язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат)/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг Умумий бўлими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.12.2004 й. 564-сон қарорига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 2 декабрдаги

564-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

Аппаратининг Умумий бўлими тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Умумий бўлим (кейинги ўринларда Бўлим деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида иш юритишни таъминлайдиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, унинг Президиуми мажлисларини техник жиҳатдан тайёрлайдиган ва уларга хизмат кўрсатадиган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Аппаратининг функционал таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


2. Бўлим ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


3. Бўлим ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раҳбарлигида амалга оширади.

Бўлим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчисига бўйсунади.


4. Бўлим ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.



II. БЎЛИМНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар Бўлимнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тасдиқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида иш юритишни таъминлаш;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларини техник жиҳатдан тайёрлаш ва уларга хизмат кўрсатиш;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Аппарати фаолиятида вужудга келадиган ҳужжатлар ва иш юритиш тугалланган ҳужжатлар йиғмажилдлари сақланишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида иш юритиш тартибини ва архив ишини янада такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш.


6. Бўлим ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг таркибий бўлинмаларида иш юритишга методик раҳбарлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг таркибий бўлинмаларида Иш юритиш бўйича йўриқнома талабларига риоя этилишини назорат қилади;

иш юритиш жараёнларини такомиллаштириш ва автоматлаштириш тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Ҳукумат қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлислари баённомаларини рўйхатдан ўтказади, ҳисобга олади, расмийлаштиради, кўпайтиради ва жўнатади, улардан ва бошқа ҳужжатлардан кўчирмалар тайёрлайди ва жўнатади, зарурат бўлганда уларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади;

Вазирлар Маҳкамасининг ҳар ойлик Қарорлар тўплами, шунингдек Ҳуқуқий экспертиза ва халқаро шартномалар бошқармаси билан биргаликда республика Ҳукуматининг Қарорлар тўплами чиқарилишини таъминлайди;

таркибий бўлинмалар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиумига техник хизмат кўрсатилишини таъминлайди, шу жумладан: таклиф этилганларнинг умумлаштирилган рўйхатини тузади, таркибий бўлинмалар мутахассислари билан биргаликда материалларни Вазирлар Маҳкамасига ва унинг Президиуми мажлисларига танлайди, кўпайтиради, уларни мажлис қатнашчиларига жўнатади; ҳужжатлар ёзилишини, таклиф этилганлар рўйхатдан ўтказилишини, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлислари стенография ва синхрон таржима қилинишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг таркибий бўлинмалари мутахассислари билан биргаликда Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлислари баённомалари тайёрланишини таъминлайди;

тушаётган хат-хабарларни қабул қилади, рўйхатдан ўтказади, ҳисобга олади, тақсимлайди ва мансублигига кўра етказиб беради, чиқадиган хат-хабарларни қабул қилади ва жўнатади;

таркибий бўлинмаларда ҳужжатлар йиғмажилдининг номенклатурасини аниқлаштиради, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати учун йиғма номенклатура тузади, унга риоя этилишини назорат қилади;

иш юритиш тугалланган ҳужжатлар йиғмажилдларини Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг таркибий бўлинмаларидан қабул қилади, ҳисобга олади ва сақлайди, жорий архив шакллантирилишини таъминлайди, ҳужжатлар йиғмажилдлари ва ҳужжатларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат архивига беради;

ходимларга иш юритиш бўйича йўл-йўриқлар беради, Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг янги ходимларини ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш масалалари бўйича ўқитиш ва таништиришни ташкил этади;

Ҳукуматнинг қарорлари, фармойишлари лойиҳалари ва Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг бошқа материаллари таҳрир этилиши, таржима қилинишини амалга оширади;

Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида иш юритишни ташкил этиш учун тегишли муҳрлар, штамплар ва бланкаларни тайёрлайди, уларнинг ҳисобга олиниши ва сақланишини таъминлайди;

ўзига юкланган бошқа функцияларни белгиланган тартибда амалга оширади.



III. БЎЛИМНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


7. Бўлим ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг бошқа таркибий бўлинмаларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда олиш ва сўраш;

тегишли материаллар ва ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида иш юритишнинг йўлга қўйилганлигини текшириш, текширилаётган масалалар бўйича таркибий бўлинмаларда барча ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш;

Бўлимнинг зарур материаллар, маълумотлар тақдим этиш бўйича талаблари, агар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчисининг топшириқларида бажаришнинг бошқа муддатлари белгиланмаган бўлса, Бўлим белгилаган муддатларда бажарилиши керак.

8. Бўлим:

ўзига юкланган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши учун;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида иш юритишнинг сифати учун жавоб беради.



IV. БЎЛИМНИНГ ТУЗИЛМАСИ


9. Бўлимнинг тузилмасига Бўлим мудири, бош ва етакчи мутахассислар, мутахассис, архив ва машинкада ёзиш бўлинмаси мудирлари, иш юритувчи котибалар, машинкада ёзувчилар, шунингдек стенографистка киради.

Бўлим тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


10. Бўлим ишларига мудир раҳбарлик қилади.


11. Бўлим мудири ва мутахассислари белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.



V. БЎЛИМ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Бўлим ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Вазирлар Маҳкамасининг Иш тартибига, ушбу Низомга, Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида иш юритиш бўйича йўриқномага, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарларининг топшириқларига, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчисининг буйруқлари ва топшириқларига мувофиқ, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари, Бўлимнинг чораклик иш режалари асосида ташкил этилади.

13. Бўлим мудири:

Бўлимга бевосита раҳбарликни амалга оширади, Бўлим мутахассислари, бошқа ходимлари ишини ташкил қилади ҳамда Бўлимга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши, ижро интизомининг аҳволи учун шахсан жавоб жавоб беради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиумининг мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ташкилий қўмиталар мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси томонидан Бўлим юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича ўтказиладиган йиғилишларда қатнашади;

Бўлим мутахассислари ва бошқа ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди:

Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида амалда бўлган Йўриқномага мувофиқ иш юритилишини таъминлайди;

чиқадиган хат-хабарларни имзолайди;

Бўлим ишларини такомиллаштириш, мутахассисларнинг иш малакасини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Бўлим ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, уларнинг малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ҳамда уларга танбеҳ бериш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчисига тақдим этади.

14. Бўлим мудири вақтинча бўлмаган тақдирда унинг вазифасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси томонидан белгиланадиган Бўлимнинг бош мутахассисларидан бири бажаради.

15. Бўлимнинг бош ва етакчи мутахассислари, мутахассиси, бошқа ходимлари ўз фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланадиган функционал вазифалар тақсимланишига мувофиқ амалга оширадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 48-49-сон, 496-модда.