ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адвокатура /

Адвокат стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 27.03.2009 й. 1928-сон билан рўйхатга олинган Адлия вазирининг 27.03.2009 й. 79-мх-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 27 мартда 1928-сон

билан рўйхатга олинган

адлия вазирининг

2009 йил 27 мартдаги

79-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА


Адвокат стажёрининг фаолиятини

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Адвокатура тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, 2-сон, 48-модда) мувофиқ адвокат стажёрининг (бундан кейинги ўринларда стажёр деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Стажёр томонидан адвокат мақомига эга бўлишга тайёрланиш ва унинг касбий билимларини ҳамда кўникмаларини ҳосил қилиш стажировканинг асосий вазифасидир.


2. Стажировка адвокатлик тузилмасида (адвокатлик бюроси, адвокатлик фирмаси, адвокатлар ҳайъати, юридик маслаҳатхонаси) ўталади.


3. Олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси стажёр бўлиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс стажёр бўлиши мумкин эмас.


4. Стажёрнинг фаолият кўрсатишига раҳбарлик қиладиган адвокат (стажировка раҳбари) камида уч йиллик иш стажига эга бўлиши керак.



II. СТАЖИРОВКА ЎТАЛИШИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ


5. Адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс (бундан кейинги ўринларда талабгор деб юритилади) стажировкани қайси адвокатлик тузилмасида ўташ ниятида бўлса, ўша адвокатлик тузилмасига ариза билан мурожаат қилади. Талабгор стажировкани юридик маслаҳатхонада ўташ учун Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига (бундан кейинги ўринларда ҳудудий бошқарма деб юритилади) ариза билан мурожаат қилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

талабгор тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлган шахсий варақа;

Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортининг нусхаси;

таржимаи ҳол;

олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом (нусхаси олиниб, асли қайтарилади);

меҳнат дафтарчаси, биринчи марта ишга кираётган талабгорлар бундан мустасно;

ўқиш (аввалги иш) жойидан тавсифнома.

Талабгор томонидан бошқа ҳужжатлар ҳам тақдим этилиши мумкин.


6. Талабгор стажёрликка қабул қилинишидан олдин адвокатлик тузилмасида (ҳудудий бошқармада) суҳбатдан ўтади, бунда талабгор тайёргарлигининг умумий даражаси, уни стажёрликка қабул қилиш тўғрисида ариза беришга ундаган сабаблар аниқланади.


7. Адвокатлик тузилмасининг (ҳудудий бошқармасининг) раҳбари суҳбат натижаларига кўра, талабгорни стажёрликка қабул қилиш ёки қабул қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


8. Стажёрликка қабул қилиш адвокатлик тузилмаси (ҳудудий бошқармаси) раҳбарининг буйруғи билан амалга оширилади, стажировка раҳбари ҳам шу буйруқ билан тайинланади.


9. Стажёрнинг меҳнат шароитлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиладиган меҳнат шартномаси (контракт) билан белгиланади.


10. Меҳнат шартномаси (контракт) билан адвокатлик тузилмасининг (ҳудудий бошқармасининг), стажировка раҳбарининг ҳамда стажёрнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, стажёрнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби, иш режими, меҳнат шартномасининг (контрактнинг) амал қилиш муддати, уни тугатиш шартлари белгиланади, адвокатлик тузилмаси (ҳудудий бошқармаси), стажировка раҳбари ва стажёр ўзаро муносабатларининг бошқа масалалари тартибга солинади.


11. Стажёрнинг асосий иш жойи стажировка ўтаётган адвокатлик тузилмасидир. Стажёрнинг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади.



III. СТАЖИРОВКАНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Стажировка адвокатлик тузилмаси томонидан ташкил этилади.


13. Стажировка камида уч ой давом этиши мумкин. Стажировканинг энг кўп муддати икки йилдир.

Узоқ муддат (бетоблик, ҳарбий йиғинларга чақирилганлик ва шу кабилар билан боғлиқ ҳолда) ишда бўлмаган вақт стажировка муддатига қўшилмайди.


14. Адвокатлик тузилмаси (ҳудудий бошқармаси) томонидан стажёрга белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади. Стажёрлар қаторидан чиқарилганида гувоҳнома адвокатлик тузилмасига (ҳудудий бошқармасига) қайтарилиши керак.


15. Адвокатлик тузилмасида ҳар бир стажёрнинг шахсий иши юритилади.


16. Стажировка ўташи устидан назоратни адвокатлик тузилмасининг раҳбари амалга оширади. Адвокатлик тузилмасининг раҳбари стажировка ўташини таъминлаб:

стажёр томонидан стажировканинг якка тартибдаги режалари бажарилиши;

стажировка раҳбари берган топшириқлар ва уларнинг стажёр томонидан бажарилиши акс эттириладиган стажёрнинг кундалиги юритилиши;

стажёр томонидан аниқ ишлар бўйича қонунчилик ва суд амалиёти ўрганилиши;

стажёр томонидан адвокатлик тузилмасининг раҳбар органи олдида кейинчалик ўз вақтида рефератлар тайёрланиши ва ҳимоя қилиниши учун;

стажёрнинг касбий тайёргарлик бўйича машғулотларда иштирок этиши;

стажёрнинг стажировка ўташи тўғрисида ўз вақтида ва тўлиқ ҳисобот бериши устидан назорат қилади.


17. Стажёр ўз фаолиятини стажировка раҳбари берган алоҳида топшириқларни бажарган ҳолда унинг раҳбарлиги остида амалга оширади. Бунда стажировка раҳбари стажёрга зарур ёрдам кўрсатади.

Стажёр адвокатлик фаолияти билан мустақил шуғулланишга ҳақли эмас.


18. Стажировка раҳбари стажёр билан биргаликда адвокатлик тузилмасининг раҳбари томонидан тасдиқланадиган ҳар чораклик стажировканинг якка тартибдаги режаларини тузади.

Стажировканинг якка тартибдаги режасида стажёр томонидан бажариладиган иш мазмуни ва бажарилишнинг аниқ муддатлари, шунингдек касб тайёргарлиги бўйича стажёр билан ўтказиладиган машғулотларнинг мазмуни ва муддатлари белгиланиши керак.


19. Стажёр стажировка ўташ даврида кундалик юритиб, унга стажировка раҳбарининг топшириқларини ва бажарган ишлари тўғрисидаги ҳисоботни ёзиб боради. Кундалик ҳар ҳафтада стажировка раҳбари томонидан текширилади ва имзоланади.


20. Стажировка даврида стажёр адвокатлик фаолиятининг барча йўналишларидаги соҳаларда касбий билимлар ва кўникмаларга эга бўлиши керак.

Бунда стажировка раҳбари стажёрга зарур маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериши, ўрганиш учун зарур бўлган қонунчилик ҳужжатлари ва суд амалиётини тавсия қилиши шарт. Стажёр қонунчилик ҳужжатлари ва суд амалиётини ўрганиб бўлганидан кейин стажировка раҳбари томонидан у билан аниқ мавзулар бўйича суҳбат ўтказилади.


21. Стажировка даврида стажёр келгуси ишдаги ихтисослашувни ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқ ва процесснинг долзарброқ масалалари бўйича иккита реферат тайёрлайди. Тайёрланган рефератлар адвокатлик тузилмасининг раҳбар органи олдида кейинчалик ҳимоя қилиниши керак.

Биринчи рефератни ҳимоя қилганидан кейин стажёр билимлар, Адвокатларнинг касб этикаси қоидаларининг асосий нормаларини ўзлаштириши ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс), адвокатга маслаҳат сўраб мурожаат қилган шахслар билан суҳбат олиб боришни билиши, шунингдек суд, процесснинг бошқа иштирокчилари билан муомала қилиш тактикасини ўзлаштириши керак.

Иккинчи рефератни ҳимоя қилганидан кейин стажёр судларда ҳимоя қилиш тактикаси ва услубиёти бўйича билимларга эга бўлиши, тўғри ва асосланган нуқтаи назарни ишлаб чиқиши, иш бўйича мазмунли нутқ тайёрлаши ва сўзлашни билиши керак.


22. Стажёрга нисбатан Адвокатларнинг касб этикаси қоидалари ва адвокатлик сирини сақлашга доир талаблар татбиқ қилинади.


23. Стажёрга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.


24. Стажёрнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий суғуртаси адвокатлик тузилмасига келиб тушган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.



IV. СТАЖЁРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


25. Стажёр стажировкани ўташ даврида:

адвокатлик тузилмаси томонидан ташкил этиладиган амалий машғулотларда қатнашишга;

адвокатлик тузилмасининг ишида иштирок этишга;

адвокатлик тузилмасида мавжуд бўлган ҳуқуқий маълумотлар базаларидан, махсус адабиётлардан фойдаланишга;

норматив материалларни туркумлаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини умумлаштириш, стажировка раҳбарига топшириқларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва бошқа материаллар тўплаш билан шуғулланишга;

стажировка раҳбари билан биргаликда суд мажлисларида, тергов ҳаракатларида иштирок этишга, ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлашга;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этишга ҳақли.


26. Стажёр стажировкани ўташ даврида:

стажировка раҳбарининг топшириқларини виждонан, ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажариши;

адвокатлик сирини сақлаши;

адвокатлик тузилмасининг меҳнат интизомига риоя этиши шарт.

Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ стажёр бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.



V. СТАЖИРОВКА ЯКУНЛАРИНИ ЧИҚАРИШ


27. Стажёр стажировканинг барча якка тартибдаги режаларини бажариб бўлганидан кейин ёзма ҳисобот тайёрлайди, унда ўзи томонидан стажировканинг якка тартибдаги режаларни бажарилишининг якунлари акс эттирилиши керак. Ҳисобот стажировка раҳбари томонидан тасдиқланади.


28. Стажировка муддати тугаганидан кейин стажировка раҳбари стажёрга муфассал тавсифнома тузади, унда унинг тайёргарлик даражаси, стажировка давомида у томонидан касбга доир олинган амалий ва назарий билимлари ҳамда кўникмалари, топшириқларни бажаришида ва коллективнинг жамоат ҳаётида иштирокининг фаоллиги, шунингдек стажёрни малака имтиҳонини топширишга кириши тўғрисидаги тавсияси акс эттирилган бўлиши керак.

Стажёрга тавсифнома адвокатлик тузилмаси раҳбарининг имзоси ва тузилманинг муҳри билан тасдиқланади.



VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29. Стажёр билан меҳнат шартномаси (контракт) бекор қилинади, стажёр эса адвокатлик тузилмасидан чиқарилади:

стажёрнинг стажёрлар қаторидан чиқариш тўғрисидаги аризасига биноан;

стажёрни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суднинг қарори қонуний кучга кирганда;

стажёр томонидан адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этган ҳолда;

стажёр ўз вазифаларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолда;

стажёрни судланганлиги олиб ташланмаган ёки судланганлик ҳолати тугалланмаганликнинг келиб чиқишига олиб келадиган жиноят содир этганликда айбдор деб топилганлиги тўғрисидаги суднинг ҳукми қонуний кучга кирганда;

стажёрликка кираётганда талабгор томонидан ўзи ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тақдим этган бўлса;

стажёр Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

стажировка ўташнинг энг охирги муддати тугаганда.

Меҳнат шартномаси (контракт) қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўйича ҳам бекор қилиниши мумкин.


30. Адвокатлик тузилмалари белгиланган тартибда тегишли ҳудудий бошқармаларга стажировка билан боғлиқ статистик маълумотларни тақдим этади.

Статистик маълумотларни тўплаш ва ўрганиш якунлари бўйича ҳудудий бошқармалар адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари, адвокатлар ҳайъатлари учун стажировка ўташга энг кам миқдорда иш ўринларини белгилаши мумкин. Ҳудудий бошқармалар юридик маслаҳатхоналарида стажировка ўташ учун зарур миқдорда иш ўринлари яратадилар.


31. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


32. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 13-сон, 152-модда.






















































Время: 0.0060
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск