язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Саноат/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.11.2007 й. ПФ-3937-сон "Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

12.11.2007 й.

N ПФ-3937



ИЧКИ ТАРМОҚ ВА ТАРМОҚЛАРАРО САНОАТ

КООПЕРАЦИЯСИНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қайд этиб ўтилсинки, Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилаётган чуқур, аниқ мақсадга йўналтирилган таркибий ўзгартиришлар кейинги йилларда иқтисодий ривожланишнинг юксак суръатларини ва саноатнинг илдам ўсишини таъминлади. Саноатнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 90-йиллар бошидаги 11 фоиздан 2007 йилга келиб 24 фоизгача кўпайди.

Мустақиллик йиллари мобайнида нефть-газ, машинасозлик, электр техника, кимё, металлургия саноатида ўнлаб янги йирик саноат корхоналари барпо этилди. Иқтисодиётнинг янги тармоғи - ривожланган инфратузилмага эга бўлган автомобиль саноати яратилдики, унда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси бугунги кунда 60 фоиздан кўпроқни ташкил этади.

Ватанимиз саноати томонидан енгил, юк автомобиллари ҳамда йўловчи автобуслари, полиэтилен, сиқилган ва суюлтирилган газ, кальцийлаштирилган сода, электр техника ва кабел-ўтказгич маҳсулотлари, эластик темир йўл шпаллари, машинасозлик ҳамда бошқа саноат тармоқлари учун эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар каби янги юқори технологик маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Шу билан бирга, вужудга келтирилган саноат салоҳиятидан ҳали етарлича самарали ва тўлиқ даражада фойдаланилмаяпти. Ишлаб чиқариш қувватлари, юқори малакали ишчи кучи, қулай иқлим шароитлари мавжуд бўлгани ҳолда, тайёр саноат маҳсулотининг кўпгина турлари, хом ашё ва материаллар, етарли даражадаги манфаатдорликнинг йўқлиги сабабли кўпинча хориждан қўшимча транспорт харажатлари ва валюта сарфлаб олиб келинади, ваҳоланки уларни маҳаллий корхоналарда муваффақиятли ишлаб чиқариш мумкин бўлур эди.

Хусусан, қишлоқ хўжалик машинасозлиги, рангли металлургия, пахта тозалаш ва тўқимачилик саноатида ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперацияси имкониятларидан етарлича фойдаланилмаяпти. Маҳаллийлаштирилаётган ишлаб чиқаришга кичик бизнес корхоналари суст жалб этилмоқда.

Ишлаб чиқаришни мақбуллаштиришда, ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришда хўжалик юритувчи субъектларга ёрдам бериш, маҳаллийлаштириш жараёнларини кенгайтириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини, аҳолининг иш билан бандлигини ва саноат маҳсулоти ҳажмларини оширишда мавжуд захиралардан фойдаланиш мақсадида:


1. Республика саноатининг тез ривожланиб бораётган тармоқлари учун зарур бўлган, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, савдо ва тўлов балансини мақбуллаштириш имконини берадиган бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, сарфланадиган материаллар ва қайта ишланган хом ашё захиралари ишлаб чиқарадиган ватанимиз корхоналарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, валюта маблағларини биринчи навбатда илғор технологиялар ва машина-ускуналарни импорт қилишга йўналтириш узоқ муддатли истиқболни кўзлаб саноатни янада ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифаси деб ҳисоблансин.

Қуйидагилар ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

саноат корхоналарининг ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияси доирасида узоқ муддатли хўжалик алоқаларини шакллантириш ҳамда кенгайтириш учун зарур қонунчилик базасини ва бозор инфратузилмасини яратиш;

ускуналар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни амалга ошираётган корхоналарнинг зарур хом ашё ва кредит захираларидан эркин фойдаланишини таъминлаш;

маҳаллий хом ашё негизида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш борасида ҳар йили қабул қилинадиган Дастурларнинг саноат кооперациясини ривожлантиришдаги роли ва аҳамиятини ошириш, шунингдек дастурларга киритилган маҳаллийлаштириш лойиҳаларининг ўз вақтида бажарилиши учун ижрочиларнинг жавобгарлигини кучайтириш;

янги технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни йирик ва кичик корхоналарда жорий этиш имконини берадиган инновация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш учун венчур жамғармаларини, шунингдек инфратузилма обектларини ташкил этиш;

мамлакатимиз корхоналарининг эҳтиёжлари учун, шунингдек экспортга етказиб бериш учун ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хом ашё ва материаллар ишлаб чиқаришни таъминлаётган корхоналарга маҳаллийлаштириш дастури доирасида солиқ ҳамда божхона соҳасида имтиёз ва преференциялар бериш.


2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатасининг Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини мунтазам асосда ўтказиб туришни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тўғрисида кенг хабардор қилиш, шерикларни излаб топиш ҳамда ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни етказиб бериш тўғрисида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида хўжалик шартномалари тузишда, шунингдек экспортга маҳсулотни етказиб бериш учун шартномалар тузишда ёрдам кўрсатиш саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг асосий вазифаси этиб белгилансин.

3. Доимий фаолият кўрсатувчи Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ташкилий қўмитаси таркиби иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилансинки, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган маҳсулотлар ва материалларни Кооперация биржаси доирасида харид қилиш мамлакатимизнинг барча истеъмолчилари учун қўшимча тендерлар ўтказмай тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги бир ой муддатда, 2008 йилги маҳаллийлаштириш Дастуридан бошлаб, маҳаллий хом ашё негизида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастурига киритилган корхоналар учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва преференциялар бериш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда ҳар чоракда ҳамда йил якунлари бўйича маҳаллий хом ашё негизида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг тасдиқланган Дастури ижроси натижаларини кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамаси йиғилишларига киритиб борсин.


7. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги 2008 йилнинг биринчи ярми давомида Агентликнинг кооперация алоқалари доирасида техникавий аудит ҳамда ишлаб чиқарилаётган ва ўзлаштирилаётган маҳсулотлар сифатини бошқариш тизимини кенг қўллаш борасида хўжалик юритувчи субъектларга жойларда хизматлар кўрсатиш филиаллари билан ихтисослаштирилган тузилмалари тармоғи ташкил этилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Давлат божхона қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда кейинчалик айнан нархи ва сифати бўйича рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминловчи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ишлаб чиққан ҳолда, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни импорт қилишнинг доимий мониторинги ва таҳлилини амалга оширсин.


9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 46-47-сон, 463-модда.