Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Адлия органлари /

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 23.08.2011 й. ПҚ-1602-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2011 йил 23 августдаги

ПҚ-1602-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда матнда Вазирлик деб юритилади) давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўз мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибига киради.

Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, қонун ҳужжатларида назарда тутилган фаолиятнинг алоҳида масалалари бўйича - бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади.


2. Вазирлик тизимига Вазирлик марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти, бошқа адлия органлари ва муассасалари киради (кейинги ўринларда матнда адлия органлари ва муассасалари деб юритилади).

Адлия органлари ва муассасалари маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақилдир ва бевосита Вазирликка бўйсунади.


3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Адлия органлари ва муассасаларини моддий-техник таъминлаш Вазирликка ажратиладиган маблағлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг бошқарув ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

5. Вазирлик ўз фаолиятини бошқа давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


6. Адлия органлари ва муассасалари юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга эгадир.


II. ВАЗИРЛИКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни, қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган жамият ва давлат қурилиши соҳасида норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга ошириш; амалдаги қонун ҳужжатларида "оқ доғлар"ни, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида коррупциянинг келиб чиқишига, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига шароит яратаётган қоидалар ва нормаларни аниқлаш;

фуқаролик жамияти институтларининг ҳар томонлама ривожланишини, уларнинг аҳолининг турли қатламлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашда фаол иштирокини ҳуқуқий таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш; Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш;

нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолият кўрсатишининг қонунийлигини, ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни таъминлаш; мамлакатда рўйхатдан ўтган халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан тизимли мониторинг ўтказиш;

жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятни оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги ишларини самарали мувофиқлаштиришни амалга ошириш;

судлар фаолиятини ҳар томонлама моддий-техникавий ва молиявий таъминлаш, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижро этилишига, суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлашга йўналтирилган давлат сиёсатини, ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш;

нотариат, адвокатура, ФҲДЁ органлари ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи бошқа тузилмалар фаолиятининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган давлат томонидан тартибга солиш тизимини изчил такомиллаштириб бориш;

бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектларининг, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, бу соҳада бюрократик тўсиқ ва ғовларни яратишга йўл қўймаслик;

шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш, шартномаларни, энг аввало қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳасида шартномаларни тузиш ва бажаришда хўжалик юритувчи субъектларга амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

тегишли давлат органлари билан биргаликда халқаро-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси манфаатларининг самарали ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш;

давлат ва жамият қурилиши соҳасини демократлаштиришнинг замонавий талаблари ва жараёнларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича фаолиятни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш.

8. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


8.1. Норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш соҳасида:


а) қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш соҳасида:

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарликни амалга оширади;

норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқади, уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари бўйича ва ўз ташаббусига кўра қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритади;

давлат бошқаруви органлари томонидан қонун лойиҳаларини тайёрлашнинг зарурлиги масалалари бўйича олдиндан келишишни амалга оширади;

қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини уларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан таҳлил қилади ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказади;

қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини уларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупциянинг келиб чиқишига, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига шароит яратиб берадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий қиладиган қоида ва нормаларни, тадбиркорлик субъектларида асоссиз харажатларни вужудга келтирувчи қоидаларни аниқлаш юзасидан таҳлил қилади;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг норма ижодкорлиги фаолиятини мониторинг ва таҳлил қилишни амалга оширади;

қонун ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқлаштириш, ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилиги ва яхлитлигини таъминлаш, қонунчиликдаги "оқ доғлар"ни бартараф қилиш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларни таҳлил қилади ва умумлаштиради ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига тақдим қилади, қонун ҳужжатларини кодекслаштириш бўйича ишларни олиб боради;

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бўйича услубий кўрсатмаларни тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, уларнинг кенгашлари, қўмиталари ва комиссиялари билан қонунчилик фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича доимий амалий алоқада бўлади;


б) идоравий норма ижодкорлиги соҳасида:

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ҳуқуқий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлмаган ҳужжатлар тоифасига киритиш ҳақида қарорлар қабул қилади;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрини юритади;

вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, давлат рўйхатидан ўтказиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгиланган тартибини бажариш бўйича ишини назорат қилади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг аҳволи тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиб туради;


в) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги соҳасида:

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади;


г) қонунчиликни тизимлаштириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат ҳисобига олади ва қонун ҳужжатларини туркумлаштириш ишларини олиб боради;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг назорат нусхаларини юритади;

Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари банкини (фондини) шакллантиради;

Қонунчилик тармоқлари умумҳуқуқий классификаторини тасдиқлайди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга классификатор асосида кодлар беради;

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш қоидаларини белгилайди ва уларга риоя қилиш устидан назоратни амалга оширади;

д) адлия органлари ва муассасалари фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича хулосалар беради;

8.3. Мамлакатимизда рўйхатдан ўтказилган маҳаллий, шунингдек чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан тизимли мониторингни амалга ошириш соҳасида:

нодавлат нотижорат ташкилотларни, шу жумладан, жамоат бирлашмалари, диний ташкилотлар, сиёсий партиялар, халқаро ва хорижий нодавлат (ноҳукумат) нотижорат ташкилотларнинг ваколатхоналари ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказади;

ўзи томонидан рўйхатдан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг давлат реестрини юритади;

нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига, устав фаолиятига, таъсис ҳужжатларига, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартибига риоя этилиши устидан назорат қилади;

нодавлат нотижорат ташкилотларга ажратилган маблағлар, грантлар, бошқа молиявий ва моддий ресурслардан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўради;

нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолият кўрсатишларининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга оширишда, гуманитар муаммоларни ҳал қилишда, мамлакат аҳолисининг турли қатламлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоялашда фаол қатнашишини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

қонун ҳужжатларини бузаётган ва тақиқланган фаолият билан шуғулланаётган нодавлат нотижорат ташкилотларни аниқлаш мақсадида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

нодавлат нотижорат ташкилотларнинг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларини аккредитациядан ўтказади;

халқаро ва хорижий нодавлат (ноҳукумат) нотижорат ташкилотларнинг ваколатхоналари ва филиаллари томонидан тадбирлар (конференциялар, семинарлар, тренинглар, йиғилишлар, акциялар ва шу кабилар) ўтказилишини ҳамда улар томонидан босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилишини келишади;

нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолияти ҳақида, шу жумладан, ажратилган маблағлардан фойдаланилиши ҳақидаги ҳисоботларни қабул қилади;

нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатлари бузилганда, уларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки уларни тугатиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди ва белгиланган тартибда судга кўриб чиқиш учун киритади;

сиёсий партияларнинг устав фаолиятини молиялаштириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилган давлат маблағларини улар ўртасида тақсимлайди;

8.4. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида:

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини доимий равишда таҳлил қилади ва уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

халқаро тажрибани ўрганади ва халқаро-ҳуқуқий нормаларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига имплементация қилиш бўйича таклифлар киритади;

фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини ошириш, аҳолида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат руҳини, қонунга итоаткорликни шакллантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

давлат органларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ҳолатини таҳлил қилади ва умумлаштиради ҳамда уларни яхшилаш юзасидан тегишли давлат органларига таклифлар киритади;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда адвокатуранинг ролини кучайтиришга, фуқаролик жамияти институтларининг ривожланишига ҳамда уларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишига кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази билан ўзаро ҳамкорлик қилади, шу жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиниши мониторингини амалга ошириш соҳасида;

фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини холисона ва ҳар томонлама кўриб чиқишини таъминлайди, улар бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўради;


8.5. Давлат органлари, жамоат ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот бўйича ишларини самарали мувофиқлаштириш соҳасида:

ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълимнинг аҳволини таҳлил қилади, уларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий билимларнинг аҳоли ўртасида тарғиб қилинишини ташкил этади;

ҳуқуқ соҳасидаги таълим ишларининг услубий жиҳатдан таъминланишини ташкил этади, ҳуқуқий тарбия ва таълимнинг замонавий шаклларини жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг талабалари ва ўқувчилари учун юридик дарсликлар, ўқув қўлланмалари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламлари, шунингдек бошқа юридик адабиётлар нашр этиш режаларини ишлаб чиқади ва нашр этилишини ташкил этади;

жамиятни ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича дастурлар ва тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

адлия органлари ва муассасалари учун ҳуқуқий ахборотни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилишнинг дастурий-техник воситалари ва технологиялари жорий этилишини ташкил қилади;

адлия органлари ва муассасаларини зарур қонунчилик материаллари билан таъминлаш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини яратиш ва сақлашни ташкил қилади, юридик ва жисмоний шахсларнинг ундан белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлайди;

давлатлараро ҳуқуқий ахборотлар алмашишни амалга оширади;

кодекслар ва қонун ҳужжатлари тўпламларининг, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилишнинг расмий манбаи ҳисобланган "Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда "Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами"нинг расмий нашр этилишини ташкил этади;

тегишли давлат бошқаруви органлари билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиш ва тарқатиш, қонун ҳужжатлари маълумотларининг электрон базасини яратиш қоидаларини белгилайди, уларнинг ижро этилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўради;

8.6. Судлар фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижросини таъминлаш соҳасида:

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижросини таъминлайди;

судлар фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш бўйича белгиланган тартибда чора-тадбирларни амалга оширади ва унинг такомиллаштирилиши бўйича таклифлар тайёрлайди;

судларнинг биноларини қуриш ва таъмирлашга ажратилган маблағлар самарали ўзлаштирилишини таъминлайди ва судларнинг фаолияти учун тегишли шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар кўради;

судьялар ва суд жараёнларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларни ташкил этади;

судьялар ва судлар аппарати ходимларининг меҳнат шароитлари, моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли органларга киритади;


8.7. Ҳуқуқий хизмат кўрсатишнинг давлат томонидан тартибга солинишини амалга ошириш соҳасида:


а) нотариат ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олиш фаолиятини ташкил этиш бўйича:

давлат нотариал идораларини ташкил этади ва тугатади, нотариус лавозимини таъсис этади ва тугатади;

давлат нотариал идоралари реестрини юритади;

нотариус стажёри фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси ва Қорақалпоғистон Республикаси, адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

чет элда фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатлардаги нотариуслар имзосининг ва уларнинг муҳри кўчирмасининг ҳақиқийлигини тасдиқлайди, нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа функцияларни бажаради;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ тегишли расмий ҳужжатларга апостиль қўяди;

нотариал иш юритиш қоидаларини, нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномаларни, нотариал ҳаракатлар, тасдиқловчи ёзувлар ва гувоҳномаларни рўйхатга олиш реестрлари шаклини тасдиқлайди, Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги Қонунида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади;

нотариуслар томонидан касб мажбуриятларининг, шу жумладан, нотариал иш юритув қоидаларининг бажарилиши юзасидан белгиланган тартибда назоратни амалга оширади, уларнинг ишини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

давлат нотариал идораларини қатъий ҳисобдаги гербли (махсус) бланклар билан таъминлайди;

фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олишни ташкил қилади, ФҲДЁ органлари фаолиятига раҳбарликни амалга оширади ва уларни назорат қилади;

ФҲДЁ органларини ташкил қилади, қайта ташкил қилади ва тугатади, уларнинг ишини текширади, таҳлил қилади ва умумлаштиради;

ФҲДЁ ва нотариат идоралари ходимлари томонидан фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш бўйича чора-тадбирларни кўради;

фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бланклари намуналарини тасдиқлайди;

ФҲДЁ органларини ва Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги консуллик муассасаларини қатъий ҳисобдаги гербли гувоҳномалар бланклари билан таъминлайди;

нотариат ва ФҲДЁ органлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, ушбу органлар учун кўрсатмалар ва услубий тушунтиришлар беради, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда давлат нотариал идораларининг нотариуслари томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар, ФҲДЁ органлари томонидан жисмоний шахсларга кўрсатиладиган пулли хизматлар рўйхатларини, ушбу ҳаракатлар амалга оширилганлиги ва хизматлар кўрсатилганлиги учун, шунингдек нотариал архивлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларга нотариал тасдиқланган ҳужжатлар дубликатлари, рўйхатлардан кўчирмалар, маълумотномалар ва архив ҳужжатларининг нусхалари берилганлиги учун тўловлар миқдорларини тасдиқлайди;

б) адвокатура ва юридик ёрдам тизимини ривожлантириш бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва адвокатлик тузилмаларининг фаолиятида кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан биргаликда малака комиссиялари ваколатлари ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссияси таркибини тасдиқлайди;

адвокатларга лицензиялар беришни ва адвокатлик тузилмаларини (адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлик ҳайъатлари) давлат рўйхатидан ўтказишни, шунингдек юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга қўйишни амалга оширади;

тегишли адлия органида давлат рўйхатидан ўтган (ҳисобга қўйилган) адвокатлик тузилмаларида ишлаётган адвокатларнинг Йиғма давлат реестрини юритади;

адвокатлар малакасини ошириш бўйича тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан келишилган ҳолда адвокатлик тузилмаларининг статистика маълумотларни тақдим қилиш шаклларини тасдиқлайди ва муддатларини белгилайди;

адвокатлик гувоҳномасининг шаклини ва уни бериш тартибини тасдиқлайди;

адвокат томонидан ишни олиб боришга ордер шаклини тасдиқлайди;

адвокатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига, шунингдек адвокатлик тузилмалари томонидан таъсис ҳужжатларига, устав фаолиятига, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади;

в) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотларининг юридик хизматини ривожлантириш бўйича:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотларида ҳуқуқий ишларни мувофиқлаштиришни амалга оширади, уларни яхшилашга доир тавсиялар ишлаб чиқади;

юридик хизматлар ходимлари ва бошқа мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилган юридик хизматлар фаолиятини тартибга соладиган аниқланган қонун ҳужжатлари талаблари бузилишларини бартараф этишга йўналтирилган, шунингдек айбдор шахсларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортиш бўйича ўз ваколати доирасида чора-тадбирлар кўради;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходимларини тайинлашда қатнашади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотлари юридик хизматларига ҳуқуқий ишларга тааллуқли кўрсатмалар беради;

давлат ва ҳўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотлари юридик хизматлари ходимларини аттестациядан ўтказади ва аттестациядан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома беради;

юридик хизматлар ходимларининг малакасини оширишни ташкиллаштиради ва малака оширишни ўтаганлиги ҳақида сертификат беради;

юридик хизматлар ходимларининг ҳисобини юритади;

юридик хизматларининг маълумотлар базасини тузиш ва юритиш тартибини, маълумотлар базасига киритиш учун маълумот тақдим этиш шакллари ва муддатларини белгилайди;

8.8. Тадбиркорликни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасида:

тадбиркорликни ҳуқуқий таъминлаш ва ривожлантиришнинг самарадорлигини оширишга, тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятини тартибга солиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан назоратни таъминлайди;

тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, микрофирмалар, кичик корхоналар, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш ва самарали фаолият кўрсатиши учун қулай ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитлар яратиш бўйича қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини ўрганади, шунингдек уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;

назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятини текширишлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назоратни таъминлайди;

Текширишларни рўйхатга олиш китобининг шакли ва тўлдириш тартибини тасдиқлайди, тадбиркорлик субъектлари ўртасида унинг тарқатилишини таъминлайди ва уни тўлдириш тартибига риоя қилинаётганлиги бўйича мониторинг амалга оширади;

тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоралар кўради;

давлат тузилмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатларини тегишли маълумотлар базасини шакллантирган ҳолда аниқлайди, ўрганади ва мониторингини амалга оширади;

тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатлари бўйича мурожаатларини кўриб чиқади, кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида уларни хабардор қилади;


8.9. Шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш соҳасида:

хўжалик юритувчи субъектларга шартномаларни, энг аввало қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши соҳасидаги хўжалик шартномаларини тузишда ва бажаришда ҳуқуқий ёрдам кўрсатади;

шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар ишлаб чиқади ва киритади;

хўжалик юритувчи субъектлар, энг аввало, уларнинг мансабдор шахсларини шартнома интизомини бузганлиги учун жавобгарликка тортиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар қўлланиши устидан назорат олиб боради;

хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг шартнома интизомига риоя қилиши бўйича масъулиятини ошириш юзасидан иш олиб боради;

қишлоқ хўжалигида шартномалар тузиш ва бажаришда хўжалик юритувчи субъектларнинг қонунчиликка риоя қилиши устидан назорат олиб боради;


8.10. Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш, уларни ташкил этишда қонунчиликка риоя қилинишини таъминлаш соҳасида:

аудиторлик ташкилотларини, суғурталовчилар ва суғурта брокерларини, биржаларни, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг тегишли қарорлари билан ташкил этиладиган хўжалик бошқаруви органларини, шунингдек хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни, солиқ маслаҳатчилари ташкилотларини, бозорларни, ломбардларни ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказади;

юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишда қонунийликка риоя қилинишини таъминлайди;

ўзи томонидан рўйхатдан ўтказилган юридик шахсларнинг давлат реестрини юритади;

молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва ўз устав фондларини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича белгиланган тартибда чора-тадбирлар кўради;

"бир дарча" тамойили бўйича тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишнинг, шу жумладан рўйхатга олиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини мураккаблаштирадиган турли шаклларини қўллашга, шунингдек тадбиркорлик субъектларига тўсқинлик қилувчи бошқа бюрократик тўсиқларга йўл қўймаслик мақсадида "бир дарча" тамойили бўйича тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатадиган ягона марказлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш устидан назоратни амалга оширади;

"бир дарча" тамойили бўйича тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатадиган ягона марказлар фаолиятини мувофиқлаштиради ва услубий ёрдам кўрсатади;

8.11. Халқаро-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини самарали ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида:

белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш бўйича таклифларни келишади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тайёрлаш ва ижро этишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги халқаро шартномаларини тайёрлаш, тузиш ва бажариш ҳақида белгиланган тартибда таклифлар тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси томонлардан бири ҳисобланадиган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати остида тузилган қарз ва кредит шартномалари бўйича юридик хулосалар беради;

халқаро шартномалар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади;

ўз ваколатлари доирасида бошқа давлатларнинг тегишли органлари, шунингдек халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузади;

халқаро-ҳуқуқий ахборот масалалари бўйича маълумотлар банкини ташкил этади;

ўз ваколатлари доирасида хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикаси ва унинг фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди;

хорижий давлатлар судларида ва халқаро арбитражларда томонлардан бири Ўзбекистон Республикаси бўлган низолар кўриб чиқилаётганда вакиллик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва экс-Президентининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий, шу жумладан, судда ҳимоя қилишни амалга оширади;


8.12. Замонавий талабларни ҳамда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги демократлаштириш жараёнларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш соҳасида:

давлат органларининг юридик кадрларга бўлган эҳтиёжини аниқлайди, уларни Тошкент давлат юридик университетида, Тошкент юридик коллежида, Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейда ва Вазирлик тизимининг бошқа таълим муассасаларида тайёрлаш ишларини ташкил этади ва раҳбарлик қилади;

ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни амалга оширувчи таълим муассасаларини аккредитация қилишда, уларнинг педагог ва илмий ходимларини аттестациядан ўтказишда иштирок этади;

замонавий талаблар ҳамда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги демократлаштириш жараёнларини, стандартларни ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этади;

кадрлар ишини, ҳуқуқшунослар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

адлия органлари ва муассасаларининг кадрлар захирасини яратади, уларни тайёрлаш ва стажировкадан ўтишини ташкил этади, танлашни амалга оширади ва белгиланган тартибда жой-жойига қўйишда қатнашади, уларни қайта тайёрлашни ташкил этади;


8.13. Фуқаролар ва ташкилотларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш соҳасида:

адлия органлари ва муассасалари ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари устидан фуқароларнинг шикоят ва аризаларини кўриб чиқади, ушбу масалалар бўйича шикоят ва аризаларнинг ҳар томонлама холисона кўриб чиқилишини таъминлайди;

қонунчиликнинг бузилиши ҳолатлари юзасидан тушган шикоятлар бўйича зарур ҳолларда жойларда мутасадди ташкилотлар ва мутахассислар билан биргаликда текшириш ўтказган ҳолда адолатли қарорлар қабул қилинишини таъминлайди;

адлия органлари ва муассасаларининг шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолиятини ўрганади, бу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш бўйича таклифларни умумлаштиради ва киритади;


8.14. Ҳуқуқий статистика соҳасида:

давлат органлари ва бошқа органлардан олинган ҳуқуқий статистика маълумотларини умумлаштиради ва таҳлил қилади;

адлия органлари ва муассасаларида статистика ҳисоботи ва бирламчи ҳисобга олиш ҳужжатлари шаклларини ишлаб чиқади;

адвокатура фаолияти тўғрисидаги статистика маълумотларини ўрганади;

фуқаролик ҳолати далолатномалари ва нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш, шунингдек адлия органлари ва муассасалари фаолиятининг бошқа йўналишлари бўйича статистикани юритади;

доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказиш ва муваққат ҳакамлик судларини ҳисобга олишни амалга оширади;

8.15. Адлия органлари ва муассасаларини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлашни амалга ошириш соҳасида:

адлия органлари ва муассасалари ходимларининг моддий ва ижтимоий таъминоти тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади;

адлия органлари ва муассасаларини моддий-техник таъминлашни ташкил этади, адлия органлари ва муассасалари биноларини, шу жумладан, давлат нотариал идоралари, ФҲДЁ органлари, суд ижрочилари бўлимларини капитал қуриш ва таъмирлаш чораларини кўради, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритади;

адлия органлари ва муассасаларини белгиланган тартибда молиялаштиришни амалга оширади, адлия органлари ва муассасаларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этади ва назорат қилади;

адлия органлари ва муассасаларининг молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан назоратни амалга оширади;


8.16. Суд-эксперт, илмий ва таълим муассасаларини ривожлантириш соҳасида:

ҳуқуқий фанларни ривожлантириш чораларини кўради, суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот, экспертлик ишларини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси давлат суд-эксперт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради ва унга илмий-услубий раҳбарликни амалга оширади, шунингдек Суд экспертизаси муаммолари бўйича кенгашни бошқаради;

Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази, Республика юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент юридик коллежи ва бошқа адлия муассасалари фаолиятига раҳбарликни амалга оширади.

9. Вазирлик ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни бевосита, шунингдек адлия органлари ва муассасалари орқали амалга оширади.



III. ВАЗИРЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Вазирлик ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари, бошқа ташкилотлардан, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларидан уларнинг ваколатига кирувчи масалалар юзасидан ҳужжатларни, статистика ва бошқа маълумотларни, таҳлилий материалларни, хулосалар ва бошқа ахборотларни сўраш, талаб қилиш ва олиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органлари кўриб чиқиши учун қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалалари бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, таълим, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлардан қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича хулосалар олиш ҳамда кўрсатиб ўтилган органлар ва ташкилотлар раҳбарлари билан келишган ҳолда ушбу лойиҳаларни тайёрлаш бўйича комиссиялар (ишчи гуруҳлар) ташкил этиш;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, давлат рўйхатидан ўтказиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказиш бўйича белгиланган тартибга риоя қилиниши юзасидан текширишлар ўтказиш;

вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларга давлат рўйхатидан ўтмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш ва ижродан чақириб олиш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш, етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, шунингдек тегишли органлар олдига бунда айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани қўйиш;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг қонунга зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини белгиланган тартибда давлат реестридан чиқариш;

давлат бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмаларига: ушбу органларнинг норма ижодкорлиги фаолияти устидан мониторинг олиб бориш жараёнида аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш тўғрисида; ишлаб чиқиш муддатини кўрсатган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш зарурлиги тўғрисида; улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга расмий шарҳ бериш зарурлиги тўғрисида; қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш, ёхуд уларни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш тўғрисида тақдимномалар киритиш;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига риоя қилинишини текшириш. Кўрсатиб ўтилган органларнинг раҳбарларига аниқланган қонун ҳужжатлари бузилишини, уларнинг сабабларини ҳамда бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек инсоннинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини тиклаш чораларини кўриш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

хорижий давлатларнинг судлари ва халқаро арбитражларда Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳуқуқий низолар бўйича даъвогар ва жавобгарнинг вакили сифатида иштирок этиш;

ҳуқуқий, шу жумладан, суд масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва экс-Президентининг вакили сифатида иштирок этиш;

тегишли органларга судьялар ва суд аппарати меҳнат шароитларини, моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш юзасидан таклифлар киритиш;

адвокатларга берилган лицензияларнинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиб туриш ва тугатиш;

адвокатлар малака комиссияларига адвокатларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини киритиш;

адвокатлик тузилмаларига аниқланган қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф қилиш тўғрисида кўрсатмалар юбориш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотларида ҳуқуқий ишлар аҳволини, шунингдек уларнинг юридик хизматлари фаолиятини текшириш, улардан амалга оширган ишлари тўғрисида маълумотлар тақдим этишларини талаб қилиш, кўрсатилган органларнинг ва ташкилотларнинг раҳбарларига аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, қонун ҳужжатларини бузганлик учун мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш ёки уларнинг айби билан давлатга ёки ташкилотга етказилган моддий зарарни қоплаш тўғрисидаги масала билан юқори турувчи органларга ёки судга мурожаат қилиш;

юридик хизмат ходимининг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини қонун ҳужжатларига мувофиқ тугатиш;

тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни жавобгарликка тортишнинг асослилигини зарур ҳужжатлар билан танишиш йўли билан ўрганиб чиқиш;

тадбиркорлик субъектларининг "ишонч телефони" орқали тушаётган мурожаатларини кўриб чиқиш, барча вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, шунингдек мансабдор шахслар томонидан тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқларига риоя этиш бўйича қонун ҳужжатларининг оғишмай бажарилишини текшириш. Кўрсатиб ўтилган органлар ва ташкилотлар раҳбарларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган: аниқланган қонун ҳужжатлари бузишларини, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида; тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоралар кўриш тўғрисида тақдимномалар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, қонунларида ва халқаро шартномаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг мансабдор шахслар томонидан бузилиши ҳолатлари аниқланганда, шунингдек адлия органларининг қонуний талаблари мансабдор шахслар томонидан бажарилмаганда, айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шу жумладан, назорат органлари ва лицензияловчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг инсон, тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқларини бузувчи қарорларини, шунингдек улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) тўхтатиб қўйиш;

жиноий, фуқаролик, хўжалик ва маъмурий ишлар бўйича инсон, тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузувчи суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида давлат божи тўламасдан суд инстанцияларига таклифлар киритиш;

инсон, тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқларига, шунингдек шартнома интизомига риоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларининг бузилиши мумкин эмаслиги тўғрисида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантириш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида мурожаатларни текширишни амалга ошириш, шунингдек Вазирлик фаолияти доирасига тааллуқли бўлган масалалар бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш учун вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, илмий ва таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг вакилларини белгиланган тартибда жалб қилиш;

хўжалик шартномалари бажарилиши жараёни устидан мониторингни амалга ошириш, шартнома интизоми бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, хўжалик юритувчи субъектларга аниқланган бузилишларни бартараф этиш, шунингдек шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги (лозим даражада бажарилмаганлиги) натижасида етказилган зарарни қоплаш юзасидан белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш; тақдимномада баён қилинган талаблар белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда, ваколатли органлар ёки судлар олдига шартнома интизомини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги масалани қўйиш;

нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатларига риоя қилиниши, шунингдек уларга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланишини текшириш, улардан тегишли ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этишларини талаб қилиш, кўрсатиб ўтилган ташкилотларнинг раҳбарларига аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, таъсис ҳужжатларини ва қонун ҳужжатларини бузганлиги учун мансабдор шахсларни белгиланган жавобгарликка тортиш учун, шунингдек уларнинг айби билан давлатга ёки ташкилотга етказилган моддий зарарни қоплаш бўйича юқори турувчи органларга ёки судга мурожаат қилиш;

нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларда (конференциялар, семинарлар, тренинглар, йиғилишлар, акциялар ва шу кабиларда) иштирок этиш;

сиёсий партияларнинг уставларида назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштиришни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

нодавлат нотижорат ташкилотларнинг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларини, улар томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари бузилган ҳолларда аккредитациядан маҳрум қилиш;

тегишли давлат органлари ва муассасаларидан нодавлат нотижорат ташкилотларни тугатиш бўйича тартиб-таомилни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни сўраш;

ўз ваколатлари доирасида хорижий давлатлар органлари ва халқаро ташкилотлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш;

барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан ҳуқуқий статистикани ташкил этиш ва юритиш учун зарур бўлган маълумотларни олиш;

давлат, юридик ва жисмоний шахслар манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан аризалар ва даъволар билан мурожаат қилиш;

адлия органлари ва муассасалари фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган тегишли бўлинмалар ташкил этиш, уларни қайта ташкил этиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг уставлари (низомлари)ни тасдиқлаш.

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Адлия органларининг ходимлари ўз ваколати доирасида назорат функцияларини амалга оширишда:

давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга риоя қилиш шарти билан текширишни ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш, давлат органларининг электрон базаларидан (банкларидан) фойдаланиш учун хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг, уларнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек бошқа ташкилотларнинг ҳудудларига ва биноларига кириш;

Конституция, қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларига зид бўлган ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш тўғрисида таклифлар киритиш мақсадида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, назорат тузилмаларининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларини уларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиш учун олиш, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш амалиёти тўғрисида маълумотни сўрашга ва олишга ҳақлидир.

12. Вазирлик ўз ваколати доирасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари, бошқа ташкилотлар, нотариуслар, адвокатлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга ҳақлидир.

Вазирлик, зарур ҳолларда бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатларни чиқаришга ҳақлидир.


13. Вазирлик давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва норма ижодкорлиги фаолиятида қонун ҳужжатлари талабларига, қонунийликка риоя қилиши устидан таъсирчан назорат қилиниши, шунингдек ўзига юклатилган бошқа вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



IV. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Бош вазири тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган адлия вазири (кейинги ўринларда Вазир деб юритилади) бошчилик қилади.

Вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган тўрт нафар ўринбосарлари, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

15. Вазир:

яккабошчилик асосида Вазирлик фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ва Вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, Вазирлик тизимидаги бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатларини, ўз ўринбосарларининг ва бошқа мансабдор шахсларнинг Вазирлик фаолиятининг алоҳида қисмларини бошқариши ҳамда адлия органлари ва муассасаларнинг иши учун жавобгарлиги даражасини белгилайди;

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш ва Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиниши аҳволини ўрганиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳга раҳбарлик қилади;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини белгиланган тартибда имзолайди;

Вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, шунингдек адлия органлари ва муассасаларининг низом (устав)ларини тасдиқлайди;

ходимлар белгиланган умумий сони доирасида Вазирлик марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари тузилмасига ўзгартиришлар киритади, Вазирлик марказий аппаратининг штат жадвалини тасдиқлайди;

Вазирлик марказий аппаратининг, шунингдек адлия органлари ва муассасаларининг харажатлар сметасини тасдиқлайди;

республика давлат нотариал идоралари тармоғи ва ФҲДЁ органлари тизимини тасдиқлайди;

тегишли давлат органларига адлия органлари ва муассасаларини ташкил этиш ҳамда уларнинг ходимлари сонини белгилаш тўғрисида таклифлар киритади;

Вазирлик марказий аппарати, бошқа адлия органлари ва муассасалари ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Вазирлик марказий аппарати ходимларини, бошқа адлия органлари ва муассасалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

адлия органлари ва муассасалари ходимларига белгиланган тартибда мартаба даражалари беради, адлия органлари ва муассасалари ходимларига олий мартаба даражалари бериш учун уларни Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этади;

адлия органлари ва муассасаларининг ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этади, Вазирлик тизимининг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларини фахрий унвонлар беришга ва Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирлашга тақдим этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


16. Адлия органлари ва муассасаларининг, шу жумладан, Вазирлик тизимидаги илмий ва таълим муассасалари ходимларига эгаллаб турган лавозимига ва иш стажига мувофиқ махсус даражали унвонлар, мартаба даражалари берилади ва белгиланган хизмат муддати учун устама ҳақи тўлаб борилади.

Мартаба даражалари бериш ва улардан маҳрум этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Низом билан тартибга солинади.

17. Вазирликда Вазир (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалар раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Вазирнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Вазирлик фаолиятининг норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқишни давом эттириш; инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама ривожлантириш; ҳуқуқий тарғибот бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш; тадбиркорликни ҳуқуқий таъминлаш ва ривожлантириш самарадорлигини оширишга, тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; шартнома интизомини мустаҳкамлаш, шунингдек ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Вазирлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Вазирнинг буйруқлари билан амалга оширилади. Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда Вазир пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 29-сон, 329-модда






























Время: 0.0053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск