язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Хорижий инвестициялар. Хориждан маблағ жалб қилиш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.04.2005 й. ПФ-3594-сон "Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

11.04.2005 й.

N ПФ-3594


ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ХУСУСИЙ ХОРИЖИЙ

ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ЖАЛБ ЭТИШНИ

РАҒБАТЛАНТИРИШ БОРАСИДАГИ

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА


Мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хусусийлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилиш, республиканинг ортиқча ишчи кучи мавжуд бўлган минтақаларида янги иш жойларини яратиш дастурларини амалга оширишга тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, шунингдек хорижий инвесторлар учун ишончли ҳуқуқий ҳимоя ва кафолатларни таъминлаш мақсадида:


1. 2005 йилнинг 1 июлидан бошлаб тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этадиган ва иловага мувофиқ рўйхат бўйича иқтисодиёт тармоқларида маҳсулотларни ишлаб чиқаришга (хизматлар кўрсатишга) ихтисослаштирилган корхоналар юридик шахсларнинг фойдасидан олинадиган солиқ, мулк солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун белгиланган ягона солиқ тўлашдан, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинсин.

Белгилансинки, тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар ҳажми қуйидагича бўлганда мазкур солиқ имтиёзлари берилади:

300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача - 3 йил муддатга;

3 миллиондан ортиқ АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача - 5 йил муддатга;

10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда - 7 йил муддатга.


2. Ушбу Фармоннинг 1-бандида кўрсатилган солиқ имтиёзлари қуйидаги шартлар асосида қўлланилиши белгилаб қўйилсин:

кўрсатиб ўтилган корхоналарни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан ташқари республиканинг барча шаҳарлари ва аҳоли яшаш жойларида жойлаштириш. Бундай ҳудудий чеклов туризм соҳасида фаолият кўрсатувчи корхоналарга татбиқ этилмайди ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш;

хорижий инвесторлар томонидан тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни Ўзбекистон Республикасининг кафолати берилмаган ҳолда амалга ошириш;

корхонанинг устав капиталида хорижий иштирокчиларнинг улуши камида 33 фоизни, акциядорлик жамиятлари учун эса - камида 15 фоизни ташкил этиши лозим;

хорижий инвестицияларни эркин алмаштириладиган валюта ёки янги замонавий технологик ускуна тарзида қўйиш;

мазкур имтиёзларни қўлланиш муддати давомида имтиёзлардан олинган даромаднинг камида 50 фоизини корхонани янада ривожлантириш мақсадида қайта инвестициялашга йўналтириш.

3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги зиммасига тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар жалб этиладиган корхоналарнинг ушбу Фармон иловасида кўрсатилган иқтисодиёт тармоқларига тааллуқли эканини аниқлаш вазифаси юклатилсин.

4. Қуйидагилар белгилансин:

кейинги қонун ҳужжатларида инвестициялаш шарт-шароитлари ёмонлашган тақдирда мазкур Фармоннинг 1-бандидаги имтиёзлар қанча муддатга берилган бўлса ана шу муддат мобайнида амал қилади.


5. Ушбу Фармоннинг 1-бандига мувофиқ имтиёз олган корхоналар шундай имтиёз берилган муддат тугашидан кейин бир йил барвақтроқ фаолиятини тўхтатган тақдирда фойдани ўз мамлакатига ўтказиш ва хорижий инвесторнинг капиталини чет элга олиб чиқиб кетиш фақат берилган имтиёзлар суммасини бюджетга қайтаргандан кейин амалга оширилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда бир ой муддатда ушбу Фармонда белгиланган тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар учун солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

7. Ўзбекистон Республикасининг "Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида"ги Қонуни 3-моддасининг тўртинчи қисмида хорижий инвесторлар учун белгиланган кафолатлар қуйидаги ҳолларда қўлланилиши маълумот учун қабул қилинсин:

хорижий инвесторларга тўланадиган, дивиденд тарзида олинадиган даромадлар бўйича фойда солиғи (ставкалари) кўпайиши;

хорижий инвесторнинг чет элга ўтказиладиган даромадлари (фойдаси)ни ўз мамлакатига қайтариш тартиботини мураккаблаштирувчи ёки уларнинг миқдорини камайтирувчи қўшимча талаблар жорий этилиши, бунда давлат хорижий инвестициялар иштирокидаги корхонанинг тўловга қобилиятсизлиги ва банкротлиги ёки кредит берувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хорижий инвестор - жисмоний шахс содир этган жиноий қилмиш ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолларида ёхуд суд ёки ҳакамликнинг қарорига мувофиқ даромад (фойда)ни ўз мамлакатига қайтаришни тўхтатиб туришнинг бошқа зарурати бўлганда хорижий инвестор маблағларини қонун ҳужжатларини камситмайдиган тарзда қўллаш шартлари асосида ўз мамлакатига қайтарилишини тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;

инвестицияларнинг миқдори бўйича инвестициялаш ҳажмларига миқдорий чеклашлар ҳамда бошқа қўшимча талаблар, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда хорижий инвестицияларнинг минимал миқдорини кўпайтириш тарзидаги талаблар жорий этилиши;

республика корхоналарининг устав жам-ғармаларида хорижий инвесторнинг улуш билан иштирок этиши бўйича чеклашлар жорий этилиши;

хорижий инвесторларнинг визаларини расмийлаштириш ва узайтириш борасидаги қўшимча тартиботлар, шунингдек хорижий инвестицияларни амалга ошириш бўйича бошқа қўшимча талаблар жорий этилиши.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикасининг "Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида"ги Қонуни 3-моддасининг тўртинчи қисмида белгиланган кафолатларни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқласин.

Бунда, юқорида кўрсатилган барча инвестициялаш шарт-шароитлари ёмонлашган тақдирда хорижий инвестор мазкур кафолатни қўллаш тўғрисида тегишли ваколатли органни хабардор қилиши назарда тутилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда мазкур Фармон қабул қилиниши муносабати билан амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


10. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов зиммасига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                           И. Каримов





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2005 йил 11 апрелдаги

ПФ-3594-сонли Фармонига

ИЛОВА


Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар

учун бериладиган имтиёзлар жорий этиладиган

иқтисодиёт тармоқлари

РЎЙХАТИ


1. Радиоэлектрон саноати буюмлари ҳамда компьютер ва ҳисоблаш техникаси бутловчи буюмларини ишлаб чиқариш.


2. Енгил саноат:

тайёр ип газлама, жун газлама ва аралаш газламалар, шунингдек трикотаж газлама ишлаб чиқариш;

тайёр тикувчилик, трикотаж, пайпоқ маҳсулотлари ва тўқимачилик галантереяси ишлаб чиқариш;

табиий терилар ишлаб чиқариш, кўн-галантерея саноати, пойабзал саноати.


3. Ипакчилик саноати:

шойи газламалар ва ипакдан тайёр буюмлар ишлаб чиқариш.


4. Қурилиш материаллари саноати:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 24 мартдаги ПФ-3586-сонли Фармони 1а-иловасида кўрсатилган қурилиш материалларининг янги турларини ишлаб чиқариш.


5. Парранда гўшти ва тухумни саноат миқёсида етиштириш.


6. Озиқ-овқат саноати:

маҳаллий хом ашёдан саноат миқёсида қайта ишланган тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш (алкоголли, алкоголсиз ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари бундан мустасно).


7. Гўшт-сут саноати:

гўшт ва сут маҳсулотларининг тайёр турлари, пишлоқ ва сариёғ, шунингдек ҳайвонларнинг ички органларидан қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш.


8. Балиқ личинкалари ва чавоқларини ишлаб чиқариш, балиқ ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда консервалаш.

9. Кимё саноати.


10. Нефть-кимё саноати.


11. Тиббиёт саноати, шунингдек ветеринария учун дори воситаларини ишлаб чиқариш.


12. Қадоқлаш материалларини ишлаб чиқариш.


13. Муқобил энергия манбалари негизида электр станциялари қуриш.


14. Кўмир саноати:

кўмирни бойитиш;

кўмир брикетларини ишлаб чиқариш;

сланец саноати.


15. Ишлаб чиқаришга мўлжалланган электроферросплав ва металл буюмларни ишлаб чиқариш.


16. Машинасозлик ва металлга ишлов бериш:

машинасозлик;

трактор ва қишлоқ хўжалик машинасозлиги;

қурилиш, йўл ва коммунал машинасозлик;

енгил ва озиқ-овқат саноати ҳамда маиший асбоблар машинасозлиги.


17. Станоксозлик ва асбобсозлик саноати.


18. Шиша ва чинни-фаянс саноати.


19. Микробиология саноати.


20. Ўйинчоқлар ишлаб чиқариш.


21. Туризм:

меҳмонхона хизматлари;

туризм хизматлари;

тематик хиёбонларни ташкил қилиш (турли ёшдаги ташриф буюрувчиларнинг эҳтиёжини қондиришга қаратилган хизматларни кўрсатувчи битта ёки бир нечта мавзу бўйича ташкил қилинган кўнгилочар хиёбон, хиёбонлар ансамбли).

22. Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 15-16-сон, 109-модда.


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2005 йил, 3-4-сон, 133-модда