ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Енгил саноат /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.01.2009 й. ПҚ-1050-сон "Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.01.2009 й.

N ПҚ-1050



МАҲАЛЛИЙ НООЗИҚ-ОВҚАТ

ИСТЕЪМОЛ ТОВАРЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ

КЕНГАЙТИРИЛИШИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ

БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА


Рақобатбардош юқори сифатли ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва турларини кенгайтиришни рағбатлантириш, ички истеъмол бозорини улар билан янада тўлиқроқ бойитиш, тайёр ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқарувчи янги маҳаллий корхоналарни ташкил этиш ҳамда мавжудларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, бунинг асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, инсонларнинг даромадлари ва фаровонлик даражасини ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан манфаатдор хўжалик бирлашмалари ва корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган 2009 - 2011 йилларда 1-иловага* мувофиқ мақсадли параметрларга эришишни назарда тутган ҳолда ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар маъқуллансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, "Ўзбекенгилсаноат" компанияси, "Ўзбекчармпойабзали" ва "Ўзэлтехсаноат" уюшмалари ҳамда бошқа манфаатдор идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари иштирокида:

икки ой муддатда 2009-2011 йилларда ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг тармоқ ва минтақавий дастурларини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;

ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш бўйича янги ташкил этилаётган корхоналар фаолияти учун қулай шароитлар яратиш, жумладан янги моддий-техника базасини барпо этиш ва мавжуд базани модернизациялаш юзасидан бинолар ва ер участкалари ажратиш, барча зарур ҳужжатлар кадастр бўйича расмийлаштирилиши, қурилиш ва капитал реконструкция қилишга рухсатномалар бериш каби ва бошқа ишларни таъминласин.


3. 2018 йил 1 январгача бўлган даврда 2-иловага* мувофиқ ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарга қуйидаги кўринишда солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялари берилсин:

микрофирмалар ва кичик корхоналар учун фойда солиғи ва мулк солиғи, ягона солиқ тўловлари, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, шу жумладан воситачилик шартномалари асосида олиб келинадиган ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё ҳамда материалларни божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тасдиқланган рўйхатига киритилмаган ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ўзи учун ишлаб чиқаришда зарур бўлган хом ашё, материаллар ва фурнитураларни импорт қилишда божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб, божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) 60 кунгача бўлган муддатга узайтириш.

2-иловага* мувофиқ ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашаётган корхоналар жумласига сотув умумий ҳажмида ушбу товарларни ишлаб чиқаришдан тушум улуши ҳисобот даври якунлари бўйича камида 60 фоизини ташкил этадиган корхоналар киради.

4. Белгилаб қўйилсинки, ушбу қарорнинг 3-банди иккинчи хатбошида назарда тутилган имтиёзлар берилиши муносабати билан бўшайдиган маблағлар янги ишлаб чиқаришларни барпо этишга, шунингдек фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда зарур бўладиган хом ашё ва материаллар харид қилишга, киритилган инвестицияларни қоплаш, жумладан кредитларни тўлашга йўналтирилади.

Берилган имтиёзлардан бўшайдиган маблағлар мақсадга номувофиқ фойдаланилган тақдирда, ушбу маблағлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган жарима санкцияларини ҳисобга олган ҳолда тўлиқ ҳажмда давлат бюджетига ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси бир ой муддатда мазкур қарорда назарда тутилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш, уларнинг берилиши муносабати билан бўшайдиган маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 ноябрдаги ПФ-4058-сон Фармонига мувофиқ тузилган Иқтисодиётнинг реал сектори базавий тармоқлари корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури амалга оширилишининг мониторинги ҳамда назорати бўйича Ишчи гуруҳига, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг ижобий хулосаси бўлган тақдирда, ички истеъмол бозорида таркиб топган конъюнктурани ҳисобга олган ҳолда ушбу қарорнинг 2-иловасига киритилган ноозиқ-овқат истеъмол товарларининг товар гуруҳлари рўйхатига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

Ишчи гуруҳи (Р.С. Азимов) 1-иловада, энг аввало, 2-иловада тасдиқланган ноозиқ-овқат товарларига истиқболда бўладиган талаб-эҳтиёжларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратсин, ушбу товарларга истеъмолчилар томонидан барқарор кафолатланган буюртмалар бўлган тақдирдагина ишлаб чиқаришни ташкил этишни назарда тутсин.

7. "Ўзстандарт" агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари билан биргаликда халқаро талабларга мувофиқ стандартларни ишлаб чиқишда, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарда сифатни бошқариш тизимларини тезкор жорий этишда кўмаклашсин, шунингдек ушбу корхоналарнинг стандартлаштириш ва сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш масалаларига масъул ходимлари ўқитилишини ташкил этсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 5-сон, 37-модда.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил., 1-сон, 25-модда




















































Время: 0.0040
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск