язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат)/ Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаменти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.03.2007 й. 56-сон Қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2007 йил 22 мартдаги

56-сон қарорига

3-ИЛОВА



Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги

маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол

товарлари масалалари ахборот-таҳлил

департаменти тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 12 мартдаги ПҚ-601-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Ижро этувчи аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

2. Департаментнинг фаолияти Вазирлар Маҳкамасини, унинг Президиумини, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратини қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва фермерликни ривожлантириш; ердан оқилона фойдаланиш; сув хўжалиги ва сув хўжалиги қурилиши; атроф-муҳит муҳофазаси; чорвачиликни ривожлантириш; озиқ-овқат саноатини ривожлантириш; пахтани қайта ишлаш ва енгил саноатни ривожлантириш; савдо ва пулли хизматлар кўрсатиш соҳаси масалалари бўйича ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминлашга йўналтирилган.

3. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Департамент ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раҳбарлигида амалга оширади.

Департамент ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига бўйсунади ҳамда айни пайтда унинг фаолияти Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштирилади.

5. Департамент ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


II. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва фермерликни ривожлантириш соҳасида:

қишлоқ хўжалигида, ердан фойдаланишда, сув хўжалиги комплексида ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилишини тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

қишлоқда фермерлик ҳаракатининг ривожланишини, ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси объектлари шакллантирилиши, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилиши, экологик вазият, табиатни муҳофаза қилиш ишларининг ташкил этилиши мониторинги ва таҳлилини таъминлаш;

қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ердан оқилона фойдаланиш, сув хўжалиги ва сув хўжалиги қурилиши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилишини ташкил этиш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда қишлоқни юксалтиришнинг қисқа муддатли ва узоқ муддатли прогнозлари ва дастурлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

аграр секторда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, шартнома муносабатлари негизидаги ижара муносабатлари ва хўжалик юритиш тизимларини кенг ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчисининг манфаатлари ишончли таъминланишига қаратилган иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш ишларини мувофиқлаштириш;

Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш, ер ва бошқа табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, республикада экологик вазиятни яхшилаш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотларнинг сув хўжалиги тизими фаолият кўрсатиши масалаларида ўзаро ҳамкорлик қилиши бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш ишларини мувофиқлаштириш;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши соҳасида хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар комплекси амалга оширилишини ташкил этиш, аграр секторга хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш учун норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

аграр секторда монополиядан чиқариш жараёнларини чуқурлаштириш, рақобат учун шарт-шароитлар яратиш, ердан фойдаланишда бозор принциплари ва механизмларини кенг жорий этиш, сув хўжалигида бошқарув шакллари, методлари ва тузилмаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалигини бошқариш тизимини такомиллаштириш, замонавий агротехнологияларни ва қишлоқ хўжалиги экинларини навлар бўйича жойлаштириш, ер тузиш ва ер мониторинги, тупроқни сақлаш, унинг унумдорлигини ошириш ва тиклашни ташкил этиш, барча даражаларда сувдан фойдаланишнинг бозор принципларини жорий этиш, атроф-муҳит муҳофазасининг норматив ва ахборот базасини янгилаш ва такомиллаштириш ишларини ташкил этиш;

селекция ва қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ер муносабатларини тартибга солиш, ирригация тизимларини бошқаришнинг ҳавза принципи асосида сув ресурсларини бошқариш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни молиялаштириш ва кредитлаш тизимини таҳлил қилиш ва уни такомиллаштириш, эскидан суғориб келинаётган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва янги ерлар ўзлаштириш, ўрмонлардан фойдаланиш, уларни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш, ўрмон хўжалигини ривожлантиришга доир таклифлар тайёрлаш;

фермер хўжаликларини, шу жумладан, лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш;

қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига механизациялаштирилган хизматлар кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги техникаси, эҳтиёт қисмлар ва бошқа моддий-техника ресурслари етказиб бериш бўйича шартнома мажбуриятлари бажарилишини ташкил этиш;

бозор принциплари ва механизмлари асосида қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига хизмат кўрсатувчи тармоқлар, бўғинлар ва тузилмаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар билан биргаликда ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш ва тақсимлашнинг молиявий таъминоти юзасидан баланснинг ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши ва келишилишини ҳамда унинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

б) чорвачиликни ривожлантириш соҳасида:

шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорвачиликни ривожлантиришни тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

республикада чорвачиликни янада ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилиши мониторинги олиб борилиши ва таҳлил этилишини таъминлаш;

чорвачиликни ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилишини ташкил этиш;

наслчилик ишларини сифат жиҳатидан ривожлантириш, чорва молларини сунъий қочириш хизматларини кенгайтириш, зооветеринария хизмати кўрсатиш тармоқларини ривожлантириш ишларини мувофиқлаштириш;

зооветеринария пунктларини жиҳозлаш ҳамда шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларига ветеринария хизмати кўрсатиш даражасини ошириш, ветеринария препаратларини мамлакатимизнинг ўзида ишлаб чиқариш базасини кенгайтириш ишларини ташкил этиш;

чорва озуқа экинлари экиш таркибини мақбуллаштириш ва чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларининг ер майдонларидан мақсадли фойдаланишга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

пиллачиликнинг озуқа базасини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, юқори маҳсулли ипак қурти уруғини мамлакатимизнинг ўзида ишлаб чиқариш, тирик пилла ишлаб чиқаришни кенгайтириш ишларини мувофиқлаштириш;

фермер хўжаликларида ва якка тартибдаги секторда қоракўлчилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантиришни таҳлил қилиш ва таклифлар тайёрлаш;

в) озиқ-овқат саноатини ривожлантириш соҳасида:

озиқ-овқат саноати тармоқларида ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилишини тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

мева-сабзавот, виночилик, ёғ-мой, гўшт-сут саноати, шунингдек донни қайта ишлаш ва омихта ем ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти мониторинги олиб борилиши ва таҳлил қилинишини ҳамда уларнинг ривожлантирилишини таъминлаш;

озиқ-овқат саноати товарларини ишлаб чиқариш ва сотиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилишини ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ва сотиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва мазкур соҳани ривожлантириш вазифаларининг комплекс ҳал этилишини ташкил қилиш;

ички истеъмол бозорини озиқ-овқат товарлари билан тўлдириш масалалари бўйича мониторингни таъминлаш ҳамда таҳлил этиш, озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишдаги сифат ўзгаришларини ва уни ривожлантириш тенденцияларини баҳолаш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш тармоқларида бозор принциплари ва механизмаларини кенг жорий этиш, озиқ-овқат саноати корхоналарида замонавий технологияларни жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш ва сотиш соҳасида бошқарув тузилмасини такомиллаштириш, тармоққа хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, корхоналарни модернизация қилиш ва техника билан қайта жиҳозлаш, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технологияларни кенг жорий этиш ишларини мувофиқлаштириш;

жаҳон стандартларига жавоб берадиган озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш, тармоқ корхоналарининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, импорт ўрнини тўлдирадиган товарлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар билан биргаликда мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий турлари ва узум, озиқ-овқат спирти, ўсимлик ёғи ва озиқ-овқат дони ишлаб чиқариш ва уларни тақсимлаш балансларини ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқишни ҳамда уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

г) пахтани қайта ишлаш ва енгил саноат соҳасида:

пахтани қайта ишлаш саноати, енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва пулли хизматлар кўрсатишни ривожлантириш соҳасида иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилишини тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

ички истеъмол бозорини енгил саноат товарлари билан тўлдириш масалалари бўйича мониторингни таъминлаш ҳамда таҳлил этиш, енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни ривожлантириш, савдо ва пулли хизматлар фаолият кўрсатиши соҳасидаги сифат ўзгаришларини ва тенденцияларини баҳолаш;

пахтани қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш ва сотиш, савдо ва пулли хизматлар кўрсатиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилишини ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг пахтани қайта ишлаш саноати, енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш ва сотиш, савдо ва пулли хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

пахтани қайта ишлаш тармоғида, енгил саноатда, савдода ва пулли хизматлар кўрсатиш соҳасида иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш вазифаларини комплекс ҳал этишни ташкил қилиш;

пахтани қайта ишлаш саноати, енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш ва сотиш соҳасида бошқарув тузилмасини такомиллаштириш, тармоққа хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

пахта тозалаш ва енгил саноат корхоналарини ривожлантиришнинг илмий-техник даражасини ошириш, тармоқ корхоналарини модернизация қилиш, техника ва технология билан қайта жиҳозлаш, кўрсатиб ўтилган вазифаларни ҳал этиш учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

жаҳон стандартларига жавоб берадиган енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш, тармоқ корхоналарининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, импортнинг ўрнини босадиган товарлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

бозорлар фаолиятини, ярмаркалар ва кўргазмаларнинг истеъмол товарлари, аҳолини истеъмол товарлари ва пулли хизматлар билан таъминлаш бўйича маркетинг тадқиқотлари борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

чакана ва улгуржи савдони ташкил этиш тизимини, пулли хизматлар кўрсатиш соҳасини такомиллаштириш, савдо ва хизматлар кўрсатишни ташкил этишнинг янги шакллари ва методларини кенг жорий этиш, хусусий ва кичик тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек савдо ва хизматлар кўрсатишнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

савдо ва пулли хизматлар кўрсатиш соҳаси учун кадрлар тайёрлашни ташкил этиш тизимини ўрганиш ва таҳлил қилиш, мазкур соҳаларни малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар билан биргаликда пахта толаси ва линт ишлаб чиқариш ва етказиб бериш балансларининг ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши ва келишилишини ҳамда уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш.


7. Департамент ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ўзи юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича ахборотларни тўплайди ва умумлаштиради;

иқтисодиётнинг тегишли тармоқларида ва ҳудудларда ишларнинг аҳволини ўрганади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари учун тегишли материалларни тайёрлайди;

тегишли тармоқлар ривожланиши, ислоҳотларни чуқурлаштириш дастурлари, шунингдек тегишли тармоқларда ходимларни ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш ва янада такомиллаштириш дастурлари шакллантирилиши ва амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарати бошқарувчиси топшириқларининг ижросини назорат қилади;

тегишли тармоқлар бўйича тизимлаштирилган маълумотлар базаси яратилиши ва юритилишини, уларнинг мунтазам равишда янгиланишини таъминлайди;

Вазирлар Маҳкамасининг кўриб чиқиши учун таҳлилий, маълумотнома материаллар ва бошқа материалларни, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқлари лойиҳаларини тайёрлайди;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда бошқа ҳужжатлар, шу жумладан, аҳолининг ижтимоий муҳофазаланганлигини кучайтириш бўйича мақсадли дастурлар лойиҳалари экспертизасини амалга оширади ва уларни ишлаб чиқади, улар юзасидан зарур таҳлилий ва маълумотнома материаллар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари томонидан ўтказиладиган йиғилишларга материаллар тайёрлашда ва уларда қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштиришда қатнашади;

материалларнинг комплекслилиги ҳамда уларни ишлаб чиқиш ва тайёрлашнинг сифати, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарларининг топшириқлари лойиҳаларининг давлат ва хўжалик бошқаруви манфаатдор органлари, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари билан келишилиши учун жавоб беради;

Департамент ваколатига кирувчи масалалар бўйича қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва уларнинг белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилишини ташкил қилади;

ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ давлат ва хўжалик бошқарувининг мутасаддилик қилинадиган органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

ўзи юритадиган масалалар бўйича ҳукуматлараро битимларни тайёрлашда қатнашади;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари бошчилик қиладиган тегишли Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ташкилий қўмиталар иши самарадорлигини таъминлайди, улар томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади ва уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлайди, кўриб чиқиш ва чора-тадбирлар кўриш учун ушбу мурожаатларни тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юборади, уларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишини назорат қилади, кўрсатиб ўтилган мурожаатлар билан ахборот-таҳлил ишларини амалга оширади, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни амалга оширади;

ўзига юкланган бошқа функцияларни белгиланган тартибда амалга оширади.



III. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Департамент ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқа таркибий бўлинмаларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда олиш ва сўраш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

мутасаддилик қилинадиган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, хўжалик бошқаруви органларининг коллегиал органлари мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириғига биноан эса - давлат бошқа органларининг, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг Департамент юритадиган масалалар бўйича ўтказиладиган мажлислари ва йиғилишларида қатнашиш;

зарурат бўлганда Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакилларини белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинчалик ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

зарурат бўлганда "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг Иш тартиби талаблари бузилган ҳолда тушган ҳужжатларни қайтариб юбориш.

Департаментнинг зарур материаллар, маълумотларни тақдим этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш бўйича талаблари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарларининг ва Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарати бошқарувчисининг топшириқларида бажаришнинг бошқа муддатлари белгиланмаган бўлса, Департамент белгилаган муддатларда бажарилиши керак.

9. Департамент:

ўзига юкланган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши учун;

Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган таклифлар ва масалаларни эксперт жиҳатидан сифатли ишлаб чиқишнинг ташкил этилиши учун;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, Ҳукумат қарорлари, фармойишларининг, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти топшириқларининг мутасаддилик қилинадиган идоралар томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъминланиши учун;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизоми мустаҳкамланиши учун жавоб беради.



IV. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ТУЗИЛМАСИ


10. Департаментнинг тузилмасига Департамент мудири, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва фермерликни ривожлантириш; чорвачиликни ривожлантириш; озиқ-овқат саноатини ривожлантириш; пахтани қайта ишлаш ва енгил саноат масалалари бўйича шўъбалар, шунингдек инспектор киради. Шўъба таркибига шўъба мудири, бош ва етакчи мутахассислар киради.

Департамент тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.


11. Департамент ишларига мудир раҳбарлик қилади.


12. Департамент мудири, шўъба мудирлари ва мутахассислари белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.



V. ДЕПАРТАМЕНТ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Департамент ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Вазирлар Маҳкамасининг Иш тартибига, ушбу Низомга, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратида иш юритиш бўйича йўриқномага, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарларининг топшириқларига, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарати бошқарувчисининг буйруқлари ва топшириқларига мувофиқ, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари, Департаментнинг иш режалари, Департамент мудири, шўъба мудирлари ва мутахассисларнинг шахсий иш режалари асосида ташкил этилади.

Департаментнинг иш режалари, Департамент мудири ва шўъба мудирларининг шахсий иш режалари Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқарувчиси билан келишилади ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланади.

Мутахассисларнинг шахсий иш режалари Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири билан келишилади ва Департамент мудири томонидан тасдиқланади.


14. Департамент мудири:

Департаментга бевосита раҳбарликни амалга оширади, мутахассислар ишларини ташкил қилади ҳамда Департаментга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган Департамент мутасаддилик қиладиган соҳага кирувчи масалалар бўйича таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат принципларига қатъий риоя қилинишини таъминлайди, уларнинг эксперт жиҳатидан ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларига виза қўяди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг амалга оширилиши устидан тизимли назоратни таъминлайди;

тегишли тармоқлар, соҳалар ва республика ҳудудларида иқтисодий ислоҳотларнинг аҳволи ва натижадорлиги тўғрисида тизимли мониторингни ва маълумотлар банки шакллантирилишини, шунингдек муаммоли масалаларни ҳал этиш, тармоқлар ва республика ҳудудларини ривожлантиришнинг истиқболдаги вазифаларини амалга ошириш юзасидан амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини таъминлайди;

Департаментнинг тасдиқланган тузилмаси ва штатлар жадвалига мувофиқ лавозимларга тавсия этиладиган номзодлар, мутахассисларнинг касб даражасини ва ишчанлик малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ва жазолаш чоралари бўйича таклифларни пухта ишлаб чиқади ва Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси билан келишган ҳолда комплекс раҳбари кўриб чиқиши учун киритади;

мутахассислар ўртасида вазифаларнинг тақсимотини, шунингдек Комплекснинг ярим йиллик иш режаси лойиҳасини ишлаб чиқади ва Комплекс раҳбари тасдиқлаши учун киритади, Департамент мутахассисларининг иш режаларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тушган, республика Ҳукуматининг қарорини талаб қилмайдиган ҳужжатларни давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўриб чиқиш учун юборади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ташкилий қўмиталар мажлисларида, Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси томонидан Департамент мутасаддилик қиладиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган йиғилишларда қатнашади;

Ижро этувчи аппаратда амалда бўлган Йўриқномага мувофиқ ишларнинг юритилишини таъминлайди;

чиқувчи хат-хабарларни имзолайди.

15. Департамент мудири вақтинчалик бўлмаган тақдирда унинг вазифасини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан белгиланадиган Департаментнинг шўъба мудирларидан бири бажаради.


16. Шўъба мудири:

шўъба мутахассислари ишларини мувофиқлаштиради ҳамда шўъбага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

шўъбага биркитилган масалалар, тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва республика ҳудудлари бўйича мутахассислар томонидан маълумотнома, таҳлилий, статистик материаллар ва бошқа материаллар, шунингдек қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида тайёрланишини ташкил қилади;

қабул қилинган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорларини амалга ошириш юзасидан мутахассислар томонидан ташкилий чора-тадбирлар ёки назорат режалари тайёрланишини, уларнинг Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ёки унинг ўринбосарлари томонидан тасдиқланишини мувофиқлаштиради, эришилган натижаларнинг доимий асосда мониторинги олиб борилишини таъминлайди;

мутахассисларнинг, Департаментнинг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли давр учун иш режаларида тасдиқланган масалаларни ўрганиш ва чора-тадбирларни амалга ошириш мувофиқлаштирилишини таъминлайди, танқидий таҳлил асосида Департамент мудирига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига кўриб чиқиш учун тегишли таклифлар киритади;

мутахассислар томонидан иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари, соҳалари ва секторлари, шунингдек республика ҳудудлари бўйича туркумланган маълумотлар базаси яратилиши ва юритилиши устидан назоратни амалга оширади;

маълумотнома материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида Департамент мудирига, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига, унинг ўринбосарларига, Ижро этувчи аппарат бошқарувчисига ахборот беради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ҳамда идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ташкилий қўмиталар мажлисларида, шўъба мутасаддилик қиладиган соҳага кирадиган масалалар бўйича Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда қатнашади;

Департамент мудирининг топшириғига биноан чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиумининг мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш учун, шунингдек ўз ижросида бўлган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилиш учун ўзига биркитилган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа органлар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан йиғилишлар ўтказади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.

17. Шўъба мудири вақтинчалик бўлмаган тақдирда унинг вазифасини Департамент мудири белгилайдиган шўъба бош мутахассисларидан бири бажаради.


18. Департаментнинг бош мутахассиси:

функционал вазифаларга мувофиқ таклифларнинг ва ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилиши, ишончлилиги ва ўз вақтида тайёрланиши, топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатларнинг бажарилиши устидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

давлат ва хўжалик бошқарувининг тегишли органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлил қилади, улар бўйича зарур таҳлилий материаллар ва эксперт таклифлар тайёрлайди, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ уларнинг зарур тарзда келишилишини таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида Департамент мудирига, шўъба мудирига, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига ва Ижро этувчи аппарат бошқарувчисига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади ҳамда республика иқтисодиёти тегишли тармоқлари ва соҳалари ёки республика ҳудудлари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ижро этилишини тизимли назорат қилади;

тегишли функционал масалалар ва ҳужжатлар бўйича туркумланган маълумотлар базаси яратилишини ва юритилишини, унинг мунтазам равишда янгилаб борилишини ташкил қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органлари марказий аппаратлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари таркибий бўлинмалари (иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий хизматлар) ишининг ҳолати ва натижадорлигини доимий асосда ўрганади, улар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар киритади;

ўзига биркитилган масалалар бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиумининг мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш учун, шунингдек ўз ижросида бўлган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилиш учун ўзига биркитилган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан йиғилишлар ўтказади;

тегишли масалалар бўйича етакчи мутахассис фаолиятини назорат қилади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.

19. Департаментнинг етакчи мутахассиси:

функционал вазифаларга мувофиқ таклифларнинг ва ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилиши, ишончлилиги ва ўз вақтида тайёрланиши, топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатларнинг бажарилиши устидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

давлат ва хўжалик бошқарувининг тегишли органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлил қилади, улар бўйича зарур таҳлилий материаллар ва эксперт таклифлар тайёрлайди, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ уларнинг зарур тарзда келишилишини таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида Департамент мудирига, шўъба мудирига ва бош мутахассисга, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига ва Ижро этувчи аппарат бошқарувчисига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режаси ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади, республика иқтисодиёти тегишли тармоқлари ва соҳалари ёки ҳудудлари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ижро этилишини тизимли назорат қилади;

тегишли функционал масалалар бўйича туркумланган маълумотлар базаси яратилишини ва юритилишини, унинг мунтазам равишда янгилаб борилишини ташкил қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органлари марказий аппаратлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари таркибий бўлинмалари (иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий хизматлар) ишининг ҳолати ва натижадорлигини доимий асосда ўрганади, улар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар киритади;

ўзига биркитилган масалалар бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

шўъба мудири билан келишган ҳолда ўз ижросида бўлган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар, олимлар ва мутахассислар билан муҳокама қилади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.

20. Инспектор Департаментда иш юритишни амалга оширади, ҳужжатларнинг ўтишини назорат қилади, ҳужжатлар йиғмажилдларининг тайёрланишини ва архивда сақлашга ўз вақтида берилишини таъминлайди, ўзига юкланган бошқа функцияларни бажаради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 13-сон, 117-модда.