекор қилингач, ижарачи ана шу мақсад йўлида сарфлаган барча харажатлари қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.

Ижарага берувчининг рухсатисиз амалга оширилган яхшилашлар, агар уларни ижарага берилган мол-мулкка зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш мумкин бўлмаса, шартноманинг амал қилиш муддати тугагач ёки шартнома бекор қилингач, ижарага берувчига текинга ўтади.

Ижарага берувчининг рухсатисиз амалга оширилган яхшилашларни ижарага берилган мол-мулкка зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш мумкин бўлса, ижарага берувчи уларнинг таннархини тўлашга рози бўлмаса, бундай ҳолда ижарачи уларни ўзига олиши мумкин.


12-модда. Ижара ҳақи

Ижара ҳақи ижара шартномасида томонларнинг ўзаро келишувига биноан белгиланади, бунда давлат мулкида бўлган ер участкалари ва табиий ресурслар учун ижара ҳақи Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўрсатилган тартибда ва доирада белгиланади.

Ижара ҳақи ижарага олинган мол-мулкнинг эгасига тўланади. Бунда, башарти давлат мол-мулки ижарага берилган бўлса, ижара ҳақи қонунчиликда белгиланган тартибда тақсимланиши лозим.

Ижара ҳақи ижарага олинган бутун мол-мулк учун яхлит ёки ҳар бир объект бўйича алоҳида-алоҳида натура, пул ёки аралаш шаклларда белгилаб қўйилиши мумкин. Ижара ҳақини тўлаш шартлари ва муддатлари шартномада белгилаб қўйилади.

Ижара ҳақи миқдори томонларнинг келишувига мувофиқ шартномада кўзда тутилган муддатларда ўзгартирилиши мумкин. Ижара ҳақининг миқдори марказлаштирилган тартибда белгилаб қўйиладиган нарх-наво, тарифлар ва ер солиғи ставкалари ўзгарган тақдирда ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа ҳолларда томонлардан бирининг талабига мувофиқ муддатидан олдин қайта кўриб чиқилиши мумкин.


13-модда. Ижара шартномаси шартларини

ўзгартириш, уни бекор қилиш ва тугатиш

Ижара шартномаси шартларининг ўзгартирилишига, унинг бекор қилинишига ва тугатилишига томонларнинг келишуви билан йўл қўйилади.

Томонларнинг бири шартнома шартларини бузган тақдирда иккинчисининг талабига кўра ижара шартномаси тегишли суднинг қарори билан бекор қилиниши мумкин.

Ижарачи муомалага лаёқатсиз деб топилган тақдирда шартнома Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда ва шартларда тугатилади. Бу ҳолда ижарачининг оила аъзоларидан бири ижара шартномаси тузишда устун ҳуқуққа эга бўлади. Ижарачи содир этган жинояти учун келгусида шартномани бажара олишига имкон бўлмайдиган усулда жазоланган тақдирда ҳам ижара шартномаси тугатилади.


14-модда. Ижара шартномасини давом эттириш

Ижара шартномаси муддати тугаганидан кейин ҳам ижарачи ижарага олинган мулкдан амалда фойдаланишни давом эттираверса ҳамда ижарага берувчи ижара шартномаси муддати тугагунига қадар бунга ҳеч қандай эътироз билдирмаган ва шартномада ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, у ҳолда шартнома худди шу муддатга давом эттирилган ҳисобланади.

Шартнома муддати тугагач, шартномадаги ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарган ижарачи шартномани қайта тиклашда бошқа шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга бўлади.


15-модда. Ижарачи вафот этган тақдирда ижара

шартномаси кучининг сақланиб қолиши

Ижарачи вафот этган тақдирда унинг меросхўрларидан бири амал қилиб турган ижара шартномаси ва унинг шартлари асосида ўзини ижарачи деб эътироф этишни талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.

Амалдаги ижара шартномасининг тузилишига вафот этган ижарачининг шахсий фазилатлари асос қилиб олинган бўлса, у ҳолда ижарага берувчи меросхўрни ижарачи деб эътироф этишдан бош тортишга ҳақлидир.


16-модда. Мол-мулк бошқа мулкдорга ўтганда ижара

шартномаси кучининг сақланиб қолиши

Ижарага олинган мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи ёки Ўзбекистон Республикаси мулкчилик тўғрисидаги қонунчилигида санаб ўтилган ҳуқуқлар ижарага берувчидан бошқа шахсга ўтганда илгари тузилган шартнома, башарти Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, янги мулк эгасига нисбатан ҳам ўз кучини сақлаб қолади.

Мулк эгаси бўлмаган юридик шахс қайта ташкил этилган ҳолларда унинг ижарага берувчи сифатидаги мажбуриятлари ва ҳуқуқлари, башарти Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, ҳуқуқий ворисларга ўтади.


17-модда. Мулкни ижарага берувчига қайтариш

Ижара шартномаси тугатилгач, ижарачи мулк, ер ва бошқа табиий ресурсларни шартномада айтиб ўтилган ҳолатда ижарага берувчига ўз вақтида қайтаришга мажбурдир.

Агар ижарачи ижарага олинган мулкнинг ҳолатини ёмонлаштирган бўлса ёки уни ўз вақтида эгасига қайтармаса, шунинг оқибатида етказилган зарарни ижарага берувчига тўлашга мажбурдир.


18-модда. Ижарага олинган мулкни сотиб олиш

Ижарачи ижарага олинган мулкни ижарага берувчининг розилиги билан тўла ёки қисман сотиб олиши мумкин, бундан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ва бошқа табиий ресурслар мустасно. Давлат мол-мулки Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ тарзда сотиб олинади.

Ижарага олинган мол-мулкни сотиб олиш ижарачининг ўз маблағлари, шу жумладан ижара шароитида хўжалик фаолиятини олиб боришдан келган даромадлар, ижарачига қарашли мол-мулкни сотишдан тушган пул, шунингдек кредитлар ҳамда амалдаги қонунчиликка зид бўлмаган усуллар билан қўлга киритилган бошқа молиявий маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ижарага олинган мол-мулкни сотиб олиш учун давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ижарага олинган мулкни сотиб олиш чекланадиган ёки бунга рухсат этилмайдиган ҳоллар кўзда тутилиши мумкин.


19-модда. Сотиб олиш шартномаси

Мол-мулкни сотиб олиш юзасидан томонларнинг муносабатлари қонунчилик ва шартнома билан тартибга солинади. Сотиб олиш шартномасида:

- сотиб олинаётган мол-мулкнинг таркиби ва пул (қиймат) баҳоси;

- сотиб олиш шакллари ва манбалари;

- сотиб олиш тартиби ва муддатлари;

- сотиб олишда учинчи шахсларнинг, жумладан кредиторларнинг қатнашуви;

- кафолатлар ва сотиб олинаётган мол-мулкнинг сифати;

- Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган бошқа қоидалар белгилаб қўйилади.

Сотиб олиш шартномаси мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун, шу жумладан шартномани бир томонлама ўзгартирганлик ва бекор қилганлик учун томонлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ва сотиб олиш шартномасида белгилаб қўйилган тарзда жавобгар бўладилар.

Сотиб олиш шартномасини тузиш ва уни бажариш чоғида келиб чиқадиган низолар тегишли суд томонидан кўриб чиқилади.


II БЎЛИМ. КОРХОНАЛАРНИ ИЖАРАГА ОЛИШ

20-модда. Ижарачилар жамоасини тузиш

Корхона ёки унинг таркибий бирлиги (бундан буён корхона деб юритилади) меҳнат жамоаси унинг асосида ижара корхонасини барпо этиш учун ижарачилар жамоасини тузишга ҳақлидир.

Ижарачилар жамоаси ва унинг бошқарув идораларини тузиш тўғрисидаги қарор меҳнат жамоасининг қарор қабул қилишга ваколати бўлган умумий йиғилиши (конференцияси)да ҳозир бўлганларнинг учдан икки қисми ёқлаб овоз берган тақдирда қабул қилинади.



21-модда. Корхонани ижарага олиш

шартномасини тузиш тартиби

Ижарачилар жамоаси ижара шартномаси лойиҳасини ишлаб чиқади ва уни корхонани ижарага бериш учун ваколат олган идорага юборади. Бу идора шартнома лойиҳасини олгач, ўттиз кунлик муддат ичида уни кўриб чиқиши ва қарор қабул қилиши шарт.



22-модда. Ижара корхонасининг мақоми

Корхона ижара шартномаси имзоланганидан, умумий йиғилишда (конференцияда) устав тасдиқланганидан кейин ижара корхонаси мақомига эга бўлади. Ижара корхонасининг уставида (давлат мулкига асосланган ижара корхоналаридан ташқари) корхонанинг қарзлари бўйича ижара жамоаси аъзоларининг мулкий жавобгарлиги кўзда тутилиши керак.

Ижара корхонасини ташкил этиш, унинг фаолияти ва тугатилиши "Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида"ги Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Ижара корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилган кундан ва корхона мулкини белгиланган тартибда қабул қилиб олгандан бошлаб юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади.

Давлат корхонаси ижарага берилганида у Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади.

Ижарага олинган корхонанинг хўжалик фаолиятини ижарага олувчи мустақил юритади. Ижара шартномаси бўйича олган мажбуриятларини бажариш доирасидан ташқарида ижарачи бошқарувда ва ўз хўжалик фаолиятида батамом эркиндир. Ижарага берувчининг ижарага олинган корхона фаолиятига аралашишига, режаларни, ҳисоботларни ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ҳамда шартномада кўзда тутилмаган бошқа маълумотларни ўзига беришни талаб қилишига йўл қўйилмайди.

Ижара корхонасини бошқариш "Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва уставга мувофиқ амалга оширилади.



23-модда. Корхоналарни ижарага

олишдаги ҳуқуқли ворислик

Ижара корхонаси ижарага олинган корхонанинг мулкий ҳуқуқлари ва мажбуриятларига, шу жумладан унинг ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқларига қонуний ворис бўлиб қолади. Бунда ижарага берувчи корхонанинг кредиторлик қарзларини тўла ёки қисман тўлашни ўз зиммасига олиши мумкин.

Ижарачи давлат корхонасининг ана шу корхона шартномасида кўзда тутилган ҳажмда ва муддатда маҳсулот (ишлар, хизматлар) реализация қилиш борасидаги мажбуриятини бажаради. Ижарага берувчи моддий ресурслар ёки уларга оид лимитларни (фондларни) ижарачига топширади, шунингдек ана шу мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайдиган бошқа зарур чораларни кўради. Ижарага берувчининг ўз мажбуриятларини бажармаслиги ижарачининг зиммасидан тегишли мажбуриятларни соқит қилади.

Ижара корхонаси ижарага олинган давлат корхонаси учун белгиланган ҳажмда марказлаштирилган капитал маблағ ва дотация олиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Ана шу маблағлар эвазига яратилган мол-мулк давлат мулки ҳисобланади ҳамда ижарага бериладиган мулк таркибига киритилмоғи даркор.

Ижарачи учун керагидан ортиқча бўлган корхоналар, объектлар ва мол-мулкни ижарага олишга мажбурлашга йўл қўйилмайди.



24-модда. Корхоналар ва уларнинг мулкий

мажмуаларини ижарага танлов асосида бериш

Корхоналарни ва уларнинг мулкий комплексларини ижарага олиш юзасидан танлов тегишли мулкни ижарага бериш ҳуқуқи бўлган мулкдор ёки у ваколат берган идора томонидан эълон қилинади.

Танловда корхоналарнинг, улар таркибидаги бўлинмаларнинг меҳнат жамоалари, мазкур корхонада банд бўлмаган ходимларни ҳам ўз ичига оладиган аралаш жамоалар ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар иштирок этиши мумкин.

Бошқа шартлар бир хил бўлган тақдирда корхона ёки унинг бўлинмасини ижарага олишда уларнинг меҳнат жамоалари устун ҳуқуққа эга бўлади.



25-модда. Давлат корхонаси қайта ташкил этилган

ёки тугатилган ҳолларда уни ижарага олиш

Давлат мулкини идора этиш ваколати берилган давлат идораси давлат корхонасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда меҳнат жамоаси корхонани ижарага беришни талаб қилишга ҳақлидир.



26-модда. Корхона бўлинмасининг мулкини ижарага

олиш асосида ижара корхонасини барпо этиш

Корхоналарнинг ишлаб чиқаришлари, цехлари, бўлинмалари, фермалари ва бошқа бўлинмалари мулкини ижарага олиш асосида ўша бўлинманинг розилиги билан ишчиларнинг ўзлари, ўзга жамоалар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан корхонани ижарага бериш ваколати бўлган идоранинг қарорига кўра ижара корхонаси барпо этилиши мумкин.

Ижара шартномаси мулкининг бир қисмини ижарага топшираётган корхона билан тузилади.

Бундай ижара корхонаси амалдаги қонунчиликка мувофиқ рўйхатга олинади.


27-модда. Хўжалик ичидаги ижара пудрати

Корхона ўз бўлинмаларининг ходимларига мол-мулкни хўжалик ичидаги ижара пудрати шаклида ижарага бериши мумкин.

Корхона билан ана шундай ижарачи жамоа ўртасидаги муносабатлар шартномада белгиланади.

Ер ва бошқа табиий ресурсларни хўжалик ичида ижарага олиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва шартнома билан тартибга солиб турилади.


28-модда. Жамоат бирлашмалари ва ташкилотларига қарашли

мулк асосида ижара корхоналарини барпо этиш

Жамоат бирлашмалари, ташкилотлари ўзлари белгилайдиган ва ушбу қонунда кўзда тутилган шартлар асосида ўз корхоналарини ва уларнинг бўлинмаларини ижарага беришга ҳақлидирлар.



III БЎЛИМ. МУЛКНИНГ ФУҚАРОЛАР ТОМОНИДАН

ИЖАРАГА ОЛИНИШИ

29-модда. Ижарачиларнинг якка тартибда ёки

гуруҳ бўлиб ижарага олишдаги ҳуқуқлари

Ижарачилар якка тартибда ёки гуруҳ бўлиб ижарага олганда ушбу қонунда ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳуқуқларга эга бўладилар.



30-модда. Якка тартибда ёки гуруҳ бўлиб ижарага олиш

шароитида меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган

шахсларни ижтимоий суғурталаш ва

ижтимоий таъминлаш

Якка тартибда ёки гуруҳ бўлиб ижарага олиш шароитида меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган шахслар ишчи ва хизматчилар билан бир қаторда ижтимоий суғурта қилиниши ва ижтимоий жиҳатдан таъминланиши керак.

Ижарачиларнинг суғурта бадаллари тўлаб турилган давр мобайнидаги иши уларнинг меҳнат стажига қўшилади.



IV БЎЛИМ. НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ, ИЖАРА

МУНОСАБАТЛАРИ СУБЪЕКТЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ

31-модда. Низоларни ҳал этиш

Ижара шартномасини тузиш, бажариш ва тугатиш масалалари юзасидан ижарачилар билан ижарага берувчилар ўртасидаги низолар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда тегишли суд томонидан ҳал этилади.


32-модда. Ижара муносабатлари

субъектларининг жавобгарлиги

Қуйидаги ҳолларда:

шартнома тузиш тартиби ва шартларини бузишда;

шартнома мажбуриятларини бажармасликда;

шартномани бир томонлама ўзгартиришда ёки бекор қилишда;

шартномани ўзгартириш ва тугатиш тартиби ҳамда шартларини бузишда айбдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар, давлат идораларининг мансабдор шахслари қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортиладилар.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ижара тўғрисидаги қонунчиликни ўзгача тарзда бузганлик учун ҳам жавобгарлик кўзда тутилиши мумкин.

Юридик ва жисмоний шахслар ўзлари етказган зарарни, шу жумладан бой берилган фойдани Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда жабрланувчига тўлашлари шарт.

Ижарачи ижарага олинган корхонанинг қарзлари бўйича:

ўз мол-мулки билан (давлат мулкига асосланган ижара корхоналари учун);

ўз мол-мулки ҳамда ижарачи жамоа аъзоларининг шахсий мол-мулки билан (жамоа мулкига, хусусий мулкка асосланган ижара корхоналари учун, шунингдек якка тартибда ёки гуруҳ бўлиб ижара шароитида меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган шахслар учун), улар етарли бўлмаган тақдирда эса - Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланадиган тартибда ва ҳажмларда жавобгар бўлади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                     И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, 9-сон, 329-модда


































Время: 0.2007
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск