Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар /

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.06.2011 й. 165-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 8 июндаги

165-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат геология

ва минерал ресурслар қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат геология қўмитаси деб аталади) давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Давлат геология қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


2. Давлат геология қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


3. Давлат геология қўмитаси ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


4. Давлат геология қўмитаси юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ҳамда бланкаларга, шунингдек банкларда қонун ҳужжатларига мувофиқ очиладиган ҳисоб рақамларига эга бўлади.



II. ДАВЛАТ ГЕОЛОГИЯ ҚЎМИТАСИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар Давлат геология қўмитасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ерости бойликларини геологик ўрганиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, минерал-хом ашё базасини такрорий ишлаб чиқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини рўёбга чиқариш, кон муносабатлари соҳасида давлат бошқарувини амалга ошириш;

ҳудудларни минтақавий геологик ўрганиш юзасидан комплекс тадқиқотлар сифатли амалга оширилишини таъминлаш ҳамда фойдали қазилмалар захираларини прогнозлаштиришнинг замонавий технологияларини ва илғор усулларини кенг қўллаган ҳолда давлат геологик суратга олишларини тизимли асосда олиб бориш асосида геологик ахборотларнинг холисоналигини ва ишончлилигини ошириш;

Давлат геология қўмитаси корхоналари томонидан бажариладиган гидроминерал ресурслар, қаттиқ норуда фойдали қазилмалар, қора ва камёб металлар, камёб ер элементлари, фойдали қазилмаларнинг янги (ноанъанавий) турлари конларини қидириб топиш, баҳолаш ва разведка қилиш самарадорлигини оширишни таъминловчи геология-қидирув ишларини сифатли прогноз қилиш;

прогноз қилишнинг илғор методларидан фойдаланган ҳолда ерости бойликлари тўғрисидаги геологик ва бошқа ахборотларни чуқур илмий таҳлил қилиш, фойдали қазилмалар конларини (углеводородлардан ташқари) қидириш ва баҳолаш натижалари асосида минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва такрор ҳосил қилишнинг узоқ муддатли (3 йилдан ортиқ даврга), ўрта муддатли (3 йилгача бўлган даврга) ҳамда ҳар йилги давлат дастурларини республиканинг кон-металлургия комбинатлари билан биргаликда шакллантириш, шунингдек уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

геология-қидирув ишлари самадорлигини баҳолаш ва тармоқнинг якуний натижаларига - ерости бойликлари ҳамда гидроминерал ресурслар, қаттиқ норуда фойдали қазилмалар, қора ва камёб металлар, камёб ер элементларининг саноат захираларини кўпайтириш тўғрисидаги бошқа ахборотларнинг тўлиқлиги ва сифати билан боғлиқ ҳолда рағбатлантириш асосида геология-қидирув ишларини молиялаштиришнинг замонавий методларини жорий этиш;

тасарруфидаги ташкилотларни тубдан модернизация қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

ушбу соҳадаги илғор тажрибадан фойдаланган ҳолда геология тармоғи учун кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни тизимли асосда амалга ошириш, шунингдек республиканинг олий ва ўрта таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш йўналишлари бўйича таклифлар киритиш.


6. Давлат геология қўмитаси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

Ўзбекистон ҳудудининг геологик жиҳатдан ўрганилганлигини таҳлил қилади, бунда минтақавий геологик тадқиқотларни ва амалдаги картографик асосларнинг давлат томонидан геологик суратга олишларнинг янги материаллари, бошқа тадқиқотлар натижалари билан янгиланганлик даражасини ҳисобга олади;

манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлар билан биргаликда минерал-хом ашё базасидан фойдаланиш, уларни янада кенгайтириш, мустаҳкамлаш ва сифат жиҳатидан яхшилаш, улардан оқилона ва комплекс фойдаланиш стратегияси ҳамда ушбу мақсадлар учун зарур бўлган давлат инвестициялари ва бошқа инвестициялар ҳажмлари ҳақида таклифлар ишлаб чиқади;

республикани иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш прогнозларини ишлаб чиқишда, республиканинг минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва такрорий ишлаб чиқариш, ерости бойликларини муҳофаза қилиш давлат дастурларини, ерости бойликларини геологик ўрганиш ва муҳофаза қилиш халқаро дастурларини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида қатнашади;

кон-металлургия комбинатлари билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда узоқ муддатли (3 йилдан ортиқ даврга) ва ўрта муддатли (3 йилгача бўлган даврга) минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва такрор ҳосил қилишнинг давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва такрор ҳосил қилишнинг узоқ муддатли ва ўрта муддатли давлат дастурларини амалга ошириш доирасида Давлат геология қўмитаси тизими бўйича минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва такрор ҳосил қилишнинг ҳар йилги давлат дастурларини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва такрор ҳосил қилишнинг узоқ муддатли, ўрта муддатли ва ҳар йилги давлат дастурларини ишлаб чиқишда ваколатли органлар ва манфаатдор ташкилотлар билан келишган ҳолда гидроминерал ресурслар, қаттиқ норуда фойдали қазилмалар, қора ва камёб металлар, камёб ер элементлари захираларини кўпайтириш бўйича давлат буюртмаси лойиҳалари шакллантирилишини таъминлайди;

тизимли асосда замонавий илмталаб технологиялар ва асбоб-ускуналарни геология-қидирув ишларига жорий этишни амалга оширади, шунингдек Давлат геология қўмитаси тасарруфидаги корхоналар ва ташкилотларни модернизация қилиш ҳамда техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича ўз вақтида чора-тадбирлар кўради;

фундаментал ва амалий илм-фаннинг илғор ютуқлари асосида ерости бойликларини геологик ўрганиш ва минерал ресурслардан фойдаланиш соҳасида мавзули, тажриба-конструкторлик ишлари, конлар ва кон жинсларининг технологик тадқиқотлари, шунингдек бошқа ишларнинг устувор йўналишларини илмий асослайди;

республика ҳудудларини комплекс равишда минтақавий ўрганиш, турли масштабларда давлат томонидан геологик суратга олишлар натижалари, геофизик, геокимёвий, геоэкологик, аэрокосмофотогеологик, гидрогеологик, муҳандислик-геологик тадқиқотлар ҳамда ихтисослаштирилган жадал излаш ишлари асосида қаттиқ фойдали қазилмалар (шу жумладан, ноёб ва рангли металлар, уран), ерости чучук ва минерал сувларнинг истиқболли конлари ҳудудларини аниқлайди;

геология-қидирув ишларини ўтказиш амалиётига янги методлар ва технологияларни, шу жумладан, масофадан амалга ошириладиган методлар ва технологияларни жорий этишни таъминлайди;

республика ҳудудини минтақавий геологик ўрганиш, геоэкологик ишларни бажариш, давлат томонидан геологик суратга олиш, ихтисослаштирилган жадал излаш ишлари, гидроминерал ресурслар, қаттиқ норуда фойдали қазилмалар, қора ва камёб металлар, камёб ер элементлари, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари бўйича комплекс тадқиқотлар ўтказиш юзасидан давлат буюртмаларини тасарруфидаги корхоналар ва ташкилотлар ўртасида жойлаштиради, уларни бажаришни давлат бюджети маблағлари ва бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштиради;

давлат бюджети маблағлари ҳисобига ерости бойликларини геологик ўрганиш ишларини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ерости бойликларини геологик ўрганиш ишларини лойиҳалаш ва юритиш соҳасидаги норма ва қоидаларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва такрор ҳосил қилишнинг тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ ерости бойликларини геологик ўрганиш ишларини мувофиқлаштиради ва амалга оширади;

ерости бойликларини геологик ўрганиш ишлари олиб борилишини, гидроминерал ресурслар, қаттиқ норуда фойдали қазилмалар, қора ва камёб металлар, камёб ер элементлари захираларини кўпайтириш ва республиканинг моддий-хом ашё базаси шакллантирилиши, мустаҳкамланиши ва кенгайтирилиши бўйича (углеводород хом ашё, ноёб ва рангли металлар, урандан ташқари) ҳамда республика ҳудудини геологик ўрганиш соҳасидаги бошқа ишлар бўйича топшириқларнинг бажарилишини таъминлайди;

Давлат геология қўмитаси тизими бўйича минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва такрор ҳосил қилишнинг ҳар йилги дастурлари, гидроминерал ресурслар, қаттиқ норуда фойдали қазилмалар, қора ва камёб металлар, камёб ер элементлари захираларини кўпайтириш бўйича топшириқлар бажарилишининг ҳар чораклик мониторингини амалга оширади;

Ўзбекистон ҳудудининг геологик-экологик тадқиқотлари дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ўз ваколати доирасида ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига берилган лицензияларда белгиланган шартларга, ерости бойликларини геологик ўрганиш ишларини лойиҳалаш соҳасидаги норма ва қоидаларга ерости бойликларидан фойдаланувчилар томонидан риоя этилишини назорат қилади;

тасарруфидаги корхоналарга ерости бойликларини геологик ўрганиш ишларини амалга ошириш учун ажратиладиган давлат маблағларидан фойдаланилишини назорат қилади;

тадбиркорлик таваккалчилиги шароитларида геологик ўрганиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган ерости иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш учун ерости участкаларидан фойдаланиш (чиқиндиларни сақлаш ва кўмиш мақсадида ерости иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялардан ташқари), қўриқланадиган геологик объектлар ҳосилаларидан фойдаланиш ҳамда товланадиган тош хом ашё, палеонтологик қолдиқлар намуналарини ва бошқа геологик коллекция материалларини тўплаш ҳуқуқини берувчи лицензияларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда беради;

тасарруфидаги корхоналар учун давлат бюджети маблағлари ҳисобига геологик ўрганиш учун ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи пайдо бўлишининг асоси ҳисобланадиган ерости бойликларини геологик ўрганишга доир лойиҳа-смета ҳужжатларини ўз ваколатлари доирасида тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда, фойдаланиш учун берилган ерости бойликлари участкаларининг давлат ҳисобини юритади, ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини ва ерости бойликларини геологик ўрганиш ишларининг давлат ҳисобини юритиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказади;

Давлат геология қўмитаси тизими бўйича давлат маблағлари ҳисобига олинган ерости бойликлари тўғрисидаги геологик ва бошқа ахборотларга мулкдор ҳуқуқи ва мажбуриятларини амалга оширади;

ҳам давлат маблағлари ҳисобига, ҳам ерости бойликларидан фойдаланувчиларнинг ўз маблағлари ҳисобига ўтказилган геология-қидирув ишлари натижасида олинган геологик ва фойдали қазилмаларнинг барча турлари бўйича ерости бойликлари тўғрисидаги бошқа ахборотларни ҳисобга олади, сақлайди ва тизимлаштиради;

ерости бойликларини геологик ўрганиш ишларини олиб бориш юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизасини ташкил этади ва унинг амалга оширилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг кенг тарқалган фойдали қазилмалари рўйхатини аниқлайди ҳамда уни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

ерости бойликлари тўғрисидаги геологик ва бошқа ахборотларнинг давлат фондини, геологик тош материаллар давлат фондини юритади;

фойдали қазилмаларнинг истиқболли конларини аниқлаш мумкин бўлган конлар ва ерости бойликлари участкалари давлат реестрини (ўз ваколатлари доирасида), фойдали қазилмалар захиралари давлат балансини, конларнинг, фойдали қазилмалар ва техноген минерал ҳосилалар намоён бўлиши давлат кадастрини, давлат сув (ерости сувлари) кадастрини, юқори даражада табиий хавфли зоналар (хавфли геологик жараёнлар пайдо бўладиган зоналар) давлат кадастрини юритади, шунингдек муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар давлат кадастрига биноан чучук ерости сувлари конларининг шаклланиш зоналари бўйича маълумотларни тузади ва тақдим этади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ўзаро ҳамкорликда ерости бойликлари давлат мониторинги, шу жумладан, ерости сувлари мониторинги амалга оширилишини таъминлайди;

тоғли ҳудудларда хавфли геологик жараёнлар (кўчки, ўпирилиш, чўкиш, суффозийлар, карстлар)ни ўрганиш, шунингдек уларнинг ҳосил бўлиши ва ривожланишини кузатиш ишларини амалга оширади;

қўшни давлатларнинг геология хизматлари билан биргаликда трансчегара ҳудудлар доирасида радиоактив ва токсик элементлар билан ифлосланиш ўчоқларини аниқлаш ва ўрганиш ишларини амалга оширади, қўшни ҳудудларнинг экологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган алоҳида хавфли зоналар ва участкаларни акс эттирган ҳолда геология хариталари ва атласларини тузади ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, манфаатдор вазирликлар ва идораларга тақдим этади;

вазирликлар ва идоралар билан биргаликда сув ресурсларидан (ерости сувларидан) фойдаланиш ҳамда ҳудудларни техноген ва хавфли геологик жараёнлар таъсиридан ҳимоя қилиш схемаларини ишлаб чиқади;

геология ва минералогия объектлари қўриқланиши, шунингдек ерости сувларининг ифлосланиш ва қуриб қолишдан қўриқланиши юзасидан назоратни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади;

сув қудуқлари бурғулашга рухсатнома ва сувдан (ерости сувларидан) махсус фойдаланишга рухсатнома берилишини келишади;

республика ҳудудининг шўрланишига ва чўлга айланишига таъсир кўрсатувчи минтақавий экзоген геологик жараёнларни ўрганади;

келгусида саноат ва хўжалик қурилиши объектларини жойлаштириш учун муҳандислик-геология, гидрогеология ва экология-геология асослашларини тайёрлайди;

қурилаётган ва реконструкция қилинаётган йирик саноат ва қишлоқ хўжалиги объектларининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш ишларида ўз ваколатлари доирасида қатнашади;

ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш юзасидан очиқ савдолар ташкил этилиши ва ўтказилишига вазирликлар ва идоралар билан биргаликда материаллар тайёрлайди ва уларда қатнашади, ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш билан боғлиқ инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асослашлари ишлаб чиқилишида қатнашади;

вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда ерости бойликларини геологик ўрганиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш стратегияси тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади;

хорижий инвестицияларни жалб этиш ишларини олиб боради, хорижий инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказади ва уларга ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тўғрисида (ўз ваколатлари доирасида) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

Давлат геология қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни амалга оширади, конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар ташкил қилади, халқаро ташкилотлар, бошқа мамлакатларнинг геология хизматлари билан белгиланган тартибда алоқалар ўрнатади;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлардаги аъзолигидан ҳамда ерости бойликларини геологик ўрганиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, минерал-хом ашё потенциалини такрорий ишлаб чиқариш ва ривожлантириш соҳасида халқаро шартномаларда иштирок этишидан келиб чиқувчи мажбуриятлар бажарилишини ташкил этишда ва уларнинг мувофиқлаштирилишида қатнашади;

республика минерал-хом ашё базасининг ҳолати тўғрисидаги ахборот тизимлари фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлайди, ерости бойликларини геологик ўрганиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида ноширлик фаолиятини белгиланган тартибда амалга оширади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда геология-қидирув ишларига (минерал-хом ашё базасини такрорий ишлаб чиқаришга) харажатларни қоплаш ставкалари миқдорларини, геология-қидирув ишларини молиялаштириш ва уларга кредитлар ажратиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади;

экстремал шароитларда (сувсизлик, баланд тоғли, ер ости ва бошқа шароитларда) ишларни олиб бориш учун қўшимча ҳақ миқдорларини белгилаш юзасидан таклифларни асослайди ва ишлаб чиқади;

тасарруфидаги корхоналар ва ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштиради;

геология соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини мунтазам амалга оширади;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни бажаради.


7. Давлат геология қўмитаси ўзига юкланган вазифаларни ҳамда ўз функцияларини бевосита, шунингдек ўзига қарашли корхоналар ва илмий-тадқиқот институтлари орқали ҳал этади ва бажаради.



III. ДАВЛАТ ГЕОЛОГИЯ ҚЎМИТАСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Давлат геология қўмитаси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, ташкилотлардан ўз ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ўз ваколатлари доирасида ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ташкилотлар билан келишув бўйича геология материаллари экспертизасини ўтказиш учун уларнинг мутахассисларини жалб этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

ерости бойликларини геологик ўрганиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш масалалари бўйича идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;

зарурият бўлганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун олимлар, тармоқ мутахассисларидан вақтинчалик ишчи гуруҳлар ташкил қилиш, шартнома асосида ушбу ишга бошқа вазирликлар ва идораларнинг мутахассислари ва экспертларини жалб этиш;

давлат бюджети маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобига олинган ерости бойликлари тўғрисидаги геологик ва бошқа ахборотларни белгиланган тартибда шартнома асосида реализация қилиш (бериш, алмаштириш, сотиш);

Давлат геология қўмитаси Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.


9. Давлат геология қўмитаси ўз ваколатлари доирасида вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлашга ҳақлидир.

Давлат геология қўмитаси, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.



IV. ДАВЛАТ ГЕОЛОГИЯ ҚЎМИТАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Давлат геология қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раис бошчилик қилади.

Раиснинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бир нафар ўринбосари бўлади.

Давлат геология қўмитаси раиси моддий, маиший, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича вазирга, унинг ўринбосари эса - вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


11. Давлат геология қўмитаси раиси:

Давлат геология қўмитаси фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда Давлат геология қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

зарурият бўлганда, ходимларнинг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Давлат геология қўмитаси марказий аппарати тузилмасига ўзгартиришлар киритади;

Давлат геология қўмитаси марказий аппаратининг штатлар жадвалини тасдиқлайди;

Давлат геология қўмитаси марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, Давлат геология қўмитаси тизимига кирувчи давлат корхоналари уставларини тасдиқлайди;

Давлат геология қўмитаси тасарруфидаги давлат корхоналарини қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади;

Давлат геология қўмитаси марказий аппарати ходимларини, Давлат геология қўмитаси тизимига кирувчи корхоналар, илмий-тадқиқот институтлари раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


12. Давлат геология қўмитасида раис (ҳайъат раиси), унинг ўринбосари, шунингдек Давлат геология қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи унинг таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Давлат геология қўмитаси раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Давлат геология қўмитаси фаолиятининг ерости бойликларини геологик ўрганиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, минерал-хом ашё базасини такрорий ишлаб чиқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни давом эттириш, кон муносабатлари соҳасида давлат бошқарувини амалга ошириш, фойдали қазилмалар конларини қидириш ва разведка қилиш самарадорлигини оширишни таъминловчи геология-қидирув ишларини сифатли прогноз қилиш, шунингдек прогнозлаштиришнинг илғор усулларидан фойдаланган ҳолда ерости бойликлари тўғрисидаги геологик ва бошқа ахборотларни чуқур илмий таҳлил қилиш асосида минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва такрор ҳосил қилишнинг узоқ муддатли, ўрта муддатли ҳамда ҳар йилги давлат дастурларини шакллантириш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Давлат геология қўмитаси раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Давлат геология қўмитаси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Давлат геология қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Қўмитанинг қарорлари ва раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади. Раис ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда раис пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълум қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.


13. Ерости бойликларини геологик ўрганиш билан боғлиқ энг муҳим йўналишларни, ишлар натижаларини ва бошқа масалаларни кўриб чиқиш учун Давлат геология қўмитаси ҳузурида юқори малакали мутахассислардан илмий-техника кенгаши ташкил этилади. Илмий-техника кенгаши таркиби ва унинг тўғрисидаги низом ҳайъат томонидан тасдиқланади.


14. Давлат геология қўмитаси аппарати таъминоти давлат бюджети маблағлари, тасарруфидаги давлат корхоналари ажратмалари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


15. Давлат геология қўмитасини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 22-23-сон, 235-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2011 йил, 6-сон, 46-модда






























Время: 0.0065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск