Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар /

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.10.2004 й. 483-сон Қарорига 5-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 19 октябрдаги

483-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Ер ресурслари, геодезия, картография

ва давлат кадастри давлат қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (кейинги ўринларда "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси деб аталади) давлат бошқарув органи ҳисобланади.

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


2. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси тизимига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари, Давлат геодезия назорати инспекцияси, Марказий ва Самарқанд аэрогеодезия корхоналари, Геодезия ва картография миллий маркази, "Картография" давлат илмий-лойиҳалаш корхонаси, Ўзбек давлат ер тузиш илмий-лойиҳалаш институти - "Ўздаверлойиҳа", "Геоинформкадастр" давлат унитар корхонаси ҳамда Компьютер ва геоахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази киради.

Ҳудудий бўлинмалар "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасига бўйсунади ва тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органига ҳисобот беради.


3. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


4. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ўз фаолиятини давлат бошқаруви бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг моддий-техника таъминоти, шунингдек ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ажратиладиган маблағлар доирасида давлат бюджети маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

6. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, унинг ҳудудий бўлинмалари, унга идоравий мансуб бошқа органлар, корхоналар ва муассасалар юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.


II. "ЕРГЕОДЕЗКАДАСТР" ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер муносабатларини тартибга солиш, ер тузишни ва ерлар мониторингини ташкил қилиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, ошириш ва қайта тиклаш бўйича ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;

тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ерлардан оқилона фойдаланилиши ва улар муҳофаза қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

геодезия ва картография фаолиятини бошқариш;

давлат геодезия назоратини ташкил этиш;

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат ер кадастрини, давлат картография-геодезия кадастрини, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини, шунингдек Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш.

8. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) ердан фойдаланиш соҳасида:

ерга оид муносабатларни тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга йўналтирилган ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

давлат бошқаруви органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг ерлардан фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, оширишни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

ер тузиш, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни, ер ресурсларини ҳисобга олиш ва баҳолашни такомиллаштиришга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, юридик ва жисмоний шахслар, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилади ва амалга оширади, йўл қўйилган қонун бузилишларини бартараф этиш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича ўз вақтида чора-тадбирлар кўрилишини таъминлайди;

ер фондининг ҳолатини кузатиш, ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш мақсадида ерлар мониторингини амалга оширади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Ер ресурсларининг ҳолати тўғрисида ҳар йилги Миллий ҳисоботни тузади.

б) геодезия ва картография фаолияти соҳасида:

давлат геодезия тармоғини яратади, ривожлантиради ва иш ҳолатида сақлайди;

давлат мақсадидаги ҳамда махсус мақсаддаги график, рақамли, фотосуратли ва бошқа шакллардаги топография хариталари ва планларини яратади, янгилайди ва нашр қилади;

Ерни масофадан зондлашни ва геодинамик тадқиқотларни амалга оширади;

умумжуғрофий, сиёсий-маъмурий, илмий-маълумотнома ва бошқа мавзули хариталарни ҳамда тармоқлараро мақсаддаги атласларни, ўқув картография қўлланмаларини тузади ва нашр қилади;

давлат мақсадидаги ва махсус мақсаддаги жуғрофий ахборот тизимларини яратади ва юритади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси чизиқларини делимитация, демаркация қилишни ва текширишни геодезия, картография ва гидрография жиҳатидан таъминлашни ташкил қилади;

геодезия, картография ва кадастр ишларини метрология жиҳатидан таъминлашни ташкил қилади;

геодезия ва картография фаолиятини мувофиқлаштиради ва тартибга солади;

давлат геодезия назоратини амалга оширади;

давлат картография-геодезия фондини шакллантиради ва юритади;

географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни давлат экспертизасидан ўтказади, географик объектларнинг номларини мақбуллаштириш ишларини амалга оширади, Географик объектлар номлари давлат реестрини юритади;

илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва тажриба-технология ишларини бажаради, норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқади, геодезия ва картография асбоб-ускуналари ишлаб чиқаришни ташкил қилади;

иқтисодиёт тармоқларини, фан, мудофаа ва аҳолини геодезия, картография ахборотлари билан таъминлайди;

геодезия ва картография фаолияти лицензияланишини ташкил қилади;

в) давлат кадастрини юритиш соҳасида:

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

Давлат кадастрлари ягона тизимига киритиладиган тармоқ кадастр ахборотларини йиғиш, таҳлил қилиш, туркумлаш, сақлаш ва янгилашни амалга оширади;

давлат ер кадастрини юритади;

бинолар ва иншоотларнинг давлат кадастрини юритади;

давлат картография-геодезия кадастрини юритади;

жисмоний шахсларнинг бинолари ва иншоотлари инвентаризация қийматини белгилайди;

илмий-тадқиқот ва тажриба-технология ишларини бажаради, норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

вилоятлар, туманлар ва аҳоли пунктларининг маъмурий чегараларини белгилаш (аниқлаш) ишларини ташкил қилади ва амалга оширади;

фойдаланувчиларни кадастр ахборотлари билан таъминлайди;

г) кўчмас мулкка ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида:

кўчмас мулкка ҳуқуқларни ва кўчмас мулкка доир битишувларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади;

кўчмас мулкка ҳуқуқлар, уларнинг бир ҳуқуқ эгасидан иккинчисига ўтиши тўғрисидаги, кўчмас мулкка ҳуқуқларни чегаралаш ва кўчмас мулкка доир бошқа битишувлар тўғрисидаги маълумотлар банкини ташкил қилади.


9. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ўзининг ҳудудий бўлинмалари, бошқа идоравий мансуб органлар ва муассасалар орқали ҳал қилади.



III. "ЕРГЕОДЕЗКАДАСТР" ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборотларни сўраш ва текин олиш;

кадастр маълумотларига мувофиқлигини аниқлаш учун тупроқни текшириш;

ҳайъат мажлисларида давлат бошқаруви органлари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларининг "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ваколатига киритилган масалалар бўйича ҳисоботларини эшитиш;

ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш масалалари бўйича текширишларни белгиланган тартибда амалга ошириш, ер ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилиши сабаблари ва оқибатларини бартараф этишга йўналтирилган, давлат бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

айбдор мансабдор шахслар ва фуқароларни белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш, ер қонунчилиги бузилиши оқибатида етказилган зарарни ундириш бўйича даъволар тақдим этиш, ер ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш учун тақдимномаларни тегишли корхоналар, муассасалар, ташкилотларга жўнатиш;

ер ҳақидаги қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тўхтатиш тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифлар киритиш;

геодезия ва картография фаолияти субъектларини белгиланган тартибда текшириш;

халқаро ташкилотларда ерлардан фойдаланиш, геодезия, картография ва кадастр масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш;

ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, шунингдек Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш билан боғлиқ масалаларни биргаликда ишлаб чиқиш учун бошқа вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ҳокимликлар, муассасалар ва ташкилотлар мутахассисларини белгиланган тартибда жалб этиш.

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ер тузиш, ер муносабатларини тартибга солиш, ер мониторинги, ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш, ер ресурсларини ҳисобга олиш ва баҳолаш, геодезия ва картография, номлаш, географик объектларни нормалаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат кадастрларини юритиш бўйича вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва методик ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида тасдиқлашга ҳақлидир.

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда ер тузиш, ер муносабатларини тартибга солиш, ер мониторинги, ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш, ер ресурсларини ҳисобга олиш ва баҳолаш, геодезия ва картография, номлаш, географик объектларни нормалаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат кадастрларини юритиш бўйича вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қўшма қарорлар қабул қилишга, бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга ҳақлидир.

12. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



IV. "ЕРГЕОДЕЗКАДАСТР" ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раис бошчилик қилади.

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси раиси айни бир вақтда ерлардан фойдаланилиши ва уларнинг муҳофаза қилинишини назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг бош давлат инспектори ҳисобланади.

Раиснинг икки нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси раисининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Раиснинг биринчи ўринбосари айни бир вақтда Геодезия ва картография бош бошқармасининг бошлиғи ҳисобланади.


14. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг раиси:

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси тизими бошқа мансабдор шахсларининг ваколатларини, ўз ўринбосарларининг ва бошқа мансабдор шахсларнинг "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси фаолияти айрим участкаларига раҳбарлик қилиш ҳамда идоравий мансуб органлар ва муассасалар ишлари юзасидан жавобгарлик даражасини белгилайди;

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси тизими ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради ҳамда уларнинг бажарилиши устидан назоратни ташкил қилади;

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритади, қўмита марказий аппаратининг штат жадвалини, шунингдек "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси марказий аппарати, идоравий мансуб органлар ва муассасалар харажатлари сметасини тасдиқлайди;

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, идоравий мансуб бошқа органларнинг ҳамда "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси тизимига кирувчи муассасаларнинг низомларини (уставларини) белгиланган тартибда тасдиқлайди;

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси марказий аппарати ходимларини, ҳудудий бўлинмаларнинг, идоравий мансуб бошқа органларнинг ҳамда "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси тизимига кирувчи муассасалар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.

Раис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасида раис (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарлари ҳамда давлат бошқаруви бошқа органларининг раҳбар ходимларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси фаолиятининг ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер муносабатларини тартибга солиш, ер тузишни ва ерлар мониторингини ташкил қилиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, ошириш ва қайта тиклаш бўйича ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлашни давом эттириш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш юзасидан давлат назоратини амалга ошириш, давлат геодезия назоратини самарали ташкил этиш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг қарорлари ва раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади. Раис ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда раис пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

16. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишилган ҳолда "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган низомларга мувофиқ амалга оширадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари бошлиқлари айни бир вақтда тегишли ҳудудларда ерлардан фойдаланилиши ва уларнинг муҳофаза қилинишини назорат қилиш бўйича давлат инспекторлари ҳисобланадилар.

Туманлар, (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари ўз фаолиятини туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари томонидан тасдиқланган низомларга мувофиқ амалга оширадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари бошлиқлари, шунингдек хўжалик юритувчи асосий субъектлар раҳбарлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тақдимномасига биноан "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.

Туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари бошлиқлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.


17. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 42-сон, 446-модда.





























Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск