язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Инсонпарварлик ва техник ёрдам/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.02.2009 й. ПҚ-1053-сон "Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази жиҳозланишини яхшилаш бўйича Япония Ҳукумати грантидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

05.02.2009 й.

N ПҚ-1053



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МЕҲНАТ ВА АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВАЗИРЛИГИНИНГ

НОГИРОНЛАРНИ РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИШ

ВА ПРОТЕЗЛАШ МИЛЛИЙ МАРКАЗИ ЖИҲОЗ-

ЛАНИШИНИ ЯХШИЛАШ БЎЙИЧА ЯПОНИЯ

ҲУКУМАТИ ГРАНТИДАН САМАРАЛИ

ФОЙДАЛАНИШНИ ТАЪМИНЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази жиҳозланишини яхшилаш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш учун бериладиган Япония Ҳукумати грантидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Япония Ҳукумати Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази жиҳозланишини яхшилаш бўйича лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига 441 млн. йена (4,9 млн. АҚШ доллари) миқдорида грант бериш тўғрисида қарор қабул қилди.


2. Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Э.М.Ғаниев Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Япония Ҳукумати ўртасидаги Алмашув нотасини ҳамда Япония ҳалқаро ҳамкорлик агентлиги билан Япония Ҳукуматининг мазкур грантини олиш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан грант Битимини имзолашга вакил этиб тайинлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги зиммасига мазкур грантни олиш учун Япония томони билан келишилган муддатларда барча зарур тартиб-қоидаларни расмийлаштириш вазифаси юклансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида бериладиган мазкур грант ҳисобидан олиб келинадиган ускуналар, буюмлар ва материаллар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда мазкур лойиҳа доирасида олиб келинаётган ускуналар, буюмлар ва материаллардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши устидан назоратни таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг талабномаларига кўра, лойиҳада қатнашувчи хорижий мутахассисларнинг кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундириб олинмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг талабномаларига кўра, лойиҳанинг хорижий қатнашчиларига кўп марталик визалар бериш, шунингдек вақтинча рўйхатда туриш ва унинг муддатини узайтиришни давлат божи тўлашдан озод қилган ҳолда таъминласин.


8. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил., 2-сон, 38-модда