язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.12.2009 й. ПҚ-1251-сон "Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

30.12.2009 й.

N ПҚ-1251



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МЕҲНАТ ВА АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВАЗИРЛИГИ

ТУЗИЛМАСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2009 йил 30 декабрдаги ПФ-4161-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари тузилмасини янада мақбуллаштириш, уларнинг аҳоли бандлигини таъминлаш, ёлғиз қариялар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларини бозор иқтисодиёти шароитларида ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва муҳофаза қилиш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан жавобгарлигини ошириш мақсадида:


1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг асосий вазифалари ва функциялари этиб белгилансин:

ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг узоқ муддатли устуворликларини ҳисобга олган ҳолда меҳнат, аҳолининг бандлиги ва ижтимоий муҳофазаси соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

меҳнат бозорини ривожлантириш ва бошқариш, аҳолининг бандлигини, шу жумладан, хорижда ишлашини таъминлаш, демографик омиллар ва иқтисодиётни ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда иш билан таъминлашнинг илғор шаклларини жорий этиш бўйича самарали чора-тадбирларни тайёрлаш ва амалга ошириш;

банд бўлмаган аҳоли ва ишсизларга, биринчи навбатда ёшларга, аёлларга, имкониятлари чекланган шахсларга профессионал қайта тайёрлаш ва иш билан таъминлаш бўйича, шунингдек ишсизларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича сифатли хизматлар кўрсатишни ташкил этиш;

ёлғиз қариялар, ногиронлар, кам таъминланган оилалар ва аҳолининг бошқа заиф тоифаларини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича амалий ва манзилли чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш, ижтимоий хизмат кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий базасини мустаҳкамлаш;

меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назоратни, меҳнат муносабатлари, меҳнатни моддий рағбатлантириш ва муҳофаза қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.


2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ходимларнинг умумий чекланган сони 60 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимларининг сони 41 нафар бўлган янгиланган ташкилий тузилмаси ҳамда марказий аппаратининг тузилмаси 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг тузилмаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳудудий бошқармаларининг намунавий тузилмалари 3 ва 4-иловаларга* мувофиқ;

туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари тузилмаси 5-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирига, зарур ҳолларда, белгиланган ходимлар сони ва меҳнат ҳақи фонди доирасида Вазирликнинг тасдиқланган марказий аппарати тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги икки ҳафта муддатда ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни ҳисобга олган ҳолда вазирлик тўғрисидаги янгиланган низомни Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳоли бандлигини ошириш ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2007 йил 6 апрелдаги ПҚ-616-сон қарори 6-бандининг биринчи-бешинчи хатбошилари ҳамда унинг 2-4, , 5 ва 6-иловалари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 52-сон, 562-модда.